ё абадийлик юзидаги кўз ёш
Мен дунё мўъжизаларидан бири сифатида эътироф этилган Тожмаҳал ҳақида кўп ўқигандим ва эшитгандим. Бобурийлар авлодидан, Акбаршоҳнинг набираси Шоҳжаҳон томонидан унинг севимли хотини Мумтозбегимга атаб қурилган, кўзларни қамаштирувчи, дилларни ром этувчи бу маҳобат биноси беш асрдан буён муҳаббат рамзи бўлиб келяпти.
Муҳаббат бўлганда ҳам, беназир улкан муҳаббат рамзи.
Афсонавий Тожмаҳални кўриш учун узундан-узун, бир неча қатор навбатда турган ёшу қари одамларнинг кўзларида бахтиёрликни кўраман.
Чет эллик сайёҳлар учун ўрта қатордан алоҳида йўл ажратилган. Улар бошқалар каби узоқ муддат навбатда туришмайди. Лекин барибир хорижликми, ҳиндистонликми, эркакдир, аёлдир синчиклаб текшириб кўрилар экан. Эркакларни эркак текширувчилар, аёлларни аёллар... Инсон ҳаётига хавф солиши мумкин, деб ҳисобланган ҳар бир нарса олиб қўйилади, ҳатто, оддий шиша ё чинни сув идиш бўлсин. Мен фотоаппаратни олиб қўймасликларидан хурсанд бўлдим. Демак, Тожмаҳални суратга олиш, унинг манзарасида суратга тушиш имкони бор.
Қип-қизил дарвозадан ўтиб, қизил тошлар устида қадам ташлаб борар эканман, кўз ўнгимда қуёш нурида оппоқ товланиб турган мармар бино - Тожмаҳал пайдо бўлади. Унга узоқ-узоқ тикиламан. Меҳр-муҳаббат билан тикиламан. Назаримда бино ичидан Шоҳжаҳон ва Мумтозбегим ёнма-ён чиқиб келишаётгандай туюлади. Ошиқ шоҳ, маъшуқа малика салкам йигирма гектарлик боғни тўлдирган минг-минглаб одамга меҳр билан тикилишади, ишқ тўла кўзлари гўзал, сеҳрли муҳаббат тарихидан сўзлайди.
Мақбарага элтувчи йўллар ўртасига тикилган ям-яшил дарахтлар улкан муҳаббат қаршисида бош эгиб тургандайин таъзимда, фавворалар сочилиб турган ҳовуздаги мовий сув Шоҳжаҳон ва Мумтозбегимнинг қадам товушларини эшитмай қолмаслик учун сокинлашиб қолгандайин.
Кўз ўнгимда оддийгина кийинган, камбағаллиги кўриниб турган, лекин бағоят гўзал қиздан кўз узмасдан қолган ёш Шоҳжаҳон гавдаланади. У Аржумандбону деб аталган бу қизни кўрар экан, чиройда тенги йўқ, латофату назокатда мислсиз бошқа қизларни унутади. Шоҳ қалбини фақат ана шу оддийгина, лекин гўзаллар маликаси ишқи эгаллайди. Энди бу қалбда бошқа гўзаллар учун кичкинагина бўлса-да жой йўқ. На биринчи хотини эсига тушади, на саройидаги бир қарашига интизор турган ой юзли канизаклар. Энди унинг учун фақат биргина қиз, бир ёр бор - Аржумандбону - ўн тўққиз ёшли гўзаллар гўзали.
Шоҳжаҳон кейинроқ Мумтозбегим дея ном олган Аржумандбону билан умрининг охиригача бирга яшашни истарди. Мумтозбегим ўн уч фарзанд кўради. Ёши ўттиз бешдан ўтган бўлса-да, чиройи тобора ошса-ошган, сира камаймаган. Шоҳжаҳоннинг унга нисбатан муҳаббати ҳам тобора кучайгандан-кучайган.
Вале, эвоҳ, кучли муҳаббат меваси бўлган ўн тўртинчи фарзандни дунёга келтириш арафасида Мумтозбегим қийналади. У севимли ёрини қутқариш учун бор тожу тахти-ю, азиз жонини беришга-да тайёр қалбининг шоҳи - Шоҳжаҳонига умидвор тикилади. Ишқ тўла кўнгил шоҳлигини унутиб, ёнида тиз чўккан, кўзларини оғир мунг эгаллаб олган вафодор ёрдан айрилишни истамайди. Лекин тақдир, дейдилар. Оғир дарддан юзлари янада чирой очиб бораётган Мумтозбегим Шоҳжаҳондан ўзини унутмаслигини, агар... агар вафот этса, унга атаб жаҳонда тенги йўқ, мақбара қуришини, болаларини азиз тутишини сўрайди...
Дунё-дунё бойликлари бор Шоҳжаҳон энг қимматли, топиб бўлмас бойлигидан ажралиш азобига чидаёлмайди. Қоп-қора сочлар бир тун ўтмаёқ оппоқ бўлиб оқаради. Айрилиқ ўртаган юрак ғуссага тўлади. Шоҳжаҳоннинг кўзига ёруғ дунё қоронғилашади. У ўлимига рози бўлади. Лекин ана шу онларда севимли ёри - қалбининг Аржуманди, Мумтозбегимнинг васият каби янграган сўнгги илтимоси ёдига тушади. Бу илтимосни бажариш учун Аллоҳдан кучли сабр ва ирода, куч-қувват, умр тилайди.
Юраги тўла қайғу шоҳ Ҳиндистонда икки йиллик мотам эълон қилади. У Мумтозбегим учун жаҳонда мисли йўқ ёдгорлик ўрнатиш хаёли билан кунларни тунларга, тунларни кунларга улайди. Ниҳоят, лойиҳалардан бири маъқул бўлади. Бўлажак бинода Мумтозбегимнинг беқиёс гўзаллиги акс этиб тургандайин туюлаверади.
Фақат мақбара учун эмас, унинг атрофидаги бинолар учун энг қимматбаҳо тошлар танланади. Оқ мармар унча-мунча эмас - 300 километр наридан ташиб келтирилади. Мумтозбегимнинг қабри устидаги қора мармар эса, олис орол - Шри Ланкадан олиб келинади.
Мен хаёлимда кечаётган сўнгги манзарани нари қувишга интиламан, гарчи муҳаббат тўла қалблар айрилиғи, ҳали ҳаётга, севимли ёрига тўймаган Мумтозбегимнинг ҳусну латофатини заррача йўқотмасдан, ойдай тўлганда вафот этиши тарихий ҳақиқат бўлса-да, мен ишқ афсонасининг давом этишини истайман.
Шу ондаёқ шундайгина кўз ўнгимда сутдек оппоқ мармар бино гавдаланади. Унга боқиб, кўзинг қамашади. Бино тонгда кумуш рангда жилоланади. Қуёш ботаётган пайтда эса, тилло рангини олади. Шунинг учун йўлбошловчилар сайёҳларга мақбарани тонгда ёки оқшом пайти бориб кўришни ҳам тавсия қилишади
Ана Шоҳжаҳон оппоқ қуш мисол Тожмаҳалга тикилганча янги режа тузмоқда. У Жамнанинг нариги қирғоғида иккинчи Тожмаҳал қуришни ўйлаётир. Фақат янги бино оқ мармардан эмас, балки қора мармардан қурилади. Жамнанинг сўл соҳилида оппоқ Тожмаҳал, ўнг қирғоғида қора мармардан тикланган Тожмаҳал...
Лекин... Эҳ, шоҳ тахти намунча жозибали бўлмаса! Ана Аврангзеб тахт иштиёқида қилич кўтариб отасига қарши бораётир. Шоҳжаҳон учун дунёсининг дунёси - Мумтозбегимдан аълороқ, афзалроқ нима бор эди. Битта тахт не, мингта тахт унинг олдидан ўтавермайдими! Фақат қора мармарли Тожмаҳални битирганда эди, Жамнанинг у томонида севимли малика Мумтозбегим, бу томонида Шоҳжаҳон соғинч ила бир-бирларига тикилиб ётаверардилар. Дунё тургунча. Абадул-абад!
Вале, шоҳлик орзусидаги ўғил отани бобоси - Акбаршоҳ қурган қизил қасрга элтиб, қамаб қўяди. Шоҳжаҳон Агра четидаги бу қасрдан Тожмаҳалга, тенги йўқ ёрига термулиб ўтиришдан бошқа илож топа олмайди.
Орадан йиллар ўтиб тақдир яна севишган икки инсонни бирлаштиради. Шоҳжаҳон Мумтозбегимнинг ёнига дафн этилади.
Тожмаҳал! Кунига 70-80 минг одам зиёрат қилаётган муҳаббат рамзи! Ана, дунёнинг турли томонларидан шу ишқ рамзи олдида аҳдлашув учун келган юзлаб йигит-қизлар бир Тожмаҳалга боқишади, бир муҳаббат тўла кўзларига! Улар бир умрга вафоли ёр бўлишга аҳдлашар эканлар, қалбларидан жой олган ишқ худди Шоҳжаҳон ва Мумтозбегимнинг буюк муҳаббати сингари бўлишини орзу қиладилар. Фақат ёшлар эмас, ўрта ёшли, бундан ёшроқ ё каттароқ одамлар - эр-хотинлар ҳам Тожмаҳал олдида таъзим айлаб, ишқ истило этган юраклари ҳеч қачон ҳувиллаб қолмаслиги учун яна бир бор аҳдлашадилар. Иккови ҳам аравачада ўтирган кекса эр-хотиннинг янги аҳдлашувдан кейин нигоҳлари, нигоҳлари эмас, юраклари янада ёшариб кетади. Аёл муҳаббат ёғилиб турган Тожмаҳалга тикилганча қолган. Эр ўзи бир умр кўришни орзу қилган, ишқдан яралган Тожмаҳал ва унинг ёнидаги бошқа кўркам биноларни қайта-қайта суратга олиш билан банд...
Мен шу топда бир пайтлар севгига ета олмаган ёшлар Тожмаҳал минораларидан баланд кўтарилиб ўзларини ташлаб юборишганини эслайман. Нақ 45-50 метр баландликдан! Ҳозирда муҳаббатига ета олмаганлар ё ишқи рад этилганлар чиқмасликлари учун минора-лар беркитиб қўйилган.
Кимдир ортимда шивирлайди: "Биласизми, ўқиганим бор - Тожмаҳал қурилиши учун шу пайтдаги пулга чаққанимизда нақ 100 миллион АҚШ доллари сарфланган!"
Мен бу буюк мўъжизани пулга чақиш мумкинмикан, деб ўйлайман. Тожмаҳални асраш учун 1983 йилда у ЮНЕСКОнинг Бутунжаҳон мероси рўйхатига киритилганини эслайман.
Бундан тўққиз йил олдин - 2007 йилда эса, Тожмаҳал дунёнинг янги мўъжизаларидан бири сифатида эътироф этилгани-чи!
Шоҳжаҳон Тожмаҳални қуриш учун 23 йиллик умрини сарфлади. Милодий 1632 йилда бошланиб, 21 йил давом этган бу мислсиз қурилишда Эрону Турон, Тибету Ҳиндистон - жаҳоннинг тўрт томонидан келган 22 минг нафар маҳоратли уста ишлаган. Тожмаҳалнинг баландлиги 74 метр бўлиб, тўлиқ оқ мармардан кўтарилган. Бинонинг тўрт тарафида тўртта минора осмонга бўй чўзиб турибди.
Бино деворларига меъморларнинг исми шарифи битилган. Тожмаҳал мақбараси - танассуқ (симметрия)нинг амалдаги энг мукаммал намунаси. Унга қай тарафдан қараманг, бир хил кўринади ва сиз бу мукаммалликка қойил қоласиз. Қимматбаҳо рангли тошлар билан безатилган мақбара деворидан сира кўз узгинг келмайди. Лекин тўхтовсиз кириб келаётган зиёратчиларга жой бериш зарурлигини ўйлаб, зўрға кўнгил узиб, ташқари чиқасан.
"Абадийлик юзидаги кўз ёш". Мен Тожмаҳал боғида узоқ сайр этар эканман, буюк ҳинд мутафаккири, дунёга донғи кетган адиб Робиндранат Таҳурнинг Тожмаҳалга берган бу таърифини қайта-қайта эслайман.
"Муҳаббат рамзи"ни ўз кўзим билан кўрганимдан сўнг йилига Ҳиндистонга келаётган бир ярим миллиард сайёҳнинг кўпроқ Аграга бориш, Тожмаҳални зиёрат этиш истагида дунёнинг беш қитъасидан ташриф буюришлари сабабини яна бир бор тушунаман. Ҳа, айтгандай, Ҳиндистон давлати сайёҳлар ташрифидан оз эмас - йилига нақ 2,5 миллиард доллар фойда кўради-я!
Ана боғ сайридан сўнг минг-минглаб инсонлар Тожмаҳал зиналарига қадам қўйишга тараддудланишмоқда. Бунинг учун ҳамма, ҳа, ҳамма оёқ кийимини ечмоқда. Кимдир янги, тоза оқ шиппак кийиб, кимдир ялангоёқ Тожмаҳал томон кўтарилмоқда. Аслида масжид, энг муқаддас даргоҳларга оёқ кийимисиз кирилади. Шу топда мен Тожмаҳалнинг нақадар муқаддаслиги ҳақида ўйлайман. Буюк, пок муҳаббат тимсоли - Тожмаҳал инсон қалбининг, жисмининг поклигини суяди.
Тожмаҳал билан хайрлашиб кетар эканман, ортимда маъюс нигоҳни сезаман. Лекин энди абадийлик юзидаги кўз ёшига қайрилиб қарашга куч топа олмайман...
Ўринбой УСМОН,
Хўжанд-Деҳли-Жайпур-Агра-Деҳли-Хўжанд.
Тожиклар маданияти қадим даврлардан бошлаб, табиат, коинот ва атроф-муҳит билан чамбарчас боғлиқ. Айниқса, тожик халқининг миллий байрамлари мавсумий характерга эга. Яъни йил фасллар ўзгаришини нишонлашнинг бир кўринишидир. Агар Меҳргон олтин куз келганидан дарак берса, Сада баҳор фаслига қайтишни ифодаласа, Наврўз нозанин баҳор келганини билдиради. Бошқача қилиб айтганда, орийларга хос бу ва бошқа байрамлар ҳеч қандай диний-мазҳабий асосга эга эмас, балки чинакам миллий ва табиий байрамлардир.
Муфассал...
Ярим тун. Ойсиз осмон. Шаҳарнинг чекка, тор кўчаларидан биридаги Фармон темирчининг дала ҳовлиси. Паст-баланд уйларнинг бирортасида йилт этган ёруғлик кўринмайди. Ичкарида…
Ичкарида қалин похол солиниб, устидан кигиз тўшалган чоққина хона. Икки дўст, икки биродар, болаликдан ошна-оғайни қадрдонлар, жонажон ўртоқлар: Фармонбек ва Саидбек ҳасратлашиб, дардлашганча ёнбошлаб ётардилар.
Муфассал...2015
1-2015
2-2015
3-2015
4-2015
5-2015
6-2015
7-2015
8-2015
9-2015
10-2015
11-2015
12-2015
13-2015
14-2015
15-2015
16-2015
17-2015
18-2015
19-2015
20-2015
21-2015
22-2015
23-2015
24-2015
25-2015
26-2015
27-2015
28-2015
29-2015
30-2015
31-2015
32-2015
33-2015
34-2015
35-2015
36-2015
37-2015
38-2015
39-2015
40-2015
41-2015
42-2015
43-2015
44-2015
45-2015
46-2015
47-2015
48-2015
49-2015
50-2015
51-2015
52-2015