Биз билан боғланинг:

   

Бизга қӯшилинглар

ХАБАРЛАР

НАСР

Муаллиф: Категория: НАСР
Чоп этилган 12 Феврал 2016 Кӯришлар: 2547
Печат

       qor yogsaҚор ёғишини энг гўзал табиат ҳодисаларидан бири сифатида кимлардир жуда интизорлик билан кутадилар. Бунинг боиси шундаки, қор улар учун қандайдир, фақат ўша кишиларнинг ўзигагина маълум бўлган бир мўъжизага сабаб ёки туртки бўлади.

Агар бошқа фасл бўлганда, балким, улар баҳор келиб, илк дарахтлар гуллашини, ёзнинг иссиқ кунлари тезроқ етиб келишини, куз фасли келиб, пахта терими бошланишини ёки бошқа кўплаб воқеа-ҳодисаларни кутган бўлишармиди?

Ҳар ҳолда, бунга, айтганимиздек, ўзига хос сабаблар бўлади.

Боғчага қатнайдиган уч ёшли жажжи Шаҳзодахон ҳам қор ёғишини худди бир мўъжизани кутгандек интизорлик билан кутар эди. Чунки…

Ҳар куни қизчани боғчага бувиси олиб келади. Эрталаб келганида уни, албатта, тарбиячиси кутиб олади, уйга қайтаётганида кузатиб қўяди.

Шаҳзодахон эрталаб тарбиячисига "Ассалому алайкум, муаллимажон. Мен келдим!"- деб интилади, кетишида эса "Хайр, муаллимажон. Яхши қолинг!" - деб хайрлашади.

Ҳар ҳафта бошида, шанба ва якшанба кунлари ўтиб, душанба куни Шаҳзодахон боғчага келганида тарбиячисига:

- Муаллимажон, сиз мени роса соғингансиз-а? - деб сўрайди.

Тарбиячиси унга:

- Ҳа, Шаҳзодахон, соғинганман, - деб жавоб беради.

- Роса соғинганмисиз?

- Ҳа, роса соғинганман.

- Мен ҳам сизни роса соғинганман, мана шунча соғинганман, - деб қўлларини аввал тепага кўтариб, кейин эса икки ён томонга чўзади, қанчалик кўп соғинганини кўрсатмоқчи бўлиб.

Жажжи қизалоқнинг бу сўзларидан кўзига бехос ёш келган тарбиячиси бошқа ишга уннайди.

- Ҳа, муаллимажон, сизга нима бўлди? Йиғлаяпсизми?

- Йўқ, қизим, йиғлаганим йўқ, - дея кўз ёшини артишга тушади Шаҳзодахоннинг тарбиячиси.

- Йиғламанг, муаллимажон. Мен сизни чиндан ҳам роса соғиндим, - деб тарбиячисини юпатади Шаҳзодахон ва жажжи қўллари билан боғча опасининг сочларини силаб қўяди…

Бир куни Шаҳзодахон тарбиячисидан:

- Муаллимажон, қачон қор ёғади? - деб сўради.

- Ҳозир ёз фасли, ундан сўнг куз фасли ўтиб, қиш келса қор ёғади, - жавоб берди тарбиячиси.

- Ёз билан куз фасллари тез ўтадими?

- Ҳа, ҳар бир фасл ўз даврини суриб, кейингисига ўрин беради.

- Ҳммм, майли, - хўрсиниб қўйди Шаҳзодахон. - Тезроқ қор ёғса эди, дейман-да…

- Нега мунча қорни кутяпсан? Қорни яхши кўрасанми?

- Бунчалик ҳам эмас, лекин қор ёғиши мен учун жуда зарур-да, - худди катталардек суҳбатни давом эттириб, шипга қаради Шаҳзодахон.

- Нега энди? - уни янада гапга солиш мақсадида сўради мураббия.

- Чунки қор ёғса, менинг ойим Россиядан келадилар…

- Шундайми?

- Ҳа, шундай. Менга бувижоним айтдилар. Қор ёғса ойинг Россиядан келади, дедилар.

- Жуда яхши. Ойижонингни ҳам соғинганмисан, Шаҳзодахон? - қизиқиб савол берди тарбиячиси.

- Ҳа, соғинганман. Жуда-жуда соғинганман… - Бир оз ўйга толиб, қўғирчоқларига овора бўлгандан сўнг, - қор ёғса яна нималар бўлади, муаллимажон? - дея сўровга қайтди Шаҳзодахон.

- Қор ёғса Янги йил байрами бўлади, арчани безатамиз, Қорбобо келади, - жавоб берди муаллимаси.

- Қорбобо нима олиб келади?

- Қорбобо ҳамма болаларга жуда кўп совғалар олиб келади. Лекин у совғаларни фақат шеър ёки қўшиқ айтганларга беради, холос. Сен ҳам бирор шеър ёки қўшиқ биласанми?

- Ҳа, биламан, - қувониб, ўрнидан сакраб туриб шеър айтишга тушди Шаҳзодахон. - Қорбобожон, қорбобо, қопингизда…

- Йўқ, йўқ, тўхта. Ҳозир эмас. Шеър айтишга ҳали эрта. Қорбобо келсин, кейин унга шеърингни айтиб бериб совға оласан, хўпми?

- Хўп, муаллимажон.

- Унгача шеърингни ёдингдан чиқарма, уни эсда сақла. Унутиб қўйсанг, Қорбобо сенга совға беролмайди.

- Майли. Қор ёғиб, ойижоним ҳам Россиядан келсалар, кўп совға олиб келадилар. Муаллимажон, мен сизга ҳам олиб келаман, шоколад олиб келаман.

- Майли, раҳмат! - юзида табассум билан жавоб берди муаллимаси.

- Лекин мен сиздан шеър ёки қўшиқ айтиб беришни талаб қилмайман. Мен сизга шоколадни шундай бераман. Чунки мен сизни роса ҳам соғинаман. Сиз ҳам мени соғинасиз-а, муаллимажон?

- Ҳа, қизим, соғинаман, - деди беғубор гўдакнинг дил сўзларидан кўнгли тўлиб, қизчани бағрига босар экан муаллимаси…

… Қор ёғди. Бутун борлиққа оппоқ гилам тўшалгандай, дарахт ва буталар оппоқ либосда. Шаҳзодахон яна боғчада:

- Муаллимажон, қор ёғди-ку, бугун ойижоним келадилар-а?

- Келадилар, албатта, келадилар!

- Энди шеъримни ҳам айтаверайми? - сўровни давом эттирарди бир неча ой давомида ўзича янада улғайган Шаҳзодахон.

- Қайси шеърингни? - худди тушунмагандай сўради муаллимаси.

- Қорбобо ҳақидаги шеъримни! - қатъийлик билан жавоб берди Шаҳзодахон. - Менга эсингда сақла, унутмагин, деб ўзингиз унутиб қўйибсиз-у, муаллимажон.

- Ҳа, уни қара-я. Унутиб қўйибман.

- Айтаверайми ахир? - шошиб гапирарди Шаҳзодахон.

- Йўқ, шошилма. Ҳали ҳам эрта. Янги йил келсин, арчани безатайлик, Қорбобо келса кейин айтасан, - уни тинчлантиришга ҳаракат қиларди муаллимаси.

- Янги йил, Қорбобо қачон келишади?

- Озгина қолди. Мана қор ҳам ёғди. Бугун ойижонинг келсалар, ундан сўнг Қорбобо билан Янги йил ҳам келишади.

- Уррррееее! - хурсанд бўлиб кетди Шаҳзодахон. - О-йи-жо-ним! Шо-ко-лад! Ян-ги йил! Қор-бо-бо! - икки қўлини кўтариб, шодлигини яширолмай сакрарди қизалоқ. - Мен сизга, албатта, шоколад олиб келаман, муаллимажон, мен унутганим йўқ!...

Ёққан қор кун давомида эриб, эртасига ҳамма жой яна аввалгидай бўлиб қолди. Шаҳзодахон боғчага кайфияти йўқ келди.

- Кел, Шаҳзодахон, келдингми? - уни қарши олди муаллимаси.

- Келдим, муаллимажон. Лекин ойижоним келмадилар, - йиғламсираб жавоб берди Шаҳзодахон.

- Хафа бўлма, қизим. Келадилар. Қиш энди бошланди. Ҳали кўп қор ёғади. Ойижонинг, албатта, келадилар. Янги йил ҳам келади, Қорбобо ҳам.

- Ростданми?

- Мен сени бирор марта алдаганмидим, Шаҳзодахон?

- Йўқ, алдаганингиз йўқ. Сиз ўзимнинг муаллимажонимсиз, муаллимажон. Фақат… энди яна қор ёғишини кутишимга тўғри келаркан-да. Ҳммм, майли. Кутаман, - яна катталардек гапирди жажжи Шаҳзодахон. - Ойижоним келсалар бўлди.

Қизалоқ ва мураббия қўл ушлашиб ичкарига кириб кетишди…

Қордай оппоқ, беғубор кўнгилли Шаҳзодахон ва ўз тақдирлари билан унга ўхшаш юзлаб болаларимизнинг интизорлик билан кутган "қор"лари ёғиб, ойижонлари сафарлардан соғ-саломат қайтиб келиб, фарзандларини бағирларига олишсин.

Азиз НАБИЕВ.

КАЛЕНДАР

« Ноябр 2024 »
Дш Сш Чш Пш Жм Шб Яб
        1 2 3
4 5 6 7 8 9 10
11 12 13 14 15 16 17
18 19 20 21 22 23 24
25 26 27 28 29 30  

МАҚОЛАЛАР

Тупроқ вужуднинг япроқ умри

 

Ҳаққа етмоқ истасанг, кўнгилларни қозонмоқни маслак айлагин, бунинг учун саройларда мармар бўлма, бир тупроқ бўлгинки, бағрингда гуллар унсин…

Жалолиддин БАЛХИЙ.

Умр дарахтининг сарғайган япроқлари битта-битта тўкилмоқда…

Демак, ҳаёт кузаги - хазонрез фасли ҳам бошланибди.

Муфассал...

Сув – тириклик омили

 

Тинчлик ва миллий бирлик асосчиси - Миллат пешвоси, Тожикистон Республикаси Президенти муҳтарам Эмомали Раҳмон 2017 йилда Ню-Йорк шаҳрида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош ассамблеясининг 72-сессиясида нутқ сўзлади. Давлатимиз бошлиғи ўз нутқида бутун дунё аҳлини тоза сув билан таъминлашни йўлга қўйиш, яъни 2018-2028 йиллар - "Сув устувор тарақиёт учун" халқаро амалиёт ўн йиллигини татбиқ этишни таклиф этди.

Муфассал...

СТАТИСТИКА

Сайтга кирганлар
1
Мақолалар
872
Мақолаларни кӯрганлар сони
1991079

ӮҚУВЧИЛАР СОНИ

7478656
Бугун
Кеча
Шу ҳафта
Ӯтган ҳафта
Шу ой
Ӯтган ой
Ҳаммаси
4584
4027
22269
7426653
100300
114875
7478656

Сизнинг IPнгиз: 18.188.227.192
Бугун: 23-11-2024 17:47:42

ҲАМКОРЛАР

 

 

   

2015