Болалик!..
Менинг олис-олисларда қолиб кетган болалигим!..
Ҳаммасини бир-бир эслайман, беғубор болалигимнинг нотакрор лаҳзаларини хотирам иморати деворларига энг гўзал нақшлашни истайман!
Ана, Шаҳристон деб аталувчи тоғ бағридаги гўзал масканнинг тароватли кўчаларида шамолдек елаётган қизалоқ – менман!
Ўша – суратлардагидек, менинг ўзим! Эгнидаги алвон кўйлаги ёниб турган оловга ўхшайман. Гуриллаб ёниб турган оловдан кўйлак кийган, серғавғо дунёнинг ташвишларидан холи қизалоқ! Унинг елкасига тегиб-тегмаган тим қора сочларини шамол тортқилайди, кўйлагининг этаги тинимсиз ҳилпирайди, олов қайта-қайта алангалана бошлайди, гўё!
Қизалоқ, бепарво… Ана шу бепарво қизалоқ – ўзимман!
-Тўтинисо!.. Югуриб келақол, қизим!
Нақшинкор дарвозадан бир аёл чиқади. Сарвқомат, чеҳраси очиқ, сўзлари шириндан шакар!..
Бу – менинг онам, Хонпошшо Шодибек қизи! Дунёда тенгсиз аёл. Тўрт бургутдек ўғлонни ва ягона қалдирғочдек қизалоқни оқ ювиб, оқ тараб вояга етказган она!..
Онанинг таърифини ўрнига қўя оладиган сўз бўлмаса керак, дунёда. Агар бўлганда эди, онамни ўшандай сўзлар билан алқаган-ардоқлаган бўлардим!..
-Тўтижон!.. Чопиб келақол, қизим!..
Онам яна чақиради. Унинг овози шу қадар майинки, айтаётган ҳар бир сўзи вужуд-вужудимга сингиб кетади, гўё. Яна қайта-қайта чақиришини истайман.
-Мен яна озгина ўйнайин!..
-Ўйин қочиб кетмайди, қизим. Аввал овқатингни еб ол. Совиб қолмасин. Кейин ўйнайверасан…
Мен эса, ўз билганимдан қолмайман. Шамол билан қувлашаман. У менинг сочларимни тортқилайди... Мен бўлсам, кўкламнинг ўйноқи шамолини тутиб олмоқчи бўламан.
Онам гир айланиб югуришимни меҳр билан кузатади. Сўнгра яна ўзи сари чорлайди.
-Кела қолгин энди, қизалоғим!.. Ҳали замон даданг ҳам келиб қолади. Бирга овқатланасизлар!..
Ҳозир дадам келиб қолади!.. Мен дадамни соғинаман. У киши эрталаб менинг пешонамдан ўпиб-эркалаб, хайрлашиб кетган бўлсалар ҳам, кечгача соғиниб қоламан. Туш пайтида дадам келмаслигини яхши биламан, лекин яна онажонимнинг гапларига ишонгим, дадам билан бирга овқатлангим келади. Шунинг учун ҳам, энг қизиқарли юмушимдан воз кечаман-да, қучоқ очиб, кутиб турган онам сари югураман.
-Қизгинамдан айланиб кетай!.. –дейди онам юз-кўзларимдан устма-уст ўпаркан.
-Ўзимнинг қизим, қизалоғим!.. Тўтим, Тўтижоним, Тўтинисом!..
-Мен дадамнинг Тўтисиман!- дея бидирлаб кетаман ҳар галгидай онамнинг қучоғидан чиқишга уриниб. -Фақат дадамнинг Тўтиси бўлишни хоҳлайман!..
-Менинг Тўтим бўлмайсанми?!- деб сўрайди онам ҳам ёлғондакам хафа бўлиб.
-Фақатгина дадангнинг Тўтиси бўласану холос?
-Мен дадамнинг худди мана шунча Тўтиси бўламан!.. – Қўлларимни кенг ёзиб кўрсатишга уринаман.
-Оббо!.. Мен сенга ҳар куни ширин-ширин нон ёпиб, кулча пишириб берсам ҳам менинг Тўтим бўлмас экансан-да?!.
Онам хафа бўлгандай кўзларини хиёл юмади. Шу дам негадир баданим жимирлаб кетади. Ва шоша-пиша гапира бошлайман.
-Алдадим!.. Алдадим!.. Сизнинг ҳам Тўтингиз бўламан. Лекин салгина камроқ. Кейин-чи, Чучук холамнинг ҳам Тўтиси бўлгим келади.
-Ҳали Чучук холанинг Тўтиси ҳам бўламан, дегин?..
-Кўп эмас озгина. Холам ҳам мени «ўзимнинг Тўтижоним!» дейди-да, ахир. У кишиям шунчалик яхшики…
-Майли!- дея муросага келган бўлади онам. –Сен ҳаммамизнинг яккаю ягона Тўтимизсан. Қани энди кетдик.
Онам уст-бошимни қоққан бўлади-да, мени бағрига босганча кўтариб олади.
-Қўйворинг, ўзим юраман!- дейман ерга тушишга интилиб.
-Кап-катта қиз бўлиб қолдим. Кўтариб юрганингизни Муяссар кўриб қолса, масхара қилади.
Муяссар – менинг дугонам! Ҳар куни бирга ўйнаймиз. Онамнинг мени кўтариб олганини кўриб қолса, албатта, тилини чиқариб калака қилади. Мен эса, унинг бундай қилишини сира ҳам хоҳламайман.
-Қўйворинг, ўзим юриб боравераман…
-Майли, майли!..-Онам яна юз-кўзимдан ўпиб, мени секингина ерга қўяди. -Чиндан ҳам кап-катта қиз бўлиб қолибсан. Мана шу Наврўзда уч ёшни тўлдираркансану яна ёшгина гўдакдек кўтариб олибман-а!.. Онам қўлимдан ушлаб олади. Ҳовлимизга кирамиз.
-Қоплонбек қани? –деб сўрайман ҳовлида акамнинг йўқлигини кўриб. -Қоплонбек ҳалиям ўйнаб юрибди-ю… У келмаса, мен ҳам овқатланмайман!
-Ҳозир уни ҳам чақириб келаман, қизим. Сен ўзинг овқатланавер, Қоплонбек ҳам ҳозир келиб қолади.
-Йўқ!.. Қоплонбек келмаса, мен ҳам овқатланмайман!..
-Майли… Ҳали замон келиб қолади-ку.
-Келсин… Кейин овқатланаман!..
Шу тахлит гап сўзлар, онамнинг меҳрибонликлари-ю, унга ёқиб тушадиган хархашаларим деярли ҳар куни такрорланаверади. Онамнинг ялиниб-ёлворишини истайман. У киши ҳам сира эринмасдан мени овқатланишга кўндиришга уринади. Чунки Қоплонбек баъзан ўйинга берилиб кетиб, тушки овқатга келмай қолиши ҳам мумкин-да.
Онам юз-кўзларимдан қайта-қайта ўпиб, бошимни силаб мени овқатланишга кўндирмоқчи бўлади.
Мен ҳам ўз билганимдан қолмай, тўтилигимни қилавераман. Бир гапни ҳадеб қайтаравераман.
-Келсин… Кейин овқатланаман!..
-Сенга даданг билиб Тўти деб ном қўйган экан! –дейди онам ҳафсаласи пир бўлиб.
-Билиб қўйинглар!.. Шунинг учун ҳам мен фақат дадажонимнинг Тўтиси бўламан, холос.
-Менинг Тўтим бўлмас экансан-да?!.
Суҳбатимиз яна қайтарилади. Онам ҳеч эринмасдан сўрайверади. Мен эса, жавобларимда, айтавериб ёд бўлиб кетган сўзларимни бидирлаганча тизиб ташлайвераман. Бу ўзаро суҳбатимиз онамга ёқади. Менга ҳам маъқул тушади. Ва ниҳоят, онам мени алдаб-сулдаб, ялиниб-ёлвориб овқатланишга кўндиради.
Кечга яқин уйга дадам кириб келади. Менинг дадажоним – Юсуфбек Каримқул ўғли!.. Отам шаҳристонлик беклар авлодидан. Катта боболаримиз узоқ-яқин мамлакатлардан турли молу матолар келтириб, тижорат ишлари билан машғул бўлишган, савдогарлик қилишган. Умуман, улар ўзига тўқ кишилар бўлишган ва ночор кишиларга ҳамиша ёрдам бериб туришган.
Шаҳристонликлар бизнинг шажарамизни беклар авлоди дейишади.
«Беклар авлоди», деган атама авваллари қулоғимга аллақандай пичингга ўхшаб эшитиларди. Ҳатто, бизни шундай деб атаган кишилар билан айтишиб ҳам қолардим. Кейин-кейин ҳаммасига кўникдим. Чиндан ҳам беклар авлодидан бўлсак, нима қипти? Бунинг нимаси ёмон?..
Отам – Юсуфбек Каримқул ўғли 1924 йили дунёга келганлар. Онам – Хонпошшо Шодибек қизи эса, дадамдан икки ёш кичиклар. Оиламизнинг тўнғич фарзанди Қоплонбек 1946 йили туғилган, ундан кейин мен 1948 йилнинг 22 апрелида ёруғ дунёни кўрганман. Ундан сўнг, 1953 йили Бўстонбек, 1956 йили Норбек, 1958 йили эса, кенжамиз Валламатбек туғилган.
Ҳаммамизни ота-онамиз кафтларида кўтариб тарбиялашган. Тўғрисини айтсам, оилада ягона қиз бўлганим учун онам ҳам, отам ҳам мени жонларидан ортиқ яхши кўришарди. Айтган гапларимни сира ерда қолдиришмаган, инжиқликларимни кўтаришган. Ака-укаларим ҳам ҳамиша раъйимга қарашган. Мен ҳам уларни жуда-жуда яхши кўраман.
Бугун орамизда онам билан укам Норбек йўқ, улар дунёдан ўтишди. Илоҳо, ётган жойлари жаннат бўлсин! Ҳали-ҳануз раҳматлик онамни, ўттиз саккиз ёшида оламдан бевақт ўтган укагинам Норбекни эсласам, юракларим қон бўлиб кетади…
…Кечга яқин уйга дадам кириб келардилар…
-Менинг Тўтижоним қани?!.
-Мана, мен бу ердаман!..
Дадам мени бағрига босиб, эркалай бошларди:
-Менинг Тўтим, Тўтинисом!.. Эрка қизим, ота қизим, она қизим, қизалоғим!..
-Дадажон, мен фақат сизнинг Тўтингиз бўламан!..
-Биламан, сен фақат менинг, ёлғиз ўзимнинг Тўтимсан!..
Бизнинг суҳбатимизга ҳар галгидек онам ҳам аралашарди.
-Ҳали фақат дадангнинг Тўтиси бўласанми? -дерди у киши ёлғондакам хафа бўлиб. –Меники бўлмайсанми?
-Йўқ!.. Фақат дадажонимники бўламан!..
-Шунақами ҳали?
Онам қовоғини уйган бўларди. Мен эса, дарров сўзимдан қайтардим, чунки онажонимнинг хафа бўлишларини сира-сира истамасдим-да, ахир.
-Алдадим! Сизнинг ҳам Тўтингиз бўламан.
-Яна кимнинг Тўтиси бўласан?-дея ўсмоқчилаб сўрашда давом этарди онам.
-Янами?.. Яна Чучук холанинг ҳам Тўтиси бўламан!..
Отам билан онам ҳузур қилиб кулишарди.
Бу тахлит гап-сўзлар, савол-жавоблар деярли ҳар куни бўлиб турар, шунинг учун ҳеч ким зерикмасди.
Ота-онанинг фарзандлари билан бундай суҳбат қуришларининг ўзига хос ҳузур-ҳаловати борлигини кейинчалик, ўзим ҳам фарзандли бўлганимдан сўнггина ҳис этганман…
Болалик!..
Менинг олис-олисларда қолиб кетган, энди сира қайтиб келмас болалигим!..
Энди фақат уни эслаш, ўша дамдаги беташвиш дамларни хаёлан тиклаш мумкин, холос…
Болалигим узоқларда қолиб кетди,
Уни фақат тиклаш мумкин хотирларда.
Ҳаёт ўтар, сарҳисобнинг вақти етди,
Нима дердим – мен ҳам, ахир, хокий банда.
Эслаганда юракларим нурга тўлар,
Олисдаги болалигим беғубордир.
Қийғос кулган нафис гул ҳам бир кун сўлар,
Ҳад-ҳудудсиз, чексиз дунё менга тордир.
Узоқларда қолиб кетма, болалигим,
Келгин, сени юрагимга жо этайин.
Хотирамнинг тахларини бузмас ҳеч ким,
Сен бўлмасанг, бу оламни мен нетайин.
Болалигим, қолиб кетма олисларда,
Қайтиб келгин, юрагимга муҳрлайин.
Мен ҳам ахир ўткинчи бир ғофил банда,
Хотирам ҳам хира бўлар йиллар сайин.
Бу дунёнинг ғуссалари беҳад кўпдир,
Дард-аламдан юрак-бағрим тилим-тилим.
Ўй-хаёлга, хайриятки, сарҳад йўқдир,
Хайриятки, ҳали бийрон сўзлар тилим.
Болалигим!..
Ҳар кимнинг эслашга арзигулик ўз болалиги, олисларда қолиб кетган ширин-ширин хотиралари бор!..
Йўқ, ҳамманинг ҳам болалиги беғубор беташвиш ўтмайди…
Кимдир болалигини энтикиб-энтикиб эсласа, бошқа биров кўзида ёш билан хотирлайди. Мен эса, у дамларни қувнаб-қувнаб эслайман…
Ўша дамларни қўмсаб-қўмсаб эслайман…
Бу ўткинчи дунёнинг сира тугамас ташвишлари юрагимга оғир тош бўлиб ботганида, йиғлаб-йиғлаб эслайман…
Эслайман, эслайвераман!..
Қувнаб-қувнаб эсласам ҳам…
Қўмсаб-қўмсаб эсласам ҳам…
Йиғлаб-йиғлаб эсласам ҳам…
Сира-сира қайтиб келмайди,
Қайтиб келолмайди болалигим менинг!..
Тўтинисо ЮСУФБЕКОВА,
Тожикистон ёзувчилар иттифоқи аъзоси
СОҲИР ШЕЪРИЯТ
Кўзимиз осмонида
Ёғду сочар ишқ кавкаби...
Эй фоний дунё!..
Мен чекиндим, эй фоний дунё,
Муфассал...
Исматулла Умаров, 1964 йили Ёвон ноҳиясининг Норин қишлоғида таваллуд топган. “Кўнгил кўзлари”, “Энг бахтли лаҳзалар” шеърий тўпламлар муаллифи. Айни пайтда Зокиржон номли деҳқон хўжалигида фаолият юритади. Шоир шеърларидан намуналар берарканмиз, Сиз азиз муштарийларга ҳам маъқул бўлади, деган умиддамиз.
Муфассал...2015
1-2015
2-2015
3-2015
4-2015
5-2015
6-2015
7-2015
8-2015
9-2015
10-2015
11-2015
12-2015
13-2015
14-2015
15-2015
16-2015
17-2015
18-2015
19-2015
20-2015
21-2015
22-2015
23-2015
24-2015
25-2015
26-2015
27-2015
28-2015
29-2015
30-2015
31-2015
32-2015
33-2015
34-2015
35-2015
36-2015
37-2015
38-2015
39-2015
40-2015
41-2015
42-2015
43-2015
44-2015
45-2015
46-2015
47-2015
48-2015
49-2015
50-2015
51-2015
52-2015