Биз билан боғланинг:

   

Бизга қӯшилинглар

ХАБАРЛАР

НАСР

Муаллиф: Super user Категория: НАСР
Чоп этилган 13 Май 2014 Кӯришлар: 2341
Печат

Ҳуснинисо АҳмедоваҲикоя

Кӯҳак чӯққиларидан оппоқ булутлар тӯдаси адир этагига ёпирилди. Ёнбағирга улкан парқу тӯшалгандек теварак шаффоф тус олди.

У пахта тераяпти, у пайкалдан бу пайкалга югуриб, худди биров териб оладигандек, қизғониб, жониқиб. Ҳар пахталарки лӯппи-лӯппи, чаноқлардан тошиб турибди.

Ҳаво намланди. Кӯҳакдан муздек шамол эсиб, юзига этни сескантирувчи совуқ эпкин сепиб ӯтди. Осмонда юракни зирқиратувчи хиралик, бӯғиқлик пайдо бӯлди. Ӯқариққа шовуллаб кирган сув қуюқ қон тусида. Тӯлиққан булутлар карвони оғир силжиш билан унинг устига бостириб кела бошлади. Эрининг дағал овозини аниқ эшитди, лекин ӯзини кӯрмади:

«…ӯв, юр тоққа чиқамиз, лолага».

Кӯҳакнинг уч-учида гулкосалари нақ пиёладек-пиёладек лолалар олланиб, ӯзига чорлаб турибди. Жувоннинг юраги ҳаприқди, қувончдан кӯзлари порлади. У тоққа чиқиб, сайҳонликда бир оз дам олди. Унга нотаниш бӯлган тӯда-тӯда аёллар сӯқмоқдан юқорига ӯрлаяпти. Ҳатто мункиллаб қолган кампирлар ҳам илдам кӯтарилишяпти. У оёғидаги жандаси чиққан эски калишдан уялди. Чарсиллаб ёниб турган улкан гулхан атрофида ғуж ӯтирганларга яқинлашди. Даврадан ташқарида эри кабоб пиширяпти. Сихларда тӯқ қизил, лахм гӯшт бӯлаклари. Бахмал кӯрпачаларнинг зиҳида яп-янги, қоп-қора калишлар, ҳаммаси янги, чиройли, ялтироқ. Биттасининг ҳатто, икки бӯғинча келадиган ӯкчаси ҳам бор.

У минг истиҳола билан Садафга сӯз қотди:

-Меҳмонлар келишяпти экан, калишингизни бериб туринг.

Калишни кийганиям, ечганиям эсида йӯқ, йӯқотиб қӯйди. Қидираверди, қидираверди, чарчаблар кетди. Шу ерга келганига пушаймонлар бӯлиб қидирди. Уят-э! Садафга нима дейди энди? Гулхан шуъласида эрини кӯрди, чирманда чаляпти. Оёғида янги калиш, Садаф эшилиб рақс тушяпти.

Бирдан ҳаммаёқни қоронғулик қоплаб, ёмғир қуйди. Атрофида селдан паналанмай, ёмғирларда ивимай изғиётган издиҳом, бу бӯлса уст-боши шалаббо, оёқ яланг, бош яланг тоғдан тушиб келяпти. Изма-из қора қуюн келмоқда…

Нурбуват хола келинининг бу галги тушини ҳам яхшиликка йӯйди:

-Пахта – оқлик, қон – ёруғлик, калиш – обрӯ, гулхан – иссиқлик. Бирваракайига икки фасл тушингга кирибди. Куз – тӯкинчилик, баҳор – янгиланиш.

Хом гӯшт ва қора қуюн таъбирини айтгиси келмай, чайналди:

-Мунча узундан-узоқ тушлар кӯрмасанг, болам. Мени кӯрган тушим ё эсимда қолмайди ёки кӯрмайман. Ҳар қандай тушни яхшиликка йӯйиш керак, хосиятли бӯлади. Яхшиси, сен тушингни сувга айт, менга айтсанг, ичим – қудуқ, чӯкиб қолаверади. Оқар сувга айтсанг, покланасан. Туш кӯрмоқдан чарчамайсан-а, болам?

Кейин сафсатага ӯтиб, келинининг кӯнглини хушламоқ бӯлди:

-Ӯшатда Садап бор экан, «иринка»нгни кийволсанг бӯлмасмиди ёким мени калишим ҳам янги, ҳеч дунёда тоққа жанда калишда чиқасанми?

Ҳулкар жилмайди. Тушини бошқа эсламаслик учун юмушга уринди. Қӯшнининг ҳовлисидаги кранга сувга чиқди.

Қӯшни эркак қандайдир куйни ҳуштакда хиргойи қилганча, ҳафсала билан ботинкасини юваяпти. Ҳулкар индамай кириб борганидан хижолат бӯлиб, бӯсағада тӯхтаб овоз берди:

-Гули чеча, о, Гули чеча…

-Келинг, келинг, келаверинг, сувга чиқдингизми? Гулинисо шу ерда, кираверинг,- қӯшни шундай деди-да, ӯзи сувдан узоқлашди.

Эҳ, дунёда қанақа эркаклар бор-а!? Хотинининг исмини олиб чақиради, «Гулим, Гулинисо, Гулижон…» Унинг эркатойи бӯлса, хотинни яхши ном билан чақириш, ботинкасини ӯзи ювиш у ёқда турсин, оёғиниям бунга ювдиради. Шуни айтса, Нурбуват аммасининг жаҳли чиқади: «Ҳамманинг олдида хотинини эркалатиб чақириб ӯтирса, эркак сифати йӯқ унақаларни. Эр деганнинг хотинга зардаси бӯлиши керак. Кошки хотиниям мундайроқ бӯлса, бети кепчикдай, чархинтовоқ. Сениям эринг, «Ҳулкар» деб отингни олади-ку!»

-Бӯлам, «Ҳул…»ини ташлаб чақиралла,- Ҳув, кар», деб.

Қайнона синиқ жилмаяди, келинининг гапида жон бор. Ӯзиям неча марта ӯғлига дашном берган, «аяси» деб чақир, «бӯла» деб ата. У қаерри гапи «Ҳув, кар?»

Икромжон Азим дӯкондорнинг қизини яхши кӯрди. Қиз хушқоматгинаю, лекин шу даражада юракдан урадиган офатижонлардан эмас эди. Ранги оқ-сариқ, сочлари қизғишга мойил, кӯзлари мовий. Ҳулкар эса унинг акси, қорамағиздан келган, ғайир сочлари қоп-қора, кӯзлари чиройлик, қуралай. Оёқ-қӯлликкина. Ӯзи бир келин, ҳусни бир келин, меҳнати бир келин. Лекин Икромининг ишқи нега ӯша сариқ зарғалдоққа тушдийкин, ҳамон ақли етмайди.

Нурбуват ёлғизининг дилини ӯкситмаслик учун ӯша қизга икки-уч одам қӯйдирди, нажот йӯқ. Тӯртта лагандай патир, бир сиқим ширинликни ӯраб, ӯзиям борди. Азим бечора яхши кутиб олдию, хотини Нурбуватнинг турмуши чуруклигини, бева-бечоралигини писанда қиладиган бир гап қилди.

-Энди холажон, оталари қизларини эрка ӯстирворган. Оғир ишга солмаган, сиздақаларга иш бермайди. Айтгани-айтган, дегани-деган буларни, бори-йӯғингиз билан ишлари йӯқ. Садапимга тагли-тугли бойваччасифатлардан завчи бор. Билмадим, отаси ӯшаларнинг қай бирига берса-да. Ҳозирги қизлар тилло оберсин, дейди. Бир бозорга обориб кийинтириб келиши 400-500 долларга тушади. Сиз ялғизқӯл бӯлсангиз…

Умри бино бӯлиб, долларнинг нусхасини кӯрмаган хола соддалик қилади:

-Бозорини ӯзимиззи тожик пулига қиб бӯмайдими?

-Ҳа, энди бизникилар тоза молнинг баҳосини долларга чӯтлашади-да.

-Энди, айланиб кетай, Икромим, қизингизга кӯнгил қӯйганакан. Менинг рӯзғоримда оғир иш йӯқ. Тоғаси ёнида олиб юриб, устачиликни ӯргатган, ҳунарманд ӯғлим. Берсангиз, қизингиз камчилик кӯрмайди, Худо хоҳласа. Менам, орзу-ҳаваслиман. Халқдан ошиғич қилолмаслигим тӯғри, лекин кам ҳам қилмайман. Бозорига иккита қӯчқор боғлаганман, айланай.

-Бе-е, -кулади қизнинг онаси,- қӯзичаларингиззи пули урвоғам бӯлмайди. Ҳатто, битта палтосигаям етмайди.

Кӯп ӯтмай дӯкондор қизини узатиб юборди.

Севганига етишолмаган йигит эзилиб «аза» тутиб юрди. Чиройи очилиб қолган, рӯзиравшан кунларининг бирида онаизор унинг қулоғига Ҳулкарнинг исмини эшиттирди:

-Дардинг урсин, агар хӯб десанг, тоғаваччанг Ҳулкаройни келин қилардим, ё кӯнглингда бирортаси бӯлса, уни айт. Ҳулкарой бирам одобли, бирам ширин, бирам…

-Ӯзингизга ёққанини қилаверинг,- чӯрт кесди ӯғил.

Нурбуватга иниси Исломқулнинг хизмати куч. Икромнинг отаси оламдан ӯтгандан сӯнг, касал қаратиб анчайин чӯкиб қолган рӯзғорни бутлади. Ӯзининг ӯғлига қӯшиб, жиянини тӯйлади. Қизларини узатганда каму кӯстига ёрдам қилди. Ҳулкарни сӯраттирганда, ӯйланиб қолди, андишага борди:

-Ӯғлинг Азим лапкачининг қизини суйган, Ҳулкарга кӯнгли илийдими, йӯқми? Майли деса, кейин…

Исломқул опасининг жонига аро кирди. Гӯринг нурга тӯлгур, қиз томонга берилиши зарур бӯлган тӯй харажатларини ӯзи кӯтарди. Битта тоға бӯлса шунчалик бӯлар-да.

Нурбуватнинг эшитишича, Садаф ҳам тиллаларга бурканиб юрмапти. Азим дӯкондор қизини қайси чет қишлоққа узатган эди, бебарор бӯлиб икки бола билан қайтиб келганмиш.

Худога шукур, Икромнинг Ҳасан-Ҳусани бу йил биринчи синфга боришди. Тӯнғичи Дилобар ӯнга кирди. Лекин оталари сонга кирмаяпти. Ҳанузгача Садафнинг аламини Ҳулкардан олади. Беҳудага таҳқирлайди, уради, сӯкади. Дилобарнинг чилласи ичида Исломқул иниси хасталаниб, ӯлиб қолди. Агар ҳаёт бӯлганида, Ҳулкарни бир кун ҳам бу золимнинг қӯлига бериб қӯймасди.

Нурбуват келинига қаттиқ меҳр қӯйди. Ӯз фарзандидан ортиқ кӯриб бағрига босди. Ношукур ӯғлининг қилмишидан келин зор йиғласа, бу қон йиғлади. Икки ёрти – бир бутун бӯлиб, она-боладек сирдош, суянчиқ бӯлиб келишаяпти.

Нима бӯлгандаям, шу Садафнинг эридан ажрашгани яхши бӯлмабди-да. Икром бежоланиб, итизғидек кӯча санқийди. Келини ҳам бунга тиш ёрмайди-ю, лекин ичидаги сизловуқ – яра маддалаб уч бериб тургандек.

Ҳулкар тун оқшом кӯрган тушининг таъсиридан қутулгани йӯқ. Ғашлик саркашликка илашимлик бадхаёллари уни қора қуюн гирдобига тортиб кетаётгандек.

Бугун эри ӯзгача пӯрим бӯлиб, Жамшид синфдошиникига тӯйга отланганда, тушида аёнлик бераётган қуюнлар кӯнглига ғалаён солиб, ӯйларини чувади.

-Бӯла, тӯйга Садап сариқ ҳам борса керак, узоқроқ юринг, у жодугар…

-Нима? Яхши бӯпти! Бор, ишингни қилавер!..

Ҳулкар яна нималарнидир сӯзлашга, нелардандир огоҳ қилишга чоғланиб, талмовсиради.

-Ҳа, яна нима? –Икромжон энкайиб ботинкасининг ипини боғлаган кӯйи хотинига ер остидан ӯқрайиб разм солди,- яна нима гап,- ӯшқирди,- нега жинни қӯйга ӯхшаб, турган жойингда гилдираяпсан?

Ҳулкар оғринди-ю, лекин дам урмай даҳлиздан шитоб билан чиқиб кетди. Тушга яқин чайилган кирларни «тарс-турс» қоқиб симдорга илаётганда, атрофга аланг-жаланг нигоҳ ташлаб, Гулинисо кириб келди. Ҳовли саҳнини бирров кузатиб чиққач, дарвозахонадаги қӯлбола харракка чӯкди:

-Мен айтмай, Ҳулкарой, сиз эшитманг. Икромийиз тентакланиб, тӯйда таза томоша берипти-да. Тӯйдан қайтаётганларнинг ҳаммасининг оғзида шу гап. Садап билан грузинча, лезгинкага тушибди.

Ҳулкар эрталабки ҳолатига тушиб, яна гарангсиди. Пешонасидан тер тепчиди. Лекин сир бой бергиси келмай, паст овозда сӯзланди:

-Ӯйнаган бӯлса, ӯйнагандир-да, чеча. Иккаласи синфдош-ку.

-Э, жӯн-жӯриқча ӯйнаса одамлар дарров гап қилишармиди. Ӯғил-қиз ҳамма синфдош қийқир-қийқир билан, икки Тойир Зӯрони ӯртага олиб, гурзинча ӯйнатишибти. Садап қийқонгласа, бӯлангиз ҳам гижинглармиш. Ёмонга ёндошмасин, шохига уринг, эрийиззи, айланай. Мени айтти деманг, балога қолиб кетмай, тағин.

Гулинисо ӯз кӯзи билан кӯргандай қилиб, ошириб-тошириб сӯзлади. Жинбазмда Ҳулкарнинг кӯз олдида издиҳом аро Икром ва Садафгина масхараомӯз ишшайишиб, бӯй кӯрсатиб туришарди.

Гулинисо кетгач, силласи сувга кетиб, анча пайтгача паришон ӯтираверди. Кейин судралгудек бӯлиб уйга кирди.

Аммаси мизғиётган экан, бир чақирганда эшитмади, яна овоз берди. Кампир уйғонди. Апил-тапил ёстиқдан бош кӯтарди. Бошидан сирғалиб тушган тиллопаранг дуррасини қӯлига олди. Кумушранг, сийрак сочларини панжаси билан тароқлаб, тузатган бӯлди.

-Ҳа, амманг қоқсин. Нега рангинг ӯчган, кир ювиб чарчадингми?

-Овқат сузаман…

Келинини афтодаҳол кӯриб, кампир яна бир дилхираликнинг ҳидини туйди. Унинг ичида яна қандайдир ҳасратнинг олови тил чиқараётгандек эди. Дастшӯга қӯл чаяркан, унинг қӯлидаги мис офтоба титраётганидан хавфланди. Икков сӯзсиз овқатланишди. Косаларни йиғиб чиқиб кетган келин иссиқ чой дамлаб кирди. У ҳамон сокин ва ғамангиз ӯтирар, аммасининг кӯзига тиклаб қаролмасди.

-Нега хападайсан, амманг чӯри, товинг қочтими?

Келин нимадир демоққа оғиз жуфтлади. Гапиролмай, лаблари пириллади. Қуралай кӯзлари жиққа ёшга тӯлди. Сал киприк қоқса бас, кӯз ёшлари қаҳрабо доналаридек юмалашга шай.

-Амма,- деди ҳиқиллаб,- ошим-ку хӯр, бошимам хӯрми? Ӯғлингиз бугунги тӯйда томоша кӯрсатибди.

Қайнона бир қалқиб олди:

-Ичиптими?

-Ичган-ичмаганини билмадим-ку, Садап сариқ минан гурзинча танис қипти.

-Ё алҳазар! Бир-бирини қӯлтиғидан қӯл ӯтказиб танса қиптими?

-Йӯқ! Садап минан шох ташлашиб хӯбам ӯйнапти.

-Тӯй бӯлгандан кейин, у биланми, бошқаси биланми ӯйнайди-да. Тӯй тугамай қайси хаваркаш сендан суюнчи ола қолди,- кампир хафагазак ҳолда оғир «уҳ-ҳ» тортди, кейин кулимсираб келинига термулди,- ҳай Ҳулкар, гурзинчаси қандақа ӯйин?

Ҳулкар ӯрнидан турди. Халатининг белбоғини ечиб, қайтадан сириб боғлади. Кейин гоҳ йигит, гоҳ қиз қиёфасига кириб, ҳар бир ҳаракатини сӯзда ифодалаб, ӯйинга туша кетди:

-Гурзинка қиз қӯлларини олдинга чӯзиб, сувда сузган оққушдек ӯйнайди. Йигити мамунақа қилиб, қизнинг ёнбошида туради. Ӯнг қӯлини мушт қилиб, ӯзининг бӯйнига тақайди. Чап қӯлини қизнинг елкасидан ӯтказиб, ғоздек кеккайиб, мамунақа, мамунақа…

Камсуқум, ҳаёли, андишали келинининг гоҳ ота ғоздек бӯйнини чӯзиб, гоҳ тиззаларини букиб-букиб, муштчаларини тугиб, шайтоннинг урғочисидек диконглаб ӯйнашидан кампирнинг оғзи очилиб, кӯзлари ҳайратдан бақрайиб қолди.

-Кӯриб қӯйинг, аммажоним, гуржиларнинг мусиқасига муслимларнинг қандай рақс тушишини.

Кампир кулди. Пихиллаб кулди. Кулаверди, кулаверди… Азбаройи қаттиқ кулганидан кӯзларидан ёш тирқиради:

-Ё қудратингдан, Қодир эгам. Сени шундай ӯйинга тушади деб ӯйламаган эканман. Балодай ӯйнаркансан-а, Ҳулкар, вой, ичакларим узилай деди-я.

Келин чарчади. Ҳаллослаб жойига чӯкди. Халатининг белбоғини бӯшатди. Рӯмолини қайта ӯради. Ингроқ аралаш ғалати «оҳ» тортди.

Ичида маддалаб турган сизловуқ – яра «тирсса» ёрилди.

-Кулинг, ҳа, кулинг, йиғламасангиз бӯлди, бирор кун, кулаверинг…

Келинининг ичи тӯла дард. Кампир бӯлса завқланиб, эзилиб-эзилиб кулганидан изза тортди:

-Ӯзинг-ку, болам, мени кулдирган.

-Кулинг,- такрорлади келин, аслида ҳаммасига ӯзингиз айбдорсиз. Инимнинг қизини келин қилай, борига бозор қиламан, берсам – ейди, урсам – ӯлади, дегансиз-да. Битта болам борлигида кетай дедим, қӯймадингиз, босилиб қолар, босилиб қолар. Ана ӯғлийиз итялоқдаги сарқитдан калла кӯтармай қолди. Эрталаб чиқиб кетувди, истиляга бӯб. Энди, билиб қӯйинг, икки зиндаси бӯлсаям, Садап буни кӯрса қийқонглайверади. Охири бошини айлантириб обкетиб қолади. Иккаламиз қоламиз, учта тирик етимни боқолмай.

Кампир қӯрқиб кетди, кӯксига туфлади:

-Вой, оғзигинангдан чиқиб, яқогинангга тармашсун. Сен маҳмадана қачондан буён бундай бадният қиладиган бӯлдинг? Чиққан қиз чийдан ташқари. Бир бола билан ҳам, кӯп бола биланам инининг эшигига сиғмайди, қиз деган, болам. Гулдай баллани, тирик етим, дейсан, Худонинг қаҳри келар, деб ӯйламайсан. Икром синфдошлари билан ӯйнаганига шунчаликми? У сени ё баллани ташлаб қӯйгани йӯқ, - аччиқлана бошлади қайнона,- Икром ҳаққи-ҳалол топиб келади, балларингга пишириб-куйдириб, рӯзғор тутиб ӯтирибсан. У мен-ку, уч оёқли кӯзлик кесак. Бир коса оби ёвғонингни берсанг – ейман, урсанг – ӯламан.

Келин кафти билан кӯзларини яшириб, унсиз йиғлаб ӯтираверди.

Узоқ жимликдан сӯнг кампир жаҳлдан тушиб, илгаригидек, яна келинини юпата бошлади:

-Йиғлама, жоним, ӯз қилиғидан ӯзи уялар, ичига ҳалиги шайтоннинг сувидан озгина кирган-да, бӯлмаса, у бундайин бадхулқлик қилмас эди. Ҳализамон балларинг мактабдан қайтади, кӯзингни йиғлаб шиширма. Тур, онажон, овқатни тагига тӯртта чӯғ ташлаб қӯй, совиб қолмасин. Оғир бӯл, жон болам, эркакники қарқара – айби йӯқ, чунки у эркак-да, хотинники масхара, болам. Садаппи ӯзига қийин, эл-юртга гапу сӯз бӯлгани қолади.

Ӯша моҳтобли оқшом Икромжон уйга қайтмади. Тун яримлаганда, кампир келинини уйғотди.

-Ҳулкарой, ҳо, Ҳулкарой, кӯзингни оч, болам.

Келин оғриниб қӯзғалди. «Нима дейсиз?»- дегандек қайнонасига хӯмрайиб, бошини силтаб ишора қилди.

-Тур, уйингга чиқиб қара-чи, балки Икром келиб, кириб ётгандир.

-Ҳозиргина чиқиб келдим. Келгани йӯқ,- ғудранди Ҳулкар.

-Тур, амманг қоқсин, Дилобарни уйғот, бир тӯйхонадан сӯроқлатгин. Кӯп ичган бӯлса, бир ерда ухлаб-нетиб қолдими? Ҳассамни оливол, ит дапинмайди.

Ҳулкарнинг уйқусираган кӯзлари каттариб, деди:

-Ҳушингиз жойидами, амма? Жамшид акани уйи қаердалигини биласизми? Гирдай қизчани уйғотиб, жару чуқурлардан, сойдан ӯтиб, кейин Чағатқишлоққа кириб борайлик экан-да. Ӯзимам қӯрқаман, болаям сесканади.

-Дараклатган яхши-да, нима қилайлик бӯлмаса, амманг чӯри, бир чорасини топ.

-Сиз топинг. Гапни қара, тӯйхонага бор эмиш… Сиз боринг! Уч оёқлаб боринг, қани кӯрай. Ӯғил сиззики, сизга анзират.

Ҳулкар ижирғанар, ҳамон жаҳлдан тушмагани учун аламини қайнонадан оларди. У кӯрпасининг ён-четини тӯғрилаган бӯлди-да, яна ётиб олди. Ётганда ҳам кампирга тескари қараб, ӯнгарилиб ётди.

Кампир ӯтирган жойида сирпаниб-сирпаниб, даҳлизнинг пойгагига тушди. Пайпаслаб калишини топиб кийди. Бурчакдаги ирғай асони қӯллари қалтираб тутди. Эгик қаддини ростламоқчи бӯлди. Иҳради. Эшикни секин очиб, ташқарига чиқди.

Ҳулкар ҳар доим сергак ётар, аммаси ӯрнидан қимирлади, дегандан абжир туриб, уни ташқарига чиқишига кӯмаклашарди. Бу гал «қилт» этмади. Кампир деворларни пайпаслаб ушлаб-ушлаб, ӯғлининг уйига кирди. Икромнинг ӯзи ясаган мустаҳкам курсига ӯтирди. Ҳансираши босилишини кутиб, ҳассага икки қӯлини устма-уст қӯйганча, кӯзларини юмиб, бироз тин олди. «Ҳаҳ, нодон бола-я, уйда фариштадек хотин, гулдек баллари бӯлса-ю… Нима бӯлгандаям, кеч келсаям, ишқилиб, тинч келсин-да…»

Нурбуват хола келинининг шу бугунги ҳолига ичи туз сепгандек ачишди. Ҳозир ӯғлим келса айтаман, деб хаёлига гапларни навбати билан тизиб чиқди. Анча ӯтирди, Икромжондан ҳамон дарак йӯқ. У мижжа қоқмай ӯғлининг бӯш тӯшаги билан «айтишиб» ӯтирди. «Кӯр бӯл, кӯрнамак бӯлма, деганлар. Отангни, тоғангни арвоҳини чирқиратяпсан хотинингга зулм ӯтказиш билан. Оқибати яхши бӯлмайди, бола».

«Нима қилдим, ойи, тенгдошларим билан ҳам ӯйнаб-кулолмайманми?»

«Шу пайтгача тенгдошларинг билан ӯйнаб-кулдинг, биров гап қилдими? Тӯй даврасига тушиволиб, бир пайтлар сени писанд қилмаган ӯйноқи билан нега елкалашиб ӯйнадинг? Бу қилиғинг мени, болагиналарингни оёқости қилишми ёки ӯзингни кӯрсатиб қӯйишми? Сенга қилпонглар экан оқибат, нега бошда сени демади, этагингдан маҳкам тутмади? Сен золим, ӯша ӯйноқини минжиғига кириб, яна хотинингни оёқости қилмоқчимисан? Энди мени элу халққа шармсор қил, энди мени хӯрла. Мениям сил қилиб ӯлдирасан, охир. Ӯша ӯйноқига хуштор бӯлдингу дилимда дард, тилимда ҳасрат болалади. Шу чоққача бу ҳасрат зардобини биз жимгина ютиб келдик. Негаки, ёшликда не қилиқ қилсанг, ишқу муҳаббат десанг, ярашарди. Эндигиси – касопат. Тушуниб олавер, касопат. Гулдай рӯзғорингни остонасидан касопат илаштириб кирма, нодон!»

«Ойи, бу шунчаки ҳазил ӯйин эди. Менинг ҳасратим мана бу еримда,- тезлашиб кӯксига уради ӯғил,- ӯзим билан бирга гӯрга кетади. Амма-жиян чизиб қӯйган чизиқдан билмай ӯтипман-да, узр, узр,- пичинг қилади у».

Кампир оғир тин олади. «Аттанг-а, аттанг!»-дея бошини сарак-сарак қилади. Қуруқ суяк панжалари ҳассани маҳкамроқ тутамлайди:

«Майли! Майли! Ӯз майлинг ӯзингда, Икром. Биз шарманда бӯлишни истамаймиз энди. Ишқу ҳасратинг ичингда қолиб кетмасин. Майли, бу дунёдан беармон ӯт. Сенга очиқдан-очиқ жавоб. Кет, ӯша ӯйноқини олдига. Тӯнинг елкангда, икки қӯлинг, бир теппанг! Уйдан «ҳайт», дегин-да чиқиб кет. Ҳулкар ҳам ӯғлим, ҳам келиним, ҳам қизим, ҳам жигарим. Биз маҳкам тугилган бир муштмиз, бизни бандаси пароканда қилолмайди, бешовлонмиз. Йиқилсам суяшади, ӯлсам кӯмишар».

Ӯғилнинг бӯйни эгик. Бир замбил гӯштдек шалвираб, ғинги чиқмай қолади. Ушоққина, нотавон кампирнинг важоҳати хуруж қилиб, гавдаси бирдан катталашади, улкан девкампирга айланади. У ҳассани кӯтариб, нобакор ӯғилнинг миясига бир туширади, бир туширадики!.. Йӯқ, ӯйлайди кампир, миясига урса, қатиғи чиқиб кетади-ку, боланинг бошини, яхшиси, ӯша шайтон миниб ӯтирган чап елкасига би-и-ир туширади. Бу ҳассанинг зарби худди девларнинг чӯқморидек қаттиқ, худди девларнинг гурзисидек оғир, залворли бӯлади.

«Кет,- дейди у,- ӯша ишқу муҳаббатинг, дарду ҳасратинг билан қӯшилиб чиқиб кет»,- дейди-да, елкасига ӯхшатиб би-и-ир туширади, бир туширади…

 

Ҳуснинисо Аҳмедова,

Ғончи ноҳияси

КАЛЕНДАР

« Ноябр 2024 »
Дш Сш Чш Пш Жм Шб Яб
        1 2 3
4 5 6 7 8 9 10
11 12 13 14 15 16 17
18 19 20 21 22 23 24
25 26 27 28 29 30  

МАҚОЛАЛАР

Ватан ҳимояси – йигитлик ғурури ҳам ифтихори…

 

Ватан - ҳар мавжудот бинога келиб, ўз борлиғи, тақдирини боғлайдиган муборак замин. Муқаддас маъво…

Одам боласининг киндик қони тўкилган тупроқ ишқи, айнан, ўша лаҳзалардан, унинг қони-жонига қоришиб, бутун вужудига сингиб кетади.

Шунинг учун ҳам, инсон зурриётининг қалби мудом ана шу табаррук

Муфассал...

Ёмғир қизи

 

Ярим тундан ёмғир ёға бошлади. Худди олис-олислардаги ёрини эслаган қизалоқ мисол кўз ёш тўкди ё дарду аламини тозалагандек, ёмғир суви-ла юзларини ювади.

Чак-чак-чак… ва мен ташқарига чиқдим. Ёмғир остида ҳайрону лол қолдим. Фақат ёмғир қизининг чиройли, дилкаш кулгуси мени ўзимга келтирди. Узун кокилли қиз куларди, ёноқларидаги ёмғир томчилари гўё оппоқ бўйнини

Муфассал...

СТАТИСТИКА

Сайтга кирганлар
1
Мақолалар
872
Мақолаларни кӯрганлар сони
1990984

ӮҚУВЧИЛАР СОНИ

7478422
Бугун
Кеча
Шу ҳафта
Ӯтган ҳафта
Шу ой
Ӯтган ой
Ҳаммаси
4350
4027
22035
7426653
100066
114875
7478422

Сизнинг IPнгиз: 18.219.47.239
Бугун: 23-11-2024 17:38:40

ҲАМКОРЛАР

 

 

   

2015