Биз билан боғланинг:

   

Бизга қӯшилинглар

ХАБАРЛАР

НАСР

Муаллиф: Super user Категория: НАСР
Чоп этилган 13 Май 2014 Кӯришлар: 1886
Печат

 

ОЧЕРК

 Искандар МАҲМАДАЛИЕВ1946 йил. Айни баҳор чоғи - 7 апрел субҳидамида қӯшқиялик Иброҳим ака билан Одинагул опаларнинг оиласида хайрли тонгда ӯғил фарзанд дунёга келди. Унга эзгу умид билан Хушбахт дея ном беришди...

Хушбахт болалигидан тонгни севарди. Оқ, оппоқ тонг ҳамиша уни ӯзига мафтун этиб келган. Қӯшқия қишлоғида тонг беҳад гӯзал бӯлади. Буни бошқалар сезмаса ҳам, ёшлигидан тонгга кӯнгил қӯйган Хушбахт жуда яхши ҳис қилади. У болалигидан тонгга ошиқ эди. Уни соғиниб кутарди. Ҳали қуёшнинг заррин нурлари баланд ӯркачли тоғлар ортидан тоғ этагидаги Қӯшқияга тушмай, у тӯшагини тарк этарди. Қуёшнинг юксак чӯққилар ортидан чиқишини мириқиб кузатарди. Биринчи нурлар қоронғулик бағрини ёриб, водийлар узра таралганда юраги ҳапқириб кетарди.

-Намунча эрта турмасанг, ӯғлим, - койинарди сут соғишга тараддуд кӯраётган онаси Одинагул опа.

-Унда, тонгдаги чиройли манзарани кӯролмайман, - норози бӯларди ёш Хушбахт.

-Бугун бӯлмаса эртага кӯрарсан, - Одинагул опа ӯғли Хушбахтнинг ҳам бошқа болалардек тонгнинг ширин уйқусидан баҳраманд бӯлишини истарди.

-Йӯқ, эртага тонг тамоман бошқача бӯлади-да, онажон…

Ӯғлининг синчковлигига кӯникиб қолган Одинагул опа ғудрана-ғудрана оғилга сигирларни соғишга йӯл оларди.

Одинагул опа ӯғли Хушбахтнинг кӯпдан-кӯп саволларига жавоб беришга қийналарди. Атиги тӯрт синфлик маълумот эгаси бӯлган қишлоқ аёли учун ӯғлининг жуда мураккаб саволларига жавоб топиш осон эмасди.

Ӯғли ҳамма нарсани билишга ҳаракат қилар: тоғлар ҳақида, осмондаги сонсиз юлдузлар, оқаётган дарё, тоғлар ортида яна нималар борлиги уни жуда-жуда қизиқтирарди.

Кичкина Хушбахтнинг теварак-атрофга бу қадар синчковлик билан боқишидан она баъзида ҳайрон қолар, тенгқурлари орасида зеҳни билан ажралиб туришидан эса беҳад қувонарди.

Отаси Иброҳим ака камгап одам эди. Балжувон беклиги пайтида бойларнинг қӯйларини боққан, шӯролар даврида эса колхозда деҳқончиликнинг этагини тутган бу тоғ кишиси фақатгина ҳалол меҳнат билан рӯзғор тебратишдан бошқаси билан унчалик қизиқмасди. Ота ӯғлининг ӯзидек меҳнаткаш бӯлишини истарди. Шундан бӯлса керак, Хушбахт ёшлигидан мол боқди, бошоқ терди, ӯтин йиғди. Рӯзғорда ёрдамчига айланди.

Ёшлиги Улуғ Ватан урушидан кейинги тикланиш йилларига тӯғри келган Хушбахт тенгқурлари қатори меҳнатда чиниқиб катта бӯлди. У 1953 йили Қӯшқия қишлоғидаги ӯрта мактабга ӯқишга борди. Энди у онаси қийналган саволлари жавобини ӯқитувчиларидан билишга интиларди. Қӯлига тушган китобдан, ҳатто, мол боқиб юрган пайтларида ҳам сира ажралишни истамасди.

Ӯспирин Хушбахт учун ӯрта мактабда ӯқиб юрган пайтида отадан ажралиб қолиш катта синов эди. Тракторчилар қисқа курсида ӯқиб, колхоз далаларида тракторчилик қилаётган Одинагул опа ӯзини йӯқотиб қӯймади. Аксинча, ягона ӯғли Хушбахтнинг ӯқиши учун имкони борича шароит яратди.

Хушбахт Абдуназаров қишлоқларидаги 13-ӯрта мактабни 1963 йили тугатди. Ӯша пайтдаги маориф соҳаси масъуллари ёш Хушбахтнинг билими ва тиришқоқлигини эътиборга олишиб, уни мактабга пионерлар сарвари этиб тайинлашди. Бу вазифада бир йил ишлаган Хушбахт 1964 йили Тожикистон Жисмоний тарбия техникумига ӯқишга кирди. Икки йиллик таҳсилдан сӯнг Маориф вазирлигининг йӯлланмаси билан ӯзи ӯқиб тугатган 13-ӯрта мактабга жисмоний тарбия ӯқитувчиси бӯлиб ишга кирди. У мазкур мактабда 1966-1970 йиллар давомида бадан тарбия фанидан ёшларга сабоқ берди.

Ӯз билимини ошириш иштиёқида юрган ӯқитувчи имкон топилиши билан ҳам ишлар, ҳам ӯша даврдаги ягона университетнинг тарих факултетида сиртдан ӯқиди. У тонги ӯзгача бӯлган қишлоғи ва ёлғиз онасини ташлаб кетолмас эди. Балки она - қишлоқ, деган бирикма шундан келиб чиққандир. Кейин 1970-1975 йиллар мактаб ӯқувчиларига тарих ва жамиятшунослик фанидан дарс берди. Ӯзидаги ташкилотчилик қобилиятини исботлаган ӯқитувчини у олий маълумот соҳиби бӯлгач, мактаб директори этиб тайинлашди. Домла директорликнинг оғир масъулиятини елкага олиш билан бирга, ӯқувчиларга тарих ва жамиятшунослик фанлари сирларини ӯргатишда давом этди.

Хушбахт Абдуназаров 1989 йил охири 1990 йил бошида Совет ноҳияси Қӯшқия қишлоқ жамоатига депутат ҳамда мазкур қишлоқ жамоати раиси этиб сайланди. У қишлоқ жамоатини 1993 йилгача бошқарди.

Ӯтмишимизни ӯрганишга бӯлган чексиз иштиёқ бӯлса керак, Хушбахт Абдуназаров мактабда фаолият юритиш асносида, Тожикистон Давлат университети аспирантурасида 1982-1986 йиллар сиртдан таҳсил олди. Энди у киши билимнинг сирли ва сӯқмоқли йӯлларида тиним билмай кезарди. Халқимиз тарихини ӯрганишга астойдил бел боғлаганди. 1986 йилнинг 10 апрелида Х. Абдуназаров «Тожикистон Компартиясининг 1971-1980 йилларда меҳнаткашларни атеистик руҳда тарбиялаш фаолияти» мавзуси бӯйича номзодлик диссертациясини ёқлади. Хушбахт ака 1993 йил Қӯрғонтепа шаҳридаги Носир Хисрав номли давлат университетининг жамиятшунослик фанлари кафедрасида кӯрик тариқасида доцентлик вазифасини қӯлга киритди ва мазкур олийгоҳда тарих фанидан талабаларга сабоқ бера бошлади. Домланинг изланувчанлиги ҳамда тарих илми янги қирраларини оча билиш маҳорати туфайли у киши 1998 йил олийгоҳнинг Тарих ва ҳуқуқ кафедраси мудири этиб тайинланишига асос бӯлди. Х. Абдуназаров 2006 йилгача бу вазифани шараф билан адо этди. 2006-2008 йиллар у киши Қӯрғонтепа шаҳридаги Носир Хисрав номли университетнинг тарих ва ҳуқуқ факултети декани вазифасини бажарди. Сӯнгра 2008 йилнинг 5 октябрида Х. Абдуназаров қайтадан Умумий тарих кафедраси мудири этиб тайинланди. Домла бугунгача ана шу юксак вазифани масъулият билан бажариб келмоқда.

Хушбахт ака бу йиллар давомида илмий иш билан шуғулланишни канда қилмади. У киши узоқ изланишлардан сӯнг 2009 йилнинг 24 апрелида «Тожикистонда 1924-1991 йиллар жамият чорвачилиги тикланиши ва тараққиёти» мавзуси бӯйича докторлик диссертациясини ёқлади. Бу йиллар давомида домла 150 дан ортиқ илмий, илмий-оммавий ҳамда методик ӯқитиш мақолаларини чоп қилди. Уларнинг умумий миқдори 200 чоп варағидан ортиқ эканлиги олимнинг қанчадан-қанча вақтни давлат архивларида ҳамда кекса юртдошларимиз ҳузурида тинимсиз изланишда ӯтказганлигидан дарак беради.

Айни пайтда Х. Абдуназаров раҳбарлигида 11 нафар аспирант ва изланувчилар илмий иш олиб боришмоқда. Улардан тӯққиз нафари фан номзоди ва иккитаси эса фан докторлигини ҳимоялаш йӯлида изланишдалар. Шу пайтгача олимнинг бевосита раҳбарлигида Носир Хисрав номли Қӯрғонтепа шаҳри ва Абуабдулло Рӯдакий номидаги Кӯлоб шаҳри давлат университетлари Тарих ва ҳуқуқ факултети битирувчилари диплом ишларини ҳимоя қилишган.

Бу йиллар давомида бир пайтлар ёшгина ӯсмир бӯлган Хушбахт етук олим сифатида ҳамон Қӯшқияга келади. У ӯша ёшлигидаги одатини тарк этолмасди. Ҳамиша уни Қӯшқиянинг оқ, оппоқ тонглари ӯзига жалб этади. Энди у тонгни ӯзгача қаршиларди. Нуроний кампирга айланган онаси, яқин қирқ йиллик педагогик тажрибага эга бӯлган севимли ёри – Ҳалимахон унинг доимий йӯлдоши.

Ҳаёт – ҳаёт экан. Унинг ӯз қонунлари бӯлади. Аввало она чин дунёга сафар қилди. Хушбахт Абдуназаров учун бу оғир йӯқотиш эди. У тоғаси Бек Хидиров ҳамда умр йӯлдоши Ҳалимахонларга суяниб қолди. Кейин тоға ҳам айтилмаган қимматли маслаҳатларини ӯзи билан бирга олиб, бу дунёни тарк этди. Йӯқотишлар кетма-кет бӯлаётганди. Лекин домла сабру бардошни қӯлдан бермади. Яратганга шукрона қилиб яшади. Оиласи Ҳалимахон билан олти нафар фарзандлари – иккита қизлари ҳамда тӯрт нафар ӯғилларига яхши тарбия бердилар. Уларнинг барчасини ӯқимишли, жамият учун муносиб фарзандлар қилиб вояга етказишда умр йӯлдоши, тажрибали ӯқитувчи Ҳалимахон Мӯминованинг роли беқиёс эканлигини алоҳида қайд қилиш керак.

Хушбахт Абдуназаров қаерда фаолият юритмасин, тез-тез Қӯшқияга келарди. Умр йӯлдоши Ҳалимахон билан қишлоқнинг заррин тонгини қарши олардилар. Яқинларининг дийдоридан баҳраманд бӯлишарди. Аммо 2007 йилнинг қиши Хушбахт ака учун навбатдаги синовни рӯпара қилди. Оғир хасталикдан сӯнг бир вақтлар бир қишлоқ қизлар ичидан кӯнгил қӯйиб танлаган ёри, олтита фарзандларининг меҳрибон онаси, қирқ йиллик ҳаётида энг яқин маслакдоши Ҳалимахон вафот этди. Хушбахт ака учун ҳаёт маъносини йӯқотганди. Лекин умр йӯлдошининг сӯнгги лаҳзаларда айтган сӯзлари уни ӯзига келтирди:

-Отаси, ёмон яшамадик, - деганди хаста Ҳалимахон унга қараб. – Худога шукр, фарзандларимизни яхши тарбияладик. Сиз билан яшаган ҳаётимдан мингдан-минг розиман. Энди уларга бир ӯзингиз бош бӯласиз. Мендан рози бӯлинглар…

Қӯрғонтепа шаҳридаги Носир Хисрав номли давлат университетининг Умумий тарих кафедраси мудири, тарих фанлари доктори, доцент Хушбахт Абдуназаров туғилиб ӯсган қадрдон қишлоғи Қӯшқияга имконият топилди дегунча келади. Камолот палласида фаолият юритаётган домла энди Қӯшқиянинг оппоқ тонглари билан сирлашади. Тонгни қаршилаб, падари бузруквори Иброҳим акани, онажони Одинагул опани, тоғаси Бек акани, меҳрибон ёри Ҳалимахонларни, опаси Қурбонойни, қайнотаси – фахрий ӯқитувчи Мӯмин Махмадаминовни, қайнонаси Ойсач опани ҳамда бу ёруғ дунёни тарк этган яқинларини эслайди. Уларнинг руҳлари билан овозсиз дардлашади. Улар ётган манзилларни зиёрат қилади. Парвардигордан яқинларининг гӯрлари нурафшон бӯлишини илтижо қилади. Сӯнгра фарзандлари ҳамда шогирдлари бағрига қайтади…

Катта қизлари Муяссара ӯзи фаолият юритаётган олийгоҳнинг философия ва политология кафедраси ӯқитувчиси, илмий иш билан машғул, ӯғиллари Саидқул ҳам ота изидан борган. Тожикистон аграр олийгоҳи ӯқитувчиси. Баҳодур олий маълумотли физик. Айни пайтда қурувчилик ширкатида ишлайди. Россиянинг Пенза шаҳридаги олий ҳарбий-артиллерия инженерлик институтининг битирувчиси бӯлган ӯғиллари Рустам бугунги кунда мамлакат кучга эга тизимларида фаолият юритмоқда. Иккинчи қизлари Гулноз ӯқитувчи. Қӯрғонтепа шаҳридаги Носир Хисрав номли давлат университетининг хорижий тиллар факултетини тугатган. Ӯрта мактабда ӯқитувчи бӯлиб ишлайди. Хушбахт ака билан Ҳалимахон аяларнинг кенжаси Олимжон 2011 йил Москва шаҳридаги Маданият ва санъат давлат университетининг халқаро факултетини информатика соҳаси мутахассислиги бӯйича ӯқиб тугатди. Айни пайтда у мазкур олийгоҳ ӯқитувчиси бӯлиб, аспирантурада таҳсилни давом эттирмоқда…

Албатта, Хушбахт ака ва унинг фарзандлари бундай ютуқларни қӯлга киритишлари мустақиллигимиз туфайли эди. Тожикистон Республикаси Президенти ва мамлакат Ҳукумати истиқлолнинг дастлабки йиллариданоқ илму маориф соҳасига жиддий эътибор қаратганлиги боис Хушбахт Абдуназаровдек истеъдодли олимларимиз самарали фаолият юритишлари учун кенг имкониятлар яратилди.

Қӯшқияда эса тонглар отади. Бир вақтлар ёшгина Хушбахт тонгларни соғиниб қаршилаганидек, энди Қӯшқиянинг оппоқ тонглари олим ӯғлони – Хушбахтнинг келишини кутади. Қӯшқиянинг ӯркач-ӯркач тоғлари ортидан балқиб чиққан қуёш озод юртимизнинг эркин фарзандларига атаб заррин нурлар сочади. Бу тонгларнинг ӯзига хос сири, синоати, маҳлиё этувчи жилоси борлигини юрагида сақлаган, ярим асрдан ортиқ муддат давомида маориф ва илму фан соҳаси тараққиёти йӯлида самарали фаолият юритган замондошимиз, тарих фанлари доктори, доцент Хушбахт Абдуназаров шогирдларини билимнинг янги чӯққилари сари ундаш учун севимли олийгоҳига йӯл олади. Бу пайтда Қӯрғонтепада тонг отган бӯлади. Қӯшқиянинг ӯркач-ӯркач тоғлари бӯйлаб ёшгина Хушбахтга жуда-жуда ӯхшаб кетадиган ӯспиринлар эса молларини ӯтлоққа ҳайдайдилар. Ҳаёт шундай давом этаверади, Қӯшқия ва бутун мамлакат бӯйлаб ҳар куни сӯлим, ижодкор тонг отавергани каби...

 

Искандар МАҲМАДАЛИЕВ,

Темурмалик ноҳияси - Душанбе шаҳри

КАЛЕНДАР

« Ноябр 2024 »
Дш Сш Чш Пш Жм Шб Яб
        1 2 3
4 5 6 7 8 9 10
11 12 13 14 15 16 17
18 19 20 21 22 23 24
25 26 27 28 29 30  

МАҚОЛАЛАР

Бозорлар фаровон, нархлар мўътадил, аммо...

Пойтахтимиз бозорларини кузатиб, мамлакатимиз барча минтақалари бозорларидаги вазиятга баҳо берса бўлади. Зеро, Душанбе шаҳри бозорлари жойлардаги бозорлар учун маёқ вазифасини ҳам бажаради. Пойтахтимиз бозорларига Янги йил байрамидан сўнг ташриф буюрган киши у ердаги фаровонликларни кўриб, кўзлари қувониши турган гап.

Бозорга киришдан олдин пойтахт ёнилғи қуйиш шохобчаларидаги нарх-

Муфассал...

Соғлом авлод тақдири қизиқ эмасми?

 

Ёхуд жойлардаги спорт иншоотлари ва уларнинг фаолияти хусусида

Тожикистон Республикаси Ҳукумати, хусусан, унинг Раиси муҳтарам Эмомали Раҳмон томонидан олиб борилаётган одилона ижтимоий сиёсатнинг асосий йўналишларидан бири ёшлар сиёсати бўлиб, унинг моҳияти миллат келажаги бўлган ёшларни жисмонан етук қилиб тарбиялашдир.

Шу боисдан ҳам, мамлакат Ҳукумати ёшлар ўртасида спортни

Муфассал...

СТАТИСТИКА

Сайтга кирганлар
1
Мақолалар
872
Мақолаларни кӯрганлар сони
1990973

ӮҚУВЧИЛАР СОНИ

7478389
Бугун
Кеча
Шу ҳафта
Ӯтган ҳафта
Шу ой
Ӯтган ой
Ҳаммаси
4317
4027
22002
7426653
100033
114875
7478389

Сизнинг IPнгиз: 18.119.124.52
Бугун: 23-11-2024 17:37:13

ҲАМКОРЛАР

 

 

   

2015