Биз билан боғланинг:

   

Бизга қӯшилинглар

ХАБАРЛАР

НАСР

Муаллиф: Super user Категория: НАСР
Чоп этилган 13 Май 2014 Кӯришлар: 1847
Печат

 

Абдужалил ҒафурҚалам аҳли икки кӯринишдаги «ижтимоий туйғу» измида юришади, назаримда. Бошқача қилиб айтганда, уларни «касб амри» ва «виждон амри» доирасида иш тутувчи ижодкорлар, дея «тоифалаш» мақсадга мувофиқ бӯлармикин… Китобхон халқи яхши билади: баъзи «асарлар»ни ӯқиш жараёнида беихтиёр «эсноқ хуружи»га учрайсан, бу, муаллиф тушмагур нима демоқчи, нима истайди ӯзи?- деган саволлар босимидан бошингга оғриқ киради, зӯраки ва мижғов сатрлар пировардида шу куйга соладики, ӯша зорманда китобни бир четга улоқтириб юборганингни сезмай ҳам қоласан, киши… Таассуфким, зукко ӯқувчи эҳтиёжи билан ҳисоблашмай, адабиётни бамисоли жӯн касбга айлантирган кӯйи, «эл»га том-том китоблар «тортиқ этиш»ни фазилату нуфузга йӯювчи бундай «заковат эгалари» барча замонларда ҳам керагича топилган, аммо бу тенденция бизнинг давримизга келиб ҳам заррача сусаймаганлиги, аксинча, турли объектив ва субъектив омиллар ӯлароқ, тағинда кучайиб қолганлиги ачинарли бир ҳолдир.

Юпанч шулким, бугунги кунда воқеликни чуқур идрок этган ҳолда, катта масъулият ва маҳорат билан битилган, «энг олис ва зимистон умр йӯлларида инсонга нур бағишлаб турувчи сеҳрли чироқ» (А. Упит) мақомига муносиб асарлар-да оз эмас. Чунончи, юртдошимиз, иқтидорли ёзувчи Абдуҳафиз Мирзааҳмад (Ҳофиз Мирзо) ҳам машаққатли ижод воситасида наср ихлосмандлари қалбига кӯприк торта олган ана шундай жозиб калом усталаридан биридир.

А. Мирзааҳмаднинг бу жабҳадаги хайрли изланишларини кӯпдан бери кузатиб келаман. Айтиш мумкинки, у ӯзининг долзарб публицистик битиклари, ӯқимишли ҳикоялари орқали бадиий сӯз мухлислари эътиборини қозонганига анча бӯлиб қолди. Шу ӯринда қаҳрамонимиз ижодидаги ӯзига хослик, бошқа қаламкашларникидан яққол фарқланадиган диққатга молик жиҳатлар нималардан иборат?- деган ҳақли савол туғилади. Бу масалада мен, биринчи навбатда, адиб асарларининг мағзига айланган ихчамлик ва жозибадорлик унсурларини алоҳида ажратиб кӯрсатган бӯлардим. Воқеаликни тийран идрок этиш, инсон қалб манзараларини айрича бир сезгирлик билан кӯра олиш, ӯқувчини ӯйлантирадиган, тӯлқинлантирадиган, эзгу амалларга руҳлантирадиган бадиий ечимларни топа билиш А. Мирзааҳмад ижодида «манаман» деб кӯзга ташланиб турган бадиий фазилатлар сирасига киради.

Юқорида тилга олинган афзалликлар ёзувчининг «Дунёнинг бир қавати» номли мӯъжазгина китоби (Хӯжанд, Р. Жалил номидаги давлат нашриёти, 2013 й.)да тағин-да, яққол намоён бӯлганлигини кузатамиз. Шу номли қиссада ХХ асрнинг энг бемаъни ва қонли муҳорабаларидан бири – Шӯро қӯшинларининг қадимий афғон заминида «адолатни қарор топтириш» йӯлидаги «мардонавор» ҳарбу зарблари қаламга олинган. Асарни ӯқир эканман, «Мен шахсини анчайин яхши билган муаллиф ҳарбий хизматда бӯлмаган эди-ку? Афғонистон фожиасини ӯз кӯзи билан кӯрмаганди, шекилли… Бинобарин, солдатлар ҳаётини, уруш манзараларини бу қадар ишонарли қилиб тасвирлашда қандай манбаларга таянди экан?..»- қабилидаги саволлар ӯртага келди. Жавоблар эса узоқ куттирмади. Маънисиз уруш талотӯмлариаро шуури танг қотган, қалби зардобга айланган ӯнлаб юзлаб «афғонлар»нинг кӯзларига боқиб шафқатсиз хунрезлик манзараларини томоша қилди. Ҳиндикуш ортидан келтирилган «оҳорли тунука тобутлар»ни ӯз кӯзи билан кӯрди. Шундай тобутлардан бирида ёзувчи инисининг жасадини олиб келишди!.. Пировардида адибнинг мустамлакачилар қутқусига бӯлган аламли нафрати – ӯткир қаламга, юраги – сиёҳдонга дӯнди. Юрак қони билан ёзилган асар эса оддий инсонийликдан маҳрум кимсаларнигина бефарқ қолдириши мумкин!

Қисса бош қаҳрамони – Азамат «осмонларга бӯй чӯзган армонларга ӯхшаш қирлар… дардини дастурхон қилиб тӯкадиган бағри кенг далалар… нафис туйғуларга монанд бойчечаклар…» қучоғида улғайган оддий қишлоқ йигити. Бугина эмас, болалигида «қишлоқдаги энг қайсар итларнинг жонига алам ӯтказган ҳам, курк товуқ босиб ётган тухумни ёриб, жӯжасини чиқариб боққан ҳам, …толзордан каттакон илон ушлаб, оғзини тӯлдириб тупурган ҳам, чакалак қаровулининг яйдоқ отини миниб, уч кун дом-дараксиз кетган ҳам ана шу бебок Азамат қайтмас бӯлади…» Шу ӯғлига айрича меҳр қӯйган онаси – Рисолат ая Азаматни еру кӯкка ишонмайди, «уни қайтмас деб чақиришганида, ҳамиша ғурурланиб» юради. Аммо ушбу оддий алқовчи лақаб пировардида нор йигитнинг фоже қисматига айланишини онаизор лоақал хаёлига келтирганмиди, дейсиз?!.

Ҳарбий хизматга чақирилгач, ӯзининг ӯктамлиги ва довюрак-абжирлиги ӯлароқ бӯлинма командири этиб тайинланган Азамат Мирзааҳадов Афғонистоннинг Ҳирот вилояти ҳудудига жойлашишган илк кезларда: «Аждодлар тупроғини ҳимоя қиламиз!» дея ифтихор туйғуларига чӯмади. Лекин бундай кайфият узоққа чӯзилмайди. Бир томондан, «… куйган тупроқнинг чучмал иси-ю, култепаларга айланган вайроналараро кечадиган» таҳликали ҳаёт, бошқа томондан, маҳаллий аҳоли тилига кӯчган: «Азозилҳои шӯроҳо, сагҳои шӯроҳо – душманони Аллоҳ» қабилидаги нафратомӯз ҳақоратлар Азаматни сергак торттириб, руҳий азобга солади. «Дарвоқе, бу юртни кимдан ҳимоя қиламиз, нега ҳимоя қиламиз?! Ахир, бу сарзаминнинг ӯз халқи, ӯз фарзандлари бор. Улар-чи?!»- деган аламли ӯйлар комида қолади.

Шу ӯринда бир нуқтага алоҳида урғу бермоқчимиз. Яъни, ёзувчи А. Мирзааҳмад жанг манзараларини ёритишда ҳам, асар қаҳрамонларининг аросат ва ғазаб оғушидаги аҳвол – руҳиятини тасвирлашда ҳам токчаларимиздаги китобларда тез-тез кузатиладиган ҳиссиз баёнчилик ва ғашга тегадиган сентиментал «дийдиёлар»дан парҳез тутади, она тилимизнинг гӯзал товланишларини ӯринли фойдаланган ҳолда, ӯқувчини воқеа-ҳодисотларнинг «бевосита иштирокчиси»га айлантиришга эриша боради. Масалан: «… ӯн олти-ӯн етти ёшлардаги қизнинг танаси титилиб ётар, башарасида совуқ табассум қотган «очисткачи» эса, ишни қойилмақом қилгандек ғӯддайиб турарди… Совуқ қуролнинг ханжар – пичоғи санчилиб, даст кӯтарилган бешикда чақалоқ биғилларди…» каби сатрларга лоқайд кӯз югуртириш асло мумкин эмас!

Ёхуд қонли муҳорабалар гирдобидаги Азамат яқин ӯтмишда мактабда математика мисолини ечолмай, муаллимасидан дашном эшитганини эслаб: «Одамлик нима ӯзи? Бировнинг уйига қурол кӯтариб кириб, бешикда ётган мурғак гӯдакка ханжар санчиб, ҳавога кӯтаришми!? Меҳр-муҳаббат, оқибат-инсонийлик бӯлмаган жойда математика нимага керак? Ана шундай бегуноҳ қурбонларнинг ҳисобини олиш учунми?! Башар зоти бир умр икки карра икки демай яшаши мумкин. Лекин ӯзаро қон тӯкмай яшай олармикин?!?»- дея чеккан изтироби замона қариб-чириган эса-да, азалий «хунрезлик иштиёқи»дан ҳали-ҳануз фориғ бӯлолмаган бани одам кирдикорларига маломатдай, ҳушёрликка, аҳилликка, яктанликка даъватдай янграйди.

…Аммо «кӯргуликларнинг каттаси» ҳали олдинда турарди. Азаматнинг хизматдан қайтишини минг бир орзулар билан кутаётган севгилиси Шаҳзодани суллоқи нашавандга эрга бериб юборадилар. Ӯз ёри кӯксига бош қӯйишдан маҳрум этилган маъшуқа қиз аланга оғушида жон таслим қилиш йӯлини танлайди. Мирзааҳадов қуролдош дӯсти Жаҳонгирга қаттиқ суяниб қолган эди. У ҳам душман ӯқига учрайди…

Афғон урушининг энг даҳшатли томонларидан бири шунда эдики, унда «турли қисмлар (Шӯро ҳарбий қисмлари – А.Ғ.) ӯртасида ички кураш ҳам борарди. Разведкачилар қӯлга киритган аниқ маълумотларни махсус топшириқли отрядга тӯлиқ бермасди. Мавқеларини мустаҳкамлаш учун… Азаматнинг бӯлинмаси ҳам мавқе мақсадида олиб борилган ана шундай қарама-қаршиликнинг қурбони бӯлади…» Яъни жангга сафарбар қилинган шӯро аскарлари (улар сафида Азаматнинг бӯлинмаси ҳам бор эди) разведка аниқ маълумот бермаганлиги боис қуршовга тушиб қолади. Танг вазиятдан штабдагиларни огоҳ этиш, қӯшимча ёрдам олиш мақсадида капитан буйруғи бӯйича Мирзааҳадов йӯлга отланади. Натижа шу билан тугайдики, Азаматнинг муфассал ахборотини тинглаган штаб қӯмондонлиги ӯзимизникилар жойлашган «йигирма саккизинчи квадратни йӯқ қилиб ташлаш» ҳақида қатъий буйруқ чиқаради. Бундан кӯзланган мақсад: «Улар асир тушмасликлари керак!»

Палид сиёсатнинг бу тахлит қабиҳ найранглари ҳали етти ухлаб тушига кирмаган, «юксак коммунистик ғоялар» руҳида тарбия топган асар қаҳрамони, турган гапки, бунақа ошкора адолатсизликка тоқат қилиб туролмасди. Нафрат оғушида қаршисидаги полковникка ташланади. Ана шу «хурмача қилиғи» учун уни жарима батальони «кутиб турарди». Азаматни тобутсозлар бригадасига қӯшиб қӯядилар. Лекин қаро кунларнинг бирида, «ӯзимизникилар»дан бири – қизил юлдузли пагон таққан капитаннинг панадан узган ӯқига учиб, ӯзи ясаган тобутлардан бирига жасади солинишини Азамат Мирзааҳадов ҳеч тасаввур қилганмиди, дейсиз?!.

Қиссадаги она образи энг таъсирчан образлар сирасига киради. Жудолик дарди онаизорни эзғилаб, бурдалаб ташлайди. «Эй, Худо, яратганинг – ӯн саккиз минг оламнинг одамзот умргузаронлик қилаётган қавати бунча қабоҳатларга тӯлиб-тошмаса. Разолат маконига айланмаса!..»- деб фарёд чекади у. Шунинг баробарида «ӯғлининг ӯлигини ҳеч огоҳлантирмай олиб келишгани», «Афғонистонда хизмат қиляпман, деб бирор марта ёзмагани», қолаверса, «жасади ортидан тарқалган ғаламисликлар»ни мушоҳада чиғириғидан ӯтказиб, қатъий хулосаларга келишга куч топа билади Рисолат ая. Қаҳратоннинг қатрон кунларида мазоратга бӯзчининг мокисидай қатнайди. Гоҳ жигарбандининг қабрини қучиб, гоҳ ундан тисланиб, гоҳ кӯз ёшлари шашқатор оқиб, гоҳ митти муштлари тугилиб дилидаги армонларини тӯкиб солаверади: «Сенга берган оқ сутим оқ… ҳалоли пок эди. Умид билан Азамат деб ном қӯйган эдим. Азамат бӯласан, дегандим… Агар ивирсиб юрган миш-мишлар рост бӯлиб чиқса, берган бир кечалик оқ сутимга рози эмасман!.. Ӯлсам, гӯримда тик тураман. Иснод келтирган сендек нобакор ӯғил йӯқ менда…» Китобхонлар Рисолат аянинг ғамангез, айни чоқда кескин кӯнгил розларини ӯқишар экан, Рустаму Сиёвушларни, Темуру Бобурларни… худди ана шундай оналар туғиб вояга етказганликларига иймон келтирсалар, ажаб эмас!

Энди қисса «шамойили»даги муайян камчиликлар хусусида. Чунончи, биз юқорида адиб ӯз ижодида «ихчамликни суйиши»ни тилга олган эдик. Лекин «камсӯзлик»ка «ортиқча иштиёқ» ҳамиша ҳам ӯзини оқлайвермайди, шекилли. Бу жиҳат Шаҳзода образи тасвирида яққол кӯзга ташланади. Ёзувчи бахтиқаро жувон фожиали ӯлими манзарасини чизар экан: «Ловуллаб ёнаётган аёл эди… Муқаддас аёл… Аёл дунёси, аёл муҳаббати ёнарди… Аламзада аёлнинг озурда, нозик ва буюк қалби ёнарди…» деб ёзади. Ҳолбуки, қиссада Шаҳзода образига бор-йӯғи икки-уч саҳифа «ажратилган», бинобарин, унинг «муқаддаслиги», «қалбининг нозиклиги ва буюклиги», боз устига, аянчли қисмати етарлича очилмай қолган.

Бошқа бир ӯринда довюрак, оташқалб, ёрига вафодор Азаматни дафъатан таниёлмай қоламиз. «Ҳозир севги ҳақида бош қотиришнинг пайти эмас, юракка сиғмайди. Тӯрт мучаси саломат қайтиб борса, онасининг дидига ёққан қизга (!) уйланаверади…» деган ӯйларга боради Мирзааҳадов. Ажабо, Шаҳзода «бегона эркак қучоғи»ни ҳазм қилолмай, Азаматни деб, ӯзига ӯт қӯйиб юборса-ю, йигит… онасига ёққан қизга уйланиш хаёлларига берилса… Ваҳоланки, чин муҳаббат энг оғир дамларда ҳам инсон иродасини юксалтиргувчи, ӯлимларга тик қаратгувчи, жасоратларга чорлагувчи эди!

Бу ҳолни ёзувчининг «мантиқ ӯзанидан тойиб кетиши»га йӯйиш нотӯғри бӯлади, албатта. Асосий диққатни уруш даҳшатларига йӯналтирган адиб «ҳиссий лиризм унсури»ни бир қадар эътибордан четда қолдиргандир, эҳтимол. Нима бӯлганда ҳам, биз иқтидорли қалам соҳиби А. Мирзааҳмаддан келгусида кӯп сонли китобхонларнинг қалб мулкига айланадиган янги, бадиий мукаммал асарлар кутиб қолишга ҳақлидирмиз.

 

Абдужалил Ғафур

КАЛЕНДАР

« Ноябр 2024 »
Дш Сш Чш Пш Жм Шб Яб
        1 2 3
4 5 6 7 8 9 10
11 12 13 14 15 16 17
18 19 20 21 22 23 24
25 26 27 28 29 30  

МАҚОЛАЛАР

Икки юзламачининг туғилиши

 

У бир танишимнинг яхшиликни билмаслиги, менинг ортимдан ёлғон-яшиқни гапириб юриши, бир тийин учун яқин дўстини ҳам сотиб юбориши ва яна нималарнидир гапирди. "Сиз бошқачасиз, бир оғиз у ҳақида ёмон гапирганингизни эшитган эмасман. Қайтага яна яхшилик қиляпсиз…"

Мен жилмайдим-да, унинг гапини бўлиб, хайрлашиб кетдим. Йўлда борар эканман, ҳозир бориб, ўша танишимга мени ёмонлашини ўйладим.

Муфассал...

Бургутнинг сўнгги рақси

 

1941 йилнинг ёзи. Балхувон тоғларида буғдойлар эндигина қизариб қолганди. Катта-ю кичик, эркак-аёл барча Ғундиён қишлоғидаги Кафлезак тепалигида буғдой ўришарди. Тепалик бошидан Мармар бобонинг хушовоз ва ёқимли овози узоқ-узоқларга эшитилиб турарди:

-Мен куйдиму ёр…

Муфассал...

СТАТИСТИКА

Сайтга кирганлар
1
Мақолалар
872
Мақолаларни кӯрганлар сони
1991029

ӮҚУВЧИЛАР СОНИ

7478539
Бугун
Кеча
Шу ҳафта
Ӯтган ҳафта
Шу ой
Ӯтган ой
Ҳаммаси
4467
4027
22152
7426653
100183
114875
7478539

Сизнинг IPнгиз: 13.59.183.186
Бугун: 23-11-2024 17:42:52

ҲАМКОРЛАР

 

 

   

2015