Биз билан боғланинг:

   

Бизга қӯшилинглар

ХАБАРЛАР

НАСР

Муаллиф: Super user Категория: НАСР
Чоп этилган 03 Июл 2019 Кӯришлар: 1575
Печат

 

m oymatova 2019"Тобутим устига қизил гуллар соч, қизим"

Кунларимнинг ранги бир хил, опа. Сени йўқотган кундаги куннинг рангида.

Дардимнинг малҳами, кўнглимнинг маҳрами, опагинам. Милодий Янги йил байрамини менга мангулик хотир кунига айлантириб кетган опам.

Негадир 2017 йил декабр ойи охирласа-да, қалбим янги йилни қувонч

билан кутмаётгандек эди. Ҳар йили болаларим хурсанд бўлишсин деб, 20 декабрдан арча безатиб, Янги йилга ҳозирлик кўрардим ўзимча. Бу йил негадир бу ишни қилгим келмади. Галга ташлаб ортга суравердим тадорикни. Ҳолбуки, бошқа тадорик бор экан...

Саҳарги қўнғироқларга юрагим йўқ. Дадам вафотини телефон қўнғироғи билан эшитганман. Юрагим қалтирайди бу қўнғироқларни эшитгач. Сен оғир касалликка чалинибсанки, мен ўғлингга, қизингга "Доим тайёр туришимиз керак. Бу қазову кадар иши", дегич бўлдим. Қизинг, Гулрухсоринг қайсарлик билан касаллигинг билан олишаётганини кўриб, шундай қизим бўлса дердиму, аммо барибир унга тақдирнинг ишига чора йўқ, деб бот-бот айтиб қўйгич бўлдим. Уни йўқотишга руҳан тайёр бўлишини истадим. Аммо ўзим... ўзим тайёр эмасдим...

Кунларимнинг ранги - бир хил. Мотам рангида, кул рангида.. хазон рангида... айрилиқ рангида. Сен йўқ.

Олти ой ўтди... Олти юз минг йил кечган каби орадан.

Олти ойким, мен бир нарса ёза олмайман. Бир пайтлар Алижон Йўлдош кетганда, маънавий отам Шариф Нуриддин шундай ҳолатга тушганди. Ўшанда - ёмғирли баҳор кунида у дўстига бағишлаб ёзган шеърини йиғлаб ўқиганида, уни тушунган каби бўлсам ҳам, тушунмаган эдим. Фақат мен айрилиқни билгандим. Бугун уни тушуниб турибман. Воҳ, менинг тушунганим бўлсин...

Неча бор сени хотирлашга сабоқдош дугонанг Зулайҳобону билан бирга борган бўлса, у шунча марта "Оҳ, мани қандоқ дугонам бор эди-я..." деб кўнгли тўлиб кетарди. У шундай дерди-ю мен сенинг беморлик тўшагига ётган кунингдан шу борганимизгача бўлган қиёфангни эсларман. Мардона қараш билан ўлимни қаршилаш ҳар кимнинг қўлидан келмайди

Қизинг - Гулрухсоринг айтади: "Тобутим устига қизил гуллар соч, қизим". "Она, муллалар ижозат бермайди-да". Сен қайсарлик қиласан: "Унда қизил бахмал ёп". "Майли", дейди қизинг ҳазинлик билан. Оҳ, қизил гулларни севган гулгуним. Кўнглинг баҳорни севарди-да.

"Ҳуснинисо бизга ўлимдан сабоқ бериб кетди", - дейди сен беҳад ҳурмат қиладиган Султонмурод ака(Ҳожибоев). Ҳа, дейман. Кафанлигини кўриб, охирги тахтиравонида қандай ётишини ҳис қилиш учун инсон камида Ҳуснинисо бўлиши керак, дейман ичимда.

Сенга бу касал қандоқ илашди билмай қолдик. Аммо бир нарса таскин берди менга. Яратган суйган қулига дард бериб, сабрини синаркан. Яна шу дард билан бу қулини билиб-билмай қилган гуноҳларидан поклаб, кейин ўзига оларкан. Сен каби покиза тийнатни янада поклаб олди ўзига. Чаманига, фирдавсига, ризвонига, гулшанига..

Менинг мунис ва меҳрибон, туғишгандан яқинроғим, тутингандан қондошроғим - Ҳуснинисо опам вафот этганига етти ой бўлди. Етти ойдан буён хаёлим паришон. Унинг қўнғироқ овозини соғиниб яшаяпман. Унинг ҳақдаги илк хотира битикларимни сизга тақдим этаяпман. Дўстини йўқотганлар менинг оғриқларимни англайди, тушунади.

 

Мардоналик сендан мерос...

Айни янги йил арафасида иккимиз Чкаловск(Бўстон)га - ҳарбий комендатурага икки кун қатнадик. "Ишингиздан қолдирмаяпманми, Мунавваржон?" дейсан минг бир хижолат чекиб. Ўша кунлари ишим йўқлиги учун бемалоллигимни айтаман. Сен оғир сўлиш оласан. Иккинчи куни қасдига олиб мен грипп бўлиб қолдим. Уйга зўрға етиб келдим. Сен уч кун жияним ва болаларимга қарадинг. Ўзим касалман демадинг. Болаларнинг инжиқлиги, шўхлигини кўтардинг. Ҳолбуки, сен на инжиқликка, на шўхликка тоқат қиладиган ҳолатда эдинг. Кўзимни очган куним "Уйимга борай", деб Ўртақўрғонга кетдинг. Бориб тўшак тортиб ётдингу аммо менга билдиргинг келмади. Билдим. Она шунақа бўлади. Боласи учун қойим турадиган. Дўст шунақа бўлади. Жони оғриб турсаям мардона турадиган. Матонатлигим.. шунча сабру тоқатни қаердан олдинг, азизам?!..

 

Икки йўл орасида...

Жанозага ўн беш дақиқа кечикиб бордик. Тобутингни олиб чиқиб кетишган экан. Юрагимдан сирқираб оққан қон кўзларимдан томди. "Бир марта Мунаввар десанг нима қиларди. Ҳамиша Мунавваржон, деб жонимни олиб кетганим..."

Ўша кундан буён қалбим йиғлайди...

Сенинг билан сўнгги марта синглинг Қандинисо опаникида бўлганингда, телефонда гаплашдик. Гаплашишга ҳолинг етмасди, аммо барибир бардам тутдинг ўзингни. "Қандижонникидаман", дединг. Тушундим. Ичимдан зил кетдим. Кўнглига сиққаним - имконим бўлмади, сени йўқ уйимга олиб келишга. Бировга малол келиш сенинг табиатингга ёт эди. "Келин уй ташвишлари билан, болалари ёш " дединг. Ҳа, дедим. Барибир ичим ичикиб кетди. Сенга ўша кунлар етолмадим. Етганимда эса.. сенинг на гапиришга ҳолинг бор эди, на кулишга. Шундаям "Румияхон, мени кўргани келдингми?!." дединг. Сабоқдошинг Зулайҳобону машинага чиққанимда оғир сўлиш олди-ю йиғлаб юборди. Олис ёшликни эслади. Тошкентни... журналистика факултети коридорларини жаранглаган кулгилари билан тўлдирган Ҳуснишкани эслади. "Одам шу экан-да, оқибат ", деди юрагидаги оғриқни дори билан тинчитган Солиҳа опа. Ҳа, деймиз Зулайҳобону билан бирга. Сукутга чўмамиз. Аммо мен башорат қилмасам-да, бу сени сўнгги марта кўришимиз эканини айтаман. Ҳуснинисо опа бу дунё билан иши бўлмай қолибди. Йўқ, дейди Зулайҳобону. Юраги бақувват, ҳали узоқ яшайди, дейди овози қалтираб. Ишонгим келади. Аммо сенинг шу охирги аёдатдаги ҳолатинг менга чегарада турганингни билдирган каби бўлади. Сен икки йўл орасида қаён боришни билмаган бола каби кўзларинг мунгли, жовдираб турибсан. Атрофдан нажот истаган болакай каби. Кўзларингда эса, ҳаёт жаранги, мен доим кўриб ҳавасланган ҳаёт жаранги сўнганди. Мен айни ўша жарангни кўрмаганлигим учун, бу сўнгги кўришув эканини сездим. Ўғлим ташқарида безовталанди. Сен билан хайрлаша олмай чиқдим. Орқага қайтганимда, опалар қўзғалган экан. Олдинга қайта киролмай машинага миндим. Аммо кўнглимни ярми сен ётган хонада қолган эди. Дийдор ва сўнгги хайрлашув қиёматда эди. Негадир шуни ҳис қилган сарим ортга қайтгим келаверди. Бирор кун ётгич бўлиб келаман, деб дилга тугдим. Аммо келолмадим... Орадан икки ҳафта ўтди. Сени сафарга, олис сафарга чиққанингни саҳар соат 6да қизинг Гулрухсор айтди. Мен - Мен эмас эдим, ўша онда. Мен ўша аёдатга борган кунда эдим...

Сенинг бори қўл ёзмаларинг қоғозларим ичида турибди. Менга ишонганинг учун, улар менинг мулкимга айланганди. Матбуот юзини кўрмаган ҳақиқат истаб ёзган номаларинг. Адабий холислик юзасидан ёзган эътирозу адабий асарга холис эътиборларинг қўл ёзмалари...

 

"Пикас картошка-ю семеренко олмалар..."

Сенга қилган эркаликларимни мен қондошимга қилолмайман, рости.

Кузакнинг охирларида сен бехос телефон қиласан: "Мунавваржон, картошка сотиб олманг қишга. Қишлигингизни жўнатаман". Хўжанд - Ўртақўрғон йўлидаги маршрут таксилар сенинг тонг саҳарда юклаганинг- менинг қишлик картошкаларимни олиб келади. Маршрутка йўлга чиққан ҳамоно тонгги соат 5:30да сен сим қоқасан: "Мунавваржон, картошкани бериб юбордим. Сизга иш бўлди-да. Автовокзалга чиқиб оласиз". Мен ҳазиллашаман: "Биратўла такси пулини берворсангиз бўларди". Картошка солинган қопни уйга олиб келиб, очаман. Ичидан целлофанга ўраб, чирмаб солинган қоғоз чиқади. Бу сенинг ё мақоланг, ё янги ҳикоянг бўлади. Яна дилнома - мактуби бор. Мазмуни, шуни компютерда тердириб берсангиз. Яна териш пулиям бор ёнида. Сенга оғриниб телефон қиламан: "Ҳа, менда пул йўқми шунинг наборига беришга? Ё ўзимда компютер йўқми?" Сен шарақлаб куласан: "Сиз бесаводсиз. Хато терасиз". Вақтимни қизғанасан. Мумкин мен компютерда теришдан кўра, ёзиш осон деган бўлсам керак. Сен шунинг учун мени бу техник ишга жалб қилгинг келмас.

   Банда ношукр-да. Кейинги гал картошка жўнатиш гапингга мен шартакки дарров жавоб бераман: "Опа, пикас картошкангиз менга ёқмади. Қизил картошка бўлса, жўнатинг. Бўлмасам бозордан олавераман. Овора бўлманг". Сен куласан: "Шу йил олиб туринг. Кейинги йилга кўрамиз". Кейинги йил мен учун атай томорқангга қизил картошка эктирасан.

Кеч куздан аввали баҳоргача баъзан қопда, баъзан чиний сумкаларда келадиган олмалар ҳисобда йўқ. Бунгаям мен ношукр тақмоқ тақаман(айб топмоқ - шева), наҳ ураман(пастга уриш- шева): "Опа, қизил олмалар яхши-ю аммо менга семеренко олма ёқади. Анов нокларингиздан кўра, қизил олмангиз яхшироқ. Дилафрўз нок бўлмаса, бошқаси керакмас". Сен менинг қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари борасидаги билимимдан куласан: "Ўзи картошка нима-ю олма нима биласизми? Сиз адабий асарларни сараланг".

Хайрулла ака синглинг Қандинисонинг турмуш ўртоғи.

   2017 йил куз кунларидан бирида ўғлимни мактабга қўйиб уйга қайтаётсам телефон бўлиб қолди. Овозни танимадим "Мен Хайрулло..." деган овозни илғадиму устимдан биров сув қуйиб юборган каби бўлди. Чунки шу кунларда сен синглингникида эдинг. Шуурни ёриб дарров ёмон ўй келди: "Наҳот?!" "Шу..." телефонда узуқ-юлуқ овоз келди. Илғаганим сен болаларимга олма бердириб юборибсан. Э, қишлоқчасига айтганда, "гўр олма бўлсин". Юрагим қинидан чиқиб кетди-я. "Ҳуснинисо опам яхшими?" Овозимни ўзим ҳам танимадим. "Яхши". Жавоб сал кўнглим кўчасига сув урди. Шукур. Бу сўз ич-ичимни ёндириб чиқди...

Муся хола

Қизим тилга кирган кезлар. Телефонда "Ҳа, Ҳуснинисо опа..." деб гап бошлардим қўнғироғингга. Буни эшитиб қизим "Ким?" деса, "Ҳуснинисо холанг" дердим. Қизим Муся холам деди бир марта. Тўғрилаб қўйдим: "Ҳуснинисо холанг". Ўзим каби қайсарим барибир Муся хола дейишда давом этди. Келдинг. "Ана, Муся холам" истиқболингга югурди қизим. Шарақлаган кулгуларинг ғариб уйимни нурга тўлдирди. "Ҳа, ҳа, ижара уйда турганимда, хозяйкамнинг чойнакдек кучукчаси бор эди. Лақаби Муся эди". Мен қизим учун хижолат чекдим. Аммо хотирамнинг қай ерида бир нарса милт этди: "Қаердадир ўқигандим Муся деган номни". Кейинги келишинггача топдим кимнинг Мусялигини. Марина Цветаевани ёшлигида оилада Муся деб эркалашган экан. Шуни сенга айтдим. Сен Румияхоннинг ўзингни Муся дейишидан хафа бўлмаганингни айтдинг: "Цветаева Муся бўлганда, нега мен Муся бўлмаслигим керак?! Айтавер Муся хола деб".

Сен беморлик тўшагида ётган кезларда ўғлимнинг қўли синди. Гулрухсор телефон қилди: "Опа, аямга ўғлингизни қўли азоб бермаётганини айтинг. Роса йиғлаяптилар, Мунавваржонга қийин бўлибди деб". Сенинг изтироб чекишингни истамадим. Ўғлим билан сени аёдатингга бордим. Ўртатепадаги қизингни ижара уйида эдинг. Оғриқлар жонингга азоб берган кезлар. Биз кирдик. Гапиришга ҳолинг йўқ. Кўзингдан милдир-милдир ёш оқаяпти. Сўз йўқ. Овутишгаям сўз йўқ. Аммо ўзимни бардам тутдим: "Опа, мана қаранг. Юрибди. Бемалол. Оғригани йўқ қўли. Оғриса ўйнайдими бола?!" Кўз ёши ювган юзингга ҳазин жилмайиш ярашди. Кулган бўлдинг. Баҳона топиб ошхонага чиқдим. Йиғладим. Гулрухсор йиғлади. Бир-биримизга таскин бўлдик. Олдингга чиқдик. Қандинисо опа ўзини бардам тутмоққа уринади. Ёши биздан катталиги қўл келади. Аммо Қандинисо опанинг ичидан қон сизиб оқаяпти. Билиб турибмиз. "Ишқилиб шу кўрганим сўнггиси бўлмасин" деб хайрлашаман. Йўқ бу сўнгги эмас эди. Уйга кела солиб Авлиёхон Эшонга, Шариф Нуриддинга сим қоқаман: "Опам оғир". А.Эшон ишонмайди: "Кеча гаплашдим. Шарақлаб кулди-ку. Гаплари дадил". Ш. Нуриддин ишонмайди: "Қўйинг, ваҳима қилманг, Мунаввара. Ўтган кун телефонда гаплашдик. Юраги бақувват. Ҳазиллашди".

Менинг кўзимдан оққан ёшларни кўриб қизим сўрайди: "Муся холам касалми?" "Йўқ" дейман…

 

"Беқасам тўнлар кийиб... мунча мани куйдирасан..."

2017 йил 12 феврал - туғилган кунингга Зулайҳобону, Шарифжон ака(Нуриддин), Султонмурод ака(Ҳожибоев) билан боргандик. Шўх шаддод дугонанг рақсга тушади. Сени тортади рақсга. Сен ҳам хиром этасан. Аммо бу хиромлар бир вақтлар давраларда гуллаб-яшнаган Ҳуснинисо рақси эмасди. Барибир қувондик. Зора, тузалиб кетса умиди билан.

   Сен жудаям чиройли рақсга тушасан. Ўзингни айтишингча, ТошДУда ўқиб юрган кезларингда университет рақс ансамблида Зулайҳобону билан бирга қатнашган экансан. Аммо сен қўшиқниям чиройли хиргойи қилишингни ҳамма билмайди.

Сен "Галдир"ни қойилмақом қилиб хиргойи қилардинг: "Беқасам тўнлар кийиб..." Мен эса, маст бўлиб эшитардим. Зулайҳобонуга бағишланган шеърингга ўзингча куй басталаб, куйлаганларинг ёдимга тушади.

Зулайҳобону-ю Солиҳа Олимова билан борганимизда, суҳбат ораси Бону қулоғингга мобил телефонини тутди: "Ҳуснинисо, эшитинг". Телефон овози бирдан баланд чиқди: "Беқасам тўнлар кийиб..." Зулайҳо опа сен учун бу қўшиқни ўзича куйлаб, телефони хотирасига ёзган экан. Синиқ табассум қилдинг. Табассум синиб кетди. Сенинг бу дунё билан ишинг йўқ эди. Сен ўз оламингда эдинг.

   Сен беқасам тўн киймай ҳам куйдириб кетдинг, опа.

      

"Шўх даврамиз дўст тутарди дилраболар..."

Ўлим сени қўрқмас қилиб қўйди. Башоратгўй қилиб қўйди. Охирги шеърларингдан бирини келтирай.

Қиш. Чиллада ёмғир ёғмоқда сим-сим,

Тахлаб тугиб қўйдим сарпо - сабримни.

Буни яхшиликка йўйдим, азизим,

Ёмғир юмшатгандир тубжой - қабримни.

Мен тайёр, кўз юмсам бўлаверади,

Гўрковлар кенгашиб ишга шайланар.

Биров сабри жамил тилайверади,

Тунда ёмғир тиниб қорга айланар.

Тонг. Қабрим бошига чиқар аёллар,

Қорни ғарч-ғурч босиб йиғлашиб уввос.

Менинг руҳим ичра ўзга хаёллар,

Қабримда оқ гуллар очилмиш қийғос.

Қор чойшаби узра ястанган гуллар.

... Милодий Янги йил арафаси. Нақ қишнинг ўртаси. Сен ўз шеърингда айтганинг каби қиш чилласи.

Сен кирган давра шодликка тўларди. Не даврани тутиб кетдинг, опа?!

Онанг кетганда ёзган азадорлик айтимларингни етти ойким хаёлан ўқийман. Аслан бу ўзингга ёзилган айтимдир, опа. Мен сен каби айтим айта олмайман. Аммо сен ҳақдаги хотираларим юрагимдаги хотир кулбаси қирқ шам ёруғида турибди. Бу қирқ шам ҳеч вақт ўчмайди. Бу шамлар пилиги менинг томирларимга уланиб кетган, опа.

Қирқ шам ёниб битди. Аммо менинг сен ҳақдаги айтимлар битмади. Битмагай. Ўлгунимча ёзаман. Ҳуснинисо, деган опам бор деб. Ҳуснинисо деган ДЎСТим бор эди деб.

Қизим тунов кун олмани кўриб, "Муся холам қачон келади энди", деди. "Бирор кун", дедим. Сен ўтгандан кейин, бозордан олма сотиб оламану болаларимга "Муся холанг бериб юборди", дейман. Бу сенинг, умуман, келмайди, деган сўзга тилим бормаганидан.

Тушларимга киришингни орзу қилиб ухлайман, опа.

Қизинг - Гулрухсор билан телефонда гаплашиб туриб йиғлайман. Йиғиларимда яшаяпсан, опа.

 

Соғинчим - қамчингул дарё мавжида...

Сен ажаб хиргойилар қилардинг. Биттаси - мана бу. Буни, ҳатто, Зулайҳобонунинг ўзи эшитмаган экан.

ҚЎШИҚ

(Дугонам Зулайҳо Бонуга)

Беқасам тўнлар кийиб, мунча мени куйдирасан,

Ҳар замонда бир қараб, воҳ, беажал ўлдирасан.

Халқ қўшиғи.

Сиймин ёмғирларнинг сим-сим авжида,

Маҳзун қўшиғингни бошла, Зулайҳо.

Соғинчим - қамчингул дарё мавжида,

Сен ҳам бир дона гул ташла, Зулайҳо.

 

Тегрангда рақс тушсин чилтор наволар,

Анҳор ҳайратидан - Сайҳун, Зулайҳо.

Беқасам тўнлига минг илтижолар,

Бизни ўлдиражак ҳар кун, Зулайҳо…

Соғинчнинг, фироқнинг мангу сиймин ёмғирлари - хотиралар ҳар бир кунимни безаяпти. Сени таниган куним... Қизларинг тўйи... Эллик йиллик мавлуд кунинг тантаналари... ва ҳаммамизни қойил қилиб.. ўз башоратинг ортидан... нақ зимистон чилласидаги сафаринг...

Ва А. Ориповдан ошириб бир сўз айта олмадим:

...Қаро тупроққа кирмоқдан энди мен не учун қўрқай,

Қаро тупроқнинг тагида сен каби яхши дўст бордир.

Умр дарё каби оқмоқда. Менинг умрим дарёсида сенинг хотираларинг мангу мавждир, Опа.

 

Мунаввара Ойматова,

2018 йил ёзи.

КАЛЕНДАР

« Ноябр 2024 »
Дш Сш Чш Пш Жм Шб Яб
        1 2 3
4 5 6 7 8 9 10
11 12 13 14 15 16 17
18 19 20 21 22 23 24
25 26 27 28 29 30  

МАҚОЛАЛАР

Миллий либослар

 

Ёки уларнинг чўнтак кўтармас нархлари хусусида

Шаҳар кўчасида бир қиз кетаяпти. Эгнида атлас кўйлак, узун сочлари майда ўрилган. Кичкина дуррани яраштириб ўраган. Ўтган-кетганнинг кўзи унга тушади. Бири унга ҳавас билан боқса, бошқа бири: "Либосларининг ярашганини қаранг-а",- дейиши турган гап. Ҳа, мамлакатимиз хотин-қизларининг миллий либослари ўзининг ранг-баранглиги, жилоси, кўзни қувонтириши билан ажралиб туради. Миллий либослар аёллар кўрки эканлиги бежизга таъкидланмайди.

Муфассал...

Шафтимижгон

 

Қизчани гўдаклигидаёқ кўпчилик меҳр билан қўлга олмади. Ҳатто, ота-онаси ҳам уни бошқа фарзандларидек юрак-юракдан суйиб эркалашмади. Андаккина бўй чўзиб, бошқа қизчалар билан қўни-қўшниникига кирганида ҳам, уни алоҳида ажратиб қўйишгандай, хушламайгина қарши олишарди. Дарҳақиқат, унда кишини беихтиёр ром этадиган, юракни жизиллатадиган нимадир етишмасди. Ана шу «нимадир» кўп йиллар уни таъқиб этди, ҳаётда ўз ўрни ва

Муфассал...

СТАТИСТИКА

Сайтга кирганлар
1
Мақолалар
872
Мақолаларни кӯрганлар сони
1991082

ӮҚУВЧИЛАР СОНИ

7478660
Бугун
Кеча
Шу ҳафта
Ӯтган ҳафта
Шу ой
Ӯтган ой
Ҳаммаси
4588
4027
22273
7426653
100304
114875
7478660

Сизнинг IPнгиз: 18.219.15.112
Бугун: 23-11-2024 17:48:05

ҲАМКОРЛАР

 

 

   

2015