Биз билан боғланинг:

   

Бизга қӯшилинглар

ХАБАРЛАР

НАСР

Муаллиф: Super user Категория: НАСР
Чоп этилган 03 Июл 2019 Кӯришлар: 1893
Печат

 

odam 2019Ўлим… ҳаммамиз – ўлим кишисимиз. Ўлим ёмон эмас, фақат тавба қилмай, ўлиб кетган – ёмон…

Антон Павлович ЧЕХОВ.

Умр – одам боласига ато қилинган улуғ неъмат. Аммо у бир сиқимгина, аянчли даражада қисқа. Инсон зурриётининг туғилиши ва ўлими орасидаги вақт масофаси – умр. Бироқ у фонийдир. Фонийлик – бани башар манглайига битилган

қисмат.

«Қисмат китоби» эса, банданинг пешонасига муҳрланган бўлади. Умр, ризқ ўлчови ёзмиш китобининг саҳифаларига қайд этилади…

Ҳар қандай даврда яшаган доно-ю донишманд одам ҳам, у қанчалик зукко, сезгир бўлмасин, инсон яралгандан буён, икки жумбоқни ечолмай, жони ҳалакдир. Биринчиси, қандай туғилгани бўлса, иккинчиси, қай ҳолда ўлишидир.

Умрнинг ибтидоси туғилиш ҳам, интиҳоси ўлиш ҳам бир умр – ал-мисоқдан одамий зот учун тугун бўлиб келади.

Шунинг учун ҳам, одам ўз умри ҳақида доимо сукут билан ўйлаб, сукут билан гапириб келади.

Бенаво одам насли ўз тафаккурида фонийликдан мангулик «ясайди» ва умрига абадийлик тусини бериб, ўзини дунёга устун бўлиб қоламан, деб ўйлайди. Лекин оламда чексиз тушунча ва нарсанинг ўзи йўқ.

Буларнинг бари хом хаёлдир.

Аслида инсон фарзанди дунёга келган илк лаҳза-ю дақиқалариданоқ ўлимга маҳкум этилади. Жуда оҳиста, секинлик билан ўла бошлайди.

Вақтнинг энг кичик зарраси ҳам инсон умрининг дастлабки онларидан ўз улушини зулукдек сўриб, кемирувчидек кемиришга киришади. Бу ҳолат биров сезиб, бошқаси сезмайдиган даражада ҳаддан ташқари секин амалга ошади. Фурсати етиб, умр ниҳоясига етади. Тугайди. Ундан нишона қолса, қолади, бўлмаса шимилдириқ ҳам йўқ. Ўлдинг – ўчдинг.

Зеро, вақт – одамхўр…

Раҳматли устозимиз Асқар Маҳкамнинг таъбири билан айтганда, бу жараён тубандагича кечади: - Дунё яралибдики, одам жисму жон аро муроса-ю мадора қилиш учунгина югуриб елади. Жон муросага келса, келарки, жисм муроса қилолмайди. У ўзига берилган дақиқаларни яшайди-да, на жоннинг тўлғоғига, на ақлнинг йўл-йўриғига, на руҳнинг абадийлигига парво қилмай, ўзини ерга ташлайди ва қайтиб ўнгарилмайди…

Бунинг барчаси – вақтнинг қилмиши. Шуниси борки, умр риштаси жой танламайди, қаерда бўлмасин, фурсати етгач, узилаверади.

Ўлим мудом инсон атрофида чарх уриб, уни ўзига чорлайверади. Ва қачонлардир ўз мақсадига эришади.

Ўлимнинг ҳақлиги ҳам ана шунда. Одамнинг қазоси – муқаррар ҳодиса…

Эҳтимол, руҳ мангуликка дахлдордир, аммо вужуд… Қазоси етган дамларни сира кечиктирмайди.

Одам боласи бир тутам умри давомида жуда кўп матлуб ва номатлуб ишларга қўл уради. Уларнинг айримлари умр мазмунига ижобий таъсир кўрсатса, аксарияти «тириклик масофаси»ни қисқартириб, «ўлим манзили»ни яқинлаштиради.

Амалга оширилган хайрли ва савобли ишлар инсон умрини зийнатлаб, ундан яхши хотиралар қолишини, юртдошлари қалбида узоқ яшашини таъминлаши мумкин.

Аммо мангу, абадий бўлолмайди… Чунки аждодларимизнинг бизни деб, жонларини, бутун борлиқларини нисор этган жуда йирик намояндаларини қарийбки унутиб бўлдик.

Уларни эслаш, хотирлаш хаёлимизга ҳам келмайди.

Афсуски, хом сут эмган одамнинг умри қусурлардан холи эмас. Унинг разилликка йўғрилган бир талай: туҳмат, ҳасад, ғараз, нафс, қасд сингари илон ва чаённинг заҳридан ҳам ўткир оғуси борки, улар инсоннинг суяк-суягига сингиб кетган бўлиб, ўзгалар умрини эговлаб, емиради. Қазо жараёнини тезлаштиради. Ёшини яшаб, ошини ошаб ўтишига имкон бермайди. (Бу ёғи алоҳида мавзу.)

Бежизга, инсоннинг кушандаси – инсоннинг ўзи, дейишмайди.

Бундан ташқари, одам зурриёти ўз умрига тезроқ нуқта қўйиш учун ичкиликбозлик, гиёҳвандлик каби «сунъий ажал»ни кашф этганлиги ҳам ҳеч кимга сир эмас.

Мазкур иллатлар, аввалам бор, инсоннинг иқтидорини хароб қилади, сўнгра ёстиғини қуритади.

Чўпга «жон бағишлайдиган» дурадгорлар, «Бобурнома»нинг сатрлари тугул, тиниш белгиларигача ёддан биладиган тил ва адабиёт фанлари ўқитувчилари борлигига тирик гувоҳ бўлганмиз. Минг афсуски, уларнинг баъзилари «сунъий ажал» қурбонлари бўлиб кетишган.

Одам зоти ўзига ўхшаган бошқа бировдан устун бўлиш, унинг устидан ҳукмронлик қилиш учун ўлиб-тирилади.

Амал курсисига ўтиради, обрў орттиради, мартабага эришади. Битмас-туганмас мол-дунё йиғади.

Бойлик – бу ижтимоий ёвузлик. У инсонлар орасига дорилбақони яқинлаштирувчи низолар солади. Гуноҳсиз кишиларнинг ҳалокатига сабаб бўлади.

Не кулфатки, буларнинг заррача фойдаси йўқ.

- Ҳаётингизни ҳар қандай порлоқ ёғду ёритмасин, ахир бир кун сизни тобутга солиб, чуқурга ташлайдилар,- дея башорат қилган эди улуғ рус ёзувчиларидан бири.

Одам боласи умрнинг қадрига жуда кеч етади. Қанча кунларни беҳуда ўтказганини қазоси яқинлашган сайин аниқ ҳис қилади, афсус чекади. Таассуфки, унда кеч бўлади.

Сўнгги пушаймон эса, ҳеч қачон инсонга дўст бўлмаган…

Хуллас, тириклик ўлим жари ёқасида туриб навбат кутишдир.

Ҳар қандай амалу мартаба, шону шавкат, ҳисоби йўқ хазина ҳам одамни ажал чангалидан омон сақлаб қололмайди.

Одамнинг қазоси унинг умрига қўйилган сўнгги нуқтадир…

 

Абдуҳафиз МИРЗААҲМЕДОВ,

«Халқ овози».

КАЛЕНДАР

« Октябр 2026 »
Дш Сш Чш Пш Жм Шб Яб
      1 2 3 4
5 6 7 8 9 10 11
12 13 14 15 16 17 18
19 20 21 22 23 24 25
26 27 28 29 30 31  

МАҚОЛАЛАР

Булҳавасдай турфа дилбарҳажрида оҳлар чекиб...

 

Одамийлик келмагай то нафс ила жанг бўлмаса,

Барча ёлғон ичу тошинг токи якранг бўлмаса.

 

Кетмагай дилдин ғубори ҳар хатоким айладинг,

Гар чекиб афсус-надомат бирла тавбанг бўлмаса.

Муфассал...

Заминда яралган илоҳий ҳилқат

 

Ўлкамизда ўзгача таровати билан оламни яшнатаётган баҳор фасли кезмоқда. Гўзал баҳорнинг илк кунларида аёлларимиз байрами бу фаслга янада ўзгача файз берди. Замину осмон ва давру замон ҳусни-таровати аёлларимиз чеҳрасида унгани, латофат ва малоҳат деган гўзал хислатлар уларнинг юриш-туришида намоён бўлгани аниқ. Аёлларимизни “Заминда яралган илоҳий хилқат” десак ҳам муболаға бўлмайди. Мен бугун ноҳиямизнинг Гулхона қишлоғида яшаб

Муфассал...

СТАТИСТИКА

Сайтга кирганлар
1
Мақолалар
872
Мақолаларни кӯрганлар сони
2560397

ӮҚУВЧИЛАР СОНИ

10121640
Бугун
Кеча
Шу ҳафта
Ӯтган ҳафта
Шу ой
Ӯтган ой
Ҳаммаси
2111
3844
2111
10082592
18733
138877
10121640

Сизнинг IPнгиз: 216.73.216.232
Бугун: 05-10-2026 14:38:44

ҲАМКОРЛАР

 

 

   

2015