1941 йилнинг ёзи. Балхувон тоғларида буғдойлар эндигина қизариб қолганди. Катта-ю кичик, эркак-аёл барча Ғундиён қишлоғидаги Кафлезак тепалигида буғдой ўришарди. Тепалик бошидан Мармар бобонинг хушовоз ва ёқимли овози узоқ-узоқларга эшитилиб турарди:
-Мен куйдиму ёр…
Ўша пайтларда Мамнун Малик буғдой ўриш бобида ҳаммадан олдинда-ю моҳир эди. Ҳеч ким ундан ўзиб кетолмасди. Ғундиёнлик Мушарраф амаки кези келганда ҳазил қилиб:
- Мамнун ёмону яхши ўроқчи… - дерди.
Шунинг учун ҳам, хўжалик раҳбарлари уни фронтдан олиб қолишганди. Чунки ўша йилларда буғдой ўрадиган комбайнлар кам бўлиб, бори ҳам етмасди. Барча иш қўлда бажариларди…
Кимдир баланд овозда:
- Бир қиз йиғлаб, баландликка югуриб келмоқда…
- Мамнуннинг синглисига ўхшайди… - деди бошқаси…
Мамнун қаддини кўтариб, қўлини пешонасига соябон қилди. Синчиклаб тикилди-ю синглисини таниди. Кўнглида хавотир, нима бўлган бўлса? Нега у куннинг шу пайтида тепаликка қараб югуриб келмоқда. Унинг ўзи бугун эрталаб ўроқ, сув ва яримта нонни белбоғига боғлаб келган эди-ку…
Синглиси етиб келди-да, ёнига ўтирди. Нафасини бир зум ростлагач, узиб-узиб деди:
- Акам-ни о-либ кетдилар…
- Нима?
- Акам-ни, Мавсум махдумни урушга олиб кетдилар…
- Тушунмадим, - деди гаранг бўлиб қолган Мамнун…
- Акамни…
Бир зум жим қолди-ю ўзига келгач, деди:
- Сен тезда уйга бор!... Мен ҳозир… - деб, катта-катта қадам ташлаб, кўздан ғойиб бўлди.
Ўроғини ерда турган сув қутининг ёнига қўйди-ю яримта нонни ўзи билан олиб, рўмолчасини қаттиқроқ боғлади. Бошида минг бир фикр айланарди. Йўл-йўлакай ўзига-ўзи акам мартабали, қавмимиз бошлиғи, Бухорода ўқиб келган киши, дерди. Қавм бошлиқсиз бўлмайди. Ким халққа бош бўлади, йўқ, бўлмайди. Худо кўрсатмасин урушда бирор-бир кўнгилсиз воқеа рўй берса, эгасиз қоламиз. Мен, ҳа, мен акамнинг ўрнига урушга боришим керак. Агар ҳалок бўладиган бўлсам ҳам ҳеч гап эмас. Акам шу ерда қолиши керак. Ахир, биз қондош ака-укамиз. Бир ота-онанинг фарзандларимиз…
Чақирилганлар қаторини Дида дарёси лабидан топиб, Балхувон ноҳияси ҳарбий комиссариати вакили - капитан Мавлавий Муносога қарата:
- Ўртоқ командир, акамга жавоб беринг, ўрнига аскарликка мен бораман.
- Қандай қилиб? - чайналди Муносо.
- У бизнинг катта акамиз…
Мавлавий Муносо бундай илтимосни биринчи марта эшитиши эди. Яхшилаб ўйлаб кўрди-ю, рози бўлди…
Шу ерли халқдан бўлган офицер Мавсум махдумнинг шахсияти ва у кишининг бу жойлардаги мартабасидан огоҳ эди. Тинч ва сабрлилик билан деди:
- Ихтиёр сиз - ака-укаларнинг қўлингизда…
- Бахтига тушунган ҳарбийлардан экан, - деди сафда турган бақувват йигитлардан бири…
Ака рухсат билан сафдан чиқди. Мамнун оби даралик Мусо Мундоқий ва Токак қишлоғидан бўлган Мунис Майдон билан сафга турди.
Бу тоғли воҳада у кишига ўхшаган маълумотли, хусусан, диний масалаларни биладиган кишилар кам эмасди, бироқ Мавсум махдум Ислом оламининг бу минтақадаги етук вакилларидан бўлиб, у кишини қавм аҳли, маҳаллий халқ ва бу ерда яшовчилар ҳурмат қилишарди…
Янги чақирилган аскарлар ҳайрон бўлиб қолишди. Бундай манзарани кузатиб туриб, ушбу ака-укаларга қойил қолишиб, кўзларида ёш ҳалқаланарди. Асрлар ўтса-да, бу водийда мардликнинг ҳали-ҳамон борлигига шукроналар айтишарди...
Ака-ука бир-бирларини бағрига босиб, жимгина йиғлашарди. Мавсум махдум укасига хайрли дуони кўнглидан ўтказди. Видолашиш пайтида шундай деди:
- Сен, албатта, ўз оёғинг билан соғ-саломат қайтиб келасан, Худога топширдим!..
- Қиёматда учрашгунча, - деди Мамнун Малик.
Янги чақирилган аскарлар пиёда йўлга чиқишди. Балхувондан Кангурту Гули Зиндон, Пули Сангину Кофарниҳон йўли орқали Сталинободга етиб келишди. Поезд орқали Тошкентга ва у ердан урушга…
Мамнун Совет офицерлари-ю аскарлари билан бир сафда ёвуз душманга қарши курашарди. Ўз кучини гитлерчиларни, ёвуз душманни йўқ қилиш учун сарфларди. Танида жони борича малъун гитлерчилар билан урушди. Ўқ ва тўпларнинг жабридан еру осмон ларзага тушарди…
Бу жанг эмас, даҳшат эди, даҳшат. Тоғлик мард ўғлон маҳшар кунини Смоленск урушида бошидан ўтказди. Ўқ дўл мисоли ёғиларди, бош кўтаришнинг иложи йўқ эди. Икки томондан ҳам кўп кишилар ҳалок бўлишди.
Улуғ Ватан уруши тарихида Смоленск уруши энг оғир тўқнашувлардан бири ҳисобланади…
***
Бургут жуссали Мамнунни Миноскул қишлоғида катта-ю кичик яхши танирди. У уруш тугагандан сўнг, немис асирлари лагерида тўрт йил хизмат қилиб, қишлоғига қайтишга қарор қилди. Урушга кетгунча учинчи синф маълумотига эга эди-ю, фақат тожик тилида гаплаша оларди, холос. Бироқ урушдан кейин, у рус, немис, поляк тилларида эркин сўзлашарди. Қайтиб келганда уни ҳеч ким танимади. Чунки кучга тўлиб, афсонавий паҳлавонларга ўхшаб кетарди. Она тилида акцент билан гапирарди. Суҳбатларда русча сўзлардан кенг фойдаланарди ва қизишганда эса, гоҳида немис, гоҳида полякча сўзларда қаттиқ-қаттиқ гапирарди…
Унинг ҳаёти ағдар-тўнтар бўлиб кетди. Орёл урушида фашистларга қарши курашиб, тасодифан ҳарбий қисмдан ортда қолди. 1943 йилда ота-онасига қора хат келди: "Гвардия сержанти Мамнун Малик урушлардан бирида вафот этди…" Отаси ва катта акаси қўлларидаги учбурчак хат билан жон бердилар.
Жасур йигит жанг майдонларида йиртқич шер каби курашарди. Совет қўшинларининг Днестр дарёсидан кечиб ўтаётган пайтда жароҳат олиб, ҳарбий қисмидан яна ортда қолади. Қўмондонлар ҳалок бўлганлиги тўғрисидаги хабарни иккинчи марта отаси номига жўнатишди. Бироқ бу пайтда отасининг қабри устида майсалар кўкарган эди. Шум хабарни эшитган муштипар она - Маншоҳ хола ғамдан вафот этди. Хонадоннинг ёлғиз қизи - нозанин Маранда тақдирга тан бериб, бир неча тепаликлар наридаги қишлоққа - бир йигитга эрга тегди. Аммо буларнинг баридан бехабар аскар малъун фашистларга қарши аёвсиз курашарди.
Мамнун 1943 йилдаги тўқнашувлардан бирида фашист самолёти томонидан ташланган бомба оқибатида оғир жароҳат олди.
Душман ўқлари танасининг бир неча жойларига тегди. Контузия олди. Жарроҳликдан кейин, аскар чап қўлининг икки бармоғидан маҳрум бўлди. Бироз даволангандан сўнг, уни қўшин ортига жавоб беришди. Аммо қатъийлик билан ҳеч қаерга бормайман, деб туриб олди…
1945 йилнинг май ойи ўрталарида гвардия катта сержанти Мамнун Малик Берлин шаҳридаги урушда қаҳрамонларча ҳалок бўлганлиги ҳақида учинчи марта хабар келди. Бироқ Миноскул қишлоғида аскарнинг учбурчак - қора хатини олиб, нола-ю фиғон айлайдиган ҳеч ким йўқ эди. "Бундай доду фиғон кимнинг хонадонидан чиқаяпти?" - дея ҳеч ким сўрамади…
Юк ташувчи полуторка мошини устида у хаёлга шўнғиди. Дастлаб қишлоққа кираверишдаги Ҳибил чашмасининг зилол сувидан ичиб, кейин уйлари томон дадил қадам ташлаб боради. Онажонини қаттиқ оғушига олиб, юзларидан ўпиб, йиғламанг онажон, мен келдим, дейди. Катта акасининг оқ соқоллари ва сингилжонининг ёноқларидан ўпиб, отасининг бағрида ором олади.
Мамнун сумкасини елкасига ташлаганча ҳовлига яқинлашди. Ҳовлида сокинлик, ҳатто, ит ҳурмайди. Одатда бошига пахта рўмолни ташлаб олган онаси истиқболига югурарди.
Ҳовли дарвозасининг устуни етим боланинг бўйни сингари қийшайиб, тешигидан чиқиб кетган, ёнидаги эшик бир оёқли ногирон одамнинг оёғи каби ҳавода осилиб турар, шамолда тебраниб, "ғич-ғич" деган ёқимсиз овоз чиқарарди.
Уйнинг йўлакчасига оёқ қўйди. Назарида, уй эгасиздай кўринди, хоналар равоқлари синиб, тўкилиб кетганди. Афтодаҳол ва паришонхотир бўлиб бир неча қадам ташлади. Энгашиб, гиламнинг бир четини кўтарди. Тупроққа қоришиб кетган гиламдан қўлида бир сиқим чанг қолди…
Юраги ҳапқириб кетди. Қандайдир мусибат содир бўлганлигини сезди. Деворга суяниб, секин ўтирди. Кўзларини юмди. Гўё онаси кўрингандай бўлди. "Хуш келибсан, болажоним…" - дея бағрига босиб, юз-кўзларидан ўпди…
Кўзларини очди. Қаршисида ён қўшниси Марзия хола дока рўмолининг бир учини тишлаб, бошқа бир учи билан кўз ёшларини артиб турарди. У дард-алам билан гап бошлади:
- Бечора онанг: "Мамнунжоним, қаердасан? Бир мартагина кўрсайдим, армонсиз ўтардим бу дунёдан", - дея кўзлари йўлингда тўрт бўлиб, очиқ кўзлари билан омонатини эгасига топширди…
Учинчи кун аскар ғам-андуҳни кетказиш учун хўжалик раҳбари - Мансур раисдан уни чўпонликка олишни сўради. Собиқ касбдошлар, қўни-қўшни ҳайратда қолишди. Ахир, у урушга кетгунча таниқли тракторчи, маъракаларда уйнинг тўрида ўтирадиган киши эди. Аммо раис уларнинг баҳсига нуқта қўйди: "Аралашманглар…"
Тоғу тошлардаги икки йиллик сарсон-саргардончиликдан кейин, Мансур раис мард ўғлон - Мамнунни уйлантириб қўйди. Уйи қайтадан обод бўлди, ҳовлиси нурга тўлиб, болаларнинг ширин овози унинг кимсасизлик дардига малҳам бўлди…
Урушда олган жароҳатлари гоҳ-гоҳида қаттиқ азоб берарди. Кўз ўнгида қуролдошлари, фашистлар намоён бўлишарди. Бундай пайтларда қаршисидан чиқадиган одамга қўлини чаккасига олиб бориб, сержант Мамнун Малик, дея рапорт берарди. Ҳеч ким устидан кулмас, масхара қилмасди…
Мамнун баъзи йиғинларда уруш давридаги қиссаларни ёдга оларди: "Қуролдошларимиз билан хандақда автоматларимизни тозалардик. Мен хизматдошим, ҳамшаҳрим мулконлик сержант Манон Мардак билан Ватанни эслардик. Борди-ю бирор тўқнашувда иккимиздан кимдир ҳалок бўлса, хабарни ота-онасига етказамиз ёки олиб борамиз, дея бирга ваъдалашиб, қасам ичдик. Шу пайт қаттиқ ўқ отиш бошланди. Взвод қўмондони Михаил Матвеевнинг овози эшитилди:
- Ўртоқлар, ҳужумга!
Олдинга ундовчи садолар дунёнинг қулоғини кар қиларди:
- Олға, Ватан учун, Сталин учун! Ура-ра!!!
Манон хандақдан енгилгина сакраш билан ташқарига чиқиб, сафда икки-уч қадам қўяр-қўймасдан, осмондан визиллаб учиб келаётган снаряд унинг бошига тегди. Таниш аскар танаси парча-парча бўлиб, титилиб кетди. Ушбу даҳшатли манзара ёдига тушган пайтда юрагидан қон томади.
Вақт ўтиши билан уни "Сержон ака, бургут", дейдиган бўлишди. Кўча Пойи мавзесидаги Нуқра чашмаси юқорисида қўйларни боқиш пайтида одамлар қуйидаги ҳолатларга бир неча бор гувоҳ бўлишганди: Мамнун қўйларни икки гуруҳга бўлиб, бирини қизил, бошқасини фашист аскарлари, деб ҳисобларди. Қорни билан ерга ётиб, таёғини улар томонга тўғрилаб, "та-та"лаб ўқ отарди. Ва ёки бўйидан бир қарич узун бўлган чўпон таёғини тепалик устидаги мулойим ерга суқиб, шинел ва фуражкасини унга кийдириб, узоқдан шаҳдам қадамлар ила ҳарбийлар каби сафдан чиқиб, командирига рапорт берарди: "Ўртоқ командир, ёвуз душманнинг тўртта пулемёти ва аскарларининг 20 нафари йўқ қилинди. Взвод командири гвардия катта сержанти Мамнун Малик…"
У Свердлов номли хўжалик чорвадорлигининг ривожига салмоқли ҳисса қўшди. Ўғиллари Мавлуд ва Мадад илтижо тариқасида шундай дейишарди: "Ота, қир-адирларда юришнинг вақти ўтди. Одамлар биргина қари оталарингга қаролмайсизларми, дейишмоқда".
Мўйсафид ҳали ҳамон бўйин бермас ва баъзида ғазаб-ла бақириб берарди:
- "Я вам не дармоед!" (Мен сизларга текинхўр эмасман!)..
Ниҳоят, чўпонликдан нафақага чиқаришди. Бироқ бекор юргандан кўра дея, хат ташувчилик қилди. Почталённинг хизмат кўрсатадиган ҳудуди Гурдон жамоатининг тўрт-бешта катта-кичик қишлоқлари эди. Қария хўржиннинг икки палласига газета-журналларни жойлаб, қишлоқма-қишлоқ от чоптириб, уларни эгаларига етказиб берарди. Шунингдек, ҳар ойнинг аввалида нафақахўрларнинг нафақасини ҳам етказарди…
Узоқдан кўриниши билан катта-ю кичик ҳаракатга тушиб қолишарди. Уни ҳар ким ўзича атарди: "Сержон ака келаяпти", "тоғ бургути келаяпти", "салом, катта ака"…
Ёши етмишга етган бўлса-да, ҳозир ҳам фуражка, офицерлик кители, ёнида галифе шими ва оёғида хром этиги билан тик қоматда юрарди. Қариликни бўйинга олмасди у. Кимдандир ранжиб ёки хафа бўлиб, аччиқ гапирганини ҳеч ким кўрмаган ҳам, эшитмаган ҳам. Муносабати самимий эди…
Карнай-сурнай навоси ва ҳофизлар овози қир-адирларга таралиб кетди. Ён-атрофдаги қишлоқлардан ҳам ҳеч ким у каби рақс қилолмасди. Унинг рақслари тоғ бургутиникига ўхшарди. У қанот қоқиб, сўфитўрғай сингари айланарди. Тўйдагиларнинг қий-чув овози кўтариларди. Ёшлар эса, кўнгли ёш қарияни руҳлантиришарди: "Ҳа, тоғ бургутига садқа", "Кам бўлманг ака", "Қандингни ур", "Жонингдан айланай"…
Мухлисларнинг ҳайратланарли нидоларидан мард аскар руҳланиб, кўзларидан нур ёғиларди. Айланиб-айланиб, рақсга тушарди.
Тўй эгалари елкасига чопон, яктак ва ёки гулли белбоғ қўйишарди. Аскар эса, у каби ҳеч ким даврани қиздириб, сўфитўрғайдек айланолмаслигидан фахрланарди…
Қишлоқдаги Мармар темирчи кенжа ўғли Мунирни уйлантирмоқда эди. Сержон қишлоқнинг намунали хулқ-атворга эга ва тўғри сўзли темирчисини буғдой мағзи каби яхши кўрарди. Шодликлар шодликларга уланди. Ўша кун чошгоҳда радиодан яхши хабар янгради. Тинчлик шартномасининг имзоланиши кишилар кўнглидаги қоронғиликни ёриштирди. Шодликдан ўзларида йўқ хурсанд эдилар. Неча йиллик қақшатқич урушнинг юки унинг елкасидан соқит бўлганди…
Хурсандлигидан офицерларнинг янги кители, хром этиги ва галифе шимини кийди. Пилоткасини қийшайтиб бошига қўйди. Кўкрагини урушнинг ордену медаллари безатиб турарди. Базмнинг бошланишини ёш ошиқ сингари сабрсизлик билан кутарди. Илк оҳанг янграши биланоқ доира-ю рубоб садолари томон шаҳдам қадам ташлади. Ҳеч бир илтифотсиз саҳнага чиқди. Халқ бургутнинг рақсини қийқириқлар билан қарши олди. Масрур эди у, ўз жигарбандининг тўйида рақсга тушаётгандек эди, гўё. Рақсга тушаётган пайтда ордену медалларнинг бир-бирига тўқнашувидан чиқаётган овозлар уруш садосини эслатарди.
Миноскул қишлоғи аҳли жасур аскарни биринчи марта ордену медаллари билан кўрмоқда эди. Бу кунгача унинг қанча ордену медали борлигидан батамом бехабар эдилар…
- Акамиз қаҳрамон экану биз бехабар, - хурсандлигидан гап бошлади Мирзо муаллим.
- Тушунмадим муаллим, - ҳайрон қолди Маром.
- Кўзингни каттароқ оч, кўрмаяпсанми, қўшнининг кўкрагида учта "Шараф" ордени жилоланмоқда…
- Мардлигини қаранг-а, бирор марта қаҳрамон эканлигини ошкор этмади, - гапга қўшилди Мирмад чол…
- Ким айтади уни қария деб, - деди Масал саркор…
- Э, уйинг буғдойга тўлсин-э, тоғ бургути…
- Қаранг, бугун ҳам пилоткасини қийшайтириб олибди, - деди Мирзо муаллим. - Сарои Баланд қишлоғидаги хизматдоши Мафтун Муродийнинг айтишича, Мамнун хизматда ҳам пилотка (учувчиларнинг расмий бош кийими, ҳарбийларнинг ёзги бош кийими) ёки телпакни бошининг бир четига (тоғли ёшларнинг чакан дўпписи сингари) қийшайтириб кийганлиги учун доим взвод командиридан гап эшитаркан:
- Рядовой Мамнун Малик, поправьте головной убор!
Мамнун тутилган овози билан:
- Есть, товарищ командир! - дея яна бош кийимини тожикларга хос қўйиб оларди.
Аскар сўфитўрғай каби айланарди-ю айланарди. Аммо нохосдан гурс этиб йиқилди. Одамлар буни ҳазилга йўйишди. Индаманг, ҳозир туриб, бургут мисол қанот қоқади, дейишди. Бироқ у қимирламасдан ётарди. Мавлуду Мадад отасининг тепасида зору ҳайрон қолишди.
- Бургутнинг сўнгги рақсини кўрдик, - Мирмад чолнинг овози эшитилди.
Кафанланаётган пайтда довюрак аскарнинг чўнтагидан бир сиқим тупроқ ўралган дастрўмолча ва ранги сарғайиб кетган бир парча қоғоз топилди. Мирзо муаллим уни ўқиди:
- "Кимки, мени ушбу бир сиқим тупроқ билан жонсиз топса, Худо ҳаққи шу билан тупроққа қўйсин. Гвардия катта сержанти Мамнун Малик. 1941 йил 24 август".
Умар ШЕРХОН.
Тожик тилидан Зуҳриддин УМАРОВ таржимаси.
Хитой Тайпэйда мини-футбол бўйича «Осиё чемпионати- 2018» турнирига старт берилади.
Финал босқичи мусобақаларининг «В» гуруҳида иштирок этаётган Тожикистон миллий терма жамоаси қуйидаги таркибда чиқиш қилади:
Дарвозабонлар: Фируз Бекмуродов («ДИСИ Инвест», Муродулло Алиқулов («Сино»).
Муфассал...
Бойчечак қаддини кўтарар ердан,
Баҳорнинг нафаси сочилди ҳар ён.
Заминда жаннатий ҳаёт яратиб,
Кўкламнинг қадами етди биз томон.
Муфассал...2015
1-2015
2-2015
3-2015
4-2015
5-2015
6-2015
7-2015
8-2015
9-2015
10-2015
11-2015
12-2015
13-2015
14-2015
15-2015
16-2015
17-2015
18-2015
19-2015
20-2015
21-2015
22-2015
23-2015
24-2015
25-2015
26-2015
27-2015
28-2015
29-2015
30-2015
31-2015
32-2015
33-2015
34-2015
35-2015
36-2015
37-2015
38-2015
39-2015
40-2015
41-2015
42-2015
43-2015
44-2015
45-2015
46-2015
47-2015
48-2015
49-2015
50-2015
51-2015
52-2015