XV аср темурийлар сулоласи даврида яшаб ижод этган буюк мутафаккир сиймолар ва оламга машҳур зотлар Алишер Навоий ва Нуриддин Абдураҳмон Жомий муносабати илиқ, самимий, дўстона ва биродарлик нафаси билан йўғрилган, жумладан, устозу шогирдлик юзасидан келиб чиққан ажойиб маърифий-маданий ҳамкорликлари XV асрдан бошлаб то ҳалигача адабиётшунослик фанимизда тинимсиз ўрганиб келинмоқда. Аммо чуқурроқ
назар солсак, бу дўстлик ва устозу шогирдликнинг ижтимоий асослари шу қадар кенг ва жозибалики, унинг гўё адоғи йўққа ўхшайди ва уни қанча ўргансангиз, албатта, янги бир натижаларга эришиб, ўхшаши йўқ далиллар кашф этасиз. Менинг назаримда, Навоий ва Жомий ҳазратлари гўё жисман ўлмаганлар ва бизнинг давримизда, биз билан бир сафда яшаб, бирга нафас олаётгандек. Бу эса, мазкур инсонларнинг ҳайратомуз мўъжизаси бўлиб, улар Ҳизр даражасига эришган боқий зотлардир.
Ҳазрат Навоий Жомий билан ниҳоятда, қалин дўст ва гўё бир онадан туғилган ажралмас биродар эдилар. Биродари ҳақида у жамики асарларида чин қалбидан ва самимийлик билан изҳори дил этади ва дўстини ҳамиша ардоқлаб, таъриф-тавсиф этиб, унинг ҳақиқий ва комил инсонларга хос сиймоси ва тимсолини тасвирлаб беради. Бу тасвирлар денгизга ўхшаган бир уммондир ва сатрлар силсиласидаги сеҳрни излаб топиш ҳам ниҳоятда мушкулдир. Биз бу борада ҳозирча муқаддиматий хулосаларимизни изҳор этамиз.
Навоий "Хамсат ул-мутаҳаййирин" асарида гувоҳлик беришича, Жомий ўз даврида авлиё тимсолида намоён бўларди ва бу авлиёнинг кароматлари эса, ниҳоятда, кўп бўлиб, ҳаммани ҳайратга соларди: "Аларнинг (Жомийнинг) бу навъ кароматлари авлиёни камидан воқеъ бўлмиш бўлғай". Шу боис, машҳур авлиёлар каби Жомийнинг ҳам кароматларига оид кўпгина китоб ва рисолалар битилган эди. Шулардан Навоий мавлоно Абдулвоси ва мавлоно Аҳмад Пиршамс номли кишиларнинг рисолаларини эслатиб ўтади. Биз шу пайтгача Жомийни машҳур шайх, ориф, мураббий, устоз ва тасаввуф таълимотининг буюк намояндаси сифатида билар эдик. Аммо шайхлик мақомидан ўтиб, авлиёлик даражасига етганлари, кароматлар соҳиби бўлганликлари ҳақида рисолалар битилганлиги, ғолибо, Навоийнинг ул зотга берган таърифидан маълум бўлади. Жомийнинг шу авлиёлик мартабаси боис, XV асрда Хуросоннинг барча аҳолиси ул зотга сиғиниб, ҳурмат-иззат қилган.
Шунинг натижасида, 1492 йилда Жомий оламдан ўтган пайтда, Ҳиротда гўё қиёмат-қойим бўлади. Навоий "Хамсат ул-мутаҳаййирин"да ушбу воқеани тасвирлар экан, унинг шаҳомати ва аламли таассуротини бундай шарҳлаб беради:
"Бу мудҳиш хабар шаҳарга муштаҳир бўлгач, акобир ва ашроф жавониб ва атрофдан етишдилар. Барча сўгворлик либосида, балки мотам ва аза балосида, то улки ҳазрати султони соҳибқирон (Ҳусайн Бойқаро) ташриф келтурдилар - ҳой-ҳой йиғлаб ва талх-талх шўробалар тўкдилар… Аркони давлатнинг барчаси анда эдилар. Султон Аҳмад Мирзо ва Музаффар Ҳусайн Мирзо бошлиғ салотин ва подшоҳзодалар бир-бирига навбат беришмай аларнинг маҳфуф муҳофасин эгинларига кўтариб Мусаллога элтилар. Халойиқ ғавғоси ул мартабада эрдиким, неча юз минг халқни тасаввур қилса бўлғайким, бир жисм бўлуб эрдилар…Подшоҳзодалар ясовуллуқ қилиб, элни қўруб, йўл очар эдилар… Бир йилгача олам аҳлиға умуман ва Хуросону Ҳирот аҳлиға хусусан мотам эрди. Йил бўлғондин сўнгра ҳазрати султони соҳибқирон аларнанг йил ошин басе эъзоз ва эҳтиром била подшоҳона бердилар".
Энди аниқ айтиш мумкинки, соҳибқирон шоир Мир Алишер Навоий кимга ихлос ва эътиқод қўйган эди? Жомий у киши учун ўзи айтганидек, пир ва муршид эди. Ул зот билан ҳамкорлик қилиш, у кишига қўл бериб биродарлик ва дўстлик риштасини мустаҳкамлаш Навоий учун катта бахт ва ифтихор эди. Натижада, устозга яқиндан хизмат қилиш, у кишини доимо эъзозлаш ва устоз сифатларини ўз асарларида узлуксиз ва мунтазам баён этишни улуғ шоир ўзининг асосий вазифаси ва бурчи деб билди. Навоий "Арбаин" асарининг таълифига камарбаста бўлганида бу ҳақда бундай ёзади:
Ул сафо аҳли пок фар жоми,
Пок фар жому пок фар Жомий.
Ул фано сори дастгир манга,
Муршиду устоду пир манга.
Жомийнинг сафо-ю поклик йўлидаги урфоний даражасига баҳо бериб, у кишини тариқат арбоби сифатида "пир, устоз ва мушрид" деганида Навоий, албатта, ҳақ эди. Зеро, авлиё мақомига эришган устоз шогирдига тасаввуф тариқатидан, ғолибо, йўлбошчилик қиларди ва бу тариқат асл моҳияти билан халқчиллик, ватанпарварлик ва демократик ғояларни ифода этган Жомий ва Навоийлар тариқати - Нақшбандия таълимоти эди.
Шу тариқа, Навоийнинг Жомийга нисбатан дўстлиги ва маънавий ҳамкорлиги одамгарчилик юзасидан бўлиши билан бирга, урфоний таълимот, инчунин авлиё, пирга бўлган ҳақиқий эътиқод билан ҳам қаттиқ боғланган эди. Шу боис, Навоий устоз тимсолини ўзи таъкидлашича, "Фарҳод ва Ширин" китобида "Жомий мадҳида турфа достоне гузориш қилди" ва бу достондан биз қуйидаги мисраларга назар ташлаймиз:
Икки пил ўлса Хисрав ё Низомий,
Эрур юз пил чоғлиғ, пил Жомий.
Кўруб сармаст жоми ваҳдат они,
Демишлар Жандапили ҳазрат они…
Жаҳон ичра жаҳонким топти макнат,
Солиб икки жаҳон халқига ҳайрат.
Навоий "Хамса" борасида сўз юритганида хамсанавис салафларини ўрмон ҳайвонларининг шоҳларига ўхшатади ва шу восита орқали ўтган машҳур шоирларнинг шаҳоматини таъкидлайди. Чунончи, у Низомий ва Амир Хисравларни бир жойда агар жангари шерга қиёс қилса, бу ўринда эса, уларни филга ўхшатади. Аммо Навоийнинг айтишича, Жомий барча хамсанавислардан устун туради ва бир фил эмас, балки юз фил қувватига эга бўлган зотдир.
Навоий устозининг шеърий маҳоратига баҳо бераркан, ваҳдат бобида уни Жандапилга тенглаштиради. Аҳмад Жом Жандапил (маст фил) XI асрда яшаган мутасаввуф арбоб ва бу таълимотнинг энг ашаддий тарғиботчиси эди. Жомий эса, ана шу улуғ зотга қиёсланади ва урфоний мафкураси бўйича у "жаҳон ичра жаҳон ва икки жаҳон халқига ҳайрат солгувчи инсон" ҳисобланади. Шу тариқа, Навоий Жомийни шеъриятда тенгсиз ва ягона деб билса, тасаввуфда уни бутун бир жаҳон ва ҳайратомуз шахс сифатида танийди ва авлиё устозни комиллик мақомига тенглаштиради. Сўнг эса, шу улуғ инсоннинг шогирди - Навоийнинг ўзи комиллик даражасини топиб устоз баробарида туради.
Жомий васфига айтилган шеърлар Навоийнинг қарийб ҳар бир асарида учрайди ва уларнинг барчаси Жомийнинг жаҳоншумул образини яратишга хизмат қилади. Бу фикрлар замирида Навоийнинг ҳам жаҳоншумул тимсоли жилваланиб туради.
Навоийнинг эътироф этишича, Султон Ҳусайн Мирзо бошчилигида Жомийнинг йил оши маросими ўтказилганида, "назм аҳли кўп таърихлар айтиб ўқидилар" ва жумладан, Навоий ҳам бу аламли воқеага атаб шеърий марсия ва таърих битди. Марсиянинг ҳар банди ўн байтдан ва унинг ўзи етти қисмдан иборат бўлиб, дард-алам ва қайғу билан битилган асардир. Бу шеър оламу одам, инсон ва жамият, еру осмон - умуман, дунё ва охират фалсафасининг ифодаси эди. Уни улуғ шоирнинг ғамга ботган таассуроти ва азиз дўст айрилиғидан чеккан чексиз азоб-уқубати ва кўз ёши десак, хато қилмаймиз. Марсия йил оши вақтида Султонга манзур этилди. Султон ҳукми ила замонанинг машҳур воизи Ҳусайн Воиз Кошифий минбарга чиқиб виқор ва жаранглаган овоз билан уни ўқиб берди.
Навоийнинг марсиясидан бутун халқ, жумладан, Султон Ҳусайн Мирзо ҳам лол қолган эдилар. Ҳамма чуқур таассуротга ботиб, зор-зор йиғлай бошлади. Ҳамманинг кўз олдида Жомийнинг муборак сиймоси гавдаланди ва барчалари авлиё шоирнинг вафотидан афсусланиб, йиғи-бийрон бўлдилар. Шу тобда барчани муассир ҳолатга солган Навоийга бутун халқ, хусусан, Султон Хусайн Мирзо ҳам ҳайрат билан тикилиб турардилар. Унинг қиёфасида тирик Жомийни кўриб, унга ҳамд-санолар айтардилар.
Биз мазкур таржибанд-марсияни ўқир эканмиз, кўзларимизга беихтиёр ёш қалқийди. Унинг учинчи бандида Жомийнинг сифатлари ва вафотидан кейин юз берган қиёмат бундай сўзлар билан тасвирланади:
Ту бирафтию дили халқи жаҳон зор бимонд,
То қиёмат ба фироқи ту гирифтор бимонд.
З-оташи оҳи дили сўхтагон то ба абад
Дудҳо дар хами ин гунбади даввор бимонд.
Аҳли тавҳид, ки бе муршиди комил гаштанд,
Судашон мушкили ҳалношуда даркор бимонд.
Соликонро, ки камол аз ту расидий ба сулук
Ажзҳо дар равишу нуқс дар атвор бимонд.
Уламоро, ки шудий машъали дарс аз ту мунир,
Тира шуд машъалу то ҳашр шаби тор бимонд.
Чи тазалзул, ки зи фавти ту дар айём фитод,
З-он тазалзул чи халалҳо, ки дар ислом фитод.
Мазмуни:
Сен кетдингу жаҳон аҳли зор-зор йиғлаб қолдилар,
То қиёматгача сенинг айрилиғинг таассуротига гирифтор (мубтало) бўлиб қолдилар.
Оҳу нолалар ила тўла аламли қалблардан қиёматгача
Бу чархпалак атрофида куйдиргувчи оташин тутунлар қолдилар.
Урфоний ваҳдат аҳли ўзларининг комил пешволаридан айрилдилар,
Энди уларнинг мушкуллари осон бўлмас ва ишлари фойдасиз қолар ва бу табиийдир.
Тасаввуф йўлига кирган соликлар сен туфайли камолга эришардилар,
Энди улар йўлларида ожиздирлар ва хулқ-ҳаракатларида ноқисликлар кўра бошладилар.
Олимларнинг дарс шамчироғи сендан ёруғлик кўрарди,
Энди у машъала ўчиб, қиёматгача бу ҳаёт қоронғу тун бўлиб қолди.
Сенинг вафотингдан бу оламга зилзила тушиб қолди,
У зилзиладан, хусусан, Ислом оламига қанчадан-қанча зарар ва зиёну заҳматлар етди.
Бу байтларда Жомийнинг ҳақиқий тимсоли офтобдек нурафшон бўлиб турибди. Навоий назарида Жомий замонанинг буюк дин вакили, тасаввуфнинг беқиёс даҳоси, ваҳдат йўлига кирган азим йўлбошчи, аҳли илм машъаладори ва шулар каби сифатларга бой комил инсондир. Бу ҳақда марсиянинг кейинги байтларидан ҳам маълумот олиш мумкин:
Шаҳриёрони жаҳон чокзада жома ба тан,
Пеши тобути ту пўянда ба аҳволи табоҳ…
Оламеро ба сўйи олами дигар бурдан,
Натавон жуз ба чунин боркашоний огоҳ…
Дўстон дар ҳама фан нодираи олам ку?
Афзалу афсаҳи ажноси бани одам ку?
Дар биёбони таманнош халойиқ мурданд,
Ба давойи ҳама он Хизри масеҳодам ку?
Мазмуни:
Жаҳон ҳукмдорлари тан либосини аламдан йиртиб-йиртиб, Сенинг тобутинг олдида зор-паришон кетмоқдалар. Шундай кўринадики, бу бузрук оламни бошқа бир олам томон олиб кетаяптилар.
Аммо бундай бир оғир юкни олиб боришнинг моҳиятидан огоҳ эмасмиз:
Буни нима учун қилаяптилар, биз билмаймиз.
Дўстлар, барча илм-фан оламида ягона бўлган зот қаёққа кетди?
Одам фарзанди орасида энг баланд поғонага кўтарилган ва ҳаммадан афзал бўлган
Фозилу доно қаёққа кетди?
Унинг ёд-хаёли ва талаби водийсида барча халқ об-адо бўлиб кетдилар,
Бу ўликларни даволайдиган ва тирилтирадиган Масеҳонафас Хизр қаёққа кетди?
Мазкур парчаларнинг биринчи байтида ҳақиқий воқеий ҳолат акс эттирилган. Юқорида Навоий сўзларидан Жомий тобутини қандай тарзда қабристон томон олиб борганликлари ҳақидаги воқеий ҳикояни эшитдик.
Мамлакатнинг энг номдор ва обрўли кишиларидан ташқари темурий султонзодалар "бир-бирларига навбат беришмай" Жомий тобутини кўтариб қабристонга борганлар. Аламга тўла шу азим манзарани Навоий ўз марсиясида айнан такрорлаб, мазкур воқеа ҳақида тўлиқ маълумот беради. Бу ўринда Навоий Жомийни "Олам билан тенг олам" ҳисоблайди, яъни Жомий гўё микро ва макро - кичик ва катта оламни бирлаштирадиган борлиқнинг ўзи эди. Шу тариқа, Навоий назарида Жомий комилликка эришган, ҳақиқатга восил бўлган ва фано даражасини топиб нурга айланган бузрук зот эди.
Бундан ташқари, Жомий ҳақида анча олий сифатлар топилса, ҳаммаси таъкидлаб ўтилади. У олам илму фанига раҳбар, унинг ягона намояндаси, ҳаммадан афзал ва бақувват, ўликларни тирилтирадиган масеҳонафас Хизр ва ҳоказолар дейилади. Шундай қилиб, Навоий устозининг барча сифатларини бирма-бир санаб ўтади ва устозининг ёрқин тимсолини бошқалардан фарқли ўлароқ мукаммал яратади.
Навоий устози Жомий ҳақида ҳар қадамда, ҳар лаҳзада сўз юритади ва унинг бутун ижодиёти марказида бу мўътабар сиймо туради. Улуғ шоир Жомий вафотидан кейин ҳам, унинг ёд-хаёли билан яшади ва у билан ўзини ҳамроҳ ва ҳамдам тутади. Урфоний мафкура ва ғоя, илоҳий илҳом ва нур уларни бирлаштирган эди ва бутун умр бўйи уларни яқин ва маслакдош қилди. Бу ғоя улуғ шоирларнинг мазҳаби, мақсади ва илоҳийси эди ва улар шу илҳом ва эътиқод билан яшаб, унинг висолига восил бўлдилар.
Навоий Жомийни сифатлар экан, нафақат, унинг устозлиги, илму урфони ва каромату мўъжизаларидан ҳикоя қилади, балки унинг шахсий хусусиятлари, олижаноб фазилатлари ва нозик табиатидан ҳам хийла далиллар келтиради. Шулардан биттаси: Жомийнинг камтарлик ва хокисорлик хусусиятидир. Комиллик даражасига эришган инсоннинг бу ажойиб ва оддий табиати Навоий тасвирида бундай ифодаланади:
"Аларнинг камолоти авозасин эшитиб, йироқ йўллар қатъ қилиб муборак суҳбатлариға мушарраф бўлурға келғанлар аларни асҳоб орасида ғояти бетаайюллиғдин мутлақо танимаслар эдиким, ўлтурур ва айтмоқ ва эшитмоқ ва емоқ ва киймоқда ўзлари била сойир мулозимлари орасида тафовут йўқ эрди".
Навоийнинг маълумотига кўра, Жомийнинг зиёратига камарбаста ва ул зотнинг суҳбатидан баҳраманд бўлиш ҳар бир кишининг орзуси эди. Бутун замона аҳли бу ишни ўзларига шараф, деб билганлар. Шу боис, Жомий яшаган манзил доимо гавжум бўлган ва ул маъво адабий, илмий ва урфоний мажлислар мавзеига айланган. Бу эса, Жомийнинг камтарона хусусияти туфайли, унинг бузрук ва салобатли қиёфасини намоён этади. Навоийнинг қуйидаги ҳикояси, айнан, шу хусусда:
"Шаҳарнинг жамеъ уламо ва акобири ва ашрофи аларға мулозамат ва тараддуд бунёд қилардилар; ул подшоҳи замоннинг аркони давлат ва аъёни ҳазрати ва олийшон умаро ва рафеъмакон судур ва вузароси, балки аср подшоҳи ҳам аларнинг остониға ташриф келтурурлар эрди. Андоқки, даврнинг анжуманлари ва аҳднинг сарбаландлари ул ҳазратнинг олийшон остониға юз ўткурурлар ва илтижо келтурурлар эрди. Сойир ниёзмандлар ва оммаи бехешу пайвандлар ҳам кўзларин ул эшик туфроғидин ёрутурлар эрди".
Сўз пировардида "Мажолис ун-нафоис" тазкирасидаги меҳр ва тавозу ила Жомийга бағишланган Навоийнинг қуйидаги сўзларига диққат-эътиборни қаратамиз: "Қуёшики, ройи олам оройи била бу замон мубоҳи ва аҳли замонға шарафи номутаноҳи муяссардур ва дарёики, табъи гавҳарзойи била бу даврон аҳли қўйни ва этаги жавоҳиржин мамлу бўладур. (Бу киши) Ҳазрати махдумий шайхулисломий мавлоно Нуриддин Абдураҳмон Жомий...дурким, то жаҳон бўлғай аларнинг ёруқ хотирининг натойижи жаҳон аҳлидин кам бўлмасун ва то сипеҳр эврулғай, аларнинг очуқ кўнгилларининг фавоиди даврон халойиқидин ўксулмасун…"
Низомиддин Амир Алишер Навоий назарида мавлоно Жомий ана шундай тенгсиз сиймо эди. Бу нурга тўла сиймо ўз буюклиги билан XV аср олам аҳлини қойил қолдириб, кейинги асрларга сезиларли даражада таъсир этган улуғ зот эди. Навоий эса, бу чашмаи нурдан нурланган зот эди, ушбу қуёш таъсири остида ўзи ҳам қуёшга айланиб, тенги йўқ инсон қиёфасида машҳур бўлди.
Аҳмад Абдуллаев,
филология фанлари доктори, профессор.
Наврўз байрами нишонланаётган кунлар бўлганлиги учун, шаҳар жамоат транспортларида одам сийрак, биз чиққан троллейбусда бўш ўриндиқлар кўп эди. Йўловчиларнинг кўпчилигини кекса кишилар, асосан, аёллар ташкил этарди.
Навбатдаги бекатда қирқ ёшлар атрофидаги келишган эркакни ёшроқ йигит троллейбусга бошлаб чиқарди. Унинг ҳаракатларини кузатиб туриб, эркак нобино эканлигини англаш қийин эмасди. Ёш йигитча кўзи ожиз шеригини бўш
Муфассал...
Республика Дин ишлари, анъаналар, тантаналар ва миллий маросимларни тартибга солиш комитети раиси Сулаймон Давлатзода жорий йилнинг олти ойлик ҳисоботини Тинчлик ва миллий бирлик асосчиси - Миллат пешвоси муҳтарам Эмомали Раҳмоннинг "Тожикистон Республикасида анъаналар, тантаналар ва урф-одатларни тартибга солиш тўғрисида"ги қонун қабул қилинганининг 10 йиллиги муносабати ила мамлакат фаоллари билан ўтказилган мулоқоти ва муҳтарам Президентимизнинг у ердаги сўзларидан иқтибос келтиришдан бошлади.
Муфассал...2015
1-2015
2-2015
3-2015
4-2015
5-2015
6-2015
7-2015
8-2015
9-2015
10-2015
11-2015
12-2015
13-2015
14-2015
15-2015
16-2015
17-2015
18-2015
19-2015
20-2015
21-2015
22-2015
23-2015
24-2015
25-2015
26-2015
27-2015
28-2015
29-2015
30-2015
31-2015
32-2015
33-2015
34-2015
35-2015
36-2015
37-2015
38-2015
39-2015
40-2015
41-2015
42-2015
43-2015
44-2015
45-2015
46-2015
47-2015
48-2015
49-2015
50-2015
51-2015
52-2015