2002 йилнинг ёзи эди. Мен ўшанда ўн еттига қадам қўйгандим. Ҳамсоямиз Тоғай малим Россиядан пул ишлаб келди. Қамиш билан ёпилган томини бузиб, баланд кўтарди-да, шийпир қоқди. Буни кўрган ҳамқишлоқлар пайтавасига қурт, кўнгилларига васваса тушди, ҳисоб. Отам ҳам бир куни масжиддан ҳовлиқиб келди-да: ”Тоғай малим яқинда Москвага қайтаркан. Илтимос қилгандим. Сени обкетишга кўнди. Тўрт кундан кейин жўнайсанлар”,- деди, очиқ осмонда чақмоқ чаққандек қилиб. Ўша кеча ухлай олмадим. Эрталаб жойимдан турарканман, танам жуда ланж эди
. Лекин нимагадир руҳим анча тетик, бўлажак сафар қизиқиш уйғота бошлаганди. Барибир кечгача уйга бош суқа олмадим. Тушлик учун уйга кирганда, чой ичиб бўлгунча, юрагим сиқилиб кетганидан тановулимнинг таъмини сезмадим ҳам. Ўша куни шомдан кейин, Тоғай малимнинг ўзи йўқлаб келиб қолди. Эгнида қора чарм куртка, ўрис шапкасини бошига қийшиқ бостириб, сигарета сўрган ҳолда гап бошлади: -Ҳей, россиян отанг қани? Тайёргарликлар қалай? Зиқ бўлганинг йўқми? “Қўзи”ларнинг биринчи сафарида юраги озроқ увушади. Эътибор қилма, ўткинчи ҳолат. Ҳа, айтгандай. Онанг берган нарсанинг ҳаммасини ҳам олма. Ўзингга бир сидра усти-бош, ўртача ҳажмдаги сумкага егулик олволсанг бўлгани. Отанг келса, айт. Меникига чиқсин, - деди-да, сигарета қолдиғини туфлаб ташлади. Ва янгисини қутидан чиқариб, лаблари орасига қўндирди-да, чақмоқтош билан ўт олдириб, оғзидан паға-паға дуд чиқарганча дарвоза томон интилди. Тоғай малим, нафақат, ўзи чиқиб кетди. У менинг тинчимни ҳам олиб кетгандек, ўзимни қўярга жой тополмай қолдим. Ота уйининг қанчалик азиз эканини ўшанда ҳис қилдим. Лекин ўша ҳислар фақат “қўзи”ларга берилар эканми, кейинги йиллар маҳалламиз ва Москва шаҳри орасидаги фарқни билмай қолганман. Шундай қилиб, минг азобларда сафар куни ҳам етиб келди. Тўғрисини айтсам, кейинги кунлар вақт тезроқ ўтишини истаб қолдим. Нимагадир тезроқ уйдан чиқсам, юрак-бағримни эзаётган дард кўтариладигандек туюла бошлади. Сафарга чиқдик ҳам. Ўшанда, дарвозамиз олдида йиғилган кузатувчилар сурати ҳозир ҳам, кўз олдимда сақланиб қолган. Ота-онамнинг оқ фотиҳасини олиб, катта йўлгача пиёда жўнадик. Мен бир чақиримча масофага орқамачоқ юриб бордим, десамам бўлади. Бечора энамнинг йиғлаб қолгани кўз олдимдан ҳечам кетмасди. Марказий йўлга чиқиб, Душанбе шаҳрига, трактор мотори қўйилган ва ёнилғи иси анқиган“ПАЗ”икда, эрталаб соат ўн бирларда етиб келдик. Душанбе-Москва поезди юрмай қолгани учун, Хўжандга борадиганига миниб, жўнадик. Вагонга чиқиб, купега қадам қўярканман, хона ичининг танглигини кўриб, йўл ташвиши озроқ ёзган юрагим яна сиқилди. Бўсағада туриб қолганим учун Тоғай малим туртиб, ичкарига киришга ёрдамлашди. Сумкаларни жойлаштирдик. Жойимга чўзиларканман, шундай тор жойда тўрт кишининг қандай жойлашишини ўйлаганда, шундоғам сиқиқ юрагим тарс ёрилай дерди. Тоғай малимнинг гапига қараганда, Хўжанддан Қирғизистон ошиб, Бишкек-Москва поездига миниб олсак, марра бизники экан. У шом қоронғусидан кейин, вагон ресторанидан маст ҳолда келиб ётди ва хуррак ота бошлади. Мен вагон самоваридан чой дамладим-да, чегелдек билан тановул қилиб олдим. Ярим кечаси поездимиз Хўжанд шаҳрига кириб келди. Бошини чангаллаган Тоғай малим иккимиз тонгни, Хўжанд темир йўл вокзалида оттирдик. Эртасига Қирғизистоннинг Ўш шаҳрига борадиган автобусга чиқиб олганимизда, Москвага етгандек, жуда енгил ҳис қилдим, ўзимни. Остона ҳатлаб кўчага чиқмаган бола бўлганим учунми, билмадим, кейинги ўтган кунлар, йиллардек туюлса-да, Ўшга ўтадиган довоннинг гўзал манзараси камроқ бўлса ҳам баҳри-дилимни очди. Ён сўрида, оғзидан суви оққан устозим мудраб кетарди. Ўш шаҳрига ҳам етиб бордик. Келинглар, Тоғай малимнинг кирдикорини айтиб, таъбингизни тирриқ қилмайман. Қисқаси, Ўш шаҳрининг автовокзалида қирғиз милисаларининг қўлига тушиб, шаҳар ОВДсида уч кун туз тотмай ётдик. Ўшанда ўлсам керак, деб ўйлагандим. Лекин буниси ҳали ҳолва экан. Милисахона бошлиғининг бўлажак уйига бетондан пойдевор қуйиш кераклиги учун бизни панжарадан озод қилиб, унинг ҳовлисига олиб келишди. Агар тўрт хонали уйнинг пойдеворини арматура тўқиб, бетон қуйиб берсак, милиса бошлиғи бизни Бишкек-Москва поездига чипта олиб, чиқариб қўйишга ваъда берди. Бизга ўхшаб, иши милисага тушган қирғиз уста Толой бошчилигида иш бошладик. Ўн кунларда арматурани тўқиб, атрофини тахта билан беркитдик-да, цемент қабул қилиш мумкинлигини уй эгасига айтганда, у пича кутинглар деди. Бу орада Тоғай малимнинг эски бавосир касали қўзиб, ранги сарғайганча ётиб олган. Иш билан бўлиб, кунлар ўтганини сезмаган эканман. Бир неча кунлик бекорчиликдан зерикиб, ўлиб қолаёздим. Ҳисоблаб кўрсам, уйдан чиққанимга уч ҳафта ҳам бўлган йўғу, менга уч йил ўтгандек эди. Ана-мана деб, милиса бошлиғининг уйида ҳам йигирма беш кун қолиб кетдик. Уй эгаси милиса бўлса ҳам, камроқ лафзи бор экан. Айтганидай, Бишкек-Москва поездига чиқариб қўйди. Лафзининг камроқ деганим, чиптасиз миндирган эди. Лекин биз вагон ҳаётини бир кунам кўра олмадик. Қозоғистон чегара бекатида, чиптасизларни тушириб олиб, сўроқ-савол қилган бўлди-да, чўнтакни қоқиштириб қўйиб юборишди. Додимизни эшитадиган кимса топилмасди. Осмон узоғу ернинг қаттиқлигини ўшанда сезгандим. У кунларни эсласам, ҳозирам юрагим орқага тортиб кетади. Нималар билан шуғулланмадик, дейсиз. Мардикорлик қилдик, тиландигам. Кечалари ташландиқ уйларда тунадик. Менинг пана-панага ўтиб йиғлаш одатларимам аста-секин қолиб кетди. Ўшанда кўзимнинг ёши қуриб кетган, деб ўйлайман. Бу орада устозим ўғирлик қиламан деб, қўлга тушди-да, яхшигина таёқ ебам олди. Унинг чўтка монанд юзида, бир неча чандиқ жой қолганди, ўшанда. Август ойининг бошлари эди. Бир қозоқнинг уйида ишларканмиз, унинг чўлдаги дўстига хизматкор кераклигини айтиб, бизни уникига олиб борди. Уй эгаси фермер экан. Чўли биёбонда бир неча уйдан иборат қишлоқ чорвачилик билан шуғулланарди. У менинг тақводорлигимни кўриб, яхши муомалада бўлгани учун, Тоғай малим ҳам намозни бошлаб юборди. Мен бу Алтинбей номли қозоқнинг уйига ўрганиб қолдим. Нотўғри тушунманг. Бўй етган қиз-мизи йўқ эди. Кейинги ойлар ҳисобига, биринчи марта шу хонадонда қорним тўйиб овқат едим-да, ахир. Алтинбей бир ойлик маошимизни берган вақт устозим ўзича қанақадир режа тузган экан. Кейин билдим. У Алтинбейга икки кишилик маош устига, яна шунчасини қўшиб бер. Иккимизнинг биримиз Москвага етиб олсак, сенинг пулингни ҳам, шерикнинг йўл кирасини ҳам юборамиз деб, маслаҳат солди. Қозоқнинг мардлиги тутиб кетдими, рози бўлди. Москва шаҳрига етиб боришга етарли пулларни қўлига олган Тоғай малим: -Мен Алтинбейникида гаровга қоламан. Сен Москвага етиб ол. Ишлаб йўл пули юборарсан,- деди пулларни қўлимга тутқазаркан. Ҳозир айтганимдек, Алтинбей уйига бағир босиб қолгандим. Шунинг учун, устозимга ўзингиз кетаверинг дедим. У манзилга етганда, йўл пули юбориш эмас, шериги, қозоқнинг қўлида асир бўлиб қолганини эсданам чиқариб юборишини қаёқдан билибман. Тоғай малим кетганига бир ойдан ошди. Алтинбей билан бирга ноҳия марказига бориб, почтани сўроқладик. Фермернинг манзилига бирон хил хат-хабар келмаган экан. Кейинги ойларам дараги бўлмади. Шеригим борлигида Алтинбей бизни ошхона ёнидаги том уйга жойлаган эди. Тоғай малимнинг дараги чиқмай кетгач, мени сомонхонага, эси паст хизматкор Ирланнинг ёнига кўчирди. Ирлан анча ёшдаги одам бўлишига қарамай, эси пастлиги ёки беписандлиги учунми, ёш боладек кўринар эди. Қорни очми-тўқми, куйдирган калладек, иржайганча юрарди. Қишнинг асл совуқлари бошлангандан кейин, оғилга, сигирларнинг охурига кириб ётишимизга ижозат берди, уй эгаси. Бу чўлда чилла совуғи олтмиш градусга чиқиб кетар экан. Бедахонада, сомонга ўралиб ётган пайтимиз йигирма градусдан ошгани йўқ эди. Буғдой сомонини: чангли дейишади. Сомонхонада тунайдиган одам учун унинг қанчалик иссиққина кўрпага айланишини бошига тушгангина биларкан. Устозим билан тиланиб ўтказган кунларнинг олдида, Алтинбейнинг димоқ ёрар, тезак иси анқиган оғилхонаси жаннатнинг ўзгинаси. Чунки қорним тўқ. Устим бут. Охур бўлса ҳам, ётоқ жойим бор, дердим-да. Ота уйида эканимда, эрта-саҳар уйғотишаркан, эркаланиб кўрпага қайта ўранганча, пича мизғишнинг гашти бошқача эди. У кунларни элас-элас эсларканман, ўша воқеалар бошқа ҳаётимда бўлгандек ёки кимдандир эшитганимдек эди. Бўлмаса уйимизни тарк этганимга етти ой бўлганича йўқ. Кўчаларда тиланчилик қилганимда, шу тўғрида ўйлайвериб, роса йиғлаган эдим. Кейинги вақтлар дийдам анча қаттиқлашиб қолган эканми, бўлар-бўлмасга зерикмасдим. Ҳозир ўша воқеани мулоҳаза қилиб кўрсак, ўшанда мен: “Қўзи”дан “Қўчқор”га айлана бошлаган эканман. Бу жараён мен учун анча қимматга тушганди. Менинг ота уйидан чиққанимга тўққиз ой тўлган бўлса-да, Алтинбейнинг уйида етти ой қолиб кетдим. Қозоқ бойи қўрс муомала қилмаса ҳам, шеригим алдаб кетгани учун менинг бошқа таклифимни эшитишни ҳам хоҳламади. Қиш ўтиб қозоқ ерларида ҳам баҳор нафаси сезила бошлади. Шу кунларда Алтинбейнинг ёлғиз ўғли оғир касалликка чалиниб, ётиб қолганди. Уни кўрсатмаган жойи қолмади. Нафақат, ўзи яшайдиган, балки қўшни овулларга ҳам мол сўйиб садақа чиқарди. Эсига тушганда, намоз ўқийдиган Алтинбей шу кунларда жойнамоз устидан тушмай, соатлар давомида Қуръон тиловат қилиб ўтирарди. Кунларнинг бирида мен ва устозимни Алтинбейга йўлиқтирган дўсти ҳам, ”Тайота”сини миниб, касал боладан хабар олгани келди. Менинг ҳозирам шу ерда юрганимнинг сабабини сўраб билгандан кейин, Алтинбейни четга олиб ўтди-да, нималарнидир уқтираркан, узуқ-юлуқ эшитилган сўзлар орасидан, сарт, деганини илғадим, холос. Алтинбейнинг дўсти жўнаб кетди. У эса, кўзи ёшланган ҳолда, ёнимга келди-да: ”Ҳаким, Москвага юборайми ёки уйингга қайтасанми? Етти ойлик маошингга етти юз доллар бераман. Майли йўл пулини тўлайманам. Эртага Олмаотага борамиз. Хоҳлаган тарафингга учасан. Мендан рози бўлсанг бас”,- деди кўзларини рўмолчаси билан суртиб. Мен ҳангу манг бўлиб қолгандим. Қовоғидан қор ёғадиган одамга Худо қандай инсоф бердийкин, деб ўйларканман, бизни Алтинбейга йўлиқтирган қозоқнинг хизмати ўтганини сездим. Ирлан иккимиз ҳаммом қилиб чиққандан кейин, хўжайин совғаси – янги кийимларни кийиб, охирги тунни оғилда эмас, меҳмонхонада ўтказдик. Бомдодга турганда, қарасам Ирлан жойида йўқ. У бечора оғилхонада тунабди. Умрида биронтадан илиқ сўз эшитмаган кимса, одамдек яшашни ҳам билмаслиги аён бўлди. У хўжайиннинг сарупосини ҳам йўлакка ечиб ташлаб, ўзининг эски, тўқимга монанд кийимларини кийиб олибди. Эртасига Олмаотадан Душанбега учдим. Кечга яқин уйимизга кириб келдим-да, отамга берилган биринчи саволим Тоғай малим тўғрисида бўлди. Отамнинг айтишича, устозимнинг мен билан кетишида, судхўрдан олган қарзини ўз вақтида тўлай олмагани учун унинг уйини қарз берган одам олиб қўйибди. Кўчада қолган бола-чақаси пахта майдони ўртасида жойлашган шийпонда яшаркан. Шийпоннинг томини совхоз раҳбари пуллаб юборгандан кейин, чордеворнинг устига клёнка тутибдилар. Бу аянчли ҳолни кўрган отам уларни меҳмонхонамизга жойлабди. Қиш ўтгандан кейин, кунлар илиган пайт, шеригимнинг бола-чақаси яна шийпонга қайтиб кетибди. Тўғрисини айтсам, уйга қайтганда, Тоғай малимнинг уйига ўт қўяман, деб ўйлагандим. Бу аянчли аҳволни кўриб, хижолат чекдим. Ҳаммасини Ўзига солиб қўявер, деярди катта энам. Қари кампирнинг насиҳатларининг қанчалик чуқур маъноси борлигини ўшанда тушундим. Отамга ҳам, тўғри гапнинг ўрнига: -Устозим иккимиз Москвага ўн беш кунларда етиб бордик. Бошида бирга эдик. Кейин у бошқа томонга ўтиб кетди. Қиладиган ишимиз бўлса-да, шерикларим келаётгани учун менам бирга қайтдим, - дедим қизара-бўзара. Мен оборган етти юз доллар, ўша пайтлар катта пул эди. Ҳозирча, россияннинг биронтасиям бунча пул ишламаганини отам айтиб қолди. Бедарак кетганимга, уйдагилар анча қайғуришган экан. Мен боргандан кейин, ҳаммаси унут бўлди. Ёлғонга айланди. Эртасига, отам қўлимга битта «кўкча»ни тутқазаркан: -Тоғаймурод малимнинг оиласига обориб бер. У бечоранинг бизга катта ёрдами тегди-ку. Сенга, нафақат, дарс берган, узоқ ўлкаларнинг йўлини ҳам кўрсатди. Унинг оиласи вақтинча қийналиб қолганда кўмагимизни аясак инсофданмас. Қолаверса, бош-кўзимиздан садақаям, - деди мамнун ҳолда. Пулдаги сурат, Тоғай домламнинг бавосири қўзиган кундаги ҳолатини эслатарди нимагадир!
Файзулло Абдулазизов,
Хуросон ноҳияси.
Хатлон вилоятининг Кўлоб минтақасида азалдан эл орасида машҳур бўлган зиёратгоҳ, тарихий обидалар жуда кўп. Айниқса, Султон Увайси Қараний оромгоҳи воҳа аҳли муқаддас билган масканлардан эканлиги диққатни жалб қилади. Собиқ Шўролар даврида ҳам ушбу масканга жуда кўплаб зиёратчилар ташриф буюрган. Қишлоғимиз оқсоқоллари ҳар йили махсус автобусда Мозори Ҳазрати Султонга бориб, 1-2 кун қолиб, зиёрат ва истироҳат олиб қайтишарди.
Муфассал...
Тинчлик ва миллий бирлик асосчиси – Миллат пешвоси, Тожикистон Республикаси Президенти муҳтарам Эмомали Раҳмон саъй-ҳаракатлари, Тожикистон шарафли халқининг ўз пешвоси олиб бораётган оқилона сиёсатини қўллаб-қувватлашлари самараси ўлароқ, юртимизда тинчлик ва осойишталик ҳукмрон. Жаҳон миқёсида мустақил Тожикистонимиз сайёҳлар ташрифи учун энг хавфсиз мамлакатлар сирасига киритилганлиги ҳам буни тасдиқлайди.
Муфассал...2015
1-2015
2-2015
3-2015
4-2015
5-2015
6-2015
7-2015
8-2015
9-2015
10-2015
11-2015
12-2015
13-2015
14-2015
15-2015
16-2015
17-2015
18-2015
19-2015
20-2015
21-2015
22-2015
23-2015
24-2015
25-2015
26-2015
27-2015
28-2015
29-2015
30-2015
31-2015
32-2015
33-2015
34-2015
35-2015
36-2015
37-2015
38-2015
39-2015
40-2015
41-2015
42-2015
43-2015
44-2015
45-2015
46-2015
47-2015
48-2015
49-2015
50-2015
51-2015
52-2015