Биз билан боғланинг:

   

Бизга қӯшилинглар

ХАБАРЛАР

НАСР

Муаллиф: Super user Категория: НАСР
Чоп этилган 11 Октябр 2018 Кӯришлар: 1737
Печат

 

m mУларнинг бир-бири билан қачон учрашишгани, қандай танишишгани ва қандай қилиб бир-бири билан шунчалик қадрдонлашиб кетишганлигини ҳеч ким билмайди. Уч-тўрт йил олдин бу ғалати дўстлик ҳақида гап кетганда, эрталабдан кечгача чойхонада шаҳмат суриб ўтирадиганлардан бири қўлларини бир-бирига уриб, ишқалаганча «Шоҳ ва мот», деяр экан, «Оббо ғалчалар-ей, шуниям билмайсизларми, жинни жиннини узоқдан танийди. Жинни жиннига дўст

бўлмаса, у билан ким билан ошна бўларди», деганди. Мот бўлган рақиб эса, аламидан кўкариб, «Мен бунақа мақолни биринчи марта эшитиб турибман. Аммо пес песни қоронғида танийди, деган гап борлиги аниқ. Иккови жиннихонада ётганида танишгандир», деди ўрнини бошқа бир шаҳматчига бўшатар экан. «Ака, билиб-билмай от юриш қилиб, ҳамманинг оғзини очмоқчимисиз? – ютган шаҳматчи бошқа сўриларда ўтирган одамларни ҳам ўзига қаратди. – Қишлоқи жиннини билмайман, лекин ўзимизнинг жинни ҳеч қачон жиннихонада ётмаган. Буни шаҳарда етти яшардан етмиш яшаргача билади-ю, сиз билмайсизми, ака?»

Бора-бора ҳеч ким у икки жиннининг дўстлашиш тарихи билан қизиқмай қўйди. Гўё азалдан шундай бўлган, бу икки жинни болаликларидан бирга ўсишгандайин.

Шаҳарлик жиннини «Ошпаз жинни», деб аташарди. Қачон кўрманг, у ошпазлар киядиган оқ халат кийиб юрарди. Қишда ҳам кийимлари устидан оқ халат кийиб оларди. Халат остидан белига боғлаган белбоғ дўмпайиб турарди. Баъзан у белбоғ боғлашни унутармиди, эгнидаги халат шалвираб қоларди.

Ошпаз жинни фақат жини суйган одамлар билан гаплашарди. Ана шу одамлардан бири шаҳар боғи яқинидаги чойхона ёнида манти ва қозонкабоб пишириб сотадиган ошпаз чол эди. У Ошпаз жинни чойхонанинг энг чеккасидаги бўш сўри четига келиб ўтиргач, дарров бир товоқчага тўртта манти ва ёнига кабоб солиб, жилмайганча олдига қўярди. Ошпаз жинни бу гал таомга ҳатто бир қиё боқмади.

-Сенга нима бўлди, укажон, - деди мантипаз чол.

-Мен уларни сўкдим. Отасиям қолмади, онасиям қолмади, сўкдим, сўкавердим.

Мантипаз чол Ошпаз жинни ишора этган томонга қарайди. Чойхонадан ўттиз-қирқ қадамча нарида уч-тўрт йигит бири қорнини, иккинчиси биқинини ушлаганча кулишарди. Демак, улар Ошпаз жинни ёқтирмайдиган иш қилишган – тош отмоқчи бўлишган. Аслида ниятлари – тош отиб, уни уриш ё қўрқитиш бўлмаган, шундай қилганларида Ошпаз жиннининг ғаши келиши, жаҳли чиқиб, бўралатиб сўкишини яхши билишган. У сўккан сари йигитлар мириқиб, хохолаб кулаверишган. Улар кулишган сайин, Ошпаз жинни сўккан, сўкаверган. Йигитларнинг яйраб-яйраб кулишлари учун айни шу керак бўлган.

-Тоға, айтинг, улар менга тош отишмасин. Улар ёмон болалар, кеча кучуккаям тош отишди…

   Ошпаз жиннининг овози титрайди, йиғламсирайди.

-Шошмай туришсин, мен уларнинг таъзирини бериб қўяман, қараб туришсин. Сен ол, олгин, манти, кабоб совиб қолмасин. Ҳозир мен чойхоначига айтаман, қайноқ чой дамлаб беради.

-Тоға, мен чойни совутиб ичаман, сиз хавотир бўлманг, майлими, қайноғида ичсам, оғзим куйиб қолади.

Ошпаз жинни аввал мантини, ортидан кабобни еб бўлгач, белидан оқ рўмолча ечиб олади-да қўлларини яхшилаб артади. Пиёладаги совиб қолган чойни сипқоради. Товоқчани кўтариб, мантипазнинг уйчаси томон юради. Эшикдан аланглаб қарайди. Мантипазнинг ёрдамчиси – кўзлари қисиқроқ, семиз аёл чиқиб кетгач, аста ичкари кириб, эшикни ёпади. Белидаги катта қуроқ белбоғни ечади ва мантипаз чолга узатади.

-Тоға, пулимни санаб беринг.

Мантипаз чол белбоғни очади-да, пул санайди. Ошпаз жинни чолнинг бармоқлари ҳаракатини кузатганча эшикка орқа бериб туради.

Чол пул санаб бўлгач, яхшилаб тахлайди-да, белбоққа тугади.

-Ма, белингга маҳкам боғлаб ол. Қаттиқ боғла!

-Тоға, қанча бўлибди?

-Тўйга етай, деб қолибди. Лекин яна у галгидай йўқотиб қўймагин. Дуч келган ерда ухлаб қолмагин. Шу… укажон, пулингни онангга бериб қўйсанг, бўлмайдими?

-Онамдан укаларим тортиб олишади-да. Икковиниям тўйи бўлган, лекин яна менинг пулимни олиб қўйишади. Тоға, сиз уларга айтинг, бундай қилишмасин. Майлими?.. Йўқ, барибир улар Сизнинг гапингизгаям киришмайди. Мен пулимни белимга боғлаб юравераман.

Мантипаз чол Ошпаз жиннининг ҳеч қачон тиланмаслигини, фақат қаеридир оғриётган одамни биладими нима, аста унинг ёнига бориб, қулоқларидан тортиб қўйишини, кимдир уни нари ҳайдаши, кимлардир жилмайганича пул беришини яхши биларди. Ошпаз жинни пул санашни ҳам билмасди. Ўтган ой у чойхонадаги сўрига ўтирди-да, қўлида манти ва қозонкабоб солинган товоқча кўтариб келаётган мантипаз чолга қараб йиғлади. «Энди менинг тўйим бўлмайди. Пулимни йўқотдим», деди хўрсиниб-хўрсиниб. Чол жиннининг пулини олиб қўйган инсофсизни устма-уст қаттиқ қарғади. «Ҳе, илоё, Худонинг суйган бандаси ризқига кўз олайтирган кўзларинг оқиб тушсин, чанг солган қўлларинг акашак бўлиб қотсин!»

Чол бундай қараса, чой ичаётган чойхўрлар, дона сураётган шаҳматчилар – чойхонадаги катта-кичик ўзи томон қараб турибди. Шунда у пичирлаб қарғамаганини, бор овозда гапирганини сезиб қолди.

-Ака, пул йиғиб берайликми…

Мантипаз чол қаршисида турган чойхоначининг сўзларини англамади.

-Девонанинг кўнглини оғритган одамнинг жойи дўзахда, - сўрилардаги бўш товоқчаларни йиғиштираётган ёрдамчи аёлнинг кўзларида нафрат ёнарди. – Чойхоначи укам тўғри айтадилар, мен бугун уйга иккита кам нон олиб борарман, мановини олинг.

Мантипаз чол ёрдамчи аёл узатган пулга қараганча Ошпаз жиннидан қаттиқроқ хўрсинди.

-У бу пулларни олмайди. Оғриган кўнглини баттар оғритмайлик…

Ошпаз жинни чойхонадаги сўрида бўш белбоғига тикилганча пиқиллаб ўтирган пайтда шаҳардан ўн чақирим наридаги қишлоқда яшайдиган, ҳамқишлоқлари Полвон жинни, деб атайдиган одам қўлида сув тўла челакни кўтарганча кетиб борарди. Унинг челак кўтарганча қаерга боришини ҳозир қишлоқда бешикда ётган бола билмайди, холос. Гавдаси бузуқ, елкалари кенг бу одамнинг жаҳлини чиқарган кишини белидан сиққанча уч-тўрт марта айлантириб, ерга уриши, бир уриб, буқани йиқитиши, йўғонлиги билакдек темирни эгиши, устма-уст тахланган иккита пишиқ ғиштни бўлаклаб ташлашини кўрган ҳамқишлоқлари уни Полвон жинни, деб аташарди. Ана шу Полвон жинни ҳар куни челакни булоқ сувига тўлдириб, қишлоқнинг кунботар томонига туташиб кетган адир томон жўнарди. У адирдан ошиб, ёнбағирдаги уч туп дарахт остига сув қуярди. Аввалига қишлоқда «бу жинни сувни қаерга олиб бораркан», дея қизиққан ҳангоматалаблардан икки-учтаси унинг ортидан эргашиб, қорама-қора бораверишган. Пана-пастқамга қапишиб олиб, Полвон жиннининг дарахтлар тагига сув қуйиб чиқаётганини кўришгач, бир-бирларига қараб елка қисишган. «Ҳўкизни чўмичлаб тўйдириб бўлмаганидек, бир челак сув билан уч туп дарахтни суғориб бўладими?» Шерикларидан бу гапни эшитган қолган икки ҳангоматалаб оғизларига кафт босганча, пиқиллаб кулишади. Бу кулги кечки пайт булоқбошидаги тахта катда давом этади. Йигитларнинг аллақандай ҳўкиз, адир ортидаги дарахтлар, челак кўтарган Полвон жинни ҳақидаги гапларини узуқ-юлуқ эшитган чоллардан бири қотиб-қотиб кулаётган улфатлардан биттасининг елкасидан тортади. «Баландроқ гапиринглар, бошқалар ҳам кулишсин!» Чол бугун кўрганларини айтиб, янада қаттиқроқ кулишга тушган йигитларни ўзига қаратади. «Сенларнинг ўша жинничалик ақлларинг йўқ. Гуллаб-яшнаган каттакон мевали боғдан ўша уч тупгина дарахт қолган. Боғ яратишда биттангнинг бобонг, биттангнинг отанг қўл қавартирган. Тош кўчириб, уч чақиримдан сув ташиб бориб, дарахт кўкартиришган. Агар сенларнинг ҳам ақлинг, меҳринг, инсофинг бўлганда, боғ қуриб битмаган, атиги учтагина дарахт қолмаган бўларди…»

Бу гапларнинг бўлиб ўтганига неча йиллар бўлди. Ўша уч туп дарахт ҳалигача кўкариб турибди. Полвон жинни челагини булоқ сувига тўлдирганча ҳар куни қир томон жўнагани-жўнаган.

Ошпаз жинни белбоғи бўшаб қолган куни тентираб юрди-юрди-да, туни билан уйқуси келмасдан эрта тонгда қишлоққа қараб йўл олди. Шаҳардан чиқаверишда уни таниган шаҳарлик ҳангоматалаблардан иккитаси йўлини тўсишди.

-Анови толнинг ортида иккита бола сени пойлаб турибди. Мен ўз кўзим билан кўрдим, бир халтадан тош кўтариб олишган, - деди афтига ачингандайин тус берган йигит.

-Айтинглар, менга тош отишмасин.

-Агар бир марта сўксанг, айтамиз, биттаям тош отишмайди, - деди лабини йиғиштиришга кучи етмаётган иккинчи йигит.

Ошпаз жинни ундан юз ўгирди.

-У болалар манови жиннининг гапига киришмайди. Сен айтгин, - деди у кўзларини маъюслаштириш, афтини маҳзунлаштириш учун тиришаётган биринчи йигитга.

-Бўпти, мен айтаман, тош отишмайди. Лекин сен менга қаерга кетаётганингни айт, йигит орқасига қараб, оғзига кафтини босганча ўзига илжайганча қараб турган шеригини жим туришга ундади.

-Менинг пулларимни ўғирлашди. Энди тўйим бўлмайди.

-Пулингни ўғирлаганни топсам, тошбўрон қиламан.

-Йўқ, сен тош отма, қалдирғочлар, чумчуқлар, каптарлар, ҳаммаси қочиб кетишади.

-Бўпти, тош отмайман, у ярамас ўғрининг қулоғини бурайман.

-Қулоғини бурасанг, пулимни қайтариб берадими? Кейин тўйим бўладими? Лекин қулоғини қаттиқ бурамагин, узилиб тушмасин. Қўшнимизнинг кучуги еб қўяди.

-Майли, секингина бурайман. Сен менинг саволимга жавоб бермадинг-ку. Қаерга кетяпсан?

-Сенинг нима ишинг бор? Ошнамникига! Бор, кет, мен сен билан ўйнамайман!

Ошпаз югургилаганча кетади. Дарахт олдидан ўтар экан, югургилаш югуришга айланади.

Шаҳарлик ҳангоматалаб йигит қишлоқдаги жўрасига телефон қилади:

-Қишлоқларингга шаҳардан ҳурматли меҳмон боряптилар. Карнай-сурнай билан кутиб олинглар. Кулги текин экан, дея ичакларингдан ажраб қолманглар. Эртага шаҳардаги ўзинг билган чойхонада учрашиб, ана кейин биргалашиб қоринни селкиллатиб куламиз. Сендек сахий ошна катта шаҳардаям йўқ!

Телефонни чўнтагига солган қишлоқлик ҳангоматалаб ўзига ўхшаган бир улфатини топади-да, шаҳар йўли четида чордана қуришади. Йўл бошида оқ халатли одам кўриниши биланоқ улфатлардан бири қишлоқ томон оёғини қўлига олганча чопади.

Иккинчи йигит кафтларини ариққа тиқади-да, кўчага сув соча бошлайди. Ошпаз жинни яқинлашиши биланоқ икки қўлини кўксига қўйганча ариқдан ҳатлайди.

-Ие, келсинлар, келсинлар, меҳмон.

Йигитнинг узатган қўли ҳавода қолади. Ошпаз жинни уни четлаб ўтишга интилади.

-Меҳмон, манови майсаларни қаранг. Кўм-кўк, пат гиламдек юмшоқ, бирпасгина ўтиринг, дам олинг.

-Менинг вақтим йўқ. Ошнамни кўраман-да, кетаман,- Ошпаз жинни елкасидан тортган қўлни силтаб ташлайди.

-Ҳе, ўша ошнангизни кўрмаганингиз яхши. Унинг дастидан қишлоқда биттаям қуш, биттаям ит қолмади.

-Менинг ошнам қушларгаям, итларгаям озор бермайди.

-Нима дедингиз? Озор бермайди?! Ҳе, қиладиган иши олдига тош тўплаб олиб, ўтган-кетганга отиш. Кеча иккита товуғимни ўлдириб қўйди. У фақат сизнинг гапингизга киради. Айтинг, қушларга, итларга тош отмасин! Ҳе, қушларга, итларга отгани майли, энди у ярамас, болаларга, шаҳардан, бошқа қишлоқлардан келаётган бегона одамларга ҳам тош отяпти.

Ошпаз жинни туйқусдан ортига қайтди. Ҳангоматалаб йигит шошганича унинг йўлини тўсди.

-Қаерга кетяпсиз?

-Қоч йўлимдан! Мен мантипаз акамларни соғиндим.

-Полвон жинни ўша мантипаз акангизга ҳам тош отди. Сиз унга насиҳат қилинг. Фақат сизнинг гапингизга киради.

-Йўлимдан қоч, дедим! Мен унга нима дейман?

-Бир боплаб сўкинг. Астар-аврасини ағдариб сўкинг. Етти маҳалласига кириб чиқиб сўкинг.

-Ҳе, қоч, бошимни қотирма, жинни! Ошнам тош отмайди.

-Ишонмасангиз, юринг, кўрсатаман. Қўйни тўла тош, сизгаям отади. Лекин сиз бўралатиб-бўралатиб сўксангиз, тош отмайди.

Тўсатдан Ошпаз жиннининг кўзлари қўрқинчли ёнди. У йигитни суриб ташлади-да, қишлоқ томон юрди.

Ошпаз жинни лапанглаганча чопиб борар экан, булоқ бўйида турган Полвон жиннига кўзи тушди. Полвон жиннининг ёнидаги йигит Ошпаз жиннига қўлини нуққанча нималарнидир уқтирарди.

-Ана-ана, айтдим-ку, қўлида тоши бор, - ҳангоматалаб йигит Ошпаз жиннининг ортида ҳарсиллаганча пичирлади.

Ошпаз жинни Полвон жиннига етишига ўн-ўн беш қадамча қолганда унинг кафтида ниманидир ғижимлаб турганини кўрди. Тош!

-Тошни ташла! Ҳе, сенинг уруғингни…

Ошпаз жинни тўхтовсиз сўкинар, қўлидагини ўнг чўнтагига солган Полвон жинни қучоғини ёзганча яқинлашарди. Тўсатдан Ошпаз жинни унинг оғзи-бурни аралаш мушт туширди. Полвон жинни ҳамон қучоқ очганча турар, энди гоҳ бўйнига, гоҳ биқинига тушаётган муштлардан қочишни ҳам, қарши зарба беришни ҳам ўйламасди. У Ошпаз жиннининг кўзларидан оқаётган ёшга тикилиб қолганди.

Ошпаз жинни Полвон жиннини урди-урди-да, хириллаганча сўкиниб, ортига бурилди, келган йўли томон лапанглаганча чопиб кетди.

-Ҳе, битта шаҳарликка кучингиз етмади-я! - деди ҳангоматалаб йигитлардан бири бошига муштлаётган Полвон жиннига.

-Калтакни егач, бошга муштлашдан нима фойда? Бор кучингизни қишлоқдагиларга кўрсатар экансиз-да. Ичи шириллаган. Қўрқоқ! – деди иккинчи йигит.

-Башарангизни дабдаба қип ташлади. Нимага уни урмадингиз? Бир уриб, анжир қип ташламайсизми, ерга ёпиштириб, - деди биринчи йигит афтини буриштириб.

-Нима, жиннимисан, меҳмонни уриб бўларканми! Шаҳарга борсам, чойхонасининг олдида абжағини чиқариб келаман! Сен югур, мановини ошнамга олиб бориб бер!

Полвон жинни ўнг чўнтагига қўл тиқди-да, тез олди. Унинг кафтидан катта-кичик тангалар сочилиб кетди.

 

Ўринбой УСМОН,

                   Тожикистон Ёзувчилар иттифоқи аъзоси.

КАЛЕНДАР

« Ноябр 2024 »
Дш Сш Чш Пш Жм Шб Яб
        1 2 3
4 5 6 7 8 9 10
11 12 13 14 15 16 17
18 19 20 21 22 23 24
25 26 27 28 29 30  

МАҚОЛАЛАР

Яхши дам – ўқишда ҳамдам

 

Ўқувчиларнинг ёзги таътилларини қизиқарли ва мазмунли ўтказиш Тожикистон Республикаси Ҳукумати олиб бораётган ижтимоий сиёсатнинг асосий йўналишларидан ҳисобланади.

Шу боис ҳам, Тожикистон Республикаси Ҳукуматининг 2019 йил 1 мартда қабул қилинган 103-қарори талабаларнинг ёзги дам олиш мавсумини самарали ташкил этишга қаратилган.

Муфассал...

Бола

 

-Тур ўрнингдан!

Ана шундай дағдаға билан она боланинг устидаги кўрпани итқитиб юборди-да, ўша важоҳатда давом этди:

-Тез бўл! Мактаб пайтинггача молни боқиб кел!

Бола уйқуга тўймаган кўзларини уқаларкан, нарироқда ширингина ухлаб ётган укаларига тамшаниб қаради- да, эринчоқлик  билан ўрнидан турди.

Муфассал...

СТАТИСТИКА

Сайтга кирганлар
1
Мақолалар
872
Мақолаларни кӯрганлар сони
1990435

ӮҚУВЧИЛАР СОНИ

7477414
Бугун
Кеча
Шу ҳафта
Ӯтган ҳафта
Шу ой
Ӯтган ой
Ҳаммаси
3342
4027
21027
7426653
99058
114875
7477414

Сизнинг IPнгиз: 18.118.193.223
Бугун: 23-11-2024 16:44:25

ҲАМКОРЛАР

 

 

   

2015