Жамшид Пиримов портретига чизгилар
Оғир карвон устоз...
Баҳорнинг илиқ нафаси эсиб, кайфиятингиз кўтарилади. Текис асфалтда маршрутка гўё учиб кетяпти. Шаҳар ва қишлоқларда, йўл четида бажарилаётган бунёдкорлик, ободончилик ишларини кўриб, кўзларингиз қувонади. Ҳаётда гўё уйғонишу жонланиш. Ҳамма кўчада, дарвозаси олдида иш билан банд. Шоир айтганидек:
Шивир-шивир оҳангларни туяяпти юрагим,
Шу туйғуга ташна эдим, шу куйга мен интизор.
Кулгусидан гулнинг дарак бераяпти юрагим,
Қатим-қатим нур ипи-ла палак тикмоқда баҳор.
Узоқ йўлнинг шуниси яхшики, хоҳлаганингча хаёл суришинг ёки ўтган кунларингни сарҳисоб қилишинг, ё бўлмаса келгуси режаларни тузиб олишинг мумкин бўлади. Мен эса, Жамшид ака билан илк марта учрашган кунимни эслаб кетяпман.
2001 йилнинг сентябр ойида, Солиҳа опам мени Суғд вилоят радио-телевидениесига ишга таклиф қилди. Ҳаётнинг оғир синовларидан кейин энди биринчи марта шаҳар марказига ишга келишим, ҳали ҳеч кимни танимайман, оилавий шароитим оғир, кийимим ҳам оддий, оинаи жаҳонда ўз кўрсатувлари билан машҳур бўлган “элита”лар олдида ўзимни ноқулай сезиб, қимтиниб ишга келиб-кетиб юрган пайтларим эди. Журналистика соҳасида менга устозлик қилган Солиҳа Олимова эшиттиришларни қандай тайёрлаш, интервю олишда нималарга эътибор қаратиш кераклиги ҳақида маслаҳат бераётган эди. Кабинетга баланд бўйли, сочлари қўнғиртоб, қарашлари жиддий бир киши кириб келди. Биз дарҳол ўрнимиздан туриб, салом бердик.
Муаллима бизни таништирди. Мен “тирик шоир”ни биринчи марта кўриб турган эдим. Ижод аҳлини олисдаги юлдуз каби тасаввур қилардим. Болалигимдан шеърларини ўқийвериб ёд олганим Жамшид Пиримовнинг шунчалар камтарин ва самимий инсон эканлигини кўриб, ҳайрон бўлиб қолдим. Суҳбатимиз асносида у киши бошимдан ўтказган кунлардан воқиф бўлиб, менга оталарча ғамхўрлик билан: -Хафа бўлманг, онажон, ҳали ҳаммаси яхши бўлади. Фарзандларингиз улғайиб, паҳлавон йигитлар бўлишади, мени айтди, дерсиз. Сиз энг бахтиёр она бўласиз… - деганида кўзларимдан ёш қуйилган эди. Мана, ўша гапга ҳам 20 йилча бўлиб қолди.
Ҳар гал Жамшид ака ҳақида сўз кетса, ”онажон”, деган сўзлари қулоғим остида жаранглайди. Отам меҳрини туйгандай бўламан. Худога минг қатла шукрлар бўлсин, бугун мен чиндан ҳам бахтиёр онаман. Паҳлавонларим улғайиб, уйли-жойли бўлишди. Набираларим бор, етказганига шукр. Бу тўкисликка етишишда, Жамшид ака, Солиҳа опа каби инсонларнинг менга берган руҳий мададлари ҳам ҳисса бўлиб қўшилган, дея оламан.
Жамшид аканинг яна бир хизматлари борки, бунинг учун бир умр миннатдорман. Бу ҳам бўлса, мени Зулфия Бобоева билан таништирганидир. Устоз сабаб, мен опам каби яқин сирдош, ғамхўр дўст, меҳрибон она, фидойи ва матонатли инсон билан яқинлашдим. Мен учун яна бир эшик очилди. Қачон шеър эшитгим келса ёки соғинч туйғулари жўш урса, Деваштичнинг Мужун қишлоғига қараб кетвораман. Ҳар гал мириқиб суҳбатлашамиз, шеърхонлик қиламиз, Зулфия опамдан руҳий қувват оламиз ва дийдорлашув ниҳоясида, албатта, бизни учраштирган Жамшид акамни дуолар қиламиз. У киши бу хонадоннинг қадрдонига айланиб қолган. Улар оилавий борди-келди қилишади.
- Жамшид ака оғир карвон,- дейди Зулфия опа,- шоир ҳақда сўз кетар экан,- унинг ортидан тош отганлар, ғийбат қилганлар, кўнгил шишасини чил-чил қилганлар қанча, аммо бирор марта уларга қарши бир сўз айтган ёки устидан шикоят хати ёзган одам эмас. Нафратини шеърида баён этади:
Унда менинг қўлим кесдингиз,
Бунда менинг йўлим тўсдингиз.
О, мен шунча юксалибмидим,
Қовриласиз, шунча песмисиз?
Сиз ҳақдирсиз, сиз поксиз балки,
Бунда қолинг, майли мен кетай.
Ё сиз телба ёки мен телба,
Дунёнгизга сиғмасам нетай?
Самимиятга йўғрилган шеърият
Жамшид ака - улуғ инсон. У Ўзбекистон Қаҳрамони, севимли шоиримиз Абдулла Орипов ва яна қанчадан-қанча таниқли ижодкорлар билан яқин бўлган. Шу ўринда, Ўзбекистон Халқ шоири Абдулла Ориповнинг шоир ижодига берган баҳосини келтираман: ”Жамшиднинг беғубор самимиятга йўғрилган шеърларини ўқир эканман, юрагимга аллақандай ёруғлик оқиб кираётгандай туюлади.
...Ҳеч ким, ҳеч қачон унутмайдиган мусаффо фасл – болаликнинг унутилмас хотираларини яна бир бор идрокимда жонлантиргани учунми, унинг мисралари дилимга яқин”.
Жамшид Пиримовнинг “Билган одам сўзласин” шеъри худди менинг опамга бағишлаб ёзилгандай:
...Бу расолик, тамизни билмам қайдан олгансиз,
Ман деган аёл зотин ҳайратларга солгансиз.
Ахир боқинг атрофга, яшар турфа жигарлар,
Баъзан ғаним ўзники, гоҳо яқин дигарлар.
Лекин қадр ўрнини босолмас сийму зарлар,
Қон-қардошим ичинда ягонам - опам менинг,
Кўзмунчоғим, гавҳарим, дурдонам - опам менинг.
Шоирнинг гоҳ майин лиризм, гоҳ исёнкор, инсоний дард билан йўғрилган шеърларини севиб ўқиймиз. Улар, шубҳасиз, адабиётимиз хазинасини ўзига хослиги билан бойитган.
Бу шеърни ўқиганимда эса, опамнинг меҳнаткаш сиймоси кўз олдимга яқинроқ келаверади…
Шоирнинг “Бу – сиз эмас!” шеъри ҳам қишлоғимиздаги бир қизнинг ҳаётига ўхшаб кетади:
...У ёпган нон, ялпиз сомса мақтовлийди қишлоқда,
Кеч қайтарди тўқ буғдойнинг сарагидан нақш ясаб.
Дер эдилар: кўз тегмасин, шу қизни бахт кутмоқда,
Ва совчилар келаверди кимнингдир номин атаб.
Мана бугун Сиз қаршимда,
Бу – Сиз эмас, опажон!
Боқишлари ҳаяжонсиз, тилла тишли жувон - бу,
Кўзларида меҳри йўқдир, сўзларида сеҳри йўқ,
Ҳаётини зеб-зийнатга тиккан шўрлик инсон - бу.
Шеърни ўқиган бир дугонам: -Бу шеърни фалончига бағишлаб ёзган эмасми? Ё сен унинг ҳаётини айтиб берганмисан, бунчалар ўхшатмаса! - деб ҳайрон қолган эди. Шоирнинг қишлоқ ҳаёти билан узвий боғлиқлиги учун ҳам шеър ҳаётий чиққан. Чунки бундай воқеалар деярли ҳар бир қишлоқда учраши мумкин. Қишлоқнинг тоза ҳаволари келиб турган оддий, тўпори одамлари тавсифлари, ўй-кечинмалари чизилган ўнлаб шеърлари ёд бўлиб кетган. Шахсан мен ҳам уларни севиб ўқийман, руҳимга “юқтираман”.
Сермаҳсул ижод намуналари
Ўй-хаёллар билан бўлиб, Майдончага кириб борганимни ҳам сезмай қолдим. Сўраб-суриштириб, Жамшид аканинг ҳовлисини топдим. У киши боққа кетган экан. Келгунича китоб жавонидаги китобларни кўздан кечирдим. Ўзининг қаламига мансуб китоблар алоҳида терилган: “Майса ҳиди”, “Ёруғ сўз”, “Хазонрез кунлар”, “Бўладиган эл”, “Зангори япроқлар”, “Карвон”, “Тош китоб” (таржималар), “Қуёш фарзанди” (таржималар), “Тийра моҳ”, “Саодат соҳили”, “Ишқ жоми”, “Сайланма”, “Кўнгил кўзгуси”, “Ҳайрат суратлари”, “Ибодат”, “Моҳият”, “Ҳамоҳанг кўнгиллар”( таржималар), “Адолат дарахти”, “Эртага кеч бўлади” каби бадиий ва публицистик асарлар, Ф. Муҳаммадиевнинг қисса ва ҳикоялари таржимаси...
Таниқли шоирни 1979 йилда республика газетаси “Совет Тожикистони” (ҳозирги “Халқ овози”)га ишга чақиришди. У ерда 1997 йилгача фаолият юритди. У киши Тожикистон телевидениесида илк бор “Дийдор” номли ўзбекча кўрсатув ташкил қилиб, узоқ йиллар унга муҳаррир бўлди.
Хўжанд шаҳрига қайтгач, “Суғд ҳақиқати” вилоят газетасида бўлим мудири ҳамда “Қадрият” газетаси Бош муҳаррири бўлиб ишлади. Бир вақтнинг ўзида, Тожикистон Ёзувчилар иттифоқининг Суғд вилояти ўзбек бўлими мудири вазифасини ҳам бажарди. Айни пайтда, “Шарқнома” журнали Бош муҳаррири.
Жамшид аканинг шеърлари Тожикистон ва Ўзбекистон матбуотида мунтазам равишда нашр этилиб келинмоқда. У икки халқ орасидаги дўстлик алоқаларини мустаҳкамлашда ҳисса қўшиб, тожик адабиёти вакиллари асарларини ўзбек тилига таржима қилиб, кенг китобхонлар эътиборига тақдим этмоқда. Саидали Маъмурдан қилган таржималари “Қуёш фарзанди” номи билан алоҳида китоб ҳолида “Ирфон” нашриётида чоп қилинди. Жумладан, Фазлиддин Муҳаммадиевнинг икки қисса ва ҳикоялари, Тожикистон Халқ ёзувчиси Раҳим Жалил ҳикоялари, Тожикистон Қаҳрамони Мирзо Турсунзода, Лойиқ Шерали, Бозор Собир, Гулназар, Гулрухсор, Мўмин Қаноат, Низом Қосим, Зулфия Атои, Аҳмаджон Раҳматзод, Неъмат Оташ, Камол Насрулло, Мавжуда Ҳакимова, Ҳақназар Ғойиб каби элликка яқин ижодкорлар шеърларини таржима қилиб, нашр эттирди. Шунингдек, Евген Гребинка, Леся Украинка, Роберт Рождественский, Евгений Евтушенко, Александр Твардовский, Суюнбой Эралиев, Эдуард Асадов каби машҳур шоирлар шеърларини ҳам ўзбек тилига ўгирган.
Жамшид Пиримов бир неча публицистик китоблар муаллифи ҳамдир. Унинг шеърлари тожик, рус, қирғиз тилларига ўгирилган. Шеърларига санъаткорлар куй басталаб ижро этишади.
Китоб жавонидаги қизил папка эътиборимни тортди. Унда шоир турли йилларда тақдирланган ифтихорнома ва унвонлари сақланади. Жамшид ака Тожикистон Республикаси маориф ва маданият аълочиси, Зуфархон Жавҳарий ва Ҳамза Ҳакимзода Ниёзий номли адабий мукофотлари соҳиби, Тожикистон Журналистлар ва Ёзувчилар иттифоқлари аъзоси, халқлар орасидаги дўстлик муносабатларини мустаҳкамлаш ҳамда адабиётни ривожлантиришда қўшган хизматлари учун “Нишони сухан” кўкрак нишони, саноқсиз ифтихорнома ва дипломлар билан тақдирланган.
…Жаннатга монанд ҳовлидаги дарахтларнинг баҳор шабадасида шодон силкинишидан кўнглимда алланечук ёруғ ҳиссиётлар уйғонарди, шеър қуйилиб келарди... Йўл олис, ноилож бу оила билан хайрлашдим…
Бихалича АҲМЕДОВА,
Тожикистон Республикаси маданият ва матбуот аълочиси.
**
АДОЛАТ, АДАБИЁТ, ВАТАН ВА УЛУС ФИДОЙИСИ
Қадрдоним, жигарим, қозоқ туркчасида айтганимда, бовурим, қирғиз туркчасида айтганимда, тувганим Жамшид муаллим Пиримов билан икки асрдан бери мулоқоту муҳаббатлашувдамиз.
Ҳақиқатни айтиш мумкин бўлмаган кишига ҳеч қачон тўғри гапни гапирма, деганларидек, ажойиб шоир, меҳнатсевар ношир дўстимиз билан ҳақу ҳақиқат, адлу адолатнинг ҳар қандай оҳанг ва пардаларида қўнишмоқ мумкиндир.
Жамшид муаллим эсини танибдиларки, миллат ва Ватан адабиёти хизматида. У кишим – шахс ва санъаткор ўлароқ, адабиётга хиёнат –адолатга хиёнат эканлигини туб мақсад моҳияти билан англаб етгувчи жуда оз сонли ижодкорлар сирасига киради.
Агар шоирлар ҳақиқий бўлсалар, улар илк битикларидан сўнгги сатрларига қадар юксалиб, мантиқ илми ва фалсафанинг энг олий шоҳсупасига кўтарилиб, Атоий, Лутфий, Яссави-ю Жомий, Навоий ва Бобурлар эришган мақому мартабага эришадилар.
Шеърият аталмиш муқаддас эътиқодни парча луқма қурбони этиб, султон таниган ит, суяксиз қолмас ақидасига амал қилиб, маддоҳлик йўлидан борсалар, Қуръони Каримнинг “Шуаро” сурасида қайд этилган шоирлар даражасига тушиб қоладилар. Ва бу гирдобдан қайтиб чиқа олмайдилар.
Аввало, адолат демаган ва шунга амал қилмаган киши ким бўлмасин, ҳеч қачон Ватан ва миллатини севиб, унинг ҳақиқий фидойиси бўла олмайди. Ва унинг ҳеч бир сўзига ишониб бўлмайдир.
Ўттиз кам юз ёшга кираётган қондошу жондошимиз Жамшид муаллим қардош Тожикистоннинг меҳрли ҳавоси, у гўзал юртдаги авлодларимиз нафасини бизга етказиб турган дўстлик, қардошлик ва меҳру муҳаббат элчисидир.
Ул дўстимиз ҳамкорлари билан нашр этаётган “Шарқнома” журнали бадиий савияси, журъату жасорати билан Марказий Осиёда ягонадир. Кўп мамлакатларнинг битикчилари ана шундай нашрлари бўлишини орзу этадилар.
Инсоннинг инсонлиги, санъаткорнинг ҳақиқий санъаткорлиги унинг борлиққа, кишиларга бўлган меҳру муҳаббати, оқибату садоқати билан ўлчанади. У шу меҳр қанотида юксалади.
Ҳар замону маконда, давру давронда биз ўзбекистонлик ижодкорлар Жамшид муаллимдан ана шу инсоний меҳру оқибатни кўриб келдик.
Азиз ва асил дўстимиз - Жамшид муаллим тимсолларида бутун тожикистонлик дўстларимиз, шарафли тожик халқига эсон-омонлик, тўрт кўз тугаллик ва бағри бутунликни тилайман!
Ҳеч бир замон кўзларингиздан ёш, дуоларингиздан тош тушмасин!
Сиз покиза қалбли қардошларимга севгиларим, чексиз меҳр-муҳаббатимни изҳор этаман.
Нурали ҚОБУЛ,
халқаро Чингиз Айтматов академияси академиги.
**
ИСМИ ҲИКМАТЛИ ИЖОДКОР
Жамшид – Абулқосим Фирдавсийнинг машҳур “Шоҳнома” асаридаги афсонавий подшоҳнинг номи бўлиб, улуғ, улкан, муаззам, деган маъноларни билдиради. Ҳар гал таниқли шоир, ажойиб инсон, садоқатли дўст Жамшидни кўрганимда, асарларини ўқиганимда, унинг исмидаги ҳикматли маънони эслайман. Донишмандларнинг гувоҳлик беришларича, одамнинг исми унинг кейинги тақдирига, феълу атворига, албатта, ўз таъсирини ўтказар экан. Адабиётни, ижодни муқаддас қадрият янглиғ кўнглига жо этган ва умрнинг етмишинчи манзилини кўзлаб турган дўстимизнинг мазмунли ҳаёт йўли бу фикрнинг тасдиғидир.
Ёзувчилар уюшмасининг аъзоси, форс-тожик адабиётининг заҳматкаш таржимонларидан бири Жамшиднинг баракали, сермазмун ижоди китобхонларга яхши таниш. Унинг турли йилларда “Зангори япроқлар”, “Карвон” , “Бўладиган эл” , “Моҳият” каби Ўзбекистоннинг давлат нашриётларида ва Тожикистонда чоп этилган “Майса ҳиди”, “Ёруғ сўз”, “Ишқ жоми”, “Тийра моҳ”, “Кўнгил кўзгуси”, “Моҳи тобоним”, “Сайланма”, “Ибодат” каби ўнлаб шеърий мажмуалари тилга тушган ва машҳур бўлган.
Серқирра истеъдод соҳиби бўлган Жамшиднинг шеърияти ҳақида кўп ва хўп гапириш мумкин. Шеърларининг мавзуси ранг-барангдир. Лирик қаҳрамон кечинмаларининг тиниқ ва таъсирчан ифодаси китобхонни бефарқ қолдирмайди, қалбини тўлқинлантиради. Бундай фазилат эса, юксак истеъдод маҳсулидир.
Муқаддас ҳадисда айтиладики, Аллоҳга имон келтиришдан кейинги амалларнинг, энг афзали, одамлар билан дўстлашишдир. Назаримда, Жамшид бир умр шу ҳикматга амал қилиб яшагандай...
Ҳаётда яхши дўстлар орттириш ҳаммага ҳам насиб этавермайди. Атоқли адиб Асқад Мухторнинг шундай бир армонли гапи бор: “Дўстлик бор, дўстлар йўқ”...
Менимча, ҳаётда дўст орттиришнинг оддийгина бир сири бор: одамнинг ўзи, аввало, дўстликка муносиб, лойиқ бўлиши керак. Тўла ишонч билан айта оламанки, Жамшид ана ўшандай дўстликка лойиқ инсон.
Жамшид ҳар гал Тошкентга келганда, биринчи галда дўстларини йўқлайди, уларнинг ҳаёти ва ижодларидаги янгиликлар, ютуқларни эшитиб суюнади, Дўрмонга бориб, устоз Абдулла Ориповни (Аллоҳ раҳмат қилсин) зиёрат қиларди. Нурали Қобул, Ҳалима Худойбердиева, Қутлибека Раҳимбоева, Икром Отамурод, Мирзо Кенжабек, Насриддин Муҳаммадиев (Аллоҳ раҳматига олган бўлсин), Камина, Қўчқор Норқобил, Хосият Рустамова, Азим Суюн, Турсун Али, Мирпўлат Мирзо, Абдуваҳоб Қўчқоров, Эркин Воҳидов (Аллоҳ раҳмат қилсин), Пиримқул Қодиров, Ўткир Ҳошимов (Аллоҳ раҳмат қилсин), Усмон Азим каби дўстлари билан мириқиб гурунглашади. Туғишган укаси, таниқли адибимиз Шойим Бўтаев билан кўришиб, болалик хотираларини эслашади.
Шоир дўстимнинг фаолиятидаги мен ҳавас қиладиган ва кўпларга ибрат қилиб кўрсатадиган яна бир муҳим фазилати - адабий меросимиз, таниқли шоир ва ёзувчиларнинг ижодига чексиз эҳтироми, эътиқодидир. Бундай фазилат шахсий доирадан кўтарилиб, икки қардош халқларнинг азалий дўстлигига, муштарак қадриятларимизга хизмат қилаётгани ҳам, айни, ҳақиқатдир. Жамшид ҳазрат Навоий, шунингдек, Эркин Воҳидов, Жамол Камол, Ўлмас Жамол, Зулфия Бобоева ғазалларига мухаммаслар бағишлагани ана ўша эҳтиром ва эътиқоднинг кичик бир исботидир десам, хато бўлмайди.
Жамшиднинг “Шарқнома” журналининг 2017 йил, биринчи сонида “Мен шоирман”, дея номланган Абдулла Орипов ҳақидаги хотираларини зўр ҳаяжон ва қизиқиш билан ўқидим. Муаллифнинг буюк шоиримиз ҳақидаги нозик ва теран кузатишлари, унинг ижодига чексиз меҳру ихлоси ҳақиқат бўлишидан ташқари Абдулла Орипов мухлисларининг ҳам кўнглидаги фахру ғурурга, армонларга монанд эканлиги билан диққатга сазовордир.
Қадрдон дўстим Жамшид ижодкор умрининг, айни, етуклик палласида. Дўстимга сиҳат-саломатлик, узоқ умр тилаш баробарида, қулоғига шивирлаб айтадиган яна битта гапим бор: фақат уни дўстим юз ёшга тўлган кунда айтаман. Унгача ҳаммамиз омон бўлайлик.
Шодмон Отабек,
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг аъзоси, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими.
Тошкент.
Дунёдаги ривожланган мамлакатлар тараққиётининг асосий таянчи уларнинг иқтисоди бўлиб, давлат қудрати мазкур соҳанинг қай даражада равнақ топгани билан белгиланади.
Ўз навбатида, иқтисодиётнинг юксалиши шу давлат жойлашган географик ҳудуд ва иқлимига ҳар жиҳатдан боғлиқдир.
Муфассал...
Ўтган замон ҳикояси
Карам чол фақат ўзи яшаётган қишлоқда эмас, балки ўша пайтда Қалъаи Сурх, деб аталган районда темир каравотга эга бўлган биринчи одам эди. Оддий каравот. Тўрт оёқли, суянгич-панжарали симкаравот. Лекин чол бу каравоти билан жуда-жуда фахрланарди. Қиёслаш учун айтадиган бўлсак, ҳозирда «06», «Жигули» ё «ГАЗ-24» сотиб олган одамлардан камроқ гердайиб юрмасди. Бу каравотни марказга кўчиб кетган қизи юборганди.
Муфассал...2015
1-2015
2-2015
3-2015
4-2015
5-2015
6-2015
7-2015
8-2015
9-2015
10-2015
11-2015
12-2015
13-2015
14-2015
15-2015
16-2015
17-2015
18-2015
19-2015
20-2015
21-2015
22-2015
23-2015
24-2015
25-2015
26-2015
27-2015
28-2015
29-2015
30-2015
31-2015
32-2015
33-2015
34-2015
35-2015
36-2015
37-2015
38-2015
39-2015
40-2015
41-2015
42-2015
43-2015
44-2015
45-2015
46-2015
47-2015
48-2015
49-2015
50-2015
51-2015
52-2015