Ўзбекистон Халқ шоири Ҳалима Худойбердиеванинг шеърлари бизнинг китобхонларимиз томонидан ҳам севиб ўқилган ва ўқилмоқда. Мен илгарилари ҳам Ҳалима опа билан кўп учрашганман. У киши «Саодат» журнали бош муҳаррири, Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитасига раис бўлиб ишлаётганларида ҳам суҳбатлашишга вақт топа олар эдилар. Кабинетларида устозлари Зулфия опа портрети осиғлиқ турарди. Ҳалима опанинг қабулидан хурсанд бўлиб чиққан
аёлларни кузатганман. Мен яқинда ўзбек шеъриятининг ёрқин юлдузи билан яна бир бор учрашиб, суҳбатлашиш имконига эга бўлдим.
Ҳалима опанинг оналари асли бизнинг Қайирма (ҳозирги Ваҳдат) қишлоғидан бўлганлар. Ҳалима опа ҳамқишлоқлари, қариндош-уруғлари билан борди-келдини узмасдилар. Таклиф қилинган жойга вақт ва имкон топиб келардилар. Тўй-маъракаларда учрашиб турардик. Қайирмага тоғалари Холназар ўғли Раззоқ аканикига келиб турардилар. Ҳар гал Қайирмага келганларида, суҳбатларига ошиқардим.
Таниқли адиб Пиримқул Қодировнинг шаҳристонлик эканликларини ҳамма билади. У киши ўзлари туғилиб-ўсган Кенгқўл қишлоғи (ҳозирги Истиқлол)га ижод қилиш ва дам олиш учун ёз пайтлари келардилар.
Қайирма қишлоғида Улуғ Ватан урушида ҳалок бўлган ҳамқишлоқлар хотирасига ёдгорлик ўрнатиладиган бўлди. Бу ёдгорликнинг йиллар оша халқни жасоратга, ватанпарварликка чорлаб туриши учун Пиримқул Қодиров ва Ҳалима опа олдига маслаҳат сўраб боргандим. Шунда Ҳалима Худойбердиева янги чиққан «Муқаддас аёл» китобига менга дастхат ёзиб бергандилар. Ёдгорликнинг очилиш маросимида бу китобдаги «Fалаба», «Қирчиллама қирқ йигит», «Ватан бахти» шеърлари мактаб ўқувчилари томонидан ифодали ўқилди.
Ёдгорлик 1988 йил 7 майда очилди. Бундан бир кун олдин Пиримқул Қодиров, Ҳалима Худойбердиева, опанинг турмуш ўртоғи қишлоқка ташриф буюришди. Икки қўшни мамлакат – Тожикистон ва Ўзбекистон телевидениелари ходимлари 10 мингдан ортиқ инсон қатнашган ёдгорлик очилиши маросимини тасвирга олишди. Нуфузли меҳмонлар олдида Ҳалима опа қайирмалик Байрам холани ёнларига олиб, у кишига бағишланган «Она садоқати ва ёлғиз ўғил қиссаси» асарларини ўқиб бердилар. Ўша кунлар ҳамқишлоқлар ва меҳмонлар хотирасида унутилмас бўлиб қолди.
Мустақиллик давридан кейин, 2013 йилнинг 6 июн куни Сирдарё вилоятининг Ховос туманидаги «Қайирма» қишлоғида Ҳалима опанинг синглиси Раҳима Худойбердиева хонадонида икки соатлик мароқли суҳбатимизда шоиранинг менга қараб «Биз кўнгил одамларимиз», деган гаплари ҳеч эсимдан чиқмайди.
Ўшанда хайрлашар эканлар, она-юртлари Тожикистонга, ҳамюртларига энг яхши ниятлар тиладилар. Бир йил олдин нашрдан чиққан «Буюк қушлар» китобларини тутқазар эканлар, ундаги ёзувга кўз югуртирдим: «Ҳамюртим, адабиётнинг катта муҳиби, укам Мирзоолимга! Жоним укам, бизларни шеърият, адабиёт бирлаштиради. Шу бирликда гуркираб, ҳамиша омон бўлинг. 6.06.2013».
Ҳалима опа билан ўтган йил охирида учрашганимизда, истеъдодли шоира янги китоблари «Осойишта шом» ва Дилбар Маҳмудованинг «Ҳалима» номли китобини тақдим этдилар. Китобдаги Ҳалима опанинг «Қишлоқдошим, онамнинг ҳиди келаётган Мирзоолимга. Шундай мулоқотларимиз узоқ-узоқ давом этсин. Сизга эҳтиромим ва иззатимни қабул қилинг. Она юртимга меҳри муҳаббатим бўлак», деган дил сўзларини ҳар гал ўқиганимда, ҳассос шоиранинг юрагидаги она қишлоқ соғинчини туйгандай бўлавераман.
Шу ўринда Ҳалима Худойбердиеванинг ҳаёт ва ижодий фаолиятларига қисқагина тўхталсак. Шоира 1947 йил 17 майда Сирдарё вилоятининг Боёвут туманида таваллуд топган. 1972 йилда Тошкент Давлат дорилфунунининг журналистика факултетини тугатган. «Илк муҳаббат», «Оқ олмалар», «Суянч тоғларим», «Чаман», «Иссиқ қор», «Ҳурлик ўти», «Юрагимнинг оғриқ нуқталари», «Тўмариснинг айтгани» «Сайланма», «Йўлдадирман», «Белые яблоки», «Решимост» каби китоблари чоп этилган. Ўзбекистон Давлат мукофоти лауреати (1990) ва Ўзбекистон Халқ шоири (1992 йил).
Тошкентдаги суҳбатимиз асносида Ҳалима опа она қишлоқлари ҳақида соғинч ва эҳтиром, меҳр-муҳаббат билан гапирдилар.
-Мен она томондан қайирмаликман. Ўратепадан юқори қараб ўрлаганда Шаҳристонга етгунча Пашши, Қайирма каби катта-катта қишлоқлар бор. Ери қуруқ, ҳосилдор. Қирларида қип-қизил лолалар очилади, там-там олмаларининг тозалиги, ширинлигини ҳануз эслаб юраман. Сел олиб кетган жарликлар, тез оқар жилғаларнинг тиниқ сувлари остида тошлари кўриниб туради. Ўша жилғаларда яланг оёқ сув кечиб юрганларимиз, етолмай қолган олмаларимизни сув оқизиб кетганини ҳалиям тушларимда кўраман. Тепаликлар, сойликлардаги ковул, каврак, оққиз, сачратқи, қирққиз каби минг хил тоғ ўтларининг иси ҳалиям димоғимга урилиб тургандай. Ҳақиқатдан ҳам мен онам пиширган Қайирма патирининг таъмини ҳали-ҳануз ҳеч ерда учратганим йўқ… Болалик йилларим шу қишлоқда кўп ўтган. Асли қайирмалик Сайрам(Байрам) бахшининг урчуқ йигириб, ўрмак тўқиганларини кўп кузатганман. Ўрмакнинг кузувини онам Қаршигул чевар боғлардилар (одатда кузувни, асосан, кайвонилар ишининг устаси бўлган чеварлар боғлайдилар). Биз унинг тўрини йигирардик. Онам билан ёнма-ён ўрмак тўқирдим. Ироқи дўппиларнинг ироқисини тикардим. Етти-саккиз, ўн икки, ўн тўққиз, жуфт қоқма, ғашори каби олача гиламлар турларини тўқирдик. Ҳозир ҳам нусхалар чиқариб, тўқий оламан.
Ҳалима опага ижод, ижодкор хақида савол бераман. У кишининг жавобларини мароқ билан тинглайман:
- Ижод – бу машаққат, тинимсиз меҳнатда роҳат топмоқ истасангиз, зўр ижодкор бўлинг. Ўзингизнинг «мен»ингиз бўлсин. Мен халқимнинг виждониман, овозиман, умид, орзу, армонлариман, шунинг учун курашаман, денг. Бу гапларни ошкора айтманг, овоза қилманг. У ичингиздаги куч-илҳом бўлсин. Сизни уйқудан уйғотувчи, курашга чорловчи туйғу бўлиб, қалбингизда яшасин. Ўртамиёна ижодкор бўлманг, ўртамиёначилик гирдобга ташланган тошдек йўқолади. Ҳа, яхши ижодкор бўлмоқ - оғир савдо. Шу оғир савдо бошига тушган ва уни енгган киши ҳақиқий ижодкордир. Ижодкорлар, зиёлилар халқни уйғотувчи, етилиб келаётган жараёнларга тайёрловчилар ҳисобланадилар. Биз ижодкорлар халқнинг онгига таъсир этишда шу сифатга эришмас эканмиз, бу бизнинг ишламаётганлигимизни кўрсатади. Мафкурада оқсаётганлигимизни билдиради. Ижодкор муайян бир халқ орасида яшаб туриб, шу халқнинг иссиғи-ю совуғига аралашмай, шу халқ оғриётган дард билан оғримас экан, уни том маънодаги ижодкор, деб бўлмайди.
Қулоқларим тагида Ҳалима опанинг юрак тўридан чиққан сўзлари жаранглар экан, ижод майдонига кириб келаётган ҳар бир инсоннинг бу гаплар мағзини чақишларини истаб қоламан. Ва Ҳалима Худойбердиеванинг оналари, қайирмалик Қаршигул опага бағишлаган шеърларини «Халқ овози» ўқувчиларига илинганликларини эслатаман.
Мирзоолим Қаршиев, Шаҳристон-Тошкент- Шаҳристон.
Жорий йилнинг 19-20 феврал кунлари Ўзбекистон Республикасининг пойтахти Тошкент шаҳрида «Марказий Осиёда ўзаро муштараклик: таҳдидлар ва янги имкониятлар» мавзусида халқаро конференция бўлиб ўтди.
Ўзбекистон раҳбари ташаббуси билан мазкур мамлакат Ташқи ишлар вазирлиги ҳамда БМТнинг Марказий Осиёда превентив дипломатия бўйича минтақавий маркази ҳамкорлигида ташкил этилган ушбу тадбирда
Муфассал...
Қизчани гўдаклигидаёқ кўпчилик меҳр билан қўлга олмади. Ҳатто, ота-онаси ҳам уни бошқа фарзандларидек юрак-юракдан суйиб эркалашмади. Андаккина бўй чўзиб, бошқа қизчалар билан қўни-қўшниникига кирганида ҳам, уни алоҳида ажратиб қўйишгандай, хушламайгина қарши олишарди. Дарҳақиқат, унда кишини беихтиёр ром этадиган, юракни жизиллатадиган нимадир етишмасди. Ана шу «нимадир» кўп йиллар уни таъқиб этди, ҳаётда ўз ўрни ва
Муфассал...2015
1-2015
2-2015
3-2015
4-2015
5-2015
6-2015
7-2015
8-2015
9-2015
10-2015
11-2015
12-2015
13-2015
14-2015
15-2015
16-2015
17-2015
18-2015
19-2015
20-2015
21-2015
22-2015
23-2015
24-2015
25-2015
26-2015
27-2015
28-2015
29-2015
30-2015
31-2015
32-2015
33-2015
34-2015
35-2015
36-2015
37-2015
38-2015
39-2015
40-2015
41-2015
42-2015
43-2015
44-2015
45-2015
46-2015
47-2015
48-2015
49-2015
50-2015
51-2015
52-2015