Биз билан боғланинг:

   

Бизга қӯшилинглар

ХАБАРЛАР

НАСР

Муаллиф: Super user Категория: НАСР
Чоп этилган 13 Феврал 2018 Кӯришлар: 2208
Печат

 

ёки Шоир Одил Икромнинг яна бир хайрли иши

muhabbattБадиий асар таржимони бировнинг томорқасида меҳнат қилаётган деҳқонга ўхшайди. Мен уни, ҳатто, мардикор ҳам дегим келади. Ўзини аямай чеккан машаққати, заҳмати учун. 

- “Расул ўзимиз қатори, фақат унинг Масковдаги таржимонлари зўр”, – дея ёзғиришади ўз вақтида шоир ғанимлари. Бу Ҳамзатовнинг ғашини келтиради. Чунки у чиндан ҳам зўр эди.

Аммо Расул Ҳамзатов деган доғистонлик шоир ижоди дунёнинг ҳар бурчагида бирдек севимли бўлишида, заҳматкаш таржимонларнинг ўрни чиндан ҳам беқиёс эди.

Бадиий асарни таржима қилаётган шоир, ёзувчи, ҳаргиз тилмоч эмас, у том маънодаги ижодкор. Бу гапимга яна бир мисол – Одил Икром ижоди. 

Бир неча кунки, “Замонавий тожик шеърияти антологияси” ва сўнгги йиллар тожик адабиётида ўзига хос “юриш қилган” шоирлар Фарзона ва Озарахшларнинг “Ишқ тасбеҳи” ва “Хайрли тонг” китобларини мутолаа қиламан. Китобларни менга таржимоннинг ўзи – севимли шоиримиз Одил Икром совға қилди. 

Афсуски, кеч учрашганим боис, Лойиқнинг китобидан бенасиб қолибман. Одил ака худди Расул Ҳамзатов ғанимлари орзу қилган масковлик таржимонлардек ҳар бир шеър, сатр устида бободеҳқондек тер тўккани кўриниб турибди. 

- Лойиқнинг китобини ҳам албатта, бераман сизга, - деди ака. Хурсанд бўлдим. Лойиқ ҳақида оз-моз тасаввурим бўлгани боис, кўпроқ Фарзона, Озарахш ва замонавий тожик шеърияти антологиясини ўқисам, дердим.

“Ишқ тасбеҳи”ни қўлга оламан, китобнинг чиройли муқовасидаги ёзув бир муддат диққатимни тортади – Фарзона. 

Бу ном илк бор қачон қулоғимга чалинганини аниқ эслайман. Хўжанд Давлат университетининг ўзбек филологияси факултетида талаба бўлган йилим: - Бир йил бурун тожик филологиясини Фарзона исмли шоира қиз битирган, - дейишарди. Мен аввал факултетдаги қандайдир бир тадбирда ва кейинчалик кўчаларда баъзан шоирани кўрардим. Кейинроқ, унинг овозаси Хўжанддан ташқариларга ёйила бошлади. Назаримда, Лойиқдан кейин, тожик адабиётида ярқ этиб кўзга ташланган ва довруғи кетган ягона шоир, бу – Фарзона эди. 

Пойтахт Душанбеда Фарзона иштирок этадиган шеърият кечаларида залларга мухлислар сиғмай кетганини эшитганман. Афсуски, ҳозир менинг қўлимда Фарзонанинг тожик тилидаги китоблари йўқ, лекин Одил Икром таржимасида унинг Хўжандни қоқ иккига бўлиб оқаётган Сирдарёдек сокин, аммо турган-битгани дарду ғалаёнларга тўла шеърларини шошмасдан гоҳ уйда, баъзан ишхонамда ўқидим:

Ишқ – энг тугал хулосаси маърифатларнинг,

Англаб етгин,

Ишқ – Худога бириккан қасам.

Шундай экан, баландроқ бўл ўзингдан, зеро,

Ишқ ўлади, Чумолига озор берсанг ҳам.

Ёки

Балки, қай бир эски тўрва,  эски сандиқда,

Қолгандир ишқ ва муҳаббат юқидан асар.

Туғилмоққа қадар босиб ўтай бу йўлни,

То тозармоқ, то Худо 

То Ўзимга қадар!

Шоиранинг “Нажот”, “Ибтидо”... каби ўнлаб дард тўла шеърларини қайта-қайта ўқигинг келаверади. 

Одил ака бу шоира шеърларини бежизга танламаган. Зар қадрини Одил Икромдек сўз заргари билади. Ахир, Одил Икромнинг ўзи ҳам - шеър ихлосмандлари томонидан аллақачон эътироф этилган чинакам шоир. Шоир бўлганда ҳам қандоқ шоир денг...

Яна бир гапни айтгим келади. Одил Икром – жуда зийрак ижодкор. Айримлар: -Адабиёт – менинг қисматим! – дейди у ёғини ўйлаб-нетиб ўтирмай. Ёлғон гапираяпти – дейман беихтиёр. Одил Икром эса, бошқача. У ҳеч қачон бундай баландпарвоз, кўпчиликка хуш келмайдиган гапни айтмайди, лекин адабиёт ёғида қоврилишдан зада бўлмайди, жонини аямайди, шубҳа қилсангиз, шоир ижоди билан қизиқиб кўринг.

У - ўзбек ва форс-тожик адабиётининг шайдоси. Румий, Бедилдан гапиринг ва томоша қилинг. Сиёсатдан гапирсангиз, энсаси қотади, сўз оқимини адабиёт, шеърга буринг ва яна кузатинг, тундлашиб турган чеҳраси бирдан ёришиб кетади.

Очиғи, Одил аканинг қандай китобларни мутолаа қилиши менга қоронғу, аммо қандай асарлар таржимасига қўл уришини, қандай асарларни ўқувчига тавсия қилиши мумкинлигини биламан. Мана, қўлимдаги китоблар бунга далил.

Фарзонанинг энг маҳзун шеърларидан ҳам қоронғу кўнглингизга қуёш зарраларидек ёруғ, ажиб бир ҳузурбахш нур таралиб туради. Бу нур ёғдусида Фарзона исмли шоиранинг журъатли овозига маҳлиё бўласиз ва Одил Икром деган шоирнинг нафасини ҳам аниқ ҳис этиб турасиз. Одил Икром “Ишқ тасбеҳи”ни том маънода ўзбекчалаштирган.

Фарзона Хўжандда туғилган. Хўжандлик аксарият тожик дўстларимиз ўзбек тилида гапирсангиз, елка қисмай, жилмайиб туриб, сизни тинглай бошлайди. Мен илк бор бу ҳолатни тожик адабиёти билимдони, таниқли адабиётшунос олим А.Насриддинов билан бўлган мулоқотда сезганман. Домла, мен – оддий талабанинг узундан-узоқ ўзбек тилидаги нутқимни жилмайиб туриб, хотиржам эшитганлар ва: -Шуми бор-йўғи? – дея бир парча қоғозга қўл қўйиб берганлар. Ишончим комилки, Фарзонадек зукко шоира “Ишқ тасбеҳи”ни ўзбек тилида ҳам ўқиб чиққан ва Одил Икромнинг, нафақат, зўр шоир, балки зўр таржимон ҳам эканлигига тан берган.

Озарахшни ҳам ўзбек шеърхонларига Одил Икром таништираяпти. Унинг мўъжаз китобчаси “Хайрли тонг”, деб номланган.

Эй, қалби кўр ғаним, дунёнинг дуни,

Қайтар дунё дерлар, билмассан буни.

Отганингда менга тегмаган тош - бу,

Кўтар, мозорингга олиб кет уни...

Ёки

Одамият жанги бошлангач, эсиз,

Қонга ғарқ бўлганин олам этди ҳис.

Бир маймун бошқа бир маймунга айтар:

– Хайрият, одамга айланмадик биз...

Бу сатрлар - шоир Озарахш қаламига мансуб. Менинг назаримда Озарахш ва Фарзонанинг шеърлари бир-бирини тўлдириб туради. Фарзонани ўқиган шеърхон, албатта, Озарахшни ҳам ўқиши керак, деб ўйлайман. Менга қолса, олдин Озарахшнинг ўқишни тавсия қилган бўлардим. У “дарёларнинг бошланиши бўлган булоқлардан сув ичган” шоир. “Хайрли тонг” бунга далил, қўлга оласиз ва бир нафасда ўқиб тугатасиз. “Ишқ тасбеҳи”нинг юки сал оғирроқ, уни бир бошдан, аста-секин сабр қилиб ўқийсиз. Ўқийсизу шоира сув ичган дарёларни хаёлан тасаввур қиласиз, қанча форс шоирлари кўз ўнгингиздан ўтади, йўқ, барибир уни ҳеч кимга ўхшатолмайсиз. “Ишқ тасбеҳи” шоира ҳаётида кечган “оғир” дамлардан хабар беради, сиз буни яққол ҳис этасиз ва шоиранинг бу дардларни шеърга солиш санъатидан истаганингизча завқ оласиз.

Одил Икром таржимасидаги учинчи китоб “Замонавий тожик шеърияти антологияси”. Китоб бир неча авлод шоирлари шеърларидан иборат ажойиб гулдаста бўлган. Ундан 60 нафар шоир ўрин олган. Одатда, антология тайёрланаётганда: -Кимларни киритиш керак? – деган масала кун тартибига чиқади, қаттиқ тортишувларга “старт” берилади. Баҳслар гоҳ ошкора, гоҳ пинҳона, катта – кичик идораларда узоқ давом этади. Табиийки, битта-яримта пичоққа илинадиган ижодкор атайин четлаб ўтилади. Шундай қилинмаса, антология – антология бўладими?..

Аммо ўша оқ фотиҳа олган, манглайи ярқираган шоирларнинг энг яхши асарини танлаб антологияга киритиш масаласига келганда, негадир муҳаррирда ҳафсала ўлган бўлади. Буниси муҳим эмас, муҳими, унинг номи. - Номи бор-ку, шунисига раҳмат, десин, - дейди... Шу маънода, “Замонавий тожик шеърияти антологияси”ни тайёрлаган ижодкорлар бундай номақбул йўл тутмаганига амин бўласиз. Антология Садриддин Айнийнинг шеърлари билан бошланади.

Менга Айний домланинг “Эсдаликлар”и кўпроқ ёқарди. Ўзбек тилида учраб қолган шеърларини ўқиганимда, жуда жўн бўлиб туюлган ва барибир домланинг насри зўр, деган фикрда қолганман. Антологиядаги шеърларини ўқиб, Айний домла бинойидек шоир ҳам экан, дедим ичимда.

Лоҳутий, Мирзо Турсунзода, эҳ-ҳе, кимлар йўқ дейсиз, бу рўйхатда. Бозор Собир, Гулрухсор, Лойиқ... у ёғи то Ният Ҳаёт, Озар ва Нурали Нурзодгача... Бухоро амирлигидаги таҳликали муҳит, сокин кўринган Шўролар тузуми ва истиқлол даври ижодкорлари шеърларидан тузилган гулдаста. Ҳар бир шеърда, ҳар бир шоирда ўзигагина хос дардни ҳис этасиз. Дарднинг моҳияти битта – у Амир замонида ҳам, коммунизмга бир баҳя қолган муҳитда ҳам, озодман, деб кўкрак кериб юрган дориломон кунда ҳам – оғриқ, у истаган пайт қалбга буров солиши мумкин. Антологияни ўқисангиз, ўзингиз бунга шоҳид бўласиз. «Қулоғидан тортиб» олиб кирилган зўрма-зўраки шеър йўқ ҳисоби. Аллақачон нарги дунёга сафар қилган – коммунизм остонасида туриб ижод қилган шоирлар шеърини ўқиганингизда ҳам, димоғингизга бугунги кун нафаси баралла келиб турганини сезасиз, шоирни, худди, ёнингизда турган замондошдек ҳис этасиз. 

Бу, ҳеч муболағасиз, истеъдодли шоир ва таржимон Одил Икромнинг иши, яъни меҳнати самараси.

Дарвоқе, шу кунлар шоир Одил Икром мавлоно Жалолиддин Румийнинг “Маснавий”си таржимасини ҳам охирига етказмоқда...

Аниқ эслайман, 1996 йил – шоир Равшан Файз фожиали тарзда оламдан ўтган кун, Тошкентда бир анжуман бўлганди. Унга атоқли адиб Чингиз Айтматов раислик қилиб: - Ижодкор, зиёлилар халқлар ўртасида кўприк бўлиши керак, афсуски, айрим зиёлилар бунинг аксини қилишмоқда, - дея ижод аҳлидан сал нолиган эди.

Одил Икром бугун худди Чингиз оға орзу қилгандек икки қону қардош – ўзбек ва тожик халқлари ўртасида кўприк вазифасини ўтамоқда. 

Бу – қандай хайрли иш, қандай хайрли кўприк.

Бу кўприкнинг умри, иншооллоҳ, узоқ ва боқий бўлгай. Муҳими, ундан ўтаётганингизда сиздан ҳеч ким шубҳаланмайди, биров бошпурт ва виза ҳам сўрамайди.

Одил Икром таржимасидаги “Замонавий тожик шеърияти антологияси”, Фарзонанинг “Ишқ тасбеҳи” ва Озарахшнинг “Хайрли тонг”ини топиб ўқинг, афсусланмайсиз.

 

Алишер Нарзулло, шоир, Тошкент шаҳри.

КАЛЕНДАР

« Ноябр 2024 »
Дш Сш Чш Пш Жм Шб Яб
        1 2 3
4 5 6 7 8 9 10
11 12 13 14 15 16 17
18 19 20 21 22 23 24
25 26 27 28 29 30  

МАҚОЛАЛАР

ОТ ЙИҒЛАГАН КУН

 

Инсоннинг болаликда эшитганлари ҳеч қачон ёдидан кўтарилмас экан. Онам унчалик саводли бўлмасалар-да, лекин эртак, ривоят ва бошларидан кечирган турли хил ҳикояларни маромига етказиб сўзлаб берардилар. Бундай эртак ва ривоятларни кўпинча қишнинг узун тунлари биз ака-укалар иссиқ кўрпага ўралганча, мароқ билан тинглардик.

Муфассал...

Мана бу сен - бир бўлак ойсан,мана бу мен - бир бўлак қуёш!

 

КУЗ

Куз ҳам келди ҳаш-паш дегунча,

Чимирибди офтоб қошини.

Кузатади сарғайган ғунча,

Булутларнинг жулдур лошини.

Муфассал...

СТАТИСТИКА

Сайтга кирганлар
1
Мақолалар
872
Мақолаларни кӯрганлар сони
1990454

ӮҚУВЧИЛАР СОНИ

7477474
Бугун
Кеча
Шу ҳафта
Ӯтган ҳафта
Шу ой
Ӯтган ой
Ҳаммаси
3402
4027
21087
7426653
99118
114875
7477474

Сизнинг IPнгиз: 13.58.161.115
Бугун: 23-11-2024 16:46:37

ҲАМКОРЛАР

 

 

   

2015