Биз билан боғланинг:

   

Бизга қӯшилинглар

ХАБАРЛАР

НАСР

Муаллиф: Super user Категория: НАСР
Чоп этилган 08 Август 2017 Кӯришлар: 1940
Печат

 

abdulhamid samad 2017Абдулҳамид  Самадов 1947 йилнинг 5 августида Хатлон вилоятининг Ховалинг ноҳиясига қарашли Шикоргоҳ қишлоғида дунёга келган. Ўрта мактабни битириб, Душанбе педагогика олийгоҳида таълим олган. Бўлажак ёзувчининг қисса ва ҳикоялари ўтган асрнинг 70-йилларидан бошлаб "Садои Шарқ", "Памир" каби нуфузли ойномалар ва "Адабиёт ва санъат", "Жумҳурият" сингари рўзномаларда  чоп этила бошланган.

Шу кунгача адибнинг "Шохи чанор", "Баъд аз сари падар", "Пиёлаи шикаста", "Аспи бобом", "Косаи давр", "Майдон", "Гардиши девбод" каби ўндан ортиқ асарлари китобхонлар томонидан хушнудлик билан қабул қилинган. Ёзувчининг кичкинтойларга бағишланган "Ман ошнои ту, ту ошнои ман", "Гиряи хирс" сингари ажойиб ҳикоялари ҳозирги болалар қўлидан тушмай, завқ-шавқ билан мутолаа қилиб келинмоқда.

 Абдулҳамид Самадов шу кунларда ўзининг қутлуғ 70 ёшини нишонламоқда. Биз адибни тожикистонлик барча ўзбек китобхонлари номидан қутлаб, қуйида унинг қаламига мансуб "Наврўз гули" асаридан парчани эътиборингизга ҳавола қилмоқдамиз.

Болалик айёмидан бирга ўсган қишлоқ, Нигор булоғи, ям-яшил тепаликлар, Сафедоб дарёси каби ҳамиша кўз олдимда ширин-ширин намоён бўладиган дўстим - Далер бирор мактабда ўқимаган, зеро, у уч яшарлигида инсон зоти учун зарур ва хос ҳисобланган икки хислат  - гапириш ва эшитиш ҳиссидан маҳрум бўлган. Аммо у ўзи ва отасининг номини хатосиз ёза олади, ҳар йили бошқалар каби ука-ю сингиллари учун рўзнома-ю ойномаларга обуна бўлади… Далернинг аччиқ қисматидан воқиф бўлганлар шўхлиги унинг бошига етган, бадбахтлик олиб келган, дейишади. Аниқроғи, ёзнинг иссиқ бир кунида у онасини ғафлатда қолдириб, ҳовлилари ёнидан оқиб ўтадиган  дарё томон капалак мисол ошиқади. Болакай соҳилда лой тупроқдан ясалган уйча атрофига ўт-ўланлардан ниҳоллар ўтқазиб, сув олиб келмоқчи бўлади. Аммо… аммо ногаҳон сувга тушиб кетади. Ўша ерда ҳозир бўлганлар қий-чув кўтаришиб, Далерни қутқармоқчи бўлишади, лекин тўлқинлар забти улардан кучлилик қилади. Хайриятки, бир қизалоқ чопқиллаб бориб, тегирмончига бу ҳақда хабар беради. Кийим-бошлари, қошу киприклари, сочу соқоллари ун гардидан оқарган бир неча киши шамолдай елиб, бир лаҳзада анҳор бўйида пайдо бўлишади. Аммо, ҳайҳот, улар куппа-кундузи, ёруғ-равшан кунда болакайнинг ўлимига гувоҳ бўлишларини ҳис этишиб, даҳшатдан калаваларининг учини йўқотиб қўйишади. Ахир, тегирмон нави норасида гўдакни аждаҳодай ўз домига тортиб борарди. Шиддатли сув зарбидан ҳаракатга келиб, зил-замбил тегирмон тошини  айлантирадиган бақувват парда домидан тирик чиқиш, худди ҳаллож чиғириғидан заррача бўлсин, зарар кўрмай ўтган инсон ҳақидаги афсонага ўхшарди. Кекса тегирмончи кўз очиб-юмгунча шаҳхонага етиб келди, ўзини у ерга ташлаб, кўпикли гирдоб қучоғидан ҳушсиз  болакайни дарҳол соҳилга олиб чиқди ва юраги-ю қорнини уқалашга киришди. Болакайнинг оғзи-бурнидан сув отилиб чиқди, сўнгра бўйни  аранг ҳаракатга келди, лабларига қон югурди.

-Жони бор! -қувончга тўлиб  пичирлади кекса тегирмончи ва гўдакнинг томир уришини кўздан кечирди.

-Бахти чопибди… Ҳм, тегирмон парраги домидан тирик чиқмоқ ҳазил гап эмас, гўё онадан қайта туғилди. Иншооллоҳ, бу бола узоқ умр кўради.

-"Чиқмаган жондан умид", дейишган, -луқма ташлади воқеа гувоҳларидан бири. -Сув, ўт - офат, ишқилиб, бирор зиён етказмаган бўлса, яхши.

Далер  ана шу ҳодиса касофати боис, кару гунг бўлиб қолди. Ота-онаси уни даволатиш учун кўп елиб-югуришди, аммо фойдаси бўлмади.

Дастлабки йиллар Далер кару гунг эканлигига парво қилмасди. Йўқ, эҳтимол, бизнинг назаримизда шундай туюлгандир. Аслида у ғам чекар, азоб тортарди, аммо аламини ичига ютар, юзага чиқармасди. Кураш, эшак пойгалари, югуриш, сузиш пайтларида агар ғолиб чиқса, кун бўйи хушу хурсанд юрар, лабу кўзлари, қўлу бармоқлари имо-ишораси билан ютуқларидан бизга ҳикоя қиларди. Мабодо ўйин давомида бирор бола шаккоклик қилса, ғирромлик қилса, ҳатто, укаси бўлса ҳам Далернинг ўткир нигоҳларидан четда қолмас, бу адолатсизликни дарҳол пайқар ва гуноҳкор, шубҳасиз, танбеҳ эшитар ёки қулоғи чўзиларди. У қишлоқ болаларининг юриш-туришлари, хатти-ҳаракатларининг қаттиққўл ҳаками эди ва ёлғону фирибдан жуда-жуда ранжирди.

Мактаб ёшига етдик. Ўқув йилининг биринчи куни Далер учун ҳам байрам эди. У чошгоҳда гузар болалари каби янги кийим-бош кийиб, қўлида портфели билан мактабда ҳозир бўлди ва жигарранг сумкасини очиб, дафтару қаламни муаллимларга кўрсатди, "гунгон" тили билан ўқиб, соч қўйган одам, яъни олим бўлишини тушунтирди.

-Эсиз бола, - пичирлади бизни саф тортишга чорлаётган бир муаллим. -Қалби -  орзу-умидларга тўла, фаросатли…

Далер муаллимнинг қиёфаси ва лаблари қимирлашидан ниманидир сезди чамаси, бироз паришон бўлди, биздан унинг нима деганини сўради.

-Мақсадинг олижаноб! - бош бармоғини унга кўрсатиб тушунтирди муаллимнинг ўзи ва совуқ "оҳ" тортди:

-Шу ақлу фаросат билан кошки тилинг бўлсайди…

Далернинг кўзлари хушнудлик билан чақнади. У қувончдан терисига сиғмас, "Кўрдиларингми, муаллим нима  деди?" - дея ишора қиларди. Ахир, у одамларнинг кўзлари чақнаши, лабларининг қимирлаши, қўлларининг ҳаракатига ишонар, уларнинг мақсад-ниятларини фақат ана шу нарсалардан ўқий оларди. Биз ҳам унинг ўзимиз ҳақидаги фикру андишаларини қиёфаси, лаб ифодаси, бармоқлари ва гунгона садоларидан фаҳмлаб олардик. Агар Далер кимгадир ишора қилиб, "воҳ" деса, бу яхшилик ифодаси, яъни яхши инсон деган маънони билдирарди. Мабодо юзи буришиб, лабидан "пулт" сўзи чиқса, димоғи куйиб, гуноҳкор томон қўл силтар ва бу ёмон бола, у билан гаплашиш фойдасиз, деган маънони ифодаларди. Бу ҳолатда "ёмон бола" аламдан ёрилса ҳам Далернинг фикрини инкор этиш, ўзини оқлаш учун оғиз очмасди, зеро, бунинг фойдаси йўқ. Бундай лаҳзаларда Далер оловланиб, лаблари пирпирар, кўзлари ўйнар ва қўллари калавадек айланиб, "ёмон бола"нинг яна бир неча гуноҳини фош этарди. Ҳа, саф тортиб, шоду хандон мактабга бордик. Байрамона кийинган муаллимлар бизларни мактаб ҳовлисида қарши олишди. Кутилмаганда улар Далерни кўриб, маъноли табассум қилишди ва директорга ниманидир тушунтиришди. У бир дам ўйланиб турди-ю, кейин деди:

-Қайси синфга кирса, ихтиёри, ранжитманглар. Ҳа, кўнгли нозик, кейин ўзи тушуниб етади.

Бирор соат ўтмай, жингалаксоч қизалоқ қўлида сап-сариқ қўнғироқ кўтарган муаллима билан мактаб ҳовлисига кириб келди ва  уялинқираб, узундан-узоқ қўнғироқ чалди. Бу биринчи қўнғироқ эди. Далер биз билан бирга синфга кирди ва менинг ёнимга ўтирди. Дарс бошланди. Муаллима бизга ўтириш, гаплашиш, ўзимизни қандай тутиш одобини тушунтирди. Ҳаммамиз жимгина, диққат билан унинг оғзидан кўз узмай, гапларини тинглардик. Мен кўз қири билан Далерга қарадим. У гўё игна устида ўтиргандай нотинч, хаёллари сочилган эди. Ногаҳон менга юзланди ва "Муаллима мен ҳақимда гапиряптими?" - дегандай жиддий ишора қилди. Бош силкитдим. Далер тинчланди, аммо хижолатдан юзларига қизиллик югурди, пешонасида тер томчилари пайдо бўлди. Танаффус учун қўнғироқ чалиниб, муаллима синфдан чиққач, болалар ғала-ғовур кўтаришиб, ўринларидан қўзғалишганда у ҳайрон бўлиб кунчковлик билан уларнинг қиёфаларига тикилди. Унга ҳеч гап бўлмаганлигини, ҳар қирқ беш минутдан кейин танаффус бўлишини тушунтиришди. Далер индамади, аммо мўйсафид мисол бир зум ўйга толди, сўнгра сумкасини кўтариб синфдан чиқди. Орқасидан югуриб бориб, елкасига қўлимни қўйдим. У димоғи куйган бир ҳолатда "Нима дейсан?" -деган маънода юзимга тикилди. Мен бирор марта бўлсин, унинг кўзларини бу даражада маҳзун кўрмагандим. Ҳа, кўзлари қизаринқираб, бироз намланган, лаблари эса, пир-пир учарди. Ҳеч нарса демадим. У ранжигандек қўл силтаб қайтди ва бошини қуйи эгди. Хаёлимда бир соатлик шубҳа-ю азоб уни ниҳоят хаста қилиб, шикастлаган эди.

-Ҳа, «бир соатда мактабни битирди». Ишора-ла орқасидан пичинг отишди, катта ёшдаги беғам болалар. Аммо Далер бунга эътибор ҳам бермади. Кару гунгларнинг бу дунёдаги топган бойликлари ана шу экан. Улар дилозор одамларнинг турли хил аччиқ-чучук гапларини на эшитишади ва на азобини чекишади.

Далер бир неча кун ўйинимизга қўшилмай юрди. Ниҳоят, бир куни Сафедоб соҳилида юмшоқ ва иссиқ қумга чўзилиб ётганимизда жимгина келди-ю, кийимларини ечиб, ёнимизга ўтирди, сўнгра ўқишимиздан сўради.

Болалар қўл кафтлари билан тупроқни текислаб, унинг устига бармоқлари билан ўрганган ҳарфларини ёзишди. У шавқ ила ҳарфларга узоқ тикилди, кейин қўлини силтаганича ўрнидан турди-ю, ўзини сойнинг совуққина сувига ташлади ва сузиб соҳилнинг нариги томонига ўтди. Эҳтимол, ҳаловатбахш муздек сув унинг аламини, юрак оловини пасайтиргандир. Ё ким билади, у биздан яшириниб, сув остида ҳасрат ёшларини ҳам тўкиб олгандир. Бир неча ҳафтадан кейин биз ўз ному насабимизни ёзишни ўрганиб олгач, сой бўйида унга бу ҳақда имо-ишора билан тушунтирганимизда табассум қилди ва ҳаяжон-ла кафтлари билан тупроқни текислади. Ўзининг, отасининг номини ёзишимизни илтижо-ла ишора қилди. Илтимосини бажардик. Уни ажиб бир хаёл чулғаб олди. Хаёлга ботди, кейин биз ёзган сатрлар остига эҳтиётлик билан бармоқлари учи-ла ўзининг ва отасининг номини ёзди, қандай деган маънода бизга қаради.

"Воҳ! -жавоб беришди болалар. -Зеҳнинг ўткир, калланг жойида".

Далер болаларча қувончга тўлиб, ўша куни то қуёш ботгунча соҳилнинг текис қумлоқлари узра ўзи ва отасининг номини ёзишни машқ қилди.

Орадан кўп йиллар ўтди. Энди бизнинг дўстимиз - Далер қалбидан ўқиш ўрнига Ватан ҳимояси - аскарлик хизматига бориш ишқи ўрин олганди. У қишлоқ йигитларини ҳарбий хизматга жўнатиш тантаналарида, албатта, иштирок этар, уларнинг қўлларини қисиб хайрлашар, бу билан сизлар бепарво кетаверинглар мен, албатта, орқаларингдан бораману киноларда кўрганларимиз, барча бадбашара, бурни қийшиқ фашистларни қириб ташлайман, деб тушунтиргандай бўларди. Бундай ҳолатларда унинг чақнаб турган кўзларидан ғазаб ва қасос учқунлари сочиларди. Йигитлар Ватан хизматини ўтаб қайтганларида, ўзини қўйгани жой тополмасди: уларнинг хонадонларига бориб, ҳар бирини бағрига қаттиқ босар, табриклар, кейин ҳарбий кийимларига ҳавас билан боқарди. Бунинг маъносини тушунган аскар йигитлар ҳам бош кийим, либосу ялтираб турган қоп-қора этикларини унга кийдиришар ва бундан Далернинг боши осмонга етарди. У ҳарбий кийимда қоматини тик тутиб, жасурона қадам ташлар, ғурур билан ҳозир бўлганларга боқарди: ярашдими? Катта ёшдагилар "воҳ!" -дея бош бармоқларини  кўрсатишарди ва бундан у шунчалар хурсанд бўлардики, тасвирига қалам ожиз.  Кейин ярим кечагача халқ ибораси билан айтганда, бир оёқда тик туриб, халққа хизмат қиларди: қўлга сув қуярди, дастурхон ёзарди, овқат келтирарди. Ёшу қариларга ҳам аскарликка боришини ва ана шундай чиройли кийимлар кийиб, "воҳ!", яъни гўзал ва бақувват бўлиб қайтишини тушунтирарди. Аммо бу орзу Далернинг қалбида ҳали ҳам орзулигича қолиб кетди…

Далер барвақт колхозга аъзо бўлди. Бақувват, дасту панжали йигитнинг қишлоқ кўчаларида болакайлар билан беҳуда юриши азобу алам эди. Йўқ, Далер бекор ўтиришни истамасди. У доимо ҳамманинг дастёри эди. Бирор кампир ёки чолнинг ишини қўлидан олар, кимнингдир боғини суғорар, бошқа бировнинг томини ёпишга кўмаклашар, учинчи бир кишининг эса, уйини оқлаб берарди. Аммо кенг, барҳаво далада одамлар билан ишлаш, муомала қилиш унинг учун ҳузури жон эди. Биз ҳам дам олиш кунлари ва дарсдан кейин далага чиқар, Далер билан ёнма-ён туриб зовурларни тозалар, пахта ниҳоллари тагини юмшатардик ёки экинзорлардаги бегона ўтларни юлиш билан шуғулланардик. У бизнинг дийдоримиздан оғаларча шод бўлиб, танбал, дангаса эмаслигимиз учун эркалатиб қўярди. "Иш воҳ!" - насиҳат қилгандай тушунтирарди у. -Одамни хон, яъни бардам қилади". Албатта, бундай дамларда бизнинг лабларимизда кинояли кулги қўзғалар ва буни кўрган Далер худди хасдай ловуллаб ёнар ва фикрларини  исботлаш учун бир неча ойлик иш давомида қуёшда тобланган мушакларини бизга намойиш этарди. Дарвоқе, меҳнат унинг фақат жисминигина эмас, балки фаросати, кийим-бошини ҳам ўзгартириб юборганди. У қорин қўйган, корчаллон, хушомадгўйларни ёқтирмас, турли хил имо-ишоралар билан уларни масхара қиларди. Далер мўйлов қўйиб, соқолини доимо дид билан қиртишлатиб юрар, далага ҳам тоза кийиниб келарди. Бунинг сабаби бор экану, биз эса бехабар.

Бир куни уриб Соҳибнинг оғзи-бурнини қонга бўягач, сир фош бўлди-қолди. Бунинг гуноҳкори Рухсора эди.  Кулги-ю қаҳ-қаҳаси далани тўлдирадиган бу гўзал ва ўйноқи кўз, ширинсўз қиз бир куни Нигор булоғи лабида  дугоналари гувоҳлигида Далерга ҳазиллашиб: "Агар менга "воҳ" машина, яъни "Волга" олиб берсанг, сендан бошқага тегмайман", -дебди. Ана шу ҳазил ишора Далернинг қалбига олов ёқиб, ишқ васвасасини солади. Эҳе, у вақтлар Далер хаёлида Рухсора каби паризод учун машинагина эмас, балки осмондаги юлдузни ҳам олиб беришга тайёр эди. Лекин бу савдодан бехабар хомхаёл Соҳиб Сафорат соҳилида Рухсора билан "Шоҳдухтар - шакар духтар" қўшиғини куйлайди, - бу ҳам ҳали ҳеч гап эмас, унинг юзига сув сепиб, чопиб бориб билагига қўл солган ҳам эдики, Далер худди осмон балосидай қаердандир пайдо бўлиб, унинг ёқасидан олади-ю сабзи-пиёзнинг нархини ҳам сўрамай, залворли муштлари билан унинг оғзи-бурнини қонга тўлдиради. Бир нафасда қўшиғу ўйин ўрнини қизларнинг ваҳимали қийқириқлари босиб кетади. Биз жон ҳолатда уларнинг орасига кириб, Далернинг қўлини зўрға Соҳибнинг ёқасидан ажратиб олдик. У ғазабининг зўридан худди безгак тутган касалдай дағ-дағ титрар, оловли кўзларини Соҳибдан узмасди, Соҳиб эса, нима бўлганини тушунмай, лолу ҳайрон, қонаган оғзи-бурнини рўмолчаси билан артиб: -Сўранглар-чи, нега у бадбахт мени сабабсиз урди экан? -деди.

-Сен пурт, сенинг калланг йўқ! - ишора қилди Далер ва яна ўша кокилдарозга, яъни Рухсорага шунақа муомала қилсанг, бошинг танангдан жудо бўлади, дея тушунтирди. Ҳамма бирданига кулиб юборди. Бундан Далер янада аччиқланди ва шошганича Соҳибнинг бурни тагига келиб, ахир, биз жўра эмасми? -дея ишора қилди...
Абдулҳамид Самадов.

Тожик тилидан Омонбой Жуманов таржимаси.

КАЛЕНДАР

« Ноябр 2024 »
Дш Сш Чш Пш Жм Шб Яб
        1 2 3
4 5 6 7 8 9 10
11 12 13 14 15 16 17
18 19 20 21 22 23 24
25 26 27 28 29 30  

МАҚОЛАЛАР

Ҳар гўшада байрам, тантана…

 

Болажоним, мана олти ойдирки, Мустақил ватаннинг бир гўшаси - киндик қонинг тўкилган Деваштичдан салкам беш юз километр узоқда йигитлик бурчингни ўтамоқдасан. Ахир, бу сенинг орзуйинг эди. Муҳожиратдан қайтдинг-у тўғри ҳарбий комиссариат эшигини қоқдинг, ҳарбий хизматга йўлланмани ўзинг сўраб олдинг. Ҳеч ким «повестка» билан сени йўқлаб келган йўқ эди. Раҳмат, болажоним. Эсингдами, ноҳияда бўладиган янгиликлардан мен ўзим хабардор

Муфассал...

Янги иш жойлари

 

Жорий йил бошидан буён Бохтар ноҳиясида 1814та янги иш жойи бунёд этилди, бу режанинг 92,8 фоизини ташкил этади.

Давлат ҳокимияти Бохтар ноҳияси ижроия органидан хабар беришларича, янги иш жойлари ва корхоналар ташкил этилиши ишлаб чиқариш умумий кўрсаткичининг ошиши омили бўлиб хизмат қилган.

Муфассал...

СТАТИСТИКА

Сайтга кирганлар
1
Мақолалар
872
Мақолаларни кӯрганлар сони
1990387

ӮҚУВЧИЛАР СОНИ

7477321
Бугун
Кеча
Шу ҳафта
Ӯтган ҳафта
Шу ой
Ӯтган ой
Ҳаммаси
3249
4027
20934
7426653
98965
114875
7477321

Сизнинг IPнгиз: 3.147.27.129
Бугун: 23-11-2024 16:40:49

ҲАМКОРЛАР

 

 

   

2015