Опажон, менинг меҳрибоним, мунисгинам. Яна кўм-кўк, яшилликларга бурканиб баҳор келди, сиз севган баҳор. Шу кунларда сизни жуда-жуда соғиндим. Ҳамиша меҳр билан айтган донишмандона сўзларингизни соғиниб, энтикиб, қўмсайман. Отажонимни, эллик саккиз ёшида ҳаётдан жуда эрта кетган гўзал онажонимнинг ўлими етмасмиди? Мунглиғ фарёдлар-ла яқинларимга, жиянларимга назар ташлайман.
Уларнинг кўзларидаги адоқсиз ғам-андуҳни, маъюсликни кўриб, юракларим ўртаниблар кетади. Армонлардан, аламлардан, азобланиб, хонамга қамалиб олиб, юм-юм йиғлайман. Қаерга бормай, сизни излайвераман, кимнингдир яхши хислатини ўхшатавераман. Айрилиқдан, соғинчлардан қалбим эзилиб, юрак-бағрим чок-чок бўлган хастаман. Мана, учинчи баҳорки, қаерда бўлмай, қариндош-уруғлар, ёру дўстлар, барча таниш-билишлар сизни яхши фазилатларингизни тилга олиб, ёд этадилар. Баъзи жойларда ажойиб хислатларингизни эслаб: -“Э-э, сиз ўша ҳожи Мукаррамхонни синглисимисиз?”- деб сўрашганларида, сиз менинг опагинам эканлигингиздан жуда-жуда фахрланиб кетаман.
Ёдимда бир куни жуда кўп меҳмон кутдингиз.Ойдин опа Мамажонова, Атирахон опа, Роза опа, Мамлакат опа, Анзурат ва Адолат опа, Санобар ва Гулнора опалар, уйингиз тўридан жой олган Кимёхон опа, Латофат опа Акбарова билан Жамила Жамолни бир уй аёллар ичида таништирган бўлдим. - «Латофат опани таништирмасам ҳам бўлади,”Дийдор” кўрсатувини олиб борадилар, телевизорда кўрасизлар. Бу Жамилахон, ардоқли, ширинкалом шоир Ўлмас Жамолнинг қизлари бўладилар»,-дедим. Даврада ўтирганларга кўз югуртирдим, ҳамма аёллар меҳр билан самимий ҳол-аҳвол сўрашардилар. Ҳовлингиз саҳнида қишин-ёзин чаман очилган энг нафис гуллардан бир дона узиб келиб, сизга яхши тилаклар билдирдим. Гулни қўлма-қўл узатиб, даврадаги ҳар бир аёл яхши ниятларини ўз тилакларини билдиришди. Латофат опа лабларида табассум билан чиройли сўзладилар. Сиз меҳр билан “раҳмат”, дердингиз. Шундан сўз навбати Жамилахонга келди. Бир оз сукутдан сўнг ҳамманинг диққатини ўзига қаратиб, ўзим ёзган, деди-да, шеърни равон, жарангдор айта бошлади:
-Аёл, сенга бардош тилайман,
Темир ирода-ю тангридан тўзим.
Сени синглим, опам атайман,
Дардларингга гиргиттон ўзим.
Тирикчилик номли эски гап
Ўтказадир сенга измини.
Биламан, сен баъзан ҳафталаб
Қўлга ололмассан кўзгуни.
Сенинг қадринг билмаган эрни
Кўтаришга тайёрсан бошга.
У баъзида тишлатар ерни,
Кўзларингни тўлдириб ёшга.
Суянчиғинг сабру қаноат,
Ютар ризқинг дарду аламинг.
Шеър ёзишга қилсайдинг журъат,
Қон қусарди, сўзсиз қаламинг…
Ён-атрофдагилар олқишлаб, барака топинг,- дейишди. Жамила шунда ўзининг дилтортар сўзлари билан ҳамманинг қалбидан жой олиб улгурди.Ўша йили мусибатли келди. Ҳар олтовингизни ҳам бир зумда йўқотиб қўйдим (жойингиз жаннатда бўлсин). Аввал, июлда Санобархон келинаям (62) ёш, августнинг охирларида Латофат опа (57) ёш, сентябрда Кимёхон опа (65) ёш, октябрда Жамила (49) ёш, ноябрда-ўн саккиз кундан кейин сиз (62) ёшда бу ёруғ олам билан видолашдингиз. Латофат ва Кимёхон опа билан Жамилаларнинг ўлимини эшитиб:-Ҳа эсиз, шундай келишган, бир жаҳон, дилбар аёллар бир зумда ўлиб қолаверса-я, қаттол ажалнинг келиб-келиб, шуларга чанг солишини қара-я, ўлим ҳам ҳеч гап бўлмай қолди-я, - дея куйиндингиз.
-Бу дунёда туғилиш бор, яшаш бор, сўнгги манзилга бориш бор экан-да, на илож, ўлимга чора йўқ экан, - дедингиз. Энг яхши хислатлар жо бўлган, камтарин, маслаҳатчим ва дардкашим-опам. Ўша куни сиз билан суҳбатлашиб, дийдорлашганимиздан сўнг бир тадбирга йўл олдим.Учрашув кўнгилдагидек ўтди. Барча обрўли кишилар билан у ердан тушлик пайтига яқин қайтдик. Фалакон (Шапкин) маҳалласидан ўтаётганимизда, негадир Бахтиёр ака Мўминов: - Бу йўлдаги қабристон ҳам катта қабристонга айланибди, - дедилар.Журналист Отабек Ғойиб менга қараб: - Шу қабристонда ким ётибди, биласизми? - деб сўраб қолди. Рўдакий ноҳиясига кетаверишда йўл бўйидаги бу мозорга назар ташларканман, бепарволик билан: - Билмадим, - дедим.
-Бу ерга ажойиб, яхши инсон, машҳур журналист Ҳабибулло Ботиров қўйилган,-деди.
Эй, золим фалак, эртага худди шу маҳал, шу қабристонга жоним, жигарим, гавҳари ноёбимнинг дафн этилишини мен, ожиз банда қаёқдан билай?
Билганимда эди, бир лаҳза бўлсин, ҳидингизга тўйиб-тўйиб, атрофингизда гирдикапалак бўлмасмидим. Қароғларим билан суйиб, қалбингизнинг тубидаги тилак ва сўзларингизни тингламасмидим.
Ўша жума куни Атирахон опанинг уйига эртага, албатта, боришимизни тайинладингиз.Чиройли дуолар билан кулиб кузатган эдингиз.
Ўша тонг отмади-ку, опажон! Ўша машъум кечада безовта нолиган қўнғироқ овозидан уйғониб кетдим. Эшитган хабаримдан еру-кўк ларзага келди! Ҳузурингизга қушдай учдим. Борсам... Э, воҳ! Худди ширингина уйқуда ётгандай, тинчгина, хотиржам ётибсиз...
Нега бундай қилдингиз, жигарбандим? - Мен ҳам ғаниматман, мен ҳам омонат, - демадингиз сира. Ё фарзандларим, жигарларим қўрқмасин, деб индамадингизми? Энди дийдор қиёматга қолди.
Ўлим ҳақ, бунга имон келтираман! Лекин бу кунларни жуда кеч кутгандим, жуда кеч, опажон. Мени армонлар қийнайди, соғинч дилимни тилка-пора айлайди. Сизни кўргим келганда, кўзларига мунг чўккан поччамни, ҳаётда ўз ўрнига эга, мартабаси улуғ, издошларингиз меҳрибон жиянларим билан дийдорлашаман. Кўнглим бироз таскин топади. Халқимиз: - ”Торга-тор дунё, кенгга-кенг дунё”, - деб бежизга айтмаган. “Яхшиларга хизмат қилсанг, ҳам айтади, ҳам қайтади”.
“Одам бордир, одамларнинг нақшидур.
Одам бордир, ҳайвон ундан яхшидур”.
«Дарёга яхшилик қилсанг, ажрини биёбондан топасан», «Жигар жигар, дигар дигар экан-да», - деган донишмандларча айтган ҳикматомўз сўзларингиз ҳамон қулоғим остида жаранглайди. Ниҳоятда тилга эҳтиёт бўлишликни, “ҳар бир гапнинг 72 хил маъноси бор”лигини таъкидлаб, жуда кўп ҳикматларга қоришиқ сўзларингиз қулоғимга ўрнашиб қолган. Янги китобим чиқса, биринчи бўлиб, табриклардингиз.
-Кўп куйинманг, яна бошқа опаларингиз бор-ку, шукр қилинг,-дейдилар яқинларим. Мен бўлсам: - 7 март куни яна бир опамни йўқотиб қўйдим. Менинг озурда кўнглим алам билан ўртанаверади. Илоҳим, руҳлари шод бўлсин.Уларнинг умрини ҳам дилкаш, меҳрибон икки опам билан синглимга берсин, умрлари узоқ бўлсин, дейману ҳар гулнинг ўз иси бор, ўз ўрни бор-да, дейман.
Яна баҳор келди, ҳаммаёқ кўм-кўк бўлиб, кўкариб гуллаган. Пойингиз юмшоқ тупроқларини кўзларимга суртай, азиз опагинам! Қарилик гаштини сурмаган опажоним, опажонларим. Дастурхон тузаб, ўзи оч-наҳор кетган, етдим, деганда йиқилган сирдошларим. Нетайки, бу Яратганнинг хоҳиши, тақдири азал. Кўзимда ёш, қалбимда бардош билан жойларингиз жаннатий нурларга тўлсин, дея пичирлайман. “Илоҳо, Худо раҳмат қилсин” дея дуога қўл очишдан ўзгасига иложимиз етмаган ожиз бир бандамиз.
Азизлар, ота-онангизни, яқинларингизни ҳар дам хабар олинг, қадрига етинг. Ўтган бўлсалар, мозор бошида тиловат айланг. Марҳумлар дуога муҳтождурлар. Ўтганларни эслаш, уларни хотирлаш эзгуликка бошлайди.
Гулчеҳра Сотиболдиева,
“Халқ овози”.
Тожикистон Миллий кутубхонасида "Душанбе китоби" IX халқаро кўргазмаси бўлиб ўтди.
Кўргазма карнай, сурнай ва доира садолари билан бошланиб, ташриф буюрганларга қувноқ кайфият улашган бўлса, миллий либослар ҳамда ҳунармандчилик намуналари ва юртимизнинг шириндан-шакар турли мева ва сабзавотлари намойиш этилганлиги иштирокчиларда катта таассурот уйғотди.
Муфассал...
Вахш водийси лимон етиштиришда республикамизнинг бошқа минтақаларидан фарқ қилади.
Бир неча ўн йиллар муқаддам лимон етиштиришда водийнинг саховатли ҳамда танти халқи республикамиз миқёсида етакчи мавқени қўлга киритган эди. Фуқаролар уруши ва унинг мудҳиш жараёнлари туфайли лимон етиштириш суръати кескин равишда пасайиб, соҳага эътибор бериш ёддан кўтарилиб кетди,
Муфассал...2015
1-2015
2-2015
3-2015
4-2015
5-2015
6-2015
7-2015
8-2015
9-2015
10-2015
11-2015
12-2015
13-2015
14-2015
15-2015
16-2015
17-2015
18-2015
19-2015
20-2015
21-2015
22-2015
23-2015
24-2015
25-2015
26-2015
27-2015
28-2015
29-2015
30-2015
31-2015
32-2015
33-2015
34-2015
35-2015
36-2015
37-2015
38-2015
39-2015
40-2015
41-2015
42-2015
43-2015
44-2015
45-2015
46-2015
47-2015
48-2015
49-2015
50-2015
51-2015
52-2015