Биз билан боғланинг:

   

Бизга қӯшилинглар

ХАБАРЛАР

НАСР

Муаллиф: Super user Категория: НАСР
Чоп этилган 04 Май 2017 Кӯришлар: 2619
Печат

 

bixalicha 2017ёки  «бриллиант  оёқ»

Аввало, айтиб қўяй. Хоҳ ишонинг, хоҳ ишонманг, мен қуйидаги гапларни кимнидир қизиқтириш учун ўйлаб топганим йўқ. Агар гапимга ишонган бўлсангиз, бошладим.

Биласизми, мен нимани яхши кўраман? Байрамларни ва туғилган кунни. Сиз ҳам яхши билсангиз керак, шу кунлари одам фақат яхши сўзлар, табриклар

эшитади. Совғаларни айтмайсизми,  совғаларни!  Мен учун совғанинг катта-кичиги йўқ,  оддий ручками, дафтарчами, хурсанд бўлавераман. Негаки, бу совғаларга меҳрни ҳам қўшиб беришади-да! Ҳа, яна бир гап: одамлар бир йилда бир марта туғилса, мен тўрт марта туғилганман. Ишонмайсизми? Майли, аввал бир эшитиб кўринг!

Бошланғич синфларда ўқиб юрганимда 22 апрелда туғилган кунимни нишонлардим. Туғилганлик ҳақидаги гувоҳномамни ҳижжалаб ўқиб билганман. Битта рақам эсимда қолган. Бу кун Шўролар даврида жуда тарихий кун ҳисобланарди. Чунки ўша пайтдаги доҳиймиз  Ленин ҳам худди ўша кунда туғилганди. Синфдошларимнинг менга ҳаваслари келарди. Мактабни битираётганимда гувоҳномани ўқиб кўрсам, аслида 22 апрелда менга метрика, яъни гувоҳнома ёзишган экан.

Олий ўқув юртини битириб, эндигина мактабда иш бошлаган йилларим. Мени 5-«а» синфига раҳбар этиб тайинлашди. Болалар жуда шўх эди. Бошланғич синф ўқитувчиси уларни эркалаб ўргатиб қўйган эканми, ҳечам гапни тушунишмайди. Синфга кирганим заҳоти атрофимга тўпланиб, қий-чувлашишади.  Пўписа қилгандай бўлсам, бир зумгина жим ўтиришади-да, яна атрофимга йиғилишади. Тарбиявий соат ўтмоқчи бўлсам, бир-бирининг айбини айтиб, чақимчилик қилишади. Сочи ўсиб кетган болаларга пўписа қилсам, қизчалар ўнта қайчини ўнглаб, ҳалиги болани ушлаб келтиришади. Уларни «рамка»га солгунча анча қийналдим.  Худога шукур, аста-аста ҳаммаси жойига тушди. Энди ҳар ҳафтанинг шанба куни болаларнинг ўзи тарбиявий соатга тайёрланиб келишади, прогулчилар билан иш олиб боришади, ким кўп баҳо оларга мусобақа ўйнашади. Фақат, шу шўхликлари тийилмаяпти-да!

Хуллас, биринчи апрел куни дарсга кирдим. Болалар билан ҳазиллашмоқчи бўлиб, «болажонлар, мени бугун хафа қилманглар, чунки менинг туғилган куним!»-деб қўйдим. Дарс кўнгилдагидай ўтди. Ўқувчилар барча топшириқларни яхшигина бажаришди. Қўнғироқ чалиниб, улар хайрлашишни ҳам насия қилиб, ташқарига отилиб чиқиб кетишди. Бир маҳал иккинчи соатда бирин-кетин мени чақириб кела бошлашди. Бирининг қўлида қоғоз гул, биттасининг қўлида рўмолча, яна бири откриткага нимадир ёзган, мени туғилган куним билан табриклашяпти. Менинг ҳазилимга улар чиппа-чин ишонишибди. Болаларнинг меҳр ва самимиятга тўла кўзларига боқиб, «мен биринчи апрел билан ҳазиллашгандим», – дея олмадим. Шундан буён ўша ўқувчиларим мени ҳалиям биринчи апрелда табриклашади.

Ҳаётимда яна бир марта дунёга келиш насиб қилган экан, уни 12 феврал,  деб белгиладим. Чкалов, айтгандай ҳозирги Бўстон  шаҳрининг 1-май кўчасида яшардим. 80-маршрутка кўчанинг нариги томонидан келарди. Ишдан қайтишимда доим ўша йўлдан келардим. Бундан ўн йилча илгари ишхоналарда ҳали технология ривожланмаган пайтлар эди. Газета саҳифаларини боғлаш жуда қийин эди. Шу сабабли, газета кунларида доим кеч қолардик. Кунлар қисқа, дарров қоронғи тушарди. Ўша куни ҳам ишдан кеч қайтдим. Қаттиқ шамол эсарди. Маршруткадан тушиб, энди йўлнинг бу четига ўтувдим ҳамки, бир катта дарахт қарсиллаб устимга қулади. «Вой онажооон!»-деганимча турган жойимда қолдим. Худонинг қудрати билан дарахтнинг икки шохи орасига тушиб қолибман. Агар бошимга тушса ёки бир шохчасиям бир еримни тилиб кетса, нима бўларди? Аллақачон, ердан кўкариб чиққан бўлардим. Ўзимни ўнглаб олгунимча, икки нафар йигит югуриб келиб, мени дарахтлар орасидан олиб чиқишди. Уйимгача кузатиб қўйишди. Эртасигаёқ, бир эчкини сўйиб, худойи қилиб бердим. Шундан буён бу кунни ҳам нишонлайдиган бўлдим.

Энг сўнгги туғилган куним– 13 июн. Ўша куни мен жуда катта жарроҳлик амалиётини бошдан кечирганман. Нақ 7 минг долларлик тиллами, бриллиантми, ишқилиб, қимматбаҳо металлни оёғимга «улашган». Турмуш ўртоғим ҳазиллашиб: -«Хотин, ўзингданам оёғинг қиммат, эҳтиёт бўл, ҳаммага айтаверма, яна ўғрилар билиб қолиб, оёғингни синдириб, олиб кетишмасин», - деб қўядилар. Хуллас, бир йилда тўрт марта туғилиб, тўрт гуруҳдаги гапчиларимни чақириб, зиёфат бериб, совғалар оламан.    Ҳақиқий туғилган кунимни эса, ҳеч кимга айтмайман.

 

БИХАЛИЧА,

Бобожон Ғафуров ноҳияси.

КАЛЕНДАР

« Октябр 2026 »
Дш Сш Чш Пш Жм Шб Яб
      1 2 3 4
5 6 7 8 9 10 11
12 13 14 15 16 17 18
19 20 21 22 23 24 25
26 27 28 29 30 31  

МАҚОЛАЛАР

Умрнинг чорак асри ўтган макон

 

Кабинетимдан кўриниб турган виқорли тоғлар салобати, қоплаган оппоқ қор, жозибали кўкламнинг шишадек беғубор осмонига кўрк бағишлайди. Бу манзара мен учун Худонинг марҳамати эканлигини мамнуният билан қайд қилган бўлардим. Осмонда қуёш чарақлаб турибди, бироқ унинг тафти қайтган. Лолақизғалдоқ офтоби бўлишига қарамасдан, мўътадил иқлим танга роҳат бағишлайди. Рамазон кунларининг мўъжизаси-бу. Нигоҳларим тоғ бошидан

Муфассал...

Обод бўлсин шу Ватан, халқим…

 

Муҳаммад  Исо (Маматисо Абдуллоев) узоқ йиллардан буён Қабодиён ноҳиясининг «Тахти Қубод» рўзномасида фаолият юритиб келмоқда. Кўплаб ҳикоя ва шеърлари республика нашрияларида чоп этилган.

Иқтидорли шоир Муҳаммад Исо бу йил муборак 60 ёшни қаршилаётир. Шоир акамизга камолот ёшида комёблик тилаймиз.

Сутдай оқ субҳидамда,

Муфассал...

СТАТИСТИКА

Сайтга кирганлар
1
Мақолалар
872
Мақолаларни кӯрганлар сони
2580291

ӮҚУВЧИЛАР СОНИ

10208390
Бугун
Кеча
Шу ҳафта
Ӯтган ҳафта
Шу ой
Ӯтган ой
Ҳаммаси
2257
5403
28626
10151415
105483
138877
10208390

Сизнинг IPнгиз: 216.73.216.137
Бугун: 25-10-2026 12:36:39

ҲАМКОРЛАР

 

 

   

2015