Биз билан боғланинг:

   

Бизга қӯшилинглар

ХАБАРЛАР

НАСР

Муаллиф: Super user Категория: НАСР
Чоп этилган 01 Декабр 2016 Кӯришлар: 2269
Печат

 

asqar mahkam1Ҳаққа етмоқ истасанг, кўнгилларни қозонмоқни маслак айлагин, бунинг учун саройларда мармар бўлма, бир тупроқ бўлгинки, бағрингда гуллар унсин…

Жалолиддин БАЛХИЙ.

Умр дарахтининг сарғайган япроқлари битта-битта тўкилмоқда…

Демак, ҳаёт кузаги - хазонрез фасли ҳам бошланибди.

Қисмат осмони узра қарғалар қора қуюндек давра олиб айланади.  Қандайдир совуқликдан дарак бериб, "уввос" солиб шовқин кўтаради…

Кеч куз палласи - биродарим Асқар ака ёруғ дунё юзини кўрган замон. Хазонрезга кўмилиб бораётган йўлакдан бир-бир одимлаб бораркансан, соғинч оғриғи бағрингга буров солиб бурғулайди. Юрагинг қандайдир меҳрни қўмсаб, ўртанади. Беихтиёр, кўзларингда ёш ҳалқаланади. Умр тийрамоҳининг субҳидамида тушган шудринг доналари янглиғ…

Йиғлаяпсан… Энди аниқ-тиниқ ҳис қиласан…

Кузнинг ўз руҳи бор: сокинлашган, маҳзун тортиб қолган борлиқ…

Бу ҳақда ўйласам, Асқар Маҳкам (Аллоҳ ўз раҳматига олган бўлсин) шеъриятининг руҳи вужудимни қамраб олаётгандек бўлади.

Туйғулар хазонлардек "шовуллаб-шовуллаб" тўкилаётган шеъриятнинг…

Асқар ака ҳам ОДАМ, ҳам ШОИР сифатида тенги йўқ эди. У киши - вужуднинг тупроқдан яралганини, умрнинг япроқ мисол эканлигини жуда эрта англаб етган шахс эди. Шунинг учун ҳам, бир тутамгина умри тупроқдек камтарона ўтди, япроқдек узилди. 

Ҳаётимнинг мусофирликда кечган тўрт йили Асқар ака билан бақамти ўтди. Иккимиз ёлғиз қолган кезларимизда узоқ-узоқ суҳбат қурардик. У киши гапирарди, мен тинглардим. Чунки Асқар ака билдираётган фикрларга муносиб гап айтиш менга жуда оғирлик қиларди. 

Олийгоҳни тугатиш арафасидаги суҳбатларимиздан бирида дабдурустдан сўраб қолди: -Биласанми, мен сени нима учун ҳурмат қилиб, ўзимга яқин оламан?

Ҳеч нарса англамай, елка қисдим.

Бир нуқтага хийла тикилиб тургач, деди: - Мен билан тўрт йил бир хонада яшашга чидаганинг учун…

Мийиғида кулиб қўйди. Бу қанчалик ҳазил ёки чин эди, у ёғини шоир ўзи билан олиб кетди.

Асқар аканинг қаҳри қаттиқ эди. Меҳри ундан-да… Аммо… Нафрати ҳам, ғазаби ҳам инсоний меҳрга йўғрилганди…

Раҳматли укам Абдураҳмон Афғондан нобуд бўлиб келганида, ҳаммадан кўп у куйганди… Қайғурганди…

Беҳад меҳрибон инсон эди...

У бот-бот одам иси ёқмай, одамови бўлиб қоларди. Ана шундай пайтлар жуда ажойиб шеърлар "дунёга келарди".

Асқар ака атрофидагиларнинг барчасига одам бўлиш шартини қўйиб, муомала қиларди. Шу боисдан бўлса керак, шеърларида ҳам ОДАМликни ҳамма нарсадан устун қўярди.

Ҳуснихатим тузукроқ бўлгани учун баъзан у кишининг шеърларини мен оққа кўчирардим. ОДАМлик талқин қилинган ушбу тўртликни шоирнинг бирор тўпламида учратганим йўқ.

Жуда бахтли бўлсанг, битта ёрдирсан,

Жуда кучли бўлсанг, битта нордирсан,

Жуда буюк бўлсанг, демак, одамсан,

Жуда азиз бўлсанг, бир мозордирсан.

Шоирга котиблик қилган пайтларимда яна бир нарсага гувоҳ бўлганман. "Ҳақ" тўпламига киритилган "Толе бўлгай…" деб бошланувчи шеърининг асил варианти бошқачароқ, мана бундай эди.

Толе бўлгай ё торож бўлгай,

Азо бўлгай ё сазо бўлгай,

Тупроқ бўлгай ва ё тож бўлгай,

Ибтидо ё интиҳо бўлгай,

Бу дунёда ёлғиз муҳаббат.

 

Умид бўлгай ё армон бўлгай,

Савоб бўлгай ё гуноҳ бўлгай,

Сарсон бўлгай, саргардон бўлгай,

Мозор бўлгай, саждагоҳ бўлгай,

Бу дунёда ёлғиз муҳаббат.

 

Завол бўлгай ё камол бўлгай,

Ато бўлгай ё адо бўлгай,

Дарё бўлгай ё шамол бўлгай,

Ҳар бандага бир Худо бўлгай,

Бу дунёда ёлғиз муҳаббат.

Ажаб эмас, ушбу шеър ҳам шоирнинг руҳи кузга менгзаб қолган лаҳзаларда ёзилган бўлса. Лекин тўпламга шеърнинг қисқартирилган варианти киритилганининг сабаби менга ҳам ноаён…

Асқар аканинг ўз ақидасида устувор турувчи қатъийлиги бор эди. Ўзининг ҳақлигини исботламаса, кўнгли тинчимасди. Мунозарадан чарчамасди…

Биринчи курсда ўқирдик, ўшанда. Хўжанднинг "Чорчироқ" маҳалласида ижарада турардик.

Кунларнинг бирида давра атрофида ўтириб, "гоҳ калла, гоҳ туёқ" мавзусида гурунг борарди.

Шунда, бехосдан, Абдужалил ака (ёзувчи Абдужалил Ғафуров): - Мен Лениндан хато топдим, - деб қолди (Ўша пайтларда бундай гапни айтиш жуда қалтис саналарди).

Биласизми, курсимизнинг икки "шунқори" ўртасидаги тортишув ҳафталаб давом этди.

Охири Абдужалил ака: - Асқарали, сизники маъқул,- деб тан берганди…

Олийгоҳни тугатганимиздан кейин ҳам муносабатларимиз жуда яхши эди. Тез-тез учрашиб турардик. Лозим бўлганида, турмуш ташвишларини ҳам биргалашиб ҳал қилардик.

Ишдан қайтсам, қўлимга конверт тутқазишди. Мактуб Асқар акадан.

Очиб ўқидим. Ҳашарга чорлабди. "Шоир ҳам деворин тикласин энди…" сарлавҳали шеър ҳам илова қилинган.

Хуллас, бир ҳафта-ўн кун "Ижтимоиёт" қишлоғида тунаб, шоирнинг деворини тиклаб, меҳрига қониб қайтгандим…

Ўтган асрнинг тўқсонинчи йилларида тақдир барчамизни турли томонларга улоқтириб ташлади. Орадан йиллар ўтиб, ростакамига жудо қилди.

Асқар акадан айрилиб қолдик. На чора, тақдири азалнинг ҳукми шу экан.

Лекин унинг меҳрини қўмсаб, юрак ўртайди… Ўртайверади…

 

Абдуҳафиз МИРЗААҲМЕДОВ, ёзувчи.

 

***

«КЎНГУЛ ОЗУРДАДУР»

Унинг исмини талабалик дафтаридаги шеърлари билан таниганман. Адабиёт ўқитувчимиз Бахтиёр Файзуллаев ўз талабалиги хотиралари сифатида унинг ашъорини, биз шеър нималигини билмаган болапақирларга ўқирди. Кейин талаба бўлдим...

Кейин...  1999 йилнинг 20 майида Уни кўрдим. Энди мен талабаликни тарк этган, шеър оламини ҳис эта бошлаган кезларда, Тошкенти азимда ижод этаётган мағрур Шоирни "Ҳақ" китоби тақдимотида кўриб турардим. Орада масофа олис эди. У минбарда, нафақат, минбарда, ШЕЪР минбарида эди. Атрофида дўстлари ва мухлислари…

2004 йилнинг сентябрида жўмард инсон, шоир Алижон Йўлдошнинг 60 йиллиги тантаналари бошланиш арафаси келган меҳмонлар орасида  Уни учратдим. Алижон аканинг эрка синглиси эдим. Ва мени унга таништирув ҳам айнан шу руҳни ифодалар эди.

Кейин тантаналар бошланди.  Сўз берилганда У ўзига хос вазминлик ва шоирона сиполик билан Алижон Йўлдошни самимий қутлади. Қутловлар давом этди. Табрик навбати менга етганда, сўзимни аллома Муҳаммад Иқбол сўзи билан бошладим. Ва бир нарсани аниқ англадимки, иштирокчилар орасида  биргина инсон, У мени тинглади. Давра борган сари қизирди. У ўзини жуда эркин тутарди. Даврада яйраб рақс тушарди.  Унинг рақсиям шоирона руҳда эди.

Тантана ниҳоялади. Алижон ака юбилей издиҳомидан чарчаб, кўнгли хос суҳбат тилаб, фақат ўзига яқинларни уйига олиб кетди.

Рости, ҳақиқий юбилей шу ерда бошланди. Бу ерда ҳеч ким ёлғондан Алижон акани қутламади. Ҳамма самимий дил сўзларини шеърлар билан изҳор қилишга ўтди. Ниҳоят, унинг таклифи билан мушоира бошланди. Орада лиммо-лим ҳовуз. Кузнинг қоронғу туни. Мен шоир Шариф Нуриддинга фахрли қиз ва Алижон акага сингил бўлганим учун уларнинг курсдошлари қаторида ҳанузам жуда бемалолман, шу боис курсдош қизлар томонига ўтиб олдим. Бошланди фасоҳатли шеър баҳси. Курсдош қизлар томонида мен ва Тўхтажон опа Султонова, курсдош йигитлар томонида Шарифжон ака-ю шоир Жамшиду яна У. 

Мушоира қизигандан-қизигани сари Унинг шеър ўқигиси келарди. Бир нарса аниқ эди. У дилдан яйрарди. Эркалик қиларди: - Менга рубоб беринглар, - деди ҳайқириб. Қувонч шуълалари бутун вужудини қамраб олган Алижон ака ўғилларига ишора қилди. Рубоб пайдо бўлди. Рубобни қўлига олиб, моҳир созанда каби созлаб, қўшиқ куйлай кетди. Мушоира кую қўшиқ билан давом этарди. Саҳарга яқин охири кўринмас мушоира уйқуси келганлар талаби билан тўхтатилди…

2004 йил кеч кузида У билан яна кўришдик. Хўжандга - сабоқдоши Мавлонберди Суюновнинг номзодлик иши ҳимоясига келганди. Мушоирада гарчанд фақат шеър айтишган бўлсак-да, эски қадрдонлар каби сўрашди. Ҳимоя залидан банкет кечажак манзилгача бўлган масофада у билан кечган суҳбатда Мавлонодан таржималар хусусида фикрлашдик. Шеърлари ҳақида гаплашдик. Қисқа мулоқот Уни менга бир қадар яқинлаштирди.

2004 йилнинг декабрида эса, Тошкентда бир танловга борганимда кўришдик. Мен шу ерда Уни ўзим учун кашф қилдим. Тийнати тоза, кўнгли озода, оғир, босиқ, мулоҳазали эди. Танлов куни ўтиб, эртаси ишхонасига бордим. Яна Мавлоно таржималари, яна шеър, яна шоирлик ҳақида суҳбатлар кечди. Ишдан қолдираётганимни сезиб, кетарга шошилдим. Аммо у бирга тушлик қилиш таклифида қатъий туриб, форс шеърияти билимдони Олимжон Давлатни ҳам тушликка чақиртирган экан. У Олимжон иккимизнинг галма-гал Иқболдан, Мавлонодан шеър ўқишимизни жим тинглаб, нималарнидир мушоҳада қилиб ўтирарди. Сўз Хўжандга кўчса, бошқача бўлиб кетарди.  Хўжанд, қалбимнинг хожаси - Хўжанд, деган сўзлари ёдимга тушади унинг ўша суҳбатдаги ҳолатини эсласам.

Индини яна кўришдик. Мен кимнингдир Тошкент билан боғлиқ юмушини бажаришим кераклиги боис Унга мурожаат қилгандим. У мушкулимни осон ҳал қилдирди. Бу У билан сўнгги кўришув экан. Кейини... қиёматга қолган дўстона дийдор...

Орадан кечган йиллар тўзонида мен Уни ашъорида қайта-қайта кашф қилдим. Унинг мағрурлиги, ўзига хос салобати, вазминлиги, баъзан тезоблиги, қизиққонлиги ва сўнгсиз дарвишлиги... барчасида бир улуғворлик кўзга ташланар экан. Севимли шоирим Анна Ахматова ҳақида бир сўзни Анатолий Найман келтиради: -"Она величавая!"  Ва айнан, У ҳақда ҳам шу сўзни "Он величавый!"- деб айтиш мумкин экан, ўйлаб қарасам.

Унинг ўзини тутиши, гуфтори, рафторида шоирона аристократлик барқ уриб турар экан.

"Аналҳақ" китобига дастхат ёзишда "Мунаввара Хўжандийга" деб имзо чекканди. Унинг шу биргина эътибор ва эътирофи мени ўзгартирди. Шу биргина сўздан Хўжанди бостонга илдизлаб бораётганимни сезиб қолдим. Ва ич-ичимда бу эътирофни ўзимга айтиб, сиртимга чиқаролмай юрганимни, у эса, ички савқи табиийси билан буни сезганига қойил қолдим.

Унинг фоний дунё ўлчовларига сиғмас нажиб муҳаббати ортидан ажиб гул каби ифор таратиб шеърлари қолди. Бугун хотиралари ўзи каби нурли Асқар Маҳкамни ёд этарканман, ашъорида иккинчи умрини яшаётган шоирларнинг аристократи эди у, дея оламан фахр билан. У бизнинг ШОИР эди ва шундай бўлиб  қолади. Сўзимни Мавлоно Гулханий сўзи билан якунлай. Бу сўз У ҳақдаги барча хотираларга дебоча бўлишга арзийди: "Кўнгул озодадур, жаҳонга арзи эҳтиёж этмас..."

 

Шоир Асқар МАҲКАМ хотирасига

 

Шоир бўлиб шохим чиқмади.

АсқарМаҳкам

Шоирларнинг шохи бўлмагай,

Шоирлиги шоҳлигидир бас.

Шоирларнинг номи ўлмагай,

Шоирлиги огоҳлик абас.

 

Кофарниҳон оққан шеърларда

Оққан қалбинг оҳи бизгадир.

Бақо йўлин тутдингу аммо,

Қолган умринг умри сўзгадир.

 

Бир кун етсак сен етган жойга,

Қолар ортда Шохлари борлар.

Шамс1 каби биз кетармиз изсиз,

Қолар туну моҳлари борлар.

 

Кофарниҳон кўҳи азиминг,

Шеърлардаги Турҳ2 уқадиминг.

Ярасак бас, сенга  дўстликка,

Руҳдош бўлсак, яна надиминг.

 

Шоирларнинг шохи бўлмагай,

Бўлгай сотқин дўст, улфатлари.

Сўнг манзилда ҳамроҳи дарддир,

Ишқсиз ондан бор кулфатлари...

 

1. Шамс Табризийга ишора.

2. Тур тоғига ишора.

 

Мунаввара ОЙМАТОВА,

Хўжанд.

КАЛЕНДАР

« Ноябр 2024 »
Дш Сш Чш Пш Жм Шб Яб
        1 2 3
4 5 6 7 8 9 10
11 12 13 14 15 16 17
18 19 20 21 22 23 24
25 26 27 28 29 30  

МАҚОЛАЛАР

Хлопушкалар – безовталигимиз эвазига кўнгилхушлик

 

Милодий янги йил киришига ҳам саноқли кунлар қолди. Бугун азиз Тожикистонимиз халқи Янги йилни кутиб олишга ҳамма томонлама ҳозирлик кўрмоқда. Айниқса, мамлакатимиз пойтахти Душанбе шаҳрида байрамга тайёргарлик қизғин эканлиги кўзга ташланади.

Ёшлар йилида Душанбе шаҳри раиси муҳтарам Рустами Эмомали ташаббуси билан янги милодий йилга тайёргарлик ўзгача шукуҳ билан кечмоқда.

Муфассал...

ЙЎЛОВЧИ, ЙЎЛКИРА ВА МУОМАЛА МАДАНИЯТИ

 

Душанбе шаҳри раиси Рустами Эмомалининг 19 февралда чиқарган қарорига биноан, жорий йилнинг 1 мартидан жамият транспорти йўлкира ҳақи ўзгарди. Баҳорнинг биринчи кунидан бошлаб, пойтахт йўловчилари троллейбусларда 1 сомоний, автобусларда 1 сомоний 20 дирам, маршруткаларда эса, 1 сомоний 60 дирам йўлкира тўлай бошлашди. «Экспресс» тартибида ҳаракатланувчи автобусларда йўлкира 1 сомоний 50

Муфассал...

СТАТИСТИКА

Сайтга кирганлар
1
Мақолалар
872
Мақолаларни кӯрганлар сони
1990329

ӮҚУВЧИЛАР СОНИ

7477182
Бугун
Кеча
Шу ҳафта
Ӯтган ҳафта
Шу ой
Ӯтган ой
Ҳаммаси
3110
4027
20795
7426653
98826
114875
7477182

Сизнинг IPнгиз: 18.226.93.22
Бугун: 23-11-2024 16:35:21

ҲАМКОРЛАР

 

 

   

2015