Ўтган асрнинг таниқли шахсларидан бири, Тожикистон Коммунистик партияси Марказий Комитети Биринчи секретари вазифасида 1956 йилдан 1961 йилгача фаолият юритган давлат ва жамият арбоби Турсун Ўлжабоев ҳозир ҳаёт бўлганида роппа-роса 100 ёшга тўлган бўлар эди. Унинг ҳаёт фаолияти турли қарама-қаршиликларга бой бўлса-да, туҳматлар уюштирилиб, эгаллаб турган вазифасидан четлаштирилганига қарамай, у Ватани – азиз Тожикистон ободлиги йўлида тинмай хизмат қилди.
Ундан обод боғлар, раҳбарлиги даврида бунёд этилган ҳаётан муҳим иншоотлар қолди. Улуғларни улуғлар қадрлайди деганларидек, уни мустақил Тожикистонимиз Президенти оқлади, номини мамлакат улкан гидроиншоотларидан бири - Норак ГЭСига қўйди. Суғд вилоятининг Спитамен (собиқ Нов) ноҳиясида хўжаликлару жамоатлар унинг номи билан атала бошланди. Хуллас, халқим деб, юртим деб яшаган инсонлар зангламас олтин каби ҳеч қачон ўз қадрини йўқотмагайлар…
Яқинда Турсун Ўлжабоевнинг кенжа сингиллари Ҳикматой ҳожи она билан учрашиб, акаси ҳақида суҳбатлашишга муяссар бўлдик. Азиз муштарийларимиз эътиборига ана шу суҳбатни ҳавола этамиз.
- Ҳожи она, Зайнабобод қишлоқ жамоатининг маркази томон бурилганда, «Ўлжабой номли хўжаликка хуш келибсиз» қабилидаги ёзув бўларди, айтинг-чи, ушбу хўжалик номининг Сизларга алоқаси йўқми, мабодо?
- Тўғри, ушбу хўжалик раҳматлик дадамиз номи билан аталган. Эшитишимча, унинг раҳбари Нарзулло Каримов ҳам дадамиз Ўлжабой бободек деҳқончилик илмини жуда пухта эгаллаган, ўз касбининг устаси бўлган миришкор раислардан экан.
- Демак, акангиз Турсун Ўлжабоевнинг ҳам қишлоқ хўжалигини, боғдорчилик касбини чуқур билишида дадангиз Ўлжабой бобонинг тарбия ва таълими катта бўлган экан-да…
- Шундай. Ўтган аср 30-йилларида Суғд вилоятидан жанубий ноҳияларга кўчиб келганлар орасида дадамиз Ўлжабой ва онамиз Холбибилар ҳам бўлишган. Оила аъзолари деҳқончиликни яхши билганлиги туфайли бу касб сирларини маҳаллий халққа ўргатишган. Шу боис, улар онамизни Боғбонбиби деб аташган ҳам. Турсун акам оиламизнинг тўнғич фарзанди (Хўжанд ноҳиясининг Туруқ қишлоғида таваллуд топган) бўлганлиги учун раҳматлик отам унга деҳқончилигу боғбонлик касби нозикликларини ўбдон ўргатганлар. Шу боис, куни келиб, Турсун акам республиканинг бир қатор минтақаларида турли раҳбарлик вазифаларида ишлаганларида, ўз вақтида отамиздан олган ҳаётий сабоқлар у кишига роса асқотган экан. Қаерда фаолият юритмасинлар, ўзларидан боғ-роғ қолдирганлар.
- У кишини тўнғич фарзанд, дедингиз…
- Ҳаётда тирик қолганлари орасида у киши катта фарзанд. У кишидан олдин фарзандлар туравермагач, буниси яшаб қолсин, турсин, деган ниятда Турсун, деб номлашган. Ҳасан-Ҳусан, Алина деган туғишганларимиз ҳам бўлишган экан…
Оилада беш фарзанд эдик - Турсун акам, Қўйсиной, Маликахон опамлардан кейин мен - Ҳикматой, сўнг укамиз Эркинбой. Айни пайтда биргина мен қолдим. Улар чин дунёга кетдилар. Малика опам ҳам бир йил бурун бизни тарк этди… Барчаларининг охиратларини обод, жойларини жаннатдан қилган бўлсин, илойим!
- Турсун Ўлжабоевни юқори мансабларда фаолият юритишларига қарамай, жуда хоксор одам эдилар, дейишади…
- У киши мамлакатимизнинг бир қатор ноҳияларида турли раҳбарлик вазифаларида ишлаганлар. Ҳатто, республикага раҳбарлик қилган чоғларида ҳам барчага баравар муомалада бўлганлар. Кибру ҳавоси йўқ эди. Ишдан бўшаган пайтлари ўша вақтдаги Ленинград колхози марказидаги чойхонага келиб, оддий одамлар билан бир пиёла чой устида суҳбатлашардилар. Ҳовлимиздаги айвон-сўрида ҳам ёру дўстлари, қўни-қўшниларимиз билан гурунглашиб, ҳордиқ чиқариб кетардилар. Бу сўри менга акамни эслатиб туради…
- 1956-1961 йиллар Тожикистон Комммунистик партияси Марказий Комитети Биринчи секретари вазифасида фаолият юритган Ўлжабоев туҳмат қурбони бўлган дейишади, бу ҳақда нима дейсиз?
- Мана, ёшим саксон бешни қоралаяпти. Бугун ўша кунларни эслаб, дунёи бевафоси шу экан-да, деб қўяман. Чинданам ўшанда акам туҳмат қурбони бўлди. Устози академик Бобожон Ғафуров Москвага шарқшунослик институтига директор этиб юборилгач, унинг ўрнига Турсун акам Биринчи котиб этиб тайинланади. Айтишларича, Н. Хрушчёв Тожикистонга Ковал деган ўз одамини Иккинчи котиб сифатида юборади. Аммо Турсун акам уни яхши қабул қилмайди. Иккинчи котиб вазифасида ишлаб турган Обносов номли киши рус бўлишига қарамай, маҳаллий халқ тили ва урф-одатларини яхши билар, қишлоқ хўжалиги соҳаси ҳам унга бегона бўлмаган экан. Ана шундай кадр ўрнига Ковал деган кишини қабул қилишдан бош тортган Турсун акам бошида қора булутлар суза бошлайди ва асоссиз айблар билан уни вазифасидан четлаштиришади. Бу каби туҳматлар билан Қирғизистон ва Қозоғистоннинг ҳам ўша пайтдаги Биринчи шахслари ишдан олинган экан. Демак, бу Н. Хрушчёвнинг макри бўлган!
Биринчи котиб вазифасидан олинган акам кейинчалик Хатлон вилоятининг Мир Сайид Али Ҳамадоний ноҳиясидаги «Метин-тўқай», Нуробод ноҳиясидаги «Ғарм», Абдураҳмон Жомий ноҳиясидаги «ХХII партсъезд» жамоа хўжаликларида фаолият юритиб, уларни илғор жамоаларга айлантира олди. Акам қайси вазифада ишламасин, Ватан ободлиги йўлидаги меҳнатни бирламчи вазифа, деб билардилар.
- Юртимиз истиқлолиятга эришгач, у кишининг номи яна тилга олина бошланди...
- Султон суягини хўрламас, дейди доно халқимиз. Мустақил мамлакатимизга раҳбар этиб сайланган Президентимиз муҳтарам Эмомали Раҳмон илгари номлари қораланган ватанпарвар шахслар номини оқлади, баъзиларига қаҳрамонлик унвонини ҳам берди. Ўшалар қаторида акам Турсун Ўлжабоевга ҳам эҳтиром билдирилиб, бир пайтлар ўзининг раҳбарлиги даврида қурилган улкан гидроиншоот Норак ГЭСи унинг номи билан атала бошланди. Бунинг учун биз севимли Президентимиздан беҳад миннатдормиз. У кишига Тинчлик ва миллий бирлик асосчиси – Миллат пешвоси юксак мақоми берилганидан астойдил қувондик.
- У киши СССР Журналистлар иттифоқига аъзо бўлган экан, ижод билан ҳам шуғулланармиди?
- Қанақа ташкилотга аъзо эканликларидан хабарим йўғу, лекин акам адабиётга қизиққан, Бобожон Ғафуровга шогирд бўлганлиги учун ҳам, у киши ишлаган «Қизил Тожикистон» (ҳозирги «Халқ овози») ва бошқа газеталарга мақолалар ёзиб турган.
- Яқинда сафардан қайтибсизлар, деб эшитдим…
- Дарвоқе, яқинда мени Турсун акам таваллудининг 100 йиллиги муносабати билан у киши яшаган, таълим олган қадрдон маскан Спитамен ноҳиясида ташкил этилган тадбирга даъват этишди. Қизим Ризқинисо ҳамроҳлигида бориб келдик. Спитамендаги собиқ Украина жамоа хўжалиги акам номига қуйилган экан, жамоалар тақсимлангач, ўша ҳудуддаги қишлоқ жамоатига Тожикистон Республикаси Олий Мажлиси Миллий мажлисининг 2014 йил, 24 мартдаги қарорига биноан, Турсун Ўлжабоев номи берилган экан. 35 мингдан ортиқ аҳолиси бор мазкур қишлоқ жамоати раиси, меҳнаткашлари, умуман, спитаменликлар бизни юксак меҳру мурувват билан қарши олишди. Лозим бўлган жойларда хотираларимни айтиб бердим. Жорий йил Т. Ўлжабоев 100 йиллиги муносабати билан турли учрашувлару йиғинлар ўтказилаяпти, назаримда. Мана, яқингинада Б. Ғафуров ноҳиясининг Ёва қишлоқ жамоатига ҳам таклиф этилгандик, афсус боролмадик. Нима бўлганда ҳам қаратилаётган эътибору кўрсатилаётган меҳру мурувватлар, барча-барчаси учун раҳмат.
- Шу табаррук ёшда қандай орзуларингиз бор?
- Шу ёшга кириб, Худо ато этган энг улуғ неъматлардан бири бу – тинчлик, хотиржамлик эканлигини англаб етдим. Кечаю кундуз ер юзида тинчлик бўлсин, деб дуо қиламан. Азиз Тожикистонимизга кўз тегмасин, ана шу тинчлигу осойишталик ҳамиша устувор бўлсин, давлатимиз бошлиқларига, хусусан, Миллат пешвоси Эмомали Раҳмонга энг эзгу дуоларимни бағишлайман. Юртда тинчлик ва осойишталик ҳукм сураётганига сабаб бўлаётган Миллатимиз пешвоси дунё тургунча турсин, халқимиз омон бўлсин, илойим.
- Сизга ҳам мазмунли суҳбатингиз учун ташаккур.
Абдулло САИДОВ суҳбатлашди.
28 март куни Панжакент шаҳрида Тинчлик ва миллий бирлик асосчиси - Миллат пешвоси, Тожикистон Республикаси Президенти муҳтарам Эмомали Раҳмон катта маданий ва ижодий мажмуани очди.
Дастлаб Миллат пешвоси мажмуа майдонида Тожикистон Халқ шоири Лойиқ Шерали ёдгорлиги устидан пардани очиб, унинг пойига гулчамбар қўйди. Баландлиги 6,3 ва кенглиги 6 метрни ташкил қилувчи ёдгорлик ҳайкалтарошлар -
Муфассал...
Жорий йилнинг 19-20 феврал кунлари Ўзбекистон Республикасининг пойтахти Тошкент шаҳрида «Марказий Осиёда ўзаро муштараклик: таҳдидлар ва янги имкониятлар» мавзусида халқаро конференция бўлиб ўтди.
Ўзбекистон раҳбари ташаббуси билан мазкур мамлакат Ташқи ишлар вазирлиги ҳамда БМТнинг Марказий Осиёда превентив дипломатия бўйича минтақавий маркази ҳамкорлигида ташкил этилган ушбу тадбирда
Муфассал...2015
1-2015
2-2015
3-2015
4-2015
5-2015
6-2015
7-2015
8-2015
9-2015
10-2015
11-2015
12-2015
13-2015
14-2015
15-2015
16-2015
17-2015
18-2015
19-2015
20-2015
21-2015
22-2015
23-2015
24-2015
25-2015
26-2015
27-2015
28-2015
29-2015
30-2015
31-2015
32-2015
33-2015
34-2015
35-2015
36-2015
37-2015
38-2015
39-2015
40-2015
41-2015
42-2015
43-2015
44-2015
45-2015
46-2015
47-2015
48-2015
49-2015
50-2015
51-2015
52-2015