Тинчлик ва миллий бирлик асосчиси – Миллат пешвоси, мамлакат Президенти муҳтарам Эмомали Раҳмон Олий Мажлисга йўллаган Паёмида ёшларга дунёвий билимлар бериш жараёнини исломий тарбия, исломий ахлоқ-одоб билан бирга қўшиб олиб боришга даъват этар экан, Исломга муносабат масаласида ҳам ўзига хос сиёсат ва иш услубини баён этди. Бу масалада Президент сиёсатида икки нарса кўзга яққол ташланади.
У маърифат билан хурофот, онгли муносабат билан ақидапарастлик ўртасидаги муносабатларни чуқур таҳлил этади. Ислом маърифатига, унинг бой ва маънавий меросига қанчалик кўп ён босса, уни сохталаштирувчиларга, юзаки ақидапарастликка, эҳтиросга зўр берувчиларга ва Ислом омилидан ўз манфаати йўлида фойдаланувчи товламачиларга, экстремистларга ундан-да ортиқроқ қарши туради.
Эмомали Раҳмоннинг Исломга бундай муносабати, бундай сиёсати соғлом фикрни, соғлом ақл-идрокни, исломий ахлоқ-одобни ҳимоя қилишга қаратилган сиёсат бўлиб, унинг замирида диний ва дунёвий муаммолар уйғунлигини таъминлаш, динни хурофот ва бидъатдан, экстремизмдан фарқ қилиш туйғуси ётади. Чунки, Ислом йўли тўғри ва равон йўл. Бу йўлдан озгина оғиш ҳам гуноҳи азимдир.
Ҳозирги кунда дунё бўйича катта хатар бўлиб турган энг ёвуз куч бу «Ислом давлати»ни барпо этиш ниқоби остида иш кўриб, аслида эса, Исломдан бир неча юз фарсаҳлар узоқда бўлган фанатик гуруҳлардир. Баъзи кимсалар, хусусан, эътиқоди суст ёшлар динга эътиқод ўз инон-ихтиёримизда экан, нега бу қонуний ҳуқуқимиздан фойдаланмаслигимиз керак деб, номақбул, бўлмағур, давлат манфаати, сиёсатига зид ишларга қўл урмоқдалар. Қонун йўли билан ман этилган уюшма ва оқимларга қўшилиб кетмоқдалар. Ҳолбуки, давлат виждон эркинлигини таъминлаш баробарида қонун талабларига риоя этилишини ҳам назорат қилишга масъулдир. Бундай кимсаларга қарши курашни динга қарши кураш, деб баҳолаш сира мумкин эмас. Гап ватан манфаати, давлат хавфсизлиги, юрт тинчлиги ҳақида борар экан, ҳеч кимга шафқат қилинмайди.
Президентимиз шундай деб айтди. Ва бу адолатли, ҳақ гапдир. Зеро, ҳеч ким бизнинг ақидамиз, диний эътиқодимизни суиистеъмол қилиш ва Исломдан ўз шахсий ва сиёсий курашида фойдаланиш ҳуқуқига эга эмас. Чунки фанатизм ва экстремизм ҳар қандай шаклда ҳам ҳар бир миллат, давлат, дин ва халқ ақидаси учун катта хавф-хатар манбаидир.
Диний эътиқод, бу Давлатимиз сарвари таъкидлаганидек, фақатгина тоат-ибодат ёки кийган либосга қараб белгиланмайди. Бу уларнинг диний амаллари билан бир қаторда юриш-туриши, хулқ-атвори, зоҳирий ва ботиний кўринишларининг бир-бирига мослиги, табиийки, ақл-идроки, маълумоти, саводи, муошират одоби, маънавий фазилатлари билан ўлчанади. Шу нуқтаи назардан қаралганда, баъзи бир дин пешволарининг тақводор ва мусулмон киши номига ва сиймосига тўғри келмайдиган хатти-ҳаракатларини оқлаб бўлмайди. Дейлик, ўзи ҳожи бўла туриб, покиза бир аёл номусига тегса ёки наркотик моддалар савдоси билан шуғулланса, бу ҳожи деган номга доғ тушириш эмасми? Ўзи имом-хатиб бўла туриб, Қуръон оятлари ила дам солаётиб, бемор аёлга «ишқ» изҳор этса, бу исломий ахлоқ нормаларига тўғри келадими? Шунингдек, ўзи мулла бўла туриб, фол очиш, сеҳру жоду билан шуғулланган, фириб ва найранг билан одамлардан катта пул ундирган, ўзи эса ҳанузгача наркоманиядан азият чекаётган кишининг художўйлигига, тоат-ибодатига ишониш мумкинми? Асло!
Президентимиз виждон эркинлиги, диний эътиқод масаласига қаттиқ ёпишиб олган, аслида эса, дин ходими, руҳоний деган номга доғ тушираётган бундай кимсаларга нисбатан талабчанликни ошириш зарур, деди. Шу билан бирга, дин пешволари вазифаларини ҳам белгилаб берди. Дин ходимлари ва руҳонийлар биринчи галда тарбиячи бўлиши керак. Улар ўзларининг ширин суҳбатлари, панд-насиҳатлари билан ёшларни яхшиликка ҳидоят этишлари, хушахлоқ, хушодоб бўлишга, инсоний хислатларни эгаллашга, хайру саховат кўрсатишга чорлашлари лозим. Исломий хулққа, одамийлик қоидаларига риоя қилиш руҳида тарбиялаш билан бирга, дунёвий фанларни ўзлаштириш, касб-ҳунар эгаллаш, чет тилларни ўрганиш, ватанпарварлик ва Ватанни обод қилиш амалларига даъват этиш уларнинг диний вазифаларига киришини уқтириб ўтди.
Зеро, виждон эркинлиги ҳуқуқи, диний эътиқод қонун доирасида амал қилишни, дунёвий, ҳуқуқий, демократик давлатда яшаётганимизни унутмасликни тақозо этади. Президент таъкидлаганидек, масжидлар сони ва диний бирлашмаларнинг кўпайиши дин эркинлигини таъминлаш йўлидаги яхши мисоллардир.
Диндорлар орасида ҳаддан ортиқ ўзини намойиш этишга уриниш ҳоллари ҳам юз бермоқдаки, бу эса, ўз навбатида Исломнинг қадр-қиммати, обрўсини бирмунча пасайтириб қўймоқда. Диний эркинлик шиори остида экстремизм, фанатизм, бидъат, диний мазҳабпарастлик уруғини сочиш, одамларни нотўғри мафкура қурбонига айлантириш, Исломдан шахсий ва гуруҳлардаги сиёсий мақсадларда фойдаланаётганлари оқибатида нохуш хатти-ҳаракатлар, ҳатто, терроризмнинг жуда хавфли кўринишлари рўй бермоқдаки, бундай кўнгилсиз ҳолатлар билан муроса қилиш мумкин эмас.
Президентимиз айтганларидай, Исломда ўз меҳнати билан ҳалол пул ишлаб топиш пайғамбарлар суннатларидандир. Аллоҳ таоло меҳнат қилган кишини хуш кўради. Худонинг баракоти инсонларнинг ҳаракатига боғлиқ. Исломда касб-ҳунарли бўлиш фарздир. Барча пайғамбарлар ҳамда дин арбоблари бирор касб ёки ҳунар соҳиби бўлганлар, меҳнат нонини еганлар. Довуд пайғамбар бир этикдўзни кўриб, унга демишлар: - «Эй инсон! Меҳнат қил, чунки Парвардигор кимки меҳнат қилиб нон еса, уни севади». Расули акрам аввалига чўпонлик қилганлар, кейинчалик эса савдогарлик билан шуғулланганлар. Имом Аъзам ҳазратлари ҳам савдогар бўлганлар. Мавлоно Яъқуби Чархий деҳқончилик қилганлар ва Имом Ғаззолий эса, мадрасада дарс берганлар.
Кўп ҳунарлилик қиймати, нафақат, бугунги кунда, балки эски вақтларда ҳам маълум эди. Ахлоқ ва ҳикоят китобларида ёзилган кўп ҳикоя ва қиссаю ривоятлар бунга дадил бўла олади. Мўътабар ва кўпчиликка маъқул бўлган бир китобдан ушбу ҳикояни намуна учун келтириш ўринлидир.
Бир бойнинг ўғли саҳрода сув ахтариб юрганида ўша ердаги йилқи боқувчи чорвадорнинг қизини кўриб, унга муҳаббати тушиб қолади ва шу қизни никоҳлаб беришини унинг отасидан сўрайди. Қизнинг отаси йигитдан қандай ҳунари борлигини сўраганида, йигит: - «Мен фалон бойнинг ўғлиман, бизнинг бойлигимиз ўзимизга ҳам, болаларимизга ҳам, болаларимизнинг болаларига ҳам етиб ортади»,- деб жавоб беради. Йилқичи: «Бойлик - бир бойлик, унга ишонч йўқ. Бирор ҳодиса сабабли бир чақасиз қолишингиз мумкин. У вақтда ўзингизни ва оилангизни нима билан боқасиз, ҳунари бўлмаган кишига мен қизимни бера олмайман», - деб йигитни қайтариб юборади. Йигит икки ойдан кейин келиб, йилқичидан қизини никоҳлаб беришини яна сўрайди ҳамда: - «Мен сават тўқишни ўргандим, мана бу саватни ўзим ясадим, энди йўқ демайсизми?»- дейди. Шунда йилқичи: - «Энди мумкин», - деб қизини унга никоҳлаб беради.
Президентимиз таъкидлаганидек, бугунги ёшлар чет тилларни ўрганиши, фан ва техника, замонавий илғор технологияларни эгаллашлари лозим бўлади.
«Шунинг учун,-деб таъкидлади ҳурматли Президентимиз жамоатчилик вакиллари билан учрашувда сўзлаган нутқида,- яна бир марта такрорлайман: ёшларнинг илм олиш йўлларини тўсманг, уларнинг ҳаётига зомин бўлманг. Агар бизнинг ўғил-қизларимиз касб-ҳунар ўрганмасалар, келажакда давлатни ким бошқаради? Ватанни ким обод этади? Ким йўллар ва электр станциялари қуради? Ким ихтиро-ю кашфиёт қилади?»
Президентимизнинг бу таъкидлари замирида катта маъно бор. Бунга Ислом тамаддуни риёзиёт, табиий фанлар, физика, астрономия ва бошқа соҳаларда жаҳонни лол қолдирган ўнлаб буюк олимларни тарбиялагани яхши мисолдир. Шундай экан, хурофот, фанатизм, экстремизм жаҳолат ва қоронғулик сари бошловчи энг ёмон иллат ва ундан қанча тез қутулсак, Тожикистон халқи шунчалик олға кетади. Шундай экан, Президентимизнинг барча дин ва Ислом уламоларига қарата йигит-қизларнинг мактабу олийгоҳларда илму таълим олишларига қаршилик кўрсатмангиз, дея мурожаат қилишлари Ватан тақдири учун қайғуришнинг олий намунасидир. Қолаверса, бу таъкид Пайғамбаримиз (с.а.в.)нинг «Кимки йўлда кетаётиб ҳам илм изласа, Парвардигор унга жаннат томон йўл ҳозирлайди» деган сўзларига ҳамоҳангдир. Зеро, агарда ёшларимиз билимли ва маърифатли, касбу ҳунар соҳиби, оқил ва донишманд бўлсалар, Ватанимиз шу қадар обод ва давлатимиз шу қадар қудратли бўлади. Шундай экан, аҳолига, хусусан, ёшлар ва ўсмирларга уларнинг Тожикистон Конституциясида кўрсатилган диний ҳуқуқлари тўғрисида сўз юритар эканмиз, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, исломий ахлоқ-одобга ўргатиш, жинояткорлик ва умуман, қонунбузарлик, хатарли йўллардан, айниқса, нашавандлик, одамфурушлик, эсктремистик ва бошқа миллат генофондига зарба берадиган амаллар олдини олиш ҳамманинг, биринчи галда дин ходимларининг бурчи ва виждоний қарзидир.
Йигирма беш йил давомида диний қадриятлар қайта тикланди, у миллий маданиятнинг, маънавий тарбиянинг ажралмас қисмига, миллий ва диний қадриятларни эъзозлаш Тожикистон сиёсати муҳим йўналишларидан бирига айланди. Давлатнинг дин соҳасидаги сиёсати нуфузли халқаро ва минтақавий ташкилотлар томонидан эътироф этилмоқда. Мамлакат Президентининг улуғ минбарлардан туриб: - «Биз муқаддас Ислом динини асосий маънавий, ахлоқий ва руҳий манбалардан бири сифатида эътироф ва эҳтиром этамиз. Зеро, Ислом жамиятимиз дунёқараши, руҳияти ва одоб-ахлоқи асосларидан биридир», - дея неча-неча марталаб таъкидлашлари халқимизнинг Конституцияда белгилаб қўйилган диний эътиқодларини ҳимоя қилишга қаратилганидан дарак беради.
Бугунги кунда диний қадриятлар давлатимиз тараққиётига, маънавий ҳаётимизни безашга, давлат ва жамият хавфсизлиги, миллий бирлик, осойишта ҳаёт ва миллий давлатчилик асосларини мустаҳкамлашга хизмат қилаётганлиги кишини қувонтиради, албатта. Шундай экан, ҳурматли Президентимиз таъкидлаганидек, муқаддас Исломни тарқоқликдан, экстремизмга аралашиб кетишдан асраган, поклигини сақлаган ҳолда, унинг асл руҳий, маънавий моҳиятини халққа, хусусан, ёш авлодга кўрсатишимиз, Ислом қадриятларидан ёшларнинг ахлоқ-одоби тарбиясида фойдаланишимиз лозим бўлади. Айниқса, баъзи бир Ислом мамлакатларида Исломни сиёсийлаштириш жараёни кучайиб бораётган ва тарихий-диний келишмовчиликлар авж олаётган бир пайтда ўз диний эътиқодимиз поклигини сақлаш ва ўз сиёсий ҳушёрлигимизни мустаҳкамлаш муҳим аҳамият касб этмоқда. Тожикистон Конституцияси диний ташкилотларни давлатдан ажратиш принципини зарур, деб билади. Бу эса, ўз навбатида одамларнинг виждон эркинлиги конституцион ҳуқуқини таъминлаш, шахсий ёки нопок ниятли гуруҳлар сиёсий манфаатларининг аралашуви, Исломни сохта сиёсийлаштириш олдини олишнинг муҳим шартидир. Исломни сохта сиёсийлаштириш эса, шафқатсиз диний тўқнашувлар ва қон тўкишларга олиб келганига тарихнинг ўзи гувоҳ.
Тожикистон Конституциясида белгилаб қўйилган виждон эркинлиги, диний эътиқод ҳуқуқи халқимиз учун берилган буюк неъматдир. Йигирма беш йилдирки, ана шу бебаҳо неъматдан фойдаланиб келяпмиз. Давлатимиз мусулмонлар учун барча шароитларни муҳайё этган. Ҳеч ким уларнинг масжидга қатнашлари, намоз ўқишлари, рўза тутиб, ҳажга боришларига қаршилик кўрсатмайди.
Ҳурматли Президентимиз Эмомали Раҳмон топшириғи билан илк бор муқаддас Қуръон уч жараёнда тожик тилида 200 мингдан ортиқ нусхада чоп этилди ва одамларга бепул тарқатилди. Давлат бюджети ва Президент фонди ҳисобидан Ислом маданияти илмий, ахлоқий нормаларини ва диний китобларини чоп этиш учун миллионлаб сомоний ажратилди. Юз йиллаб унутилган юзлаб нодир тарихий асарлар чоп этилиб, мамлакат мусулмонлари қўлларига етиб борди. Имом Бухорийнинг «Саҳиҳ», Имом Аъзамнинг «Муснад», Имом Ғазоллийнинг «Эҳёи улуми дин», «Кимиёи саодат»и ва бошқа нодир асарлари шулар жумласидандир.
Булардан ташқари, Имоми Аъзам Абу Ҳанифа, Абдураҳмон Жомий, Мир Сайид Али Ҳамадоний, Мавлоно Жалолиддин Балхий ва бошқа буюк диний ва маданий донишмандлар ва шахсларга бағишланган қатор илмий-оммавий симпозиум ва бошқа тарихий саналарни нишонлаш ҳам ана шу ҳурмат ва эҳтиром ифодасидир. Шунингдек, Душанбе шаҳрининг Ислом маданият пойтахти, деб эълон қилиниши, Тожикистон Ислом институтига давлат мақоми берилиши ва давлат сатҳидаги бир қатор чора-тадбирлар, мамлакат жоме-масжидлари имом-хатибларига расман маош тайинлаш динимиз маданиятини эъзозлаш ёрқин далилидир.
Буларнинг ҳаммаси учун шукрона қилишимиз, Давлатимиз сарварининг динга муносабат масаласидаги доно сиёсатидан хурсанд бўлишимиз лозим. Лекин Тинчлик ва миллий бирлик асосчиси – Миллат пешвоси, Тожикистон Президенти муҳтарам Эмомали Раҳмон Олий Мажлисга йўллаган Паёмида таъкидлаганларидек, баъзилар Ислом ниқоби остида ўзларининг ёвуз ниятларини амалга оширишга, ҳар хил экстремистик оқимларга, террорчилик ҳаракатларга қўшилиб эътиқоди бўш, савияси паст ёшларни йўлдан уришга, ҳатто, уларни давлатга қарши бош кўтаришга даъват этмоқдаларки, бундай нияти бузуқ кимсалар учун шафқат бўлиши мумкин эмас.
Сулаймон ЭРМАТОВ, ёзувчи.
2018-2028 йиллар – «Сув устувор тараққиёт учун» амалиёт ўн йиллиги
Тожикистон Республикаси Президенти муҳтарам Эмомали Раҳмон ташаббуси билан тавсия этилгач, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош ассамблеяси томонидан қабул қилинган 2018-2028 йиллар-«Сув устувор тараққиёт учун» халқаро амалиёт ўн йиллиги резолюцияси яна бир марта жаҳон ҳамжамияти диққатини умумбашарий масалалар, жумладан озон қатлами емирилиши ва сайёра иқлимининг ўзгариши, дунё аҳолисини тоза ичимлик суви
Муфассал...
Ҳамдам Рофиев қуёш чиқишини кузатишни ёқтиради. Тонг саҳарда офтобнинг заррин нурлари осойишта юртимиз узра таралиши унга завқ-шавқ улашади. Ҳаётбахш нурларга боқиб, жаннатмакон юрт - Тожикистонда туғилганлиги, шу ўлканинг мусаффо ҳавосидан нафас олиб яшаётганлигига шукрона қилади. Мустақиллик шарофати туфайли Ватанимизда рўй бераётган ижобий ўзгаришлардан ифтихор ҳиссини туяди…
Муфассал...2015
1-2015
2-2015
3-2015
4-2015
5-2015
6-2015
7-2015
8-2015
9-2015
10-2015
11-2015
12-2015
13-2015
14-2015
15-2015
16-2015
17-2015
18-2015
19-2015
20-2015
21-2015
22-2015
23-2015
24-2015
25-2015
26-2015
27-2015
28-2015
29-2015
30-2015
31-2015
32-2015
33-2015
34-2015
35-2015
36-2015
37-2015
38-2015
39-2015
40-2015
41-2015
42-2015
43-2015
44-2015
45-2015
46-2015
47-2015
48-2015
49-2015
50-2015
51-2015
52-2015