Биз билан боғланинг:

   

Бизга қӯшилинглар

ХАБАРЛАР

СИЁСАТ

Муаллиф: Super user Категория: СИЁСАТ
Чоп этилган 20 Ноябр 2015 Кӯришлар: 1694
Печат

 

Убайдулло Қобилбобоев, Улуғ Ватан уруши ва меҳнат фахрийси, Суғд вилояти:

terrorizmmm-Шу йилнинг 13 ноябри куни Франция пойтахти Парижда содир бўлган террористик амалиёт содир этилиши бутун дунё аҳлини ларзага солди. Бир қуролли газанда кутилмаганда, одамларни ўққа тутди. Воқеа жойида 129 киши ҳалок бўлди. 200 киши эса оғир тан жароҳати олди.

Қандай разиллик! Ўз шахсий юмуши билан шуғулланиб юрган бегуноҳ кишиларнинг қонини тўкиш ўтакетган мунофиқлик эмасми?!

Афсуски, кейинги пайтда бундай кушандалик жаҳоннинг турли нуқталарида юз бериб турибди. Узоққа бормайлик, жорий йил сентябр ойида исёнкор генерал Назарзода ва унинг ҳамтовоқлари томонидан амалга оширилган жиноят ҳам шундай экстремистик хуружлар жумласига киради. Уларнинг разилона қилмишлари натижасида бир қанча ички ишлар ходимлари ҳалок бўлди. Мисрда содир этилган авиаҳалокат ҳам экстремистларнинг жирканч қилмишларига мисол бўлади.

Мен бир оддий фуқаро, Улуғ Ватан уруши ветерани. Урушнинг нималигини яхши биламан. Фашизмга қарши жангу жадалларда иштирок этганман. Қанчадан-қанча одамларнинг жон таслим қилганини кўрганман. Уруш бу, ошкора ҳарбий тўқнашув. Бундан ҳар икки тараф ҳам қурбонлар беради. Аммо экстремистик хуружни олдин бўлиб ўтган урушларга солиштириб бўлмайди. Экстремистни халқона тил билан ашаддий номард, деб аташ мумкин. Ахир, тинчгина яшаб турган бегуноҳ одамларни қўққисдан отиб ўлдиришни яна нима деб атаса бўлади? Бундай разилларнинг Ватани борми? Қайси миллатга мансублиги аниқми? Йўқ. Улар одамлар ҳаётига зомин бўлишни ўзларига касб қилиб олганлар. Кутилмаган жойда пайдо бўлиб, жиноят содир этадилар.

Экстремизмга қарши кураш, фақат, ундан жабрланган одамларнинг иши эмас. Бутун инсониятнинг иши. Шундай экан, ҳар бир онгли инсон, хоҳ каттадир, хоҳ кичик, ҳушёрликни ошириши керак. Айниқса, ёшлар тарбиясига эътибор бериш - долзарб масала. Чунки экстремизм ёшлар тарбиясига таъсир ўтказмоқда. Уларни йўлдан оздирмоқда. Бунга мисол тариқасида айрим ёшларнинг тўсатдан йўқолиб қолиб, Сурияда пайдо бўлаётганини айтиш мумкин. Демак, фарзандларимиз бекорчилик туфайли қандайдир худобехабар кимсаларнинг таъсирига берилиши тайин.

Демак, экстремистлар ҳар жойда кутилмаганда ошимизга оғу, бошимизга қайғу соладиган мунофиқлардир. Бари эл биргалашиб дунёмизни, юртимизни, жамиятимизни нопок кимсаларнинг хавф-хатаридан асрайлик.

 

Турдиали Солиев, нафақадаги ўқитувчи, Ж. Расулов ноҳияси:

-Бугунги кунда халқимиз Ислом экстремистларининг шакли-шамоили, афт-ангори, ғаразли ниятлари, мақсад ва интилишларини яхшигина тушуниб етди. Улар миллатлараро дўстлик алоқаларини, тинчликни, халқларимиз ўртасидаги дўстликни кўролмайдиган, ғаразжўй инсонлар эканликларини кун сайин намоён этишмоқда. “Ислом давлати”, “Ҳизб-ут-таҳрир”, “Ал-қоида” қуролли экстремистик гуруҳларининг қўпорувчилик ҳаракатлари жамоатчиликнинг ғазаб ва нафратини қўзғатмоқда.

Муҳтарам Президентимиз Эмомали Раҳмоннинг таъкидлашича, экстремистларнинг миллати, ватани бўлмаган ва бўлмайди ҳам.

Нафақахўр ўқитувчи сифатида мен ҳам уларни қонхўр, жаллод, раҳм-шафқат нималигини билмайдиган, инсонийлик қиёфасини бутунлай йўқотган, бадбашара махлуқлар қаторига қўшаман. Ахир, уларнинг Сурия мамлакатидаги қўпорувчилик ҳаракатлари, Франциядаги портлатишлари кимни ташвишга солмайди, дейсиз.

Минг афсуски, орамизда ана шу экстремистик оқимлар таъсирига берилаётган, уларнинг ҳийла-найрангларига учиб, сўнг пушаймон бўлаётганлар учрамоқда.

Айрим ақидапарастлар, оғирнинг устидан, енгилнинг остидан ўтиб, енгил-елпи ҳаёт кечиришни ҳавас қилаётган, калтафаҳм кишилар ўз миллати, ватанини сотиб, экстремистлар алдовига дучор бўлишмоқда. Ана шундайлар қаторига Назарзода ҳамтовоқларига ўхшашларни киритиш мумкин.

Айтиш жоизки, экстремизм ботқоғига ботаётганларнинг аксариятини ёшлар ташкил этмоқда. Биз ширин-шакар фарзандларимиз асримизнинг кенг тарқалаётган “вабо”си бўлмиш  экстремистлар таъсирига берилмасликлари чорасини кўрмоғимиз керак. Кенг жамоатчилик орасида, мактабларда, корхона ва муассасаларда, маҳаллалар, меҳнат коллективларида ўтказилаётган йиғилишларда тушунтириш ишларини кўпроқ олиб боришимиз керак, токи ёшларимиз бу хавфли “вабо”дан ўзларини эҳтиёт қилишсин. Ёшлар тарбиясида мактаб билан бир вақтда, оиланинг роли ҳам беқиёсдир. Ҳар бир ота-она ўз фарзандининг тақдирига бефарқ қарамаслиги, озгина бўлса ҳам вақт ажратиб, тўкин дастурхон атрофида экстремистларнинг асл башараларини, уларнинг кимлар эканлигини ўз фарзандларига тушунтиришса, нур устига аъло нур бўларди.

 

Муҳаммад СУБҲОН, адиб, Тожикистон Ёзувчилар Иттифоқи аъзоси:

- Дунёда миллионлаб одамлар ўз кўзлари билан кўришни орзу қиладиган шаҳарлар унчалик кўп эмас. Ана шу шаҳарлар рўйхатининг энг олдинги қаторидан бирида, шубҳасиз, Париж туради. Франция пойтахтининг бир-биридан гўзал хиёбонлари, машҳур Эйфел минораси, Лувр музейи, Монмартр, Инқилоб майдони, Версални кўришга муяссар бўлган, Сена қирғоқларида сайр қилган ҳар бир инсон завқ-шавққа тўлади.

Мен аёлим билан бирга ана шу орзулардаги шаҳарни кўриш бахтига муяссар бўлдим. Бунга ҳали бир ой ҳам ўтгани йўқ. Кўчалар тинч, шаҳарнинг барча диққатга сазовор жойлари жаҳоннинг турли томонларидан келган саёҳатчилар билан тўла эди.

Шу кунларда эса, ана шу гўзал шаҳарнинг тинчи бузилгани, парижликлар, меҳмонлар қўрқув, таҳликага тушганликларини эшитиб, кўнглимни тасвирлаб бўлмас ачиниш, андуҳ қоплади. Нега, нима учун, деган саволлар устма-уст қалашиб келди.

Ҳа, тинчгина кўчаларда, футбол стадиони атрофида, концерт залида нега портлашлар юз берди, отишмалар бўлди? Нега 130 нафарга яқин инсон ҳалок бўлди? Нега 350 нафарга яқин инсон яраланиб, беморхонага тушди? Ўз иши билан тинчгина юрган, футбол кўриш, концерт томоша қилиш учун борган, ҳеч нарсадан хавотирсиз овқатланиб ўтирган бу одамларнинг не гуноҳи бор эди? Бу гуноҳсиз инсонлар террор деб аталган, мияси мағзида қон тўкиш, одамлар кўнглига қўрқув солишдек манфур мақсад ётган ваҳшийликнинг қурбони бўлишди.

Террорчининг миллати бўлмайди. У Ислом номидан иш кўрадими, бошқа дин номидан иш кўрадими, ҳаммаси бир ниқоб, холос. Ана шу ниқоб сидириб олинганда, террорчининг ёвуз башараси намоён бўлади.

Айтинг, жорий йил сентябрида азиз Тожикистонимизда юз берган қонли воқеаларда худди ана шу ёвуз, разил башаралар намоён бўлмадими? Шундайгина мамлакатимиз пойтахтининг биқинида, Ваҳдат шаҳрида милиция бўлимига ҳужум, Душанбе кўчаларидан биридаги отишма айни шу ёвуз башарали террорчилар томонидан амалга оширилмадими? Худди Париждаги бегуноҳ қурбонлар каби мамлакатимиздаги террорчилик ҳаракатларида ҳалок бўлган ва яраланганлар ҳам гуноҳсиз эдилар-ку!

Мен Афғонистондаги урушни ўз кўзим билан кўрганман. Уруш қаерга тинчлик, ободлик келтирибдики, Афғонистонга келтирарди? Кўз ўнгимда ёндирилган қишлоқлар, ўққа учган ёш болалар, аёллар, қарияларни узоқ вақт унута олмадим. Бу ёруғ дунёга яхши яшаш учун келган, лекин бевақт жони узилган одамларни унутиб бўлармиди?

Мен гувоҳи бўлган урушдан кейин орадан кўп йиллар ўтди. Лекин Афғонистон ҳамон тинчиган эмас. Ҳали одамлар тирбанд бозорларда, ҳали кимдир ишга, кимдир ўқишга, кимдир меҳмонга бораётган кўчаларда, тўйхоналарда, мактабларда портлашлар, отишмалар юз бермоқда. Бегуноҳ инсонларнинг қони тўкилмоқда. Сурияликларни қўяйлик, ҳозир тинчгина ҳаёт кечириш учун ўзи туғилиб-ўсган диёрни, уй-жойини ташлаб Оврупога қочиб бораётган кишилар орасида афғонлар озми?

Ана энди уруш кечаётган мамлакатлардан қочиб, тинч жой излаётганлар инсонлар йўл олган юртларнинг бирининг пойтахти - Парижда ҳам қон тўкилди.

Мен бу ёруғ дунёда террор деган сўзнинг бутунлай йўқолишини, террорчиларнинг битта ҳам қолмай қаттиқ жазога тортилишларини истайман. Йўқса, бошқа юртларга саёҳатга бориш нари турсин, ўз юртимиз кўчаларида ҳам хавотирсиз юра олмаймиз. Саёҳат деганда, беихтиёр Мисрнинг Шарм-ал Шайхдек хушманзара томонида дам олиб қайтаётган россияликларни эслайман. Фалокатга учраган учоқда 224 инсон бор эди. Марҳумлар орасида ёшгина болалар ҳам бўлган. Ана шу фалокатга сабаб ҳам террорчилик амали бўлганлиги аниқланибди. Россия Федерал Хавфсизлик хизмати раҳбари Александр Бортниковга кўра,  А321 учоғининг Мисрда ҳалокатга учрашига террорчилик амали сабаб бўлган экан. Бу ҳақда Бортников президент Владимир Путин билан учрашувда маълум қилди.

"Мутахасисларимизга кўра, учоққа ўрнатилган қўлбола ускуна портлаган. Портловчи ашё 1 килограмм тротилга тенг бўлган. Натижада, учоқ парвоз пайти бўлиниб кетган. Буни учоқнинг парчалари қанчалар узоқ масофага сочилиб кетгани ҳам тасдиқлайди",- деб айтган Бортников. Портловчи ускунанинг хорижда чиқарилгани ҳам аниқланибди. Ҳали бу гаплар айтилмасдан бурун ўзини "Исломий давлат" деб атаган террорчи гуруҳ Россия самолётини портлатгани билан мақтаниб, устма-уст жар солган эди.

Албатта, ҳар ким ўз уйининг тинч бўлишини истайди. Лекин, қўшнимнинг уйига ўт кетди, меники ёнмайди, деган ўйдаги хотиржамлик сира яхшиликка олиб бормаган. Бугун бутун дунё бир бўлиб террорчиликка қарши курашиши шартлиги замоннинг энг кўндаланг масалаларидан бирига айланган. Ҳар бир инсоннинг ҳушёр туриши, огоҳлик, террорчи деб аталмиш ёвуз қонхўрларга қай кўринишда бўлмасин, кураш олиб бориш ҳозир ўз уйининг тинчини ўйлаган ҳар бир инсоннинг муҳим ишига айланган, деб ўйлайман.

 

Чори САИДОВ, Турсунзода шаҳар ҳукумати маориф ва илм бўлими мутахассиси:

- Замирида жаҳолат ётган бузғунчилик ва зўравонлик ҳамиша дунё аҳлини таҳликага солиб келган. Ва бугунги кунда ана шу жоҳилликнинг ўта фаоллашуви кўплаб гуноҳсиз инсонларнинг қони тўкилишига сабаб бўлмоқда.

Франция давлатида юзага келган силсилали портлашлар оқибати 129 нафар турли давлатлар фуқароларининг ҳаётига зомин бўлди.

Бу золимликларнинг барча масъулиятини «Ислом давлати» террорчи гуруҳи ўз зиммасига олди. 

Ақли, умуман, инсонийлиги золимликнинг қора оғусидан жароҳатланган, маънавий дунёси заиф жоҳиллардан ташкил топган бу гуруҳ кейинги бир неча йил бадалида жаҳондаги осойишталик барқарорлигига рахна солиб келаяпти ва ўзининг қора ниятлари йўлида анча-мунча қонхўрликларни ҳам амалга ошириб қўйди.

Ироқ ва Сурияда минглаб тинч аҳоли намояндаларини оммавий тарзда қирғинбарот қилиб, мислсиз қотилликларга қўл урган террорчи гуруҳларнинг тинчликсевар инсоният нафратига йўлиқиши, қилган гуноҳлари учун муносиб жазо олиши турган гап.

Бугунги Ироқ, Сурия ва Афғонистон сингари мамлакатларда инсонлар осуда ҳаёт нималигини қарийб унутиб қўйдилар.

Бир неча юз минглаб сарсон-саргардон қочоқлар, айниқса, болалар, аёллар ҳамда қариялар ўзга юртларда хору зорликда умргузаронлик қилмоқдалар.

Бир қатор давлатлар тинч аҳолиси сафида, мусаффо осмон остида, тинч-тотув ва хотиржам умр кечираётган биз тожикистонликлар ҳам «Ислом давлати» террорчи гуруҳи амалга ошираётган зўравонликларни қоралаб, уларнинг фаолиятига тезроқ барҳам берилишини истаймиз.

 

Абдураҳим РАҲМАТУЛЛАЕВ, Бобожон Ғафуров ноҳияси марказий жоме масжиди бош имом-хатиби муовини:

- Мусулмончиликда бир гап бор - инсоннинг кўнгли ҳам, қорни ҳам тўқ бўлиши зарур. Ана шу икки хил тўқчиликнинг шартларидан бири эса, маҳалла, шаҳар ё қишлоқ, бутун юрт тинчлигидир. Қайси бир ўлкада тинчлик, осойишталик бўлса, у ерга Аллоҳ таоло ўзининг файз-баракасини ёғдиради. Қайси бир давлатда тинчлик ҳукмрон бўлса, у мамлакат халқи хуш-хуррам, бехавотир ҳаёт кечиради. Болалар мактабларда илм олишади, деҳқонлар хирмон-хирмон ҳосил кўтаришади, қурувчилар янги уйлар қуришади, олимлар элга манфаати тегадиган янги-янги кашфиётлар устида изланадилар. Хуллас, Аллоҳ тинч юрт аҳолисидан ўз фазлу карамини асло дариғ тутмайди.

Лекин бунинг акси бўлса-чи? Уруш кетаётган юртларда шаҳар-қишлоқлар вайронага айланади. Ким ўқ тегиб, ҳалок бўлган боласининг устида кўз ёш тўккан, ким жонини олиб қочган...Ўзини "Исломий давлат" деб атаган террорчи гуруҳ Сурияда ана шундай қонли урушларни олиб бораётгани маълум. Ана энди бу ёвуз ниятли гуруҳнинг қонли қўли Францияга, Парижга ҳам етиб борибди. Мен матбуот орқали Франция Бош вазири Мануэл Валснинг Париждаги террорчилик ҳужумлари Сурияда режалаштирилгани ҳақидаги гапини ўқидим. У террорчи жангариларнинг Парижга ҳужумлари Сурияда режалангани ва ташкиллаштирилгани айтган. Франция Бош вазири ўзининг мамлакати ва бошқа Европа давлатларида ҳам янги террор ҳужумлари режалаштирилаётгани маълум бўлганини билдирган.

Парижда ҳалок бўлган террорчиларнинг бири айни Суриядан эканлиги аниқланибди. У шаҳардаги террорчилик амалиётларининг бошида турган, раҳбарлик қилган шахс ҳам суриялик экан.

Кўз олдимга Парижда тўкилган қонлар келар экан, Сурияга адашиб бориб қолган тожикистонликларни ўйлайман. Улар катта пулга учиб кетишдими ё кимларнинг алдовига учибми, албатта, буларнинг ҳаммаси вақти келиб, маълум бўлади. Сурияликми, бошқа мамлакатликми, ким бўлмасин, бегуноҳ инсоннинг қонини тўккан одам, шубҳасиз, жазосини тортади. Уларнинг анчагинаси, аллақачон, Сурияда ер тишлади.

Худди, шунингдек, бундан икки ярим ой олдин юртимиз тинчини, одамларимиз ҳаловатини бузган террорчиларнинг кўплари, аллақачон, жазоларини тортишди. Уларни қуроллантириб, бегуноҳ одамларни ўлдиришга бошлаган Ҳожи Ҳалимнинг ўзи ҳам ўлим топди. Мамлакат Мудофаа вазири муовинидек муҳим вазифа ишониб топширилган, юксак ҳарбий унвон берилган бу одам Ватанга, Президентга, халққа хиёнат қилди.

Ҳа, одамлар юрагига қўрқув солиб, бунинг учун гуноҳсиз одамларни ўлдирадиган, обод биноларни портлатадиган терррорчилар жазо олишди, олишади. Лекин мен шу ўринда бошқа нарсани ўйлайман: террорчиларни ёллаётган, уларни пул билан қутуртираётган шахслар-чи? Улар қилғиликни қилиб қўйиб, қачонгача бир чеккада яшириниб юришади? Ҳамма нарсанинг вақт-соати бор. Ана шу вақт-соат келиб, ёлловчилар, ғоявий раҳбарлар юзларидаги парда олиб ташланади. Ана шунда у ёвуз ниятли кимсаларнинг ҳақиқий башаралари очилади. Сентябр воқеаларидан сўнг Тожикистон Ислом тикланиш партияси раҳбарлари ана шундай ҳолга тушишмадими?

Террорчилик илдиз отишга уринар экан, ҳар биримиз террорчиларнинг қон тўкиш, бузғунчилик, қўпорувчиликдек мақсадларини амалга оширишларига йўл қўймаслик учун қўлимиздан келганича уринишимиз зарур. Хўш, террорчи гуруҳлар ўз сафларига тортиш учун кимларни нишонга олишмоқда? Бу тоифадаги одамлар орасида биринчи навбатда ҳаётда йўлидан адашган, исломнинг ҳақиқий мазмун-моҳиятини билмаган, чаласавод, ота-онаси яхши тарбия бермаган, оқ-қорани танитмаган, масъулиятсиз ёшларни кўпроқ учратиш мумкин. Баъзи бир давлатлардаги қашшоқлик, ишсизлик  ҳам террорчилар учун қўл келмоқда. Террорчи гуруҳлар ўзларининг ғаразли мақсадларига эришиш, ёшларни йўлдан уриш учун турли-туман маккорона усуллардан фойдаланишади.

Айрим ерларда мафкуравий бўшлиқнинг мавжудлигидан эса экстремист гуруҳлар усталик билан фойдаланишади. Бу гуруҳлар аъзолари айнан мафкуравий жиҳатдан суст ёшларни излашади ва уларнинг қалбига, онгига таъсир кўрсатишади. Кўнглида ватанпарварлик ғояси мустаҳкам, мудом эл-юрт тараққиёти учун интиладиган ёшларни эса ёмон ниятлиларнинг ўз домларига илинтиришлари қийин.

Террорчилар Ислом номидан қабиҳ ишларни амалга ошираётган эканлар, биз - дин аҳли ҳам барча намозхонларга ёвуз ниятли гуруҳларнинг асл ниятларини кўрсата олиш, уларни террор деган манфур амалга қарши курашиш, тўғри йўлдан адашмасликлари учун интилишимиз шарт, деб ўйлайман.

 

Азимжон ОЛИМОВ, Шаҳринав ноҳиясидаги Акрам Ҳасанов номли қишлоқ жамоатига қарашли саломатлик маркази врачи:       

- Инсоният яралгандан буён ўз тарихида неки кўргуликларга йўлиққан бўлса, уларнинг барчаси ёвузликдан урчиган.

Одам боласи қалбига ин қурган зўравонлик исталган пайтда унинг бошига кулфатлар ёғдириши мумкин.

Ёвузлик - бу иллат…

Иллат эса, кутилмаганда инсониятни фалокат ва ҳалокатларга дучор қилиши ҳеч гап эмас.

Ҳордиқ чиқариб, ўз саломатлигини тиклаб, кўнглига бир жаҳон эзгу ниятларни тугиб, Ватанига қайтаётган, россиялик сайёҳлар самолёти Миср саҳроларининг қоқ ўртасида портлаб кетишини ким ҳам ўйлабди дейсиз...

Олиб борилган таҳлил ишлари шуни кўрсатдики, Қоҳира-Москва йўналиши бўйича ҳаракатланаётган А321 русумли самолётнинг бортига қўлда ясалган портловчи қурилма ўрнатилган.

Пировард натижа- 224 нафар йўловчи, жумладан, 27 нафар боланинг ёстиғи қуриди.

Мана бу - одам боласи юрагидаги жаҳолатдан озуқа олган ёвузликнинг оқибати.

Энг аянчлиси шундаки, бугунги кунда ёвузликни ўзининг асосий машғулоти қилиб олган ва ҳали кўплаб фожиаларга сабабчи бўлиши эҳтимолдан йироқ бўлмаган «Ислом давлати», «Ал-Қоида», «Ўзбекистон Ислом ҳаракати» сингари зўравон, жиноятчи гуруҳларнинг сони ортиб бормоқда.

Албатта, бу ҳолат дунё аҳлини, жумладан, жонажон Тожикистонимиз халқларидан зийракликни қўлдан бермасликка, ҳушёрликни оширишга чорлайди.

Айниқса, жорий йилнинг сентябр ойи бошларида Ватан хоини, мамлакат Мудофаа вазирининг собиқ ўринбосари, Ҳожи Ҳалим бошчилигидаги хиёнатчи гуруҳ томонидан амалга оширилган террорчилик амалиёти биз учун катта ҳаётий сабоқ бўлиши керак.

Мамлакат Ҳукумати, хусусан, унинг Раиси муҳтарам Эмомали Раҳмон томонидан олиб борилаётган тинчликсевар сиёсат, кучга эга қуролли тизимлар намояндалари кўрсатган жасорат, олий ватанпарварлик намуналари туфайлигина мудҳиш фожиаларнинг олди олинди.

- Бирни кўриб шукр қил, бирни кўриб зикр қил,- дейди доно халқимиз.

Бугун дунё саҳнида юз бераётган кўнгилсиз воқеалар, фожиалар бизни бир эзгу мақсад - жаннатмакон Ватанимизнинг гуллаб-яшнаши, элимиз ҳаётининг обод ва фаровонлиги йўлида жипслашишга, давлатимиз бошлиғи Эмомали Раҳмон Жаноби олийлари томонидан олиб борилаётган тинчликсеварлик сиёсатини қўллаб-қувватлашга, инсониятнинг ашаддий душмани бўлган бузғунчилик ва зўравонликка қарши бир жону бир тан бўлиб курашишга ундайди.

Зеро, куч адолатда ва бирдамликда эканлигини барча яхши билади… 

Украинанинг келажаги кандай?

Албатта тинчланади - 23.1%
Бу ғарб давлатларига боғлиқ - 15.4%
Буни Россия ҳал қилади - 23.1%
Украин халқи бирлашувига боғлиқ - 15.4%
Билмайман - 23.1%

Проголосовали: 13

КАЛЕНДАР

« Ноябр 2024 »
Дш Сш Чш Пш Жм Шб Яб
        1 2 3
4 5 6 7 8 9 10
11 12 13 14 15 16 17
18 19 20 21 22 23 24
25 26 27 28 29 30  

МАҚОЛАЛАР

ТАСАННО

 

Бирлашмаган эл доим хор бўлар, талош бўлар,

Бундай элнинг бағри доғ, кўзларида ёш бўлар.

Бўлар элнинг фарзанди ўн бешида бош бўлар,

Эл дардини тинглаган ўғлонларга тасанно,

Ҳақ йўлини англаган инсонларга тасанно.

Муфассал...

Ёшлик умр баҳори, хазонли кузга айланмасин…

 

Умр - ўткинчи…

Шиддатла тортилган камон ўқи суръатида кечадиган бу жараён -тирикликка йўғрилиб, инсонга ато этилган бир сиқимгина ҳаёт парчаси.

Ёшлик - бандасига берилган умрнинг гуллаб-яшнаган фасли, тақдир яратувчи палласи. 

Муфассал...

СТАТИСТИКА

Сайтга кирганлар
1
Мақолалар
872
Мақолаларни кӯрганлар сони
1990549

ӮҚУВЧИЛАР СОНИ

7477692
Бугун
Кеча
Шу ҳафта
Ӯтган ҳафта
Шу ой
Ӯтган ой
Ҳаммаси
3620
4027
21305
7426653
99336
114875
7477692

Сизнинг IPнгиз: 3.144.41.200
Бугун: 23-11-2024 16:55:05

ҲАМКОРЛАР

 

 

   

2015