Биз билан боғланинг:

   

Бизга қӯшилинглар

ХАБАРЛАР

СИЁСАТ

Муаллиф: Super user Категория: СИЁСАТ
Чоп этилган 27 Август 2015 Кӯришлар: 1810
Печат

 

hamadoni 2Салтанатда ҳар доим бор маърифат,

Жаҳд қилгилки, ҳосил бўлғай бу сифат,

Ҳар киме масти олами ирфондир,

Ул ҳама олам халқиға султондир.

Мир Сайид Али Ҳамадоний (1314-1386) фалсафа, илоҳиёт буюк олими, форсу тожик ва Ҳиндистону Покистон ширинсухан адибларидан бири ҳисобланади.

Афсуски, Мир Сайид Али Ҳамадоний ижодий ҳаёт ва фаолияти, шахсияту мартабаси ҳалигача унинг каломи ихлосмандлари учун ноаниқлигича қолмоқда. 1975 йили таниқли тожик файласуфи Моҳирхўжа Султонов ўзининг «Ҳазрат Амиржон мозори ҳақида ҳақиқат» номли мақоласида Сайид Али Ҳамадоний турмуш жараёни ва меросини ўрганишга муносиб ҳиссасини қўшди.

Фақат шуни илова қилиш керакки, мақому мартабаси даражасига мувофиқ, уни Машриқзамин мамлакатларида Шоҳи Ҳамадон, Мири Ҳамадон, Мири Кабир, Сиёҳпушт, Мири Сиёҳпушт, Ҳазрати Амиржон номлари билан ҳам аташган. Бизнинг юртимиз, хусусан, Кўлоб ва Қўрғонтепада бепоён муҳаббат ва самимият билан уни Ҳазрати Амиржон, деб атайдилар.

Бу таниқли шахснинг асл исми Али бинни Шаҳобиддин бўлиб, Эроннинг Ҳамадон шаҳрида ўз даври донишманду ақл-идрокли оиласида дунёга келган. Унинг туғилган йили тўғрисида турли фикрлар мавжуд. Лекин бир қатор тарихий-адабий манбаларга кўра, Мир Сайид Али Ҳамадоний таваллуди 714 ҳижрий йилнинг 12 ражаб ойи ёки 1314 милодий йилнинг 12 октябри, деб ҳисобланади.

Яхши таълим олиш ва унинг камолоту тараққиётида оила муҳити ҳамда Ҳамадоннинг икки забардаст олими, яқин қариндошлари Шарофуддин Маҳмуд ибн Абдуллоҳи Маздаконий ва Таққиддин Али Дўстийнинг ҳиссалари каттадир. Шундай соғлом муҳитда у яхши маънавий ва ахлоқий таълим олиб, 16-18 ёшида замонининг мавжуд билимларидан баҳраманд бўлди. Мана шундай қулай шароит унга таскин бермади. Илму маърифат ва асил ҳақиқатни излаб, ўзи учун азиз бўлган бу муҳитни 19 ёшида тарк этди.  Аммо, ёшлигида бахтсизлигу қарама-қарши тақдир бу олийжаноб зотни овораю сарсон қилди. Умрининг асосий қисмини ғурбатда, кетма-кет сафарларда ўтказди. У қаерга  муборак қадамини босмасин, шу манзил унинг баракатли қадами файзидан ободу кўркам ва дабдабали тус оларди. Бечоралару камбағаллар, заифлару беморларга раҳми келиб, хайру саховат қиларди. Дарвоқе, сафарларида баъзи қариндош-уруғлари, дўстлари ва муридлари ҳамроҳлик қилган Сайид Али Ҳамадоний мудом мусофир эдилар.

Маккаю Мадина, Миср, Покистону Ҳиндистон, Марказий Осиё, Туркия ва дунёнинг бошқа мамлакатларига бойлик мақсадида эмас, балки халқлар расму русуми билан яқиндан танишиш, имкон қадар уларга ёрдам бериш учун сафар қиларди.

У бу сафарларда замон авлиёлари суҳбатларидан руҳланарди ва натижада «Авроди фатҳия» каби ўлмас сўфиёна асарларини яратди.

Ҳазрат Сайид Али Ҳамадонийнинг ўзи шундай дейди: «Уч марта Машриқдан Мағрибга сафар қилдим. Жуда кўп жойларни кўрдим. Ҳар доим бирон вилоятга етиб, бу мавзе аҳли расму русум ва одатларини бошқача тарзда кўрардим… 1400  нафар комил авлиёни топдим. Жумладан,  400 авлиёни бир мажлисда топдим ва уларнинг ҳар бири илтифот кўрсатишди. Ушбу муддат ичида Саида Ашрафи Зафарга кўра, илк бор Али Ҳамадоний 1373 милодий йилда бугунги Хатлон вилояти ва Кўлоб шаҳрига ташриф буюрган.  Аслида, тасаввуф тарихи ва Шарқ адабиётида Сайид Али Ҳамадонийдек кўп сафар қилган, авлиёлару анбиёлар хизматига камарбаста бўлган ва улардан баҳраманд бўлган шахсларга кам дуч келамиз. У бирор касб ўзлаштиришда устоз назарисиз киши ҳеч нарсага эриша олмаслиги ва бирор мартаба соҳиби бўлолмаслигини неча марталаб таъкидлаган.

Эй Али, борғил, назар қил, сидқу сафо бирла,

Пир назар қилмас эса, етмас мурид мақсудга.

Бу мартабага Сайид Али Ҳамадоний анча эрта, ёшлигида муяссар бўлди. Шайх Муҳаммадхони Азконий ўша давр таниқли олимларидан ҳисобланарди ва ҳар ким ҳам унинг олдида муридлик хизматини бажо келтира олмасди. Али Ҳамадоний юксак заковат, чексиз сабру тоқати туфайли унинг муриди деган номга сазовор бўлди ва ҳатто, Шайх ўзининг фахрий либоси – хирқасини шогирдига совға қилди. Бу устознинг шогирдга олий эҳсони ва комил ишончидан гувоҳлик беради.

Илму маърифатдан ўрганиб, жамғарганларини саҳифаларга  тақсимлаб, қайд қилиб қўйди ва охирида уларни алоҳида китоб шаклида нашр этган бўлиб, улар сони 70 тадан зиёддир. Ўша даврларда Сайид Али Ҳамадоний баракатли умрининг 60 йилдан кўпроғи ўтган эди.

Умрининг қолган йилини азиз Ҳамадонида китоблар нашр этишга бағишлашга қарор қилди. Аммо тақдирнинг яна бир аччиқ зарбасига дучор келиб, унинг барча орзую ниятлари барбод бўлди.

Бу пайтда Амир Темур Эронга лашкар тортиб келган бўлиб, Шерозу Табрез, Исфаҳону Ҳамадон ҳам урушдан зарар кўрган эди. Али Ҳамадоний азиз ватанини харобазор ҳолатда кўришга тоқат қилолмади ва Амир Темурнинг маҳкамада ишлаш таклифини ҳам рад этди.

1379 йили 65 ёшида қариндош-уруғлар ва 700 дан зиёд шогирду муридлари ҳамроҳлигида ватанини тарк этди ва Ҳиндистоннинг Кашмирини ўзига макон этди. Сайид Али Ҳамадонийнинг бу маконни ихтиёр этгани тўғрисида турли ақидаю ривоятлар мавжуд ва улар орасидан мана бу ривоятни эслатиб ўтмоқчимиз: «Сайид Али Ҳамадоний афсонавий Кашмир мамлакатига етганидан кейин Кабарсавод музофотида бу диёрнинг бир гуруҳ олимлари билан учрашув ўтказди. Улар орасида кенг баҳсу мунозара бошланди. Заковати туфайли дунёга машҳур бўлган уламолардан бири Сайид Али Ҳамадоний билан неча соатлаб баҳсу мунозара қилди. Сўнгги саволу жавоб ибодатхона ёнида турган сигир тўғрисида бўлди.

Бунда сигир ҳолати аниқланиши керак эди. Кашмир олими бу саволга биринчи жавоб бермоқчи бўлиб, сигир қорнида бузоқча бўлиб, унинг пешонаси онасининг пешонаси каби оқдир, деди. Сайид Али Ҳамадоний рақибига аслида бузоқчанинг пешонаси эмас, думининг учи оқ эканлигини қўшимча қилди. Бузоқча онасининг қорнида шундай жойлашганки, думининг оқ жойи пешонасидан жой олган.

Ушбу фикрлар ҳақиқатини аниқлаш учун бу ерда турганлар сигирни сўйишиб, бузоқчани кўришди. Ҳақиқатдан ҳам унинг пешонаси эмас, балки думининг учи оқ экан. Шундан кейин кашмирликлар донишманди Сайид Али Ҳамадоний олдида енгилиб, унинг барча қавми Ислом динини қабул қилди ва умрларининг охиригача унга содиқ қолишди.

Сайид Али Ҳамадоний Ҳиндистоннинг Сринагар шаҳрида масжиду мадрасалар қурди ҳамда бу ўлкада Ислом динини ёйиш ҳамда ўлмас асарлар ёзиш билан шуғулланди.

Ушбу нисбатан осойишта муҳит Сайид Али Ҳамадоний ҳаётининг охирги йилларига тўғри келди. Муборак ёшининг 73-баҳорида оғир дардга мубтало бўлди.

Албатта, кетма-кет сафарлар, узоқ йиллар давомидаги муҳожирлик, азиз ватандан узоқда яшаш, бир қисми Эрону ва бошқалари Хатлонда яшовчи меҳрибон қариндош-уруғлари ҳижрони, ва ниҳоят, Хожа Абуисҳоқи Хатлонийга (1314-1346) (мақбараси Кўлоб ноҳиясининг Хожаисҳоқ қишлоғи «Ҳамадоний» хўжалигида жойлашган) турмушга чиққан қизи Моҳи Хуросондан узоқда яшаш Сайид Али Ҳамадонийнинг бақувват  вужудини заифу нотавон ва дардманд қилганди. У бемор бўлиб тўшакда ётарди. Аммо ҳар доим Хатлон диёри ва унинг қудратли шахсиятларини тилига келтирар, ҳушу хаёли бу макон билан банд эди. Қайтар чоғида Афғонистоннинг Кунар вилоятида жонини Ҳаққа топширди. Васиятига мувофиқ, унинг тобутини Кўлобга келтиришиб, жасадини шу ерда дафн этишди. У ҳазрат муридларидан бири видолашиш кунида юракни эзувчи дарду ҳасрат билан устози ўлимини шундай изоҳлайди:

Ҳазрати шоҳи Ҳамадони карим,

Раҳмат оятидек мин каломи қадим,

Охир ул дамда тарихи шул бўлди:

«Бисмиллаҳир-раҳмонир-раҳийм».

Юқоридаги шеърнинг охирги мисраси «Бисмиллоҳир-раҳмонир-раҳийм» сўзининг адади 786 ҳижрий ёки 1386 милодий йилга мувофиқ келади. Шуни қўшимча қилиш керакки, Сайид Али Ҳамадоний вафот этган йилини баъзи тадқиқотчилар 1384, бошқа қисми эса 1385 милодий йил дейишган ва бу хусусда баҳсу мунозаралар кўп.

hamadoni 1Ҳозир биз Саида Ашрафи Зафар фикрига қўшилган ҳолда, 1386 милодий йилни Сайид Али Ҳамадоний вафот этган йил, деб ҳисоблаймиз. Шу нуқтаи назардан, Али Ҳамадоний 70 эмас, балки 73 йил умр кўрган. Бу ҳақда муриди Мавлоно Нуриддини Бадахшоний «Хулосатул маноқиб»да аниқ маълумот берган.

Мир Сайид Али Ҳамадоний ижодиёти

Мир Сайид Али Ҳамадоний узоқ сафарлари туфайли илмий-бадиий силсила асарлар яратишга имконият пайдо қилган бўлиб, унинг асарлари бугунги кунгача катта тарихий аҳамиятга эга бўлиб қолмоқда. У ўз ворисларига фалсафа, ахлоқ, адабиёт, тариху жамиятшунослик, фиқҳу илоҳиётдан баҳс этувчи кўпгина асарларни мерос қолдириб кетди. Эрон таниқли олими Азизуллоҳи Аторудийнинг сўзларига кўра, Сайид Али Ҳамадоний асарлари сони 90 тадан зиёддир. Шунингдек, қўшимча қилиш жоизки, Сайид Али Ҳамадонийнинг араб тилида ёзган аксар асарлари тадқиқотчилар учун маълум эмас.

Сайид Али Ҳамадоний, асосан, ўзининг «Макоримул ахлоқ, «Захиратул мулук», «Анворул азҳор», «Вужудия», «Кашфул ҳақоиқ» каби насрий асарлари ва улар орқали тасаввуф илми тараққиётига муносиб ҳисса қўшган. Унинг ғазал, қитъа, рубоий, иккилик, маснавий шаклида яратилган  шеърий асарлари бизнинг давримизгача етиб келган. Сайид Али Ҳамадоний асарлари Эрон, Покистон, Ҳиндистон, Тошкент ва ғарбнинг бир қатор ривожланган шаҳарлари машҳур кутубхоналарида сақланмоқда. Душанбе шаҳри шарқшунослик илмий-тадқиқот институти хазинасида унинг 52 та асари сақланяпти.

Сайид Али Ҳамадоний асарлари моҳиятан тасаввуфий, фалсафий ва панду ахлоқий мавзуларни қамраб олиб, тасаввуфий ва ахлоқий мавзулар ривожида юксак қирраларни ишғол этади. Унинг каломи анча соддаю равон, мафтункору барчага тушунарлидир. Мана бу бир неча мисрали ғазални мулоҳаза қилиб кўринг:

 

Кимки бизни ёд қилса, Ҳақ уни ёр айласин,

Кимки бизни хор қилса, Ҳақ уни бор айласин.

 

Йўлимизга ким тиканлар сочса душманлик билан,

Васл боғи ичра гуллар унса бехор айласин.

 

Икки оламда бировга кўнглимизда йўқ ғубор,

Кимки бизга берса озор, айш бисёр айласин…

(Асқар Маҳкам таржимаси.)

Зикр этилган мисраларда нақадар хоксорлигу самимият,  башарият наслига нисбатан безавол муҳаббат гапга чечанлик билан ифодаланган. Бу ғазал тахминан 700 йил муқаддам ёзилган. Аммо унинг бирон бир калимаю ифодаси бугунги кун форсий халқлар учун тушунарсиз эмас.

Афсуски, бу шарафли зот ҳаёт жараёни, адабий фаолияти, муқаддас мерослари биз ворислари учун ҳали унча равшан эмас. Суфизмнинг алоҳида қирралари ва унинг атоқли намояндалари ҳақида гап кетганда, Сайид Али Ҳамадоний номи ҳам эсланиши яхши. Аммо, унинг ижод маҳсули тадқиқотчилар назаридан четда қолган. Шарқнинг бу машҳур олими таваллудини нишонлаш жараёнида шарқшунослар ёрдами билан асарларининг янги саҳифалари унинг ихлосмандларига манзур этилишига ишончимиз комил. Тожигу форс жамияти афгор оммаси тарихида Сайид Али Ҳамадоний мавқеини аниқлаш учун, энг аввало, унинг ижодиёти ва асрдош шогирдларига мурожаат қилиш керак.

Узоқ йиллар бу шарафли олимга ҳамсафар бўлган унинг содиқ муридларидан бири Мавлоно Нуриддин Жаъфари Бадахший устозининг шахсият ва шарҳи ҳоли тўғрисида «Хулосатул маноқиб» асарини яратган бўлиб, бу дастлабки ва ишончли манбалардан ҳисобланади.

Бундан кейинги тадқиқотчилар Сайид Али Ҳамадоний ижодиётига юз буришганида, асосан, номи юқорида зикр этилган асарга таянган ҳолда ўз ақидаларини баён этишган. Шу пайтгача Ҳиндистону Покистон ва Эронда Сайид Али Ҳамадоний илмий-адабий фаолиятига доир бир қатор асарлар нашр этилган бўлиб, афсуски, улар бизга етиб келганича йўқ. Аҳмад Ҳасани Доний, Аҳмад Ҳасани Обидий, Абдулаҳмади Жовид, Анкари Деҳлавий, Муҳаммад Осимий, Моҳирхўжа Султонов каби олимларнинг айтишларича, Покистонда «Шоҳи Ҳамадоний» номли халқаро ассоциация амал қилаётган бўлиб, у Сайид Али Ҳамадоний асарларини ўрганиш ва тадқиқ қилишга йўналтирилган.

Афсуски, мамлакатимиз, хусусан Кўлоб шаҳрида бирон адабиётшунос унинг асарларини ўрганиш билан машғул бўлмади. Фақатгина М. Султонов «Ҳазрат Амиржон мозори ҳақида ҳақиқат» номли китобчасини нашр эттирди, холос. Шуни тан олиш жоизки, кенг ўқувчилар оммаси Мир Сайид Али Ҳамадоний шарҳи ҳоли ва асарлари билан ана шу китобча орқали танишдилар.

Бугунги шароитда Сайид Али Ҳамадоний ижодиётини тадқиқ қилиш, хусусан, кўлоблик тадқиқотчилар учун мушкул. Чунки бу олимдан Кўлоб вилоятида фақатгина «Захиратул мулук» асари Кўлоб шаҳри тарихий-ўлкашунослик музейи эҳтиёт фондида сақланаётган бўлиб, ундан кенг китобхонлар фойдаланиши имконсиздир.

 

Г. Аюпова тайёрлади.

Украинанинг келажаги кандай?

Албатта тинчланади - 23.1%
Бу ғарб давлатларига боғлиқ - 15.4%
Буни Россия ҳал қилади - 23.1%
Украин халқи бирлашувига боғлиқ - 15.4%
Билмайман - 23.1%

Проголосовали: 13

КАЛЕНДАР

« Ноябр 2024 »
Дш Сш Чш Пш Жм Шб Яб
        1 2 3
4 5 6 7 8 9 10
11 12 13 14 15 16 17
18 19 20 21 22 23 24
25 26 27 28 29 30  

МАҚОЛАЛАР

Асранди қиз

 

Каллайи саҳарлаб машина топиш ниятида катта йўл сари шошилдим. Тоғли ўлканинг узоқ бу гўшасида машина топиш осон иш эмас. Айниқса, Ҳойитда. Бир замонлар довруғи мамлакатимиздан ошиб, узоқ-узоқларга етган ҳамда таниқли фарзандлари янги давлатчилик тузумини бунёд этишда муносиб ҳиссасини қўшган Ҳойитда... Агар бахт кулиб боқса, Жирғатолдан қайтадиган юк машиналари манзилингизга етказиб қўйишади. Ва мана энди мен – қишлоқ

Муфассал...

«Хазонрез боғларда жилмаяр кузак…»

 

"Ўзбек модерн шеърияти" китоби қўлимга тушганда қувончим чексиз эди. Янги шеър, яхши шеър ўқийман, деб ўйлагандим ўшанда. Китобни ўқиб, ҳафсалам пир бўлди. Аммо бунгача бўлган шеърий суҳбатларда эшитганим яхши шеърлар қироати доимо янги шеър, замонавий шеър бўлиб қолаверишига ишонгандим. Ва ушбу ўринда кўнглимга хуш ёққан айрим шеърлар ҳайратини изҳор қилишни лозим топдим.

Муфассал...

СТАТИСТИКА

Сайтга кирганлар
1
Мақолалар
872
Мақолаларни кӯрганлар сони
1991034

ӮҚУВЧИЛАР СОНИ

7478550
Бугун
Кеча
Шу ҳафта
Ӯтган ҳафта
Шу ой
Ӯтган ой
Ҳаммаси
4478
4027
22163
7426653
100194
114875
7478550

Сизнинг IPнгиз: 3.144.29.213
Бугун: 23-11-2024 17:43:25

ҲАМКОРЛАР

 

 

   

2015