Биз билан боғланинг:

   

Бизга қӯшилинглар

ХАБАРЛАР

СИЁСАТ

Муаллиф: Super user Категория: СИЁСАТ
Чоп этилган 16 Январ 2020 Кӯришлар: 2029
Печат

 

xidirzoda 2020Сайловлар замонавий дунёда сиёсий жараён бўлиб, сиёсий ҳокимиятни шакллантириш ёки амалга оширишда халқнинг иштирокини таъминлашнинг тан олинган механизми сифатида кўрилади. Шу нуқтаи назардан, давлатлар ушбу муҳим механизмни амалга ошириш жараёнида ўзларининг миллий давлатчилик анъанаси ва маданиятига оид шаклланган қадриятлар, меъёр ва қоидалар доирасида ўз сайлов тизимини шакллантиришга интиладилар.

Ўз навбатида, сайлов тизими фуқароларнинг сайлов ҳуқуқларини ҳеч бир тўсиқларсиз ва эркин амалга ошириш имконини беради. Сайлов тизими органлар, тузилмалар ва мақсадларнинг мураккаб ҳамда ажралмас мажмуаси бўлиб, унинг мақсади сайловларни юқори савияда ташкил этиш ва ўтказишдан иборат, уларга муносабатлар иерархияси хосдир.

Мамлакатимизда сайлов тизимини хусусият, вазифа ва шаклларига кўра, қуйидаги гуруҳларга таснифлаш мумкин:

- вакиллик органлари даражасига қараб;

- сайлов комиссиялари тизимига қараб;

- овоз бериш шаклига қараб.

Сайлов тизимини таснифлаш учун зарур бўлган кўрсаткичлардан бири халқ унинг шаклланиши учун овоз берадиган вакиллик органлари даражасини белгилашдир. Шунга боғлиқ ҳолда, Тожикистонда вакиллик органларига сайловлар уч даражалидир. Чунончи, Тожикистон Республикаси Олий Мажлиси, халқ вакиллари маҳаллий мажлислари ва жамоат сайловларидир. Шу ўринда таъкидлаш лозимки, ҳар бир сайлов даражасига оид қонунчиликда белгиланган меъёрлар вакиллик органлари учун ўзига хос бўлиб, ишни ташкил этишнинг алоҳида усулини талаб этади. Шу жумладан, ҳар уч даражага сайланиш пайтида ёшдаги фарқ мавжуд. Мисол учун, Миллий мажлис аъзоси ва Намояндалар мажлиси вакиллигига 30, халқ вакиллари маҳаллий мажлислари вакили учун 18 ва жамоат мажлиси учун 20 ёш белгиланган.

Яна бир фарқ илгари сурилган номзоднинг ўша ҳудудда яшаганлик муддатидадир. Тожикистон Республикасининг "Тожикистон Республикаси Олий Мажлиси сайлови тўғрисида"ги конституциявий қонуни 33-моддасига кўра, Миллий мажлис аъзолиги учун 7 йил ва Намояндалар мажлиси вакиллиги учун 5 йил, Тожикистон Республикасининг "Шаҳарча ва қишлоқ ўз-ўзини бошқариш органлари тўғрисида"ги қонуни 36-моддасига биноан, жамоатлар вакиллигига сайланиш учун 3 йил ўша ҳуддуда яшаган бўлиши лозим. "Тожикистон Республикасининг халқ вакиллари маҳаллий мажлислари вакиллари сайлови тўғрисида"ги конституциявий қонун 26-моддасида келтирилганидек, номзодга қўйиладиган талаблар муайян муддат белгиланмасдан туриб, вилоят, шаҳар ва тегишли ноҳия ҳудудида ишлаган ёки яшаган бўлиши назарда тутилган.

Учинчи фарқ турли вакиллик органларига номзодларни илгари суриш йўлларидир. Агар мамлакат сайлов қонунчилигида Намояндалар мажлиси вакиллиги ва халқ вакиллари маҳаллий мажлисларнинг депутатлигига номзодларини сиёсий партиялар ва якка тартибда илгари суриш белгиланган бўлса, Тожикистон Республикасининг "Шаҳарча ва қишлоқ ўзини-ўзи бошқариш органлари тўғрисида" ги қонунининг 35-моддасига мувофиқ, жамоат мажлиси вакиллиги учун номзод фақат алоҳида илгари сурилиши керак.

Шундай қилиб, сайлов вақтини тайинлаш (Намояндалар мажлиси ва халқ вакиллари маҳаллий мажлислари сайловларида амалдаги депутатларнинг ваколатлари тугашига 75 кун ва жамоат вакилларининг ваколатлари тугашига 40 кун қолганда), сайлов округлари сони (Миллий мажлис аъзоси сайловида 5та кўп мандатли округ, Намояндалар мажлиси сайловида 41та бир мандатли округ ва битта ягона республика округи, халқ вакиллари вилоятлар ва Душанбе шаҳри маҳаллий мажлислари вакиллари сайловида 70тагача округ, халқ вакиллари шаҳру ноҳиялар маҳаллий мажлислари сайловида 40тагача округ ҳамда жамоатлар мажлислари сайловида 15тадан 40тагача округ), ишончли шахслар сони (Намояндалар мажлиси вакиллигига номзодга 5 нафаргача, халқ вакиллари вилоят маҳаллий мажлислари вакиллигига номзодга 3 нафаргача, халқ вакиллари шаҳру ноҳиялар маҳаллий мажлислари вакиллигига номзодга 2 нафаргача), фаолият юритиш усули (касбий ва жамоатчилик асосида, асосий вазифадан озод этилмаган ҳолатда), сайлов гарови (Миллий мажлис аъзоси, халқ вакиллари вилоятлар ва шаҳру ноҳиялар маҳаллий мажлислари ва жамоат мажлислари вакиллигига номзод учун сайлов гарови назарда тутилмаган, Намояндалар мажлиси вакиллигига номзод учун сайлов гарови белгиланган) ва бошқа масалалар бўйича фарқлар мавжуд бўлиб, улар вакиллик органларининг ҳар бир даражаси хусусиятини ифодалайди.

Сайлов тизимини тавсифловчи яна бир жиҳат унинг таркибий ва функционал белгиларидан иборат бўлиб, улар вакиллик органлари даражасига қараб тузиладиган сайлов комиссияларининг иерархик тизимини ифодалайди. Шунга боғлиқ ҳолда, Тожикистон Республикасининг "Тожикистон Республикаси Олий Мажлиси сайлови тўғрисида"ги конституциявий қонунининг 2-бўлимида сайлов комиссиялари тизими, уларни ташкил этиш тартиби ва фаолияти белгиланган. Юқоридаги конституциявий қонуннинг 10-моддасига мувофиқ, Миллий мажлис аъзоси ва Намояндалар мажлиси вакили сайловларини ташкил этиш ва ўтказиш учун қуйидаги сайлов комиссиялари тузилади:

- Тожикистон Республикаси Сайлов ва референдумлар марказий комиссияси;

- Миллий мажлис аъзолари сайлови бўйича округ сайлов комиссиялари;

- Намояндалар мажлиси вакиллари сайлови бўйича округ сайлов комиссиялари;

- Намояндалар мажлиси вакиллари сайлови бўйича участка сайлов комиссиялари.

Намояндалар мажлиси вакиллари сайловидаги бир неча босқичли сайлов тизими сайлов жараёни юқоридан пастга ташкил ва назорат қилиниши имконини беради. Ушбу жараённи барча босқичларга ташкил этиш ва назорат қилиш масъулияти Сайлов ва референдумлар марказий комиссияси зиммасига юкланган.

Юқорида номи келтирилган конституциявий қонуннинг 12-моддасига мувофиқ, Сайлов ва референдумлар марказий комиссияси Тожикистон Республикасининг барча ҳудудида ушбу қонуннинг бир хилдаги назорати ва татбиқини таъминлайди, ўз салоҳиятлари доирасида дастурлар қабул қилади ва қонуннинг ҳаётга жорий этилиши тартибини тушунтиради; Намояндалар мажлиси вакиллари сайлови бўйича бир мандатли сайлов округларини ташкил этади ҳамда уларга ном ва рақам беради; Миллий мажлис аъзоси ва Намояндалар мажлиси вакиллари сайлови бўйича округ сайлов комиссияларини ташкил этади ҳамда уларнинг қаерда жойлашганлиги ҳақида маълумотлар беради; сайлов комиссиялари ишини йўлга қўяди, улар ҳайъатига киритиладиган ўзгаришларни белгилайди, Миллий мажлис аъзоси ва Намояндалар мажлиси вакиллари сайлови бўйича округ сайлов комиссиялари қарорлари ушбу конституциявий қонун талабларига зид бўлса, уларни мустақил равишда ёки Тожикистон Республикаси Бош прокуратураси тавсияси билан бекор қилади; Тожикистон Республикаси ҳудудидан ташқарида ташкил этиладиган сайлов участкаларини сайлов округларига бириктириш масаласини ҳал қилади; номзодларга сайлов маъракасида иштирок этиш учун тенг шароитлар яратиб беради; белгиланган тартибга кўра, маблағларни сайлов комиссияларига бўлиб беради, сайлов комиссияларининг бино, транспорт ва алоқа воситалари билан таъминланишини назорат қилади, сайловнинг моддий-техник таъминотига оид бошқа масалаларни ҳал қилади; Миллий мажлис аъзоси ва Намояндалар мажлиси вакиллари сайлови бўйича сайлов бюллетенларининг шакли ва матнини, сайлов комиссиялари мажлислари протоколлари, сайловнинг бошқа ҳужжатлари, сайлов қутилари намунаси ва сайлов комиссиялари муҳри, сайлов ҳужжатларининг сақланиш тартибини белгилайди; барча сайлов округлари учун Миллий мажлис аъзоси ва Намояндалар мажлиси вакиллари сайлови бюллетенларини тайёрлайди; сайловга тайёргарлик ва уни ўтказиш бўйича вазирликлар, давлат комитетлари, Тожикистон Республикаси Ҳукумати қошидаги давлат идоралари, давлат ҳокимияти маҳаллий ижроия органлари, шаҳарча ва қишлоқ ўз-ўзини бошқариш органлари раҳбарлари ва сиёсий партиялар вакилларининг ҳисоботларини тинглайди; Миллий мажлис аъзоси ва Намояндалар мажлиси вакиллиги учун кўрсатилган номзоднинг давлат тилини билиш даражасини аниқлаш тартибини белгилайди; маҳаллий ва халқаро кузатувчилар ҳамда хорижий ва маҳаллий оммавий ахборот воситалари вакиллари иштироки тартибини белгилайди, уларни тегишли ҳужжатлар билан таъминлайди; сиёсий партиялар томонидан республика ягона сайлов округидан илгари сурилган номзодлар ва уларнинг ишончли шахслари рўйхатини қайдга олади; республика ягона сайлов округида қайдга олинган номзодлар ва сиёсий партияларнинг ишончли шахсларига белгиланган тартибдаги гувоҳномаларни беради; Тожикистон Республикасидаги сайлов натижаларини якунлайди, сайланган вакилларни қайдга олади, сайлов якунлари бўйича матбуотда ахборот ва сайланган Миллий мажлис аъзоси ва Намояндалар мажлиси вакиллари рўйхатини чоп этади; чиқарилган вакил ўрнига Миллий мажлис аъзоси ва Намояндалар мажлиси вакиллари сайловини тайинлайди ва ўтказади; сайлов комиссиялари қарор ва ҳаракатлари хусусидаги ариза-ю шикоятларни кўриб чиқади ҳамда улар асосида қарорлар қабул қилади; сайловни ташкил этиш ва ўтказишга оид ҳужжатларнинг архивга топширилишини таъминлайди.

Таъкидлаш керакки, мамлакат сайлов қонунчилигида сайлов комиссиялари ўз фаолиятида ҳеч қандай давлат органига боғлиқ эмаслиги белгилаб қўйилган. Сайлов комиссияларининг ўз салоҳиятлари доирасида қабул қилган қарорлари ва бошқа ҳужжатлари барча давлат органлари, шаҳарча ва қишлоқ ўз-ўзини бошқариш органлари, сиёсий партиялар, жамоатчилик бирлашмалари, ташкилотлар ва мансабдор шахслар, номзодлар, сайловчилар, шунингдек, қуйи сайлов комиссиялари учун мажбурийдир.

Миллий мажлис аъзоси ва Намояндалар мажлиси вакиллари сайлови бўйича округ сайлов комиссияларини ташкил этиш уч босқичда амалга оширилади:

1. Миллий мажлис аъзолари сайлови бўйича округ сайлов комиссияси;

2. Республика ягона сайлов округидан Намояндалар мажлиси вакиллари сайлови бўйича округ сайлов комиссияси (Сайлов ва референдумлар марказий комиссияси);

3. Бир мандатли сайлов округларидан Намояндалар мажлиси вакиллари сайлови бўйича округ сайлов комиссияси.

Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, Сайлов ва референдумлар марказий комиссияси Тожикистон Республикаси Президенти таклифи билан Намояндалар мажлиси томонидан, Намояндалар мажлиси вакиллари сайлови бўйича округ сайлов комиссиялари давлат ҳокимияти маҳаллий ижроия органи таклифи билан ташкил этилади.

Намояндалар мажлиси вакиллари сайлови бўйича участка сайлов комиссиялари давлат ҳокимияти маҳаллий ижроия органи таклифи билан, бир мандатли сайлов округларидан Намояндалар мажлиси вакиллари сайлови бўйича округ сайлов комиссиялари сайловдан 45 кун олдин 5 нафардан кам ва 19 нафардан зиёд бўлмаган, жумладан, раис, раиси ўринбосари, комиссия котиби ҳайъатида ташкил этилади.

Халқ вакиллари маҳаллий мажлислари сайловида олти босқичли сайлов тизими фаолият юритади. Тожикистон Республикаси "Халқ вакиллари маҳаллий мажлислари вакиллари сайлови тўғрисида"ги конституциявий қонунининг 9-моддасига кўра, халқ вакиллари маҳаллий мажлислари вакиллари сайлови учун қуйидаги сайлов комиссиялари таъсис этилади:

- Халқ вакиллари Тоғли Бадахшон мухтор вилояти, вилоятлар маҳаллий мажлислари вакиллари сайлови бўйича вилоят сайлов комиссияси;

- Халқ вакиллари Душанбе шаҳри мажлиси вакиллари сайлови бўйича шаҳар сайлов комиссияси;

- Халқ вакиллари шаҳар мажлиси вакиллари сайлови бўйича шаҳар сайлов комиссияси;

- Халқ вакиллари ноҳия мажлиси вакиллари сайлови бўйича ноҳия сайлов комиссияси;

- округ сайлов комиссиялари;

- участка сайлов комиссиялари.

Шуни таъкидлаш керакки, барча сайлов комиссиялари ҳудудий принципга мувофиқ тузилади, бир киши фақат битта сайлов комиссиясига аъзо бўлиш ҳуқуқига эга.

Сайлов тизимимизни белгиловчи яна бир хусусият унинг овоз бериш усулидир. Тожикистон Республикасининг "Тожикистон Республикаси Олий Мажлиси сайлови тўғрисида"ги конституциявий қонуни 3-моддасига биноан, "Намояндалар мажлиси вакиллари сайлови яширин овоз бериш йўли билан умумий, тенг ва тўғридан-тўғри сайлов ҳуқуқи ва бирор-бир ҳисоб (квота) белгиланмаган аралаш сайлов тизими асосида амалга оширилади. Республика ягона сайлов округида овозларни ҳисоблашнинг пропорционал ва бир мандатли сайлов округларида мажоритар усулидан фойдаланиш Тожикистондаги сайлов тизимининг аралаш хусусиятини белгилаб беради.

Халқ вакиллари маҳаллий мажлислари сайловида эса, мажоритар сайлов тизими қўлланилади.

Шундай қилиб, Тожикистондаги сайлов тизими таҳлили унинг таркибий ва функционал хусусиятлари ва мазмуни билан фарқ қилиши, жамият тараққиёти ва дунёда демократик жараёнлар билан боғлиқ ҳолда ривожланиб бораётган давлат анъаналарини шакллантиришнинг муҳим жиҳатларидан иборатдир.

Махфират Хидирзода,

Тожикистон Республикаси Сайлов ва референдумлар марказий комиссияси аъзоси, профессор.

Украинанинг келажаги кандай?

Албатта тинчланади - 23.1%
Бу ғарб давлатларига боғлиқ - 15.4%
Буни Россия ҳал қилади - 23.1%
Украин халқи бирлашувига боғлиқ - 15.4%
Билмайман - 23.1%

Проголосовали: 13

КАЛЕНДАР

« Ноябр 2024 »
Дш Сш Чш Пш Жм Шб Яб
        1 2 3
4 5 6 7 8 9 10
11 12 13 14 15 16 17
18 19 20 21 22 23 24
25 26 27 28 29 30  

МАҚОЛАЛАР

Қатраи сув лаззатини мардуми ташнадан сўр…

 

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеяси Тинчлик ва миллий бирлик асосчиси – Миллат пешвоси, Тожикистон  Республикаси Президенти муҳтарам     Эмомали    Раҳмоннинг таклиф ва ташаббусини қувватлаб, ўтган йил декабр ойида яна бир ўн йилликни сув йили, деб эълон қилгани мамлакатимиз сарварининг нуфузи, обрў ва эътибори халқаро майдонда алоҳида ўрин, мавқе кашф этганини кўрсатди.

Муфассал...

«Халқ овози» ва бутун тожик матбуоти фахри

 

«Бобожончўлоқ», «Бобожончўлоқи Исписорий», «Исписорлик Бобожончўлоқ», «Бобожончўлоқи Хўжандий», «Бобожон Ғафур», «Бобожон»… Агар ўтган асрнинг йигирманчи йиллари охири ва ўттизинчи йиллари бошидаги газеталарни варақласангиз, мазкур тахаллус остида босилган хабар ва мақолаларга тез-тез кўзингиз тушади. Уларнинг муаллифи ўша пайтда айни навқирон йигит бўлган Бобожон Ғафуров эди. -Бобожон Ғафуровнинг ёзганлари

Муфассал...

СТАТИСТИКА

Сайтга кирганлар
1
Мақолалар
872
Мақолаларни кӯрганлар сони
1990818

ӮҚУВЧИЛАР СОНИ

7478106
Бугун
Кеча
Шу ҳафта
Ӯтган ҳафта
Шу ой
Ӯтган ой
Ҳаммаси
4034
4027
21719
7426653
99750
114875
7478106

Сизнинг IPнгиз: 3.147.60.62
Бугун: 23-11-2024 17:20:50

ҲАМКОРЛАР

 

 

   

2015