Янги асрдаги террорчилик ва бузғунчилик ўзининг даҳшати ва қўрқув солиши билан, нафақат, дунёдаги тинчлигу осойишталикка рахна солмоқда, балки руҳий ҳолатга ҳам салбий таъсир кўрсатаяпти. Айни пайтда у турли ривожланган техника ва технологиялар воситасида ҳар бир хонадонга кириб бориши мумкин. Одамлар ушбу номақбул ҳодисалар кенгайишига қарши курашиш борасида ҳам жисман ва ҳам руҳан тайёр бўлишлари учун нима қилиш керак?
Ушбу мавзуда журналист Абдулқодир Раҳим Тожикистон Миллий университети психология кафедраси ўқитувчиси Маҳмадулло Давлатов билан суҳбатлашди.
- Маълумки, терроризм ва экстремизм аср вабоси сифатида эътироф этилиб, уларнинг ёвуз ва даҳшатли оқибату зарарларидан сайёранинг ҳар бир аҳолиси хавф-хатарда яшамоқда. Бу, албатта, ҳар бир инсоннинг руҳий ҳолатига салбий таъсир кўрсатади. Шу боисдан, суҳбатимизни бундай номақбул ҳодисалардан хавфсирайдиган кишиларнинг руҳий ҳолати ҳақида бошласак.
- Терроризм ва экстремизм ҳақида гапирганимизда, албатта, «Булар қандай ҳодиса? Қандай қилиб пайдо бўлди?» деган саволлар туғилиши ўринли. Албатта, улар чиндан ҳам номатлуб, қолаверса, уларнинг ҳақиқати нима эканлиги ошкор бўлган. Ҳар бир давру замон ва тарихий шароитларга боғлиқ ҳолда, улар ўзига хос хусусиятларни эгаллашди ва замон ҳамда техникаву технологиянинг ривожланиб бориши билан шаклини ўзгартирди. XX аср охири ва XXI аср бошларида ўз даҳшати орқали яна бир бор улар билан ҳеч бир муросага келиб бўлмаслигини исботлади.
Тожикистон Республикаси Жиноят кодексининг 179-моддасида терроризмнинг тўртта асосий мақсадига ишора қилинган. Тўртинчиси аҳолини қўрқитишдан иборат. Яъни терроризм ва экстремизм хавф ва қўрқув муҳитини вужудга келтиради. Бундай муҳитда халқни бошқариш осон кечади. Жамиятда болалар, ўсмирлар, ёшлар, кексалар, яъни турли ёшдагилар яшашини ёдда тутиш лозим. Уларнинг ҳар бири турли йўллар билан мудҳиш ҳодисалардан таъсирланади. Қўрқув солувчилар ўз мақсадига эшириш учун турли воситалардан фойдаланишади. Мисол учун, ижтимоий тармоқларда тарқатилган видеоларни эслайлик: денгиз соҳилида ҳалок бўлган гўдак ёки онанинг фарзанди томонидан қатл эттирилиши. Бу икки ҳолат дунё аҳлини таҳликага солиб қўйди ҳамда террорчи ва бузғунчиларнинг асл башарасини яна бир марта очиб берди. Башарият аҳли террорчилар, ҳатто, ўз онасига шафқат қилмаслигига ишонч ҳосил қилди. Тасаввур қилиб бўлмас шафқатсизлик билан террорчи ўз онасининг қотилини асосий қаҳрамон, деб билади. Ушбу ва шунга ўхшаш ҳодисалар аҳоли ўртасида қўрқув шиддатини бир неча марта оширади.
Террорчи ҳеч кимга раҳм қилмайди – бу тўғри хулоса. Муқаддас нарсаларни билмайди, эътироф ҳам этмайди. Шундай қилиб, унинг онаси, Ватани, дини, мазҳаби йўқ. Она – уни дунёга келтириб, ўстириб, балоғатга етказган инсоннинг қадрига етмай, қатл эттирган киши бошқа бировга раҳм-шафқат қиладими? Албатта, йўқ.
Мен касбим тақозоси ва Ички ишлар вазирлиги билан ҳамкорлигим боис, бундай кишилар билан бир неча марта учрашганман. Уларнинг ҳар биридан алоҳида «Нега онангнинг юзига қарамайсан ва у билан гаплашмайсан?» - дея сўраганимда қуйидагича жавоб олардим: «Менинг йўлимдан юрмайдиган онадан тонаман ва у менинг онам бўла олмайди». Оналар фарзандларидан бундай жавобни эшитганларида умидсизланиб, кўз ёш тўкишарди. Фарзандларининг қалбида уларга нисбатан заррача меҳр-муҳаббат, садоқат ва раҳм-шафқат қолмаганлигини кўришарди. Шу боисдан, одамларга бундай шахслар муайян бир гуруҳ томонидан шафқатсизлик ва инсону Ислом қадриятларини эътироф этмасликка махсус тайёрланишларини тушунтиришимиз керак. Бундай кишиларнинг мафкурасини ўзгартиришади. Улар учун хожалари ва раҳбарлари муҳим ва қиммат қадриятлар сифатида талқин қилинади.
- Мутахассис сифатида қурқув солувчиларнинг руҳий ҳолатини қандай шарҳлайсиз?
- Кимнидир террорчи гуруҳга олиб кирмоқчи бўлишса, аввало, уни тарбиялашни бошлашади. Бу пайтда шахс яратиш даври вужудга келади. Талаботга кўра, янги аъзо қабул қилиши жараёни қуйидагича бўлади: гуруҳ унинг учун оилага айланади. Кейин у асл оиласини йўқотади ва ундан воз кечади. Гуруҳ бошлиқлари унинг ота-онасига айланишади. Яъни улар ўз ота-онасини унутишади. Гуруҳ аъзолари унинг ака-укаси, ёру дўстларидир. Шундай қилиб, гуруҳга қўшилиш энди сенинг ота-онанг, ака-уканг, дўсту ёринг йўқ, деганидир. Сенинг ота-онанг биз – бошлиқларинг, ака-уканг ва дўстларининг эса, гуруҳ аъзоларидир, дейишади. Мулоқот фақат гуруҳ ичида бўлиши лозим, ёт фикрлар бостирилади ва гуруҳдан чиқиш қаттиқ қораланади. Мана шундай муносабат, тарбия, аниқ мақсаду ғояларнинг талқин қилиниши террорчи ва бузғунчилар қандай тайёрланишини кўрсатади. Шунингдек, террорчи ва бузғунчилар кейинчалик қандай хислатларга эга бўлишлари маълум бўлади. Улар, аввало, юқори даражадаги агрессия, ёмон кўришлик, баджаҳллик, ғазаб ва нафратга эга кишиларга айланишади. Уларда бундай хислатлар оширилади. Унинг қадр-қиймати қанчалик раҳм-шафқатсизлиги билан аниқланади. Зўравонлик амаллари шафқатсизликнинг юқори даражасида бўлса, гуруҳдаги обрўси шунчалик ортади. Бундай одамларнинг ўзини баҳолаш даражаси ниҳоятда юқори бўлади. Уларнинг «Мен»и гуруҳ бошлиқлари талқин қиладиган қадриятлар асосида шаклланади. Улар бошқа турдаги Исломни қабул қилишмайди. Фақат гуруҳ доирасида ўз сиёсий мақсад ва ғаразларига боғлиқ ҳолда ўргатилган Исломни тан олишади. Уларнинг вакиллари билан бўлган суҳбатлардан маълум бўлдики, улар учун бу дунё эмас, балки у дунёнинг қадриятлари муҳим экан. У дунёда инсонга баҳо бериш бу дунёдаги амаллари учун эканлигини эса, унутиб қўйишган.
Аслида бир-биридан ажралиб турадиган икки тоифадаги террорчилар гуруҳи мавжуд. Террорчилар биринчи гуруҳининг идрок доираси юқори, шу асосда ўзларига баҳо беришлари ҳам юксак, боридан кўпроқ баҳо беришади. Кенг дунёқараш ва мафкурага эга бўлиб, ўзларига ишончи катта. Улар мутаассиб бўлиб, ўз фикрини исботлаш учун турли йўллардан фойдаланишади.
Бузғунчиларнинг яна бир гуруҳида ўзларини баҳолаш даражаси паст. Улар ўзларига ишонмай, ташвиқотларга берилади, яъни талқин қилинувчилардир. Ўзларига нисбатан кам танқидий муносабатда бўлишади. Тор доирада фикрлайди, узоқни кўзламайди. Хулқ-атвори ва сўзларининг оқибатини олдиндан айтиб беролмайди. Шу боисдан, гуруҳ бошлиқлари ва аъзолари томонидан уларни бошқариш осон кечади. Бу гуруҳ, албатта, зўравонлик ва шафқатсизлик имтиҳонидан ўтиши керак. Шафқатсиз бўлиш учун ҳайвонлар, инсон ва иншоотларни босиб олишлари, портлатиш ва хароб қилишлари лозим. Бундай амаллар раҳмсиз бўлиш учун бир машқдир. Улар шундай номаъқул амаллари билан янги қабристонларни вужудга келтириб, уларни жасадлар билан тўлдиришади. Мен бу гуруҳнинг ҳар бир аъзосидан сўрадим: «Агар бир кун келиб, бандаликни бажо келтирсанг, яъни бу дунёдан риҳлат қилсанг, сўроқ кунида Яратган олдида қандай ҳисоб берасан? Номаи аъмолингда фахрланишга арзигулик бирор амал борми?» Жавоб беришга ожиз қолишди. Уларнинг ўрнига ўзим жавоб берардим: «Номаи аъмолингда ўғирлик, ўлдириш, янги қабристонлар яратишдан бошқа ҳеч бир нарса йўқлигини биласанми? Ироқ, Сурия ва бошқа давлатларга бордингиз, ўз Исломингизни ўзгартирдингиз, кекса, ёш, гўдак, ота-она ва сингилларни ўлдирдингиз. Бошқа яна қандай ҳисоб бера оласиз? Сизда Ватан, она, дин ва мазҳаб йўқ».
Бу пайтда, айниқса, ёшлар лол қолишарди. Баъзилари бу ҳақиқатни тинглаши билан кўз ёш тўкишни бошлашарди. Ҳақиқатдан ҳам, бу бузғунчилар шунчалик тарбияланганки, уларни ўзгартириш учун жуда кўп иш қилиш ва заҳмат чекиш лозим. Умидсизланмаслик керак. Уларни тарбиялаш ва ўзгартиришнинг имкони бор.
- Психология фани, хусусан, психологлар терроризм ва экстремизмнинг олдини олишда қанчалик тўсқинлик қила олишади?
- Терроризм инсониятга нисбатан зўравонлик ҳодисасидир. Агар фақат психолог унинг олдини олиб, қулоч ёзишига тўсиқ бўла олади десак, бу – хато. Унга қарши фақат биргаликда курашиш лозим. Бу борада психолог ҳам бошқа органлар билан ҳамкорликда кўплаб фойдали ишларни қилиши мумкин. Психологлар, хусусан, учта тузилмага таяниб, улар билан доимий ва мустаҳкам алоқада бўлишлари лозим. Тожикистон Республикасининг «Фарзандлар таълим ва тарбиясида ота-оналар масъулияти тўғрисида»ги қонунида учта тузилма айтиб ўтилади: оила, мактаб ва жамият. Бу учта тузилмада психологлар хизмати, албатта, бўлиши шарт. Истиқболга кўра, ишни оиладан бошламоқ лозим. Оилада таассуб ва диний таассуб муҳити бўлмаслиги зарур. Агар оилада мутаассиблар бўлишса, ишни дин ходимлари ва қонун ҳимоячилари билан биргаликда бошламоқ лозим. Психолог оиланинг ҳар бир аъзоси онги билан ишлаши ва унга янги ҳамда замонавий қадриятларни жойлаштириши керак.
- Бузғунчилик оқимига кимлар кириб қолишади?
- Таҳлилларнинг кўрсатишича, баъзиларнинг бундай номаъқул ҳодисага кириб қолишининг сабаби етишмовчилик, ота-онаси ва оила аъзоларининг меҳр-муҳаббатига тўймаслигидадир. Буни психологик адабиётларда «меҳрга тўймаслик ҳиссиёти» дейишади. Фарзанд зулм, жафо, жабр муҳитида вояга етган. Яъни меҳр-муҳаббат ва эркалаш ўрни бўш қолади. Бу оила аъзоларининг кейинги ҳаётига ёмон таъсир кўрсатади ва аксуламални вужудга келтиради. Яъни бу хотиралар авлоддан-авлодга ўтиб, унутилмайди ҳамда ҳар қандай психологик зарба фаол ҳолатда туради ва қулай вазиятда уйғонади. Шубҳасиз, бундай шахслар террорчи ва бузғунчи гуруҳларга қўшилиб, вужудидаги шафқатсизлик ҳиссиёти ошади ва шаклланиб боради.
Бир йил илгари Левакант шаҳрининг собиқ раиси Санавбар Самеъзода ташаббус кўрсатиб, оилада зўравонлик амалларини ўзгартириш учун «Маслаҳат хонаси»ни очди. Биз – бир гуруҳ психологлар, Ички ишлар вазирлиги вакиллари, дин ва ижтимоий соҳалар ходимлари носоғлом оилалар билан иш олиб борардик. Агар оиланинг бирор аъзоси зўравонлик ҳақида ички ишлар бўлимига шикоят аризаси билан мурожаат қилса, Тожикистон Республикасининг «Оилада зўравонликнинг олдини олиш тўғрисида»ги қонуни асосида унга нисбатан қўриқлаш амрномаси тузилади. Зўравонга эса, шундай таъкидланади: «Сизга қонунга кўра маъмурий жазо бермаймиз. Зеро, фарзандларингиз тарбияси билан шуғулланинг. Бироқ ушбу «Маслаҳат хонаси»га бориб, хулқингизни ўзгартириш учун белгиланган дарсларни ўзлаштиришингиз зарур». Дастурда иштирок этгандан кейинги икки ойда агар ўзгарса, уни қайддан чиқаришарди. Бундай зўравонларнинг бир қисми бузғунчи гуруҳларга қўшилиб кетиши мумкинлигини ҳам ёдда сақлаш лозим. Шунинг учун ҳам, «Маслаҳат хона»лари фуқароларнинг бузғунчи гуруҳларга қўшилиб кетишига қарши курашишнинг бир йўлидир.
Ўрта умумтаълим муассасаларининг ўқув дастурларида «Оиладорлик маърифати» фанини ўргатиш режалаштирилган ва уларнинг психологлар томонидан ўтказилиши мақсадга мувофиқдир.
Яна бир яхши ташаббусни бир неча ой илгари Душанбе шаҳри раиси муҳтарам Рустами Эмомали илгари сурди. Яъни олийгоҳларнинг психология йўналишини битирганлар ўрта умумтаълим муассасаларига сафарбар этилишига топшириқ берди. Мақсад умумтаълим муассасаларида психологик хизматни жонлантириш, албатта. Шундай экан, психологлар ўқувчиларнинг таълим-тарбиясига таъсир кўрсатади ва уларнинг ватанпарварлик, ўзликни англаш маърифатининг юксалишига муносиб ҳисса қўшишади. Бу, ўз навбатида, номақбул ва хатарли ҳодисалар, жумладан, терроризму экстремизмнинг тарқалишига тўсиқ бўлади. Шунинг учун, агар психологлар бу тузилмаларга кўпроқ жалб этилишса, шу қадар таъсири ва ҳиссаси ортиб боради.
- Яқинда Миллат пешвосининг ташаббуси билан тожик жангариларининг 84 нафар фарзанди Ватанга қайтарилди. Бу борадаги таассуротлар ва ушбу гўдакларнинг келажаги ҳақидаги фикрларингиз қандай?
- Тожик жангариларининг болалари Ироқдан Ватанга олиб келингандан сўнг, биз – Тожикистон Миллий университети психология ва педагогика кафедрасининг икки нафар устозига уларнинг психологик ҳолатини соғломлаштириш учун тезлик билан чора кўриш топшириғи берилди.
Уч ҳафта давомида «Харангон» истироҳатгоҳида болаларнинг психологик ҳолатини соғломлаштириш билан шуғулландик. Уларнинг ёши – 1 ёшдан 18 ёшгача. Кўпчилиги 1-10 ёшлар оралиғида.
Биз, аввало, беш ёшдан катта бўлган болалар билан ишладик. Уларнинг шиддатли руҳий ҳолатини бартараф этишимиз зарур эди. Дастлаб, уларнинг ҳеч бири касал, хусусан, руҳий хаста эмаслиги аниқланди.
Турли психологик усуллардан фойдаланган ҳолда, болалар носоғлом муҳитда вояга етиб, тарбия топганлигини аниқладик. Шу боис, унга кўра, мафкура ва онги шаклланган. Психологик ҳолатни соғломлаштириш чоғида, турли психологик усуллардан фойдаланилди ва шулардан бири исталган мавзуда расм чизиш эди. Кўплаб болалар икки уйнинг расмини чизишарди: Ироқ ва Тожикистондаги уй. Ироқ уйларининг кўриниши хира эди. Улардан Ироқ уйларининг ранги хусусида сўраганимизда шундай жавоб беришди: «Қамоқда эдик ва қамоқнинг ранги шунақа эди. У ерда азоб, қийноқ, машаққатдан бошқа ҳеч нарса йўқ. У уйда бизга раво кўриладиган зулму ситамдан сўнг, кўз ёш тўкиб, йиғлардик. Бу уй – Тожикистондаги уй. Ранглари – тиниқ, нурли, чиройли ва дилтортар. Бу уйда ҳамма нарса бор, яхши нарсалар: роҳатли стол-стуллар, ўйинчоқлар, дафтар, қалам, рангли қоғозлар ва бошқалар».
Улар бундан ташқари Миллат пешвоси муҳтарам Эмомали Раҳмоннинг расми билан танишдилар. Мана шу инсон уларга нажот бериб, чексиз раҳм-шафқат кўрсатганлигини билдилар. Болалар ҳар тонгда залга кириши биланоқ Жаноби олийлари суратига салом бериб, кейин психологик машқларга тайёрланишарди.
Шундай қилиб, болалар уч кун давомида уйларни таққослашди ва Тожикистон уйларининг гўзаллиги-ю афзаллигини англашди. Бу уйда азоб-уқубат, қийноқ ва йиғи йўқлигини билишди. Аксинча, бу уй тинчлигу осойишталик, меҳру шафқат ва шодлик маконидир. Тоза ҳавода сайр қилишга чиқишарди, шўх Харангон дарёчаси ёнига боришарди ва қуёш нурларидан баҳра ва ҳаловат олишарди.
Албатта, истироҳатгоҳ ходимларини улар билан қандай мулоқот ва муносабат қилиш лозимлигига тайёрлагандик.
Болаларнинг яна бир гуруҳи чизган расмларида иккита самолётни тасвирлашганди: бири Ироқ ва бошқаси Тожикистон самолёти. Улар икки хатда ёзишарди: арабча ва кириллча. Яъни кирилл хатини билмаганлар арабча ҳарфлардан фойдаланишарди. Бир самолёт бошқасидан нимаси билан фарқ қилишини сўрардик. Ўкинч билан жавоб беришардики, бу Ироқнинг самолёти, унда бомба, ракета бор, у уйларимизни портлатди, бизни уй-жойсиз қолдирди. Тожикистон самолёти хусусида шодлик ила сўзлашарди: у бизни уруш, зўравонлик, зулму ситам, ранжу машаққат майдонидан олиб келди, яна онамизни ҳам олиб келди.
Шундай қилиб, болалар билан ишлаш кундан-кунга яхшиланиб борарди. Улар биз ва бошқаларга боғланиб боришарди, баъзилари айтганидек, жиддий муаммо йўқ эди. Улар учун иккита сўзни билиш ва уларни таниш муҳим саналарди: мужоҳид ва кофир. Одамларни мана шу икки категорияга ажратишарди. Уларга ўргатиб, мияларига ким мужоҳиду ким кофирлигини қаттиқ жойлаштиришган.
Фаолият давомида болалар соғлом муҳитда ижобий томонга ўзгараётганлигини кузатдик. Психология илми нуқтаи назаридан инсон, ҳақиқатдан ҳам, ўзгарувчанлигини доим ёдда тутиш керак. Шу боисдан, ҳеч қачон уларнинг ўзгаришига шубҳа қилмаслик лозим.
Миллат пешвоси муҳтарам Эмомали Раҳмон тожик жангариларининг болаларини Ироқдан қайтариш ва улар учун яшаш, таълим-тарбиянинг барча яхши шароитларини яратиб бериш билан яна бир марта гуманист, асл инсонпарвар эканлигини исботлади. Албатта, дунёда бундай эзгу тажриба йўқ эди. Бу билан халққа болаларнинг ҳеч қандай гуноҳи йўқлигини кўрсатиб берди.
Агар психология илми тили билан айтадиган бўлсак, бола бир оқ тахта каби дунёга келади. Бу тахтага кейинчалик жамият турли ижтимоий қадриятлар шаклидаги нақшларни солади. Яъни энди шаклланаётган болаларни ўзгартириш мумкин ва айни пайтда шундай имконият мавжуд.
Маълумки, болалар кўпроқ оналарига боғланиб қолишади. Уларнинг дунёсида она ўзига хос ўрин тутади. Унинг учун куйинчаклик билан кўз ёш тўкишиб, йиғлашарди. Бироқ улардан оталари хусусида сўраганимизда фахр билан шаҳид бўлган дейишарди. Оталарининг «Мен шаҳид бўлишга кетаяпман», - деганларини эслашади. Шу билан гўдак бу сўзларни қабул қилади ва агар, ҳақиқатдан ҳам қайтиб келмаса, отасини шаҳид бўлган, деб ҳисоблайди. Бу пайтда уларнинг чеҳрасида умидсизлик ҳисси кўринарди ва фахрланишарди ҳам.
Биз бу болаларнинг келажаги ва уларнинг кейинги таълим-тарбия усуллари ҳақидаги хулоса ва тавсияларимизни айтдик, ёздик ва тақдим этдик. Уларнинг бари инобатга олиниши, шубҳасиз. Бу масалада, албатта, муаммо бор. Тўғри, инсоннинг ижтимоийлашуви оилада амалга ошади. Бу ҳақиқатни ҳеч ким инкор этмайди. Глобаллашув тамойилларидан бири шундаки, интернатлар сони камайтирилиб, инсон оилада қолиб, у ерда таълим-тарбия олиб, вояга етиши лозим. Етим болаларни қариндош-уруғларининг уйларига бериш пайтида ушбу оилаларнинг муҳити ва мавжуд имкониятлари ўрганилиши шарт. Агар оилаларнинг муҳити носоғлом бўлса, болаларни у ерга жойлаштирмаган маъқул. Бу борада хатоликка йўл қўйиб бўлмайди. Оиланинг муҳити ҳар томонлама ўрганилиши керак. Уларни жойлаштиришда эҳтиёткорлик зарур, шошма-шошарлик билан нотўғри хулоса чиқармайлик. Оиланинг муҳити соғлом ва тафаккури замонавий бўлсагина, гўдакларни ишонч билан уларга топшириш мумкин. Қолаверса, бу оилаларга ёрдам беришимиз, мутахассисларни юборишимиз, фойдали маслаҳатлар беришимиз зарур. Бироқ болаларни оиласида диний таассуб, зўравонлик ҳукм сураётган ва мужоҳиду кофир сўзлари диққат марказида бўлган хонадонларга жойлаштирадиган бўлсак, уларнинг шахсини ижобий томонга ўзгартириб бўлмайди. Соғлом муҳитли оилалар топилмаган пайтда, уларнинг келажаги учун интернатлар энг яхши жойдир. Яъни улар давлат фарзанди бўлиб қолишлари афзалроқ.
Бу болалар шахс яратишнинг биринчи босқичидан ўтдилар. Энди олдинда янги босқичлар турибди. Ишонч билан айта оламизки, уларни Ватан, мамлакат ва дунё аҳлини севадиган ҳамда соғлом авлод сифатида тарбиялай оламиз. Бу борада ҳеч қачон умидсизланмаслик зарур.
- Таҳлилчи ва тадқиқотчиларнинг эътироф этишларича, Тожикистон терроризм ва экстремизмга қарши курашишда етакчилар сафида туради. Сизнинг фикрингизча, бу борада яна қандай чораларни йўлга қўйиш мумкин?
- Агар Тожикистонда бу борада қабул қилинган ва амалда бўлган меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларга назар соладиган бўлсак, Давлат раҳбари муҳтарам Эмомали Раҳмоннинг ушбу йўналишдаги саъй-ҳаракатлари яққол кўзга ташланади. У кишининг ташаббуси билан мамлакатда ушбу масалага оид учрашув, симпозиум, конференция ва олий даражадаги саммитлар ўтказилди ва ўтказилади. Давлат томонидан турли даражадаги тадбирлар ташкил этилди. Бироқ бу масалага бефарқ бўла олмайдиган минтақада яшаётганлигимизни эсдан чиқармаслик керак. Қувонарлиси шундаки, мамлакатнинг ҳар бир соғлом фикрли аъзоси буни ҳис қилмоқда.
Давлат терроризм ва бузғунчиликка, албатта, қарши курашиши керак, бироқ унинг мағлуб этилиши жамиятга боғлиқ, деган фикрдаман. Шу боисдан, жамиятга юзланайлик, жамият аҳли, хусусан, ёшларнинг маърифатини оширайлик.
Психологик тадқиқотлар натижасидан маълум бўлишича, террорчи ва бузғунчиларнинг ўртача ёши 20-25 ёшларда экан. Албатта, баъзи давлатларда уларни 10-15 ёшлигидан бошлаб тайёрлашади. Шунинг учун, зикр этилган қатлам вакилларига махсус дастурлар қабул қилиб, ҳаётга татбиқ этайлик. Ёшларнинг маърифати юксалиб, бўш майдон вужудга келмаслиги учун мавжуд тузилмалар фаолият йўналишига қараб, зарур чора-тадбирларни ишлаб чиқиб, амалга оширсинлар.
Халққа асл Исломни танитиб, ўргатайлик. Ҳақиқий Исломнинг муҳити бўш бўлганлиги боис, ёшлар хатарли гуруҳлар тарғиботи таъсирида келтирилган Исломни қабул қилиб, ҳаётда йўлини йўқотишмоқда. Ҳатто, террорчиларнинг саксон фоизи оила қурмаганлиги аниқланган. Мамлакатга қайтарилган болалардан отанг қаерда, деб сўраганимизда, улар шундай дейишарди: «Қайсиниси? Менинг тўртта отам бор. Бу синглим у отамдан ва укаларим – ҳар бири бошқа отамдан». Яъни аёлнинг эри вафот этиши билан уни бошқа террорчига никоҳлаб беришади.
Шундай қилиб, жамият, хусусан, ёшлар билан кўпроқ ва яхшироқ ишлайлик. Тожикистон Республикасининг «Оилада зўравонликнинг олдини олиш тўғрисида» ва «Фарзандлар таълим ва тарбиясида ота-оналар масъулияти тўғрисида»ги қонунлари татбиқи назорати кучайтирилиб, уларни ҳаётга татбиқ этиш механизмлари такомиллаштирилсин. Зеро, қонунлар ҳеч қачон эскирмайди ва ҳар бир давру замонда долзарб саналади.
Миллат пешвосининг мамлакатимиз жамоатчилик вакиллари билан учрашувидан кейинги мулоҳазалар
Муборак Рамазон ойи бошланиши арафасида, Тинчлик ва миллий бирлик асосчиси – Миллат пешвоси, Тожикистон Республикаси Президенти муҳтарам Эмомали Раҳмоннинг мамлакатимиз жамоатчилик вакиллари билан ўтказган учрашувидан жуда катта ижобий таассуротлар олдим. Давлатимиз сарварининг мулоқот жараёнида билдирган ҳаётий фикрлари, халқ турмуш даражасини яхшилашга қаратилган таклифлари, жаҳон миқёсидаги глобал муаммоларга
Муфассал...
Азиз Тожикистонимиз - жаннатмакон диёр. Зилол сувли дарёларимиз, осмонўпар тоғларимиз, ўлкамизнинг нотакрор табиий манзаралари жаҳон аҳли эътиборини тортаётганлиги - рост.
Фусункор баҳор фаслининг дастлабки кунларида узоқ Германиянинг Берлин шаҳридан келган яна бир хушхабар кўнгилларимизни шод айлади. Бу ерда ўтказилган "ITB BERLIN - 2019" - халқаро сайёҳлик кўргазмасида "2019 йил
Муфассал...2015
1-2015
2-2015
3-2015
4-2015
5-2015
6-2015
7-2015
8-2015
9-2015
10-2015
11-2015
12-2015
13-2015
14-2015
15-2015
16-2015
17-2015
18-2015
19-2015
20-2015
21-2015
22-2015
23-2015
24-2015
25-2015
26-2015
27-2015
28-2015
29-2015
30-2015
31-2015
32-2015
33-2015
34-2015
35-2015
36-2015
37-2015
38-2015
39-2015
40-2015
41-2015
42-2015
43-2015
44-2015
45-2015
46-2015
47-2015
48-2015
49-2015
50-2015
51-2015
52-2015