30 март куни Тинчлик ва миллий бирлик асосчиси – Миллат пешвоси, Тожикистон Республикаси Президенти муҳтарам Эмомали Раҳмон Наврўз байрами тантаналарида иштирок этиш, яратувчанлигу ободончилик ишлари жараёни билан танишиш ва бир қатор янги иншоотларни очиш мақсадида, Суғд вилоятига ташриф буюрди.
Суғд вилоятининг Бўстон шаҳрида мамлакат Президенти «Суғдполитекс»
МЧЖ инновацион полиэтилен ишлаб чиқариш корхонаси фаолиятини бошлаб бериб, ушбу саноат корхонасида ишлаб чиқариш жараёни билан яқиндан танишди.
Бу ерда 207 хил полиэтилен халталар ишлаб чиқариш йўлга қўйилган бўлиб, ойига 20 тонна хом ашё чиқиндиларсиз қайта ишланиши маълум қилинди. Полиэтилен халталар ишлаб чиқариш учун хом ашё Россия Федерацияси, Қозоғистон ва Ўзбекистон республикаларидан келтирилади. Ушбу корхонанинг ишлаб чиқариш иқтидори бир кеча-кундузда 100 минг ва бир ойда 3 миллион дона полиэтилен халталар ишлаб чиқаришга тенг.
Мамлакат Президенти аксариятини аёллар ташкил қилувчи корхона ишчилари билан суҳбат чоғида, тадбиркорлар Мирзоазиз Усмонов ва Шодимурод Саидовларнинг ташаббусига юқори баҳо бериб, ишлаб чиқариш иқтидорини янада ошириш ва хориждан полиэтилен халталар киритилишини бартараф этиш зарурлигини таъкидлади.
***
Мамлакат Президенти Бўстон шаҳрида тадбиркорлар томонидан таъмирланиб, қайта қурилган «Гули наврўз» мактабгача хусусий таълим муассасасини тантанали вазиятда фойдаланишга топширди.
Давлат бошлиғига икки қаватли боғча биноси 240 нафар боланинг таълиму тарбияси учун мўлжаллангани маълум қилинди.
Болалар боғчасида тиббий кабинет, мусиқа зали ва ошхона мавжуд бўлиб, таълим-тарбия тожик ва рус тилларида олиб борилади.
Ушбу мактабгача таълим муассасаси шароити билан танишув чоғида, мамлакат Президенти тадбиркорлар ташаббусларини долзарб, дея баҳолар экан, мураббийларни шундай қулай шароитдан фойдаланган ҳолда, миллатнинг келажакни яратувчи авлодини ватанпарварлик руҳида тарбиялашга кўпроқ эътибор қаратишга ундади.
***
Бўстон шаҳри марказида мамлакат Президенти иштироки билан «Баҳор» хизмат кўрсатиш мажмуаси фойдаланишга топширилди.
Маҳаллий тадбиркорлар Мадина Самандарова ва Икром Содиқов томонидан қурилган ушбу хизмат кўрсатиш мажмуасининг биринчи қавати гўзаллик кошонаси ва савдо маркази, иккинчи қавати ресторан ва учинчи қавати меҳмонхона учун мўлжалланган.
Меҳмонхона 18 хонали бўлиб, бир вақтда 36 кишини қабул қила олади.
«Баҳор» хизмат кўрсатиш мажмуаси ишга туширилиши билан Бўстон шаҳри марказида 30 киши доимий иш жойи билан таъминланди.
Шунингдек, бу ерда наврўзий дастурхон тузатилиб, 50 нафар етимга Миллат пешвоси томонидан совғалар тақдим этилди.
Мамлакат Президенти самимий суҳбат чоғида, ўсмирларни Наврўз байрами билан табриклаб, уларни илму ҳунар ўрганиш, хорижий тилларни ўзлаштириш ва келажакда давлату миллат нафига хизмат қилишга ҳидоят этди.
**
30 март куни Тинчлик ва миллий бирлик асосчиси – Миллат пешвоси, Тожикистон Республикаси Президенти муҳтарам Эмомали Раҳмон Суғд вилоятига иш сафари доирасида Бобожон Ғафуров ноҳиясида Тожикистон Республикаси Президенти Ижроия аппаратининг «Ваҳдат» миллий боғи давлат муассасасига ташриф буюриб, ишчилар ютуқлари билан танишувдан кейин, янги токзор ва гилосу шафтоли дарахтларидан иборат супер интенсив боғ барпо этилишини бошлаб берди.
5 гектар майдонда бунёд этилган янги токзорга «Шоҳона», «Оқ-қора ҳусайни», «Қора кишмиш» ва «Победа» узум навлари кўчатлари ўтқазилди.
Боғбонлар маълумотига кўра, бу ерда Турсунзода шаҳри боғбонларининг бой тажрибаси ва кўчатларидан фойдаланилади. Режага биноан, Бобожон Ғафуров ноҳиясида 30 гектар токзор барпо этилиши керак эди, бугун эса унинг майдони 47 гектарга етказилган.
«Ваҳдат» миллий боғининг умумий майдони 631 гектарни ташкил қилиб, 364 гектарда ўрик, 48 гектарда шафтоли, 35 гектарда олма, 5 гектарда гилос, 12 гектарда олхўри ва 10 гектарда узум парвариш қилинмоқда.
***
Мамлакат Президенти муҳтарам Эмомали Раҳмон Бобожон Ғафуров ноҳиясининг Ҳайдар Усмонов номли қишлоқ жамоатида 120 ўринли 3-ноҳия касалхонасини фойдаланишга топширди.
Мамлакат Президенти 4 бўлим ва ёрдамчи бўлинмалардан иборат бўлган замонавий касалхона шароити билан танишиб, бажарилган ишлар сифатига юқори баҳо берди.
Давлат бошлиғи аҳолига юқори даражада тиббий хизмат кўрсатиш йўналишида масъулиятли вазифаларнинг ижроси, турли касалликлар олдини олиш ва ўз вақтида муолажа қилиш йўлида соҳа масъуллари ҳамда мутахассисларга кўрсатма-ю топшириқлар берди.
3-ноҳия касалхонасининг замонавий тиббий хизмати шароитидан ушбу жамоатнинг 42 минг нафарга яқин аҳолиси фойдаланади.
Касалхонада 30 киши иш жойи ва яхши маош билан таъминланган. Унда қулай шароитдан фойдаланган ҳолда, касалликларни аниқлаш ва ўз вақтида даволаш имконияти мавжуд.
***
Миллат пешвоси муҳтарам Эмомали Раҳмон Бобожон Ғафуров ноҳиясида Тожикистон Республикаси Давлат байроғи мажмуаси очилиши маросимида қатнашди.
Мазкур мажмуадаги байроқ устунининг баландлиги 50 метрни ташкил қилиб, байроқ матосининг узунлиги 14 ва эни 7 метрга тенг эканлиги маълум қилинди.
Мажмуа атрофи гулзор қилиниб, 12та курси ва атрофи ёритилиши билан бугун аҳоли сайр қилиш манзилларидан бирига айланди.
Давлат байроғи мажмуаси очилганидан кейин, мамлакат Президенти унинг қурилиш ишлари даражаси ва сифатидан қониқиш изҳор қилиб, тегишли масъулларни бу масканни ҳамиша ободу тоза сақлашга вазифадор этди.
***
Мамлакат Президенти Бобожон Ғафуров ноҳиясида Маданият қасрининг янги биноси, Мусиқа мактаби, ёшлар учун ҳунармандчилик тўгараги ва Ҳайдар Усмонов номидаги қишлоқ жамоати биносини фойдаланишга топширди.
Маданият қасри биноси икки қаватдан иборат бўлиб, замонавий меъморчилик усули билан қурилган.
400 ўринли маданият қасри йиғилишлар, маданий дастурлар ва санъат гуруҳларининг машғулотларини ўтказиш учун барча шароитларга эга.
Танишув чоғида, Миллат пешвосига ушбу бинонинг иккинчи қаватида Мусиқа мактаби жойлашгани, машғулотлар ўтказиш учун алоҳида синфхоналар ва мусиқа асбоблари билан таъминлангани ҳақида хабар берилди. Мусиқа мактабида ёшларга 10та ихтисос, жумладан, рубоб, доира, ғижжак, чанг, пианино, дутор чалиш ва қўшиқчилик сирлари ўқитилади.
Шунингдек, янги бинода ёшлар учун ҳунармандчилик тўгаракларининг алоҳида кабинетлари мавжуд бўлиб, бу ерда ноҳия ёшлари халқ ҳунарларини ўрганишга жалб этиладилар. Тўгараклар иштирокчиларига рассомлик, ўймакорлик, кийим-кечак тикиш, зардўзлик ва гулдўзлик ўргатилади.
Маданият қасри замонавий кутубхонага эга бўлиб, электрон кутубхона юқори тезликдаги интернет тармоғига уланган.
Шунингдек, ушбу бино ичкарисида Ҳайдар Усмонов номли қишлоқ жамоати идораси иш кабинетлари ва никоҳни қайдга олиш зали жойлашган.
Шундан кейин мамлакат Президенти ушбу маданий ва хизмат кўрсатиш мажмуасининг замонавий залида нутқ сўзлаб, қишлоқ аҳлини унинг очилиши муносабати билан табриклади.
***
31 март куни мамлакат Президенти муҳтарам Эмомали Раҳмон Бобожон Ғафуров ноҳиясининг Ёва жамоатида «Жазираи Темурмалик» сайёҳлик-истироҳат мажмуасини кўздан кечирди.
Бу мавзе 2019-2021 йилларнинг Қишлоқлар, сайёҳлик ва халқ ҳунармандчилигини ривожлантириш йиллари, деб эълон қилиниши доирасида таъсис этилган. Унинг 5 гектарида балиқ парвариши ҳовузлари ташкил қилиниб, диққатга сазовор этиш учун турли паррандалар, жумладан, дашт товуқлари (фазанлар) келтирилган.
Мамлакат Президенти Сир дарёси соҳилидаги ушбу мавзеда бажарилган ишлар сифатига юқори баҳо берди.
Давлат бошлиғи «Жазираи Темурмалик» сайёҳлик-истироҳат мажмуаси билан танишув чоғида, Суғд вилояти раҳбарияти ва бошқа масъул шахсларга вилоят ҳудудида сайёҳлик соҳасининг имконият ва инфратузилмаларини янада яхшилаш йўлида аниқ топшириқлар берди.
**
Суғд вилоятининг Гулистон шаҳрида Тинчлик ва миллий бирлик асосчиси – Миллат пешвоси, Тожикистон Республикаси Президенти муҳтарам Эмомали Раҳмон таъмирланган ва қайта қурилган «Парасту» давлат болалар боғчаси биносини фойдаланишга топширди.
Ушбу таълим муассасаси билан танишув чоғида, мамлакат Президенти қурувчилар ишига юқори баҳо бериб, маҳаллий тадбиркорлар ташаббусини таҳсинга лойиқ, деб атади.
Энди бу янги ва замонавий мактабгача таълим муассасасида ушбу шаҳарнинг 500 нафар фарзандлари 14та гуруҳда таълиму тарбия билан қамраб олинади. Бу ерда 38 киши иш жойи ва яхши маош билан таъминланди.
Таъмиру қайта қуриш чоғида, маъмурият, тиббиёт ҳамшираси иш ҳужралари, маҳсулотларни сақлаш омбори, ошхона ва кийимларни ювиш хонаси ҳам инобатга олинган.
Шунингдек, Гулистон шаҳрида мамлакат Президенти Давлат байроғи мажмуаси очилишида иштирок этди.
Ушбу байроқ устунининг баландлиги 50 метр, матоси узунлиги 14 ва эни 7 метрни ташкил этади.
Давлат байроғи майдонида 150 тупдан зиёд манзарали дарахтлар ўтқазилган бўлиб, ушбу мавзе дарахтлари умумий сони 200 тупга етди.
***
Гулистон шаҳрининг саноат минтақасида мамлакат Президенти иштирокида «Маҳмуд ва Компания» МЧЖ фойдаланишга топширилди.
Маҳаллий тадбиркор Абдушукур Ражабов томонидан қурилган ушбу корхонада 100 нафар маҳаллий аҳоли иш ўрни ва яхши маош билан таъминланади.
Корхонада бино-ю иншоотлар, хусусан, кўп қаватли бинолар қурилишида асосий материал ҳисобланган арматура ишлаб чиқарилади.
Ушбу корхона йилига 50 минг тоннагача маҳсулот ишлаб чиқариш иқтидорига эга.
Бу ерда Хитой янги технологиялари воситасида диаметри 8дан 32 миллиметргача бўлган 335, 400, 500 ва 600 тамғали арматуралар тайёрланади.
Хом ашёнинг қарийб 30 фоизи ичкаридан ва қолган қисми шартномага биноан, Қозоғистон Республикасидан келтирилиши маълум қилинди. Арматуранинг эгилувчан ва чидамли бўлиши учун зарур кимёвий маҳсулот Хитой Халқ Республикасидан келтирилади.
Миллат пешвоси жамият раҳбариятига корхона ҳудудида ободончилигу яратувчанлик ишларини амалга ошириш ва ишчилар ижтимоий шароитини яхшилаш йўлида ҳам фойдали маслаҳатлар берди.
***
Мамлакат Президенти Бобожон Ғафуров ноҳиясида «Баҳористон» санаторийси МЧЖ ёрдамчи хўжалиги ишчилари фаолияти билан танишди.
Ёрдамчи хўжалик ерлари умумий майдони 4 гектарни ташкил этиб, бу ерда ишчилар чорвачилик, паррандачилик, уруғчилик, боғдорчилик ва гулчилик билан шуғулланишади.
Хўжаликнинг кичик фермасида соғин сигирлар, тухум берувчи товуқ, гўшт учун бройлер жўжалари ва қуён сақланади.
Иссиқхоналарда лимон, сабзавотлар ва турли мавсумий гуллар кўчатлари парваришланади.
«Баҳористон» санаторийси МЧЖ ёрдамчи хўжалигида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш замонавий технологияларини ўрнатиш билан турли сабзавотлар консервалари, мевалар шарбатлари, ширинликлар, сут, чучук қатиқ, пишлоқ ва қаймоқ ишлаб чиқарилади.
Шу ерда Давлат бошлиғи иштирокида ёрдамчи хўжаликда етиштириладиган барча озиқ-овқат маҳсулотлари тақдимоти ўтказилди.
Танишувдан кейин, мамлакат Президенти санаторий раҳбариятининг ободончилик ишларига муносиб баҳо бериб, уларни ушбу эзгу ишларни давом эттиришга ҳидоят қилди.
***
Мамлакат Президенти «Баҳористон» санаторийсида обдончилигу яратувчанлик ишлари билан танишиб, истироҳату табобат жойлари учун талабларни ҳисобга олган ҳолда, янги ва замонавий бино қурилишига тамал тошини қўйди.
Санаторий янги биноси ҳудудида катталар ва болалар ўйин майдончалари, сузиш ҳавзалари, теннис корти қурилиши режалаштирилган. Бошқа қисмида дам олувчилар фароғати учун гулзорлар бунёд этилади.
Мамлакат Президенти «Баҳористон» санаторийсининг янги биноси қурилиши лойиҳаси билан танишув чоғида, қурувчиларга ишларни сифатли бажариш, меъморчилик меъёрларига риоя этиш, бинони миллий нақшлар ва бунёдкорликнинг юксак санъати билан безаш борасида аниқ кўрсатмалар берди.
Бинонинг биринчи-бешинчи қаватларида зиёфат, музокара заллари, хизмат кўрсатиш хоналари, ошхона, ҳаммом, 100 ўринли ётоқхона, олиймақом меҳмонларни қабул қилиш ҳужралари, машқ қилиш жойи ва бошқалар қурилади.
**
Мамлакатнинг бошқа шаҳру ноҳияларидаги каби Суғд вилоятининг Спитамен ноҳиясида ҳам Давлат байроғи ва нишони майдони бунёд этилди.
Спитамен ноҳиясида давлат рамзлари майдонининг расмий очилиши маросимида мамлакат Президенти қатнашди.
Давлат байроғи ва нишони майдони давлат ҳокимияти ноҳия ижроия органи маъмурий биноси ёнида бунёд этилган бўлиб, бу мавзе ҳуснига янада кўрк бағишлаган. Давлат байроғи устуни баландлиги 50 метр, матосининг узунлиги 14 ва эни 7 метрни ташкил қилади. Давлат нишони устуни баландлиги 25 метрга тенг.
Давлат байроғи ва нишони майдони қурилиши бараварида давлат ҳокимияти ноҳия ижроия органи биноси ҳам таъмирдан чиқарилиб, унинг ташқи кўриниши миллий нақшлар билан безатилган.
***
Мамлакат Президенти Спитамен ноҳиясида янги кутубхона биноси, тарихий «Курушкада» музейи ва 2-болалар мусиқа мактабини фойдаланишга топширди.
Кутубхона, тарихий музей ва болалар мусиқа мактабининг янги қурилган биноси уч қават ва ертўладан иборат.
Ушбу иншоот ноҳия марказида 1,2 гектар майдонда бунёд этилган. Замонавий бино иш ва хизмат кўрсатиш кабинетларига эга бўлиб, ертўласида китоб хазинаси мавжуд.
Унинг биринчи қаватидан электрон кутубхона – каталог бўлими, хизмат кўрсатиш ва 100 ўринли кенг мутолаа заллари ўрин олган.
Иккинчи қаватда тарихий музей таъсис этилган бўлиб, ходимлар учун кенг шароит яратилган тўртта иш кабинети мавжуд.
Иншоотнинг учинчи қаватида болалар мусиқа мактаби жойлашган, у танбур, мусиқа назарияси, рубоб, ғижжак, фортепиано, доира, чанг синфхоналари, иш кабинетлари, муҳташам концерт залига эга.
Ушбу мактабга 10 нафар юқори малакали ўқитувчи ишга жалб этилган.
Иншоотдаги иш шароити билан танишувдан кейин, мамлакат Президенти нутқ сўзлаб, маданият аҳли, ўқитувчилар ва масъуллар фаолиятига муваффақиятлар тилади.
***
Мамлакат Президенти муҳтарам Эмомали Раҳмон Спитамен ноҳияси Куруш қишлоқ жамоатининг «Спитамен-текстайл» МЧЖ деҳқон хўжалиги ерларида чигит экиш ишларини бошлаб берди.
Хўжалик пахтани якуний қайта ишлаш билан шуғулланувчи «Спитамен-текстайл» МЧЖнинг муҳим қисми ҳисобланади. Давлат бошлиғининг кўрсатма-ю ҳидоятларига кўра, жамият масъуллари фаолиятларини комплекс тарзда йўлга қўйган, яъни хўжаликларида етиштирилган пахтанинг кўп қисмини ўзлари қайта ишлашади ва хорижий бозорларга чиқаришади.
Бу жамиятда ишлар, асосан, уруғчиликка йўналтирилган. Шу тариқа, 3 минг 140 гектар суғориладиган ердан ҳар йили 2100 гектардан зиёдига уруғлик чигит экилади ва гектаридан 25-45 центнер ҳосил олинади.
«Спитамен-текстайл» МЧЖнинг пахтани қайта ишлаш ва ип ишлаб чиқариш корхоналари бир йилда 4 минг тонна пахтага ишлов бериш имконига эга. Тайёр маҳсулот икки томонлама шартномага мувофиқ, асосан, Туркияга жўнатилади.
Миллат пешвосининг кўрсатмасига биноан, жамият масъуллари келгусида тайёр пахта маҳсулотлари ишлаб чиқаришни йўлга қўйишга қарор қилган. Зеро, бунинг учун барча моддий-техник ва табиий шароиту имкониятлар мавжуд.
Спитамен ноҳиясидаги «Спитамен-текстайл» МЧЖда хўжалик бўлими қишлоқ хўжалигининг энг катта жамиятларидан бири саналиб, қарийб 2500 нафар маҳаллий аҳолини иш ўрни ва маош билан таъминлайди.
***
Спитамен ноҳиясининг Куруш қишлоқ жамоатида мамлакат Президенти иштирокида маданият қасри фойдаланишга топширилди.
Маданият қасри биноси рақслар, ҳайкалтарошлик, рассомлик, ҳунармандлик тўгараклари, кутубхона, мутолаа зали, шашка ва шаҳмат ўйинлари учун замонавий ҳужраларга эга.
Миллат пешвоси яратилган шароитлар билан танишув чоғида, маданият аҳли диққатини янги саҳна кўринишлар тайёрлаш ва халқ маънавий дунёсини бойитишга жалб этди.
Бу ерда 50 нафар етимга Наврўз совғалари топширилди.
Замонавий иншоотнинг муҳташам залида санъат аҳли томонидан концерт қўйилди.
Давлат раҳбари томонидан Спитамен ноҳияси Куруш қишлоқ жамоати маданият қасрига 4та мусиқа асбоби тақдим этилди.
***
Спитамен ноҳиясида мамлакат Президенти муҳтарам Эмомали Раҳмон «Мустақилликнинг 25 йиллиги» МЧЖда ёғ ишлаб чиқариш янги корхонасини фойдаланишга топширди.
2015 йили маҳаллий тадбиркор Даврон Аҳмедов йилига 20 минг тонна пахтани қайта ишлаш иқтидорига эга бўлган корхонани таъсис этганди. Энди соф фойдани қўлга киритиш билан тадбиркорлар пахтани қайта ишлаш корхонаси рўпарасида ёғ ишлаб чиқариш цехини бунёд этишди.
Бир кеча-кундузда 65 тонна хом ашёни қайта ишлаш иқтидорига эга бўлган янги корхонада 25 киши доимий иш билан таъминланди.
Бу ерда зиғир, рапс, кунгабоқар, седона ва чигит хом ашёсидан ёғ ишлаб чиқарилади ҳамда у импорт ўрнини босувчи маҳсулот саналади.
Сифатли ўсимлик ёғлари 2, 3 ва 4 литрлик идишларга қуйилиб, Спитамен ноҳияси ва Хўжанд шаҳри бозорларига чиқарилади. Корхона ускуналари Россия ва Хитойнинг етакчи компанияларидан келтирилган.
Шу ерда қурилган пахтани қайта ишлаш корхонасида 50 нафарга яқин киши мавсумий иш билан таъминланади. Пахта Суғд вилоятининг шаҳру ноҳиялари пахтакор хўжаликларидан олинади.
Янги корхонада иш жараёни билан танишган мамлакат Президенти маҳаллий тадбиркорларга Тожикистон Республикаси давлат ва Ҳукуматининг яратувчанлик сиёсатини қўллаб-қувватлаётганликлари, диёрнинг ҳар бир минтақасини ободонлаштириш, янги иш ўринлари таъсис этиш ва импорт ўрнини босувчи маҳсулот ишлаб чиқараётганликлари учун миннатдорчилик билдириб, ишларига муваффақият тилади.
Ёғ ишлаб чиқариш корхонаси ёнида Миллат пешвоси «Нексигол» ОҲЖ фаолияти билан ҳам танишди.
2009 йили Суғд вилоятига иш сафарларидан бирида Спитамен ноҳиясида Давлат бошлиғи биринчи агромагазинни очиб, фаолиятини кенгайтириш ва боғдорчилигу деҳқончилик ишларини ривожлантириш учун ноҳия раҳбариятига маҳаллий компанияга ер ажратиш топшириғини берганди.
Шу тарзда мамлакат Президентининг кўрсатмаси билан «Нексигол» ОҲЖ учун 5 гектар ер ажратилган. Айни пайтда бу ерда интенсив боғ бунёд этилган бўлиб, олма ва шафтолининг бир неча тури парваришланмоқда.
Ердан самарали фойдаланиш учун деҳқонлар қаторлар орасида қулупнай, карам, помидор, қалампир ва маккажўхори етиштиришади.
Ушбу жамият фаолияти билан танишувдан кейин, Миллат пешвоси меҳнаткашлар ишига юқори баҳо бериб, уларни об-ҳавонинг қулай имкониятларидан фойдаланишга чақирди.
**
2 апрел куни, эрталаб Суғд вилояти маркази Хўжанд шаҳрида Тинчлик ва миллий бирлик асосчиси – Миллат пешвоси, Тожикистон Республикаси Президенти муҳтарам Эмомали Раҳмон иштирокида «Лола сайли» фестивали ва «Гуллар» вилоят танлови бўлиб ўтди.
«Лола сайли» фестивали, «Гуллар» вилоят танловини юқори даражада ўтказиш ҳамда олиймақом меҳмон – Миллат пешвосини муносиб кутиб олиш мақсадида, тадбир ўтказилиш жойи – Камол Хўжандий номидаги маданият-истироҳат боғи кенг лолазорга айлантирилганди.
«Лола сайли» халқаро Наврўз байрамининг тарихий рукнларидан бири бўлиб, ушбу анъанани қайта жонлантириш табиатни севиш ва халқ эстетик дунёсига таъсирли ролга эга эканлиги таъкидланди.
Тарихшуносларнинг айтишларича, ўтмишда бу одат қадимий Суғд, Бохтар ва бошқа баъзи минтақаларда «Қизил гул байрами» номи билан анча шукуҳли нишонланиб келинган.
Мамлакат Президенти жорий йилда 300 мингдан зиёд лола парвариш қилган Камол Хўжандий номидаги маданият-истироҳат боғининг гулчилари касбий фаолиятига юқори баҳо берди.
***
Хўжанд шаҳрига иш сафари давомида мамлакат Президенти муҳтарам Эмомали Раҳмон Сирдарё устидан ўтган Камол Хўжандий номидаги маданият-истироҳат боғидан шоҳ Исмоил Сомоний мажмуасигача бўлган бир километрдан зиёд «Канат йўли»ни фойдаланишга топширди.
Ушбу «Канат йўли» 2019-2021 йилларнинг Қишлоқлар, сайёҳлик ва халқ ҳунармандчилигини ривожлантириш йиллари, деб эълон қилиниши доирасида ички ва ташқи сайёҳлар учун жуда кўркам мавзеда – Сирдарё соҳили ва Камол Хўжандий номидаги боғда қурилган.
Маҳаллий тадбиркорлар томонидан қурилган «Канат йўли» 4 нафарлик 47та кабина, жумладан, олий даражада хизмат кўрсатувчи 7та кабинага эга. Бу йўл бир вақтда 160 кишига хизмат қилади.
«Канат йўли»нинг баландлиги дарё сатҳидан 35 метрни ташкил қилиб, унинг фойдаланишга топширилиши билан 16 киши доимий иш жойи билан таъминланди.
Мамлакат Президенти Хўжанд шаҳри масъуллари ва бу ташаббус билан чиққан шахслар билан суҳбат чоғида, аҳоли ва сайёҳларга хизмат кўрсатиш имкониятини янада яхшилаш, имкон қадар кўпроқ аҳолини доимий ишга жалб этиш зарурлигини таъкидлади.
***
Суғд вилояти шаҳру ноҳияларига иш сафарининг тўртинчи кунида Давлат раҳбари Хўжанд шаҳрининг Исмоил Сомоний майдонида «Наврўзий миллий таомлар» фестивалида иштирок этди.
Сирдарё соҳилида, барҳаво мавзеда вилоятнинг барча 18та шаҳру ноҳиясидан энг яхши ошпазлар йиғилиб, 50 турдан зиёд наврўзий миллий таомларни намойиш этишди. Жумладан, кўргазмага шавланинг турли хили, кесган ош, мастава, кашк, ҳолвайтар, умоч, қовоқли таом, мошли угро, мошпиёва, ширгуруч, боқала, қатиқли ош, уграпалов, кўча оши ва бошқалар чиқарилди. Бир тонналик қозонларда сумалак ва ош тайёрланди.
Миллат пешвоси ҳар чодир ёнида халқ ва ошпазлар билан байрамона суҳбат ўтказиб, бундай хурсандчилик базмларининг биргаликда ташкил этилишини Наврўзнинг асосий унсурларидан, дея атади.
***
Мамлакат Президенти Хўжанд шаҳрида рамзий кема - «Темурмалик» ресторанини фойдаланишга топширди.
Ресторан икки қават ва ертўладан иборат бўлиб, Сирдарё соҳили ва Камол Хўжандий боғи рўпарасида қурилган.
Унинг ертўласида 100 ўринли қаҳвахона, биринчи қаватида 200 ўринли ресторан ва учинчи қаватида ёзги майдонча қурилган.
Ресторан маҳаллий тадбиркор – «Абдурашид» МЧЖ раҳбари Абдурасул Ражабов томонидан қурилган бўлиб, унга миллатнинг буюк фарзандига эҳтиром сифатида тожик халқи қаҳрамони Темурмаликнинг номи берилган.
Давлат бошлиғи ғайриоддий ресторанда иш ва хизмат кўрсатиш шароити билан танишувдан кейин, тадбиркорларга Тожикистон Республикаси Ҳукуматининг яратувчанлик сиёсатини қўллаб-қувватлаётганликлари учун миннатдорчилик билдирар экан, уларни ушбу бунёдкорлик тадбирларини давом эттиришга чақирди.
«Ховар» ТМАА.
9 сентябр куни Тинчлик ва миллий бирлик асосчиси - Миллат пешвоси, Тожикистон Республикаси Президенти муҳтарам Эмомали Раҳмон "Роғун" гидроэлектростанциясининг иккинчи агрегатини ишга тушириш маросимида иштирок этиш мақсадида Роғун шаҳрига ташриф буюрди.
Бу йирик гидроэнергетик иншоотнинг иккинчи агрегати ишга туширилиши тантанали маросими халқаро оммавий ахборот воситалари
Муфассал...
Муаллифдан: Мен Тожикистон Халқ шоири Нурмуҳаммад Ниёзий билан бир йилдан буён суҳбатлашишга чоғланаман. Лекин ҳар гал негадир суҳбат ортга сурилаверади. Халқ бахшиларидай ич-ичидан туйғулари тошиб келиб, экспромт тарзида шеър битадиган, шеъриятни муҳаббат деб биладиган, Она юрти, халқи, она тили ҳақида юрак-юракдан берилиб гўзал сатрлар тузадиган бу ижодкор билан суҳбатим одатдагидан бошқача бўлишини истардим.
Муфассал...2015
1-2015
2-2015
3-2015
4-2015
5-2015
6-2015
7-2015
8-2015
9-2015
10-2015
11-2015
12-2015
13-2015
14-2015
15-2015
16-2015
17-2015
18-2015
19-2015
20-2015
21-2015
22-2015
23-2015
24-2015
25-2015
26-2015
27-2015
28-2015
29-2015
30-2015
31-2015
32-2015
33-2015
34-2015
35-2015
36-2015
37-2015
38-2015
39-2015
40-2015
41-2015
42-2015
43-2015
44-2015
45-2015
46-2015
47-2015
48-2015
49-2015
50-2015
51-2015
52-2015