Муҳтарам Миллий мажлис аъзолари ва Намояндалар мажлиси вакиллари! Азиз ватандошлар!
2018 йил ниҳоятда муҳим ва эсда қоларли воқеалари билан Тожикистоннинг шарафли халқи ва тожиклар мустақил давлати учун, ҳақиқатдан ҳам, тарихий йил бўлди.
Жорий йилнинг йигирма иккинчи марти - Халқаро сув захиралари
кунида бизнинг сув соҳасидаги тўртинчи халқаро ташаббусимиз – 2018-2028 йиллар - «Сув устувор тараққиёт учун» халқаро амалиёт ўн йиллиги татбиқи Давлат бошлиғининг Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясида иштироки билан бошланди.
Тоза ичимлик суви манбалари ва захираларини ҳимоялаш масаласи сайёра аҳолисининг асосий муаммосига айланган иқлим ўзгариши шароитида Тожикистон халқаро майдонда бу йўналишда ташаббускор ва етакчи мамлакат сифатида эътироф этилган.
Унинг шарофати билан шарафли ва заҳматкаш тожик халқининг неча йиллик орзуларини амалга оширган асрнинг тақдирсоз иншооти ва Тожикистоннинг ёрқин келажаги – «Роғун» гидроэлектростанциясининг биринчи агрегатини ишга тушириш мустақил Тожикистон тарихида туб бурилиш ва мамлакатимизнинг биринчи миллий стратегик мақсади – энергетик мустақилликка эришиш йўналишидаги устувор қадамларидан бири ҳисобланади.
Ўзбекистон Республикаси билан икки ўн йилликдан зиёд вақт мобайнида вужудга келган сиёсий, иқтисодий ва савдо масалаларини ҳал этиш халқимиз ижтимоий, иқтисодий ва маънавий ҳаётидаги учинчи тарихий воқеа ҳисобланади.
Бу ютуққа биз икки томонлама мулоқоту музокаралар, ҳар иккала давлат раҳбарларининг давлат сафарлари ва ўзаро дўсту биродар мамлакатлар ўртасида стратегик шерикчилик келишувини имзолаш орқали эришдик. Натижада, халқнинг эркин борди-келдиси таъминланиб, тўққиз ой мобайнида ҳар иккала мамлакатнинг икки ярим миллион нафардан зиёд фуқаролари ўз қариндош-уруғларининг дийдорига етишди ҳамда иқтисодий, савдо ва гуманитар ҳамкорликлар сезиларли равишда кенгайди.
Тожикистон Республикаси Ҳукумати ўз фаолиятини Миллий тараққиёт стратегиясида назарда тутилган мақсадларга эришишга йўналтирган бўлиб, устувор иқтисодий тараққиёт, инсон қудратини мустаҳкамлаш, давлат бошқаруви тизимини такомиллаштириш, мамлакат экспорт имкониятларини кенгайтириш, сармоядорлик муҳитини яхшилаш, хусусий секторни ривожлантириш ва меҳнат бозори ҳолатини яхшилаш воситаси халқ турмуш даражаси ва сифатини юксалтиришни ўзининг олий мақсади сифатида эълон қилган.
Жорий йилда биз стратегик ҳужжатларда иқтисодий ва ижтимоий тараққиёт учун кўзда тутилган кўрсаткичларга эришиш учун устувор қадамлар ташладик.
Ўтган йилги Паёмда қайд этилган вазифаларни амалга ошириш натижасида 2018 йили ялпи ички маҳсулот тараққиёти 7,3 фоиз даражасида якунланиб, инфляция 5,4 фоиз даражасида сақлаб қолинди.
Иқтисодиётнинг турли соҳалари, хусусан, ишлаб чиқариш соҳаси ривожланиши таъминланиб, 150 мингдан зиёд янги иш ўринлари таъсис этилди ва сўнгги уч йилда меҳнат муҳожиратига борувчи кишилар сони 25 фоизга камайди.
Аҳолининг пул даромади 11 фоиз ошиб, мамлакат банк тизимида жамғармалар ҳажми ўтган йилга нисбатан 9 фоизга ошди ва камбағаллик сатҳи 29,5 фоизгача камайди.
Ижтимоий соҳаларда ижобий тамойиллар давом этиб, жумладан, аҳолининг узоқ яшаш кўрсаткичлари 75 йилга етди ҳамда она ва бола ўлими ҳолатлари 1998 йилга нисбатан 2,1 ва 2,6 баравар камайди.
Мамлакатда аҳоли сони 1990 йилдаги 5,4 миллион нафардан 2018 йилга келиб 9,1 миллион нафарга етди ва 2023 йили мамлакат аҳолиси 10 миллион нафарга етиши эҳтимоли бор.
Бу, биздан иқтисодий ва ижтимоий масалаларни ҳал этиш, жумладан, аҳоли турмуш даражаси-ю сифатини яхшилаш ва мамлакат ишлаб чиқариш иқтидорини мустаҳкамлашга биринчи даражали эътибор қаратишни тақозо этади.
Биз аҳоли яшаш шароитини яхшилаш учун сув ва ердан самарали фойдаланиб, озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқаришни оширишимиз керак.
2018 йилнинг сентябр ойидан бюджет соҳалари ташкилоту муассасалари, жумладан, илму маориф, соғлиқни сақлаш, маданият, ижтимоий ҳимоя ва давлат бюджетидан молиялаштириладиган бошқа ташкилоту муассасалар ходимлари вазифавий маошлари, шунингдек, нафақа ва стипендиялар 15 фоизгача оширилди.
Мамлакат Ҳукумати томонидан бу ташаббусни амалга ошириш учун 2019 йили 1,2 миллиард сомоний йўналтирилади.
Қабул қилинган дастурлар асосида шундай заҳмат чекайликки, бюджет соҳалари ходимлари ойлик маошлари ва нафақаларни ошириш учун кейинги йилларда ҳам зарурий заминалар қўйилсин.
Яъни биз бюджет даромад қисмини кўпайтириш йўли билан кейинги йилларда ҳам маошу нафақаларни оширишимиз керак.
Давлат бюджети даромад қисми 2010 йилдаги 6,5 миллиард сомонийдан 2019 йили 24 миллиард сомонийга етказилиб, унинг ошиши қарийб 4 баравар ва ижтимоий соҳалар харажати ҳиссаси 43,7 фоизни ташкил этишини ҳисобга олиш керак.
2019 йил бюджетида 2018 йилга нисбатан маданияту спорт соҳаларига 17,3 фоиз, илму маориф 14 фоиз, ижтимоий суғурта ва аҳоли ижтимоий ҳимоясига 9,5 фоиз ҳамда соғлиқни сақлаш соҳасига 7,2 фоиз кўпроқ маблағ йўналтирилади.
Тасдиқланган режаларга биноан, 2019 йили давлат бюджети даромад қисмининг 2018 йилга нисбатан ошиши 13 фоиз, ялпи ички маҳсулот ривожланиш суръати 7 фоиздан зиёд ва инфляция 7 фоиздан зиёд бўлмаган даражада таъминланиб, аҳоли пул даромади 10 фоиздан кам бўлмаган даражада ошади.
Бу вазифаларнинг сифатли ижро этилиши учун мамлакат Ҳукумати халқаро иқтисодий муносабатлар ўзгариши жараёнининг иқтисодий ва ижтимоий оқибатлари, молиявий бозорлар ҳолати, савдо низолари ва эмбарголарни мунтазам таҳлил қилиб, бундай омилларнинг миллий иқтисодиётимизга салбий таъсири олдини олиш йўлида зарурий тадбирларни амалга ошириши зарур.
Шунингдек, асосий макроиқтисодий кўрсаткичларни мўътадил сақлаш, банк тизими, корхоналар устувор тараққиётини таъминлаш ва сармоядорлик муҳитини янада яхшилаш йўналишида қатъий чоралар қабул қилсин.
Молия вазирлиги давлат молиясини бошқариш стратегиясини мамлакат афзалиятлари, бюджет даромад ва харажат қисми сифатли ижроси, унинг харажати шаффофлигини назарга олиш, чунончи, бу йўналишларда ислоҳот прогнозлари режаларини таклиф этиш билан татбиқ этишга вазифадор қилинади.
Эслатиб ўтиш жоизки, банк тизими мамлакат ижтимоий-иқтисодий тараққиётини таъминлаш, хусусан, иқтисодиётнинг воқеий соҳаларини ривожлантириш, мамлакат экспорт иқтидорини ошириш, янги иш ўринлари таъсис этиш ва давлат бюджети даромади қўшимча манбаларини кенгайтиришда муҳим рол ўйнайди.
2018 йилнинг 11 ойида банк тизимлари томонидан тадбиркорлар ва аҳолига 7 миллиард 250 миллион сомоний ҳажмида қарз берилган бўлиб, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 201 миллион сомоний ё 3 фоиз зиёддир.
Шу билан боғлиқ ҳолда, Миллий банк хусусий сектор ва хусусан, ишлаб чиқариш соҳаларига қарз ҳажмини ошириш, банк тизими барқарорлигини сақлаш, хизмат кўрсатиш даражаси-ю сифатини яхшилаш, банк соҳаси мутахассисларини тайёрлаш ва улар касбий савияларини юксалтириш учун қатъий чоралар кўриши керак.
Қолаверса, мамлакат пул муомаласида нақд бўлмаган ҳисоб амалиётини кенгайтириб, бу тартиб 2019 йили хизмат кўрсатиш тўловлари ва савдо тизимида кенг жорий этилсин.
2018 йилда банк тизимидан ташқари муомалада бўлган нақд пул ҳиссаси мамлакат умумий пул муомаласида 64 фоизни ташкил қилди.
Бугунги кун жараёнларини ҳисобга олган ҳолда, биз ишни рақамли иқтисодиёт татбиқи ва ижтимоий-иқтисодий соҳаларда рақамли технологияларни жорий этиш йўналишида кенгайтиришимиз керак.
Биз энергетик мустақилликни таъминлаш ва электр энергиясидан самарали фойдаланиш, Тожикистонни коммуникацион боши берк кўчадан чиқариш ва транзит давлатига айлантириш, озиқ-овқат хавфсизлигини ҳимоялаш, мамлакат аҳолисининг сифати яхши маҳсулотдан фойдаланишини таъминлаш ва самарали меҳнат билан қамраб олишни ўз стратегик мақсадларимиздан бири сифатида танлаб, мамлакат иқтисодиётини аграр-индустриалдан индустриал-аграр шаклга ўтказиш режасини амалга ошираяпмиз.
Мамлакат Ҳукумати томонидан амалга оширилган тадбирлар натижасида сўнгги уч йилда ялпи ички маҳсулотда саноат соҳасининг ҳиссаси 15,2дан то 17,3 фоизга ошди.
Шу билан боғлиқ ҳолда, саноат соҳасининг иқтисодий-ижтимоий тараққиёт ва иш ўринлари таъсис этишдаги аҳамиятини ҳисобга олиб, мамлакатни тез суръатда саноатлаштиришни тўртинчи миллий мақсад сифатида эълон қилинишини таклиф этаман.
Шу билан боғлиқ ҳолда, 2030 йилгача ялпи ички маҳсулотда саноат соҳаси ҳиссаси 22 фоизга етказилиши зарурдир.
Бу мақсадга эришиш учун қабул қилинган соҳавий дастурлар ва сармоявий лойиҳалар амалга оширилиши қатъий назорат остига олиниб, улар самарадорлиги ва сифати таъминлансин.
Шунинг учун, вилоятлар ва шаҳру ноҳиялар раҳбарлари тўғридан-тўғри сармояларни жалб этиш, янги ишлаб чиқариш корхоналари бунёд этиш, фаолияти тўхтаган корхоналарни ишга тушириш ва иш ўринлари ташкил этишга доир фаолиятларини кенгайтириб, ишлар ижросига доир ҳар ярим йилда мамлакат Ҳукуматига ҳисобот тавсия этишсин.
Мамлакат ичкарисида хом ашё баъзи турларининг мавжуд эмаслиги якуний маҳсулот ишлаб чиқариш учун ҳалталаб масалалардан саналади.
Шу сабабли, Тожикистонда ишлаб чиқариладиган хом ашё ва акциз остидаги моллардан ташқари, қайта ишлаш ва якуний маҳсулот ишлаб чиқариш учун киритиладиган хом ашё қўшимча қийматдан солиқ ва божхона тўловидан озод этилишини таклиф қиламан ҳамда тегишли тузилмалар бир ой мобайнида мазкур имтиёз татбиқи тартибини белгилашсин.
Импорт ўрнини босувчи ишлаб чиқаришни ташкил этишга доир рағбатлантириш тадбирлари аҳоли маҳаллий ишлаб чиқариш ҳисобидан асосий озиқ-овқат маҳсулотлари, рўзғор анжомлари ва қурилиш материаллари билан таъминланиб, мамлакат ташқарисидан озиқ-овқат маҳсулотлари импорти ҳажми сўнгги уч йилда қарийб уч миллиард сомоний ё 31 фоиз камайтирилишига имкон берди.
Жорий йилда экспортга мўлжалланган 20 турдаги молу маҳсулотдан 15тасининг ишлаб чиқарилишини ошириш таъминланди.
Бироқ рақобатбардош бўлмаганлик ва баъзи корхоналар маҳсулотлари асил қиймати баланд эканлиги, мамлакат ташқарисида экспортчилар манфаатларини ҳимоялаш йўлларининг мукаммал эмаслиги ҳалигача ишлаб чиқариш турли-туманлиги ва экспортни таъминлашга ҳисса қўшмаяпти.
Шунинг учун, Тожикистон Ҳукумати мамлакатнинг молу маҳсулот транзити ва чегарадош мамлакатлар билан «яшил коридорлар» ташкил этиш йўналишида экспорт ва транзит имкониятларини кенгайтириш йўлида фойдали ҳамкорликларни йўлга қўйиши зарур.
Ташқи ишлар, Иқтисодий тараққиёт ва савдо вазирликлари, Экспорт агентлиги, вилоятлар ва шаҳру ноҳиялар раислари Тожикистонда ишлаб чиқарилган маҳсулотни танитиш, экспорт бозорлари, ишлаб чиқариш ва савдо шерикларини топиш, мамлакат ташқарисида маҳаллий тадбиркорлар манфаатларини ҳимоялаш йўлидаги фаолиятларини кучайтиришга вазифадордирлар.
Ҳурматли вакиллар!
Сўнгги йилларда амалга оширилган иқтисодий ислоҳотлар тадбиркорлигу сармоядорлик муҳити яхшиланиши ва хорижий сармоялар, жумладан, тўғридан-тўғри сармояларни жалб этишга ҳисса қўшаяпти.
Ҳозир мамлакатимизда 30 миллиард сомонийлик умумий маблағга давлатнинг 70та сармоявий лойиҳаси татбиқи давом этмоқда.
Сўнгги 10 йилда Тожикистон иқтисодиётига 33 миллиард сомонийдан зиёд ҳажмда тўғридан-тўғри хорижий сармоя киритилган бўлиб, унинг кўп қисми энергетика, алоқа, қурилиш, фойдали қазилмаларни қазиб олишу қайта ишлаш ва инфратузилмалар бунёдига йўналтирилган.
Биз олдимизга қўйилган мақсадларга эришиш учун тараққиёт шериклари билан ҳамкорликларни бундан кейин ҳам давом эттирамиз ҳамда жалб этилган тўғридан-тўғри сармояларни замонавий ишлаб чиқариш техника ва технологияларини киритиш, янги иш ўринлари таъсис этиш ва маҳаллий рақобатбардош маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажмини оширишга йўналтирамиз.
Шу билан боғлиқ ҳолда, мамлакат Ҳукумати сармоядорлик муҳитини яхшилаш, тўғридан-тўғри хорижий сармояларни жалб этиш ва сармоядорлик лойиҳалари билан таништиришга доир фаолиятини кенгайтириши зарур.
Жорий йилнинг 15 октябрида Тадбиркорлар форумида бир қатор муҳим масалалар, жумладан, ижозатнома бериш тизимини тартибга солиш, хўжалик субъектлари фаолиятини текшириш ва солиқни маъмурийлаштиришга оид фикрларимни баён этиб, масъул шахсларни мавжуд камчиликларни ҳал этишга вазифадор этдим.
Форум жараёнида қўлга киритилган натижалар асосида чора-тадбирлар режаси тасдиқланган бўлиб, масъул тузилмалар ва органлар унинг ижросини назорат этишлари ва таъминлашлари керак.
Ҳозир мамлакатда сармоячилик муҳитини яхшилаш учун хўжалик субъектлари фаолиятини текширишнинг барча турлари хавфларни баҳолаш асосида йўлга қўйилган.
Бироқ баъзи текширув органлари томонидан қонунчилик талабларига ҳар доим ҳам риоя этилмайди.
Биз жорий йилда асоссиз, такрорий текширувларни бартараф этиш ва тадбиркорликни ривожлантиришга қулай шароит яратиш мақсадида ишлаб чиқариш тадбиркорлари фаолияти барча текширувлари учун икки йил мобайнида мораторий эълон қилдик. Ундан ишлаб чиқариш соҳасида қарийб 2000 тадбиркорлик субъекти баҳраманд бўлди.
Бу жараённи кучайтириш учун 2019-2020 йилларда ишлаб чиқариш соҳасида тадбиркорлик субъектлари фаолияти барча текширувлари ман этилиб, Тожикистон Республикасининг «Ишлаб чиқариш соҳасида тадбиркорлик субъектлари фаолияти текширувларига мораторий тўғрисида»ги қонуни бандлари барча текширув, назорат ва ҳуқуқ муҳофазаси органлари, жумладан, Бош прокуратура, Ҳисоб палатаси, Давлат молиявий назорати ва коррупцияга қарши кураш агентлиги, Миллий банк ҳамда солиғу божхона органларига татбиқ этилишини зарур ҳисоблайман.
Шунингдек, мораторий йўналишида қонунчилик бандлари аниқ риоясини таъминлаш мақсадида, Бош прокуратурага Сармоялар ва давлат мол-мулкини бошқариш давлат комитети билан ҳамкорликда тадбиркорлар фаолиятига асоссиз аралашиб, тадбиркорлик тараққиётига тўсиқ бўлган давлат органлари масъулларига нисбатан зарурий чоралар қабул қилиш топшириғи берилади.
Тадбиркорлар ҳуқуқий, молиявий ва иқтисодий билим савиясини юксалтириш, савдо лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва улар татбиқи йўлини топиш учун ёрдам бериш, хусусан, янги таъсис этилган субъектлар ва ёшларни тадбиркорлик фаолиятига жалб этиш мақсадида, Тожикистон Ҳукумати мамлакат шаҳру ноҳияларида бир вақтнинг ўзида тадбиркорлар таълим маркази вазифасини ижро этувчи хизмат кўрсатиш марказларини ташкил этиш йўлида зарурий чоралар қабул қилсин.
Шунинг бараварида, маъмурий тўсиқларни бартараф этиш, тадбиркорлар ва аҳолига давлат хизмати кўрсатиш расмийлаштирилиши самарадорлиги, содда ва замонавийлигини таъминлаш учун мамлакат Ҳукуматига 2019 йили Тожикистон Республикасининг «Давлат хизматларини кўрсатиш тўғрисида»ги қонунини тайёрлаш ва тавсия этиш топшириғи берилади.
Шунингдек, тадбиркорларни бундан кейин қўллаб-қувватлаш мақсадида, мамлакатимизда Тадбиркорликни қўллаб-қувватлашга оид ислоҳот ва сармоядорлик муҳитини яхшилашнинг 300 куни амалга оширилишини таклиф қиламан.
Азиз ватандошлар!
Сўнгги ўн йилда мамлакат энергетик тизими ишлаб чиқариш иқтидорлари 1520 мегаватт ҳажмида оширилди ва 1300 километрдан зиёд юқори шиддатли электр узатиш линиялари қурилиб, фойдаланишга топширилди.
«Роғун» гидроэлектростанцияси қурилиши бошланганидан буён молиялаштириш барча манбалари ҳисобидан 24 миллиард сомоний, фақатгина 2018 йили 3,9 миллиард сомоний ўзлаштирилди ва 2019 йилда бу мақсадга қарийб 4 миллиард сомоний назарда тутилган бўлиб, унинг иккинчи агрегати ишга туширилади.
2018 йилнинг сентябр ойида баланд тоғли Мурғоб ноҳиясида 80 миллион сомоний маблағ эвазига 1500 киловатт иқтидорга эга бўлган «Тожикистон» гидроэлектростанциясини фойдаланишга топширдик. Унинг шарофати билан Тоғли Бадахшон мухтор вилоятида электр энергиясига талабот тўлиқ таъминланди.
Ҳозир ушбу минтақа, яъни Тоғли Бадахшон мухтор вилоятида умумий иқтидори 211 мегаватт бўлган яна иккита – «Санобод» ва «Себзор» гидроэлектростанцияларини техник асослаш лойиҳалари тайёрланган бўлиб, халқаро ташкилотлар билан сармоя топиш ва жалб этишга доир ишлар давом этмоқда.
Мамлакат Ҳукумати янги гидроэлектростанциялар бунёд этиш бараварида, мавжуд иқтидорларни қайта тиклаш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратади.
Зеро, узоқ йиллардан буён фаолият юритаётган бир қатор электростанциялар қайта тикланмаган ҳолатда, уларнинг ишлаб чиқариш самарадорлиги пасаяди.
Шунинг учун, ҳозир 1,3 миллиард сомонийга «Сарбанд» гидроэлектростанциясини қайта тиклаш ишлари давом этмоқда. 2019 йили 1,9 миллиард сомоний ҳажмида «Қайроққум» гидроэлектростанцияси қайта тикланиши ва 3,5 миллиард сомоний маблағга «Норак» гидроэлектростанциясини қайта тиклашнинг биринчи босқичи бошланади.
Тўлиқ қайта тиклангандан кейин, бу учта электростанция иқтидори уларнинг бугунги воқеий ҳажмига нисбатан, умуман, 840 мегаваттга ошади.
«Роғун» электростанцияси қурилиши «Норак» электростанциясининг умри юзлаб йиллар ошишига имкон беради.
Бунинг маъноси шуки, «Норак» сув омборига «Роғун» электростанциясидан чўкиндиси бўлмаган тоза сув келиб тушади ва «Норак» сув омбори лойқа билан тўлмайди.
Бунинг устига, Вахш дарёси ўзанида амал қилаётган электростанциялар қудрати 4 миллиард киловатт-соатга ошади.
Мамлакат энергетик тизимини янада устувор қилиш учун КАСА-1000 минтақавий лойиҳаси татбиқига доир ишлар бошланган бўлиб, унинг умумий маблағи қарийб 11 миллиард сомоний (Тожикистон ҳиссаси 3,4 миллиард сомоний)ни ташкил қилади ва у 2021 йили охирига етказилади.
Шунингдек, шу йилнинг ўзида «Роғун» гидроэлектростанциясининг самарали фаолияти учун 530 миллион сомоний маблағга элегаз тақсимловчи замонавий аппарат, яъни электр подстанцияси, қарийб 750 миллион сомоний маблағга республика бўйсунишидаги ноҳиялар («Роғун-Душанбе»)да 500 киловолтли ва 250 миллион сомоний маблағга 220 киловолтли «Айний-Рўдакий» электр узатиш линиялари фойдаланишга топширилди.
Жорий йилда энергетик мустақилликка эришиш учун устувор қадам қўйибгина қолмасдан, балки мамлакатимиз мустақиллигининг 27 йили мобайнида сўнгги икки йилда мамлакатни тўлиқ электр энергияси билан таъминлаб, қарийб 3 миллиард киловатт-соат ҳажмида электр энергияси экспорт қилдик.
Шунинг бараварида, мамлакат Ҳукумати соҳа бошқаруви ислоҳоти, яъни электр энергияси ишлаб чиқаришу узатиш ва тақсимлаш харажати ҳисоби янги тизимини ишлаб чиқиш ҳамда электрон тизимдан фойдаланиш орқали ҳисобга олишнинг замонавий механизмини жорий этиш ва ишлатилган электр энергияси маблағларини йиғиш йўлида зарурий тадбирларни амалга ошириши керак.
Энергетика ва сув захиралари вазирлиги «Барқи Тожик» компанияси билан биргаликда электр энергияси талафотини камайтириш йўлида қатъий чоралар қабул қилишга вазифадордир.
Энергетикани ривожлантириш масалалари борасида минтақа мамлакатларини «яшил иқтисод»ни ривожлантириш асосларидан бири бўлган экологик жиҳатдан тоза электр энергияси билан таъминлаш учун Тожикистоннинг катта гидроэнергетик иқтидорларидан фойдаланиш атмосферага карбон гази чиқарилишини камайтиришга жиддий ҳисса қўшишини таъкидлашни истайман.
Бугун Тожикистон халқаро ташкилотлар баҳолашларига кўра, экологик жиҳатдан тоза электр энергияси ишлаб чиқариш бўйича дунёда олтинчи ўринни эгаллайди.
Мамлакатимиз янги иқтидорлар, жумладан, «Роғун» гидроэлектростанциясини ишга туширганидан кейин қайта тикланувчи манбалардан электр энергияси ишлаб чиқариш фоизи жиҳатидан дунёда иккинчи ё учинчи ўринга чиқиш имкониятига эга.
Бу Тожикистоннинг глобал муаммолардан бири – атмосферага карбон гази тарқалиши ва иқлим исиши салбий оқибатларини камайтиришга ҳиссаси бўлади.
Эслатиб ўтилган масалалар билан боғлиқ ҳолда, шунингдек, биз атроф-муҳит, ўсимликлару ҳайвонот олами, экологик вазиятни ҳимоялаш масалалари ва шу мақсадда соҳа қонунчилигига ўзгартиш киритишу такомиллаштириш, аҳоли экологик маърифатини юксалтиришга жиддий ёндашишимиз зарур.
Атроф-муҳитни ҳимоялаш, айни пайтда сайёҳларни жалб этишнинг асосий йўлларидан бири эканлигини эслатаман.
Ҳурматли иштирокчилар!
Ҳудудининг 93 фоизи тоғлардан иборат бўлган Тожикистон шароитида транспорту коммуникация соҳалари ижтимоий ва иқтисодий тараққиётни таъминлаш учун катта аҳамиятга эгадир.
Мустақиллик даврида мамлакатда давлат сармоячилик лойиҳалари ҳисобидан 2100 километр халқаро ва республика аҳамиятига эга автомобил йўллари ҳамда молиялаштиришнинг бошқа манбалари ҳисобидан 1000 километрдан зиёд ички автомобил йўллари қурилиб, қайта тикланди.
Фақатгина 2018 йили турли молиялаштириш манбалари, жумладан, тадбиркорлар ҳисобидан қарийб 200 километр ички ва халқаро йўллар, 45та кўприк қурилиши ҳамда қайта тикланиши охирига етказилди.
Ҳозир транспорт соҳасида 7,5 миллиард сомонийлик умумий маблағга давлатнинг 14та сармоявий лойиҳаси амалга оширилмоқда.
Сўнгги йиллар мобайнида халқаро автомобил йўллари бунёди ва Тожикистонни Хитой Халқ Республикаси, Афғонистон Ислом Республикаси, Қирғизистон Республикаси йўллари билан боғлаш, Ўзбекистон билан темир йўли ва 16та чегара ўтказиш нуқтаси очилиши натижасида мамлакатимиз коммуникацион боши берк кўчадан чиқди ва иккинчи стратегик мақсадимиз ҳам амалга оширилди.
Бундан кейин мамлакат Ҳукумати транспорт коридорлари тармоқларини келгусида кенгайтириш ва транспорт инфратузилмасини мустаҳкамлаш, денгиз портларига чиқиш, чегараолди терминаллари ва логистик марказлари бунёди, моддий-техник асосларни янгилаш ва транспорт паркларини қайта тиклаш, чунончи, молу маҳсулот ташилишини кўпайтиришга доир қўшимча тадбирлар қабул қилиши керак.
Шунингдек, йўловчи ва юк ташиш ҳажмини ошириш мақсадида Тожикистоннинг қулай географик мавқеини ҳисобга олган ҳолда, мамлакатни ҳаво транзити ривожланган мамлакатга айлантириш учун зарурий чораларни йўлга қўйсин.
Қишлоқ хўжалиги соҳасини ривожлантириш воситасида озиқ-овқат хавфсизлиги ҳимоясини ошириш иш ўринлари таъсис этиш ва мамлакат экспорт иқтидорини оширишга бевосита таъсир кўрсатадиган бошқа стратегик мақсаддир.
Мустақиллик даврида қишлоқ хўжалиги соҳаси тараққиётини таъминлаш ва озиқ-овқат хавфсизлигини ҳимоялаш мақсадида, давлат сармоячилик лойиҳалари татбиқи ва давлат бюджети ҳисобидан 12 миллиард сомонийдан зиёд маблағ йўналтирилган.
Ҳукумат томонидан қабул қилинган тадбирлар натижасида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари умумий ҳажми уч баравар ошди, яъни 2000 йилдаги 7,4 миллиард сомонийдан 2018 йилда 21,3 миллиард сомонийга етказилган бўлиб, соҳа маҳсулотлари экспорти мунтазам ошириб борилмоқда.
Шунинг бараварида, соҳа тараққиёти ва иш ўринлари таъсис этиш йўналишида олдинга қўйилган мақсадларга эришиш учун қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сақлаш ҳамда қайта ишлаш масаласига кўпроқ диққат қаратилиши зарур.
Ҳозир мамлакат ичкарисида етиштирилган пахтанинг жуда кам ҳажми қайта ишланиб, хусусан, тўқимачилик соҳасида иш ўринлари таъсис этиш йўналишидаги мавжуд имкониятлардан етарлича фойдаланилмаган.
Статистик маълумотларга кўра, сўнгги йилларда атиги 10-12 фоиз пахта хом ашёси мамлакат ичкарисида қайта ишланади. 2018 йили пахта хом ашёси экспорти ўтган йилга нисбатан икки баравар ошган.
Шунинг учун, ердан самарали фойдаланиш ҳисобидан бекор ётган ерларни қишлоқ хўжалиги оборотига киритиш ва янги ерларни ўзлаштириш, экинлар ҳосилдорлигини ошириш ва уруғчилик соҳасини ривожлантириш, доим амал қилувчи иссиқхоналар майдонини кенгайтириш ва мева-ю сабзавотни сақлаш учун музлатиш хоналари сонини ошириш ҳисобидан истеъмолчилик бозорини сифатли қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари билан таъминлаш ҳамда унинг маҳсулотлари экспорти ҳажмини оширишга доир қатъий ва кечиктирилмас чоралар қабул қилиниши керак.
Шунингдек, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва Қишлоқ хўжалиги фанлари академияси бошқа вазирликлару идоралар ҳамда давлат ҳокимияти маҳаллий ижроия органлари билан ҳамкорликда соҳада қабул қилинган дастурлар ижросини таъминлаш, ижро этилган ишларга доир ҳар олти ойда мамлакат Ҳукуматига маълумот етказишга вазифадордирлар.
Бундан ташқари, бекор ётган ва тоғ этагидаги ерлар ҳисобидан боғу токзорлар, жумладан, интенсив боғлар майдони мунтазам ошириб борилиши зарур.
Мустақилликнинг 27 йили мобайнида 190 минг гектар экин майдонлари қишлоқ хўжалиги оборотидан чиқарилиб, мамлакатда томорқа участкалари 135 минг гектар, жумладан, суғориладиган ерлар ҳисобидан 52 минг гектарга оширилган.
Яъни бир миллион 400 минг оилага турар жой манзилларини қуриш учун ер тақсимланиб берилган бўлиб, ўртача ҳисобда мамлакатнинг 7 миллион нафардан зиёд аҳолиси турар жой манзилига бўлган шароитини яхшилади.
Бу мақсад учун мустақилликкача бўлган 70 йил мобайнида ҳаммаси бўлиб 77 минг гектар ер тақсимлаб берилганди.
Биз аҳоли сони ошиб бориши билан халқнинг озиқ-овқат маҳсулотларига талабини таъминлаш учун янги ерларни ўзлаштириш ишларини кенгайтириб, экин майдонларини оширишимиз, яъни қишлоқ хўжалиги оборотидан ташқарида қолган ерлар майдонини қайта тиклашимиз керак.
Асосий мақсади сув захираларини замонавий бошқаришга ўтиш ва мамлакатда сув муаммосини ҳал этиш учун янги сармояларни жалб этишдан иборат бўлган «2016-2025 йиллар учун Тожикистон Республикаси сув соҳаси ислоҳоти дастури»нинг қабул қилиниши ўз вақтидаги ташаббус бўлиб, аҳолини сифатли ичимлик суви билан таъминлаш алоҳида эътиборни талаб қилувчи асосий масалалардан биридир.
Зеро, сув ҳаёт сарчашмаси ва инсон саломатлиги асосий манбаси ҳисобланади.
Тожикистон катта сув захираларига эга бўлишига қарамасдан, мамлакат қишлоқ жойлари аҳолисини сифатли ичимлик суви билан таъминлаш масаласи жиддий яхшиланишни талаб этади.
Тожикистон Ҳукумати тараққиёт шериклари билан ҳамкорликда 2,4 миллиард сомоний ҳажмида аҳолини сув билан таъминлаш йўналишида 17та давлат сармоявий лойиҳаси татбиқини бошлаган бўлиб, шундан 50 фоизи бугунги кунгача амалга оширилди.
Қишлоқ хўжалиги ва ерларни суғориш йўналишида 5,4 миллиард сомонийлик умумий маблағга 35та лойиҳа татбиқ этилмоқда.
Аммо таҳлилларнинг кўрсатишича, 80 фоиздан зиёд маблағ шаҳру ноҳиялар марказлари сув етказиш тармоқларини ривожлантириш учун йўналтирилади.
Бу масалани ҳал этишга қишлоқларда ҳам кўпроқ эътибор қаратилиши зарур, зеро, аҳолининг 73 фоиздан зиёди у ерларда яшайди.
Биз иқлим ўзгаришининг сув захираларини устувор бошқаришга эришиш йўналишида ишлар ҳолатига кун сайин ошиб бораётган оқибатлари таъсирини ҳамиша назарда тутишимиз керак.
Иқлимнинг глобал ўзгариши тоза ичимлик суви захиралари ҳажми ва унинг сифатига манфий таъсир кўрсатиб, дунёнинг турли мамлакатлари ва минтақаларини ташвишли экологик ҳолатга дучор этиши барчага маълум.
Шунинг бараварида, минтақамиз ва умуман, глобал даражада аҳоли сонинининг ошиши оқибатида сув захираларига талабот тез суръатда ошади.
Бу икки омил олдимизга бир қатор янги вазифаларни қўяди.
Бу борада Тожикистон давлатининг сув соҳасидаги давлат сиёсати, айни пайтда, Марказий Осиё минтақасининг ҳам ижтимоий-иқтисодий муҳим масалаларига қаратилганини таъкидлайман.
Биз ичимлик суви улкан захирамизни минтақа манфаати учун ҳам сарфлашга тайёрмиз.
Ўз ичига 17 миллиард метр кубни қамраб олган баланд тоғли Сарез кўли нодир захираларидан оқилона фойдаланиш минтақамиз аҳолисини сифатли ичимлик суви билан узоқ муддат ва устувор таъминлаш имконини беришини такроран таъкидлайман.
Сув учун амалиёт ўн йиллигини амалга оширишга доир чора-тадбирлар режаси доирасида бу ўн йилликнинг ҳар бир йили сув билан боғлиқ муаммоларни ҳар томонлама кўриб чиқиш ва ҳал этишга бағишланиши қарорига келинди.
Жумладан, давлат мустақиллигининг 30 йиллиги муносабати билан яратувчанлигу ободончилик ишлари режасига биноан, ижтимоий иншоотлар қурилиши, таъмирланиши ва қайта тикланиши бараварида, шунингдек, аҳоли яшаш минтақалари, хусусан, қишлоқларда аҳолини сифатли ичимлик суви билан таъминлаш муаммоси ҳал этилиши керак.
2018 йилнинг Сайёҳлик ва халқ ҳунармандчилигини ривожлантириш йили, деб эълон қилиниши халқ ижтимоий-иқтисодий ҳаётида зикр этилган йўналишлар аҳамиятини англашга жиддий туртки бериб, 2018 йили Тожикистонга ташриф буюрган сайёҳлар сони 2017 йилга нисбатан икки ярим баравар ошди, бироқ кўзда тутилган мақсадларга эришиш учун бир йил вақт етарли эмас.
Шунинг бараварида, жорий йилда «2030 йилгача давр учун Сайёҳликни ривожлантириш стратегияси» қабул қилинди ва Тожикистоннинг сайёҳлик имкониятлари имкон қадар унда кўрсатиб ўтилди, лекин соҳа инфратузилмаси тараққиёти учун мамлакатнинг барча минтақаларида қўшимча тадбирлар қабул қилиниши керак.
Зикр этилган масалалар ҳал этилишини тезлаштириш ва қишлоқлар инфратузилмасини ривожлантириш заруратини ҳисобга олган ҳолда, 2019-2021 йиллар - Қишлоқлар, сайёҳлик ва халқ ҳунармандчилигини ривожлантириш йиллари, деб эълон қилинишини тавсия этаман.
Бу таклифдан асосий мақсад, мамлакат Ҳукуматининг Тожикистонни янада обод қилиш, энг аввало, маориф ва соғлиқни сақлаш инфратузилмасини яхшилаш, иш ўринлари таъсис этиш, қишлоқ аҳолисини сифатли ичимлик суви билан таъминлаш, маҳаллий йўллар қурилиши ва қайта тикланиши, сайёҳлик инфратузилмаларини ривожлантириш ва халқ ҳунармандчилиги тараққиёти, хизмат кўрсатиш даражасини бугунги кун талабларига мувофиқлаштириш, ҳар бир қишлоқ ва аҳоли яшаш нуқталарида халқ яшаш шароитини яхшилаш орқали аҳоли ижтимоий масалаларини ҳал этиш йўлидаги ҳаракатларини амалга оширишдан иборат.
Мамлакат Ҳукумати ушбу йўналишда айтиб ўтилган мақсадга эришиш ва шу билан бирга, сайёҳлик нодир мавзеларини танитиш, табиий захиралар, ҳайвоноту ўсимликлар ҳамда тарихий, маданий меросларни ҳимоялаш, ривожлантириш ва улардан оқилона фойдаланиш, экологик, табобат, спорт, ов ва алпинизм сайёҳлиги учун шароит яратиш йўлида қўшимча тадбирлар қабул қилиши зарур.
Вилоятлар ва шаҳру ноҳиялар раислари ободончилигу бунёдкорлик ишларини кенгайтириш, қишлоқлар инфратузилмаси, сайёҳлик ва халқ ҳунармандчилигини ривожлантириш ҳамда шу мақсадда маҳаллий ва хорижий сармояларни жалб этишда бевосита масъулиятга эга бўлишиб, халқни иш жойи билан таъминлаш ва касбу ҳунар эгасига айлантириш ҳам уларнинг биринчи даражали вазифаси саналишини таъкидлайман.
Тожикистоннинг шарафли халқи, жумладан, тадбиркорлару тижоратчилар ва бошқа хайрихоҳу ҳимматли шахсларга яратувчанлик ташаббуслари учун эҳтирому самимият ва миннатдорчилик билдирган ҳолда, бир нуқтани таъкидлашни истайман.
Ватан бунёдкорлик жараёнига ҳар бир ор-номусли киши ўз ҳиссасини қўшиши керак.
Жамиятнинг ҳар бир аъзоси ўз рўзғорини юритиш учун касбу ҳунар эгаси бўлиши керак.
Биз касбу ҳунар, ўз нияту режаси ва қобилияту истеъдодини амалга оширишни истаган ҳар бир шахс, яъни фуқароларнинг ўз мақсадларини татбиқ этишлари учун қулай шароит яратамиз.
Мустақиллик, озодлик, ватандорлик шукронаси сифатида амалга оширган ҳар бир эзгу амални ўзимиз, фарзандларимиз, келгуси авлодларимиз, азизу севимли Ватанимиз – Тожикистон учун қиламиз. Зеро, бу Ватан ва бу давлат ўзимизники, уни сизу биздан бошқа ҳеч ким обод қилмайди.
Ҳурматли Милий мажлис аъзолари ва Намояндалар мажлиси вакиллари!
Азиз ватандошлар!
Мамлакат илмий иқтидорини мустаҳкамлаш, ишлаб чиқаришда ихтироларни жорий этиш, таълим муассасалари моддий-техник асосларини устувор қилиш, таҳсил барча зиналарида таълим сифатини юксалтириш, ёш истеъдодларни замонавий технологияларни ўрганиш ҳамда ижодий ва техник ишларга янада кенгроқ жалб этиш илму маориф соҳаларининг энг муҳим вазифаларидан саналади.
Шу сабабли, илму маориф соҳаларига биринчи даражали эътибор бериб, таҳсилнинг барча зиналарида ислоҳотни бир маромда давом эттирамиз ва мавжуд мушкулликларни босқичма-босқич бартараф этамиз.
Биз, энг аввало, мактабгача таълим босқичи тараққиётига жиддий эътибор бериб, мактабгача таълим муассасалари сонини бир неча баравар оширишимиз ва болалар интелектуал қобилиятини ривожлантириш учун қулай шароит яратишимиз керак.
Давлат дастурлари ва аҳоли иштироки доирасида олдинда турган уч йилда 1050тадан зиёд мактабгача ва умумтаълим муассасалари бунёд этилади. Шундан кўп қисми мамлакат қишлоқ жойларида қурилиши назарда тутилган.
Шунга қарамасдан, мамлакат Ҳукумати, Маориф ва илм вазирлиги, вилоят ва шаҳру ноҳиялар раисларига таълим муассасалари, жумладан, мактабгача таълим муассасаларини ривожлантириш ҳамда 2021 йилгача болаларнинг мактабгача таълим босқичлари билан қамраб олинишини 30 фоизга етказиш топшириғи берилади.
Фақатгина 2018 йили мамлакатда барча манбалар ҳисобидан 73 мингдан зиёд ўринга эга бўлган 151та умумий таълим муассасалари қурилиб, фойдаланишга топширилди ва бу жараён келгусида ҳам давом эттирилади.
Биз таҳсил барча босқичлари тизими ислоҳотини бундан кейин ҳам, давом эттириб, таълимнинг фаол усулини жорий қиламиз ва таълим даражаси-ю сифатига биринчи даражали эътибор берамиз.
Шу билан боғлиқ ҳолда, Маориф ва илм вазирлиги, Маориф соҳасида назорат хизмати вилоят, шаҳру ноҳиялар раислари ва бошқа жамоатчилик бирлашмалари билан ҳамкорликда таҳсилнинг барча босқичларида билим даражаси-ю сифатини юксалтириш йўлида назоратни кучайтиришга вазифадор этиладилар.
Шу билан бирга, Маориф ва илм вазирлиги Иқтисодий тараққиёт ва савдо вазирлиги, бошқа тегишли тузилмалар ҳамда органлар билан биргаликда 2020 йилгача ўқитувчи кадрлар етишмаслиги масаласини тўлиқ ҳал этишсин.
Маориф соҳасида иккита асосий муаммо мавжуд. Биринчиси, малакали ўқитувчи кадрлар етишмаслиги ва иккинчиси, мамлакат барча таълим муассасаларида таълим даражаси-ю сифатини юксалтириш.
Биз устозлару ўқитувчилар заҳматини ҳамиша юқори баҳолаймиз ва бу соҳада муносиб хизмат қилган шахсларга ғамхўрлик кўрсатишни давом эттирамиз.
Лекин жамият илгарилаши, илму техника ва технология тараққиёти улар ҳам ўз касбий маҳоратларини юксалтириш учун мунтазам ҳаракат қилишларини тақозо этади.
Агар ўқитувчи юқори касбий малакага эга бўлмаса, биз ҳеч қачон ва ҳеч бир йўл билан таълиму тарбия даражасини яхшилай олмаймиз.
Шунинг учун, Маориф ва илм вазирлиги ўқитувчилар малака ошириш курслари фаолиятини янада мустаҳкамлаши зарур.
Шунга қўшимча тарзда, устозлару ўқитувчилар ва маориф соҳаси барча ходимлари, вазирлик аппарати ва унинг маҳаллий тузилмаларидан то таълим муассасаларигача, мулки шаклидан қатъий назар, мамлакат барча минтақаларида ҳар уч йилда бир марта аттестациядан ўтказилсинлар.
2003 йилдаёқ мамлакат Президентининг таълимни такомиллаштириш ҳамда рус ва инглиз тилларини ўрганиш тўғрисидаги фармони қабул қилинган эди. Таҳлилларнинг кўрсатишича, бу масаладаги натижалар унчалик қониқарли эмас. Агар башариятнинг ривожланган жамияти билан бирга қадам ташлашни истасак, бу масалага жиддий эътибор беришимиз керак.
Шу туфайли, мамлакат Ҳукумати, Маориф ва илм, Иқтисодий тараққиёт ва савдо вазирликлари, Фанлар академиясига 2019 йилнинг биринчи ярмида 2030 йилгача давр учун рус ва инглиз тиллари таълимини такомиллаштиришнинг янги дастурини тайёрлаш ва тавсия этиш топшириғи берилади.
Биз бу ишни бошқа мақсад учун эмас, балки ўзимиз, яъни мамлакат ўсмир ва ёшлари маърифати даражасини юксалтириш ҳамда дунёқарашларини кенгайтириш учун қилишимизни яна бир марта эслатаман.
Биз жамият саломатлиги ва аҳоли ижтимоий ҳимоясига ҳам алоҳида диққат бериб, тиббий муассасалар инфратузилмаси ва аҳоли ижтимоий ҳимоясини мунтазам кенгайтириб, мустаҳкамлаб бормоқдамиз.
Ҳозир мамлакатнинг 19та шаҳру ноҳиясида «2017-2019 йиллар учун Тожикистон Республикаси тажриба ноҳияларида аҳолини тиббий-санитария ёрдами билан таъминлашга оид давлат кафолат дастури» амалга оширилаётган бўлиб, бу тажриба босқичма-босқич бутун мамлакатни қамраб олади.
Бунга қўшимча равишда, олдинда турган уч йил давомида мамлакатда 560дан зиёд касалхона, саломатлик марказлари ва соғлиқни сақлаш соҳасининг бошқа иншоотлари бунёд этилади.
Илгарилашларга қарамасдан, ҳали ҳам баъзи камчиликлар, жумладан, бюджет ҳисобидан молиялаштириладиган биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш масаласида камчиликлар кўзга ташланади.
Мамлакат аҳолисининг Президент Ижроия аппаратига арзу шикоятларидан маълум бўлишича, баъзи тиббий муассасаларда биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш чоғида бемор ва эҳтиёжманд киши яқинларидан пул ҳамда дори-дармон воситалари талаб қилинади, бу эса қонунга хилофдир.
Доимий таъкидларга қарамасдан, ҳалигача тузатилмаётган масалалардан бири бу, дўхтирлар хизмат кўрсатиши ва муомаласи даражаси ҳамда сифатининг паст эканлиги бўлиб, Соғлиқни сақлаш ва аҳолини ижтимоий ҳимоялаш вазирлиги раҳбарлари бу йўналишда таъсирли тадбирлар қабул қилишсин.
Жорий йилда қонунчиликка сифатсиз ё ишлатиш муддати ўтган дори-дармон воситаларини Тожикистон Республикаси ҳудудига ноқонуний киритиш ёки уларни мамлакат ҳудудида ишлаб чиқариш, чунончи, тиббий фаолият натижасида мурожаат қилувчи шахсларга юқумли касалликларни юқтирганлик учун маъмурий ва жиноий жавобгарликни кучайтириш мақсадида ўзгартиш киритилди.
Бош прокуратура, Соғлиқни сақлаш ва аҳолини ижтимоий ҳимоялаш вазирлиги ҳамда бошқа тегишли органлар қонун талаби ижросини таъминлаб, бундай қонунбузарликлар содир этилиши йўлига устувор тўсиқ қўйишлари зарур.
Ҳозир мамлакатда 149 минг нафар ногирон киши, жумладан, 15 минг нафар биринчи гуруҳ ногирони, қарийб 27 минг нафар то 18 ёшгача бўлган ногиронлар ва 71 минг нафар етимлар яшайди.
Ҳар ойда давлат бюджетидан фақат етимлар учун тўланадиган умумий маблағ 12 миллион сомонийдан зиёдни ташкил қилади.
Биз келгусида ҳам ижтимоий масалаларни ҳал этиш, жумладан, аҳолининг заиф қатлами, биринчи навбатда, етимлару ногиронлар, қаровчисиз қолган, эҳтиёжманд шахслар, нафақахўр ва фахрийларга ғамхўрлик қилишни энг муҳим вазифаларимиздан санаймиз.
Биз мустақиллик даврида маданият соҳаси тараққиётига халқ маънавий сиймосини акс эттирувчи, зеҳний кучларни бирлаштирувчи, ўтмишдаги ва бугунги тарих, урф-одатлару анъаналар, бошқа миллий қадриятларни баён этувчи ва ҳамида одобу ахлоқни шакллантирувчи восита сифатида доимий эътибор қаратамиз.
Зикр этиш жоизки, хусусан, сўнгги йилларда давлат тили, миллий урф-одату қадриятлар ва либосларни ҳимоялашга эътибор ошиб бормоқда.
Давлат мустақиллиги даврида асрлар давомида халқ маънавий ягоналигини ҳимоялаб келган Наврўз, Меҳргон, Сада, Шашмақом, Фалак, атласу адрас, чакан ва бошқа миллий урф-одатлару байрамлар ва маданий қадриятлар қайта тикланди.
Мамлакат Ҳукуматининг изчил ҳаракатлари билан улардан бир қисми, жумладан, Шашмақом ва Наврўз ЮНЕСКО номоддий мерослари рўйхати ҳамда қадимий Саразм шаҳри, Тожикистон Миллий парки зикр этилган ташкилотнинг моддий мерослари рўйхатига киритилди ҳамда келгуси йили Фалак мусиқаси, Ҳулбук тарихий ёдгорлиги ва Меҳргону Сада байрамлари ҳам бу нуфузли халқаро ташкилотга таклиф этилади.
Бир мунча илгари ЮНЕСКО Бош Ассамблеяси қарори билан халқимиз ҳунарларининг яна бир энг яхши намуналаридан – чакан инсоният номоддий маданий мерослари рўйхатига киритилди.
Жаҳон ҳамжамияти томонидан тарихий ва маданий меросимизнинг эътироф этилиши, айни бир пайтда, тожикларнинг маърифатпарвар ва маданиятпарвар миллат сифатида эътироф этилишидир.
Биз 2020 йили мамлакатимиз кўҳна ёдгорликларидан бири – қадимий Саразм шаҳрининг байрамини ўтказишга қарор қилдик.
Бу тадбир дунё аҳлини ўзимизнинг жаҳон илмий доиралари томонидан эътироф этилган 5500 йилдан зиёд маданиятимиз билан муносиб таништиришимизга имкон беради.
Биз ўз тарихий ёдгорликларимизни ҳимоялашимиз, обод этишимиз ва уларга қадимий миллатимиз тақдирининг таркибий қисми сифатида муносабатда бўлишимиз зарур.
Бу бизнинг тарих ва келгуси авлод олдидаги қарзимиз саналади.
Ҳурматли вакиллар!
Биз бундан кейин ҳам, жамиятда аёллар мақомини юксалтириб, давлат ижтимоий сиёсати татбиқида улар мавқеини қўллаб-қувватлаймиз.
Мустақиллик даврида бу йўналишда бир қатор давлат стратегия ва дастурлари амалга оширилиб, хотин-қизлар фаолияти учун кенг имкониятлар яратилди.
Мисол учун иккита ижтимоий соҳа – маориф ва соғлиқни сақлаш соҳаларини оладиган бўлсак, сўнгги йилларда бу тузилмаларда хотин-қизлар сони сезиларли равишда ошган.
Статистик маълумотга кўра, 1991 йили мамлакат маориф соҳасида 95 минг нафар ходимдан 52 фоизини хотин-қизлар ташкил этишарди.
2018 йилда бу кўрсаткич 70 фоизга етган.
Соғлиқни сақлаш соҳасида 1998 йили 45 минг нафар ходимдан 25 минг нафарини хотин-қизлар ташкил қиларди.
Бу кўрсаткич жорий йилда 80 минг нафарни ташкил этувчи соҳа ходимлари умумий сонидан 51 минг нафарга етиб, аввалги йилларга нисбатан анча кўпдир.
Бугун давлат хизматчилари сафида аёллар сони ошган бўлиб, 2018 йили раҳбарлик мансабларида 19 фоиз, марказий органлар ва уларга тобе тузилмалар давлат хизматчилари ҳайъатида 25 фоизини хотин-қизлар ташкил этишади.
Биз хотин-қизлар азму иродаси ва масъулиятларига жамиятнинг катта кучи сифатида тўлиқ ишонамиз.
Шунинг бараварида, аёл - она, яъни инсонни дунёга келтирувчи ва унга ҳаёт бағишловчи ягона хилқат эканлигини биламиз.
Шу сабабли, инсониятни яратувчи бу шахсларни эҳтиром этиш, унинг ранжу машаққати ва заҳмату хизматларини қадрлашга масъулдирмиз.
Шу билан бирга, мамлакат оналари ва аёлларини «Тожикистон Республикасида анъана, тантана ва миллий маросимларни тартибга солиш тўғрисида» ва «Фарзандлар таълим ва тарбиясида ота-оналар масъулияти тўғрисида»ги миллий қонунларимиз риоясида янада фаол бўлиш, фарзандларни мустақил ҳаётга тайёрлаш, уларни ҳаётнинг тўғри йўлига ҳидоят этиш, қадимий миллатимизнинг энг яхши хислатларидан бўлган тежамкорлигу саранжом-саришталикка риоя этиш, халқ ҳунармандчилиги тикланишида ҳамиша етакчи бўлиш, миллий урф-одатлар, анъаналару суннатлар ва маданиятни ҳимоя қилишга чақирамиз.
Аёллару оналаримиз, энг муҳими, биз она тили, деб атаётган тожик тилини тоза сақлашга ҳаракат қилиб, келгуси авлодга муошират ва сўзлашиш одобини ушбу ширин ва шоирона тилда ўргатишлари керак.
Азиз ота-оналарга яна бир марта мурожаат қилиб, фарзандлар таълим ва тарбиясига биринчи даражали аҳамият беришларини сўрайман.
Ёшлар азиз Тожикистоннинг ифтихор ва фахрланиши боисидир.
Биз ёшларга ишонамиз, уларнинг давлату Ҳукумат олиб бораётган сиёсатини самимий қўллаб-қувватлашларини қадрлаймиз ва мамлакат ҳаёти барча соҳаларида уларнинг арзирли ролини ҳис қиламиз.
Мен мамлакат ёшларига давлату Ҳукумат сиёсатини қўллаб-қувватлаётганликлари ва содиқона хизматлари учун самимий миннатдорчилик билдираман.
Бугун ҳарбий хизматчилар ва ҳуқуқ муҳофазаси органларининг асосий қисмини ёшлар ташкил этишади.
Асрнинг азим иншооти – «Роғун» гидроэлектростанциясининг 23 минг нафар бунёдкорларидан қирқ фоизи ўттиз ёшгача бўлган ёшлардир.
Тожикистон Ҳукумати ёшларга спортни оммавийлаштириш, соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш ва касбий спортчиларни тайёрлаш учун барча имкониятлардан фойдаланади.
Фақатгина 2017 йили мамлакат шаҳру ноҳияларида 175 миллион сомонийлик маблағга 300та спорт соҳаси иншооти қурилиб, фойдаланишга топширилди.
Бу йил ушбу бунёдкорлик жараёни янгича куч пайдо қилиб, 230та янги қурилган спорт иншооти фойдаланишга топширилди.
Сўнгги ўн йилда, яъни 2008-2018 йилларда фойдаланишга топширилган спорт иншоотларининг умумий сони 9300тадан зиёддир.
Ёшларимизнинг юксак миллий туйғулари, ўзликни танишу англашлари, ватансеварлигу ватанпарварликлари, Ватан, миллат ва аждодлар заминига садоқати жамият хавфсизлиги-ю осойишталиги, давлат тараққиёти ҳамда мустақил Тожикистоннинг бугунги ва эртанги ободончилиги кафолати ҳисобланади.
Дунёдаги ҳодисаларга бой бугунги шароитда ёшларимиз ўтган асрнинг 90-йилларидаги каби диний экстремистик кучлар ва тожик миллатига ёмонликни истовчиларнинг тарғиботларига алданмасликлари, ҳамиша зийрагу ҳушёр бўлишлари, тожик халқи ва тожиклар давлати манфаатлари ҳимояси учун тайёр бўлишлари жуда муҳимдир.
Қадрли иштирокчилар!
Жамиятнинг бундан кейинги тараққиёти жамият муносабатларини ҳар томонлама тартибга солиш мақсадида, амалдаги қонунлар мунтазам такомиллаштириб борилишини тақозо этади.
Ҳуқуқий тартибга солишнинг бундай тарзи ижроия ҳокимият органлари ўз фаолиятини, асосан, давлат бошқарувига йўналтиришларига имкон беради.
Шу сабабли, ҳуқуқ яратувчи субъектлар, жумладан, парламент вакиллари амалдаги қонунлар сифати ва уларнинг мамлакат иқтисодий-ижтимоий тараққиётига мувофиқ эканлигини мунтазам таҳлил қилиб, кун талабларига мос ҳуқуқий-меъёрий ҳужжатлар лойиҳасини ишлаб чиқишлари зарур.
Барчага маълумки, аҳоли ҳуқуқий маърифати даражасини юксалтириш, ҳуқуқий давлат, фуқаролик жамиятини бунёд этиш ва қонун устуворлигини таъминлашнинг асосий омили саналади.
2009-2019 йиллар учун фуқаролар ҳуқуқий таълим ва тарбияси дастури муҳлати охирига етганлиги сабабли, олдинда турган ўн йил учун янги дастур ишлаб чиқилиши ва қабул қилинишини зарур ҳисоблайман.
Жамиятнинг бундан кейинги тараққиёти ва олдинда турган мақсаду вазифаларни амалга ошириш адолатли суднинг ҳар томонлама кафолатини талаб қилади.
Суд ва ҳуқуқий ислоҳот янги дастури ишлаб чиқилиши, унинг доирасида суд органлари тизими ва фаолияти такомиллаштирилиши, жиноий ишларнинг сифатли ва ўз вақтида кўриб чиқилиши ҳамда суд органлари қабул қилган ҳужжатлар ижроси йўлида аниқ чоралар қабул қилиниши зарур.
Шу мақсадда, Конституцион суд, Олий суд, Олий иқтисодий суд, Адлия вазирлиги ва Ижро хизмати қисқа муддатларда 2019-2021 йиллар учун суд ва ҳуқуқий ислоҳот янги дастурини ишлаб чиқиб, тавсия этишсин.
Аввалги Паёмларим ва бошқа чиқишларимда бугун дунёда терроризм ва экстремизм хатари ошиб бораётганига доир фикру андишаларимни изҳор қилган эдим.
Бу халқаро хатар ва таҳдидлар шиддати, афсуски, бугун ҳам пасайгани йўқ.
Ҳуқуқ муҳофазаси органлари томонидан охирги вақтларда чегара минтақалари ва Тожикистон ичкарисида террорчилик ҳужумларни амалга оширишни режалаштирган жиноий гуруҳларнинг қўлга олиниши бу гапларнинг ёрқин далилидир.
Шунинг учун, ҳуқуқ муҳофазаси органлари ва қудратли тузилмалар сиёсий ҳушёрлигу зийраклик ва касбий билиму малакаларини юксалтириш, чунончи, замонавий шаклу усуллардан фойдаланган ҳолда, терроризм ва экстремизм, уюшган трансмиллий жиноятчилик кўринишлари, наркотик моддалар контрабандаси ва ноқонуний муомаласи, бошқа қонунбузарликларга қарши курашни кучайтиришлари зарур.
Бу жараёнда, асосий диққат терроризму экстремизм, мамлакат фуқароларининг террористик ва экстремистик ташкилотлару ҳаракатлар сафига киришлари олдини олиш ҳамда гумроҳ бўлган шахсларни Ватанга қайтаришга йўналтирилиши керак.
Шу сабабли, Бош прокуратура, Ички ишлар вазирлиги ва Миллий хавфсизлик давлат комитетига Адлия вазирлиги билан ҳамкорликда экстремизмнинг олдини олиш ҳуқуқий заминаларини такомиллаштириш ва бу ҳодисаларга қаршилик кўрсатишнинг замонавий тарзу усулларини ишлаб чиқиш йўлида уч ой муддатда Тожикистон Республикасининг «Экстремизмга қарши кураш тўғрисида»ги қонуни лойиҳасини ишлаб чиқиш ҳамда мамлакат Ҳукуматига тавсия этиш топшириғи берилади.
Тажрибаларнинг кўрсатишича, терроризмни молиялаштириш манбаларини бартараф этиш бу даҳшатли жиноятга қарши кураш йўлида илгарилашнинг муҳим омили ҳисобланади.
Шунинг учун, Наркотикларни назорат қилиш агентлиги, Миллий хавфсизлик давлат комитети Чегара қўшинлари Бош бошқармаси, Ички ишлар вазирлиги ва бошқа тегишли тузилмалару органлар наркотик моддалар ноқонуний муомаласига қарши кураш йўналишида қўшимча тадбирлар қабул қилишга вазифадордирлар.
Коррупцион амаллар билан қатъий курашни йўлга қўйиш жамиятда ўзаро тушуниш муҳитини яратиш ҳамда халқнинг давлат тузилмалари ва органларига ишончи ошишининг муҳим шарти ҳисобланади.
Шунинг учун, Давлат молиявий назорати ва коррупцияга қарши кураш агентлиги, Ҳисоб палатаси, Бош прокуратура ва соҳанинг бошқа ваколатли субъектлари аҳоли билан ҳамкорликни яхшироқ йўлга қўйиб, коррупцион амаллар йўлига устувор тўсиқ қўйиш учун таъсирли тадбирлар қабул қилишсин.
Шунингдек, Адлия вазирлиги билан биргаликда 2005 йили қабул қилинган Тожикистон Республикасининг «Коррупцияга қарши кураш тўғрисида»ги қонуни лойиҳасини бугунги шароитга мувофиқ янги таҳрирда ишлаб чиқиб, тавсия қилишсин.
Мамлакат аҳолисининг Президент Ижроия аппаратига мурожаатларининг кўрсатишича, баъзи давлат ҳокимияти маҳаллий органларининг бу йўналишдаги фаолияти тегишли тарзда йўлга қўйилмаган ва мансабдор шахслар ўз ваколатини қонун талаблари асосида амалга оширмайди.
Шу туфайли, Бош прокуратура вазирликлару идоралар, вилоят ва шаҳру ноҳиялар раҳбарлари билан биргаликда мансабдор шахслар ва давлат бошқа хизматчилари томонидан Тожикистон Республикасининг «Жисмоний ва ҳуқуқий шахслар мурожаатлари тўғрисида»ги қонуни қатъий риоясини таъминлаб, ҳар ярим йилда Тожикистон Республикаси Президенти Ижроия аппаратига ҳисобот тавсия этиши зарур.
Давлат ва жамиятнинг устувор тараққиёти, энг аввало, хавфсизлик, қонун устуворлигини таъминлаш, жамият тартиботини мустаҳкамлаш ва фуқаролар ҳуқуқу эркинликлари риоясига асосланишини яна бир марта таъкидлашни зарур ҳисоблайман.
Ҳуқуқий тартибот, давлат хавфсизлиги, жамият барқарорлиги-ю осойишталигини таъминлаш, инсон ҳуқуқу эркинликлари ҳимояси ва жиноятчиликка қарши курашиш ҳуқуқ муҳофазаси органлари ҳар бир ходимининг бевосита хизмат вазифаси ва виждоний қарзи ҳисобланади.
Шу сабабли, суд, прокуратура, ички ишлар, хавфсизлик органлари, наркотикларни назорат қилиш, давлат молиявий назорати ва коррупцияга қарши кураш агентликлари барча ходимлари жамият тартиботи, барқарорлиги ва осойишталигини таъминлаш, жиноятлар олдини олиш ва уларни ўз вақтида ошкор этиш, улар содир этилиши сабабу омилларини аниқлаш ва бартараф этиш мақсадида жиддий чоралар қабул қилишсин.
Бу мақсадларга эришиш учун ҳуқуқ муҳофазаси органлари ходимлари, энг аввало, ўзлари ишу фаолиятларида қонун талабларига қатъий риоя этишсин ҳамда хизмат вазифалари ижросида намуна бўлишсин.
Дунё ва минтақадаги бугунги вазият мамлакат Қуролли кучлари, хусусан, Чегара қўшинлари қисм ва бўлинмалари ҳамиша тайёр ҳолатда туришини тақозо этади.
Биз мамлакатимиз Қуролли кучларига ишонамиз ҳамда улар бундан кейин ҳам севимли Тожикистонимизнинг мустақиллиги ва озодлиги, давлат хавфсизлиги ва халқимиз барқарорлиги-ю тинчлигини қалқон каби ҳимоя қилишларидан кўнглимиз тўқ.
Сайёрамиздаги вазият олдинда турган икки-уч йилда янада мураккаблашишини таъкидлайман. Шунинг учун, барча ҳарбий тузилмалар раҳбарлари, ҳарбий хизматчилар касбий тайёргарлик даражасини юксалтириш, халқу Ватанга садоқат, кадрлар тарбияси, қўлланмалар ва низомномалар, ҳарбий интизомга, албатта, риоя этиш, давлату жамият хавфсизлиги ва ҳуқуқий тартиботни таъминлашга доимий эътибор беришсин.
Давлат чегараси терроризм, уюшган трансмиллий жиноятлар ва наркотик моддалар контрабандасига қарши курашнинг биринчи тўсиғи ҳисобланади.
Шу асосда, чегара ҳимояси фақат чегарачилар вазифаси эмаслигини яна бир марта эслатишни истайман.
Ҳар бир ватанпарвар киши Ватан чегараси ҳимояси, давлат хавфсизлиги ва жамият тинчлигу барқарорлигини таъминлашда ҳуқуқ муҳофазаси ҳамда қудратли тузилмалар билан ҳамкорлик қилиши керак.
Мамлакат Ҳукумати Қуролли кучлар, жумладан, Чегара қўшинларига хизмат учун қулай шароит яратиш йўлида барча зарурий чораларни қабул қилмоқда.
Охирги беш йил мобайнида, Чегара қўшинлари қисм ва бўлинмалари учун 170та янги иншоот қурилди.
Фақатгина Афғонистон билан узунлиги 1400 километрни ташкил қилувчи давлат чегара чизиғида 100дан ортиқ чегарани ҳимоялаш иншооти фаолият бошлади.
Қўшни давлат – Афғонистоннинг барқарорлиги ва тинчлиги биз учун сув ва ҳаводек зарур бўлиб, Тожикистон мустақилликнинг илк кунлариданоқ ушбу дўст мамлакатда устувор тинчлик қайта тикланишига ҳаракат қилиб келмоқда.
Бундан ташқари, кўп йиллар мобайнида, Тожикистон қалқон сифатида, нафақат, ўз хавфсизлиги, балки минтақа, собиқ Шўролар мамлакатлари ва Европа мамлакатларини наркотик моддалар, қурол-яроқлар, терроризму экстремизм ва ноқонуний муҳожират тарқалиши хавфсизлигини таъминлаб келмоқда.
Шу сабабли, биз ҳам халқаро минбарлар ва ҳам хорижий давлатлару халқаро ташкилотлар билан мулоқотлар доирасида уларни Афғонистон муаммосига жиддий эътибор қаратишга чақириб келмоқдамиз.
Биз дўст Афғонистон Ҳукумати ва жаҳон ҳамжамиятининг мамлакатда тинчлик музокараларини йўлга қўйиш, сиёсий ва ҳарбий вазиятни изга солиш ва унинг ижтимоий, иқтисодий тараққиётини таъминлаш йўлидаги ҳаракатларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаймиз ҳамда Афғонистон муаммосини фақатгина ҳарбий йўл билан ҳал этиб бўлмаслигини яна бир марта изҳор этамиз.
Уруш, низо ва қуролли қарама-қаршилик бегуноҳ одамларни ўлдириш, қашшоқлигу камбағаллик, бахтсизлик, иқтисодий касод ва қонунчилигу давлатчилик тизими парчаланиши боисидир.
Биз ўтган асрнинг 90-йилларида тожик миллатининг душманлари халқимиз бошига келтирган фуқаролик уруши даҳшатини ҳеч қачон унутмаймиз ва фуқароларимиз ҳалигача ўзларининг ғаразли мақсадларидан қайтмаган миллат душманлари ва ёмонликни истовчиларнинг ёлғонларига бошқа ишонмасликларини ишонч билан айта оламиз.
Биз ҳамиша дунё миқёсида тинчлик тарафдоримиз ҳамда қандай минтақа ё давлатда бўлмасин, барча қарама-қаршиликлар ва низолар фақатгина тинчлик ва музокаралар йўли билан ҳал этилишини истаймиз.
Ҳурматли иштирокчилар!
Миллий манфаатлар ҳимояси давлат мустақиллигининг аввалиданоқ дунёнинг барча мамлакатлари билан тенгҳуқуқлилик ва дўстона муносабатлар усули асосида белгиланган Тожикистон Республикаси ташқи сиёсатининг асосий мақсади сифатида сақланиб қолади.
Тожикистон Республикасининг ҳозир татбиқ этилаётган ташқи сиёсат концепцияси бу йўналишнинг мантиқий давоми бўлиб, дунё бугунги тараққиёт шароитда мамлакатимизнинг халқаро алоқаларини сифатан янги даражага кўтаришни таъминлайди.
Геосиёсий ва геоиқтисодий рақобатларнинг кучайиши, глобал таҳдиду хатарлар ошиб бораётган шароитда бугун дунёдаги ноустувор вазият халқаро муносабатларни мустаҳкамлаш ҳамда кенгайтириш аҳамиятини сезиларли равишда оширади.
Шунинг учун, биз яқину узоқ мамлакатлар, халқаро ва минтақавий ташкилотлар билан барча соҳалардаги ҳамкорликларни давом эттириб, уларни самарали амалга ошириш йўлида мунтазам ҳаракат қиламиз.
Шу билан боғлиқ ҳолда, биз Марказий Осиё минтақасида дўстлик алоқаларини мустаҳкамлаш ва кўп қиррали ҳамкорликларни ривожлантиришга биринчи даражали аҳамият берамиз.
Марказий Осиё мамлакатлари билан муносабатларни кенгайтириш ва мустаҳкамлаш анъанавий тарзда дўстлигу ўзаро ишонч, яхши қўшничилик ва фойдали ҳамкорликлар асосида йўлга қўйилган бўлиб, мақсаду вазифалар ижроси, шунингдек, мушкулликларни бирга бартараф этишга йўналтирилган.
Муҳтарам Мирзиёев Шавкат Миромоновичнинг Ўзбекистон Республикаси Президенти лавозимига сайланганидан кейин, минтақавий кўп қиррали шерикчиликни ривожлантириш жараёнида ижобий тенденциялар кенгайиб, унинг ғояси янги амалий мазмуну моҳият касб этаётганлиги қувонарлидир.
2018 йили бизга қўшни ва дўст мамлакат – Ўзбекистон билан икки томонлама муносабатларимизда тарихий ўзгаришлар рўй бериб, йигирма йилдан зиёд вақт мобайнида икки мамлакат ўртасида вужудга келган барча ҳалталаб ва шиддатли масалаларни тўлиқ ҳал этган ҳолда, ҳамкорликларимизни стратегик шерикчилик даражасига чиқарганимизни яна бир марта қониқиш билан эслатиб ўтаман.
Ташқи ишлар вазирлиги ва мамлакатнинг бошқа тегишли тузилмалари-ю органлари Тожикистоннинг минтақа давлатлари ва бошқа анъанавий шериклар билан бунёдкорлик ва узоқ муддатли ҳамкорликларини кенгайтириш йўлида мақсадли чора излашга вазифадор этиладилар.
Тожикистон Республикаси ташқи сиёсатида халқаро ва минтақавий, шунингдек, халқаро молиявий ташкилотлар ҳамкорлик тузилмалари доирасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш ҳамда кенгайтиришнинг ўзига хос ўрни бор.
Эслатиб ўтганимдек, жорий йилда бизнинг сув масалаларига доир тўртинчи халқаро ташаббусимиз – 2018-2028 йиллар - «Сув устувор тараққиёт учун» халқаро амалиёт ўн йиллиги татбиқи бошланган бўлиб, сув захираларига тааллуқли устувор тараққиёт мақсадларига эришиш учун барча даражаларда зарурий ва кенг асос яратади.
Атиги бир неча кун илгари, яъни 2018 йилнинг 20 декабрида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош ассамблеяси Тожикистон таклиф қилган 2018-2028 йиллар - «Сув устувор тараққиёт учун» халқаро амалиёт ўн йиллиги татбиқи жараёнини қамраб олувчи ўрта муддатли шарҳи» резолюциясини якдиллик ва ташкилотга аъзо 190та мамлакат ҳаммуаллифлигида қабул қилди.
Бу резолюция ўн йиллик ўрта муддат кўриб чиқилиши жараёнини тартибга солиб, иккита муҳим халқаро тадбир ўтказилишини назарда тутади:
Биринчиси, 2023 йилнинг 22-24 март кунлари Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг 2018-2028 - «Сув устувор тараққиёт учун» халқаро амалиёт ўн йиллиги татбиқи жараёнини қамраб олувчи ўрта муддатли шарҳига доир конференцияси ўтказилиши;
Ва иккинчиси, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 2021 йил март ойида сув захираларига тегишли мақсаду вазифалар татбиқига ҳисса қўшиш йўлида юқори даражадаги мажлиси.
Шу тарзда, бизнинг ташаббусимиз билан сув захиралари мавзуси Бирлашган Миллатлар Ташкилоти кун тартибида устувор бўлиб, сув соҳасида ташкилотнинг биринчи конференцияси ўтказилганидан қирқ йилдан зиёд вақт ўтгандан кейин, сув захиралари масаласида ташкилотнинг юқори даражадаги ва кенг қамровли тадбири биринчи марта унинг Бош котиби томонидан чақирилади.
Шунинг учун, глобал даражада сув билан боғлиқ масалалар ташаббусчи томони сифатида янги ўн йилликнинг бир маромда амалга татбиқ этилишини мунтазам кузатиб боришимиз зарур.
Азиз ватандошлар!
Сайёрамиздаги сиёсий вазият бугун жуда нотинчу беқарор ҳамда жаҳон ҳамжамиятининг жиддий ташвиши боисига айланган.
Аввалги чиқишларимда айтиб ўтганимдек, дунёни қайтадан тақсимлаш, тезлик билан қуролланиш, қудратга эришиш, иқтисодий ва ижтимоий манфаатлар тўқнашуви, кибержиноятчилик борган сайин кучайиб, дунёни совуқ урушнинг янги босқичига тортди ҳамда бугун баъзи сиёсатчилару экспертлар, ҳатто учинчи жаҳон уруши хатари ҳақида гапиришмоқда.
Бу вазият дунёнинг барча мамлакатлари ўзаро тушуниш ва биргаликдаги ҳаракатларини тақозо этувчи бугунги кун хатару таҳдидларига қарши кураш самарасини камайтириб, аксинча, террорчи ва экстремист гуруҳларнинг баъзи доиралар томонидан қўллаб-қувватланиши ҳамда бу даҳшатли кучлардан алоҳида минтақалару давлатларга қарши фойдаланиш боисига айланмоқда.
Тожикистон Республикаси Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ва унинг тегишли тузилмаларининг муҳим ва мувофиқлаштирувчи ролини эътироф этган ҳолда, Терроризмга қарши кураш ва унинг террорчиликка қарши конвенцияларига оид халқаро ташкилоти стратегияси, Хавфсизлик кенгаши ва Бош Ассамблеяси резолюцияларини терроризму экстремизмга қарши биргаликда курашиш асоси деб билиб, бу йўналишда келгусидаги ҳамкорликларни мустаҳкамлашга тайёрлигини изҳор этади.
Шу сабабли, Тожикистон ўз ҳаракатларини кенгайтирган ҳолда, бугунги кун хатару таҳдидларига қарши кураш йўналишида, аввалгидек, дунёнинг барча давлатлари, халқаро ва минтақавий ташкилотларнинг табиий шериги бўлиб қолади.
Азиз ватандошлар!
Ҳурматли Миллий мажлис аъзолари ва Намояндалар мажлиси вакиллари!
Сўнгги йилларда мамлакат иқтисодий ва ижтимоий тараққиёти-ю ютуқлари, давлат ва жамият ҳаёти, чунончи, баъзи бошқарув зиналари фаолиятидаги камчиликлару мушкулликлар бу ерда баён этилди ҳамда уларни бартараф этиш учун вазифалар ҳам белгиланди.
Фақат софдилона саъй-ҳаракатлар, халқу Ватан олдидаги масъулият ҳисси ва яратувчан ташаббуслар бизни олдимизга қўйган мақсадларимизга яқинлаштиришини таъкидлайман.
Шарафли, ватансевару ватанпарвар, мустаҳкам иродали ва заҳматкаш халқимиз ҳар қандай мушкулликни бартараф этиш ва эзгу амаллар ижросининг уддасидан чиқишлари, азиз Тожикистонимизни янада ободу кўркам ва тараққий этган давлатга айлантиришлари, Ватаннинг ҳар бир фуқароси муносиб ҳаёти учун қулай шароит яратишларига ишонаман.
2021 йили севимли Тожикистонимиз давлат мустақиллигининг 30 йиллик улуғ байрамини нишонлаймиз.
Биз бу муқаддас ва муборак миллий байрамни муносиб кутиб олиш учун кўпгина ободончилигу яратувчанлик ишларини режалаштирганмиз.
Мамлакатимиз келажаги учун ғоятда муҳим бўлган бу босқичда ҳар биримиз – Давлат бошлиғи, Ҳукумат аъзолари ва парламент вакилларидан тортиб, то давлат барча тузилмалари ва органлари раҳбарлари, вилоят, шаҳру ноҳиялар раислари, давлат хизматчиларигача бир муҳим масалани ҳамиша эсда тутишимиз керак.
Конституцияга биноан, халқ давлат ҳокимияти манбаси ҳисобланади, яъни ҳокимият халққа тааллуқлидир.
Шунинг учун, халқ бизга эмас, балки ҳар биримиз – давлат барча тузилма ва органлари раҳбарлари ҳамда барча давлат хизматчилари халққа содиқ хизмат қилишимиз керак.
Яъни янада кўпроқ заҳмат чекайлик, азиз халқимизга садоқату самимият ва пок виждон билан хизмат қилайлик, бунёдкорлик режаларимизни ўз вақтида ва юқори сифатда охирига етказайлик.
Биз ташаббускор бўлишимиз, ўзимизнинг барча саъй-ҳаракатларимиз, ғайрату шижоатимиз, билиму малака ва ташкилотчилик қобилиятимизни Тожикистоннинг шарафли халқи ва жамиятнинг ҳар бир ор-номусли аъзосини ободончилик ишларига сафарбар этишга йўналтиришимиз керак.
Биз мустақиллигу озодлик, ўз Ватанимиз борлигига шукрона қилишимиз, мустақил ва севимли Ватанимиз шукронасини жойига қўйишимиз, уни чин дилдан севишимиз, мустақил давлатимизга содиқ бўлишимиз, барча саъй-ҳаракатларимизни уни ривожлантириш ҳамда халқаро майдонда азиз Тожикистонимиз нуфузу эътиборини янада юксалтиришга йўналтиришимиз керак.
Сиз – Тожикистоннинг азизу шарафли халқи, мамлакат олий қонунчилик органи вакиллари, Ҳукумат аъзолари ва барча давлат хизматчиларига мурожаатим шудир!
Ҳар бирингиз – халқ вакиллари, ҳурматли иштирокчилар ва Тожикистоннинг барча шарафли халқига ҳаёт саодати ва ишингизда муваффақиятлар тилайман!
Ҳамиша соғ ва омадли бўлинг, азиз ватандошлар!
«Ховар» ТМАА.
Улуғ бобо! Боқий дунёга кетганингизга ҳам мана салкам беш аср бўлди… Сизнинг қуш уйқусидек қисқа, аммо машаққатларга лиммо-лим ҳаёт йўлингиз, тақдир синовларидан мардона ўтган саргашта умрингиз ҳамиша авлодлар қалбида яшаб келмоқда.
Таниқли ёзувчи, А.Рўдакий номидаги Тожикистон Давлат мукофоти лауреати Юсуф Акобировнинг ижодида «Балоғат» қиссаси алоҳида ўрин тутади. Унда ҳаёт мавзуси замондош тасвири, ёшларнинг интилиши, илк муҳаббат, инсон ва унинг тақдири ҳикоя қилинади.
Бемор чол уй бурчагида кўрпага ўралиб ётарди. У етмишдан ошган бўлса ҳам, бардам эди. Нима сабабдандир касал бўлиб, оёқдан қолди. Мана бир ойдан
Муфассал...2015
1-2015
2-2015
3-2015
4-2015
5-2015
6-2015
7-2015
8-2015
9-2015
10-2015
11-2015
12-2015
13-2015
14-2015
15-2015
16-2015
17-2015
18-2015
19-2015
20-2015
21-2015
22-2015
23-2015
24-2015
25-2015
26-2015
27-2015
28-2015
29-2015
30-2015
31-2015
32-2015
33-2015
34-2015
35-2015
36-2015
37-2015
38-2015
39-2015
40-2015
41-2015
42-2015
43-2015
44-2015
45-2015
46-2015
47-2015
48-2015
49-2015
50-2015
51-2015
52-2015