Устоз Мирзо Турсунзоданинг тинчликсевар ва инсонпарварлик руҳида ёзилган қуйидаги мисралари ҳеч қачон ўз аҳамиятини йўқотмайди. Зеро, улар бугунги кун, жамият ва халқнинг эзгу орзу-умидларини ифодалайди:
Дўстликдан кишилар топгай саодат,
Душманлик халқ узра келтирар офат…
Тожик ва ўзбек халқлари асрлар давомида аҳил қўшничилик ва биродарлик муҳитида яшаб, шунчалик бир-бирига яқинлашиб кетганки, баъзида улар ўртасидаги фарқни ҳам англаб олиш қийин.
Бу ўхшашликни машҳур шоиримиз Боқи Раҳимзода жуда ажойиб тасвирлаган:
Ўзга ҳамма халқлар фарқи осондир,
Лекин бизлар бўлиб яқин ва бирдек.
Кўрган киши сўрмоғи аёндир:
-Эй жўра, айт, сен ўзбекми ё тожик?
Ҳақиқатдан ҳам, тожик ва ўзбек халқлари қондошу жондошдир. Агар бир уйни иккига бўлиб, бир-биридан айириб ташласак, у уй энди уй эмас; агар бир китоб, бир тан ва бир қалбни иккига бўлсак, унда улар айрилиб кетади ва бир-бутунликдан асар ҳам қолмайди. Шундай экан, бир уй, бир китоб, бир тан ва бир қалб сингари қисматдошу дилдош бўлган тожик ва ўзбек халқларини ҳеч қачон бир-биридан ажратиб бўлмайди!
Икки халқ дўстлигининг ёрқин мисоли буюк аждодларимиз - мавлоно Абдураҳмон Жомий ва Мир Алишер Навоий тимсолида намоён бўлади. Улуғ аждодларимиз асос солган дўстлик боғида ХХ асрда икки халқнинг оқил фарзандлари, замонанинг таниқли сиёсий шахслари Бобожон Ғафуров ва Шароф Рашидовлар ҳам ўз дарахтларини ўтқазиб, парвариш қилдилар ва улар ўз самарасини берди.
Ўзбекистон сиёсат ва давлат арбоби Шароф Рашидовнинг самимий сўзларига диққат қилинг: - "Тожик ва ўзбек халқларининг азалий дўстлик ва биродарлиги ҳақида узоқ ўйлайман. Дили ва фикри бир-бирига пайванд халқларимиз бамисоли эгизакдай - қондош, вафодор дўст бўлиб, бир қуёшнинг нури ва ҳароратидан баҳраманддирлар. Далаларимиз, айни, бир дарё сувини ичиб, халқларимиз қалин дўст, қардош ва биродар бўлиб яшаб келишади".
Муҳаббатга йўғрилган бу сўзларга жавобан йирик сиёсий арбоб, Тожикистон Қаҳрамони Бобожон Ғафуров шундай деган: - "Тожик ва ўзбек халқларининг шаклланиши умумий негиз асосида бўлганлиги боис, бир-бирлари билан жуда яқин алоқа ўрнатишган. Чунончи, ўзбеклар тожик халқи маданий бойликларидан баҳраманд бўлган бўлсалар, шунингдек, тожиклар ҳам ўзбек халқи маданий ютуқларидан фойдаланишган: тожик ва ўзбек халқларининг маданий жиҳатлари, урф-одат, санъат ва ҳунарлари шунчалик яқинки, гоҳида уларни фарқлаб ҳам бўлмайди".
Шўролар даври адабиётининг етук намояндалари ҳам халқларимиз ўртасидаги самимий дўстликни куйлаб, тарғиб этиб келишган.
Бизнинг кўплаб таниқли адибларимиз билан яқин алоқада бўлган қўшни мамлакат шоири Ғафур Ғулом бу борада шундай дейди: - "Ўзбеклар билан тожикларнинг яқин дўстлиги улуғ устозларимиз Жомий ва Навоийнинг дўстликларидек чин ва самимийдир. Бу дўстликнинг янада ривожланиши менинг эзгу орзуимдир".
Устоз Мирзо Турсунзода дунё халқлари тинчлиги-ю дўстлигини куйлаган шоир сифатида, гўё Ғафур Ғулом сўзларига жавоб ўрнида шундай ёзади: - "Ғафур Ғулом меҳр-муҳаббат билан куйлаган ўзбеклар диёри жозибаси менда олий ҳис-туйғуларни уйғотди. У шу Ватанни жону дили билан севарди. Мен яна бир дўстим, тили асалдай ширин Абдулла Қаҳҳор ҳақида ўйлардим. Зеро, "Дўстий" ҳамда "Дўстлик" сўзлари тожик ва ўзбек халқлари учун қадим замонлардан маълум ва машҳурдир".
Адабиёт, маданият ва санъат вакиллари ўртасидаги дўстлигу биродарлик муносабатлари ҳақида кўплаб мисоллар келтириш мумкин.
Мен собиқ Шўролар даврида биродар республикалар, жумладан, Молдова, Туркманистон (Расул Ҳодизода билан) ва Ставрополдаги Совет адабиёти кунларининг иштирокчиси бўлганлигимдан фахрланаман. Ўша адабиёт кунларида мен Тожикистондан бўлган энг ёш иштирокчи эдим. Ставропол сафарида таниқли ўзбек шоири Эркин Воҳидов билан сафардош бўлгандим. Биродарлик ва яхши қўшничилик муҳаббати ўлароқми, биз доим ёнма-ён ўтириб, суҳбатлар қурардик. Мен ўша пайтда таниқли ўзбек шоирининг классик ва янги адабиётимизга бўлган ҳурмати ҳамда халқимизга нисбатан самимийлигининг гувоҳи бўлганман.
Камина ёш Совет адиблари фестиваллари ҳамда Умумиттифоқ ёшлари кенгашларида иштирок этганман. Мана шундай фестивалларда қатнашиш баҳонасида Ўзбекистоннинг машҳур адиблари, жумладан, етук шоир, азиз дўстим ва биродарим Хуршид Даврон билан танишганман. Ушбу танишув меваси ўлароқ, биз бир-биримизнинг шеърларимизни таржима қилиб, нашр эттирдик. Ҳақиқатдан ҳам, миллатлараро дўстликни мустаҳкамлашда, юқорида мисол келтирганимдек, сўз ва шоиру ёзувчиларнинг ўрни беқиёсдир. Камина ҳам бир неча йиллар олдин тожик ва ўзбек халқлари дўстлиги мавзусида шундай ёзгандим:
Бир иймоннинг пайванди, фарзанди мусулмонмиз,
Ўзбегу тожик эмас, парвардаи бир нонмиз.
Бир чеҳрада икки кўз, бир сойда икки соҳил,
Бир уйда икки устун ва ёки жуфт айвонмиз.
Ҳамсоя-ю қисматдош, ҳамхона-ю исматдош,
Борлиқ аро қоришган бир тан ила бир жонмиз.
Шаҳринг менинг шаҳримдир, наҳринг менинг наҳримдир,
Умум мозор ичинда, ўлсак агар, ниҳонмиз…
Тожик ва ўзбек халқларининг бир-бирига бўлган ўзаро муҳаббати, биродарлиги ва ягоналиги абадийдир. Мана шундай яхши муносабатлар асосида икки мамлакат етакчилари ташаббуси билан Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳурматли Шавкат Мирзиёев Тожикистонга давлат ташрифи билан келди ва Тожикистон Республикаси Президенти муҳтарам Эмомали Раҳмон олий мартабали меҳмонни самимий кутиб олди. Улар бир-бирларига бағир очиб, кўришишдилар. Мана шу лаҳзалар икки мамлакат халқларининг дўстлик байрамига уланиб кетди.
Икки мамлакат Президентлари таъкидлаганларидек, ушбу музокаралардан кейин, давлатларимиз ўртасида ечимини топмаган масаланинг ўзи қолмади. Бу икки Пешвонинг оқилона ва узоқни кўзлаган сиёсатининг мевасидир.
Музокаралар жараёнида эришилган келишувлар томонлар ўртасидаги баҳсли масалаларни ҳал этиш учун яхши замина яратди. Шулардан бири ўзаро сафарлар учун 30 кунгача бўлган визасиз режимнинг ўрнатилиши бўлди. Имзоланган келишувлар томонларнинг сиёсий, иқтисодий ва маданий ҳаётининг энг муҳим қирраларини қамраб олиб, улар халқларимиз манфаатларига хизмат қилади.
Икки мамлакат санъат усталарининг "Кохи Борбад" мажмуасидаги "Дўстлик оқшоми" концерт дастурида чиқишлари яна бир марта тожик ва ўзбек халқлари дўстлигу биродарлиги, санъат ва маданиятларининг муштараклигидан гувоҳлик берди. Мамлакатларимиз чегарасидаги назорат-ўтказиш нуқталарининг очилиши эса, халқларимизга олам-олам қувонч бағишлади.
Бугун икки томоннинг дўстлик сиёсати шарофати билан ҳар куни юзлаб кишилар у давлатдан бу давлатга қариндош-уруғ ва дўсту ёрлари ҳолидан хабар олишга боришмоқда, санъат усталари бир-бирларининг саҳналарида ўз санъатларини намойиш этишмоқда ва бошқа муҳим иқтисодий ҳамкорликлар йўлга қўйилмоқда.
Тожикистон Республикаси Президенти Душанбе шаҳрининг Беҳзод кўчасида жойлашган "Ёшликнинг 50 йиллиги" боғига Низомиддин Алишер Навоий номини бериши ҳамда ушбу боғда Нуриддин Абдураҳмон Жомий ва Низомиддин Алишер Навоий ҳайкалини ўрнатиш тўғрисидаги амрини ҳам халқ хурсандчилик билан қабул қилди.
Мана, узоқни кўзлаган аждодларимиз томонидан экилган дўстлик дарахти бугун икки сарвар ташаббуси билан янада гуркирамоқда. Ушбу ҳамишабаҳор дарахт мевалари келажакда шириндан-шакар мевалар беришига ишончимиз комил.
Икки бети бир китобнинг тожигу ўзбек!
Парвардаси бир савобнинг тожигу ўзбек!
Икки танда битта жондир, айтгил: кимдир у?
Берай сенга мен жавобни: тожигу ўзбек!
Камол НАСРУЛЛО, Тожикистон Халқ шоири,
Рўдакий номидаги Давлат мукофоти лауреати.
Хатлон вилояти раисининг Кўлоб шаҳридаги қароргоҳида вилоят раиси ўринбосари Махфират Хидирзода Кўлоб минтақаси ташкилот ва муассасаларида обуна маъракасининг жараёни ҳақида иш кенгаши ўтказди. Йиғилишда обуна маъракаси жараёни таҳлил қилиниб, атрофлича ўрганиб чиқилди. Ташкилот ва муассасалар масъуллари жорий йилги обуна маъракаси кўнгилдагидек кечаётганлиги ва муштарийлар ўзлари севган газета-журналларга обуна
Муфассал...
Тинчлик ва миллий бирлик асосчиси – Миллат пешвоси, муҳтарам Эмомали Раҳмон Жаноби олийларининг мамлакат Олий Мажлисига юборган навбатдаги Паёмини барча ватандошларимиз қатори биз Имом Абуҳанифа (р.) номли Тожикистон Ислом олийгоҳи ўқитувчилари жамоаси ҳам ҳамжиҳатлик билан ойнаи жаҳон орқали томоша қилиб, сўнгра чоп шаклидагисини мутолаа қилдик. У кишининг ҳар бир айтган маъноли сўзларида ҳаёт акс этаётганини
Муфассал...2015
1-2015
2-2015
3-2015
4-2015
5-2015
6-2015
7-2015
8-2015
9-2015
10-2015
11-2015
12-2015
13-2015
14-2015
15-2015
16-2015
17-2015
18-2015
19-2015
20-2015
21-2015
22-2015
23-2015
24-2015
25-2015
26-2015
27-2015
28-2015
29-2015
30-2015
31-2015
32-2015
33-2015
34-2015
35-2015
36-2015
37-2015
38-2015
39-2015
40-2015
41-2015
42-2015
43-2015
44-2015
45-2015
46-2015
47-2015
48-2015
49-2015
50-2015
51-2015
52-2015