Биз билан боғланинг:

   

Бизга қӯшилинглар

ХАБАРЛАР

СИЁСАТ

Муаллиф: Super user Категория: СИЁСАТ
Чоп этилган 16 Март 2018 Кӯришлар: 2002
Печат

 

prez 20182018 йил 9 март, Душанбе шаҳри.

Ҳурматли Шавкат Миромонович!

Қадрли оммавий ахборот воситалари намояндалари!

Энг аввало, Ўзбекистон Республикаси Президенти муҳтарам Шавкат Миромоновичнинг мамлакатимизга давлат ташрифи натижасида, энг муҳим икки

томонлама масалалар мажмуи бўйича тарихий қарорларга эришганимизни таъкидлашни истардим.

Тожик-ўзбек ҳамкорликлари ва улар тараққиёти истиқболлари масалалари кенг кўламда, конструктив ва бутун тафсилотлари билан тўлиқ ўзаро тушуниш муҳитида бўлиб ўтди.

Музокаралар якуни бўйича қарийб ўттизга яқин келишувни қамраб олувчи икки томонлама салмоқли ҳужжатларни имзоладик. Улар кўп қиррали ҳамкорликларимизнинг кўпгина муҳим соҳаларини қамраб олади.

Бу муносабатларимизнинг савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар ҳамда мудофаа ва хавфсизлик йўналишларидир.

Бугун биз охирги йигирма йилдан зиёд вақт мобайнида, йиғилиб қолган масалаларнинг қарийб барчасини ҳал қилдик.

Муҳтарам Шавкат Миромоновичнинг Тожикистонга тарихий ташрифи натижалари муносабатларимиз бутун мажмуининг узоқ муддатли асосда тез суръатларда ривожланишига сифатан янги туртки беришига ишончим комил.

Бу борада биродар халқларимиз учун виза режимини ўттиз кун муддатга соддалаштириш ва икки мамлакат ўртасидаги чегарада 16та назорат-ўтказиш нуқталари ишини босқичма-босқич қайта тиклаш тўғрисида муҳим қарорларни қабул қилдик.

Биродар халқлар узоқ йиллар кутган ушбу қарорлар улар манфаатларига хизмат қилади.

Автомобил, темир йўллари ва авиақатновлар фаолиятини тез орада қайта тиклаш ҳамда транзит юк ташиш тарифларини пасайтириш бўйича биргаликдаги қадамлар тўғрисида келишувга эришилди.

Шу муносабат билан «Ғалаба-Амузанг» участкаси темир йўли фаолиятининг қайта тикланиши аҳамиятини қайд этишни истардим.

Бугун биз муҳтарам Шавкат Миромонович билан ушбу участкани тантанали тарзда ишга туширамиз.

Бу, шубҳасиз, муҳим воқеа. Чунки мамлакатларимиз ўртасида юк ташиш ҳажми ошиши ва савдо-иқтисодий алоқалар кенгайиши билан бир қаторда, уч ярим миллиондан зиёд аҳоли яшайдиган Тожикистон жанубий минтақасидаги ижтимоий-иқтисодий ҳолат яхшиланишига ҳам шароит яратади.

Айни пайтда, мамлакатларимиз пойтахтлари ўртасида тўғридан-тўғри авиапарвозлар фаолият юритаётган бўлиб, бугун имзоланган икки томонлама ҳужжатлар туфайли яқин келажакда бошқа шаҳарлар ўртасида авиа ва автомобил ҳаракатлари қайта тикланади.

Транспорт ва коммуникацион соҳаларидаги бу ижобий ўзгаришлар ўзаро муносабатларимиз бутун мажмуини мустаҳкамлаш учун қулай шароитлар яратади.

Бугун давлатлараро шерикчилигимиз муваффақиятли ривожланмоқда. Расмий делегациялар ва турли ишчи гуруҳи, иш доиралари ва маданият вакиллари даражасидаги алоқалар мунтазам характерга эга бўлмоқда.

Биз томонимиздан савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар алоқаларни ўзаро самарали тарзда кенгайтиришу ривожлантириш бўйича амалий чора-тадбирлар бундан кейин ҳам қабул қилинади.

Тожикистон ва Ўзбекистон ўртасида ташқи савдо обороти ўсиш тенденциясига эга эканлигини таъкидлаш қувонарлидир.

Сўнгги вақтларда унинг ҳажми олти баравар ошди.

Яқин йилларда ўзаро маҳсулот оборотини ярим миллиард Америка долларигача ошириш ниятидамиз.

Бугун Душанбе шаҳрида тадбиркорлик доиралари бизнес-форуми иш бошлаб, Ўзбекистон саноат маҳсулотлари кўргазмаси очилади. Булар Ўзбекистон Республикаси Президентининг Тожикистонга ташрифи дастурининг муҳим қисми ҳисобланади.

Ушбу тадбирлар якуни иқтисодиётнинг истиқболли соҳаларида ўзаро самарали алоқаларимизнинг ишончли асосига айланиб, икки мамлакат савдо ва сармоявий ҳамкорликларини келгусида ривожлантириш учун қулай муҳит яратишига умид қиламиз.

Икки мамлакат минтақалараро ҳамкорликларини ривожлантириш муҳимлиги таъкидланиб, бу алоҳида келишувлар имзоланиши билан мустаҳкамланди.

Давлатларимиз минтақалари ўртасидаги алоқаларни ривожлантириш савдо-иқтисодий алоқаларимизни фаоллаштиришга имкон яратишига ишончимиз комил.

Биз чегара бўйича ҳал этилмаган, қарийб барча масалалар борасида келишиб олдик.

Давлат чегарасининг алоҳида участкалари тўғрисида шартнома имзоланиши катта стратегик аҳамиятга эга бўлиб, муносабатларимизни шерикчиликнинг янги босқичига чиқариш учун шароит яратади.

Музокаралар чоғида, маданий-гуманитар соҳаларда ҳамкорликларни келгусида чуқурлаштириш муҳимлиги қайд қилинди.

Биз икки биродар халқ маънавий-маданий меросларини асраш, маданият, илм ва маориф вакиллари ўртасида алоқаларни йўлга қўйиш учун қулай шароитлар яратиш масалаларини муҳокама қилдик.

Бу борада классик ва замонавий адиблар асарларини икки мамлакат давлат тилларига таржима қилиш ҳамда Тожикистону Ўзбекистонда ўзбек ва тожик тилларини ўрганишу ўқитиш борасида сўз юритилди.

Томонлар бундан кейин ҳам, ушбу соҳада ўзаро алоқаларни фаоллаштириш бўйича саъй-ҳаракатлар қилади.

Минтақавий ва халқаро хусусиятга эга бўлган масалалар бўйича кенг кўламда мазмунли суҳбат уюштирилиб, унинг жараёнида Марказий Осиё учун долзарб бўлган муаммоларга нисбатан мавқеимизни билдирдик.

Сув-энергетика захираларидан минтақанинг барча мамлакатлари манфаатларини ҳисобга олган ҳолда, унумли ва комплекс фойдаланиш соҳасида яқин ҳамкорликлар масалалари бўйича ўзаро тушунишга эришилди.

Мавжуд ва қурилаётган гидроэнергетик иншоотлар минтақанинг сув-энергетика муаммоларини ҳал этишга ҳисса қўшиши борасида фикримиз бир жойдан чиқди.

Бу борада, биз Ўзбекистоннинг Тожикистонда гидроэнергетик иншоотлар, жумладан, «Роғун» ГЭСи қурилиши масаласида қўллаб-қувватлашини чин дилдан маъқуллаймиз.

Фурсатдан фойдаланиб, юқори, жумладан, БМТ минбари ҳамда мамлакат парламентига ўз Паёмларимда Тожикистон қўшнилар учун сувдан фойдаланиш соҳасида муаммо туғдирмагани ва келажакда ҳам бундай қилиш нияти йўқлигини неча марталаб айтганимни таъкидлашни истардим. Биз ҳеч қачон ва ҳеч қандай ҳолатда қўшниларимизни сувсиз қолдирмаймиз.

Тожикистон давлат мустақиллигининг биринчи кунлариданоқ минтақада тинчлик ва барқарорликни сақлаш, Марказий Осиё мамлакатлари ўртасида ўзаро самарали ҳамкорликларни ривожлантиришга ҳар томонлама ҳисса қўшишни ўз ташқи сиёсатининг муҳим йўналишларидан бири сифатида эълон қилди.

Биз бундай бунёдкорлик ҳаракатлари тарафдори бўлиб қоламиз ҳамда Ўзбекистон Республикасининг минтақада ўзаро алоқаларнинг янги конструктив муҳитини яратиш бўйича ташаббусларини қўллаб-қувватлашимизни билдирамиз.

Бу борада, замонавий хатарлар ва таҳдидларга қарши кураш соҳасида ҳамкорликларни мустаҳкамлаш бўйича келишувга эришдик.

Хавфсизлик ҳамда мудофаа соҳасида келгусидаги ҳамкорликлар тўғрисида келишувни имзоладик.

Мазкур ҳужжатлар икки мамлакат ҳуқуқ ҳимояси органлари, мудофаа идоралари ва махсус хизматларининг мамлакатларимиз ва умуман, минтақада тинчлигу барқарорликни таъминлашда яқиндан алоқалари тартибини белгилайди.

Бугунги музокаралар доирасида, Афғонистон муаммоси бўйича фикр алмашиб, ушбу қўшни мамлакатда юз бераётган ҳодисалар бўйича нуқтаи назаримиз ўхшаш эканлигини қайд қилдик.

Биз Афғонистонда тинчлик ва келишувни ўрнатиш бўйича саъй-ҳаракатларни маъқуллаймиз ҳамда афғон халқига бу жараёнда ҳар қандай ёрдам кўрсатишда давом этамиз.

Белгиланган барча йўналишлар бўйича эришилган келишувлар икки президентларнинг қўшма баёнотида батафсил акс этган бўлиб, улар оммавий ахборот воситаларида нашр этилади.

Умуман, мамлакатларимиз ўзаро алоқаларини ҳам икки, ҳам кўп томонлама чуқурлаштириш зарурати тўғрисида бир фикрда эканлигимизни таъкидлайман.

Ушбу ижобий натижалардан келиб чиқиб, бугунги олий даражадаги музокараларни тожик-ўзбек дўстона муносабатлари ва кўп қиррали ҳамкорликларининг янги тарихий босқичи сифатида баҳолаймиз.

Шу муносабат билан муҳтарам Шавкат Миромоновичнинг ўзаро алоқаларимизни тараққиётнинг янги сифатдаги босқичига чиқариш учун имконият яратиш ва зарур шароитларни шакллантиришдаги муҳим ҳиссасини алоҳида қайд қилишни истардим.

Бу йўналишдаги ташаббусларингиз тожик-ўзбек муносабатлари кун тартибидаги барча муҳим масалалар бўйича ўзаро муносабатларни яхшилашга ҳисса қўшади.

Тожикистон Ҳукумати ва халқи номидан ушбу саъй-ҳаракатлар учун Сизга самимий миннатдорчилик билдираман.

Президентлик фаолиятини бошлаган илк кунларданоқ азиз дўстим ва биродарим Шавкат Миромонович минтақа бўйича қўшнилар билан ҳамкорликларни мустаҳкамлаш тарафдори сифатида, ўзаро муносабатларимизнинг босқичма-босқич ва кўп қиррали ривожланиши учун замин яратишда қўлидан келгунча ҳаракат қилди.

Шавкат Миромонович, Ўзбекистонда Сизнинг раҳбарлигингиз остида қисқа муддатда юз берган ижобий ўзгаришлар Тожикистонда барчани хурсанд қилганини таъкидлашни ҳам истардим.

Сизга мустаҳкам соғлиқ ва олдингизга қўйган барча мақсадларга эришиш йўлида янгидан-янги муваффақиятлар, Ўзбекистоннинг биродар халқига эса, тинчлик, фаровонлик ва келгусида устувор гуллаб-яшнашини тилайман.

«Ховар» ТМАА.

**

 

Тожикистон Республикаси Президенти Эмомали Раҳмон ва Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг дўстлик ва яхши қўшничиликни мустаҳкамлаш тўғрисида қўшма баёноти

Тожикистон Республикаси Президенти Эмомали Раҳмоннинг таклифига биноан, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2018 йил 9-10 март кунлари давлат ташрифи билан Тожикистон Республикасида бўлди.

Очиқ, дўстона ва конструктив муҳитда ўтган самарали музокаралар давомида давлат раҳбарлари Тожикистон Республикаси билан Ўзбекистон Республикаси ўртасидаги муносабатларнинг ҳозирги ҳолатидаги муҳим масалаларни, сиёсий, савдо-иқтисодий, транспорт-коммуникацион, маданий-гуманитар ва бошқа соҳаларда икки томонлама кенг қамровли ҳамкорликни янада кенгайтириш ва чуқурлаштириш истиқболларини, шунингдек, ўзаро қизиқиш уйғотадиган долзарб минтақавий ва халқаро муаммоларни батафсил муҳокама қилдилар.

Давлат раҳбарлари сўнгги йилларда эришилган давлатлараро мулоқотнинг юқори даражасини, шунингдек, икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантиришда кузатилаётган ижобий ўсиш суръатини мамнуният билан қайд этган ҳолда, икки мамлакат халқлари ўртасида дўстлик, яхши қўшничилик ва ўзаро ҳурмат тамойилларига қатъий асосланган кўп асрлик тарихий ва маданий умумийликдан келиб чиқиб, Тожикистон билан Ўзбекистон ўртасидаги конструктив ва ўзаро манфаатли ҳамкорлик икки мамлакат халқларининг узоқ муддатли манфаатларига хизмат қилишига, шунингдек, бутун Марказий Осиё минтақасида тинчлик, барқарорлик, хавфсизлик ва изчил ривожланишни таъминлашда асосий омил бўлишига ишонч билдириб, халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган принциплари ва нормаларига, шунингдек, БМТ Низоми мақсад ва принципларига, шу жумладан, мустақилликни ўзаро ҳурмат қилиш, суверенитет, ҳудудий яхлитлик, чегараларнинг дахлсизлиги, бир-бирларининг ички ишларига аралашмаслик, тенг ҳуқуқлилик ва ўзаро манфаатдорлик принципларига содиқликларини яна бир бор тасдиқлаб, Тожикистон-Ўзбекистон муносабатларини янада кенгайтириш ва чуқурлаштиришга, эришилган келишувларни ўз вақтида ва тўлиқ амалга оширилишини таъминлашга интилган ҳолда, қуйидагилар тўғрисида баёнот берадилар:

1. Давлат раҳбарлари тинчлик ва барқарорликни сақлаш ва мустаҳкамлаш, бутун минтақа тараққиёти ва равнақини таъминлашда юксак маъсулиятларини чуқур англаб, 2000 йил 15 июнда имзоланган Тожикистон Республикаси билан Ўзбекистон Республикаси ўртасида Абадий дўстлик тўғрисида шартнома қоидаларига таянган ҳолда, анъанавий дўстлик, яхши қўшничилик ва ҳамкорлик муносабатларини имкон қадар янада ривожлантириш ва чуқурлаштиришга тайёр эканликларини таъкидлайдилар.

Давлат раҳбарлари ташриф давомида имзоланган Тожикистон Республикаси билан Ўзбекистон Республикаси ўртасида тожик-ўзбек Давлат чегарасининг алоҳида участкалари тўғрисида шартнома бунга хизмат қилишига ишонч билдирдилар.

Давлат раҳбарлари Тожикистон Республикаси билан Ўзбекистон Республикаси ўртасидаги Давлат чегарасини дўстлик, яхши қўшничилик ва ҳамкорлик чегарасига айлантиришнинг муҳимлигини ҳамда бу икки қардош халқларнинг ҳаётий муҳим манфаатларига жавоб беришини таъкидладилар.

2. Томонлар икки давлат ўртасидаги муносабатларни изчил кенгайтириш учун конструктив сиёсий мулоқотнинг муҳимлигини қайд этган ҳолда, олий, юқори ва бошқа даражаларда алоқаларни янада кенгайтириш тарафдори эканликларини таъкидладилар.

Президентлар узоқ муддатли ҳамкорликнинг ҳуқуқий асосларини янада ривожлантириш ва барча йўналишларидаги мавжуд кенг кўламли иқтидорни имкон қадар тўла рўёбга чиқариш мақсадида, яқин истиқболда икки давлат ўртасида Стратегик шерикчилик тўғрисидаги шартномани ишлаб чиқишга келишиб олдилар.

3. Тожикистон Президенти Эмомали Раҳмон Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан Ўзбекистонда амалга оширилаётган, мамлакат салоҳиятини мустаҳкамлаш, миллий иқтисодиётни ривожлантириш, халқ фаровонлигини ошириш ва мамлакатнинг халқаро нуфузини мустаҳкамлашга қаратилган кенг кўламли ислоҳотларни қўллаб-қувватлашини билдирди.

Тожикистон Республикаси раҳбарияти минтақавий ҳамкорликни фаоллаштириш, хусусан, Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг маслаҳатлашувлари бўйича учрашувларни мунтазам ташкил қилиш юзасидан Ўзбекистон Республикаси ташаббусларини қўллаб-қувватлашини билдирди.

4. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Тожикистон Республикаси Президенти Эмомали Раҳмоннинг Тожикистон ижтимоий-иқтисодий ривожланишини таъминлаш ва минтақавий хавфсизликни мустаҳкамлаш бўйича саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлашини билдирди.

Ўзбекистон раҳбарияти Тожикистоннинг 2018-2028 йиллар - «Сув устувор тараққиёт учун» халқаро амалиёт ўн йиллиги тўғрисидаги ташаббусини қўллаб-қувватлашини билдирди.

5. Президентлар Тожикистон Республикаси билан Ўзбекистон Республикаси ўртасида ўзаро манфаатли савдо-иқтисодий ҳамкорликни янада кенгайтиришнинг стратегик хусусиятга эга эканлигини қайд этдилар.

Томонлар ўзаро савдода кузатилаётган ижобий ўсиш суръатини мамнуният билан қайд этдилар ҳамда икки томонлама товар айланмаси номенклатурасини диверсификация қилиш ва яқин йилларда унинг ҳажмини 500 миллион Америка долларига етказиш учун улкан салоҳият мавжудлигини таъкидладилар.

Шу муносабат билан томонлар ўзаро савдо номенклатурасини янада кенгайтириш муҳимлигини тасдиқладилар. Томонлар саноат кооперацияларини ривожлантириш, қўшма корхоналар ва савдо уйларини таъсис этиш, ташқи савдо инфратузилмалари ва экспорт-импорт амалиётларини қўллаб-қувватлаш механизмларини фаол ривожлантириш, шунингдек, муштарак асосда бизнес-форумлар ва саноат маҳсулотларининг миллий кўргазмаларини ташкил қилиш учун улкан салоҳият мавжудлигини қайд этдилар.

Томонлар иккала мамлакат иқтисодиётига инвестицияларни жалб қилиш ва рағбатлантириш бўйича биргаликдаги саъй-ҳаракатларини амалга оширадилар. Шу муносабат билан давлат раҳбарлари Тожикистон Республикаси Ҳукумати билан Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ўртасида инвестицияларни рағбатлантириш ва ўзаро ҳимоя қилиш тўғрисида келишув имзоланганини мамнуният билан қайд этадилар.

Томонлар тадбиркорлик доиралари ўртасида алоқаларни кенгайтириш ҳамда салмоқли савдо битимлари ва шартномаларни тузишга кўмаклашган ўзаро миллий кўргазмалар ва бизнес-форумлар 2017 йилда Душанбе ва Тошкент шаҳарларида муваффақиятли ўтказилганлигини қайд этдилар.

Бўлиб ўтган олий даражадаги ташриф доирасида Душанбе шаҳрида ташкил қилинган «Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган» кўргазмаси ва Тожикистон-Ўзбекистон қўшма бизнес-форумига юқори баҳо берилди.

Икки давлат раҳбарлари 2018 йил 10 январда Душанбе шаҳрида бўлиб ўтган Савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссиянинг бешинчи йиғилиши якунларини ижобий баҳоладилар ҳамда савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар ҳамкорликни ривожлантириш бўйича барча масалаларни ҳал қилишда, шунингдек, ҳамкорликнинг янги истиқболли йўналишларини аниқлашда унинг самарали механизм сифатидаги ролини янада кучайтириш зарурлигини таъкидладилар.

Томонлар мазкур ташриф давомида имзоланган Тожикистон Республикаси Ҳукумати билан Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ўртасида Минтақалараро ҳамкорлик тўғрисида келишувга мувофиқ, савдо-иқтисодий, илмий-техникавий ва маданий-гуманитар соҳаларда икки давлат минтақалари ўртасидаги алоқаларни кенгайтириш ва чуқурлаштириш зарурлигини қайд этдилар.

6. Давлат раҳбарлари икки мамлакатнинг умумий транспорт-коммуникацион имкониятлари ва транзит салоҳиятидан имкон қадар тўла фойдаланишга алоҳида аҳамият берган ҳолда, транспорт қатнови соҳасидаги ҳамкорликни жадаллаштириш ва мавжуд автомобил, темир йўл, ҳаво қатнови транзит йўналишларини қайта тиклаш ва янгиларини яратиш масалаларини ишлаб чиқиш юзасидан тегишли идораларга дастур бердилар.

Президентлар томонидан 2017 йилнинг апрел ойида Душанбе шаҳри билан Тошкент шаҳри ўртасида тўғридан-тўғри авиақатновнинг очилиши катта мамнуният билан қайд этилди.

Томонлар икки мамлакат шаҳарлари ўртасида мавжуд автомобил, темир йўл ва ҳаво қатнови йўналишларини қайта ишга тушириш ва янгиларини очиш Тожикистон билан Ўзбекистон ўртасида маданий-гуманитар ва савдо-иқтисодий муносабатларнинг фаоллашувига кўмаклашишини таъкидладилар.

Ўзбекистон Республикаси ва Тожикистон Республикаси темир йўллари иштирокида ташқи савдо юкларини ташишда рақобатбардош тарифларни шакллантириш масалалари бўйича янада кенг ҳамкорлик қилиш, амалдаги транспорт йўлакларини самарали иш юкламаси билан таъминлашга имкон яратиши қайд этилди.

Шу муносабат билан икки давлат раҳбарлари «Ғалаба - Амузанг» участкасида темир йўл қатновининг қайта ишга туширилганини мамнуният билан таъкидладилар.

7. Иккала давлат раҳбарлари маданий-гуманитар соҳада, илмий муассасалар, ўқув юртлари, оммавий ахборот воситалари, ижодий ва спорт жамоалари, ёшлар ва хотин-қизлар ташкилотлари, касаба уюшмалари ва бошқа фуқаролик жамияти институтлари ўртасида тўғридан-тўғри алоқалар ва тажриба алмашинувни ривожлантириш бўйича ҳамкорликнинг устувор хусусиятини қайд этдилар.

Давлат раҳбарлари томонидан 2017 йилда Тожикистон Республикасида Ўзбекистон Республикаси маданияти кунлари ва Ўзбекистон Республикасида Тожикистон Республикаси маданияти кунлари муваффақиятли ўтказилганига юқори баҳо берилди.

Давлат раҳбарлари маориф ва илм соҳасида ўзаро алоқаларни, шу жумладан, икки мамлакат олий ўқув юртлари ва фанлар академиялари ўртасида ҳамкорликни ривожлантириш орқали кенгайтириш зарурлигини қайд этдилар.

Томонлар илмий ва педагогик кадрларни тайёрлаш, тадқиқотчилар, мутахассислар, профессор-ўқитувчи кадрлар ва талабалар билан алмашинув, шунингдек, таълим тўғрисидаги ҳужжатлар, малака ва илмий даражаларни ўзаро тан олиш масалалари бўйича ахборот алмашинуви соҳаларида ҳамкорлик қиладилар ва қулай шароитлар яратадилар.

8. Томонлар бундан буён ҳам, икки давлат ҳудудида миллий маданий марказлар фаолияти учун она тили, маданияти, анъана ва урф-одатларини сақлаш ҳамда ривожлантиришда қулай шароитлар яратиб берадилар, бир давлат ҳудудидаги бошқа давлат фуқароларининг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш бўйича чора-тадбирларни амалга оширадилар.

Икки мамлакат Президентлари ўзбек тилини Тожикистонда ҳамда тожик тилини Ўзбекистонда ўрганиш ва ўргатишни такомиллаштириш, тожик ва ўзбек тилларида ўқитиладиган умумтаълим муассасалари тизимини кенгайтириш, ўқув ва бадиий адабиётлар, даврий ва илмий нашрлар билан алмашинув бўйича ҳамкорлик ўрнатиш, икки мамлакатнинг мумтоз адабиёт вакиллари ва замонавий муаллифлари асарларини таржима қилишни қўллаб-қувватлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратадилар.

Тожикистон томони Ўзбекистон томонининг Самарқанд шаҳрида икки халқнинг буюк вакиллари А.Жомий ва А.Навоийга ёдгорлик ўрнатиш, шунингдек, Самарқанд шаҳридаги замонавий тожик адабиётининг асосчиси С.Айний музейини реконструкция қилиш тўғрисидаги қарорини мамнуният билан қарши олди.

Ўзбекистон томони, ўз навбатида, Тожикистон Республикаси Ҳукуматининг Душанбе шаҳрида А.Навоий номидаги боғ барпо қилиш ва унда А.Жомий ва А.Навоийга ёдгорлик ўрнатиш ҳақидаги қарорини мамнуният билан қарши олди.

9. Томонлар Тожикистон-Ўзбекистон Давлат чегарасидан назорат-ўтказиш пунктлари фаолиятининг қайта тикланганини мамнуният билан эътироф этиб, уларнинг тўлақонли фаолият юритиши иккала халқ манфаатларига хизмат қилишини ҳамда икки томонлама муносабатларни янада ривожлантириш учун қулай шароитлар яратишини таъкидладилар.

Давлат раҳбарлари Тожикистон ва Ўзбекистон халқлари ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлашга кўмаклашадиган, икки давлат фуқароларининг 30 кунга қадар ўзаро сафарлари учун визасиз режимнинг жорий қилинаётганини мамнуният билан қайд этдилар.

10. Президентлар терроризм ва экстремизм, наркотрафик, трансмиллий уюшган жиноятчилик, ноқонуний қурол савдоси, оммавий қирғин қуролларини тарқатиш, ноқонуний миграция ҳамда бошқа минтақавий ва халқаро хавфсизликка оид хуруж ва таҳдидларга қарши курашишда ҳам икки томонлама, ҳам халқаро форматларда ҳамкорликни мустаҳкамлашга, шунингдек, ўз ҳудудларида томонларнинг миллий хавфсизлик манфаатларига қарши қаратилган ноқонуний фаолиятни амалга оширишга йўл қўймасликка тайёр эканликларини тасдиқладилар.

Ушбу мақсадларда Тожикистон ва Ўзбекистон тегишли идораларининг маслаҳатлашувларини ўтказиш орқали ҳамкорликни такомиллаштириш бўйича барча зарурий чоралар кўрилади.

11. Икки давлат раҳбарлари ҳарбий ва ҳарбий-техник соҳаларда, шунингдек, ҳарбий таълим соҳасида ўзаро манфаатли асосларда ҳамкорликни ривожлантиришга тайёр эканликларини тасдиқладилар.

12. Президентлар икки мамлакатнинг чегараолди ҳудудларида муҳандислик тўсиқлари участкаларини зарарсизлантириш масаласи бўйича Тожикистон-Ўзбекистон қўшма ишчи гуруҳи тузилишини мамнуният билан эътироф этдилар ва мазкур ишларни 2018-2019 йилларда якунлаш лозимлигини қайд қилдилар.

13. Президентлар фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва уларни бартараф қилиш соҳасидаги алоқаларни чуқурлаштириш, амалий ҳамкорликни кенгайтириш ва аниқ тадбирларни амалга ошириш муҳимлигини таъкидладилар.

14. Томонлар Марказий Осиёда тинчлик, барқарорлик, хавфсизлик ва изчил ривожланишни таъминлашга доир долзарб масалалар бўйича позицияларининг бир-бирига мос келиши ёки яқинлигини тасдиқладилар.

Давлат раҳбарлари Марказий Осиёда барча ички минтақавий муаммоларни ҳал этиш, минтақа давлатларининг фақатгина ўзлари томонидан очиқ ва конструктив мулоқот орқали тенг ҳуқуқлилик, ўзаро манфаатдорлик ва бир-бирларининг манфаатларини ҳурмат қилиш ва ҳисобга олиш принциплари асосида амалга оширилиши мумкин ва лозимлигини таъкидладилар.

15. Президентлар Марказий Осиё фаровонлигининг асосий омилларидан бири: минтақанинг барча давлатлари манфаатларини ҳисобга олган ҳолда, сув-энергетика захираларидан комплекс фойдаланиш эканлигини таъкидладилар. Очиқ мулоқот, ўзаро англашувни мустаҳкамлаш ва конструктив ҳамкорликни ривожлантириш, ўзаро мақбул, адолатли ва оқилона ечимларни топиш муҳимлиги қайд этилди.

Томонлар сув захираларидан оқилона ва адолатли фойдаланиш соҳасида минтақавий шерикликни ривожлантиришдан ўзаро манфаатдор эканликларини билдирдилар ҳамда Марказий Осиё учун сув-энергетика муаммоларини ҳал этишда мавжуд ва барпо этилаётган гидроэнергетик иншоотлар муҳим аҳамиятга эга эканлигини таъкидладилар.

Шу муносабат билан Ўзбекистон томони Тожикистон Республикасида гидротехник иншоотлар, шу жумладан, Роғун гидроэлектр станциясининг қурилишида умумэътироф этилган халқаро нормалар ва мазкур объектларни қуриш бўйича стандартларга риоя қилинишини ҳисобга олган ҳолда, иштирок этиш имкониятини ҳар томонлама кўриб чиқишга тайёр эканлигини билдирди.

Давлатлар раҳбарлари минтақадаги барча давлатларнинг манфаатларини ҳисобга олган ҳолда, конструктив мулоқот ўрнатишга кўмаклашадиган Марказий Осиё трансчегаравий сув захираларидан комплекс тарзда ва самарали фойдаланиш бўйича ҳуқуқий механизмларни такомиллаштириш зарурлигини таъкидладилар.

Томонлар Марказий Осиё халқаро экологик форуми (Тошкент, 2018 йил 5-8 июн) ва 2018-2028 йиллар -«Сув устувор тараққиёт учун» халқаро амалиёт ўн йиллиги бўйича олий даражадаги халқаро конференция (Душанбе, 2018 йил 20-22 июн) ўтказилишини мамнуният билан эътироф этадилар.

16. Президентлар халқаро масалаларда ҳар қандай қарама-қаршилик ва келишмовчиликларни фақатгина сиёсий йўл билан музокаралар ва бошқа тинч воситалар орқали ҳал қилиш мумкин, деган якдил фикрдалар.

Томонлар халқаро майдонда икки томонлама ҳамкорликни давом эттириш ва мустаҳкамлаш учун салмоқли салоҳият мавжудлигини қайд этиб, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги, Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти, Ислом Ҳамкорлик Ташкилоти ва бошқа халқаро ташкилотлар доирасида Тожикистон ва Ўзбекистон ҳамкорлигини янада ривожлантиришга ўзаро интилишларини билдирдилар.

Президентлар БМТ глобал хавфсизликни сақлашга кўмаклашадиган етакчи универсал халқаро тузилма, шунингдек, давлатлараро ва халқаро муаммоларни ҳал қилиш учун асосий майдон бўлиб қолмоқда, деган якдил фикрдалар. Томонлар халқаро муносабатларда унинг марказий мувофиқлаштирувчи ролини мустаҳкамлаш тарафдори эканликларини тасдиқладилар.

Томонлар «Тинчлик жараёни, хавфсизлик соҳасида ҳамкорлик ва минтақавий шериклик» номли Афғонистон бўйича олий даражадаги халқаро конференция (Тошкент шаҳри, 2018 йил 26-27 март) ҳамда Терроризм ва радикализмга қарши курашиш масалалари бўйича олий даражадаги халқаро конференция (Душанбе шаҳри, 2018 йил 3-4 май) ўтказилишини мамнуният билан эътироф этадилар.

Тожикистон томони Ўзбекистон томонининг БМТ Бош Ассамблеясининг «Марказий Осиё минтақасида тинчлик, барқарорлик ва изчил тараққиётни таъминлаш бўйича минтақавий ва халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш» ва «Маърифат ва диний бағрикенглик» резолюцияларини, шунингдек, Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги БМТ конвенциясини ишлаб чиқиш ва илгари суриш бўйича ташаббусини қўллаб-қувватлади.

Томонлар Тожикистоннинг 2018 йилда МДҲга раислик қилишини ҳисобга олган ҳолда, Ҳамдўстликни ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантириш учун таъсирчан майдонга айлантириш мақсадида, унинг механизмларидан янада самарали фойдаланишдан ўзаро манфаатдор эканликларини билдирдилар.

Ўзбекистон томони Тожикистон томонининг Душанбе шаҳрида Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти Антинаркотик марказини ташкил қилиш тўғрисидаги ташаббусини қўллаб-қувватлади.

Тожикистон томонига Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти мамлакатлари темир йўл маъмуриятлари раҳбарларининг мунтазам учрашувларини ўтказиш ҳамда ШҲТга аъзо давлатлар раҳбарларининг ёшларга қўшма мурожаатини қабул қилиш тўғрисидаги Ўзбекистон томони ташаббусини қўллаб-қувватлаганлик учун миннатдорлик билдирилди.

Президентлар Ислом Ҳамкорлик Ташкилоти доирасида икки мамлакатнинг конструктив ҳамкорлигига юқори баҳо бердилар. Тожикистон томони ташкилотнинг Фан ва технологиялар бўйича иккинчи саммитини 2020 йилда Ўзбекистонда ўтказиш тўғрисида Ўзбекистон томонининг таклифини қўллаб-қувватлади.

17. Давлат раҳбарлари томонлар ўртасида имзоланган икки томонлама ҳужжатларни ўз вақтида ва виждонан бажаришга содиқ эканликларини билдирдилар ҳамда ўзаро қизиқиш уйғотадиган соҳаларда Тожикистон-Ўзбекистон муносабатларини жадаллаштириш учун шартномавий-ҳуқуқий базани янада такомиллаштириш ва кенгайтириш мақсадга мувофиқ эканлигини таъкидладилар.

Томонлар Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг давлат ташрифи натижаларини мамнуният билан эътироф этдилар ҳамда бўлиб ўтган музокаралар ва ташриф давомида имзоланган ҳужжатлар турли соҳаларда икки томонлама ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада ривожлантиришга янги туртки бўлишини, шунингдек, давлатлараро муносабатларни ҳар томонлама чуқурлаштиришга салмоқли ҳисса қўшишини таъкидладилар.

18. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Тожикистон Республикаси Президенти Эмомали Раҳмонга ва бутун Тожикистон халқига Ўзбекистон делегациясига кўрсатилган меҳмондўстлик, самимий ва дўстона қабул учун миннатдорлик билдирди ҳамда Тожикистон Республикаси Президенти Эмомали Раҳмонга давлат ташрифи билан Ўзбекистонда бўлишни таклиф қилди. Ташрифнинг аниқ муддатлари дипломатик каналлар орқали келишилади.

 

Украинанинг келажаги кандай?

Албатта тинчланади - 23.1%
Бу ғарб давлатларига боғлиқ - 15.4%
Буни Россия ҳал қилади - 23.1%
Украин халқи бирлашувига боғлиқ - 15.4%
Билмайман - 23.1%

Проголосовали: 13

КАЛЕНДАР

« Ноябр 2024 »
Дш Сш Чш Пш Жм Шб Яб
        1 2 3
4 5 6 7 8 9 10
11 12 13 14 15 16 17
18 19 20 21 22 23 24
25 26 27 28 29 30  

МАҚОЛАЛАР

Ваҳдат: миллий бирликдан умумбашарий бирликка

 

Тожикистон мустақилликка эришгандан сўнг, юзага келган таҳликали вазият азиз Ватанимиз, тожик халқи ва миллий давлатни дунё харитасида эмин сақлашлик имконияти - миллий ғояга тарихий заруратни юзага келтирди. Демократия байроғи остида тўпланган айрим сохта "демократ"лар ўзларининг схоластик ғояларини сир тутган ҳолда, мамлакатда мавжуд осойишталикка рахна солиб, ўз манфаатлари йўлида бошбошдоқлик билан чет элдаги хожалари

Муфассал...

Китоб – жону дилим

 

Тинчлик ва миллий бирлик асосчиси – Миллат пешвоси, Тожикистон Республикаси Президенти муҳтарам Эмомали Раҳмон Тожикистон Республикаси Олий Мажлисига йўллаган навбатдаги Паёмида китоб, китобхонлик ва кутубхоналарнинг ёшларимиз келажаги учун нақадар аҳамиятли эканлигига алоҳида тўхталиб ўтди. Ана шу мавзу атрофида умри азизининг табаррук етмиш баҳорини қаршилаётган маърифатпарвар инсон,

Муфассал...

СТАТИСТИКА

Сайтга кирганлар
1
Мақолалар
872
Мақолаларни кӯрганлар сони
1990830

ӮҚУВЧИЛАР СОНИ

7478127
Бугун
Кеча
Шу ҳафта
Ӯтган ҳафта
Шу ой
Ӯтган ой
Ҳаммаси
4055
4027
21740
7426653
99771
114875
7478127

Сизнинг IPнгиз: 3.145.10.68
Бугун: 23-11-2024 17:22:15

ҲАМКОРЛАР

 

 

   

2015