Тинчлик ва миллий бирлик асосчиси – Миллат пешвоси, Тожикистон Республикаси Президенти муҳтарам Эмомали Раҳмон Тожикистон Республикаси Олий Мажлисига йўллаган Паёмида мамлакатимиз халқаро майдонда самарали фойдаланишга боғлиқ бўлган глобал масалаларни ҳал этишда фаол ташаббускор ва илғор давлат сифатида эътироф этилганлигини, «Сув устувор тараққиёти учун» халқаро амалиёт ўн йиллигини татбиқ этиш бўйича
таклифи қўллаб-қувватланганлигини алоҳида таъкидлади. Маълумки, жаҳонда сўнгги ўн йилликларнинг муҳим муаммоси ичимлик суви – чучук сув бўлиб қолмоқда.
Миллат пешвосининг дунё аҳлини бедорликка чорлаган даъвати – ичимлик суви муаммоси Шарқ халқлари учун ҳамма давру замонларда муҳим саналган. Тарих илмида қайд этилганидек, илк давлатлар Шарқда вужудга келганидан бошлаб то ҳозиргача – охирги беш минг йил ичида, давлат ҳукмдорининг асосий вазифаларидан бири – суғориш тизимини йўлга қўйиш бўлган. Бу тасодифий эмас, албатта. Орадан минг йиллар ўтса-да, ҳукмдорнинг бу мақоми моҳиятини ҳеч ўзгартирган эмас. Давлат раҳбарининг ХХI аср бошларидан ҳозиргача бу масалага жаҳон аҳли диққатини такрор ва такрор қаратиши асосли, ҳаётий ташаббуслар билан чиқиши ҳам Шарқ халқлари, жумладан, тожик халқи сиёсий ҳаётида тарихий анъаналарнинг давомийлиги нишонасидир.
Шарқ халқларида сувнинг қадрланиши, унинг пок ва муқаддас саналиши қадимий ибтидоий динлар, жумладан, зардуштийлар динида қайд этилади. Кейинчалик Ислом динининг Марказий Осиёда ёйилиши билан сув ва унинг покизалиги масаласи янада янги мазмун касб этди. Тарихда аждодларимизнинг ичимлик сувини тўплаш ва ундан тежамкорлик ила фойдаланиш учун сув иншоотларининг хилма-хил турларини ихтиро қилиб, дарё ва ирмоқлар, сойлардан унумли фойдаланганликларига, ер остидан сув чиқарганликларига назар ташланса, халқимизнинг яшаш, тараққиёт учун машаққатли меҳнат қилганлиги кўзга ташланади. Тарих илми 3500-3750 йиллар олдин Марказий Осиёда суғориш тизими воситасида зироатчилик пайдо бўлганлигини кўрсатади. Фарғона водийси, Илоқ, Шош воҳаси деҳқонлари азим Сирдарё ирмоқлари, Норин, Қорадарё, Оқ Бура, Сўх, Исфайрам, Исфара, Хўжабақирғон (Хўжа Баҳорон), Оқсув, Оҳангарон, Чирчиқ, Келес, Қора – Узоқ, Жамандарё, Берқазон, Сагази, Утутлау, Кўкариқ, Қувандарё, Янгидарё, Султонхон узоқ, Батпак утку номли дарёча, сой ва уларнинг ўзанларидан фойдаланганлар. Бу ҳудудда ҳамма давру замонларда ҳозиргидек аҳоли зич жойлашган ва одамлар сув захирасининг ҳар бир томчисини эҳтиёт қилиб зироатчиликни ривожлантиришга сарф этганлар. Ҳар бир маҳалланинг ўз масжиди, меҳмонхона – гап-гаштакхонаси бўлгани каби маҳалла ҳовузи ҳам бўлган. Унинг атрофига сув буғланишини камайтириб, салқин берувчи тол, мажнунтол, чинорлар тикилган. Ҳаво ҳарорати баланд бўлганда, маҳалладагилар бу дарахтлар остида, ҳовуз бўйида дам олишган.
Сувни тежаш, исрофгарчиликка йўл қўймасликка ҳаракат қилиш бу халқимиз маданияти савияси белгиси бўлиш билан бирга, сувни дарё ва ўзанлардан олиб ишлатиш нақадар оғир меҳнат ва бу меҳнатни қадрлаш лозимлигининг нишонаси ҳамдир. Аждодларимиз асрлар давомида тоза ичимлик сувлари – дарё, сой, булоқ – чашма, ҳатто ёмғир, жалалардан ҳосил бўлган сел сувларини тўплаб, экин парваришида ишлатишган. Дарё, сойлар сувини сув чархпалаклари орқали чуқурликдан юқорига ташлатиб суғориш усули Фарғона, Илоқ ва Шош ҳудудига хос бўлган. Сув тўғонлари, дамбалар қуриб, Амударё ва Зарафшон сувидан марвликлар ва қадимий суғдийлар – Зарафшон ва Қашқадарё воҳалари аҳолиси фойдаланганлар. Ғишбанд, Хонбанд, Абдуллохонбанд номли сув тўсиқлари орқали тоғ сойлари сувини тўплаб, экин экиб, парваришлаган деҳқонларнинг маҳорати таҳсинга лойиқдир. Тузилишига кўра, бу тўғонлар – сув тўсиқлари мураккаб бўлиб, суғориш тизимида замонавий илмлар ютуқлари асосида ҳозирда бунёд этилаётган сув иншоотларидан камчилиги бўлмаган. Тўғонларни қуриш жараёнида маҳаллий ирригаторлар жой релефи, ер қимирлашига дош бера олиши, сув босимининг тўғонга таъсири, сув буғланиши даражаси каби масалаларни инобатга олганлар. Тўғонлар ишлов берилган тош ва пишган ғиштлардан қурилган. Цемент ўрнига сувда ўсадиган (қамиш, шоли каби) ўсимликлар кули ва оҳак, ганчдан махсус қоришмалар тайёрланиб, ишлатилган. Бундай қурилиш қоришмаси, биноларга нам таъсир этмаслиги учун архитектура ёдгорликлари пойдеворини қуришда ҳам кенг қўлланилган.
Тоғ сув ресурслари халқимизнинг чинакам моддий бойлигидир. Мамлакатимиз келажаги учун айнан тоғ сувлари жуда аҳамиятлидир. Меҳнаткаш халқимиз олдида жуда улкан вазифалар турибди, 3 миллион 600 минг киловатт-соат имкониятга эга бўлган Роғун ГЭСини ишга туширгач, аҳолининг электр қувватига бўлган эҳтиёжи қондирилиб, чет элга электр энергиясини экспорт қилиш ҳам мумкин бўлади. Аслида Роғун ГЭСининг ишга туширилиши иқтисодий ҳаётимиз учун янги – саноат юксалиши даврини, юртимизда замонавий завод ва фабрикаларни ташкил қилиш ва табиий бойликларимизни ўз корхоналаримизда қайта ишлаб, сўнгра четга чиқариш имкониятлари пайдо бўлишини бошлаб беради. Бугина эмас, келажакда Вахш дарёсининг ўзида яна Роғун билан баравар қувватга эга Рўшон ГЭСи, 4 миллион киловатт-соат қувватга эга Даштижум ГЭСи, Панж дарёсида Дарвозаи сангин (4 миллион киловатт-соат), Жумор (3 миллион киловатт-соат), Ғунт дарёсида 4,1 миллион киловатт-соат қувватга эга бўлган иккита ГЭСларни қуриш режалаштирилган. Бу юртимиз келажагининг истиқболли нишонасидир.
Давлат сарвари сув муаммоси масаласида ташаббускор бўлиш билан бирга, Тожикистондаги сув билан боғлиқ имкониятларга жаҳон аҳли назарини қаратмоқда. Хусусан, ГЭСлар қурилиши мамлакатимиз ва қўшни мамлакатлар қишлоқ хўжалигининг ривожланиши учун ҳам катта имкониятлар очади. Тоғ дарёларининг жиловланиши, керакли мавсумларда улардан фойдаланиш имкониятини вужудга келтиради. Бу эса зироатчилик ривожида ўта муҳимдир.
Сув масаласига ижтимоий томондан ёндашилганда, шуни таъкидлаш зарур: сув кенг қамровли тушунча ва у шу турдаги барча кўринишларига нисбат берилиб, умумий ва ҳамма вақт зарурий оби ҳаёт - сув тасаввур қилинади. Саҳрода ташналик ва очлик доғида қолган одам учун бир қултум сув чинакам мўъжизадир. Шу боис, ҳозирда башариятни ташвишлантираётган муаммо – сув захираси ҳисобланади. Маълум бўлишича, дунёдаги барча дарё, кўллар ва ерости сувларининг захираси умумий сув захирасининг бор-йўғи 0,6 фоизини ташкил этиб, унинг ҳам бир қисмигина истеъмол учун яроқли ҳисобланар экан. Бунинг боиси - ерости сувларининг кўп қисми ҳамда кўплаб кўлларнинг суви минераллашгани учун улар истеъмол қилишга яроқсиздир. Истеъмол қилиш мумкин бўлган чучук сув захирасининг 98 фоизи ерости сувлари ҳиссасига тўғри келади. Бу ўз навбатида, табиий ноқулайликларни туғдиради. Бундай чучук сувларнинг ярми 800 метрдан ортиқ чуқурликда жойлашганлиги сабабли, уни юқорига чиқариш зарур куч ва катта маблағни тақозо қилади. Тириклик манбаи – чучук сув захирасининг 1,47 фоизи кўлларда ва 0,1 фоизигина дарё ва сойларда жамланган бўлиб, кўпроқ шу сувларгина инсон эҳтиёжини қондира олади.
Истеъмолга яроқли сув захираси жуда кам бўлиши билан бирга, афсуски, у инсоннинг нотўғри фойдаланиши таъсирида йил сайин камайиб бораётгани янада ташвишланарлидир. Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг маълумотига кўра, ҳозирги кунда Ер шари аҳолисининг 40 фоизи жойлашган 80та мамлакатда ичимлик сувининг танқислиги сезилмоқда.
Сайёрамизда чучук сув танқислигининг ошиб бораётганлигининг бир қатор сабаблари мавжуд. Бу ҳол қишлоқ хўжалигида, саноат ва турмушда сув сарфининг кўпаяётганида, аҳоли сонининг ошиб бораётганлигидагина эмас, балки очиқ сув ҳавзаларига ташланаётган оқова сувлар миқдорининг тобора ошиб бораётганида, яъни сувларнинг тобора кўп ифлосланаётганида ҳамдир. Германияда оқова сувларнинг ярмидан кўпи, АҚШда эса, учдан бир қисми тўлиқ тозаланмай, дарё ва кўлларга қуйилмоқда. Япония, Англия, Голландия, Белгия, Францияда ҳам дарё ва кўллар юқори даражада ифлосланган. Энг ифлос дарёлардан бири Европанинг йирик сув артерияси ҳисобланган Рейн дарёсидир. Қирғоқда жойлашган саноат корхоналарининг оқова сувлари тўғридан-тўғри шу дарёга оқиб тушмоқда. Шунинг учун, бу дарёда балиқлар яшай олмаяпти, одамларнинг чўмилиши эса, қатъиян тақиқлаб қўйилган.
Кейинги йиллар мобайнида кишилар табиатдан инсоният тарихи давомида олганидан кўра уч баравар кўп бойликларни ўзлаштиришди. Натижада чиқиндилар миқдори кескин кўпайиб кетди.
Тоғли минтақада жойлашган мамлакатимизда сув ресурслари ижтимоий-иқтисодий фаровонлик ва экологик барқарорликни таъминловчи асосий омил саналади. БМТ томонидан сув муаммосига бағишлаб ўтказилган саммитларда устувор ривожланишнинг асоси сифатида сув ва канализация, энергия, соғлиқни сақлаш, қишлоқ хўжалиги ва биохилма-хиллик алоҳида ўрин тутиши таъкидланди. Бунда сув муаммоси бошқа муаммоларни ҳал қилишнинг асоси экани туфайли ҳам биринчи ўринда турибди.
Инсоннинг етарли ва хавфсиз ичимлик суви билан таъминлангани унинг конституцион ҳуқуқларини рўёбга чиқаришнинг зарур шарти ҳисобланади. Сувга бўлган ҳуқуқлар доирасида унга нисбатан қўлланадиган етарлилик, хавфсизлик ва очиқлик каби талаблар муҳим аҳамият касб этади. Ҳар бир инсон ичимлик суви билан таъминланган бўлиши шарт, одамларни тоза сув билан таъминламаётган давлат органлари ва мансабдор шахслар инсон ҳуқуқларини бузган ҳисобланади. Шу боис, ичимлик сувига фақатгина иқтисодий товар эмас, балки ижтимоий ва маданий неъмат сифатида қараш лозим.
Аҳолининг тоза сувга бўлган эҳтиёжини қондириш мақсадида ичимлик суви сифатини оширишга хизмат қилувчи кам харажатли технологиялардан кенгроқ фойдаланишни йўлга қўйиш замон тақозосидир. Айни пайтда истиқомат уйларида ҳисоблагичлар қўйиш ва қишлоқ хўжалигида томчилаб суғориш сифатида йўлга қўйилган. Шунингдек, барча соҳаларда сувни тежаш ва сув ресурслари сифатини яхшилаш, сувнинг сифатини назорат қилиб туриш, оқова сувларни тозалаш устидан назорат ўрнатиш, саноат корхоналарининг сувдан қандай фойдаланишини текшириб бориш, янги қуриладиган корхоналарнинг лойиҳавий ҳужжатларини экспертизадан ўтказиш, тозалагич иншоотларсиз уларнинг ишга туширилишига йўл қўймаслик зарур.
Хуллас, сув ҳаёт манбаи сифатида инсониятнинг тараққиёти ва мавжудлиги, етмиш икки қон томирида оқаётган тириклик омилидир. Шу жиҳатдан, у қадрланишга, эъзозланишга, кўз қорачиғидек муҳофаза қилинишга лойиқ ва сазовордир.
Б. Турсунов,
А. Шарипов,
Б. Шеронов, Тожикистон Давлат ҳуқуқ, бизнес ва сиёсат дорилфунуни ижтимоий фанлар кафедраси доцентлари.
ҲОЛАТ
Маҳзунли кечалар, майин кечалар,
Сиёҳранг дардлардан ғамбода кўнгил.
Бир бора «оҳ» уриб дил ўзанига,
Бу ғаддор дунёга қўл силтаб қўйгил.
Муфассал...
Зафаробод ноҳиясида янги пахта тозалаш заводи ишга туширилди. У тадбиркор Абдусамад Нормаматов томонидан бунёд этилди. Завод қурилиши учун 2 ярим миллион сомоний маблағ сарфланган.
Янги корхона Америка Қўшма Штатларида ишлаб чиқарилган замонавий ускуналар билан жиҳозлантирилган. Корхона йилига 300 тонна пахта толаси тайёрлаш иқтидорига эга.
Муфассал...2015
1-2015
2-2015
3-2015
4-2015
5-2015
6-2015
7-2015
8-2015
9-2015
10-2015
11-2015
12-2015
13-2015
14-2015
15-2015
16-2015
17-2015
18-2015
19-2015
20-2015
21-2015
22-2015
23-2015
24-2015
25-2015
26-2015
27-2015
28-2015
29-2015
30-2015
31-2015
32-2015
33-2015
34-2015
35-2015
36-2015
37-2015
38-2015
39-2015
40-2015
41-2015
42-2015
43-2015
44-2015
45-2015
46-2015
47-2015
48-2015
49-2015
50-2015
51-2015
52-2015