Тинчлик ва миллий бирлик асосчиси – Миллат пешвоси, Тожикистон Президенти муҳтарам Эмомали Раҳмон давом этаётган Наврўз тантаналарида қатнашиш, бунёдкорлик ва яратувчанлик ишлари жараёни билан танишиш ҳамда бир қатор байрам иншоотларини фойдаланишга топшириш мақсадида Суғд вилоятига ташриф буюрди.
Миллат пешвоси муҳтарам Эмомали Раҳмонни Хўжанд халқаро аэропортида Суғд вилояти раиси ва давлат ҳокимияти маҳаллий ижроия органларининг масъул вакиллари кутиб олдилар.
Меҳнат фахрийлари, аёллар ва ёшлар, илм ва маданият ходимларидан иборат Суғд вилояти жамоатчилик вакиллари ўзларининг ардоқли Йўлбошчилари - Тожикистон Республикаси Президентини юксак самимият ва хушнудлик ила қарши олишди.
Ёшлар гуруҳи, атлас ва адрас кийган лобар қизлар ота-боболаримиздан қолган Наврўз анъаналарини бажариш орқали юртимизда ҳукмрон бўлган тинчлик ва миллий бирлик шукронасини тараннум этдилар. Бу, албатта, мустақил Тожикистоннинг кун сайин гуллаб-яшнаётгани ва ривожланиб бораётганидан далолатдир.
Миллат пешвоси муҳтарам Эмомали Раҳмоннинг Суғд вилоятига бўлган навбатдаги иш сафаридан кўзланган мақсад, ободончилик ва бунёдкорлик ишларининг бориши билан танишиш, экин-тикин ишларини бошлаб бериш, турли соҳа иншоотларининг очилиш маросимида иштирок этиш, шунингдек, аҳамиятга молик бошқа улкан иншоотлар қурилишига тамал тоши қўйиш ҳамда Суғд вилояти шаҳар ва ноҳиялари аҳолиси, фаоллари билан мулоқот ўтказишдан иборат эди.
Мустақиллик файзидан тобора гуллаб-яшнаётган вилоятнинг шаҳар ва ноҳияларида халқаро Наврўз байрами, айниқса, олий мартабали меҳмоннинг ташрифи муносабати билан байрам шукуҳи кезиб юрди. Қувончи ичига сиғмаган вилоят аҳолиси эса, Миллат пешвоси ва халқаро Наврўз байрамини кутиб олиш учун кўчаларга чиқдилар.
Қайд қилиш лозимки, мустақиллик даврида мамлакатимизнинг ҳар бир гўшасида ҳукм сураётган тинчлик-осойишталик, айниқса, мамлакат Президенти муҳтарам Эмомали Раҳмоннинг тинимсиз саъй-ҳаракатлари туфайли Суғд вилояти шаҳар ва ноҳиялари янада обод бўлди. Бундан ташқари, халқнинг яшаш шароити бир неча баравар яхшиланди. Суғд вилояти жамоатчилик вакиллари Миллат пешвоси муҳтарам Эмомали Раҳмоннинг мамлакатда тинчлик-осойишталикни қайта тиклашдаги мислсиз хизматини доимо ардоқлайдилар. Вилоят аҳолиси томонидан Миллат пешвосининг самимий кутиб олиниши у киши юритаётган яратувчан сиёсатга хайрихоҳликнинг юксак нишонасидир.
ЯНГИ ТАЪЛИМ БИНОСИ
Тинчлик ва миллий бирлик асосчиси – Миллат пешвоси, Тожикистон Президенти муҳтарам Эмомали Раҳмоннинг Суғд вилоятига бўлган иш сафари Бобожон Ғафуров ноҳиясининг Унжи қишлоғидаги 14-ўрта умумтаълим муассасасининг янги биносини фойдаланишга топширишдан бошланди.
Давлат сарварини ушбу мактаб ҳовлисида ўқитувчи ва ўқувчилар самимий кутиб олдилар. Сўнгра, Миллат пешвоси томонидан тантанали равишда рамзий лента қирқилди. Шундай қилиб, 14-ўрта умумтаълим муассасасининг янги биноси ўз фаолиятини бошлади.
Давлат сарвари мактаб синфхоналарини кўздан кечириш, у ердаги мавжуд шароит ва имкониятлар билан танишиш чоғида мактаб биноси қисқа вақт ичида, яъни 9 ой давомида тўлиқ қуриб битказилганини айтди. Янги бино билан бир қаторда, эски бинолар ҳам фаол бўлган мазкур мактабда жами 1900 нафар ўқувчи таълим олади. Ушбу таълим муассасасида олий маълумотли 130 нафар ўқитувчи фаолият юритади.
14-ўрта умумтаълим муассасасининг янги биноси чиройли кўринишга эга бўлиб, замонавий меъморчилик усулида бунёд этилган. Уч қаватли мактаб биноси 1080 ўринга эгадир. Ўқувчилар икки сменада таълим оладилар. Янги мактабнинг асосий биносида ўқитувчилар учун иш кабинетлари ва 18та фан синфхонаси мавжуд. Барча замонавий таълим буюмлари билан жиҳозланган астрономия, физика, химия ва информатика синфхоналари шулар жумласидандир.
Янги мактаб биносида волейбол, баскетбол, теннис ва минифутбол ўйинларига мўлжалланган кенг ва шинам спорт зали ҳам мавжуд. Томошабинлар учун 200 ўрин ташкил қилинган. Мактаб ҳовлисида, шунингдек, волейбол ва баскетбол ўйинларига мўлжалланган иккита спорт майдончаси жойлашган. Айтиш лозимки, қисқа муддатда қад ростлаган янги мактаб биносига 8,5 миллион сомоний сарфланган. Қурилиш ишлари “Барқарор” МЧЖ қурилиш бошқармаси томонидан бажарилган.
Тожикистон Президенти муҳтарам Эмомали Раҳмон 14-ўрта умумтаълим муассасасининг янги таълим биносини фойдаланишга топширгандан сўнг ўқитувчи ва ўқувчилар, жамоатчилик вакиллари ҳамда ноҳия фаоллари билан самимий мулоқот ўтказди.
Давлат бошлиғи ўз чиқишида давлат сиёсатида маориф соҳасига алоҳида афзалликлар берилганини айтиб ўтди. Сабаби, таълим муассасалари, болалар боғчалари, университетлар ва институтларда маърифатли авлодни вояга етказамиз. Улар келгусида касбий мутахассис бўлиб, мамлакатимиз тараққиётига ҳисса қўшадилар.
Учрашувда, шунингдек, ўқувчи ва фуқаролар сўз олиб, янги ва замонавий мактабни қуриб бергани, умуман олганда, республика бўйлаб олиб борилаётган кенг кўламли ободончилик ва яратувчанлик ишлари учун Давлат сарварига ўз миннатдорчиликларини билдирдилар.
«АТЛАСИ ХЎЖАНД» МЧЖ ФАОЛИЯТИ БИЛАН ТАНИШУВ
Тинчлик ва миллий бирлик асосчиси – Миллат пешвоси, Тожикистон Президенти муҳтарам Эмомали Раҳмон Суғд вилоятининг Хўжанд шаҳрида “Атласи Хўжанд” масъулияти чекланган жамият фаолияти билан танишди.
Давлат сарвари муҳтарам Эмомали Раҳмонга маълум қилишларича, мазкур корхона 1966 йили 7,7 гектар майдонда бунёд этилган. Шу кунгача бу ерда ипак маҳсулотлари, хусусан, атлас матоси ишлаб чиқарилади.
Олдинги йилларда Тожикистон ва минтақа бозорини сифатли атлас матоси билан таъминлаб келган ушбу корхона фаолияти бир муддат оқсаб қолганди. Бор иқтидорини ишга сололмай келаётган корхона фаолияти 2005 йили Миллат пешвоси муҳтарам Эмомали Раҳмоннинг бевосита қўллаб-қувватлаши билан қайта тикланди. Корхонада атлас ва адрас ишлаб чиқариш йўлга қўйилди.
Айни пайтда “Атласи Хўжанд” корхонасида автоматик равишда ишлайдиган 32та мато тўқиш дастгоҳи мавжуд. Бугун мамлакат ичкариси ва минтақа бозорида тожик халқининг асл миллий матолари ҳисобланган атлас ва адрасга талаб ошгани барчамизга аён. Корхонага ўрнатилган тўқув дастгоҳлар ёрдамида атлас ва адрас ишлаб чиқариш кенг йўлга қўйилган.
Бугунги кунда 100 нафардан зиёд ёшлар иш билан таъминланган мазкур корхонада сифат ва бичим жиҳатидан халқаро андозаларга жавоб берувчи атласнинг 60 ва адраснинг 30дан ортиқ тури ишлаб чиқарилади.
Мавжуд шароит ва имкониятлардан фойдаланиш орқали “Атласи Хўжанд” корхонасида бир йил давомида 60 минг метр атлас ишлаб чиқарилади. Агар иккинчи иш сменаси жорий қилинса, бу кўрсаткич 120 минг метрга етади.
Мамлакат Президенти муҳтарам Эмомали Раҳмон аҳоли талаби инобатга олиниб, рақобатга чидамли маҳсулот ишлаб чиқариш йўлга қўйилса, тайёрланган маҳсулот мамлакат ичкарисида ҳам, чет элда ҳам ўз харидорларини топа олишини таъкидлади. Ушбу омил маҳсулот ҳажмининг ортишига кўмаклашибгина қолмай, ушбу турдаги маҳсулот импортига ҳам тўлиқ чек қўяди.
Давлат бошлиғи муҳтарам Эмомали Раҳмон давлат ҳокимияти Суғд вилояти ижроия органи, тегишли вазирлик ва идоралар масъулларига мазкур корхонани тўлиқ хом ашё билан таъминлаш юзасидан топшириқ берди. Зеро, корхона асосий хом ашё - ипак билан таъминланса, маҳсулот ҳажми ортади. Бу эса, ўз навбатида, янги иш ўринлари яратилишига мустаҳкам замин ҳозирлайди.
ЕТИМ БОЛАЛАР ИШТИРОКИДА НАВРЎЗ БАЗМИ
Тинчлик ва миллий бирлик асосчиси – Миллат пешвоси, Тожикистон Президенти муҳтарам Эмомали Раҳмон Суғд вилоятига иш сафари доирасида Хўжанд шаҳрининг 34-маҳалласида савдо ва хизмат кўрсатиш марказларини ўз ичига олган 9 қаватли турар жой биносини фойдаланишга топширди.
Мазкур иншоот 15 миллион 286 минг сомоний эвазига маҳаллий тадбиркор Аюб Тоҳиров томонидан қуриб битказилган. Қурилиш ишларини маҳаллий ишчи ва мутахассислар бажаришган. Ушбу иншоот меъморчилик меъёрлари жиҳатидан замон талабига тўла жавоб бера олади.
Турар жой биноси 50та квартирани ўз ичига олади. Шундан 10таси бир хонали, 18таси икки хонали, 10таси уч хонали ва 12таси тўрт хонали квартиралардир. Турар жой биносининг 1 ва 2-қаватларида савдо ҳамда хизмат кўрсатиш марказлари жойлашган.
Квартиралар шароити билан танишган мамлакат Президенти муҳтарам Эмомали Раҳмон қурилиш ишларининг сифатига юқори баҳо бериб, тадбиркорнинг ушбу ташаббусини бунёдкорлик ва ободончилик йўналишидаги муҳим қадам, дея баҳолади.
Кўп қаватли турар жой биносининг очилиш маросимидан сўнг Миллат пешвоси муҳтарам Эмомали Раҳмон шу ернинг ўзида ўн нафар ногиронлар оиласига квартиралар калитини топширди. Давлат сарвари муҳтарам Эмомали Раҳмон хайрли ишга қўл ургани, халқаро Наврўз байрами нишонланаётган кунларда савоби улуғ хайрли ишни амалга оширгани учун ишбилармон Аюб Тоҳировга миннатдорчилик билдирди.
Кенг ва шинам уй-жойга эга бўлган ногиронлар Миллат пешвоси муҳтарам Эмомали Раҳмонга чин дилдан раҳмат айтдилар.
Турар жой биносининг биринчи қаватида ота-онасидан айрилган 450 етим болалар учун байрам дастурхони тузалди. Шунингдек, камтаъминланган оилалардан бўлган 50 нафар боланинг суннат тўйи ўтказилди. Мамлакат Президенти муҳтарам Эмомали Раҳмон барча болажонларни халқаро Наврўз байрами билан қутлаб, уларга эсдалик совғалари улашди.
ДАВЛАТ БОШЛИҒИ ИСФАРА ШАҲРИДА
24 март куни Тинчлик ва миллий бирлик асосчиси – Миллат пешвоси, Тожикистон Республикаси Президенти муҳтарам Эмомали Раҳмон бир қатор муҳим иншоотларнинг очилиш маросимида қатнашиш мақсадида Исфара шаҳрида бўлди.
Шаҳарнинг муваққат аэропортида Миллат пешвоси муҳтарам Эмомали Раҳмонни шаҳар аҳолиси ва фаоллар ўзига хос самимият билан тантанали равишда кутиб олишди.
Ҳар йили халқаро Наврўз байрами кунларида яратувчанлик ва бунёдкорлик тадбирлари доирасида Давлат сарварининг Суғд вилояти шаҳар ва ноҳияларига ташриф буюриши анъана тусини олган.
“БАРАКАТ ИСФАРА” МЧЖ ЎЗ ФАОЛИЯТИНИ БОШЛАДИ
Наврўз умумхалқ байрами нишонланаётган шу кунларда Миллат пешвоси муҳтарам Эмомали Раҳмон иштирокида Исфара шаҳрида турли иншоотлар фойдаланишга топширилди.
Давлат бошлиғи Эмомали Раҳмон дастлаб мевани қайта ишлашга ихтисослашган корхона - “Баракат Исфара” масъулияти чекланган жамиятида бўлди. Миллат пешвоси томонидан тугма босилиб, корхона фаолияти бошлаб берилди. Мазкур корхона Россия Федерацияси ишбилармонлари томонидан киритилган инвестиция (97 фоиз) ҳисобидан бунёд этилган ва замонавий ускуналар билан жиҳозланган.
Қурилиш ва корхона фаолиятини тўла-тўкис йўлга қўйиш учун сарфланган умумий маблағ миқдори 3 миллион АҚШ доллари ёки 24 миллион сомонийни ташкил қилади.
“Баракат Исфара” масъулияти чекланган жамиятида маҳсулотларни иссиқ буғдан фойдаланган ҳолда қайта ишлаш, ўрик ва олхўрини юмшатиш, меваларни данагидан ажратиш, зарарсизлантириш, синов учун ташхис ўтказиш, меваларни навларга ажратиш ва қадоқлаш йўлга қўйилган. Қайта ишланган маҳсулотлар, асосан, Россия Федерацияси, Қозоғистон, Европа Иттифоқи мамлакатлари, Америка Қўшма Штатларига экспорт қилинади. Яқинда қуриб битказилган ушбу корхонада 70 киши иш ўрни билан таъминланган. Шундан 65 нафари аёллардир. Ишчилар маоши иш мавсумига қараб 700-2000 сомонийни ташкил этади.
Корхона фаолияти билан бевосита танишган Давлат бошлиғи бажарилган ишларни юқори баҳолаб, қуруқ мевани сифатли қайта ишлаш борасида аниқ кўрсатма ва топшириқлар берди.
Шунингдек, ишлаб чиқарувчилар қуруқ мевадан тайёрланган маҳсулот навларини кўргазмага қўйдилар. Давлат сарвари тадбиркорлар ишлаб чиқарган маҳсулотларни кўздан кечириб, ички бозорга янада кўпроқ маҳсулот чиқариш ва ишлаб чиқариш кўламини кенгайтириш орқали мевалар ҳосилининг талафотини камайтириш борасида фойдали маслаҳат ва кўрсатмалар берди.
Исфара-Хўжанд автомагистралида жойлашган корхона вакиллиги қуруқ мевани қадоқлаш цехи ва тайёрланган маҳсулотларни сақлашга мўлжалланган музхонани ўз ичига олади. Масъулларга кўра, умуман олганда, “Баракат Исфара” масъулияти чекланган жамияти ва унинг Исфара-Хўжанд автомагистралидаги филиалида 170 киши мавсумий ишларга жалб қилинади. Ишлар юришиб кетиб, корхона фаолияти кўнгилдагидек давом этиб турса, ишчилар сонини 250 нафаргача ошириш мумкинлиги таъкидланди. Корхонага ўрнатилган асбоб-ускуналар Россия ва Туркиядан келтирилган. Қайд қилиш лозимки, корхонада ишлаб чиқариладиган маҳсулотлар халқаро меъёрларга тўла жавоб беради.
САЙФУДДИН ИСФАРАНГИЙ НОМЛИ МАДАНИЙ-ИСТИРОҲАТ БОҒИНИНГ ОЧИЛИШИ
Иш сафари билан Исфара шаҳрида бўлган Тинчлик ва миллий бирлик асосчиси – Миллат пешвоси, Тожикистон Республикаси Президенти муҳтарам Эмомали Раҳмон ушбу қадимий шаҳар марказида яқиндагина реконструкция қилинган Сайфуддин Исфарангий номли маданий-истироҳат боғини фойдаланишга топшириш маросимида қатнашди.
Исфара шаҳрининг миннатдор аҳолиси Миллат пешвоси муҳтарам Эмомали Раҳмонни ўзига хос ҳурмат-эҳтиром билан қарши олдилар.
Шуни алоҳида таъкидлаш зарурки, маданий-истироҳат боғини янгилаш ташаббуси Тожикистон давлати раҳбарининг кўрсатма ва топшириқлари асосида илгари сурилган. Бу, албатта, Миллат пешвоси юритаётган маданиятпарвар сиёсатнинг улкан натижасидир. Айтиш лозимки, қаровсиз ҳолда бўлган шаҳарнинг бу гўшаси яратувчанлик тадбирлари ва бунёдкорлик саъй-ҳаракатлари негизида Исфара шаҳри аҳолиси ҳордиқ чиқарадиган ва сайр қиладиган сўлим масканлардан бирига айланди.
Тасдиқланган меъморчилик режаларига кўра, Сайфуддин Исфарангий номли маданий-истироҳат боғида кириш қисми - дарвоза, фаввора ва шаршаралар, миллий ўймакорлик усулида безатилган минбар, йўлаклар, ўриндиқлар ва декоратив ёритгичлар қад ростлаган. Шу билан бирга, боғ ҳудудида майсазорлар ташкил қилинган.
Ушбу мавзеда тожик-форс шоири Сайфуддин Исфарангийнинг баландлиги 5,5 метр келадиган ҳайкали қад ростлаган. Миллат пешвоси муҳтарам Эмомали Раҳмон тожик-форс шоири Сайфуддин Исфарангий ҳайкали юзидан пардани очди. Шундай қилиб, боғ тантанали равишда фойдаланишга топширилди.
ХIII аср тожик-форс адабиётининг забардаст вакилларидан бири бўлган Мавлоно Сайфуддин Исфарангий адабиёт ва шеъриятда ўзига хос ўрин тутибгина қолмай, илму ирфонда ҳам юксак ном қозонган.
Айтилишича, Сайфуддин Исфарангий номли маданий-истироҳат боғининг умумий қиймати 4 миллион 200 минг сомоний атрофида бўлиб, қурилиш ишлари, асосан, саноат корхоналари, ташкилот ва муассасалар, саховатли тадбиркорлар ҳамда Исфара шаҳри аҳолисининг қўллаб-қувватлашида ҳашар йўли билан амалга оширилган. Боғнинг реконструкция ишлари борилган майдони 3,3 гектарни ташкил қилади. Шундан 8000 квадрат метри майдон ва йўлаклардир. Сайфуддин Исфарангий номли маданий-истироҳат боғининг асосий пудратчиси «Исфара қурилиш ширкати» МЧЖ, «Х-аср», шунингдек, «Исфара электр тармоқлари» ЁҲЖдир. Иншоот буюртмачиси шаҳар ижроия органининг асосий қурилиш бўлимидир.
Сайфуддин Исфарангий ҳайкали устидан парда кўтариш маросими якунлангач, Исфара шаҳри аҳолиси ва адабиёт аҳли олдида чиқиш қилган Тинчлик ва миллий бирлик асосчиси – Миллат пешвоси, Тожикистон Республикаси Президенти муҳтарам Эмомали Раҳмон қадимий шаҳар аҳолисини халқаро Наврўз байрами билан қутлаб, шу куни фойдаланишга топширилган иншоотлар муносиб байрам совғаси бўлганини айтди.
Давлат бошлиғи ўз нутқида атоқли тожик-форс шоири ва мутафаккири Сайфуддин Исфарангийнинг мумтоз адабиёт равнақида тутган ўрни, ушбу агросаноат шаҳар халқ хўжалигидаги алоҳида соҳалар тараққиёти, давлатнинг хусусий бўлим билан зич ҳамкорлиги, кичик ва ўрта тадбиркорликни ривожлантириш ҳамда Исфара шаҳрида туризмни тараққий эттириш каби масалаларга тўхталиб ўтди.
Шундан сўнг, Сайфуддин Исфарангий номли маданий-истироҳат боғининг фойдаланишга топширилиши муносабати билан кенг қамровли концерт дастури уюштирилди.
МИЛЛАТ ПЕШВОСИ “ЗУМРАД” САНАТОРИЙСИДА
Тинчлик ва миллий бирлик асосчиси – Миллат пешвоси, Тожикистон Президенти муҳтарам Эмомали Раҳмон “Зумрад” санаторийси очиқ ҳиссадорлик жамиятидаги реконструкция ишларининг бориши билан яқиндан танишди.
“Сомонсуғд” ёпиқ ҳиссадорлик жамияти ишчилари ва мутахассислари санаторийнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш мақсадида, санаторийга келадиган мижозлар учун янги шароитларни яратишган. Бу ердаги шароит билан танишув чоғида маълум қилинишича, санаторийнинг 4-рақамли биноси асосий таъмирдан чиқарилган. Қолаверса, санаторий ошхонасида хизмат кўрсатиш сифати кундалик талабга мувофиқлаштирилган.
Шунингдек, санаторий ошхонасини гўшт, сут, сабзавот ва полиз экинлари билан таъминлаш мақсадида, “Сомонсуғд” ёпиқ ҳиссадорлик жамияти ишчилари томонидан санаторий ҳудудида мол-сут ва паррандачилик фермаси ҳамда 4та иссиқхона қурилган.
Ушбу мавзени янада сўлим ва барҳаво масканга айлантириш мақсадида, санаторий ҳудудига 4 минг туп мевали, 1000 туп манзарали дарахт ва 11 минг туп турли гул кўчатлари ўтқазилган.
Умуман олганда, санаторийни таъмирлаш ва янгилаш ишларига маҳаллий тадбиркорлар томонидан 20 миллион сомонийдан ортиқ маблағ сарфланган.
Шу ерда мамлакат Президенти муҳтарам Эмомали Раҳмон “Зумрад” санаторийсининг янги меҳмонхонаси қурилишига тамал тошини қўйди.
Қурилажак меҳмонхона ертўла ва олти қаватдан иборат бўлади. Ертўладан соҳанинг замонавий асбоб-ускуналари билан жиҳозланган ташхис қўйиш ва даволаш ҳужралари ўрин олиши кўзда тутилган. Биринчи қаватдан қабулхона ва шифокорларнинг алоҳида қабулхоналари, қолаверса, спорт-фитнес зали, тиббиёт пунктлари, газета ва журналлар, совғалар сотиладиган дўкон, гўзаллик салони, иккинчи қаватдан мажлислар зали ва ошхона ўрин олади. Юқори қаватларда 300 нафар дам олувчи учун бир кишилик ва икки кишилик хоналарни қуриш режалаштирилган. Барча хоналар замонавий стандарт талаб ва меъёрларига мос равишда бунёд этилади ва жиҳозланади. Бундан ташқари, хоналар интернет тармоғига уланади. Бино томи ҳам ҳордиқ чиқариш ва қуёш нури билан даволаш усулини амалга оширишга мўлжалланган. Режага мувофиқ, келгуси икки йилда 1200 кишининг дам олиши ва даволаниши учун шароит яратилади. Шу билан бирга, 300та янги иш ўрни ташкил қилинади. Бу эса, маҳаллий аҳоли бандлигини оширишга замина яратади.
Мазкур бинонинг ёнгинасида замонавий лойиҳа асосида аквапарк бунёд этилади.
Давлат сарвари муҳтарам Эмомали Раҳмонга санаторийга кираверишда қурилиши кўзда тутилган икки қаватли ташхис-даволаш маркази биносининг лойиҳаси ҳам кўрсатилди. Бу ерда, шунингдек, фахрий меҳмонларни қабул қилишга мўлжалланган ҳукумат қароргоҳининг қурилиши режалаштирилган. Ҳукумат қароргоҳи ажратилган 5,6 гектар майдонда халқаро андозаларга мос равишда бунёд этилади. Қароргоҳ меҳмонхона, даволаниш хоналари, ресторан, спорт майдони, ёзги ва қишки сузиш бассейнлари, йиғилиш ва мажлислар ўтадиган заллар, фавворалар, гулзор ва бошқа хизмат кўрсатиш нуқталаридан иборат бўлади.
Мамлакат Президенти муҳтарам Эмомали Раҳмон “Зумрад” санаторийсидаги хизмат кўрсатиш ва иш шароити билан танишиб бўлгач, маҳаллий тадбиркорларнинг яхши дам олиш ва даволаниш шароитини яратиш, янги иш жойларини ташкил қилиш йўлидаги саъй-ҳаракатлари ва бошқа муносиб ташаббусларига юқори баҳо бериб, уларга янгидан-янги омад ва муваффақиятлар тилади.
ФАОЛЛАР БИЛАН УЧРАШУВ
2017 йилнинг 24 март куни Тинчлик ва миллий бирлик асосчиси - Миллат пешвоси, Тожикистон Республикаси Президенти муҳтарам Эмомали Раҳмон Суғд вилояти раҳбарияти ва фаоллари билан иш мажлиси ўтказди.
Иш мажлиси чоғида Суғд вилояти ижтимоий-иқтисодий ҳолати, бунёдкорлик ишларининг бориши, баҳорги экин-тикин ишлари, янги саноат корхоналари ва иш жойлари яратиш, мавжуд камчиликларни бартараф этиш масалалари таҳлил қилинди ва кўриб чиқилди.
Ўз чиқишида мамлакат Президенти вилоят шаҳар ва ноҳияларининг ижтимоий-иқтисодий соҳалари тараққиётини чуқур таҳлил қилди.
2017 йил бошигача вилоятнинг бюджетга солиқлар бўйича қарзи ижтимоий солиқ ҳисобга олинганда, 130 миллион сомонийни ташкил қилиб, шундан асосий қисми Хўжанд, Истаравшан, Исфара, Зафаробод, Мастчоҳ ва Бобожон Ғафуров каби шаҳру ноҳияларга тўғри келиши қайд қилинди. 2016 йили вилоят бюджети 101,8 фоизга ижро этилиб, унга 1,9 миллиард сомоний маблағ келиб тушди. Бу режадан 34,5 миллион сомонийга зиёддир.
Ҳозир вилоятда 23та давлат сармоявий лойиҳаси амалга оширилаётган бўлиб, улар умумий маблағи бугунги кунда 1,7 миллиард сомонийни ташкил қилади. Фақат сўнгги икки йилда вилоятда 123та саноат корхонаси бунёд этилди. Бундан ташқари, 2016 йили сармоялаштиришнинг барча манбалари ҳисобидан 1,3 миллиард сомонийлик маблағ асосий фондларга йўналтирилган бўлиб, бу 2015 йилдан 29 фоизга кўпдир.
Ўтган йили вилоят деҳқонлари 270 минг гектардан зиёд майдонга қишлоқ хўжалиги экинлари экишиб, 6 миллиард сомонийликдан зиёд ҳосил йиғиб олишди. Бу 2015 йил кўрсаткичидан 9,1 фоизга кўпдир.
Давлат ҳокимияти вилоят, унинг шаҳар ва ноҳиялари маҳаллий ижроия органлари раҳбарларига ижтимоий-иқтисодий тараққиёт бўйича турли дастурларнинг сифатли ва ўз вақтида амалга оширилиши йўлидаги мавжуд камчиликларни бартараф этиш, бюджетнинг даромад қисми кўрсаткичларини таъминлаш, солиқлар бўйича қарздорликни камайтириш, иккинчи даражали харажатлардан қочиш ҳамда инфраструктурани ривожлантириш ва ижтимоий-иқтисодий аҳамиятга эга бўлган лойиҳаларни молиялаштиришни таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар қабул қилиш топширилди.
Мамлакат Президенти Гулистон, Истаравшан, Ашт, Шаҳристон ва Тоғли Мастчоҳ каби шаҳру ноҳияларда жиноятчилик кўрсаткичининг ошиб бораётганидан ташвиш билдирди. Статистик маълумотларга кўра, жорий йилнинг икки ойи мобайнида вилоятда 6233та жиноят содир этилган бўлиб, жиноятлар очилиши ҳолати 94 фоизни ташкил қилади. Ҳуқуқ ҳимояси ва давлат ҳокимияти маҳаллий органларига мавжуд камчиликларни бартараф этиш, жиноятчилик олдини олиш ва камайтириш бўйича топшириқлар берилди.
Саноат ва янги технологиялар вазирлигига мавжуд иқтидорлардан самарали фойдаланиш, ишлаб чиқариш кўрсаткичларини сезиларли равишда ошириш, Қишлоқ хўжалиги вазирлигига эса, ички бозорни аграр маҳсулотлари билан тўлиқ таъминлаш, унинг экспортини ошириш, ҳар бир қарич экин майдонидан самарали ва унумли фойдаланиш бўйича топшириқлар берилди.
Давлат бошлиғи вилоят шаҳар ва ноҳияларида ер соҳасида мамлакат қонунчилигига риоя этиш билан боғлиқ ташвишли вазият тўғрисида эслатар экан, вилоят, унинг шаҳар ва ноҳиялари раҳбариятига қонунчиликка риоя этиш ва бу соҳадаги ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш бўйича қаттиқ чора-тадбирларни тўлиқ масъулият билан қабул қилишни топширди.
Шунингдек, Суғд вилояти раиси Абдураҳмон Қодирий, вилоят бир қатор шаҳар ва ноҳиялари раисларининг 2017 йилда вилоят халқ хўжалиги тармоқлари фаолияти натижалари, мамлакат Президентининг Олий Мажлисга навбатдаги Паёмида айтиб ўтилган топшириқларини амалга ошириш ишларининг бориши, Миллат пешвоси муҳтарам Эмомали Раҳмоннинг бошқа топшириқ ва кўрсатмалари ижроси борасидаги ҳисоботлари тингланди.
Учрашув охирида мамлакат Президенти муҳтарам Эмомали Раҳмон вилоят фаоллари бундан кейин ҳам республика Ҳукуматининг ижтимоий-иқтисодий соҳалар тараққиёти бўйича топшириқлари ижроси йўлида ҳаракат қилишиб, жамият тараққиётига муносиб ҳисса қўшишларини ишонч билан қайд қилди.
ПАХТА ЭКИШ ИШЛАРИ БОШЛАБ БЕРИЛДИ
Тинчлик ва миллий бирлик асосчиси - Миллат пешвоси, Тожикистон Президенти муҳтарам Эмомали Раҳмон Суғд вилоятининг шаҳар ва ноҳияларига иш сафарининг учинчи кунида Бобожон Ғафуров ноҳияси "Исмоил" қишлоқ жамоатидаги Турсунбой Қўшатов номли хўжаликда пахта экиш ишларини бошлаб берди.
Т.Қўшатов номли жамият хўжаликлари савдо кооперативи, чорвачилик, пахтакорлик, уруғчилик ва боғдорчилик соҳасида етакчи хўжаликлардан бири ҳисобланади.
Ўтган йили мазкур хўжаликда 658 гектар майдонда пахта уруғлари экилиб, улар ҳосили ўртача 23 центнерни ташкил қилгани қайд этилди. Жорий йилда хўжалик деҳқонлари ўз ихтиёрларида бўлган 70 минг гектардан 800 гектар майдонга пахта уруғи экишни режалаштирганлар. Пахта майдонларини ҳар йили кенгайтириб борилаётганини хўжалик деҳқонлари бу соҳанинг даромадли эканлиги билан изоҳлайдилар.
Давлат бошлиғи хўжалик ҳиссадорлари билан учрашувда экин жараёнида пахта уруғлари нави ва сифати, агротехник ишларининг тўғри олиб борилиши, ўғитлардан ўз вақтида фойдаланишга биринчи даражали эътибор қаратиш зарурлигини таъкидлади. Чунки фақат шу ҳолатдагина кутилган ҳосилни олиш мумкин.
Жорий йил хўжаликда "Флеш" навли юқори ҳосилли уруғ экилиши режалаштирилмоқда. Масъул шахсларнинг сўзларига кўра, янги нав ноҳия иқлимига жуда мувофиқ бўлиб, кутилган ҳосил гектаридан 40дан 60 центнергачани ташкил қилиши керак. Экиш ишларини ўз вақтида ва сифатли амалга ошириш учун хўжаликда барча зарур қишлоқ хўжалиги техникаси тайёр турибди.
Миллат пешвоси муҳтарам Эмомали Раҳмон хўжаликнинг интенсив боғига ҳам ташриф буюрди. 40 сотих майдонга эга янги интенсив боғ эски боғ ўрнида барпо этилгани қайд қилинди. Бу ерга, асосан, шафтолининг "Роял сумерк", олхўрининг "Июн атиргули" ва ўрикнинг "Мирсанжали" навлари экилган.
Мамлакат Президенти деҳқонларга интенсив боғлар фойдаси ҳақида маълумот берар экан, тоғ мавзеси шароитида бундай боғларни барпо этиш жуда самарали эканлигини таъкидлади. Чунки нисбатан унча катта бўлмаган майдонда кўп сонли кўчатларни ўтқазиш мумкин. Интенсив боғларнинг бошқа устунлик жиҳати шундаки, улар қисқа муддатда ҳосил бера бошлайдилар. Бундан ташқари, дарахтлар орасидаги жўякларда турли хил қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш мумкин.
Давлат бошлиғи деҳқонлар диққатини сифатли экспорт меваларини етиштиришга қаратар экан, Бобожон Ғафуров ноҳиясида боғлар майдонларини кенгайтирган ҳолда, мева ва сабзавотларни қайта ишлаш ва қуритиш масаласига ҳам зарур даражада эътибор қаратиш муҳимлигини таъкидлади. Ўз навбатида, деҳқонлар айни пайтда хўжаликда 1200 гектар майдонда боғлар ва токзорлар мавжудлигини, улар ҳосили нафақат республика ичкарисида, балки хорижга ҳам экспорт қилинаётганини айтишди. Мазкур хўжаликнинг барча тармоқларида 600дан зиёд ҳиссадор фаолият юритаётгани қайд қилинди.
Миллат пешвоси муҳтарам Эмомали Раҳмон боғдорчилик ва узумчиликни ривожлантириш, ердан унумли фойдаланиш, ўз вақтида суғориш, иссиқхоналарда маҳсулотлар етиштириш ҳамда шу йўл билан ноҳия ва вилоят бозорларини эртачи сабзавотлар билан таъминлаш борасида фойдали маслаҳатлар ва кўрсатмалар берди.
ЯНГИ ЕРЛАР ЎЗЛАШТИРИЛАДИ
Тинчлик ва миллий бирлик асосчиси - Миллат пешвоси, Тожикистон Президенти муҳтарам Эмомали Раҳмон Бобожон Ғафуров ноҳиясида Сайҳун янги шаҳарчасининг Сомғор мавзесидаги ташландиқ ерларда суғориш сувини очиб, янги ўрик боғининг барпо этилишини бошлаб берди. Мазкур сув ушбу мавзега Сирдарёдан "Сайҳун-1" ва "Сайҳун-2" насос станциялари ёрдамида келтирилди.
Давлат бошлиғининг бевосита топшириғига биноан, Бобожон Ғафуров ноҳиясининг "Сумчак-1" ва "Сумчак-2" насос станциялари модернизацияси амалга оширилиб, Сомғор мавзесини ўзлаштириш бўйича лойиҳани амалга ошириш учун эса, "Сайҳун-1" ва "Сайҳун-2" насос станциялари таъмирдан чиқарилди.
Мамлакат мустақиллиги даврида Сомғор даштини ўзлаштириш ва янги Сайҳун шаҳарчаси бунёд этилиши Миллат пешвоси муҳтарам Эмомали Раҳмоннинг асосий хизматларидан бири ҳисобланади.
Эслатиб ўтиш жоизки, 2015 йилнинг 24 март куни Миллат пешвосининг Суғд вилояти шаҳар ва ноҳияларига иш сафарларидан бирида Бобожон Ғафуров ноҳиясининг Сомғор дашти ва Мирзоработ минтақасида мамлакат Президенти янги замонавий шаҳарча қурилишини бошлаб берганди. Ўшанда Миллат пешвоси бир қатор иншоотлар қурилиши, суғориш ва шаҳарчада интенсив боғлар барпо этилиши ишларида иштирок этганди. Давлат бошлиғи Бобожон Ғафуров ноҳиясининг Сомғор дашти ва Мирзоработ минтақасидаги янги шаҳар режаси билан танишиб, унинг қурилишини бошлаб берди. Мамлакат Президенти шаҳарни Сайҳун, дея аташни таклиф қилди. Шаҳарча қурилиши ишлари бошланишида мамлакат Президенти қурувчилар ва тадбиркорларга шаҳарчада бунёд этиладиган кўп қаватли турар жой бинолари ва ижтимоий муассасалар миллий меъморчилик услубига мувофиқ келиши, сифатли қурилиши ва узоқ йиллар аҳолига хизмат қилиши зарурлиги борасида топшириқ берди.
Мамлакат Президентининг янги шаҳарча қурилиши бўйича ташаббуси Хўжанд шаҳри, унга яқин шаҳар ва ноҳиялар аҳолиси сонининг ошаётгани, эҳтиёжманд фуқароларни турар жой участкалари билан таъминлаш, қишлоқ хўжалиги экинлари етиштириш учун янги ерлар ўзлаштирилишини йўлга қўйиш, жумладан, Бобожон Ғафуров ноҳиясининг Сомғор мавзесида қарийб 15 минг гектар ташландиқ ерларда янги боғлар барпо этиш мақсадида илгари сурилганди. Бош режага мувофиқ, шаҳарча 40 минг оила ёки 240 минг кишининг истиқомат қилишига мўлжалланган.
Бугунги кунда шаҳарчада ҳудуд ерларини расмийлаштириш, 14 километр масофадаги ерларни икки босқичда суғориш ҳамда 9 километр масофага ичимлик суви линияси, 6 километрга электр узатиш линиясини ўтказиш ва ёритиш, 11 километрдан зиёд асосий йўллар қурилиши, сув ташлаш тизимлари, 4 километр масофадаги сув канали, кўкаламзорлаштириш ва ободонлаштириш бўйича ишлар олиб борилмоқда.
Шаҳар қурилиши биринчи босқичида 1000 гектарда турар жойлар, ижтимоий-маданий ва маъмурий иншоотлар бунёд этилади. Умуман, 3 минг гектар майдонда 19та маҳалла, 17та ўрта умумтаълим муассасаси, 31та болалар боғчаси ва яслилар, 140та савдо ва хизмат кўрсатиш марказлари, 40та спорт майдончаси ва заллари, транспорт-йўловчи терминали, бозор ва бошқа зарур инфратузилмалар қурилади.
Шаҳарчада йўл-қурилиш ишлари давом этаётган бўлиб, 9-12 қаватли уйлар, 2-3 қаватли коттежлар пойдеворлари қўйилмоқда. Ушбу давр мобайнида шаҳарчада қарийб 6 минг оила ёки қарийб 40 минг киши томорқа участкаларига эга бўлишди. Айни пайтда 1000дан зиёд оила уй-жой қуриш ишларига киришди. Йўлларни асфалтлаш тезкор суръатда давом этаётган бўлиб, ёритиш, ичимлик ва суғориш сувлари ўтказиш, насос станциялари қурилиши бўйича ишлар олиб борилмоқда. Сайҳун шаҳарчаси қурилиши лойиҳасини ишлаб чиқишда истироҳат, фароғат ва тиббий хизмат кўрсатиш учун шароитлар яратиш масаласи диққат марказида турган бўлиб, 40та спорт майдончаси, спорт заллари, стадион, сузиш ҳавзаси, маданият ва истироҳат боғлари қурилиши режалаштирилган. Шаҳарча ҳудудида 8 гектар майдонда касалхона ва 2 гектар майдонда туғруқхона қурилиши назарда тутилган.
Сомғор ва Мирзоработ ташландиқ ерларини ўзлаштириш 4 босқичда амалга оширилади. Мамлакат Президентининг ташландиқ ерларни суғориш йўлидаги бунёдкорона ташаббуслари давлат дастурларини амалга ошириш, жумладан, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, камтаъминланган оилаларнинг томорқа участкаларига эга бўлишлари, янги боғлар барпо этиш ва янги иш жойлари яратиш йўлида муҳим омил ҳисобланади. Биринчи босқичда 118 метрдан зиёд баландлик ва 4,7 километр масофада 720 миллиметрлик қувурлар воситасида Сирдарёдан сув линияси ўтказилди. Сомғор ерларини ўзлаштириш доирасида биринчи босқичда 1000 гектар майдонда интенсив боғлар барпо этиш режалаштирилган. Янги боғлар замонавий технологиялар асосида барпо этилиб, томчилаб суғорилади. Мутахассисларнинг айтишларича, Сомғор иқлими боғлар, айниқса, ўрик ва шафтоли боғлари барпо этиш учун жуда қулай. Мутахассисларнинг сўзларига кўра, бугун турли ривожланган мамлакатларга кенг тарқалган томчилаб суғориш тизимини жорий қилиш деҳқонлар манфаатларига жавоб беради. Чунки бу сув ва минерал ўғитлар тежалишига имкон яратади. Тожикистон сув захиралари юқорисида жойлашган мамлакат бўлишига қарамасдан, республикада ерларни суғоришнинг бу усулидан фойдаланилмоқда. Чунки ишнинг мазкур усули боғдорчиликда сув сарфланишини 7 баравар тежашга имкон беради. Шунингдек, томчилаб суғориш минерал ўғитлар тежалишига ҳам ҳисса қўшиб, ерни ювилиб кетиш ва эрозиядан ҳимоя қилади. Агар суғоришнинг анъанавий усули боғларнинг фақат текислик майдонда суғорилишини таъминласа, томчилаб суғоришда нотекис минтақалар ва қияликларда ҳам боғлар барпо этиш имконияти мавжуд. Мутахассислар ер маълумотлар тўплам бўйича лойиҳалар билан ҳамкорликда боғлар барпо этилишида GPS асосидаги янги навигацион усулдан фойдаланишади. Мазкур тизим қисқа муддатда кўчатлар ўтқазилиши нуқтасини аниқ белгилаш имконини беради.
Бобожон Ғафуров ноҳияси меҳнаткашлари билан суҳбат чоғида Давлат бошлиғи боғдорчилик ва токпарварлик қишлоқ фуқароларини иш жойлари билан таъминлаш ва улар яшаш шароитларини яхшилашнинг асосий омилларидан бири ҳисобланишини таъкидлади.
Миллат пешвосининг сўзларига кўра, янги боғлар барпо этиш, эски боғлар ва токзорларни қайта тиклаш мамлакат экспорт потенциалини мустаҳкамлаш, оилалар даромадларини ошириш, аҳоли фаровонлигини яхшилаш ҳамда бунёдкорлик ва ободончилик сиёсатини амалга оширишнинг асосий йўлларидан бири саналади.
Мамлакат Президенти Бобожон Ғафуров ноҳияси фуқароларига мамлакат Ҳукуматининг бунёдкорлик сиёсатини амалга ошириш йўлида муваффақиятлар тилаб, Сайҳун шаҳарчаси ва Сомғор даштида янги боғлар барпо этилиши туфайли бу минтақа гўзал мавзега айланиши, яқин йилларда бу ерда меваларни қайта ишлаш бўйича ўнлаб корхоналар яратилиши, улар вилоятнинг экспорт потенциалини оширишга ҳисса қўшишига ишонч билдирди.
"СУҒДИЁН" МАДАНИЯТ ҚАСРИДАГИ БАЙРАМ КОНЦЕРТИ
25 март куни Тинчлик ва миллий бирлик асосчиси - Миллат пешвоси, Тожикистон Республикаси Президенти муҳтарам Эмомали Раҳмон Хўжанд шаҳридаги "Суғдиён" маданият қасрида Суғд вилоятининг қайта ташкил қилинган бешта ансамбли чиқиш қилган байрамона концертда иштирок этди.
Концерт олдидан мамлакат Президенти тожик халқининг ўтмишдаги тарихи ва маданиятига эҳтиром белгиси сифатида тожик-форс классик адабиёти асосчиси Абу Абдулло Рўдакийнинг қаср ёнида ўрнатилган ҳайкалига гулчамбар қўйди.
Тожикистон Республикаси давлат мустақиллигининг 25 йиллигини нишонлаш кунларида Давлат бошлиғи иштирокида фойдаланишга топширилган "Суғдиён" маданият қасри Суғд вилоятининг маданият ва санъат арбоблари учун ўзига хос ютуқ ҳисобланади.
Ўз фаолиятининг биринчи кунлариданоқ, унда янги ансамбллар ташкил этиш, ўсмирлар ва ёшларни маданият ва санъатнинг турли йўналишларини ўрганишга жалб этишга жиддий эътибор қаратилди.
Миллат пешвосининг топшириғига биноан, маданият қасри қошида бешта ансамбл: "Зебо" рақс ансамбли, Ғаффор Валаматзода номли рақс ансамбли, "Сайҳун" ашула-инструментал ансамбли, Борбад номли ансамбл ва балет гуруҳи ташкил қилинди.
Ёшлар маданият ва дунёқарашлари даражасини юксалтириш, ватанпарварлик ва ўзликни англаш туйғуларини мустаҳкамлаш, янги сиймоларни топиш, ўсмирлар ва ёшларни маданияту санъатга жалб этиш мақсадида конкурс ташкил қилиниб, унинг якуни бўйича Суғд вилоятининг барча шаҳар ва ноҳияларидан 14дан 27 ёшгача бўлган истеъдодли ўсмирлар ва ёшлар танлаб олингани қайд этилди.
Айни пайтда бешта янги ансамблда 238 киши фаолият юритаётган бўлиб, улардан аксариятини ёшлар ва ўсмирлар ташкил қилади.
"Суғдиён" маданият қасри қошидаги беш ансамбл томонидан ташкиллаштирилган мазмунли концерт дастури чоғида томошабинларга артистларнинг жонли ижродаги дастурлари намойиш этилди.
Миллат пешвоси муҳтарам Эмомали Раҳмон ўсмирлар ва ёшларнинг юксак истеъдодига юқори баҳо бериб, бундай маданий тадбирларнинг ўтказилишини миллий маданият ва санъатнинг келажаги тараққиётида муҳимлигини таъкидлади.
БОБОЖОН ҒАФУРОВ НОҲИЯСИДАГИ НАВРЎЗ ТАНТАНАЛАРИ
Тинчлик ва миллий бирлик асосчиси - Миллат пешвоси, Тожикистон Президенти муҳтарам Эмомали Раҳмон Бобожон Ғафуров ноҳиясининг "Ваҳдат" боғида Наврўз байрамига бағишланган тантаналарда иштирок этди.
Миллат пешвосининг топшириғига биноан, ноҳияда бир неча йил аввал бунёд этилган боғда халқаро Наврўз байрамига бағишланган тантаналар бўлиб ўтди.
Мамлакат Президенти кўп сонли фуқаролар ва меҳмонлар олдида нутқ сўзлар экан, ватандошлар ва Суғд вилояти аҳолисини Наврўз байрами билан табриклади. Давлат бошлиғи мустақил давлатимизнинг халқига эзгу ташаббусларни амалга оширишда муваффақиятлар тилади.
Ўз чиқишида Миллат пешвоси Наврўз кунларида яқинлар, қариндошлар ва эҳтиёжмандлардан хабар олиш наврўзона анъаналардан ҳисобланиши, жумладан, аждодларимиз наврўз онларини етимлар, ногиронлар ва камтаъминланган оилаларга ёрдам кўрсатишни эзгу амал, дея ҳисоблашганларини қайд қилди.
Мамлакат Президенти ўз чиқишида бу қадимий байрамга хос бўлган ўзгача анъаналар ва урф-одатлар, жумладан, бир-бирини кечириш, уйлар, атроф-муҳитни тозалаш, касаллар, тўшакка михланиб қолганлар ҳолидан хабар олиш, етимлар ва эҳтиёжмандларни қўллаб-қувватлаш, кўчат ўтқазиш, баҳорги экин, спорт тадбирлари ўтказиш борасида тўхталиб ўтди.
Сўзи охирида мамлакат Президенти республикамизнинг барча фуқароларига бахту саодат ва фаровонлик тилади. Наврўзий тантаналарнинг якуний қисми Суғд вилоятида иккинчи марта ўтказилаётган "Наврўз карвони" билан ниҳоясига етди.
Ташкилотчиларнинг сўзларига кўра, байрамона тадбирга 6 мингдан зиёд иштирокчи жалб этилган. Мазкур тадбирда Тожикистоннинг турли минтақаларига хос бўлган урф-одатлар ва анъаналар намойиш қилинди.
ЯНГИ ИНШООТЛАР ФАОЛИЯТ БОШЛАДИ
Суғд вилоятига иш сафарининг учинчи кунида Тинчлик ва миллий бирлик асосчиси - Миллат пешвоси, Тожикистон Президенти муҳтарам Эмомали Раҳмон Хўжанд халқаро аэропортида бир қатор янги хизмат кўрсатиш иншоотларини очди.
Дастлаб Давлат бошлиғи Ёшлар йилида қурилган ва уларнинг шарафига "Ёшлар зали" дея аталган иншоот билан танишди. 1970 йили қурилган бино бугун "Хўжанд халқаро аэропорти" ОҲЖ томонидан тўлиқ қайта тикланган бўлиб, 250 ўринли мажлислар залига эга ҳамда турли маданий-сиёсий тадбирлар ўтказилиши учун мўлжалланган.
Сўнгра Давлат бошлиғи қурилиши ва жиҳозланиши 2017 йилнинг январ ойида аэропорт маблағлари ҳисобидан бошланган "Ёшлар ресторани" хизмат кўрсатиш шароитлари билан танишди. 220 ўринли ресторан аэропорт ходимлари, йўловчилар, хорижий меҳмонлар ва бошқа мижозлар учун мўлжалланган.
Бундан ташқари, Наврўзни нишонлаш кунларида аэропорт ҳудуди йўллари асфалтланиб, турли манзарали дарахтлар кўчатлари ўтқазилган ҳамда ҳудуди ёритилган ва кўкаламзорлаштирилган.
Ҳозир аэропорт ҳудудида йўловчиларни қабул қилиш ва жўнатиш учун терминал қурилиши давом этмоқда. Соатига 400 нафар йўловчига хизмат кўрсатишга мўлжалланган терминал қурилиш ишлари 2016 йили бошланган эди.
Аэропортнинг янги терминали мамлакат Президентининг Тожикистон аэропортларида хизмат кўрсатиш сифатини яхшилаш ва уларда хизмат кўрсатиш даражасини халқаро стандартларга мувофиқлаштириш йўлидаги топшириқлари доирасида қурилмоқда.
Қурилиш пудратчиси "Муҳандис" МЧЖ қурилиш компанияси ҳисобланади. Шунингдек, янги терминални замонавий техник ускуналар, жумладан, хавфсизликни таъминлаш, ногирон йўловчилар учун махсус лифтлар, эскалаторлар, бошқа зарур техникалар билан жиҳозлаш режалаштирилган.
Мамлакат Президенти иштирокида фойдаланишга топширилган янги иншоотлар Суғд вилояти аҳолиси учун Наврўз кунлари, Миллий бирликнинг 20 йиллиги ҳамда Тожикистон Республикаси Олий Кенгашининг тарихий XVI сессиясининг 25 йиллигида жуда муносиб совға бўлди.
Миллат пешвоси муҳтарам Эмомали Раҳмоннинг Суғд вилоятига самарали иш сафари шу билан ниҳоясига етди.
"Ховар" ТМАА.
Машҳур тожик шоираси Фарзонаи Хўжандий Афғонистоннинг "Килки Заррин" мукофотига сазовор бўлди. Мазкур мукофот қўшни давлатнинг Ахборот ва маданият вазирлиги томонидан берилади. Ўтказилган танловда тожик шоирасининг шеърлари энг яхши, дея эътироф этилган.
Мазкур танлов Афғонистонда 2010 йилдан буён ўтказилади. Танловда афғон шоирлари ва адиблари иштирок этиб келишади.
Муфассал...
Пекин шаҳрида Тинчлик ва миллий бирлик асосчиси – Миллат пешвоси, Тожикистон Республикаси Президенти муҳтарам Эмомали Раҳмон иштирокида Тожикистон Республикаси Ҳукумати ва Хитой Халқ Республикаси Экспорт-импорт банки ўртасида республика бўйсунишидаги ноҳиялар 500 киловолтли электр узатиш линиялари лойиҳаси амалга татбиқ этилиши учун 79 миллион Америка доллари ҳажмида имтиёзли кредит
Муфассал...2015
1-2015
2-2015
3-2015
4-2015
5-2015
6-2015
7-2015
8-2015
9-2015
10-2015
11-2015
12-2015
13-2015
14-2015
15-2015
16-2015
17-2015
18-2015
19-2015
20-2015
21-2015
22-2015
23-2015
24-2015
25-2015
26-2015
27-2015
28-2015
29-2015
30-2015
31-2015
32-2015
33-2015
34-2015
35-2015
36-2015
37-2015
38-2015
39-2015
40-2015
41-2015
42-2015
43-2015
44-2015
45-2015
46-2015
47-2015
48-2015
49-2015
50-2015
51-2015
52-2015