Биз билан боғланинг:

   

Бизга қӯшилинглар

ХАБАРЛАР

СИЁСАТ

Муаллиф: Super user Категория: СИЁСАТ
Чоп этилган 20 Октябр 2016 Кӯришлар: 1639
Печат

 

istiqloliyat 201020161991 йилнинг 9 сентябри. Бу кун  тожик халқи тарихи саҳифасига зарҳал ҳарфлар билан ёзиб қўйилса арзигуликдир. Зеро, ана шу кун Тожикистон мустақил давлат, деб эълон қилинди. Ўша куннинг ҳаяжони, севинчини ифодалаш қийин, албатта.  Озодлигимиз қўлга киритилган бу кунда қуёш ҳам ўзгача нур таратди:  бахт нурини, иқбол нурини сочди. Озодлик машъали қолган барча фазилатли воқеаларнинг дебочаси бўлди, тожик халқи ҳаётига жўшқинлик ва тиниқлик бағишлади, кўнглига фараҳбахш туйғуларни олиб кирди.

Шунинг учун ҳам, бу кунни биз байрамларнинг меҳвари, деймиз. Чунки ана шу кундан эътиборан озодлик, ҳуррият нечоғлик қадрли эканлигини билиб олдик. Кишининг ҳамма нарсаси бўлса-ю, лекин ўзигина эмас, руҳи  ҳам кишанда бўлса, бундай одам ўз уйида ҳам тўрга чиқиб ўтиролмаслигига ишонч ҳосил қилдик. Истиқлол янги парвоз ва нурли чўққиларни эгаллаш учун зўр қанот бўлди.

Янгиланган туйғулар… Мана, йигирма беш йилдирки, юртимизда ўша янгиланган муқаддас туйғу - озодлик шабадаси кезиб юрибди. Энг муҳими, халқимизнинг, миллатимизнинг руҳи баланд, чорак асрдан бери  мустақил ҳаёт гаштини суриб келяпмиз. Истиқлол, унинг ҳаётбахш ғоялари руҳи билан яшаяпмиз. Истиқлол туйғуси миллат кўкрагини тоғдай кўтарадиган, ўз ери ва озод осмони билан фахрланишдек баланд кайфиятга ошно этадиган муборак туйғу оғушида  яшаяпмиз. Истиқлол боис замон, яшашнинг маъноси ўзгарди. Бугун Тожикистонни жаҳон танийди, эътироф этади. Бугун жаҳон пештоқида Тожикистон байроғи ҳилпираб турибди. Бошқача айтганда, йигирма беш йил мобайнида янги Тожикистон давлати, жамияти асослари, етук, соғлом ва баркамол авлод шаклланди. Шаклланишнинг муҳим омилларидан бири шуки, бизнинг миллий ғояларимиз тизими ҳам дунёга келди. Ўзлигимизни танидик, қадриятларимиз тикланди. Жумладан, биз учун Тожикистон азиз ва ягона Ватан эканлигини англаш, бу Ватаннинг озод, обод ва буюк келажаги учун курашиш, меҳнат, фидойилик  энг табаррук туйғу эканлигини ҳис этиш каби миллий ғурур, мафкура ва  ғоялар шаклланди. Ўз-ўзидан  савол пайдо бўлади: «Тожикистон мустақиллиги! Бу нима ўзи?»

-Бу – Ватан мустақиллиги дегани.

-Ватан ўзи нима?

-Ватан – бу сен кўз очиб илк бор кўрганинг – онаизоринг.

-Ватан ўзи нима?

- Ватан – сен йўргакланган бешик.

-Ватан ўзи нима?

-Ватан – болалигингдаёқ кўзинг қорачиғида ўрнашиб, сенга азиз ва қадрдон бўлиб қолган кишилар.

-Ватан ўзи нима?

-Ватан – бу болалик тасаввуринг чизган, суратга туширган, юрагингда бир умрга нақшланиб қолган  уй-жойинг, қишлоғинг,  беғубор осмон, ер, тупроқ, гул-гиёҳ.

Ватан мустақиллиги! У ҳамма давру замонларда одамзотнинг асрий орзуси бўлиб келган. У бизнинг давримизга келиб ҳақиқатга айланди, олам-олам мазмун кашф этди. Ватан мустақиллигининг йигирма беш йиллигини кўтаринки руҳда нишонладик. Ана шу улуғ байрамда Ватан тўғрисида, ҳар қарич ери, ҳар томчи суви, ҳар бир гиёҳи  биз учун  азиз бўлган Ватан тўғрисида сўзлаш мароқли ва ёқимлидир.

Ватан туйғуси. Она сути янглиғ пок ва беғубор, муқаддас ва азиз, жон қадар ширин, лазиз, иймон қадар мусаффо бу туйғу гўдакликдан вужудимизни забт этган. Одамзот азал-азалдан бу туйғуни қалбининг тўрида покиза сақлаб, уни чексиз муҳаббат билан севиб, ардоқлаб келади. Аждодларимиз Ватан, унинг бир ҳовуч тупроғини дея жон олиб, жон берганлар. Мана шу муқаддас туйғу қайғуларни енгиб  ўтишга ундайди, кўнглида умид шуълаларини учқунлантиради, буюк кашфиётлар сари етаклайди.

Ватан туйғуси. Уни ҳис этмаслик, кўнгилда туймаслик мумкин эмас. «Ватан тупроғи Сулаймон тахтидан яхшироқдир», «Ўзга юртнинг султони бўлгандан кўра, ўз юртингнинг гадоси бўл», деган халқ ҳикматларида олам-олам мазмун бор.

Ватан - бу виждон, ор-номус, шон-шараф демак. Пайғамбаримиз (с.а.в.) ҳадисларида таъкидланганидек, «Ватанни севмоқ имондандур». Ватанни севиш эса, бу шунчаки баландпарвоз сўзлар йиғиндиси эмас. Бу Ватан равнақи йўлида меҳнат қилиш, унинг гўзаллиги, тинчлиги, осудалиги учун курашиш, унга боқийлик бахш этиш демакдир.

Худди шу маънода «Ватан остонадан бошланади», деган ибора ўринлидир. Ҳар бир киши ўз қишлоғи, ўз ўлкаси, ўз ноҳияси ва ниҳоят, ўз республикаси ҳақида ўйлаган тақдирда, Ватан тушунчаси катта маъно касб этган бўлади. Кўнгилда ифтихор туйғулари барг ёзади. Ғурурингга ғурур қўшади. Баланд ва мағрур оҳангда «Бу - менинг Ватаним, бу - менинг халқим», дейсан юрагинг севинчга тўлиб. Ватан ёди билан яшаш энг улуғ бахт эканлигини ҳис этасан.

Бизнинг Ватанимиз - битта, у ҳам бўлса, Тожикистондир. Ватанга меҳр-муҳаббат туйғуси бизда ўз-ўзидан пайдо бўлгани йўқ. Бу туйғу ота-боболаримиздан бизга мерос бўлиб ўтган. Тожик халқи афсоналарида, ўлмас достонларида шу руҳ бор. Паҳлавон Рустам ва Суҳроб, Гўрўғли ва Алпомиш, Тўмарис ва Широқ, Муқанна ва Темур Малик образлари Ватанга муҳаббат билан қарашнинг ибратбахш тимсолидир.

Ватан туйғуси. У ахлоқ меъёридир. Кишининг маънавий гўзаллиги унинг Ватанга муносабатида ўз ифодасини топади. Бир сўз билан айтганда, Ватан туйғуси  бу одамийлик мезонидир. Яхши киши ҳеч қачон Ватанига хиёнат қилмайди. Ва аксинча, Ватанига сотқинлик қилган киши халқ ғазабига учрайди, ёр-дўстлар назаридан қолади.

Мана, бугун яна толе кулиб, Ватанимиз истиқлолининг йигирма бешинчи йилида яшаяпмиз. Шу йилларда мамлакатимиз қиёфаси қанчалик ўзгарганлигига назар солсак, истиқлолнинг қадр-қиммати ёрқинроқ намоён бўлади. Айниқса, маънавият соҳаси, миллий қадриятларимизни тиклаш борасида қилинган ишлар жаҳоншумул аҳамият касб этмоқда. Асрлар давомида турли сиёсий, ижтимоий, мафкуравий ниятлар билан беркитилган маънавий хазиналаримиз қайтадан очилди. Не-не буюк боболаримизнинг номлари  тикланди. Аллома Имоми Аъзамни улуғлашга қаратилган чора-тадбирлар, Жалолиддин Балхий, маликушшуаро Абуабдулло Рўдакий, мавлоно Абдураҳмон Жомий  юбилейлари катта тўй-тантанага айланиб кетиши бунга ёрқин мисолдир. Халқимиз асрлар давомида ардоқлаб келаётган  урф-одатлар, анъаналар, маънавий бойлигимиз – динимизнинг инсонпарварликка чорлайдиган аҳкомлари ўз қадрини топганлиги кишига қувонч бахш этади. Тўй-маъракаларни ўтказишдаги меъёр, фарзанд таълим ва тарбиясида ота-оналар масъулияти тўғрисидаги қонунлар қабул қилиниши халқнинг дилидаги фикрлар ифодасидир.

Истиқлолнинг яна бир хосиятли томони шундаки, янги замон одами пайдо бўлди. Онгимиз, тафаккуримиз, қарашларимиз ўзгарди.

Мустақилликни теран ҳис этадиган, Ватан қайғуси билан  куйиб-ёнадиган, унга чексиз меҳр ва ихлос қўйган йигит-қизлар пайдо бўлди йигирма беш йилда. Бу йиллар халқ онгида миллий ғурурни тиклаш ва Ватанни таниш йиллари бўлди. Бу нима дегани? Бу, аввало, халқ, миллат ўзини ҳар томонлама  озод, ҳур, мустақил эканлигини теран  англаб олишидир. Маънавиятдаги миллий тикланишни  истиқлол мевалари – давлат рамзлари,  ватан тилига давлат тили  мақомининг берилганлиги, эътиқод  эркинлиги, миллий қадриятлар тикланиб бораётганлиги, маънавий-маърифий жиҳатдан янги авлод  шаклланаётганлиги ва бошқа белгиларда аниқ-тиниқ кўриш мумкин.

Истиқлол туфайли Ватан катта йўлга чиқди. Бу йўл – юксалиш йўли. Бу йўллар бодом  гулларидек оқ,  жийда гулидай ёқимли, охири порлоқ йўлдир. Чунки бу йўл бошида Исмоил Сомоний ёққан чироқ нур сочиб турибди.  Эндиликда бу чироқ шуъласи янада равшанроқ порламоқда, минг йиллардан сўнг ёқилган бу чироқ ишончли қўлда. Давлатимиз сарвари муҳтарам Эмомали Раҳмон бу чироқни яна ҳам чароғон этди. Дилларни, элларни боғловчи бу йўл эндиликда ўзгача бир маъно, ўзгача бир  манзара кашф этди.  Истиқлол йўли.  Муҳтарам  Эмомали Раҳмон йўли деб аталмоқда эндиликда. 

Истиқлол туфайли  Шарқ дарвозаси очилди. Кўлоб-Қалъаи Хумб-Қорақурум автомобил магистрали, Душанбе-Турсунзода, Айний-Панжакент оралиғидаги йўл, Тоғли Бадахшон мухтор вилоятига йил бўйи  қатнаш уфқлари  очилгани,  Анзоб, Шаршар, Шаҳристон ва Чормағзак туннеллари, Роғун, Сангтўда-1, Сангтўда-2 ГЭСлари, Рўдакий боғи, Боғи Ирам, Миллат қасри, Наврўзгоҳ, Миллий кутубхона, яқиндагина ишга тушган Душанбе-Қўрғонтепа-Кўлоб темир йўли, яна ўнлаб-юзлаб қурилишлар – булар ҳаммаси  истиқлол йўлининг тўғрилигидан далолатдир. Бу ўзгаришларни санаб, адоғига етиш қийин. Булар жаҳоншумул аҳамиятга эга бўлган улуғвор ишлардир. Бу воқеалар, ўзгаришлар мамлакат Президенти Эмомали Раҳмон обрў-эътибори халқаро миқёсда ошиб бораётганлигини тасдиқлаб  турибди. Истиқлолимиз буюк бир китоб бўлса, унинг муаллифи, шубҳасиз, муҳтарам Эмомали Раҳмондир.

Ватанга муҳаббат ҳақида гап борар экан, мустақил Тожикистоннинг равнақи, гуллаб-яшнаши, тожик миллатининг шон-шуҳратини янада юксалтириш учун  азиз жонини дариғ тутмай, кеча-кундуз эл ташвиши билан яшаётган давлатимиз сарвари, Миллат пешвоси муҳтарам Эмомали Раҳмон хизматини алоҳида меҳр билан таъкидлаш мароқлидир.

Ватан туйғуси. Инсоният яралгандан бери соф ўзбекона ибора билан айтганда: - «Ўз уйим, ўлан тўшагим...», деган ширин бир туйғу билан яшайди. Олис юртларда, бегона ўлкаларда яшаб, ўз ватандошларини, қариндош-уруғларини соғиниб ёзилган эҳтиросли мактубларда бу туйғу жозибасини, нафосатини ҳис этиш мумкин. Ёшлар қалбида Ватанга соғинч ҳислари билан тўлган туйғуларини сингдириш эса, биринчи галда биз ёзувчиларнинг, қолаверса, ота-она, мактаб, ўқитувчи – ҳамма-ҳамманинг жонажон ишидир. Ёшларда ўз ватанини севиш, истиқлолнинг қадрига етиш туйғусини тарбияламоғимиз керак. Оилада, дарсларда, суҳбатларда, кечаларда бу ҳақда сўз юритишимиз лозим. Ҳозирги куннинг ва келажакнинг талаби шундай.

Такрор бўлса ҳам яна  айтаман. Зафарли  йўлнинг йигирма бешинчи бекатида турган  жонажон ўлкамизнинг хайрли қадамларига асло кўз тегмасин, босган йўли ёруғ ва мунаввар бўлсин. Мустақил Тожикистонимиз ой сайин эмас, ҳатто, куну соат сайин ҳар жиҳатдан юксалиб бораётир. Ижтимоий-сиёсий, иқтисодий ва маънавий соҳада кўз-кўз қилсак арзигулик воқеалар юз бераётир. Буни бутун жаҳон – дўст ҳам, душман ҳам тан олаяпти.  Ана шу нарса бизни қувонтиради. Ана шу нарса кўнглимизга мунаввар туйғуларни олиб кирмоқда, ўй-хаёлларимизни шукроналик, фахр-ифтихор туйғуларига буркамоқда. 

Тожикистон Президенти муҳтарам Эмомали Раҳмон мустақил Ватанимизни йигирма беш  ёшли гўзал ва кучга тўлган навқирон йигитга ўхшатдилар. Шоирона бу қиёс замирида улкан маъно бор. Истиқлолнинг йигирма бешинчи фаслини  қаршилаган Тожикистон кучга тўлган йигит каби гуркираган даврни бошдан кечиряпти. Ўсиш-улғайиш, юксалиш, оламга татигулик ўзгаришлар билан тўлиб-тошган йигирма беш йил! Улуғ сана – йигирма бешга кирган Тожикистонни шарафлаб ёзилган ушбу ғазал Ватанга ихлос-муҳаббат ҳиссиёти билан йўғрилган туйғуларнинг назмий ифодасидир. 

    

МУСТАҚИЛЛИК ҒАЗАЛИ

Мустақиллик бирла бўлди кору пайкор мустақил,

Гулшани юрт ичра ўсди ғунча бехор мустақил.

 

Мустақил юртлар илаким бўлди ҳамдўст, ҳамнафас,

Тожикистон ҳам саросар  бўлди гулзор мустақил.

 

Баски, Эмомали Раҳмон айлади жаҳду талош,

Ёру ағёр бўлди дўсту, бўлди ҳамкор мустақил.

 

Қайтди мозий  жаннатидан , жаннатий ул зотлар,

Бўлди Исмоили Сомон руҳи бедор мустақил.

 

Иқтисод ўсди паёпай ҳамда фарҳанг яшнади,

Ишбилармон бирла тожир ҳамда бозор мустақил.

 

Бўлди миллий пайса-асъор, яъниким пул бирлиги,

Бир дирамдан то ба сомон барча асъор мустақил.

 

Эй рафиқ ёзди Сулаймон,  мустақил ашъорини,

Мустақил шарҳ айла они чунки ашъор мустақил.

 

ИСТИҚЛОЛ

Хуш ўтар ҳар лаҳза-ю ҳар они истиқлол билан,

Мулки обод, хона обод, хони истиқлол билан.

 

Гарчи ерлик аҳли меҳнат шон-шараф ерлик эмас,

Етти кўкка ул шараф, ул шони истиқлол билан.

   

Донаи меҳру муҳаббат ҳар юракда, не ажаб,

Дони буғдой улғайибди дони истиқлол билан.

 

Раҳбари донога боққил,  райъият измидадир,

Номи пайванд юрти бирлан, жони истиқлол билан.

 

Етишиб келди хуш авлод, янги авлод, ал-салом,

Шу ватанда томди киндик қони истиқлол билан.

 

Лаъли жавҳар конидир, деб мақталур Помир валек,

Лаъл кони тинчлик ўлди, кони истиқлол билан.

 

Икки ёнда икки тоғдир – Помири, Тёншони бор,

Кўкка бўй чўзган ватан шул ёни истиқлол билан.

 

Доҳий Исмоил буюкдир, шоири сон мингтадир,

Не ажабким, ортадир шул сони истиқлол билан.

 

Бўлди меҳнат аҳлига меҳнат қилиш имкони мўл,

Мўлу кўллик келди шу имкони истиқлол билан.

 

Оллоҳ, оллоҳ, алҳазар, жар ёқасида хор эдик,

Қўллади Эмомали Раҳмони истиқлол билан.

 

Шукрилиллаҳ, олди шодлик нола-афғон ўрнини,

Мангуликка тинмиш ул афғони истиқлол билан.

    

Бисмил эрди решаи тар камну пайкон  жавридин,

Бисмил ўлди не ажаб, пайкони истиқлол билан.

 

Ранж бирла ганж топди, комида бўлди ширин,

Бил, Сулаймон Эрматийнинг нони истиқлол билан.

Сулаймон Эрматов,

Тожикистон Ёзувчилар иттифоқи аъзоси, А. Лоҳутий мукофоти лауреати.

Украинанинг келажаги кандай?

Албатта тинчланади - 23.1%
Бу ғарб давлатларига боғлиқ - 15.4%
Буни Россия ҳал қилади - 23.1%
Украин халқи бирлашувига боғлиқ - 15.4%
Билмайман - 23.1%

Проголосовали: 13

КАЛЕНДАР

« Ноябр 2024 »
Дш Сш Чш Пш Жм Шб Яб
        1 2 3
4 5 6 7 8 9 10
11 12 13 14 15 16 17
18 19 20 21 22 23 24
25 26 27 28 29 30  

МАҚОЛАЛАР

Жонингизга жон бўлай, бегим!

 

Куз. Ноябр ойининг бошлари. Студентлардан имтиҳон олиш учун тайёргарлик кўриб, уйқуга кеч ётган бўлса ҳам, Умеджон қарғаларнинг тонгги овозларидан уйғониб, ҳовлига чиқди. Ўзи билан тенгдош ёнғоқ бутоқларига қўнган қушлар одам шарпасидан чўчиб, бирин-кетин учиб кета бошлади. Қарға оғзидан тушиб қолган ёнғоқни оламан, деган Умед биқинида қўққисдан пайдо бўлган оғриқ зарбидан ўзини зўрға ўнглаб олди.

Муфассал...

Суғд – имкониятлар водийси

 

- Ишонинг, кўзларим қамашиб кетяпти. Меваларнинг кўринишиёқ одамни сеҳрлаб қўяди. Сиз татиб кўрдингизми, билмадим, ўрик қанддан ширин, гилоснинг таъми ҳануз оғзимдан кетмайди.

- Бошқа мевалари ҳам бир-биридан мазали, Тожикистонни жаннатмакон юрт дейишлари, бежиз эмас-да! Мен ҳўл мевалардан ташқари қуритилган меваларни етказиб бериш тўғрисида шартнома тузишни ўйлаяпман.

Муфассал...

СТАТИСТИКА

Сайтга кирганлар
1
Мақолалар
872
Мақолаларни кӯрганлар сони
1990580

ӮҚУВЧИЛАР СОНИ

7477773
Бугун
Кеча
Шу ҳафта
Ӯтган ҳафта
Шу ой
Ӯтган ой
Ҳаммаси
3701
4027
21386
7426653
99417
114875
7477773

Сизнинг IPнгиз: 18.118.149.55
Бугун: 23-11-2024 16:57:59

ҲАМКОРЛАР

 

 

   

2015