Биз билан боғланинг:

   

Бизга қӯшилинглар

ХАБАРЛАР

НАЗМ

Муаллиф: Super user Категория: НАЗМ
Чоп этилган 29 Декабр 2016 Кӯришлар: 2995
Печат

 

sh shokirМунглиғ мусофирман,

Келмайсан йўқлаб,

Бардавом йўлларда тўзиб ётган нур.

Тўкилиб боряпман, йироқ - ёвуқлар

Қасдлашиб келганда жонимга довур.

Бу вайрон

Кўнглимнинг кўчаларида

Мен сендан ўзга бир олам кўрдимми,

Келмайсан,

Чор-ночор ғуссаларингдан

Эгилган бошингга бало бўлдимми?..

Кўксимда фарёдлар

Кўкарган чоғлар,

Тупроққа ийланиб бормоқда жоним.

Қасдлашиб келмоқда йироқ-ёвуқлар,

Фақат сен келмайсан, балогардоним…

 

***

Журъатим етмайди бир бор дараклаб,

- «Ҳолинг не кечди?» - деб сўрамоққа ҳам.

Сочлари супурги, қўллари косов,

Қай бир ёт ҳовлида юрган муслимам.

Ўзим ҳам дардимни қилмасман ошкор,

Яшайман осойиш топгандай буткул.

Билмайсан, кўксимда минг йилдан буён

Гуркираб ўсмоқда битта фарёдгул…

 

***

Мадоринг қуриди,

Кўз ёшинг тинди,

Ит қувган соқовдай ўтиб кетди вақт.

Бизни ўз йўлига бошлайди энди,

Бизнинг йўлимизга юрмаган қисмат.

Энди йўқламасман,

Кутмасман атай,

Ўжар шамоллардай беқарор қизни.

Сен ҳам соғинмайсан,

Ўзинг айтгандай,

Юртма -юрт санғиган бир қўнимсизни…

Садақа тегмаган гадодай бекас,

Сенсиз кўчаларда турмасман карахт.

Майли,

Бизга насиб қилмаса, қилмас,

Ўшал алмисоқдан қолиб кетган бахт.

Қайтмагин довдираб,

Йўлингдан озиб,

Сенга бахт беролмас ўлгунича ҳам

Барча гуноҳини бўйнига олиб,

Сазойи бўлмоққа шай турган одам.

 

***

Хўжанд суви сокин оққан ерларда,

Жонимни аёзлар чаққан ерларда,

Ёғиб адо бўлди ҳорғин хазонлар,

Устма-уст ёғилган саволлар янглиғ.

Нигорон кунларим сарғайиб ўтди,

Беором тунларим қарғаниб ўтди,

Юпун қолиб кетди дарахтлар, эсиз,

Боши очиқ қолган аёллар янглиғ.

Рўшнолик кўрмаган дунёларимни,

Ижобат бўлмаган дуоларимни,

Топтаб ўтиб кетди ялмоғиз кунлар

Оёқости бўлган хазонлар янглиғ.

Энди бир соғиниб, эсламас ҳеч ким,

Мени бир соғиниб, изламас ҳеч ким.

Хўжанд суви сокин оққан ерларда

Қўним топмай кетган шамоллар янглиғ.

 

***

Баҳор қайга кетди

Хатсиз, хабарсиз,

Бу музтар қалбларга назар солмасдан?

У кетган йўлларга термулиб унсиз,

Юзлари сарғайган

Тупроқлардайин

Йигирма саккиз йил яшадим,

Ҳаргиз

«Мен озодман», дея мақтанолмасдан.

Салкам ўттиз йиллик

Ярми изтироб,

Ярми исён билан босилган йўлман.

Худо ярлақаган пешонасида

Фароғат балқиган мўътабар, қутлуғ,

Муслима қизларнинг

Юзлари мисол

Бир мунаввар тонгни соғинган қулман…

Тўрвасин бошининг остига қўйиб,

Беозор кўз юмган

Дарвиш сингари

Ўлмоқ менга насиб этмайди, тайин.

Ахир бу дунёдан

Зор кўнглим тўлиб,

Озод бўлолмадим Асқар Маҳкамнинг

Қабри узра қўнган қушчалардайин…

Кўнглим - ярим менинг,

Фарёдим - бутун,

Тўлиб бораётган

Сабр косамдай

Ҳовучим тўладир дуога лим-лим.

Бедорликда кечган,

Зорликда кечган,

Салкам

Ўттиз йиллик тоқатим учун

Бир ҳовуч озодлик ҳадя эт, Тангрим!

 

***

 Қаҳратон заҳмини

Аритдим дилдан,

Баҳор йиқиларкан остонамга жим.

Дуога қўл очган дарахтлар билан

Тирикликни байрам қилгали келдим.

Тиловат қиларкан

Заҳматкаш замин,

Мағрур ва дарбадар бошимни эгиб,

Истиғфор айтгали, биру бор Тангрим,

Мен ҳам гуноҳларим ювгали келдим.

Бош эгиб боргувчи

Ғариб остонам,

Бир кун дуоларинг бўлгай ижобат.

Суйиб соғинганим, муштипар онам,

Бир умр ёнингда бўлгали келдим.

Кўнгил учун минг бор

Тирилдим ўлиб,

Менинг суйгуларим, куйдиргуларим,

Йўқсил юрагимдан боримни юлиб,

Пойингизга тўкиб қўйгали келдим.

Ночор ваҳмларни

Аритдим дилдан,

Баҳор йиқиларкан остонамга жим.

Мен ҳам тиловатгўй дарахтлар билан

Тирикликни байрам қилгали келдим.

 

Шуҳрат ШОКИР, Исфара шаҳри.

КАЛЕНДАР

« Август 2026 »
Дш Сш Чш Пш Жм Шб Яб
          1 2
3 4 5 6 7 8 9
10 11 12 13 14 15 16
17 18 19 20 21 22 23
24 25 26 27 28 29 30
31            

МАҚОЛАЛАР

Савринисо МИРҲАЙДАРОВА: - ЯНА 10 ФАРЗАНДИМ БЎЛСА, ВАТАН УЧУН ҚУРБОН ҚИЛАМАН

 

Восе ноҳиясининг Восе шаҳарчаси, Рустам Холалий кўчаси. Ватаннинг шижоатли фарзанди, генерал-майор Рустам Амакиев яшаган хонадон сари йўл олганмиз. Йўл-йўлакай фарзандини йўқотган онанинг йиғлаши кўзим олдига келиб, ўзимга-ўзим Рустамнинг онаси ҳозир йиғлаши ва унга тайёр туришим кераклигини айтаман. Менга ноҳия ёшлар билан ишлаш ва спорт бўлими мудири раҳбарлигидаги бир гуруҳ ёшлар ҳамроҳлик қилишмоқда. 18-рақамли уй ҳовлисига кирдик. Хоксоргина уй-жой, ток ишкоми тагида бир аёл ўтирибди. Бизни кўрган заҳоти тожикона одоб

Муфассал...

«ЎРГИМЧАК ТЎРИ»ГА ИЛИНИБ…

 

Аёл киши дунёга келибдики, бахтли бир хонадоннинг бекаси бўлишни орзу қилади. Кичкина қизалоқлардан: «Катта бўлсанг ким бўласан?»- деб сўрасангиз, уларнинг аксариятидан: «Келин бўламан»,- деган жавобни олишингиз тайин. Яъни, келажакда турмушга чиқиш, фарзандларни дунёга келтириш туйғулари ҳар бир қизалоқ қалбида кичкиналигиданоқ жойланган бўлади. Лекин ҳаёт қизалоқлар ўйлаганидек беғубор, ғаму ташвишлардан холи бўлмайди.

Муфассал...

СТАТИСТИКА

Сайтга кирганлар
1
Мақолалар
872
Мақолаларни кӯрганлар сони
2507125

ӮҚУВЧИЛАР СОНИ

9947378
Бугун
Кеча
Шу ҳафта
Ӯтган ҳафта
Шу ой
Ӯтган ой
Ҳаммаси
340
2722
6683
9916238
83939
107749
9947378

Сизнинг IPнгиз: 216.73.216.222
Бугун: 26-08-2026 03:09:21

ҲАМКОРЛАР

 

 

   

2015