Ўтган ҳафта Қўрғонтепа шаҳри давлат ҳокимияти Хатлон вилояти ижроия органи маъмурий биноси ёнида жойлашган «70-солагии водии Вахш» майдонида уюштирилган «Гуллар базми» фестивали ҳақиқий тантанага айланиб кетди. Бир сўз билан айтганда, мазкур майдон вилоятнинг энг гўзал ва том маънода гуллаб-яшнаган гўшасига айланганди. Вилоят шаҳар ва ноҳиялари вакиллари томонидан турфа гуллар билан безатилган бурчаклар бир-биридан чиройли, бир-биридан мафтункор эди.
Бу ерда флора ишқибозлари, касбий дизайнерлар ва мазкур соҳа билимдонлари тўпланишганди. Фестивалнинг бир қисми болаларга бағишланганди. Болалар гулларга бағишланган байрамда самимий қувонишди, улар шеърлар ўқишиб, табиат ҳақида маҳаллий муаллифлар қўшиқларини ижро этишди. Албатта, фестивал давомида янграб турган мусиқа унинг шукуҳини янада оширди.
Мазкур тадбир давлат ҳокимияти Хатлон вилояти ижроия органи томонидан Тожикистон Республикаси давлат мустақиллиги 25 йиллигига бағишлаб ташкил этилганди.
Фестивал ўтказилишида ташкил этилган обрўли жюри аъзолари унинг иштирокчилари меҳнатларини муносиб баҳолашди. Биринчи ўрин Қўрғонтепа шаҳри гулчиларига берилди. Иккинчи ўринни Сарбанд шаҳри гулпарварлари эгаллашди. Норак шаҳри командасига учинчи ўрин насиб этди.
Фестивалда фаол иштирок этган шаҳар ва ноҳиялар вакилларига қимматбаҳо совғалар ва ифтихорномалар тақдим этилди.
Истиқболли ҳамкорликлар
Яқинда вилоят раиси Давлатшоҳ Гулмаҳмадзода Хитой Халқ Республикасининг «Yunnan Construction & Invest» компанияси раҳбари Лю Гуо билан мулоқот қилди.
Учрашув жараёнида вилоят раиси хитойлик меҳмонга сўнгги йилларда мамлакатимиз ва вилоят халқ хўжалигида эришилган ютуқлар ҳақида сўзлаб берди.
- Хатлон вилоятида турли ишлаб чиқариш объектлари қурилишига катта эътибор берилмоқда, - деди Д. Гулмаҳмадзода. – Вилоят иқтисодиёти учун айни пайтда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш янги корхоналарининг фойдаланишга топширилаётганлиги ҳам муҳим аҳамиятга эгадир. Маълумки, Хатлон вилояти мамлакатнинг қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқаришдаги етакчи минтақаси ҳисобланади. Буни статистик маълумотлар тўлиқ тасдиқлайди.
Бундан ташқари, вилоят раисининг таъкидлашича, мамлакат раҳбарияти бугунги кунда маҳаллий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаётганлиги қувонарлидир.
Ўз навбатида «Yunnan Construction & Invest» ширкати раҳбари компаниялари турли йўналишлар бўйича фаолият юритишини таъкидлади.
- Жумладан, биз кўпқаватли бинолар қурилиши ва сайёҳликни ривожлантириш билан шуғулланамиз, - деди Лю Гуо.
Самарали учрашув жараёнида томонлар Хатлон вилоятининг мазкур компания билан турли йўналишларда ҳамкорликлари истиқболларини муҳокама қилишди.
Қонунчилик бузилишига қарши тадбирлар
Ердан унумли фойдаланиш масаласи Хатлон вилояти ҳуқуқ ҳимояси органлари координацион кенгашида кўриб чиқилди.
Маълумотларга кўра, ер участкалари ажратилиши жараёнида Тожикистон Республикаси ер қонунчилиги талаблари бузилиши ҳолатлари қайдга олинган. Хатлон вилояти прокуратурасидан хабар беришларича, текширувлар жараёнида қишлоқ ва шаҳарча жамоатлари ҳамда хўжаликлар масъул раҳбарлари томонидан ер участкаларининг ноқонуний тақсимоти ҳолатлари кўзга ташланади. Барча ошкор этилган ҳолатлар бўйича тегишли қарорлар қабул қилинганлиги таъкидланди.
А. Жомий, Н. Хисрав, Вахш, Бохтар, Шаҳритуз ноҳиялари ва Кўлоб шаҳри жамоатлари масъулларига нисбатан тегишли чоралар кўрилганлиги қўшимча қилиниб, ер қонунчилигини бузганларга нисбатан жиноий ишлар қўзғатилганлиги ҳам қайд этиб ўтилди.
Саодатли ҳаёт тараннуми
Қўрғонтепа шаҳридаги Ато Муҳаммаджонов номли мусиқали-ҳажвий театри ижодий жамоаси мавсумни икки янги спектакл намойиши билан якунлади. Театр мухлислари ҳажв жанридаги «Скопен қилмишлари» ва «Тасқара» спектакллари томошаси имкониятига эга бўлдилар.
- Ҳажва жанридаги иккала спектакл ҳам ҳаётимиздаги энг нафис туйғулар – муҳаббат, садоқат, вафони тараннум этиб, хиёнат, нафрат ва душманликни танқид остига олади, - деди театр директори, таниқли актёр Аловуддин Абдуллоев. – Энг асосийси, мазкур саҳналар томошабинларнинг руҳиятига енгиллик бағишлаб, уларни бахту саодатга бефарқ бўлмасликка даъват этади.
Наркотикларсиз ҳаёт - гўзал
Наркотик моддалар истеъмоли ва уларнинг ноқонуний муомаласига қарши кураш халқаро кунига бағишлаб Қўрғонтепа, Сарбанд шаҳарлари, Ж. Балхий, Жайҳун, Панж ноҳияларида «Мотопойга» акцияси ташкил қилинди.
Бундан ташқари, юқорида эслатилган шаҳар ва ноҳияларда оммавий маданий-спорт тадбирлари ўтказилди. Шунингдек, гиёҳвандлик қаттиқ танқид остига олинган ҳамда соғлом турмуш тарзини тарғиб этадиган энг яхши расм ва иншо, саҳначалар танлови бўлиб ўтди.
Тожикистон Республикаси Президенти қошидаги Наркотикларни назорат қилиш агентлиги Хатлон вилояти бошқармаси матбуот марказидан хабар беришларича, шундай маъракаларнинг ўтказилиши наркотиклар истеъмоли ҳамда унинг ноқонуний муомаласига қарши кураш тадбирлари сирасига киради. Маърака доирасида бошқарма ходимлари жамият жойларида «Наркотикларсиз ҳаёт гўзалдир», деб номланган 1500 дона буклетларни тақсимлашди.
Худди шундай тадбирлар вилоятнинг бошқа ноҳия ва шаҳарларида ҳам ўтказилиши кўзда тутилган.
Ўз мухбир.
ҲАЁТ СЎҚМОҚЛАРИ
Ҳаёт сўқмоқлариаро тебраниб,
Бир карвон ўтади – умр карвони.
Орқага қайрилмас, олддадир манзил,
Шафқатсиз вақт, ахир, карвон сорбони.
Муфассал...
Ҳар гал Хўжанд шаҳри, у ердаги оқибатли одамлар ҳақида ўйлаганимда талабалик даврининг ширин хотиралари кўз ўнгимда бирма-бир намоён бўлади. Айниқса, биз шогирдларни тўғри йўлга ҳидоят этиб, эзгулик сари чорлаган яхшилик тимсолидаги фариштанамо устозларимга, илм ва маърифат бобида Табризу Боғдод, Самарқанду Бухородан нуфузи асло кам бўлмаган Хўжанд шаҳрига ҳамиша таъзим қилгим келади.
Муфассал...2015
1-2015
2-2015
3-2015
4-2015
5-2015
6-2015
7-2015
8-2015
9-2015
10-2015
11-2015
12-2015
13-2015
14-2015
15-2015
16-2015
17-2015
18-2015
19-2015
20-2015
21-2015
22-2015
23-2015
24-2015
25-2015
26-2015
27-2015
28-2015
29-2015
30-2015
31-2015
32-2015
33-2015
34-2015
35-2015
36-2015
37-2015
38-2015
39-2015
40-2015
41-2015
42-2015
43-2015
44-2015
45-2015
46-2015
47-2015
48-2015
49-2015
50-2015
51-2015
52-2015