Айни пайтда Тожикистонда 30 номдан ортиқ илмий ва адабий журналлар нашр этилмоқда. Хўжандда бўлиб ўтган «Истиқлолият ва илмий-адабий нашрлар равнақи» деб аталган илмий конференцияда ушбу рақам келтирилар экан, бу бевосита Тинчлик ва миллий бирлик асосчиси - Миллат пешвоси, мамлакат Президенти муҳтарам Эмомали Раҳмоннинг фан ва маданиятга нисбатан ғамхўрлиги самараси эканлиги таъкидланди.
Тожикистон мустақиллигининг 25 йиллигига бағишланган илмий конференция «Камол Хўжандий илмий маркази» давлат муассасаси ташаббуси билан Хўжанд шаҳар маданият марказида бўлиб ўтди.
Суғд вилояти раиси муовини Назира Ғаффорий конференцияда сўзлар экан, Тожикистоннинг мустақилликка эришгани, энг аввало, халқнинг ўзлигини таниши, фан ва маданият, бошқа соҳаларнинг ривожланиши учун катта имкониятлар очиб берганини таъкидлади.
Конференцияда Тожикистон Республикаси Фанлар академияси «Ахбор» журнали масъул муҳаррири Али Муҳаммадий Хуросоний, «Маорифи Тожикистон» журнали бош муҳаррири Шоди Шокирзода, «Паёми Суғд» журнали бош муҳаррири Толиб Карими Озарахш сўзга чиқишди. Нотиқлар ХХ аср охири ва ХХI аср бошларида жаҳонда илм ва маданият борасида қўлга киритилган ютуқларнинг беқиёс аҳамиятини айтиб ўтишди. Уларга кўра, ана шу даврда мустақил Тожикистонда ҳам фан ва маданият борасида кўп ижобий ўзгаришлар юз берган ва бу муҳим ишларни тарғиб қилишда илмий-адабий журналларнинг хизмати каттадир. Айни бир пайтда сўзга чиққанлар «Камол Хўжандий илмий маркази» давлат муассасаси ва унинг нашри бўлган Камол Хўжандий номли уч ойда бир чоп этиладиган журналининг ташкил этилиши Суғд вилояти илмий-маданий ҳаётида муҳим воқеа эканлигини таъкидлашди. Мазкур давлат муассасаси раҳбари, таниқли ёш олим Фахриддин Насриддинов Камол Хўжандий журналида берилаётган асарларнинг ҳали дунёнинг бирон ерида таржима этилмагани ва биринчи марта ўгирилаётганини айтиб ўтди.
Ёшлар асарлари таҳлили
Деваштич ноҳиясида ёш ижодкорлар курс-конференцияси бўлиб ўтди. Унинг ташкилотчиларидан бири Эгамназар Соҳибназаровнинг айтишича, кейинги ўн йилликлар давомида ноҳияда биринчи марта ана шундай тадбир ўтказилган. Йиғилиш жорий йилда Хўжанд шаҳрида ўтказилиши режалаштирилган республика ёш ижодкорлари курс-конференцияси доирасида бўлиб ўтди.
Курс-конференцияга ташриф буюрган ижодкорлар гуруҳи, аввало, деваштичлик таниқли ижодкор, саксон ёшни қоралаётган шоир Ҳайрон Осимий хонадонида бўлди. Кекса ижодкор билан суҳбат қизиқарли ўтди. Бу зиёратдан сўнг қатнашчилар ва меҳмонлар ноҳия марказидаги Абу Абдулло Рўдакий ёдгорлиги пойига гулчамбарлар қўйишди.
Курс-конференция бошланар экан, Деваштич ноҳияси раиси Жўразода Рустам Боймурод ёш ижодкорларни, муҳим адабий тадбир меҳмонларини қутлади. У Деваштич ноҳиясида адабиётга эътибор кучли эканлиги, бу заминда Зулфия Атоий, Латофат Кенжаева, Азизи Азиз, Мирзо Мавлон, Сирожиддин Осимий, Зулфия Бобоева, Эгамназар Соҳибназаров каби таниқли ижодкорлар туғилиб-ўсганликларини таъкидлади.
Конференция иши уч гуруҳга бўлинган ҳолда давом этди. Назм гуруҳига Тожикистон халқ шоирлари Аҳмаджон Раҳматзод ва Нурмуҳаммад Ниёзий раҳбарлик қилишди. Наср гуруҳи қатнашчилари ижодий ишларини эса, Тожикистон халқ ёзувчиси Муҳиддин Хожазод, таниқли адиблар Маъруф Бобожон ва Юсуф Насруллолар ўрганиб, таҳлил этишди. Учинчи – ёш ўзбек ижодкорлари гуруҳидаги иш жараёни ҳам қизғин муҳокамалар асосида ўтди.
Гуруҳлар иши тугагач, ўтказилган йиғинда устоз ижодкорлар деваштичлик ёш шоир ва адибларнинг асарларига баҳо берар эканлар, улар эришган ютуқларни қайд қилган ҳолда, ижоднинг машаққатли йўли, ижодкорнинг китобхонлар олдидаги масъулияти ҳақида сўзлаб, қимматли маслаҳатлар беришди.
Курс-конференция қатнашчиларидан Парвина Омонова ва Озода Набиеванинг асарлари китоб шаклида нашр этишга тавсия этилди. Шунингдек, Гулпари Олимова, Ирода Мадалиева, Райҳона Акрамова, Икромжони Иброҳим асарларига ҳам яхши баҳо берилди. Ўзбек тилида ижод қилаётган шоиралардан Зиёда Худойбекова ҳам республика курс-конеференциясига йўлланма олди. Шу пайтгача Зиёданинг «Бедор қалб» ва «Армон гули» китоблари нашр этилган.
Деваштич ноҳияси раисининг ўринбосари Рафоат Каримова курс-конференция охирида сўз олар экан, деваштичлик ёш ижодкорлар фаолиятига эътибор берганликлари учун Хўжанддан ташриф буюрган шоир ва адибларга миннатдорчилик билдирди. У курс-конференция иши ёш ижодкорларнинг келгуси ижодига катта таъсир этишини изҳор этди.
Конибодомда янги боғча-ясли
Конибодом шаҳрининг Ҳамробоев номли қишлоқ жамоатида яшаётган 75 нафар кичкинтой энди болалар боғча-яслисида тарбияланадилар. Айни бир пайтда қишлоқда яшаётган 6 киши иш билан таъминланди.
Давлат ҳокимияти Конибодом шаҳар ижроия органидан хабар қилишларича, янги боғча-яслининг ишга туширилишига саховатли тадбиркор Муроджон Абдуллаев бош қўшган. Унинг саъй-ҳаракати билан жамоатнинг эски биноси боғча-яслига мослаштирилиб қайта қурилган.
Вилоят маориф идорасидан хабар беришларича, кейинги йилларда шаҳар-қишлоқларда янги болалар боғча-яслиларини ишга туширишга аҳамият кучайиб бермоқда. Жумладан, Хўжанд шаҳрида уч қаватли янги-боғча қурилиши жадал бормоқда. Тожикистон мустақиллигининг 25 йиллиги арафасида фойдаланишга топшириш мўлжалланаётган бу болалар масканида 240 нафар кичкинтой тарбияланади.
Фестивал ғолиблари тақдирланишди
Хўжандда «Андалеб-2016» санъат фестивалининг шаҳар босқичи ғолиблари номлари эълон қилинди. Шаҳардаги Ёш томошабинлар театрида ўтказилган тантанада Содирхон Ҳофиз номли санъат коллежи жамоаси фестивалда биринчи ўринни эгаллаганлиги маълум этилди. Ғолибга 5 минг сомоний пул мукофоти берилди.
Фестивал ҳакамлари иккинчи ўринга Тожикистон Техника университетининг Хўжанддаги политехника олий ўқув юрти ёш санъаткорларини муносиб кўришди. Улар 3 минг сомонийлик мукофотга сазовор бўлишди. Учинчи ўринни эса, Тожикистон Давлат ҳуқуқ, сиёсат ва тижорат университети жамоаси эгаллади. Бу жамоа аъзолари 2 минг сомоний мукофот пули олишди.
Ҳакамларнинг айтишларича, ёшлар орасида санъатга ихлос қўйганлар, қобилиятли йигит-қизлар кўп. Фестивалнинг ўтказилиши эса, истеъдодли ёшларни аниқлаш билан бирга, йигит-қизларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказишга ҳам ёрдам бермоқда, дейишди ҳакамлар.
Ўз мухбир.
Яратганга беҳад шукроналар бўлсинки, икки қардош – тожигу ўзбек халқлари орасига буюк зотлар эккан дўстлик дарахти ҳосилини бера бошлади.
Тошкентдан қўнғироқ қилган шоир Исмат Худоёр 30 ноябр куни Тошкентда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ташаббуси билан икки халқ фарзанди, шоир Асқар Маҳкам таваллудининг 60 йиллигига бағишланган “Шоир эмас, ростгўй эдим” деб номланган хотира кечасига таклиф этди.
Муфассал...
- Ёшларни иш жойлари билан таъминлаш мақсадида, комитет ва унинг мамлакат шаҳру ноҳияларидаги маҳаллий тузилмалари Меҳнат, муҳожирлик ва аҳоли бандлиги агентлиги бўлимлари билан ҳамкорликда амалий чора-тадбирларни йўлга қўйиб келмоқда, - дейди Тожикистон Республикаси Ҳукумати қошидаги Ёшлар билан ишлаш ва спорт комитети раиси Аҳтам Абдуллозода.
Муфассал...2015
1-2015
2-2015
3-2015
4-2015
5-2015
6-2015
7-2015
8-2015
9-2015
10-2015
11-2015
12-2015
13-2015
14-2015
15-2015
16-2015
17-2015
18-2015
19-2015
20-2015
21-2015
22-2015
23-2015
24-2015
25-2015
26-2015
27-2015
28-2015
29-2015
30-2015
31-2015
32-2015
33-2015
34-2015
35-2015
36-2015
37-2015
38-2015
39-2015
40-2015
41-2015
42-2015
43-2015
44-2015
45-2015
46-2015
47-2015
48-2015
49-2015
50-2015
51-2015
52-2015