Ўрта мактабни битираётганимда раҳматлик отам «Деҳқончилик ҳалол касб, деҳқон бўл», дедилар. Кейин қўшиб қўйдилар: - «Майли, тракторчи бўлсанг ҳам, буям яхши касб, деҳқоннинг оғирини енгил қилади». Ўзлари ҳам бир умр деҳқончилик қилиб, тўғрироғи, колхозда сувчилик қилиб нафақага чиққандилар. Урушни Берлинда ғалаба билан тамомлаб уйга қайтгач, колхоз текширув комиссияси раислигига сайлашади.
Лекин узоқ ишламайди, бир йил ўтмай, ўзи ариза ёзиб ишдан бўшайди ва колхозчиликни афзал кўради. Ақлимни танигач, буни эшитиб, сабабини сўраганимда: «Бировнинг ишини битирсанг, хурсанд бўлади. Бошқасининг истагини бажаролмасанг, хафа бўлади. Бу ўткинчи дунёда ҳеч кимни хафа қилмай, кимсадан таъма қилмай, ҳалол яшайин»,- деганди.
Менимча, шу шиорига умрининг охиригача содиқ қолди. (Отам деҳқон бўлганлиги учун ҳам ҳазрати деҳқонга мадҳ айтгим келади).
Аммо мен: «Ўртоқларим ўқимоқчи, мен ҳам ўқийман», деб туриб олдим. Отамнинг розилигини олиб ўқидим, яхши ишларда ишладим. Мустақиллигимиз шарофати билан деҳқон хўжаликлари ташкил қилина бошлагач, мен ҳам беш гектар ер олдим. Кеч бўлса-да, отамнинг орзуси амалга ошди: фермер - деҳқон бўлдим.
Фермер бўлганлигимни эшитган бир танишим шундай деди: - «Менинг ҳам ўн гектар ерим бор. Деҳқончиликдан топган даромад тирикчиликка етаркан-у, лекин бойлик орттириб бўлмас экан. Каттароқ фойда кўриш учун тижоратга ўтиш керак».
Шундан бироз кейин қўшни қишлоққа борганимда Исмоил ҳожи бобога дуч келдим. Ўша пайтда у кишининг бир ўғли ноҳия ун комбинатида директор, яна бири Қабодиёнда ноҳия раиси бўлиб ишларди. Егани олдида, емагани ортида, бирон камчилиги йўқ. Етмиш беш ёшдаги қария, елкасида кетмон, далада экинларга сув тараб юрарди. Кўришиб, ҳол-аҳвол сўрашгач, менинг ҳайрон қолганимни сезган Ҳожи бобо: «Шу майдонни фермер хўжалиги қилиб олганман,-дея изоҳ берди. -Ўзимнинг ҳалол меҳнатим билан етиштирилган неъматларни ейишга қизиқаман».
Бу гапларни эшитгач, ўйладим: - Тижоратнинг ҳам, деҳқончиликнинг ҳам фақат ўзига хос гашти, мазмун-моҳияти бор экан, шекилли.
Ёшлигимда Данғаранинг Саргазон қишлоғида яшовчи опамникига борганимда раҳматлик Шермат поччам дастурхондаги қора нонни бўлаклаб олдимга қўяркан, деганди: - «Ўзимиз етиштирган қизил буғдойнинг нонини бир еб кўр-чи, шунчалар ширинки, оғзингга солиб қанча чайнасанг, шунча мазаси кўп чиқаверади. Сенлар ейдиган оқ ундан тайёрланадиган нондан бунинг ер билан осмонча фарқи бор».
Бироқ, мен унчалик фарқига бормагандим, қайтага оқ нон яхши, деб ўйлагандим. Бунчалар мақташидан ҳайратлангандим. Энди билсам, у нонлар поччамнинг тер тўкиб қилган меҳнатининг маҳсули экан, шунинг учун уларга бағоят мазали, қадрли, азиз экан.
Худога шукр, менга ҳам ўз меҳнатим эвазига етиштирилган маҳсулотнинг таъмини тотиб кўриш насиб айлади. Авваллари пишиқчилик пайтида ёру дўстлар уйимизга гоҳида қовун-тарвуз олиб келиб туришарди. Энди ўзим озми-кўпми ҳадя қиладиган бўлдим. Аллоҳ таъоло наздида бирон нарсани олмоқдан бермоқнинг афзаллиги, савоби кўплигини билдим.
Ҳосил пишиб етишган вақтда деҳқоннинг кўнгли ёришади, ўзини бардам ҳис қилади, асаблари ором олади, йил бўйи қилган меҳнати чарчоқларини унутади. Мисол учун эртачи ҳандалак пишди дейлик. Сиз жўяк оралаб кўм-кўк палакларга қараб кетяпсиз, ана биринчи сап-сариқ ҳандалакни кўриб қолдингиз. Юрагингиз қинидан чиққудай бўлиб ҳапқириб кетади, қувончдан кўзингиз яшнайди, узиб оласиз ва яна кетяпсиз палак оралаб… Бу хурсандчиликни таърифлашнинг уддасидан чиқолмасам керак. Хуллас, деҳқоннинг айни дамдаги шодлигининг беқиёслигини туйиш учун деҳқон бўлиш керак, палак оралаш керак.
Бозорларни уюм-уюм қовун-тарвузга, дўконлар расталарини ширин-шакар мева-чевага ва бошқа маҳсулотларга тўлдирган ҳазрати деҳқонга мадҳ айтгим келади.
Деҳқоннинг дам олиш куни йўқ. Саҳардан кечгача, баъзан кечаси ҳам ишлайди. «Кўз зироат учун дори», - деб бежизга айтмаганлар. Уларни ҳар куни кўриб туриш керак; қайси экинга сув керак, қайсисига озуқа… Меҳр эса, ҳаммасига керак.
Деҳқон изғиринли совуқда ҳам, жазирама иссиқда ҳам очиқ далада ишлайди. Машаққатли меҳнатлари туфайли уларнинг аксариятини «Қаҳрамон» унвони билан тақдирласа арзийди, деган фикргаям бораман гоҳида.
Эсимда, қайси бир йили қишлоғимиз юқорисидан оқадиган каналдаги сув қирғоғини ўпириб кетганидан хабар топиб, беш-олти киши югуриб бордик. Сув тўғрига - ўзанига оқмасдан ён тарафга бир ярим метр жарлик ҳосил қилиб, майдондаги энди гуллай бошлаган ғўзаларни томир-помири билан юлиб-янчиб шовуллаб оқмоқда. Ўт-ўланларни, қамиш-қиёқларни кетмон билан чопиб, жарликка ташлаймиз, тупроқ, кесак отамиз. Қаёқда дейсиз, ўзанини бузган асов сув ҳаммасини шириллатиб пастга оқизиб кетади. Шунда ўша пайтда бригадир бўлиб ишлаётган раҳматли тоғам Норбўтаев Абдулаҳад кийимлариниям ечмасдан ўзини жарликка ташлаб, қулочини ёзиб икки томондан ушлаб, гавдаси билан оқимни тўсиб олди. То булдозер келгунча, тахминан бир соатдан ортиқроқ совуқ сувда шундай турди. Тоғамга юрагимиз ачирди, лекин қўлимиздан ҳеч нима келмасди.
Қачон шу воқеани эсласам, Совет Иттифоқи Қаҳрамони Александр Матросовнинг уруш пайтида душман ДЗОТининг оғзини - отилаётган ўқларни кўкраги билан бекитгани ёдимга тушади. Аммо тоғанинг бирон марта бу ҳақда гапириб мақтанганини эшитганим йўқ. Ҳа, деҳқон қилган ишини таърифламайди, у пировард натижада, етиштириладиган ҳосилни ўйлайди.
Мен космонавтга, олимга, қаҳрамонга қойил қолмайман. Улар ўз соҳаларида янгилик яратгандир, қаҳрамонлик кўрсатгандир. Мумкин деҳқоннинг ҳам оғирини енгил қилиш учун бирон нарса ўйлаб топгандир. Бироқ, асосий ишни деҳқон бажаради, маҳсулотни деҳқон етиштиради, ерга бевосита ишловни деҳқон амалга оширади ва ниҳоят ерга меҳрни деҳқон беради. Ахир, Аллоҳ таъоло ҳам одамни ердан тупроқдан яратган ва биз яна шу ерга тупроққа қайтамиз. Шунинг учун ҳам мен меҳнати фақат ер билан бўлган Ҳазрати деҳқонни ҳаммадан устун қўяман ва унга таъзим бажо қилгим келади.
Деҳқон она заминни авайлаб-асрайди, яшнатади, гуллатади. Ва бизни едиради, ичиради, кийинтиради.
Деҳқон бировга муте эмас, ҳеч кимдан таъма қилмайди, пора умид қилмайди. Унинг тер тўкиб қилган меҳнати билан етиштирилган маҳсулотга кўз тикканлар беҳисоб. Завод-фабрикалар қачон хом ашё келар экан, деб «оғзини очиб» туради.
Деҳқоннинг меҳнатидан нафақат одамлар, балки ҳайвонлар, парранда-дарранда, қурт-қумурсқа ва жами жонзотлар фойдаланади. Улар ҳам Аллоҳ таъолонинг изми билан деҳқонга ҳамду сона айтсалар, не ажаб. Ҳазрати деҳқон мана шундай одам, энди ўзингиз айтинг унга таҳсин айтмай бўладими?!
Сенга қуллуқ қилурмен, Ҳазрати деҳқон!
Жума Жабборов,
Ж. Румий ноҳияси.
Журналистика соҳасидаги фаолиятим давомида давримизнинг кўплаб машҳур кишилари, жамоат ва сиёсат арбоблари, дипломатлар, вазирлар ва бошқа таниқли шахслар билан учрашиб, очерку мақолалар, эссе-ю интервюлар ёзишимга тўғри келган. Шулардан икки нафарининг матбуотга муносабати менга алоҳида таассурот бағишлаган эди.
Биринчиси – Доғистон Республикасининг собиқ Президенти Рамазон
Муфассал...
Олдимизда турган қутлуғ ва тарихий миллий байрам – Тожикистон Республикаси давлат мустақиллигининг 30 йиллиги муносабати билан юртимиз бўйлаб ободончилик ва яратувчанлик ишлари давом этмоқда. Турли соҳа иншоотларини қуриб фойдаланишга топшириш, йўлларни таъмирлаш, халқнинг турмуш тарзини яхшилашга хизмат қилувчи инфратузилмани яратиш шулар жумласидандир. Бу каби хайрли ишларга ватанпарварлик
Муфассал...2015
1-2015
2-2015
3-2015
4-2015
5-2015
6-2015
7-2015
8-2015
9-2015
10-2015
11-2015
12-2015
13-2015
14-2015
15-2015
16-2015
17-2015
18-2015
19-2015
20-2015
21-2015
22-2015
23-2015
24-2015
25-2015
26-2015
27-2015
28-2015
29-2015
30-2015
31-2015
32-2015
33-2015
34-2015
35-2015
36-2015
37-2015
38-2015
39-2015
40-2015
41-2015
42-2015
43-2015
44-2015
45-2015
46-2015
47-2015
48-2015
49-2015
50-2015
51-2015
52-2015