Биз билан боғланинг:

   

Бизга қӯшилинглар

ХАБАРЛАР

МИНТАҚАЛАР

Муаллиф: Super user Категория: МИНТАҚАЛАР
Чоп этилган 19 Май 2014 Кӯришлар: 2933
Печат

«ҚАҲРАТОН ҚИШЛАРГА ВИДОЛАР АЙТДИМ…»Оташнафас шоир Асқар Маҳкамни эслаб

Асқарали ака жуда кам умр кӯрди. Кӯрган кам умрида ҳам ёруғ кунлари саноқли эди. Балки, шунинг учундир, тунни яхши кӯрарди, суҳбатларимизда тунни “фариштасифат ҳолат” дерди. Дарҳақиқат, тунда одам барча ниқоблардан холи кӯнгил ҳаётини бошдан кечиради. Кундузи кӯзингизга балодай кӯринган қаттол душманингиз ҳам ӯша лаҳзада содиқ дӯст, жонингизни жабборга бериб, ортидан қувган ташвишларингиз ҳам ӯша ҳолатда майда, иддаоларингиз беҳуда туюлади. Кимнингдир кӯнглини ранжитганингизни ӯйлаб, ӯзингизни гуноҳкордай ҳис қиласиз.

         Шафқатли, кечиримли бӯласиз. Ҳақ билан кӯнглингиз орасидаги масофа яқинлашиб, парда тобора ҳарирлашиб бораверади… Ва беихтиёр суҳбатимиз, кундуз куни чироқ кӯтариб, бозордаги гавжум оломон ичра Одам ахтарган донишмандга бориб тақаларди: Эҳтимол, ӯша донишманд кундузи эмас, тунда Одам ахтарганида эди, излаган Одамини чироқ ёқмай ҳам топа олган бӯлармиди… Дарвоқе, туғилиш ҳам, жон узилиши ҳам, асосан, тунда рӯй беради…

Асқар Маҳкам

Одам… Асқарали ака илк китобини “Одам” деб номлаганди. “Наврӯз” деб ӯзгартиришди.

Дӯстимиз Садриддин Ашур айтади: Асқарали акада далда бериш, айниқса, бошига оғир мусибат тушган чорасиз кӯнгилларни кӯтариш қудрати бор эди. Мусурмон (Мастчоҳлик курсдошимиз)нинг фарзанди туйқусдан вафот этганда, шӯрлик бутунлай чӯкиб, ӯзини йӯқотиб, яшагиси ҳам келмай қолганди. Бу мусибатдан хабар топиб, дӯстимиздан кӯнгил сӯрагани, олис шаҳардан Мастчоҳга келдик. Асқарали ака ӯзига хос самимият ва куюнчаклик билан, тун бӯйи ухламай Мусурмонни тақдирга тан беришга ярайдиган ҳолатга қайтарганди…

Курсдошимиз Абдуҳафиз (Абдуҳафиз Мирзааҳмад)нинг укаси афғон урушида ҳалок бӯлганда, Тошкентга эндигина келиб, ҳали ишга жойлашишга улгурмаган Исматулло (Исмат Худоёр)нинг бошига кӯргулик тушгандаги Асқарали аканинг изтиробларига, жонбахш таскин-тасаллиларига мен ӯзим ҳам гувоҳ бӯлганман. Далда берувчилар кӯп, аммо, Асқарали акадай дилбардорларни жуда кам кӯрдим.

Асқарали ака бағрикенг эди. Одатда, талантли инсонларнинг аксариятига хос бу хислат. Ким нима сӯраса, сӯзбошими, тақризми, тавсияномами… Ёзиб бераверарди. Унинг бағрикенглик билан ёзиб берган фикрларини дастак қилиб, ӯзини етук ижодкор ҳисоблаб юрганлар, унинг қалами тиғидан сачраган кукунлар билан обрӯ, эътибор, мақом топганлар орасида “эшаги лойдан ӯтгандан” сӯнг меҳр-оқибатни унутганлари ҳам кӯп.

Шоир ижодкор дӯсти Саййид Неъматуллоҳ Иброҳим ва онаси билан          Асқарали ака ижод аҳлини бир муҳит, бир маслак атрофида бирлаштира оларди. Ӯтган асрнинг саксонинчи, тӯғрироғи, 1983-85 йилларда (ӯшанда “Совет Тожикистони” газетасида бирга ишлардик) Асқарали аканинг шарофати билан яхши адабий муҳит пайдо бӯлганди. Ҳозир эса… Асқарали ака худбинлик нималигини билмасди. “Совет Тожикистони”да бирга ишлаб юрганимизда атрофидаги барча ижодкорларнинг асарларини вилоят ва ноҳиялардаги ӯзбек тилида чиқадиган газеталарга юборишдан эринмасди. Унинг хатти-ҳаракатлари билан бир гал “Қӯрғонтепа ҳақиқати” вилоят газетасида менинг ҳам бир туркум шеърларим эълон қилинди. Ҳозир ӯн томлик китобим чиқса ҳам кипригим қилт этмаслиги мумкин. Аммо, ӯшанда ҳаяжонлангандим… Зеро, ҳар бир ҳодиса ӯз вақти-соатида рӯй бергани яхши. Афсуски, ҳамиша ҳам шундай эмас. Агар бу ҳикматга амал қилинганида, Асқар Маҳкамнинг талабалигидаёқ камида тӯртта китоби чоп этилиши керак эди…

Шеъру шоирликнинг баҳридан ӯтиб, Россияда узоқ муддат санқиб қайтганимдан сӯнг Садриддинни Хӯжандда учратиб қолдим. Кӯришмаганимизга ӯн йилдан ортиқроқ фурсат ӯтганди. Ундан Асқарали аканинг бетоблигини эшитган чоғимда, хаёлимга “ҳойнаҳой, талабалик йилларида орттирган лаънати полиартрит хасталигининг навбатдаги хуружи, давоси топиладиган асорати бӯлса керак” деган фикр келди. Аммо… Муҳаммад Иқболдан кейин Жалолиддин Румий руҳига мурид тутинган, Мансур Халлождан кейин “нафсда ӯлиб, илоҳда қайта тирилиш” жараёнидаги, устоз мақомидаги увайсий бир дӯст, бир қадрдоннинг ӯлим билан аёвсиз олишаётганидан бехабар эдим… Ӯлимидан тӯрт ой олдин Асқарали ака билан телефонда гаплашдик…

Вафотидан кейин, 2008 йили худди шу куни Хӯжанд Давлат университетида, аниқроғи университетнинг ӯзбек филологияси факултети ӯқитувчилари Мунаввара Ойматова, Бахтиёр Файзуллоев, Юсуфали Шоназаровларнинг ғайрати ва ташаббуси билан Асқар Маҳкамнинг 50 йиллиги нишонланди. Асқар Маҳкамнинг душанбелик ва хӯжандлик курсдошлари ҳомийлигида нашр этилган катта ҳажмдаги “Оқ китоб”(муҳаррир – Абдулло Зуҳур, нашрга тайёрлаганлар – Садриддин Ашур, Абдулла Насриддин)и йиғилиш аҳлига тақдим этилди. Ӯша тадбирда иштирок этган болалар шоири Султонмурод Ҳожибоевнинг ушбу гаплари ҳануз эсимда: “Худо – гулчин. У ботил умр чечагидан аввал сара гулларни танлайди. Баъзиларнинг узоқ умр кӯриш учунгина ӯзини асраб-авайлаши, ростини айтсам, менга бироз эриш туюлади. Гап беш-ӯн йил кам ёки ортиқ умргузаронликда эмас, Худо берган умрга, у тӯққиз ойми, тӯқсон йилми, қай тарзда мазмун бахш этишда. Атиги 48 йил умр кӯрган Асқар Маҳкам тимсолида мен шу ҳақиқатга иқрор бӯлдим… Асқаржоннинг Жангалободдаги уйида меҳмон бӯлганимдаги қават-қават кӯрпачалар солиб қилган меҳрибончиликларини, дарё бӯйида ӯтириб суҳбатлашишимизга шароит яратишдаги жонбозлигини, меҳмондӯстлигини эсласам хижолат тортиб кетаман… Шундай улуғ одам…”

Асқар Маҳкам ижоди ҳали умуман тадқиқ этилмаган деса ҳам бӯлади. Бу йӯлда айрим уринишлар (Юсуфали Шоназаровнинг “Асқар Маҳкам” номли китоби, “Сӯйладик гоҳ урён, гоҳи мунаққаш” туркум мақолалари, Абдулло Зуҳурнинг “Қаттиқ иймон шоири” мақоласи), албатта, қувонтиради. Жумладан, Неъматулло Иброҳим Асқар Маҳкамнинг “Ҳақ” китобига ёзган сӯзбошисида шундай дейди: “Асқар Маҳкам ӯз асарларида Инсонни бор мураккаблиги билан тасвирлайди. Юзаки тавсиф этиш унинг руҳиятига ётдир. Бошқача қилиб айтганда, у Инсонни нафрат билан севади, инкор билан эътироф этади, оғу билан даволашга, алам билан шодлантиришга интилади…”

Шу ӯринда, Асқар Маҳкам ҳаётининг сӯнгги йиллари ҳақида ӯз хотираларини, таассуротларини ӯқувчилар билан баҳам кӯраётган айрим дӯстларимизнинг ҳиссиётга берилмай, орқаворотдан эшитган асоссиз фикрларига таянмай, ёлғон қӯшмай ёзишларини алоҳида таъкидлашни истардим. Бир дӯстимизнинг қай бир мақоласидаги “Фалон машҳур ҳофиз Асқар Маҳкамнинг маъракасини (мотам маросимини) ӯтказиб берибди” қабилидаги гаплари Исмат Худоёрнинг айтишига қараганда – ғирт ёлғон. Эшитишимга қараганда ҳаётининг сӯнгги кунларида Асқар Маҳкам билан Исмат Худоёр, Набижон Боқий, Абдуғафур Маматов, Икром Отамурод, мен алҳол эслолмаётган яна бир гуруҳ дӯстлар ва Асқарали аканинг, Садриддиннинг яқинлари бирга бӯлишган. Асқарали аканинг Тошкентдаги маъракасига бош-қош бӯлган Исмат Худоёр (барака топсин!) билан Тошкентда учрашганимизда шундай деганди: “Асқарали ака билан сӯнгги лаҳзада бирга эдим. Менинг қӯлимда жон берди. Жисми жондан фориғ бӯлгач, юзида, худди нимадандир ҳайратлангандек бир ифодани кӯрдим…”

Билмадим, Асқарали ака, нима учундир, толни яхши кӯрарди. Қабрлар бошига ҳар хил дарахтлар, гуллардан кӯра тол эккан яхшироқ, дерди. Ҳатто, унга бағишлаб ёзган эски бир шеъримда шундай сатрлар ҳам бор: “Менинг соғинганим – энг сӯнгги Одам, Бир кун бориб у ҳам мени алдайди. Бир кун… мозоримга бир туп толни ҳам, Ӯлмаса, шу шӯрлик бувим қадайди…”

Ӯтган йили Душанбега борганимда Ваҳдат ноҳиясида жойлашган Жангалободнинг сал юқорироғида жойлашган Гулмозорбободаги Асқар аканинг қабрини зиёрат қиларканман, бир нарсага ҳайрон қолдим: Тӯқсон етти фоиз ери тошдан иборат бӯлган мамлакатда Асқар Маҳкамнинг қабри тепасига ӯрнатиш учун кӯркамроқ бир тош, наҳотки, топилмаган бӯлса?!.. Қизиғи шундаки, тӯрт кунлик омонат умримиз учун ҳашаматли қасрлар қуриб ташлаймиз. Аммо, дӯстларимиз, яқинларимиз мангу ором оладиган маконни, сал бӯлса-да, эпақага келтириш кераклигини англамаймиз ёки жуда кеч англаймиз… Анвар ака (Асқар Маҳкамнинг акаси), Жаъфарбек (Асқар Маҳкамнинг укаси)лар, Худо хайрини берсин, имкони етгунча қабрни обод қилишга ҳаракат қилганлар. Юқоридаги таъна-маломатлар ӯзимизга, дӯстларга тегишли…

Бизга биздан-да яқинроқ Парвардигор Асқарали аканинг Охиратини обод айлаган бӯлсин! Унинг Охиратидан кейинги яна бир обод манзили, яъни, “Асқар Маҳкам саҳифаси” ҳам борки, Асқар Маҳкамнинг яқинлари, дӯстлари, мухлислари номидан ушбу саҳифани барпо айлаган салоҳиятли, нуктадон, маърифатли инсон, дӯстимиз Олима Набизодага беадад раҳматлар айтамиз ва энг юксак хислатлар Соҳиби, қудрат ва ҳикмат Эгаси Парвардигордан унга саломатлик, хотиржамлик, қадр англаш, савоб йӯлидаги ишларида ободлик, қурб-қувват тилаймиз!

Сӯз охирида Сизлар билан баҳам кӯрмоқчи бӯлганим, Лойиқнинг “Шоир қадри” шеъри холис ниятларимизга ҳамоҳанг бӯлади, бир кун келиб шеър ва одамийлик мулкида ӯзига хос ҳодисага айланган Асқар Маҳкам ӯзининг бундан-да баландроқ қадрини топади, деб ӯйлайман.

 

Ошиқлар оҳ тортса хаёлга ботиб,

Зӯрлар ҳам йиғласа ҳайрон, лол қотиб,

Дӯстлар бир-бирини кетганда сотиб,

Ӯшанда билинар шоирнинг қадри.

Осмонда бир юлдуз ёнса дамодам,

Ерда бир ёш юрак тутганда мотам,

Ӯзидан ӯзини ахтарса одам,

Ӯшанда билинар шоирнинг қадри.

Овчиларнинг ови юришмаган он,

Бошин эгиб қайтса, елкада камон,

Харсанг тош устида ӯтирса ҳайрон,

Ӯшанда билинар шоирнинг қадри.

Йӯловчи қумлоқдан ӯтиб кетганда,

Оҳанги қумларга чӯкиб кетганда,

Бир парча шеър ӯқиб жӯшиб кетганда,

Ӯшанда билинар шоирнинг қадри.

Юрак осмонини қопласа булут,

Сохта гӯзалликнинг юзи ҳам шувут,

Эзгулик дунёси бӯлганда унут,

Ӯшанда билинар шоирнинг қадри.

Дунё тор келганда зӯрлар лошига,

Ҳангомаю ғурур етиб бошига,

Ёзув ахтарганда қабр тошига,

Ӯшанда билинар шоирнинг қадри.

Одамзод қайтадан топса қадрини,

Куйга солиб айтса алам, дардини,

Бир сӯздан ахтарса ул дард шарҳини,

Ӯшанда билинар шоирнинг қадри.

 

Одил Икром, шоир

КАЛЕНДАР

« Ноябр 2024 »
Дш Сш Чш Пш Жм Шб Яб
        1 2 3
4 5 6 7 8 9 10
11 12 13 14 15 16 17
18 19 20 21 22 23 24
25 26 27 28 29 30  

МАҚОЛАЛАР

Дмитрий Медведев билан мулоқот

 

31 май куни Тинчлик ва миллий бирлик асосчиси – Миллат пешвоси, Тожикистон Республикаси Президенти муҳтарам Эмомали Раҳмон Тожикистон Республикасига расмий ташриф билан келган Россия Федерацияси Ҳукумати Раиси Дмитрий Медведев билан учрашди.

Суҳбат чоғида Тожикистон-Россия дўстлик муносабатлари ва ўзаро самарали ҳамкорликларининг ҳозирги ҳолати ҳамда истиқболлари кўриб чиқилди.

Муфассал...

ҚАЛОВИ ТОПИЛСА АГАР…

 

Хуросон ноҳиясининг Жавоний маҳалласида истиқомат қилувчи Умеджон Рустамов учун янги йил омадли келди. У Тинчлик ва миллий бирлик асосчиси – Миллат пешвоси муҳтарам Президентимиз Эмомали Раҳмон Жаноби олийларининг ташаббуси ила 2018 йилнинг Сайёҳлик ва халқ ҳунармандчилигини ривожлантириш йили, дея эълон қилинишидан илҳомланиб, кўпдан бери ўйлаб юрган режасини амалга ошириш пайидан бўлди.

Муфассал...

СТАТИСТИКА

Сайтга кирганлар
1
Мақолалар
872
Мақолаларни кӯрганлар сони
1990341

ӮҚУВЧИЛАР СОНИ

7477211
Бугун
Кеча
Шу ҳафта
Ӯтган ҳафта
Шу ой
Ӯтган ой
Ҳаммаси
3139
4027
20824
7426653
98855
114875
7477211

Сизнинг IPнгиз: 13.59.234.182
Бугун: 23-11-2024 16:36:26

ҲАМКОРЛАР

 

 

   

2015