Вилоят маркази - Хўжанд шаҳрида йил давомида халқ хўжалигининг ҳар бир соҳасида ривожланиш бўлганини кўриш мумкин. Масалан, шаҳар саноатчилари ўтган йилдагига қараганда деярли 150 миллион сомонийлик кўп маҳсулот ишлаб чиқаришга муваффақ бўлдилар. Ҳозирда шаҳардаги катта-кичик корхоналар сони 168тага етди. Хўжандлик саноатчилар тўртинчи миллий мақсад - мамлакатни тез суратда саноатлаштириш йўлида янги-янги шахдам қадамлар
ташлашмоқда. Шаҳардаги 16та корхона маҳсулотларига хорижий давлатларда талабот кучаймоқда. Буни жорий йилда хўжандлик саноатчилар чет элга 205 миллион сомонийликдан ортиқроқ маҳсулот жўнатганларида ҳам кўриш мумкин. Айни бир пайтда хориждан келтириладиган маҳсулотларни алмаштира оладиган маҳсулотлар ишлаб чиқаришга ҳам алоҳида эътибор берилмоқда. Жорий йилда 305 миллион сомонийликдан кўпроқ ана шундай маҳсулотлар тайёрланди.
Жорий йилда шаҳарда 12та янги саноат корхонаси иш бошлади. Бунинг натижасида 300 нафарга яқин киши доимий иш билан таъминланди. "Зервеко" ва "Санги Хоро" саноат корхоналарининг ишга тушиши билан хориждан келтирилган кўпгина маҳсулотларга эҳтиёж қолмади.
Ёшлар: "Террорчилик ва экстремизмга йўл йўқ!"
Вилоятнинг турли шаҳарларида террорчилик ва экстремизмга қарши тадбирлар бўлиб ўтар экан, унинг қатнашчилари Паёмдаги чорловни тез-тез тилга олишди.
Бўстон шаҳри ёшлари иштирокида ўтган тадбирда йигит-қизларнинг қўлларида "Йўқолсин террорчилик!", "Экстремизм ва террорчиликни қоралаймиз!" "Хиёнатчининг ватани йўқ!" каби шиорларни кўриш мумкин эди. Мазкур тадбир "Террорчиликсиз ва экстремизмсиз келажак бунёд этамиз!" шиори остида ўтди. Бу тадбирда фақат бўстонлик ёшлар эмас, Хўжанд шаҳри, Бобожон Ғафуров ноҳияси ва вилоятнинг бошқа шаҳар-қишлоқларидан келган минглаб йигит-қизлар иштирок этишди.
Хўжанддаги Ҳуқуқ, бизнес ва сиёсат давлат дорилфунуни ёшлар билан ишлаш бўлими мудири Мирзожон Мирзобоев бузғунчи гуруҳлар билимсиз, иродаси суст, дунёқараши тор бўлган ёшларни ўз тузоқларига илинтириш учун уринишларини айтди. Бунда уларнинг интернетдан ҳам фойдаланаётганликларини таъкидлади.
Деваштичда "Халқ овози" мухлислари кўп
Вилоятдаги яна бир ноҳияда "Халқ овози" газетасига Тожикистон Республикаси Президенти Ижроия аппарати томонидан тасдиқланган режа-топшириқ бажарилди. Деваштичлик "Халқ овози" мухлисларидан 300 нафари йил давомида ўзлари учун севимли газеталарини ўқиш имкониятини яратиб қўйишди.
- Бу йилги обуна мавсуми ҳар қачонгидан кўра уюшқоқлик билан ўтди, республика, вилоят газеталарининг аксариятига тўлиқ обуна бўлинди - дейди Деваштич ноҳияси почта алоқаси маркази ходими, обуна бўйича мутасадди Садорат Рофиева. - Бунинг биринчи сабаби одамларимизнинг вақтли матбуотнинг инсон маънавий бойлигини ошириш, дунёқарашини кенгайтиришдаги ўрнини яхшироқ ҳис этганлари, мамлакат, вилоят ва ноҳия ҳаётидан, янгиликлардан хабардор бўлишни истаётганлари бўлса, иккинчидан, ноҳиямиз раиси Сулаймон Зиёзоданинг бу муҳим сиёсий маъракага бевосита эътибор берганлиги, бош-қош бўлганлиги бўлди.
- Бизнинг жамоатимиз қишлоқларида "Халқ овози"нинг мухлислари кўп. Чунки бу газетада ҳаётнинг ҳамма томонларини қамраб олган қизиқарли, ўқимишли материаллар берилади, - дейди Яхтан қишлоқ жамоати раиси Самад Махмадиев. - Масалан, жорий йилда Яхтандаги ободончиликлар ҳақида берилган мақолани қўлма-қўл қилиб ўқидик.
Тадбиркор бор жойда...
"2019 йилнинг энг яхши тадбиркори" вилоят танлови ғолибларини тақдирлаш тантанаси бўлиб ўтди.
Вилоят раиси Ражаббой Аҳмадзода сўзга чиқар экан, тадбиркорларнинг халқ хўжалигини ривожлантиришда муҳим ўрин тутаётганлигини қайд қилди. У ватанпарвар тадбиркорларнинг саъй-ҳаракати билан янги-янги ишлаб чиқариш ва ижтимоий иншоотлар бунёд этилаётганини алоҳида таъкидлади. Жумладан, Бўстон шаҳрида "Суғдполитекс" МЧЖ томонидан полиэтилен инновацион ишлаб чиқариш корхонаси, Гулистон шаҳрида "Маҳмуд Ко" МЧЖ томонидан йилига 60 тонна арматура тайёрлаш иқтидорига эга корхона, Спитамен ноҳиясида "Истиқлолият 25 йиллиги" МЧЖ томонидан ёғ ишлаб чиқариш корхонаси, Жаббор Расулов ноҳиясида "Органик Ян" масъулияти чекланган жамияти томонидан йигирув фабрикаси ишга туширилди.
Расмий маълумотларга кўра, йилнинг ўтган 11 ойида вилоят тадбиркорлари томонидан 293 миллион сомонийлик турли иншоотлар бунёд этилган.
Танлов ғолибларига давлат ҳокимияти вилоят ижроия органининг мукофотлари берилди. Жумладан, ўз йўналишларида ғолиб топилган Шоира Содиқова, Қурбони Алимардон, Нурбиби Ҳожиева, Дадахон Очиловлар мукофот соҳиби бўлишди.
Адиб хотираси ўчмайди
Камол Хўжандий номли театр биносида Тожикистон Халқ ёзувчиси, Абу Абдулло Рудакий номли Давлат мукофоти лауреати Раҳим Жалилнинг 110 йиллигига бағишланган хотира кечаси ўтказилди.
Раҳим Жалил ўз ижодини шеър ёзишдан бошлаган. Сўнгра насрий асарлар ёзиш билан шуғулланган. Унинг "Ўлмас одамлар", "Шўроб" романлари китобхонларга яхши таниш.
Хотира кечасида сўзга чиққан вилоят раиси муовини Зайнура Азимий, Тожикистон Ёзувчилар иттифоқи наср бўлими бошлиғи Равшан Махсумзод, Тожикистон Халқ шоири Аҳмаджон Раҳматзод, адабиётшунос олим Неъматжон Файзуллаев Раҳим Жалилнинг тожик адабиётига қўшган улкан ҳиссаси, унинг бадиий маҳорати ҳақида гапиришди. Адиб билан бирга ишлаган шоирлар Саидамин Жило, Муаттара Ғаниевалар унинг Хўжандда Мирзо Турсунзода ва Муҳиддин Аминзода музейларини очишдаги хизматлари, ёш ижодкорларга ғамхўрлиги, инсоний хислатлари ҳақида тўхталишди.
Хотира кечасида Раҳим Жалил драмаси асосида саҳналаштирилган "Хожа Камол" пйесасидан саҳна, ижодкор шеърларига басталанган қўшиқлар ижро этилди.
Шу куни Хўжанддаги Раҳим Жалил номли мактаб-гимназияда ижодкор музейи очилди. Тожикистон Ёзувчилар иттифоқи Суғд вилояти бўлими янги музейга 20 минг сомонийлик китоб туҳфа этди.
Ўз мухбир.
ёхуд футбол бўйича Тожикистон XXVII чемпионати якунларига бир назар
Футбол дунё спорт майдонида энг оммалашган турлардан бири саналади. Унинг «миллионлар ўйини», дея сифатланиши бежиз эмас.
Мамлакатимизда ҳам спортнинг мазкур тури жабҳанинг биринчи рақамлилари сирасига киради.
Тожикистон давлат мустақиллигига эришганидан буён, бу йил 27-маротаба мамлакат биринчилиги мусобақалари ўтказилди.
Муфассал...
Назм азалдан кўнгил мулки бўлиб келган ва шундай бўлиб қолади. Шоир учун ҳар бир инсоннинг ўзи бир китоб. Шеъриятга ошно кўнгиллар оташин сўзлар мубталосига айланиб юришади. Абдуқодир Алимаҳмадовни Турсунзода шаҳрида шеърият, қўшиқ шайдоларининг кўпчилиги яхши танишади, иззат- икром этишади. Абдуқодир Алимаҳмадов узоқ йиллар Турсунзода, қолаверса, республикада донғи кетган «Навбаҳор» ансамблига раҳбарлик ҳам қилган.
Муфассал...2015
1-2015
2-2015
3-2015
4-2015
5-2015
6-2015
7-2015
8-2015
9-2015
10-2015
11-2015
12-2015
13-2015
14-2015
15-2015
16-2015
17-2015
18-2015
19-2015
20-2015
21-2015
22-2015
23-2015
24-2015
25-2015
26-2015
27-2015
28-2015
29-2015
30-2015
31-2015
32-2015
33-2015
34-2015
35-2015
36-2015
37-2015
38-2015
39-2015
40-2015
41-2015
42-2015
43-2015
44-2015
45-2015
46-2015
47-2015
48-2015
49-2015
50-2015
51-2015
52-2015