Биз билан боғланинг:

   

Бизга қӯшилинглар

ХАБАРЛАР

МИНТАҚАЛАР

Муаллиф: Super user Категория: МИНТАҚАЛАР
Чоп этилган 27 Июл 2018 Кӯришлар: 1796
Печат

 

ёхуд Деваштичнинг Метк қишлоғида яшовчи Маҳтоб она Фозилова билан йўл-йўлакай суҳбат

hoji 2018-Маҳтоб хола, тобингиз йўқ, деб эшитдик. Ишқилиб, ҳозир тузукмисиз?

-Э, болам-а, ёш кетгач, олма билан ўрик бўлармидик. Бир кун қўлинг оғриса, эртасига оёғинг зирқирайди. Иштаҳа йўқолиб, мадордан қоласан. Кейин бу дардим янги эмас… Оёғим бирдай азоб беради. Озод-эркин юролмайман. Саксонга яқинлашдим. Менимча, ҳаққим ҳам қолмади…

Нима бўлса ҳам, ҳаммасига шукр.

-Холажон, иссиқ жон бедард бўлмайди, дейдилар-ку. Бу дардлар - ўша кўп йиллик чеккан заҳматларингиз асорати…

-Билмадим. Лекин кўп заҳмат чекдик, оғир йиллар эди. Худо менга бир парча этни лойиқ кўрмади… Нима ҳам дердим, Яратганнинг хоҳиши шу бўлгач… Ёшлигимда хўп ишладим. Тўққиз йил пахтакорлик ҳам қилганман. Пахта чопиғидан тортиб, то йиғим-теримгача… Бир вақтлар «Грамота» ҳам беришган эди. Билмадим, қаерларда қолиб кетган. Яна «Ҳурмат тахтаси»га суратимни ҳам сўрашганди. Лекин кўнмадим. Ноҳиядаги «Қалъаи дўст» совхозида ғалла ўрардим, даста боғлардик, картошка чопиғи-ю сув таратиш, ҳатто, «жук» деган балони териш ҳам бизнинг зиммамизда эди. Супҳон Мавлонов, Носирхўжа Обидов ҳали тонг ёришмаданоқ ишга хабар қилардилар. Яхши одамлар эди, жамият иши учун кунни тунга улашарди. Ҳозиргидай дабдабали қасрларни, ҳатто, тасаввур қилишмасди. Лекин болалари тарбиясига эътибор беришарди. Ҳотам Қурбонов, Саттор Холиқов раислик қилган давр хўжаликни гуллаган вақти, дейишади. Ҳақиқатан ҳам, тўғри айтишади. Картошка, сабзи майдонлари кенгайди, янги боғлар бунёд бўлди, ариқ қазилиб, сув чиқарилди, халқнинг яшаш шароити яхшиланди. Совхознинг қўй-эчкиси ўн минг бошга етган эди…

-Айтишларича, сиз ўз умр йўлдошингизга мисли кўрилмаган даражада вафоли экансиз.

hoji 2018 1-Нафақат, мен, балки у киши ҳам. Умр йўлдошим Фозил Ашуров билан бирга қаридик. Бир неча марта «мен рози, бошқага уйланинг, Худо ғамхўр, эҳтимол, пешанангизда фарзанд бўлса…» - дедим. Йўқ, унамади.Чунки ҳар иккаламиз бир дарахт пайвандларидан эдик. Қариндош-уруғлик ришталари узилишини хоҳламади. Бир умр деҳқончилик қилди. Ҳожи бўлди. 2007 йили амаким инисининг ўғли бўлган амакиваччам Маҳкам Ёқубов оиласига топшириб, бандаликни бажо келтирди. Шундан бери, шу хонадондаман. Ўн бир йилдан бери оёғим қийнайди, ҳатто қариндош-уруғникига ҳам боролмайман. Аммо Асиламоҳу Ўғилой, Офтобой, Фарзона ва бошқа пайвандларим ёлғизлатиб қўйганлари йўқ. Ҳаммалари ўз эналаридай бошимда парвона. Бирор нарсадан нолимайман. Масалан, Фарзона менинг маслаҳатим билан Хўжанддаги тиббиёт коллежида ўқиди, қишлоқ медпунктида ҳамшира…

-Ҳамма жойда дув-дув гап: гўё сиз, Ҳаж учун жамғарган пулингизни хайрли ишга сарфлабсиз?

- Дуруст. Менинг номимда 20 сотих ер бор. Ҳар йили 10-15 тонна картошка оламан. Аниқроғи, олишади. Бу оёқ билан қаерга ҳам борар эдим. Жигарбандларим йиғиштиришади, бир сўмига хиёнат қилмай, қўлимга беришади. Бир куни қарасам, анчагина маблағ тўпланиб қолибди. Ҳаж зиёратига боришни ният қилдим. Лекин дардманд оёғим мени узоққа олиб боришни хоҳламади чамаси… Ўтган йили 260 ўқувчи ўрнига мўлжалланган ҳашаматли мактаб қуриб, тантана билан ўқувчиларга ҳадя қилган амакиваччам Маҳкам Ёқубовга маслаҳат солдим:

-Менимча, бу оёқ билан қишлоқдан чиқолмайман. Яхшиси, қишлоқ ободончилигига харж қилсам, шунинг ўзи менга Ҳаж бўлса, ажаб эмас. Ёшу қарининг дуоси менга бас…

Ҳожи Маҳкам рози бўлди. Қишлоққа кираверишдаги йўл ҳар йили сел-ёмғир туфайли анча ташвиш туғдирарди. Ўша жойга кўприк қуришни таклиф қилди. Жон-жон деб, рози бўлдим. Ахир, Миллат пешвоси эл-юрт ободончилиги, етим-есирни бошини силаш ҳар қандай Ҳаж зиёратидан аъло эканлигини такрор-такрор таъкидлайди.

-Маҳтоб хола, менимча, икки йил олдин иккита кўприк қуриб, Ҳожи она номини олган ҳамқишлоғингиз Нурбиби Дўстмуродова, шунингдек, ўз ҳисобидан қишлоқ қабристони атрофини 600 метр девор билан ўраган яна бир қишлоқдошингиз Мирзо Шарипов ташаббусини қўллаб-қувватлаб, олийжаноб иш қилдингиз. Сизнинг етмиш минг сомоний маблағингизга қурилган кўприкни кўрдик. Ажойиб иншоот бўлибди. Узунлиги тўққиз, эни қарийб олти метр. Рисоладагидай, барча техник қоидаларга риоя қилган ҳолда бунёд этилган. Иккита темир платформадан ёрдам қилган 27-ноҳия йўлсозлик муассасаси мутахасислари ҳам яхши баҳо беришди…

-Раҳмат болам. Аслини олганда, дабдабаларга унчалик хушим йўқ. Лекин хайрли, савоб ишнинг қаноти борми дейман, бир зумда овоза бўлиб, вилоятгача етибди. Яна сенлар ҳам анча-бунча «карнайчи-ю доирачи»дан қолишмайсизлар…

-Эҳтимол, бизнинг ҳам «айбимиз» бордир. Лекин сизнинг ташаббусингиз бошқаларга ибрат бўлишини овоза қилсак, нимаси ёмон? Биласизми, сиз бу ерда ўтирибсиз, кўприк олдидаги катта майдонда юзлаб одам тўпланган. Ҳатто, Душанбедан Президент ижроия маъмуриятининг Деваштичдаги вакили, республика Ёшлар қумитасининг раиси Абдуллозода Аҳтам Рустам, Суғд вилояти раисининг ўринбосари Хожазода Ориф Ашур, ноҳия раиси Рустам Жўразода, ҳатто вилоят йўлсозлари етакчиси Хожарой Латифий ҳам ташриф буюриб, сизни роса мақтадилар. Меърож Ражабов дегани сизга бағишлаб шеър ўқиса бўладими?.. Ўтирганлар бир овоздан сизни Ҳожибиби, деб эълон қилдилар. Ҳамма қарсак чалди. Унвон муборак бўлсин. Ўнлаб ҳамдиёрларимиз пешана тери билан топган маблағларини ўзга давлатга оборишади. Ким билади, Ҳажлари қабулми ё йўқ, буёғи Яратганга маълум… Лекин сизнинг бу ишингиз бир неча Ҳаждан ортиқ бўлса борки, кам эмас…

-Роса мақтавордингиз, болам. Раҳмат. Ўша меҳмонлар хонадонимга келишди. Совғалар топширишди. Узоқ дуо қилдим. Яна мактабимиз директори Абдурауф Абдурауповнинг ташаббусини эслатдилар. Жуда хурсанд бўлдим. Тушмагур Абдурауф қишлоқ аҳли номидан Истиқлолнинг 30 йиллигигача ана шу тантана бўлаётган жойда касалхона, туғруқхона ва болалар табобати бўлими қурилишини айтибди. Яна олтмишинчи мактаб қошида спорт зали қурилишини тилга олибди. Яшасин. Биласизми, қишлоқдошларим ориятли, тилга олдими, албатта, уддалашади. Яна «Чилдухтарон» табиий ёдгорлиги бизнинг қишлоқда. Сайёҳлар келиб туради. Агар унинг атрофи ободонлаштирилса, келувчилар сони янада кўпаярди.. Ахир, ҳурматли юртбошимиз мамлакатни тинч қилиб қўйди, шароит яратилган, яна нима керак? Бу ёғи ватанни обод қилиш ўз зиммамизда-ку… Илоҳа, Пошшомиз юз, йўқ, минг йил яшасин, боши дард кўрмасин. Бундай Пошшони тарих ҳали кўрмаган…

-Тўғри айтасиз, Маҳтоб хола. Кейинги йилларда ноҳиямизда сиз каби қалби дарё, юрт учун фидойилар кўпайиб бормоқда. Биласизми, далёнлик Садри Файзиев касалхона қурмоқчи. Бундан олдин Нусратулло Қурбонов икки километрга сув линияси торттирган эди. Яна даҳқатлик Моҳбиби Иброҳимова Ҳаж учун тўплаган маблағидан қўли калта бир оилага 30та шифер олиб берди. 15 оилага кўмак берди, яна учта ногиронга аравача совға қилди… Буёғини айтаверсам… Ишқилиб, Худо дардингизга шифо берсин, пайвандларингиз давраси сиз билан тўлиб турсин…

-Сиз ҳам омон бўлинг, болам.Тез-тез келинг. Ҳар йили қишлоғимизда икки-учта янгилик бўлиб туради. Тошлоқ жойда ер очиб, тупроқ солиб картошка эккан деҳқонларимиз билан ҳол-аҳвол сўрашинг… Умуман, тоғли, кўркам табиат қўйнида жойлашган Метк аҳлидан хабардор бўлиб туринг.

 

Эгамназар СОҲИБНАЗАРОВ,

Деваштич ноҳияси.

КАЛЕНДАР

« Ноябр 2024 »
Дш Сш Чш Пш Жм Шб Яб
        1 2 3
4 5 6 7 8 9 10
11 12 13 14 15 16 17
18 19 20 21 22 23 24
25 26 27 28 29 30  

МАҚОЛАЛАР

Тожик шоираси - мукофот соҳиби

 

Машҳур тожик шоираси Фарзонаи Хўжандий Афғонистоннинг "Килки Заррин" мукофотига сазовор бўлди. Мазкур мукофот қўшни давлатнинг Ахборот ва маданият вазирлиги томонидан берилади. Ўтказилган танловда тожик шоирасининг шеърлари энг яхши, дея эътироф этилган.

Мазкур танлов Афғонистонда 2010 йилдан буён ўтказилади. Танловда афғон шоирлари ва адиблари иштирок этиб келишади.

Муфассал...

Сув – тириклик омили

 

Тинчлик ва миллий бирлик асосчиси - Миллат пешвоси, Тожикистон Республикаси Президенти муҳтарам Эмомали Раҳмон 2017 йилда Ню-Йорк шаҳрида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош ассамблеясининг 72-сессиясида нутқ сўзлади. Давлатимиз бошлиғи ўз нутқида бутун дунё аҳлини тоза сув билан таъминлашни йўлга қўйиш, яъни 2018-2028 йиллар - "Сув устувор тарақиёт учун" халқаро амалиёт ўн йиллигини татбиқ этишни таклиф этди.

Муфассал...

СТАТИСТИКА

Сайтга кирганлар
1
Мақолалар
872
Мақолаларни кӯрганлар сони
1991139

ӮҚУВЧИЛАР СОНИ

7478785
Бугун
Кеча
Шу ҳафта
Ӯтган ҳафта
Шу ой
Ӯтган ой
Ҳаммаси
4713
4027
22398
7426653
100429
114875
7478785

Сизнинг IPнгиз: 3.145.180.152
Бугун: 23-11-2024 17:53:04

ҲАМКОРЛАР

 

 

   

2015