Биз билан боғланинг:

   

Бизга қӯшилинглар

ХАБАРЛАР

МИНТАҚАЛАР

Муаллиф: Super user Категория: МИНТАҚАЛАР
Чоп этилган 28 Июл 2017 Кӯришлар: 1458
Печат

 

abdurahmon qodiriy 2017Айни пайтда Суғд вилояти қурилиш иншоотлари учун сарфланаётган цемент маҳаллий заводларда ишлаб чиқарилмоқда. Бобожон Ғафуров ноҳияси ҳудудида янги цемент ишлаб чиқариш заводи ишга туширилгач, бу қурилиш маҳсулоти Қозоғистон, Қирғизистон, Ўзбекистон, Афғонистон каби давлатларга юборилмоқда. Мазкур Тожикистон-Хитой қўшма заводи маҳсулотлари сифатини кўрган чет эллик харидорлар тобора кўпаймоқда.

Суғд вилояти раиси Абдураҳмон Қодирий матбуот конференциясида оммавий ахборот воситалари вакилларини йилнинг ўтган ярим йилида қилинган ишлар билан таништирар экан, вилоятда яна иккита цемент заводи қурилиши назарда тутилганини айтди.  Айни бир пайтда у саноат ва қурилишда қилинадиган ишлар кўплигини таъкидлади. -Биз чет элга вилоятдан чиқариладиган маҳсулотлар ҳажмини кўпайтиришни ва бу кўрсаткични четдан келтирилаётган моллар ҳажмига бараварлаштиришни мақсад қилиб қўйганмиз»,- деди Абдураҳмон Қодирий.

Айни пайтда вилоят 50та хорижий мамлакат билан савдо-сотиқ қилмоқда. Суғдда тайёрланаётган маҳсулотлар кўпроқ Қозоғистон (деярли 67 фоиз), Ўзбекистон (10 фоиздан ортиқроқ), Хитой, Туркия ва Италияга юборилади. Вилоятга энг кўп маҳсулот юбораётган мамлакатлар эса Россия (38 фоиздан ортиқроқ), Қозоғистон (32 фоиздан кўпроқ) ва Хитой эканлиги айтилди. Жорий йилда қўшни Ўзбекистондан келтирилаётган товарлар ҳам тобора кўпайиб бормоқда.

Агар ўтган олти ойда вилоятда саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш олдинги йилнинг худди шу даврига қараганда бир ярим миллиард сомонийлик кўпайгани ҳисобга олинганда, суғдлик саноатчилар ўз олдиларига қўйилган мақсадга эришиш йўлида қатъий интилаётганликларини сезиш мумкин. Шу ўринда бу қувончли кўрсаткичга жаҳонда давом этаётган иқтисодий-молиявий инқироз пайтида эришилганини таъкидлаш жоиз. Саноатчилар эришаётган ютуқлар ҳақида гап кетганда, яна бир рақамни келтирмоқчимиз: вилоятда ун ишлаб чиқариш 2016 йил биринчи ярим йилига қараганда 4 марта кўпайди. Бу эса, нон ва ундан тайёрланадиган бошқа маҳсулотлар кўпайганлигини, эл дастурхони фаровонлашганини кўрсатади.

Вилоятда солиқ қарзи 4 миллион 200 сомонийга камайтирилди. Ишлаб чиқариш ва иқтисоддаги ютуқлар эса,  ижтимоий соҳаларга эътиборни кучайтириш имконини бермоқда. Айни пайтда давлат ҳокимияти вилоят ижроия органи томонидан ажратилган маблағ ҳисобига ўнга яқин мактаб, тиббий муассасалар ва спорт иншоотлари қурилмоқда. Бу иншоотлар, асосан, Тожикистон мустақиллигининг 26 йиллик санасига қадар фойдаланишга топширилиши назарда тутилган. Жумладан, Бобожон Ғафуров ноҳиясидаги Қирғизистон билан чегарага яқин Овчи-Қалъача қишлоғида янги замонааий мактаб қурилиши жадал олиб борилмоқда.

Айни бир пайтда халқ хўжалиги юклари ва йўловчилар ташийдиган транспорт ҳаракатини яхшилаш учун йўлларни қайта қуриш ва таъмирлаш давом этмоқда. Йилнинг ўтган муддатида 1000 километрдан ортиқроқ йўл қайта қурилди ё таъмирланди. Ҳозирда Зафаробод ноҳиясида Зафаробод-Дўстий, Деваштич ноҳиясида Ғончи-Овчи йўлини қайта қуриш ва мумлаштириш давом этмоқда. Вилоят раисининг айтишича, Ғончи-Овчи йўлида яратиладиган қулайлик Деваштич ноҳиясининг юқори қишлоқларидан келиб-кетадиган ва у томонларга борадиган одамлар узоғини яқин қилади. Айни бир пайтда бу йўл Тоғли Мастчоҳга бориб-келишни ҳам яхшилайди.

 Вилоятда 2017 йил – «Аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш йили», деб эълон қилинар экан, бу хайрли мақсадга эришиш учун янги-янги лойиҳалар амалга оширилмоқда. Мазкур мақсадда ҳалқаро ташкилотлар ажратган маблағлар билан бирга ички имкониятлардан фойдаланилмоқда. Сув иншоотлари, жумладан, тоза сув тўплаш ҳавзаси қуриш ҳисобига Хўжанд шаҳри аҳолисини Хўжабақирғон сойи суви билан таъминлаш чоралари кўрилмоқда. Ҳозирда вилоят аҳолисининг 67 фоизи тоза ичимлик суви билан таъминланган. Келгусида сув қувурлари тортиш имконсиз бўлган баланд тоғлардаги олис кичик қишлоқларни истисно қилганда, суғдликларнинг деярли ҳаммаси ичимлик суви билан таъминланади.

Абдураҳмон Қодирий маориф соҳасидаги вазиятни таҳлил этар экан, Душанбе шаҳар раиси Рустами Эмомали бошлаган ташаббусни қўллаб-қувватлашларини изҳор этди. Унинг айтишича, аввалига саккизта шаҳар ва ноҳияда, бора-бора бутун вилоят бўйича мактаб таъмири, фонди учун ўқувчиларнинг ота-оналаридан маблағ тўплаш тажрибасига барҳам берилади. Мактаб бинолари, синфхоналарни бўяб, оқлашдан тортиб ўқув жиҳозларини таъмирлаш, қишки мавсум учун кўмир-ўтин жамғаришгача маблағ ҳукумат ҳисобига бўлади.

Вилоятда қишлоқ аҳолиси ҳаётини яхшилаш йўлида сезиларли ишлар амалга оширилмоқда. Вилоят раиси деҳқон хўжаликлари кўпайтирилиб, ер ҳақиқий эгасини топаётгани натижасида қишлоқ хўжалик маҳсулотлари  етиштириш кўпайиб бораётганлигини айтиб ўтди. Боғдорчиликда интенсив боғлар яратишга муҳим аҳамият берилмоқда.  Минг гектардан ортиқ майдонда янги боғлар яратилди. Тез ҳосилга кирувчи бундай намунали боғлар Бобожон Ғафуров ноҳиясининг Сомғор мавзеида яратилмоқда. Шу кунгача 550та оилага 2750 гектар ер тақсимлаб берилди. Минг гектар ер томчилаб суғориш усулида суғорилмоқда. Боғбонлар орасида Хўжанд шаҳрида яшаётган оилалар ҳам тобора кўпаймоқда. Хўжандда яшаётган ўнлаб оилалар ўзларига берилган 5 гектардан (таъкидлаб ўтамиз – ҳар бир оила учун 5 гектардан!) ерда боғ яратишмоқда.

Айни бир пайтда картошка, сабзавот, полиз маҳсулотлари, мева, узум етиштириш ўтган йилнинг худди шу даврига қараганда сезиларли равишда кўпайган бўлса-да, айрим қишлоқ хўжалик маҳсулотлари нархи кескин ошгани ташвишланарлидир. Вилоят раиси картошка, сабзи, пиёз, гўшт нархи ошишининг сабаблари турлича эканлигини изоҳлади. Унинг фикрича, қишлоқ хўжалик маҳсулотлари нархининг ошиши бир томондан одамлар ҳаёт тарзининг яхшилангани, харид қобилияти ошганини кўрсатади. Иккинчи томондан эса, нарх ошишига деҳқонларнинг пиёз ва сабзини кам экишгани, вилоятда етиштирилган айрим маҳсулотларнинг қўшни мамлакатларга яширин йўллар билан олиб ўтилаётгани, деҳқоннинг бозорда савдо-сотиқ қила олмаслиги, улар учун ажратилаётган жойларни ҳам олибсотарлар эгаллаб олишаётгани ҳам сабаб бўлаётгани айтилди.

Абдураҳмон Қодирий оммавий ахборот воситаларида ишлаётган журналистлар саволларига атрофлича жавоб берди. Саволлар орасида кейинги пайтларда матбуот ходимлари  диққат марказида бўлиб қолаётган Жаббор Расулов ноҳияси марказидаги бозорлар масаласидаги савол ҳам бор эди. «Тожикистон» ҳафталиги мухбири Фарзонанинг бу борадаги саволига жавоб берар экан, вилоят раиси «Ашроф» бозорига эски бозорни кўчириш масаласи Жаббор Расулов ноҳиясининг ҳозирги раиси Комил Салимзода бу вазифада иш бошламасидан олдин ҳам борлигини таъкидлади. Унинг айтишича, Комил Салимзодага у ноҳияда раис бўлиб турар экан, бозорни кўчириш масаласини тўхтатиб туриш маслаҳати берилган. Чунки «Ашроф» бозори унинг укасига қарашлидир. Эски бозорда савдо-сотиқ қилаётган кишилар «Ашроф»га боришни истамас эканлар, минг нафарга яқин кишини ишсиз қолдириш масаласини жиддий ўйлаб кўришга тўғри келади. Гарчи ноҳия маркази бош режасига кўра, эски бозор бузилиб, ўрнига бошқа иншоотлар қурилиши кўзда тутилган бўлса-да, баҳсли масалага мулоҳаза юритиб ёндашиш зарур. Устига-устак, бош режа узоқ йиллик муддатга мўлжалланган.

Абдураҳмон Қодирий журналистларни қизиқтирган бошқа баҳсли масалаларга ҳам атрофлича жавоб берди.

Шу куни фақат вилоятдагина эмас, мамлакатда таниқли ёзувчи, журналист Анвар Олимовга вилоят раисининг Ифтихорномаси, эсдалик совғаси ва маълум миқдордаги маблағ топширилди. Бу ижодкор яқиндагина юрак амалиёти жарроҳлигини бошидан ўтказганди. Матбуот конференциясига йиғилган журналистлар вилоят раиси томонидан амалга оширилган хайрли ишни қарсаклар билан олқишлашди. Шунингдек, «Паёми Суғд» журнали бош муҳаррири,  яқинда Турсунзода номли республика мукофотига сазовор бўлган таниқли шоир Озарахшга ҳам вилоят раисининг Ифтихорномаси, эсдалик совғалари берилди.

 

Ўринбой УСМОН,

«Халқ овози» мухбири.

КАЛЕНДАР

« Апрел 2025 »
Дш Сш Чш Пш Жм Шб Яб
  1 2 3 4 5 6
7 8 9 10 11 12 13
14 15 16 17 18 19 20
21 22 23 24 25 26 27
28 29 30        

МАҚОЛАЛАР

Миллат пешвосининг Рашт водийси ноҳияларига иш сафари

 

24 июн куни Тинчлик ва миллий бирлик асосчиси – Миллат пешвоси, Тожикистон Республикаси Президенти муҳтарам Эмомали Раҳмон Миллий бирлик кунининг 22 йиллик тантаналарида иштирок этиш, турли соҳаларга тегишли бир қатор иншоотлар очилишида қатнашиш ва аҳоли билан суҳбат ўтказиш мақсадида, Рашт водийси ноҳияларига иш сафари билан борди.

Муфассал...

Ҳазрати Султон мақбараси – муқаддас маскан

 

Хатлон вилоятининг Кўлоб минтақасида азалдан эл орасида машҳур бўлган зиёратгоҳ, тарихий обидалар жуда кўп. Айниқса, Султон Увайси Қараний оромгоҳи воҳа аҳли муқаддас билган масканлардан эканлиги диққатни жалб қилади. Собиқ Шўролар даврида ҳам ушбу масканга жуда кўплаб зиёратчилар ташриф буюрган. Қишлоғимиз оқсоқоллари ҳар йили махсус автобусда Мозори Ҳазрати Султонга бориб, 1-2 кун қолиб, зиёрат ва истироҳат олиб қайтишарди.

Муфассал...

СТАТИСТИКА

Сайтга кирганлар
1
Мақолалар
872
Мақолаларни кӯрганлар сони
2073745

ӮҚУВЧИЛАР СОНИ

8064278
Бугун
Кеча
Шу ҳафта
Ӯтган ҳафта
Шу ой
Ӯтган ой
Ҳаммаси
338
3030
5818
8024732
3368
108045
8064278

Сизнинг IPнгиз: 3.144.36.122
Бугун: 02-04-2025 02:35:40

ҲАМКОРЛАР

 

 

   

2015