Биз билан боғланинг:

   

Бизга қӯшилинглар

ХАБАРЛАР

МИНТАҚАЛАР

Муаллиф: Super user Категория: МИНТАҚАЛАР
Чоп этилган 06 Июл 2017 Кӯришлар: 1559
Печат

 

kofarnihon 2017Қадимда бу соҳилда туриб,  у соҳилдагини кўриб бўлмайдиган даражада тошиб оқадиган Кофарниҳон дарёсининг қуйи томони Қабодиён беклиги, деб номланарди. Унда учта амлокдорлик мавжуд эди. Амлокдорлар бекликка итоат қиларди. Дарёнинг чап қирғоғи Қабодиён, ўнг қирғоғи Бешкент амлокдорлиги, деб аталар эди. Боботоғда одам яшамасди. Аммо мустақил амлокдорлик ҳисобланарди.

Бекликнинг замини серҳосил, иқлими ниҳоятда иссиқ бўлган. Июл ойларида иссиқлик то 55-60 даражагача етарди.

____________________________

Қубод шўрасини еган туялар,

Бухородек жойдан қайтиб келибди.

Бу заминнинг кўҳна қўшиқларини,

Токи келгунича айтиб келибди.

________________________________________                  Қабодиён қўшиғидан.

Ўз тарихида Қабодиён йигирма олти марта қўлдан-қўлга ўтган экан. Бу ерда тожик, ўзбек, араб ва туркман миллатлари, йигирмадан ошиқ элатлар яшашади. Буюк файласуф шоир Носир Хусрав шу ерда таваллуд топган. Девонаи Машраб, Сўфи Оллоёр, Мирза Ҳаит Саҳбо, Маҳмуд Тўлқин, Маҳмуджон Остонов сингари шоирлар қадамлари теккан манзил. Бугунги кунда республикада таниқли ижодкорлар Бахтиёр Муртазоев, Зиё Абдулло, Сулаймон Эрматов, Назокат Олимова, Сайдулла Амин, Чориёри Иброҳим, Ашур Назар, Гулбиби, Холиёр Жўрақулов, Муҳаммад Исо, Рашид Абдуллаев, Мамараҳим Аминлар ҳам Қабодиён фарзандлари. Республикамизнинг собиқ раҳбарлари Жаббор Расулов, Маҳмадулло Холов, Худойберди Шарипов, Ражабали Жалиловлар тарбия топганлар. Бу ерда собиқ Шўролар давлатининг ўн беш Меҳнат Қаҳрамони ва бир нафар Совет Иттифоқи Қаҳрамони вояга етган.

1929 йилда дарёнинг юқори қисми Микоянобод ноҳияси ва пастки қисми Шаҳритуз ноҳияси сифатида ташкил этилган. 1956 йилда улар бириктирилди. 1978 йилда дарёнинг ўнг соҳили Шаҳритуз ва чап соҳили Қабодиён ноҳияси бўлди. 1995 йилда  Шаҳритуз ноҳияси ҳисобидан (Бешкент) Носир Хусрав ноҳияси ташкил этилди.

***

Июл ойида Қабодиёнда жон сақлаш - бир қаҳрамонлик. Вақт айни тушликка яқин. Райком биносидаги совутгичлар тинимсиз ишлайди. Иш кабинетим бинонинг иккинчи қаватида. Деразаси ғарбга қараган. Деразадан бино ҳовлисига қарадим. Душанбе ва Шаҳритуз йўналишида қатнайдиган автомобил трассаси ноҳия марказидан ўтади. Йўлнинг ўнг томонида маиший хизмат ва савдо нуқталари ҳамда бозор жойлашган. Шу пайт йўл четига «Икарус» автобуси секин тўхтади. Унинг эшиклари очилди ва икки қўлида икки чамадони бўлган чаққон қизча машинадан тушди. Юклари оғир бўлса керак, чамадонларини кўтарганча, райком биносига томон йўл олди. Бино этагига назар солдим. Ҳовлидаги дарахтлар соясида уч киши суҳбатлашиб туришар эди. Уларнинг бири - ноҳия раҳбари  Тожиддин ака Турдиев. Меҳмон қиз шошганича Тожиддин аканинг ёнига келди.

Бир пасдан сўнг, у кабинетимга кириб келди. Ўзини эски танишлардай тутиб, креслога ташлади. Салқинда анча ўзига келгач, гапира кетди:

- Москвадан келяпман. Тарих факултети студентиман. Каникулга чиқдик. Мени устозим Игор Рубинович Пичикян чақирган. Тахти Сангинга боришим керак.

-Бу масалани ҳалиги пастдаги киши ҳал қилади. У киши райкомнинг биринчи котиби, - дедим.

Меҳмон қиз ўқдай учиб пастга тушиб кетди. Бир пасдан кейин, Тожиддин Турдиевич мени яна пастга чақирди.

-Меҳмоннинг ниятларини билдингизми?

-Билдим, - дедим.

-Шу бугуноқ ҳал қилиб, натижасини менга айтасиз.

Мен Дина билан яна иш кабинетимга чиқдим. Қоғозларимни йиғиштириб, «Жигули»мда йўлга тушдик. Машинамда Тахти Сангинга бориш имкони йўқ. Бошқа бирор чора топиш лозим эди.

Қизи тушмагур жуда шўх ва қувноқ экан. Тахти Сангин тарихий  ёдгорликлари жойлашган Худойқулов жамоатига қандай қилиб етиб келганимизни ҳам билмай қолдик. Жамоат ҳудудидаги  «СССР 50 йиллиги» колхози партия комитети котиби Ғайратшо Алиевни учратиб, унга меҳмонни археологик ишлар олиб борилаётган жойга элтиб қўйишини тайинладим ва  ўзим орқага қайтдим.

***

Орадан икки-уч ҳафта ўтгандан кейин, котибнинг топшириғи билан археологик ишларини олиб бораётган гуруҳлар таъминотини кўриб келиш ва уларга маиший-маданий хизмат кўрсатиш учун агитбригада тузиб, ўша жойга йўл олдим.

 Аввал ҳам бу ерга кўп марта келган ва биргаданинг раҳбарлари академик Борис Анатолиевич Литвинский ва Игор Рубинович Пичикянлар билан кўп суҳбатлашгандим. Шунинг учун улар билан учрашиш мен учун мароқли эди. Тўрт дарёнинг қўшилувидан пайдо бўладиган Амударёнинг бошланишига бордим. Бир томон - чўғдек қизиган тоғ. Бир томондан дарёнинг салқин шамоли урилиб гармселни ташкил этади. Баданни тезда қорайтириб юборади. Элликдан ошиқ одамлар чуқурларда ўралашиб, алланималарни қидиришади. Ҳеч ким билан иши йўқ, шошишмайди. И.Р.Пичикян турадиган чодир ёнига яқинлашар эканман, орқамдан «Коля» деган овозни эшитдим. Не кўз билан кўрайки, бу ўша Дина эди. Уни таниб бўлмасди. Бутунлай қорайиб қолганди. Қошларини қорайиш ютиб қўйган эди. Аммо у ҳали ҳам қувноқ ва шўх. У билан енгилгина  ҳол-аҳвол сўрадим.

-Озиқ-овқат масаласи сал танқис экан, - деди у бирдан.

-Мен олиб келдим, - дедим ҳозиржавоблик билан.

Қиз мамнун табассум қилди.

Дарҳақиқат, ноҳия марказидан олтмиш-етмиш километр узоқ бўлган жойга, тоғлар орасидаги бузуқ йўллардан келиб-кетиш жуда оғир эди.

Ичкарига кирдим. Чодирда Пичикян йиғма каравотда чўзилиб ётар эди. Унинг бу ерда бир қўл ва оёғи ишламай қолган экан. Уни замбилда олиб юришарди. Шунга қарамай, ўз ишини давом эттирарди. Бу касбига садоқатлиликнинг олий намунаси эди. Қўл оёғи ишламаса ҳам, тетик ва жуда ҳушёр эди. Мен билан қуюқ сўрашди. Тирикчилигидан шикоят қилмади. Фақат обу ҳавонинг, ниҳоятда, иссиқлигини таъкидлаб ўтди. Аммо ишларининг яхши кетаётганидан хурсанд эди. Шу пайт чодирга Дина ҳам кириб келди. У қизни ёнига чақирди. Дина унинг қаватида тиз чўкди. Олим унинг қулоғидаги сирғасини секин олди ва менга ўгирилиб деди:

-Мана буни йигирма биринчи асрнинг ҳунармандлари ясаганлар. Қандай қўпол-а?

Сўнгра каравоти тагига қўл тиқиб, гугурт қутисини олди ва унинг ичидан сирға чиқарди.

-Мана буни сизнинг авлодларингиз икки минг беш юз йил илгари ясашган. Қайси бири гўзал?

Сирғанинг ўн икки зангуласи бўлиб, улар қатор осилиб турардилар. Зангулаларни сирғанинг асоси билан боғлаган олтин толаларни  оддий кўз билан кўриш жуда қийин эди. Рости гап, у мўъжиза эди. Сирғага ҳавас билан қараб турган эдим, бир илмий ходим кириб, Пичикянга мурожаат қилди:

-Мана бу ўн икки сопол найчаларни  бир жойдан топдик. Биттаси синган экан, - деди.

-Ўн иккита эканми? – сўради олим. -Яна ўн иккита бўлиши керак. Дурустроқ қаранглар. Авайлаб, синдирмасдан олинглар.

Менинг тикилиб қолганимни кўриб, қўшимча қилди:

-Нега қараб қолдингиз, ахир йигирма тўртта бўлиши керак-да, - деди.

У икки йигитни чақиртирди ва улар замбилни кўтариб ташқарига чиқаришди. Биргаликда бу афсонавий қадимий шаҳарчани айланиб, бир чоҳнинг устида тўхтадик.

-Мана шу ердан лаҳм қазилиб, дарёнинг у бетига ўтказилган, - деди Игор Рубинович. –Шу ердан йўл бўлган. Афғонистон томонга қаранг, тўғрида вайрона қалъани кўрасиз. У менга замбилда турган дурбинни узатди. Мен дурбин билан дарёнинг нариги қирғоғига қарадим.

Дарҳақиқат, кўҳна қалъа кўриниб турарди. Олимнинг тахминига шубҳа йўқ эди. Мен қўйилган арқон нарвондан чоҳга туша бошладим. Унинг зиналари ернинг шўрлигидан чириб қолган, хавфли эди. Саккиз метрча тушгач, у ёғига юрагим бетламади, орқага қайтдим. Унгача қидирувчилар яна ўн икки найчанинг қолганини ҳам топишган экан. Уларнинг ҳам биттасини синдиришибди.

-Қабодиённинг тарихи икки ярим минг йилга бориб тақалади. Самарқанд, Бухоро билан тенг, дейишади. Менимча, бу жойларнинг тарихи шоҳ Жамшид ҳукмронлиги даврига тақаладиганга ўхшайди. Бу беш минг йил, демакдир. Қабодиён чиндан ҳам тарихий дурдона. Игор билан биргаликда чодирга қайтдик. Биз келтирган тоза маҳсулотлардан тайёрланган таомларни биргаликда едик.

Пичикян менга Б.А.Литвинскийнинг «Амударинский клад» («Амударё хазинаси») китобини туҳфа қилди. Бу жуда ноёб китоб эди. Яна қўшимча қилиб деди:

-Биласизми, бу ердан Александр Македонскийнинг бюсти топилди. Қабодиёндан топилган олтин буюмлар софлиги бўйича жаҳонда биринчи ўринни эгаллайди. Топилган ноёб топилмаларнинг сони ўн мингдан ошиб кетган. Қуйи Кофарниҳон ҳудудида икки юзга яқин тарихий ёдгорликлар бор. Уларни ўрганиш ва тиклаш катта маблағ талаб қилади...

Таниқли олимнинг тўлқинланиб гапиришига қулоқ солар эканман, у мендан ҳам кўпроқ фахрланаётганини яққол сезиб турардим.

- Тарихий обидалар ва бизнинг фаолиятимиз тўғрисида ноҳия рўзномасида битилган очеркларингизни таржима қилиб беришди. Раҳмат. Кошки, бошқалар ҳам сизчалик бизнинг меҳнатимизни қадрлашса. Қуйи Кофарниҳон қўшиғи тугамас қўшиқ, Қабодиённинг эса, қиссаси чексиз… -деди у.

Бу воқеадан ўттиз йилча вақт ўтяпти. Аммо Ватанимнинг тарихи ва қадимий маданиятига бағишланган бу суҳбат хотирамдан йироқ кетмайди.

 

Неъмат Муҳаммад Саид,

Қабодиён ноҳияси.

КАЛЕНДАР

« Ноябр 2024 »
Дш Сш Чш Пш Жм Шб Яб
        1 2 3
4 5 6 7 8 9 10
11 12 13 14 15 16 17
18 19 20 21 22 23 24
25 26 27 28 29 30  

МАҚОЛАЛАР

Душманга ҳам раво кўрилмас фожиа…

 

ёхуд инсонлар ўлимидан ҳаловат топадиган кимсалар хусусида

Аслида ҳаётга асос солган Буюк Муаллим уни бир Эр ва бир Аёлдан яратган. Ўртада ҳеч бир муаммо йўқ. Буюк Муаллим уларга тўғри йўлдан чалғиб кетмасликлари учун, вақти-вақти билан ибодат буюрган, холос. Мол-дунё тўпла, давру даврон сур, бирни қул қил, бирни босиб ўлдир, бир-бирингни ғорат қил, тала, топта, демаган.

Муфассал...

Билиб босилган тикан жабри

ёхуд тубанликка юз тутган аёлнинг дил рози

Аёл зоти нозик ва ожиза... У ҳимояга муҳтож бўлиб яшайди. Ортида тоғдек мустаҳкам қалқони бўлишига эҳтиёж сезади. Лекин шу билан бирга, нозик елкаларида турмушнинг оғир юкини кўтариб юради ва ҳеч нарсадан нолимайди. Уй-рўзғор юмушлари, фарзандлар таълим ва тарбияси, қайнона-қайнота, турмуш ўртоғининг хизматини қилиш, кўнглига қараш – буларнинг барчаси аёлларнинг бурчлари - бажариши шарт бўлган вазифалар.

Муфассал...

СТАТИСТИКА

Сайтга кирганлар
1
Мақолалар
872
Мақолаларни кӯрганлар сони
1991202

ӮҚУВЧИЛАР СОНИ

7478936
Бугун
Кеча
Шу ҳафта
Ӯтган ҳафта
Шу ой
Ӯтган ой
Ҳаммаси
4864
4027
22549
7426653
100580
114875
7478936

Сизнинг IPнгиз: 3.15.211.41
Бугун: 23-11-2024 17:58:35

ҲАМКОРЛАР

 

 

   

2015