Тинчлик ва миллий бирлик асосчиси - Миллат пешвоси, Тожикистон Президенти муҳтарам Эмомали Раҳмон Жаноби олийлари мустақилликнинг дастлабки йиллариданоқ мамлакатда аёллар мавқеини кўтариш, уларни раҳбар лавозимларга тайинлаш борасида дастуру ҳидоятлар берган эди. Бугунги кунда Давлат бошлиғининг бу оқилона сиёсати натижаси ўлароқ, латиф жинс аталмиш қизу жувонларимиз барча соҳаларда фаолият кўрсатишиб
, мамлакатимиз ободончилиги борасида ўзларининг улкан ҳиссаларини қўшиб келмоқдалар. Шундай аёллардан бири - Рўдакий ноҳияси раисининг ўринбосари Фирўза Камолзода. Баҳор ҳамда Оналар байрами арафасида у киши билан суҳбатлашдик. Эътиборингизга ана шу суҳбат мазмунини ҳавола этишга азм қилдик.
- Муҳтарама Фирўза Камолзода, Сиз ноҳия раисининг маориф, соғлиқни сақлаш, маданият, спорт ва дин ишлари бўйича муовинисиз. Елкангизга улкан масъулият юкланган. Айтинг-чи, ноҳияда бегона урф-одатларга тақлид қилиш жараёнига қарши қандай чора тадбирлар ўтказилмоқда? Умуман, миллий либос тушунчасини изоҳласангиз.
- Бегона урф-одатларга қарши ҳамма вақт чора-тадбирлар кўриб келинган. Айниқса, Тинчлик ва миллий бирлик асосчиси - Миллат пешвоси, муҳтарам Президентимизнинг 2015 йилги Оналар байрами арафасида республика фаол хотин-қизлари билан бўлиб ўтган учрашувида берган дастуру ҳидоятларидан сўнг, бу борадаги ишлар кўлами кенгайтирилиб, аҳоли орасида тушунтириш ишлари олиб борилмоқда. Бегона маданият дейилганда, кейинги йилларда хотин-қизларимизнинг баъзи бир хориж давлатлари маданиятига кўр-кўрона тақлид қилиши назарда тутилади. Қора рангдаги ниқоб кийиб олишган баъзи юртдошларимиз буни ўзларича сатр ёки ҳижоб дейишмоқда. Аслида шундайми? Менимча, ундай эмас. Тор қилиб тикилган кийимдан аёл вужуди аъзоларининг бўртиб кўриниб туриши сатр бўлармиди? Йўқ, бу кўр-кўрона ўзгалар маданиятига тақлид! Ёки оналаримизу эналаримиз кийиниш услуби Исломга зидмиди? Йўқ, улар миллий либосларда ўз ҳаёларини сақлаб қолишган.
Бегона маданият дейилганда, фақат қора ҳижобу ва шунга ўхшашлар тушунилмайди, албатта. Европа маданиятига тақлид қиламан, деб ярим яланғоч кийиниш ҳам бизнинг миллий менталитетимизга асло тўғри келмайди. Модомики шундай экан, Ҳар бир ишда ўрта бўлмоқ афзал. Зеро, буюкларимиз: - Ҳар ишда ўртача бўлинг, динда ҳам ортиқ сўпилик қилсангиз (яъни ҳаддан ошсангиз), синасиз, - дея бежиз айтмаганлар.
- Ҳар йили баҳор арафасида республика бўйлаб энг яхши бека танлови ўтказиш одатга айланмоқда…
- Ноҳиямиз миқёсида бундай танловлар ўтказилиб, бекажонларимизнинг энг яхшилари муносиб тақдирланишмоқда.
Бундан ташқари, аҳолини иш билан таъминлаш дастури асосида жойларда янги иш жойлари ташкил этиш, айниқса, хотин-қизларимизга мос корхоналар очиш, уларга миллий анъаналаримизни давом эттиришлари учун имконият яратилиб берилмоқда. Масалан, яқиндагина Республика Ҳукуматининг "Тожикистон Республикасида қўлда гилам тўқиш ва бошқа халқ ҳунармандчилигини ривожлантириш ҳақида"ги қарорига биноан, ноҳиянинг Чоргултеппа ва "Россия" қишлоқ жамоатлари ҳудудида гилам тўқиш корхонаси ҳамда ишлаб чиқариш таълим маркази ташкил этилди. Унда 25 нафардан зиёд маҳаллий хотин-қизларимиз касб ўрганишмоқда.
Шунингдек, давлат ҳокимияти Рўдакий ноҳияси ижроия органи томонидан қўлда гилам тўқиш ва бошқа касб-ҳунарларни қайта тиклаш ҳамда ривожлантириш ниятида касбу ҳунар нозикликларини чуқур ўрганиб келишлари учун икки нафар лаёқатли аёл Суғд вилоятига юборилди.
- Оналар саломатлиги ҳақида нима дейсиз?
- Оналар саломатлиги, бу, ёш авлод саломатлиги саналиб, обод ва солим келажак кафолати ҳамдир. Муҳтарам Президентимиз ноҳиямизга навбатдаги ташриф жараёнида қатор ижтимоий бинолару корхоналар очилиб, жумладан, ноҳия саломатлик маркази ҳам янги замонавий биносида ўз фаолиятини бошлаганди. Янги саломатлик марказида бир вақтнинг ўзида 310 нафар беморни қабул қилиш имкони бор ва бу ерда 300 нафардан ортиқ мутахассис кадрлар фаолият юритишмоқдаки, уларнинг аксари аёллардир.
Умуман, ўзингиз гувоҳи бўлиб турибсиз, ноҳия раиси ҳурматли Юсуфий Муҳаммадраҳим бошчилигида ноҳия инфратузилмаси тамоман янгиланиб, ўзгача тус олаётир. Турли баланд қаватли турар жой ҳамда корхоналар бинолари қад ростламоқда. Бир сўз билан айтганда, ноҳиямизда маданий-маиший, спорт-соғломлаштириш мажмуаси иншоотлари қурилиш ишларига тайёргарлик ҳолати ҳамиша юксак баҳоланиб келинган.
- Спорт - саломатлик гарови, дейишади…
- Тушундим. "2016-2018 йилларда Тожикистон Республикасида ёшлар ижтимоий тараққиёти миллий дастури" асосида соҳага бағишланган 125 чора-тадбирлар ўтказилди. Ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш мақсадида ҳарбий даъватгача бўлганлар орасида "Сипар" ҳарбий-спорт мусобақаларини ўтказишни ҳам йўлга қўйганмиз.
Дарвоқе, ноҳияда ёшлар спорт мактабидан ташқари, 16 жамоатда ҳам спорт тўгараклари амал қилади. "Кўктош" футбол командамиз эса, ҳамиша маҳорат билан ўйин кўрсатиб, яхши натижаларга эришиб келмоқда ва бу йил Тожикистон Футбол федерацияси кубоги мусобақаларида фахрли учинчи ўринни эгаллаб, бронза медали соҳибига айланди.
- Марҳамат қилиб, айтинг-чи, Фирўза Камолзода, энг аввало, раҳбарми ёки она?
- У иш жойида раҳбар, давлат хизматчиси, аммо уйда барча оналар каби она. Ўз оналик бурчи ва масъулиятини бекаму кўст бажарувчи шахс.
- Сизнинг назарингизда Она ким?
- Она сиймоси ҳамиша ва ҳамма вақт барчамизнинг кўз олдимизда намоён. У ким ва қайси вазифада фаолият юритишидан қатъий назар, у - Она бўлиб қолаверади. Она маъвоси ҳамиша баланд. Зеро, беҳудага жаннат оналар оёғи остидадир, дейилмаган. Зотан, барча улуғ зотлар ҳам, президентлару машҳур жаҳонгир саркардаларни ҳам она дунёга келтирган. Шу боис ҳам Она мақому манзалати ҳамиша баланд.
- Байрам арафасидаги тилакларингиз?
- Бизнинг азиз Тожикистонимизда миллионлаб Гурдофаридлару Тўмарислар бор эканлигига ишончим комил. Истардимки, ана шуларни дунёга келтириб тарбиялаб, вояга етказувчи оналаримиз, хотин-қизларимиз ҳамиша соғ-саломат бўлсинлар. Зотан, улар миллатимиз генофондини яратиб берувчи куч бўлиб, ҳали келажакда миллионлаб Рустамларни дунёга келтиришларига аминман. Барчаларига оилавий тотувлик, бахту саодат ёр бўлсин!
- Самимий суҳбат учун ташаккур.
Танишув
Фирўза Камолзода 1976 йили Рўдакий ноҳиясининг Лоҳур қишлоқ жамоатида зиёли оилада таваллуд топган. Маълумоти олий. Рўдакий ноҳияси ижроия органи тузилмаларида қуйи ҳамда юқори раҳбарлик лавозимларида ишлаб келган. 2015 йилдан буён Рўдакий ноҳияси раиси ўринбосари. Қатор Ифтихорномалару мукофотлар билан тақдирланган. Оилали, 4 нафар фарзанднинг онаси.
Абдулло Саидов суҳбатлашди.
Ёхуд миллий қонунларга киритилган ўзгартишларнинг манфаати хусусида
Ўтган йили мамлакатимизда бир қатор қонунлар, жумладан, Тожикистон Республикасининг «Тожикистон Республикасида анъана, тантана ва маросимларни тартибга солиш тўғрисида»ги қонуни, бир қатор меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларга ўзгартишу қўшимчалар киритилди. Ушбу ҳужжатларга ўзгартишу қўшимчалар киритиш чоғида, мамлакат аҳолисининг таклиф ва тавсияларини ҳисобга олишдан мақсад: уларни халқ манфаати йўлида такомиллаштиришдан
Муфассал...
Сизга кўп битишган турфа «шиғир»лар,
Ғоратдир қофия захиралари.
Энди қоғоз-қалам беҳол шитирлар,
Қайдасиз, Кумушнинг набиралари?
Муфассал...2015
1-2015
2-2015
3-2015
4-2015
5-2015
6-2015
7-2015
8-2015
9-2015
10-2015
11-2015
12-2015
13-2015
14-2015
15-2015
16-2015
17-2015
18-2015
19-2015
20-2015
21-2015
22-2015
23-2015
24-2015
25-2015
26-2015
27-2015
28-2015
29-2015
30-2015
31-2015
32-2015
33-2015
34-2015
35-2015
36-2015
37-2015
38-2015
39-2015
40-2015
41-2015
42-2015
43-2015
44-2015
45-2015
46-2015
47-2015
48-2015
49-2015
50-2015
51-2015
52-2015