«Халқ овози» газетаси табаррук тўқсон ёшга тўлди! Газетанинг салкам бир асрлик шарафли тарихи зарҳал варақларга тўла эканлиги шубҳасиз. Албатта, газета тарихини журналистлар фаолиятисиз тасаввур этиб бўлмайди. Кимдир бу муқаддас даргоҳда озроқ фаолият юритган бўлса, кимлардир умри азизларини маърифат масканига бағишлаганликларига тасанно айтмай бўлмайди.
Албатта, халқимизнинг севимли минбари – «Халқ овози» газетаси ҳақида
бирор нарса ёзишдан илгари бу маърифат даргоҳида бир вақтлар халқимизнинг севимли фарзанди, Тожикистон Қаҳрамони, аллома Бобожон Ғафуров фаолият юритганлиги, бир неча йил газета бош муҳаррири бўлганлиги кўнгилларда ифтихор ҳиссини уйғотади. Шу билан бирга қалам ва оқ қоғоз олдида масъулият ҳиссини кучайтиради.
Умри азизини бевосита «Халқ овози»га бағишлаган ижодкорлардан бири, халқимизнинг севимли адиби, зуллиносайн шоир, дўстлик куйчиси Ўлмас Жамол ҳисобланади. «Халқ овози» газетаси ҳақида Ўлмас Жамолсиз сўзлашнинг ўзи бўлмаганидек, Ўлмас Жамолнинг ҳаётини тасвирлашда «Халқ овози»сиз битикларингиз кемтик бўлиб қоладигандек…
Ўлмас ака ҳақида бирор-бир нарса ёзишга жуда ҳам кўп уринганман. Аммо ҳар сафар ҳам бунга журъатим етмаган.
Ўлмас Жамолдек буюк шоир ҳақида мен нима ҳам дея олишим мумкин?
Тақдир тақозоси билан «Халқ овози» газетасига ишга келдиму Душанбе шаҳрига кўчиб келишимга тўғри келди. Янги қўшниларимиздан бири – Муҳаббат опа – ўқимишлигина ўзбек аёли уйимизга тез-тез келиб турарди. Муҳаббат опа аслида болалар врачи эди-ю, менинг болаларим ёшлиги учун у киши тез-тез хабарлашиб турарди.
Бирида Муҳаббат опа газетада фаолият кўрсатаётганлигимни эшитиб, оиламдан бирор-бир шеърий китоб беришимни илтимос қилган экан. Мен у кишига студентлик пайтимдаёқ ўзим севиб ўқийдиган Ўлмас Жамолнинг «Ораста гул» тўпламини бериб юбордим.
Анча вақт ўтгандан кейин оилам мендан иккиланиб сўради:
-Дадаси, сиз шоир Ўлмас Жамол билан бирга ишлайсиз-а?
-Ҳа, нима бўлди? – дедим ажабланиб.
-Йўқ, мен хато қилдимми, деб хавотирландим…
-Очиқроқ гапирсанг-чи, ўзи нима гап?
-Муҳаббат опага эрим Ўлмас Жамол билан бирга ишлайди, десам унчалик ишонқирамадилар. У киши: «Эринг Ўлмас Жамолдек киши билан ишлашига…», - дедилару у ёғини очиқ айтмадилар.
Мен бу гапни эшитиб чин кўнглимдан ифтихор ҳиссини туйдим. Ўзим учун эмас, халқимиз севиб эъзозлайдиган Ўлмас акам учун.
Мен «Халқ овози»га ишга келдиму тез орада Ўлмас акам билан жуда иноқлашиб кетдим. У кишининг бу қадар бағрикенг инсон эканликларини билганимда, Душанбе шаҳрида кечган студентлик давримдаёқ ҳузурларига келган бўлардим. Аслида қишлоқ болалари анчайин тортинчоқ бўладилар. Адабиётга қизиққанлигимдан кўплаб марта ўша пайтдаги «Совет Тожикистони» редакциясига боришга азм қилардим-у, аммо ўша қишлоқи журъатсизлигим бунга йўл бермасди.
Ўлмас ака мени қанчалик шогирд, деб қабул қилганлигини билмадиму мен тезда у кишини ўзимнинг устозим, дея эътироф этдим. Ва у кишининг беминнат маслаҳатлари менга жуда кўп қўл келганлигини айтишга ҳожат йўқ.
Кейинроқ газетамиз жамоасини қайсидир байрамда уйимга таклиф этдиму беш қаватли биномиз ҳовлисида ўзимиз қурган ошхонада туриб, Муҳаббат опа бошлиқ қўшни аёллар Ўлмас акамнинг чиқиб кетишини ҳавас билан кузатаётганликларини сезиб қолдим. Ахир, бир шоир учун халқнинг бунчалик муҳаббат қўйганлиги – унинг бахти-ку!
«Халқ овози» газетасида бирор йилча ишлагач, бир гал қишлоққа борганимда, ўта оддий, қишлоқчасига ҳаёт кечирадиган Меҳмондўст акам билан суҳбатлашиб қолдик. Гапдан-гап чиқиб, қайсидир бир гапда «Ўлмас акам шундай пайтда мана бундай, деб жавоб берган бўларди», дедим. Ўтирганлардан кўпчилиги менга шубҳа билан қараганлигини сезмаган эканман.
-Энди, лоф ҳам эви билан-да, ука, - деди акам менга норози оҳангда тикилиб. – Худди Ўлмас Жамолни кўриб гаплашгандек сўзлайсан-а? Пойтахтдан келдим, деб ҳар нарсани гапираверар экансан-да?
Мен анчайин ҳушёр тортдим. Шундагина даврада ўтирганлар менинг гапларимга унчалик ишонқирамаётганларига эътибор бердим.
Демак…
Демак, Ўлмас Жамол оддий халқимиз учун шунчалик буюкки…
Ҳа, мени яна ифтихор ҳисси қамраб олди.
Шундан сўнг, менинг иш кабинетим Ўлмас Жамол кабинети билан ёнма-ён эканлиги, ҳар кун эрталаб Ўлмас акам билан ишни бошлашдан олдин кўришиб туришимизни ҳар қанча айтмайин, ҳамқишлоқларим кўзларида ишонч учқунларини сезмадим. Қаранг, оддий халқ ўзининг шоирини қанчалик севади, қанчалик улуғлайди…
Иттифоқо, ўзим туғилиб-ўсган қишлоққа Ўлмас акам билан бирга ташриф буюрганимда, менинг гапларимга ишонмаган акам ҳам, шубҳа назари билан қараган қишлоқдошларим ҳам Ўлмас аканинг бунчалик камтар инсон эканликларидан у кишини қуршаб олгандилар…
Ўлмас ака билан «Халқ овози» газетаси редакциясида ўн икки йил бирга ишладик. Орамизда ёши энг улуғи у киши эдилар. Барчамиз бирдек отахон шоиримизни устозимиз, деб билардик. У киши ҳам устозларча, ҳам оталарча ўгитлари билан барчамизнинг кўнглимизга йўл топганди.
Мен Ўлмас Жамол мактабидан ҳаётим учун жуда кўп нарсалар олдим, десам муболаға бўлмайди. Шоир акамиз, энг аввало, юксак инсоний фазилатлар соҳиби эканлиги билан барчамизга намуна эдилар. Катта-кичикка бирдек меҳрибон, ғамхўрона муносабатда бўларди. Мен кўплаб жойларда Ўлмас акамнинг кичкина болакайларни ҳам ўзи тенги тутиб муомала қилиши билан ўзига мафтун айлаганлигининг гувоҳи бўлганман.
Латиф жинс вакилларига «Она-қизим», деб мурожаат қилсалар, барча эркак зоти Ўлмас акам учун «Мирзо» эди. Шоир акамиз бу атамаларни шу даражада майин, меҳр-муҳаббатга қоришиқ тарзда талаффуз этардики, суҳбатдоши беихтиёр у кишига маҳлиё бўлиб қоларди. Эсимда, қишлоқдан соддагина Мирзо исмли ҳайдовчи бўлиб ишлайдиган танишим сўроқлаб келди. Иш кабинетимда меҳмон билан суҳбатлашиб турган пайтим Ўлмас ака кириб келди. Отахон шоиримиз ўша ўзига ярашган табассум чеҳрасида балқиб, меҳмонга юзланди:
- Ҳа, Мирзо, - «Мирзо» атамаси шу қадар майин чиқдики, ўзим ҳам ҳайратланиб, Ўлмас акага тикилиб қолдим. Сўнгра устозимиз меҳмон билан қуюқ сўрашиб, ҳазил-мутойиба гаплар қилди-да, ўз кабинетига чиқиб кетди.
Мен меҳмоним Мирзо акага юзландим. Ҳайратдан танишим лол қолганди.
- Ўша машҳур шоиримиз Ўлмас Жамол шу кишими? – деди меҳмоним Мирзо. – Бу қадар самимий, бу қадар беғубор муомала. Халқимизнинг севимли шоирининг нигоҳи худди гўдакларникидек мусаффо экан-ку. Мен ҳеч қачон Ўлмас Жамол мен билан бунчалик қуюқ сўрашади, деб ўйламаганман. Устига-устак менинг исмимни билишини қара-я…
Мен меҳмонимнинг кўнглини ўкситмадим. Сир бой бермадим. Ўлмас акам ҳамма нотаниш йигитларга «Мирзо», деб мурожаат қилишини айтиб ўтирмадим. Майли, шоир акахонимизнинг бир мухлиси шунга хурсанд бўлса, бунинг нимаси ёмон. Ахир, ҳали у исмимни Ўлмас Жамол билди, мени таниди, деб не кишиларга айтиб мақтанади…
Умрларининг сўнгги йилларида устоз Ўлмас Жамол тўшакда ётиб қолдилар. Руҳан тетик эди-ю, лекин: - «Оёқда мадор қолмаган», - дерди кулиб отахон шоиримиз биз аёдатига борган пайтларимиз. Ўзлари бемор бўлсалар-да, у кишини кўргани борган кишининг кўнглини олишга интиларди. Ҳаётидан қизиқ-қизиқ воқеаларни сўзлаб берарди. Ўлмас акамнинг ҳар бир суҳбатида олам-олам ҳикмат мужассам бўларди.
- Бугун «Халқ овози»дек муқаддас минбарнинг юкини кўтариш сизларнинг зиммаларингизга тушибди, - дерди ҳар гал севимли газетасига ўзидан кўпроқ қайғурадиган шоир акамиз. – Ана шу ўта нозик, шу билан бирга ёқимли юк масъулиятини ҳис қилиб, вазифаларингизни шараф билан уддалашларингиз сизларнинг обрўйингизни оширади. Бугун сизлар фаолият юритаётган маърифат масканида элимизнинг атоқли фарзандлари ишлаганликларининг ўзи сизларга куч-қувват бағишлаши турган гап. Қолаверса, газетамиз ҳамиша эзгуликка ва халқлар дўстлигига хизмат қилиб келган. Илоҳо, халқларимиз дўстлиги бундан-да мустаҳкам бўлсин. Элимизнинг иноқлигига кўз тегмасин, мамлакат раҳбарларининг иқболи баланд бўлсин. Парвардигор тўрт кўзлар тугал бўлган мана шу лаҳзаларни паришон қилмасин…
Ҳар гал устоздан дуо олиб қайтарканмиз, руҳиятимизда тиниқ кайфият ҳукмрон бўларди. Ўзимизга ишончимиз ортиб, янги куч-ғайрат вужудимизни қамраб олгандек бўларди.
Яна бир нарса менга қаттиқ таъсир қиларди. Ўлмас акам умр йўлдошлари ҳақида сўз очганда, ҳамиша у кишини «Ҳамзанинг бийиси», деб меҳр-муҳаббат билан тилга олардилар. Устознинг «Ҳамзанинг бийиси» деганларида меҳр, муҳаббат, ишонч, садоқат, соғинч туйғулари мужассам эди. Ва биз шогирдлар Ўлмас Жамолнинг муҳаббатига ҳам ҳавас билан қарардик. У киши сева олардилар, севгиларини соҳир сатрларида маҳорат билан баён эта олганликлари эса, кўп минг сонли шеърият мухлисларининг шоирга ихлосини оширарди…
Устоз билан кечган ўн икки йилда бир-биридан мароқли воқеалар хотирамда нақш қўйган. Энг асосийси, устоз Ўлмас Жамолнинг «Чордевон»ини ташкил этган тўрттала китобни ҳам компютерда тайёрлаш, саҳифалаш, безаш ўзимнинг меҳнат маҳсулим эканлигидан ифтихор ҳиссини туяман. Бу китоблар ўқувчига етгунга қадар чекилган заҳматлар, отахон шоиримизнинг дуога очилган қўллари, беғубор, самимий, ўзларига ярашган табассумлари ҳам омонат эканлигидан баъзан юракка қайғу чўкади. Бугун орамизда севимли устозимиз йўқ. Лекин у киши ўзидан қолган ўлмас асарларида барҳаётлар, деган ўй кишига тасалли бағишлайди.
Ҳа, Ўлмас акам камтарликнинг буюк тимсолини ярата олган ажойиб инсон эди. У кишининг ижоди ҳақида эса, жуда кўп ёзилган ва ҳали ёзилаверади. Мен – оддий бир қаламкаш, тақдир мени шундай ажойиб инсон билан бирга ишлашга лойиқ деб топганига шукроналар келтираман…
Искандар Маҳмадалиев,
«Халқ овози».
Қатраларда қуёш акси кўринганда,
Мен сени эслайман, мунис онажон.
Қўшиқ айтиб фасли баҳор келганда,
Мен сени қумсайман, мунис онажон.
Гоҳида нодонлар мазах қилганда,
Муфассал...
19 июн куни Тинчлик ва миллий бирлик асосчиси - Миллат пешвоси, Тожикистон Республикаси Президенти муҳтарам Эмомали Раҳмон 2018-2028 йиллар - "Сув устувор тараққиёт учун" халқаро амалиёт ўн йиллиги бўйича олий даражадаги халқаро конференция доирасида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби ўринбосари Луи Женминни қабул қилди.
Учрашув чоғида Тожикистоннинг Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ва
Муфассал...2015
1-2015
2-2015
3-2015
4-2015
5-2015
6-2015
7-2015
8-2015
9-2015
10-2015
11-2015
12-2015
13-2015
14-2015
15-2015
16-2015
17-2015
18-2015
19-2015
20-2015
21-2015
22-2015
23-2015
24-2015
25-2015
26-2015
27-2015
28-2015
29-2015
30-2015
31-2015
32-2015
33-2015
34-2015
35-2015
36-2015
37-2015
38-2015
39-2015
40-2015
41-2015
42-2015
43-2015
44-2015
45-2015
46-2015
47-2015
48-2015
49-2015
50-2015
51-2015
52-2015