Биз билан боғланинг:

   

Бизга қӯшилинглар

ХАБАРЛАР

ИЖТИМОИЙ ҲАЁТ

Муаллиф: Super user Категория: ИЖТИМОИЙ ҲАЁТ
Чоп этилган 15 Июл 2016 Кӯришлар: 2369
Печат

 

rashkМазкур суҳбатга киришишдан олдин мен турли ёшдаги, турли касбдаги кишилар билан рашк ҳақида гаплашиб кўрдим. Рашк нима ўзи, сиз рашк қилганмисиз, рашкнинг кўзи кўр, дейдилар – бу нима дегани, рашк оилани сақлаш учун ёрдам берадими ё аксинча, унинг бузилишига олиб келадими, рашк эр ё хотиннинг бир-бирига ишончсизлигидан келиб чиқмайдими каби саволларимга берилган жавобларнинг кўпчилиги бир-бирига ўхшаш бўлди. Лекин айни бир пайтда бир-бирига, умуман, қарама-қарши фикрлар ҳам берилди.

Мен жавобларни таҳлил қилаётиб, ҳар бир суҳбатдошимни тўғри тушунишга интилдим. Чунки қайси бир масалада бўлмасин, ҳар бир инсоннинг ўз қараши бўлиши тайин. Устига, берилган жавобларда таъсир юки ҳам бўлади. Бу юк жавоб бераётган кишининг қайси ҳолатда бўлиши, бошидан ўтказганлари, кўрган-кечирганлари, яқин одамлари билан муносабатига ҳам боғлиқ, албатта.

Ҳатто, рашк ҳақида таниқли инсонлар, мутафаккирлар айтган фикрларда ҳолат, кечинма, кузатиш ва таҳлиллар, изтиробнинг таъсири бўлиши мумкин. Масалан, Жордано Бруно «Муҳаббатнинг рашкдан яқинроқ дўсти бўлмаганидек, ундан ёмонроқ душмани ҳам йўқ, бу айни темирнинг ўзида пайдо бўлиб, кейин унинг қаттол душманига айланадиган зангнинг ўзгинасидир», деса, Сервантес «Рашкчилар чумолини – фил, қумурсқани – баҳайбат махлуқ, тахминни – рост қилиб кўрсатадиган ваҳима кўзгуси орқали қарайдилар», деган хулосага борган. Белинскийнинг фикрича эса, «Тўла асоссиз рашк на ўзини, на ўз маҳбубига кўнгил боғлашга доир ҳуқуқини ҳурмат қилолмаган ожиз одамларга хос иллатдир; бу «меники», деган ҳайвоний инстинкт даражасида турган жонзотнинг бачкана ҳукмронлигини кўрсатади». Француз адиби Анатол Франс «Дунёда инсон юрагини жирканч манзаралар билан тўлдириб, рашк каби хўрловчи кулфат бўлмаса керак, деб ўйлайман», дея куйинган.

Турли даврларда яшаб ўтган машҳур инсонларнинг фикрлари мағзини ўзимча чақишга уринар эканман, кўпчилик орасида юрадиган яна бир қуйма гап эсимга тушади: «Беҳуда рашк – шайтон иши». Шайтоннинг сўзига қулоқ тутиш эса, ҳеч қачон яхшиликка олиб бормаганлигини ҳар бирингиз яхши биласиз, азизлар.

Шайтон йўлига юрганнинг ҳоли вой, дейдилар

 Агар, сиз Пайғамбаримиз, соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳиҳ ҳадислари билан танишиб чиқсангиз, унда мўмин кишининг рашки бўлиши ҳақида гап борганини кўришингиз мумкин. Бунда беҳуда рашкнинг шайтон иши эканлиги, фақатгина мўътадил  рашккина яхши сифатлигини билиб оласиз.

«Аслида эркак кишининг рашки бўлгани - яхши. Бўлмаса, аёл эрининг эътиборсизлигидан ранжиб, ўзини кераксиздай санаши мумкин. Рашк қилганда эса, ақлли аёл эрим мени йўқотиб қўйишдан қўрқяпти, деган тўғри хулоса чиқаради. Лекин эр рашк ўтида ёниб-куйиб, хотинига бақириб-чақириб, оғзига келган гапларни қайтармасдан, унинг кўнглини оғритиб қўймаслиги зарур. Аксинча, рашки келаётганлигини сездириш учун чиройли ишоралар қилса, тўнғилламасдан, гапларини ўраб-чирмаб айтса, қайтага аёлнинг эрига нисбатан меҳру муҳаббати кучаяди».

Давлат ҳокимияти Жаббор Расулов ноҳияси ижроия органининг хотин-қизлар ва оила билан ишлаш бўлими мудираси Марҳамат Каримованинг бу фикрига ўхшаш фикрларни бошқа аёллардан ҳам эшитдим. Марҳамат Каримова фикрини давом эттирар экан, эр ё хотиннинг рашк ўтида оловланиб кетишига улардан бири сабабчи бўлиши мумкинлигини айтди.

«Эрдир, хотиндир, ҳеч қачон бир-бирига ёлғон гапирмаслиги керак. Масалан, аёл онасининг уйига борадиган бўлса, онамларникига кетяпман, дугоналари билан кўришишга борадиган бўлса, фалончи дугонам таклиф қилганди, уйига боряпман, деб тўғрисини айтиши зарур. Эр ҳам ўз навбатида хотинини алдамаслиги шарт. Эр ё хотин бир марта ёлғон гапириб, алдагани ошкор бўлдими, у ишончдан чиқади. Ишончдан чиқиш эса, асоссиз рашк сабабчиси бўлиб қолаверади»,- дейди Марҳамат Каримова.

Ана шундай асоссиз, беҳуда рашкнинг қандай аянчли оқибатларга олиб бориши Шекспирнинг машҳур «Отелло» драмасида моҳирона кўрсатилган.

Келинг, аввал Шекспирнинг ўзи рашк ҳақида қандай фикрлашини эслайлик.  У «Рашк - бамисоли бир махлуқ, у ўзидан-ўзи бошланиб, йўқ гапларни юзага чиқаради», деган.

«Рашкчилар баҳона ахтариб ўтиришмайди, улар шу сабабсиз касалга мубтало бўлганликлари туфайли ҳам рашкчидирлар», «Рашк шубҳалари қутқуси билан мутлақо гуноҳсиз одамни ҳам ҳақоратлаб қўйиш мумкин», каби фикрлар ҳам буюк драматургга тегишлидир. Отеллонинг рашк ўтида ёнишида Шекспир айнан кейинги фикрини исботлашни уринган бўлса, ажаб эмас. Чунки маккор Ягонинг ёлғондан ясалган тузоғига илинган соддадил Отеллонинг кўзини рашк кўр қилиб, у нима қилаётганини билмай қолади. Шайтон васвасаси уни қотилликка бошлайди – жонидан азиз кўрадиган севгилиси – Дездемонани бўғиб ўлдиради. Севикли ёр сочларини меҳр билан силайдиган қўллар энди нозик бўйинни сиқиб, азоблайди. Рашк кар қилган қулоққа вафодор ёр, покиза Дездемонанинг ўтинчлари кирмайди...

Ҳа, ўзининг ёстиқдошига ишонмай қўйган, қайси бир ғаламиснинг қандайдир асоссиз гапига ишониб қоладиган эр ё хотин ўзини бошқара олмай қолади. Ғишт қолипдан кўчгандан кейин эса, туппа-тузук оиласидан ажралганига чидаёлмай, дардини кимга айтишини билмайди. Ахир «Гумон имондан айирар», «Гумондор кўнгилдан гумон аримас» каби мақолларни ўзбек халқи бежиз тўқимаган-да.

 

Бева қолган аёл, етим болалар

Ҳассос шоир Эркин Воҳидовнинг бир шеъридаги

«Сени ётлар тугул ҳатто, қилурман рашк ўзимдан ҳам.

Узоқроқ термулиб қолсам, бўлурман ғаш кўзимдан ҳам», - деган сатрларини ёд олмаган шеърхонлар оз бўлса керак.

Эркин Воҳидовнинг бу шеъри лирик қаҳрамони юрагида кучли муҳаббат аланга олаётган инсон. Севган ёрини еру кўкка ишонмайдиган, қизғанадиган муҳаббат эгаси.

Яхши маънодаги рашки йўқ эрнинг хотинига, ё хотиннинг эрига нисбатан бефарқ бўлишини исботлаш учун мисоллар келтиришнинг ҳожати йўқ. Шу ўринда фақат яна бир ўзбек халқ мақолини эслатиш кифоядир: «Рашки йўқ – кесак, ишқи йўқ – эшак» (бу мақолнинг бироз бошқача кўриниши ҳам бор – «Дарди йўқ – кесак, ишқи йўқ – эшак»). 

Лекин чегарадан чиқиб кетадиган рашк ҳеч қачон яхши оқибатга олиб келмаган.

Худди шундай беҳуда рашк туфайли бир йигит бевақт жон таслим қилди, уни ўлдирган дўсти қамалиб кетди. Ҳаммаси улфатларнинг ичкилик ичишидан бошланди. Уй эгасининг хотини тузаган дастурхон, у пиширган овқатларни улфатлар бири қўйиб, иккинчиси мақтар экан, Асрор исмли йигитнинг эсига ўзининг хотини тушди. Меҳмон бошлаб келса, қовоқ-тумшуғи осиладиган, пиширган овқатида маза-матра йўқ хотинидан нолий бошлади. Ана шунда улфатларидан бири унинг хотини билан бир маҳаллада ўсгани, у яхши қиз эканини айтади. Ичкилик миясига урган Асрор улфати билан айтишиб қолади. Хаёлига келган бўлмағур гапларни айтаверади. Асрор уйига бориб, ҳеч гапдан хабари йўқ хотинини дўппослайди. Хотини аразлаб уйига кетгач, кейинги ўтиришларида яна ўша улфати билан жанжал чиқаради. Улфати уни ҳовлига бошлаб чиқади. «Асрор, ўзингни бос, йигит деган кўпчилик олдида хотинини ёмонламайди. Мен шундай қилмаслигингни истагандим, холос». Лекин улфатининг бу гапини Асрор тескари тушунади. Ораларингда бир гап бўлмаса, нега хотинимнинг ёнини олаяпсан, деб мушт туширади. Улфат энди чидаб туролмайди, у ҳам мушт туширади. Лекин бошига еган зарбадан орқасига бор бўйи билан йиқилади. Ҳовлида ётган темир теккан орқа мияси эзилиб кетади...

Беҳуда рашк туфайли ўлган йигитнинг хотини бева, бир ўғил, бир қизи етим қолади. Узоқ йилларга қамалиб кетган Асрорнинг уч нафар боласи тирик етим бўлиб қолганидан куйиниб йиғлаётган онаизор бўзлайди, бўзлайверади.

«Қандайдир бир асоссиз рашк боис, туппа-тузук оиламнинг бузилишига бир баҳя қолди»,- дейди ўттиз беш ёшлардаги аёл. Келинг, уни Жамила деб атаб қўя қолайлик. Жамила кўзларига сизиб чиққан ёшни артганча, кутилмаганда бошига тушган азобли дамларни ҳикоя қила бошлади...

 

Қабиҳлик

Асли шаҳарлик Жамиланинг эри автомобил фалокатига учраб ҳалок бўлади. Жамила йигирма тўрт ёшида бир ўғил ва бир қизи билан бева қолади. Марҳум эрининг йили ўтар-ўтмас, уйига кетма-кет совчилар кела бошлайди. Лекин Жамила уларнинг ҳаммасини ортига қайтаради. Онаси: «Қизим, бир умр кутсанг ҳам, энди эринг қайтиб келмайди, ёш умрингни хазон қилма, яхши жойлардан келишяпти, йўқ демагин»,- дея Худонинг зорини қилса-да, қулоқ тутмайди. Лекин бир куни беморхонадан, тунги навбатчиликдан қайтаётса... кўчада турган қўшни хотинлардан бири саломига алик олмасдан бурилиб кетди, «ўтим оғриди-бетим оғриди», дея укол қилиб қўйишни илтимос қилиб чиқадиган кампир уни кўриши билан эшигини қарсиллатиб ёпди. Эшик ортидан кампирнинг: «Башаранг қурсин, эрсирамай ўл»,- дегани эшитилди.

Қўшни аёлларнинг бу ғалати муносабатларидан ҳайрон бўлган Жамиланинг томоғидан бир пиёла чой ҳам ўтмади. Туни билан беморларга қараб чарчаганига қарамай, кўзига уйқу келмади. Хонасида қамалиб ётганида янгасининг пичирлаган овози эшитилди: «Дадаси, нега эшитиб, эшитмасликка оласиз? Қулоғингиз том битган эмас-ку! Билиб қўйинг, шамол бўлмаса, дарахтнинг учи қимирламайди. Беморхонада ҳамшира деганлари тиқилиб ётибди. Нега бошқа биттани эмас, айнан синглингизни гапиришяпти?» «Ҳе, бўлди қил!» - акасининг бақириғидан Жамила чўчиб тушди. «Бўлди қилмайман! Бу уйда ё у яшайди, ё мен! Наҳс ботган уйда болаларимга ҳаром юқишини истамайман!»- янганинг бошқа гаплари Жамиланинг қулоғига кирмади.

Бирдан ташқаридаги овозлар тиниб қолди. Эшик қия очилиб, онаси кўринди. Унинг хавотирли кўзига кўзи тушган Жамиланинг ич-ичини тирнаётган йиғи хонани зириллатди.

«Жон қизим, йиғлама, йиғламагин, - она титраб-титраб йиғлаётган Жамилани бағрига босди. – Туҳматнинг умри қисқа. Ўз боламнинг қандайлигини мен билмасам экан? Ҳе, ўша туҳматчининг уйи куйсин!»

- Онажон, мен қўшниларга, янгамга нима қилдим? Нега улар... намунча шафқатсиз бўлишмаса?

- Энди... ёлғон-яшиққа ишонган қўшнилар бир кун келиб сендан узр сўрашади. Лекин... келин... у ўша уйингдан қайтиб келган пайтингданоқ ўзини қўярга жой тополмай қолганди. Юриш-туришидан, гап-сўзидан буни сезмай ўлибманми? Ўғлинг қизининг коптогини ўйнаса ҳам ғаши келган, болалар уришиб қолишса-ку, ҳовлини бошига кўтарган, эри ишдан келиши билан сени ёмонлаган... Аслида қайнонанг ҳам яхши хотин эмас экан. Инсофли хотин бўлганда, ўғлидан қолган ёдгорлари – ширин-шакар невараларини уйидан ҳайдаб юборармиди? Нима, ўша уйда невараларининг ҳаққи йўқмиди?

- Майли, онажон, у гаплар ўтиб кетди. Лекин мен бир нарсага ҳайрон бўляпман. Ғирт туҳмат гапларни ким тарқатяпти? Мени ёмонотлиққа чиқариш кимга керак бўлиб қолди? – Жамила бошини кафтлари орасига олди.

- Билмадим, қизим. Яхшилаб ўйлаб кўргин-чи, балки калаванинг учи топилар. Лекин бир нарсани айтиб қўяй – эгасиз дарахтга дуч келган одам тош отаверади...

Жамила ўйлаб-ўйлаб, ўйига етолмасди. Бировга ёмонлик қилмаган бўлса, ишга тўғри бориб, тўғри келяпти... Ким? Нимага? Шошма, балки... Балки?! Йўқ, нега нотўғри хаёлга боряпти? Эркак одам бунчалик пасткашликка бормас...

... Ўн кунча олдин Жамила ишлаётган бўлим мудири уни кабинетига чақиртирганди.

- Суриштириб турибман, ишингиз яхши. Беморлар қўли енгил, бизга Жамилахон қарасин, дейишар экан. Сизни бош ҳамшираликка ўтказсак, нима дейсиз?- бўлим мудири шундай дея Жамилага синовчан боқди. – Маошингиз ҳам кўпаяди. Иккита етимчангиз бор деб эшитаман, - «етимча» деган сўзни эшитган Жамила титраб кетди. Мудир ундаги бу ҳолатни сезмади. – Бола боқиш битта ўзингизга қийинлигини биламан.

- Раҳмат. Ўзимнинг ишим яхши. Кейин Муяссар опам неча йиллардан буён бош ҳамширалар. Тажрибалари меникидан кўп, - Жамила ҳалиги титроқни зўрға босганча ерга қараб сўзларди.

- Ўйлаб кўринг, Жамилахон, - мудирнинг отига «хон» қўшиб айтишини иккинчи марта эшитган Жамила қалқиб кетди. – Бош ҳамшираликка кўз тикканлар қанча. Сиз бўлсангиз, йўқ, деяпсиз. Ўйлаб кўринг!

Орадан икки кун ўтиб, мудир яна Жамилани чақиртирди. Эзмаланди-эзмаланди-да, бирданига: «Жамилахон, мен сизни яхши кўриб қолдим. Менга тегинг, никоҳлаб оламан, болаларингизга оталик қиламан»,- деди.

- Нима?! Шу гапларни ўйлаб айтяпсизми? Кеннойимлар, ўғил-қизларингиз эшитишса, нима дейишади? – Жамила эшик томон юрди.

-Тўхтанг! Уларга билдирмайман. Пинҳона никоҳ ўқитаман. Жамилахон, мен сизсиз туролмайман!

Отаси тенги одамнинг айтаётган гаплари Жамиланинг қулоқларини тешиб юборай деди. Эшикни ёпар экан, ортидан кимдир қувиб келаётгандайин ҳамширалар хонаси томон югургилади...

... Аслида ўшандаёқ бошқа бўлимга ўтиб кетиши керак экан. Лекин савлатига ош пишадиган туппа-тузук одамнинг ифлос ниятини амалга ошира олмай, гуноҳсиз бир инсонга туҳмат ёғдиришини қаердан билибди?

Жамила беморхонага етиб боргач, тўғри бош врачнинг олдига кирди. Бошқа бўлимга ишга ўтказишини илтимос қилди. Бош врач бунинг сабабини суриштирганда, жарроҳлик бўлимида қийналаётганини баҳона қилди...

Жамила жарроҳлик бўлимидаги ҳамкасблари билан хайрлашиб кетар экан, бош ҳамшира имлади:

- Жамила, синглим, сизда икки оғиз гапим бор эди.

- Майли, опажон, эшитаман, - деди унинг ортидан эргашган Жамила.

- Синглим, ҳамма гапдан хабарим бор. Бўлим мудирининг сизни менинг ўрнимга ўтказмоқчи бўлганлигини, сизнинг рози бўлмаганингизни эшитганман. Лекин у аблаҳ мени чақиртириб, Жамила жойингизга кўз олайтиряпти, дея сизга қарши қайрамоқчи бўлганидан бехабарсиз. Ҳайфи эркак кетсин! У... менга маҳалласига борасиз-да, Жамиланинг оёғи енгил, дея гап тарқатасиз, деб тайинлади. Мен кўнмадим, нима, эсимни ебманми? Гуноҳсиз одамга туҳмат қилишдан ёмон гуноҳ бормикан? Лекин у ярамас бошқа биров орқали миш-миш тарқатибди.

- Опажон, бу миш-мишлар уйимизга ҳам етиб борди. Майли, ким қандайлигини Худо кўриб турибди.

- Илоҳо, туҳматчилар, миш-мишчиларнинг жазосини Яратганнинг ўзи берсин.  Иккита хотиннинг устига учинчисини ололмаганига алами келган-да, у хотинбознинг.

- Опажон, унинг иккинчи хотини ҳам борми?

- Сиз ишга келиб-кетасиз, бошқа нарсани билмайсиз, гап-сўзлар билан ишингиз йўқ. Сизгача у ярамас бошқаларга ҳам кўз олайтирган. Ўша иккинчи хотинига фалончи менга тегаман, деяпти деб ёлғонлаган экан, чиппа-чин ишонибди. Ана кейин миш-миш тарқатишга киришибди.

- Тавба! Ким экан у хотин?

- Кимлигини вақти-соати билан билволарсиз. Мен сизга бошқа нарсани айтмоқчиман: хафа бўлмайсиз, синглим, агар муносиб жой чиқса, йўқ деманг. Ёшсиз. Чиройлисиз. Эрсиз чиройли ёш аёлнинг атрофида гап-сўз кўп бўлади. Баланд дорга бўйи етмаганлар аламидан сассиқ гапларни тарқатишади.

Жамиланинг онаси ҳам худди бош ҳамшира айтганга ўхшаш гапларни айтди. У онасининг гапларини тинглаётиб ёрилиб кетди:

- Онажон, агар янгам яна машмашани бошлаган бўлса, айтаверинг, мен ижарага уй топиб, чиқиб кетаман.

- Вой, қизим-ей, тор қорнимга сиққансан, кенг ҳовлимга сиғмайсанми? Мен сени, болаларингни ўйлаяпман.

- Онажон, сиз отам йўқлигини билдирмай, етимлигимизни асло сездирмай катта қилдингиз-ку, бизни! Мен ҳам...

- Қизим, менинг йўриғим бошқа, сенинг йўриғинг бошқа. Раҳматли отанг дунёдан ўтганларида мен уч кам қирқда эдим. Сенлар мактабга борардиларинг. Сен-чи, эндигина йигирма бешга киряпсан. Болаларингнинг каттаси тўрт, кичиги атиги икки ёшда. Йўқ, мен сени эрга тегсанг ҳам тегасан, тегмасанг ҳам тегасан, дея зўрламайман. Ўзинг рози бўлсанггина, муносиб жойга узатамиз.

Жамила ўйланганича жим қолди. Бир ой ўтдими, шаҳарнинг шундайгина биқинидаги қишлоқда яшайдиган аммаси икки аёлни эргаштириб совчиликка келганида, онасига: «Ўзингиз биласиз, болаларимни хўрламаса бўлди»,- деди.

Шундай қилиб, Жамила иккинчи марта турмуш қурди. Ўзидан уч ёш катта эри – Эҳсон биринчи хотини билан етти йил яшаган экан. Лекин орада фарзанд бўлмабди. Шунинг учун бола кўрган аёлга уйланмоқчи бўлибди...

Улар яхши яшаб кетишди. Эҳсон Жамиланинг ўғил-қизини худди ўз болалари каби суяр, эркалар, меҳр-муҳаббат қўйганди. «Кеч бўлса ҳам бахтимни топдим!»- Эҳсон кўнглидаги гапни яширмас, баралла айтарди. Айниқса, онасининг у ер-бу ери оғриб қолганида Жамиланинг парвона бўлиши, дори-дармон бериши, озор бермасдан укол қилишини кўрганда, хурсандлигини яширмасди. Қайнона Жамилани дуо қилиб, ўғлига Аллоҳдан фарзанд тиларди. Келинининг бўйида бўлганини эшитганда, онахон ўзини қўярга жой топа олмай қолди.

Лекин... Қўққисдан Эҳсоннинг феъли айниб қолди. Жамила ҳайрон, онаси ҳайрон – Эҳсон қовоғини уйиб олган. Гапини айтмайди. Арзимас нарсага жаҳли чиқар, нималарнидир тўнғиллаганча меҳмонхонага қамалиб оларди. Она чидаб туролмасдан меҳмонхона эшигини очди.

 - Эҳсон, тилингни адашган қовоқари чақдими?  Бунақада мениям, оғироёқ келинниям адои абгор қиласан-ку! Нима бўлди? Нима гап?

- Нима гаплигини ана шу оғироёқ келинингиздан сўрайсиз? Маҳалладаги дув-дув гапни эшитмаяпсизми? Келинингизни иккита бўйни йўғон қидириб келган эмиш. У энг зўр массажчи эмиш. Анови бўйни йўғонлар уйларига опкетиб, баданларини уқалатгани келишганмиш. У-ку, майли, сиз нега ўша ифлосларни ҳайдаб солмадингиз?

- Эҳ-ҳа, шунга шунчами? Гап буёқда де? На у одамлар келинни танишди, на келин уларни. Сен рашк ўтида беҳуда ёниб-куйгунча бундоқ сўраб-суриштиргин. Ким экан, улар? Уйимизни қандай топиб келишибди?

- Суриштираман. Агар...

Эҳсон меҳмонхонадан отилиб чиққанда Жамила инқиллаганча кўкат юлаётганди.

- Ҳей, ўзингни гўлликка солма! Сен кимларнинг баданини уқалаб юрибсан? Яна қанақа ҳунарларинг бор? – Эҳсон қўлини силтаганча Жамиланинг устига бостириб борди-ю, унинг кўзидаги ҳайронлик аралаш маъюсликни кўриб, қўлини туширди. – Сени кимлар қидириб келишди?

- Мен уларни танимайман. Биринчи марта кўришим. Адашиб келганликларини айтиб, жўнатиб юбордим. Ишонмасангиз, ана гузардаги дўкончидан сўранг. Ўша бошлаб келганди. Кейин мен... эркаклар тугул, умримда ҳатто аёлларни ҳам массаж қилмаганман. Бунақа ҳунарим йўқ.

Эҳсон ўқрайганича гилоснинг қуриган шохини узиб олди-да, майдалаб-майдалаб, дуч келган томон сочиб юборди.

У гузардаги дўконга етиб борганида ҳам жаҳлини боса олмаган эди. Унинг авзойини кўрган дўкончи олдидаги чойнакдан чой қуйиб узатди. Эҳсон чойни ичиб бўлгач, аста сўз қотди:

- Келинг, Эҳсонжон, хизмат? Янги келган сариёғ бор, тортиб берайми? Шоколадлар – Россияники.

- Ака, сиздан бир нарса сўрамоқчиман.

- Сўранг. Бемалол.

-Тунов куни уйга иккита бегона одамни бошлаб борган экансиз. Уларни танийсизми?

- Танишиб олдик. Кимдир сизнинг уйингизни тайинлаган экан. Илтимос қилишганди, машиналарига ўтириб боравердим. Лекин уйингиздан қайтаётиб, қайси бир хотинни роса бўралатиб сўкишди. Шунча йўлга овора бўлиб келганларига, алдашганига жиғибийронлари чиқди.

- Сўкишди? Жиғибийронлари чиқди? Излаб келган одамлари улар айтган ишга бормаганигами?

- Йўқ, шаҳарлик қайси бир хотин боплаб алдаганига!

Эҳсоннинг пешонаси тиришиб кетди.

- Ака, ўша одамлар билан танишиб олдим, деяпсиз? Қаерда яшашларини айта олмайсизми?

- Қаерда яшашларини билмайман. Лекин қаерда ишлашларини айта олишим мумкин. Мана бу шоколадларни улар ишлайдиган фирмадан опкелиб беришди...

Эҳсон ўша икки кишини қидириб топди. Улар нега уйига хотинини излаб боришганини айтганда, анграйганча қолди.

- Бизнинг манзилимизни берган ўша хотиннинг уйи қаердалигини биларсиз? – деди Эҳсон бироздан сўнг ўзини тутиб олиб.

- Биламиз. Нега билмас эканмиз? Бизнинг қимматли вақтимизни ўғирлаган, бизни алдаган одамни шундайлигича қўймадик. Уйига бориб, кўчага чақирдик-да, қўни-қўшнилари олдида роса тузладик...

Эҳсон фирмада ишлайдиган одам ёзиб берган уй манзилига қараганча қотиб қолди. Ахир, бу уйда анови... анови Дурдона яшайди-ку! Наҳотки, у уйимни бузмоқчи бўлган? Шу лаҳза Эҳсоннинг кўз ўнгидан ҳали Жамилага уйланмасдан олдинги бир воқеа лип-лип ўтаверди.

... Эҳсоннинг қўл телефони жиринглаб қолди. Қараса, нотаниш рақам. Жавоб бермади. Лекин телефон қилаётган одам хира эканми, устма-уст жиринглатаверди. Эҳсон у билан гаплашишга мажбур бўлди.

- Эҳсон ака, нега ўзингизни опқочяпсиз?

Дабдурустдан айтилган бу ғалати гапга Эҳсон ҳайрон бўлиб қолди.

- Кимсиз? Мен сизни танимайроқ турибман.

-Дурдонаман. Беморхонада ётганингизда қўлларингиз намунча енгил, овозингизнинг ўзиёқ одамни даволайди, деганларингиз эсингиздан чиқдими?

Эҳсон овоз эгасини эслади. Хотинидан ажраган кунлари асаби қақшаб беморхонага тушганида қараган ҳамшира. Лекин у нега ўзини бунчалик яқин олиб гапиряпти? Тўғри, бир бемор сифатида миннатдорчилик билдирган, балки ўшанда мақтовни ошириб юборгандир?! Лекин... Ўзи аҳмоқ. Телефон рақамингизни бермайсизми, деса, бераверадими? Бермаслиги керак экан.

- Нимага жим қолдингиз? Ҳалиям танимадингизми? – овоз эгаси нозланаётганга ўхшарди.

-Танидим. Яхши юрибсизми?

- Эҳсон ака, эсингиздами, менга яхши электрикман, дегандингиз. Битта уйимдаги чироқ ёнмай қолди. Розеткалар ҳам ишламаяпти. Шунга... тузатиб берсангиз дегандим.

- Менинг вақтим йўқ-да. Бошқа таниш электрикларингиз бордир?

- Бўлса сиздан илтимос қилармидим. Келасизми, Эҳсон ака!

- Бугун вақтим йўқ. Фақат дам олиш куни боришим мумкин. Унгача балки бошқа биронтани топарсиз.

- Майли, яна икки кун тоқат қиларман. Мен ҳаммага ҳам ишонавермайман...

Хуллас, Эҳсон айтилган куни Дурдонаникига борди. Бир хонадан иккинчисига ўтган сим узилган экан. Тузатиб бўлгач, чиқиб кетаётганди, Дурдона жилмайганча бошқа хонага бошлади.

- Қоп-қоронғи уйимни ёритган одам бир пиёлагина чойимни ичмасдан кетмоқчимисиз? Йўқ, бунақаси кетмайди. Қаттиқ хафа бўламан-а!

Дурдона бошлаган хонага кирган Эҳсон ўртадаги дастурхонни кўриб орқасига қайтмоқчи бўлди. Дастурхонда анқонинг уруғидан бошқа ҳамма нарса бор эди. Ким учун ёзилган у? Нима учун ёзилган? Бу икки савол хаёлида ғимирлаётган Эҳсоннинг юрагини ғашлик қоплади. Лекин Дурдонанинг қайта-қайта ундашидан сўнг, дастурхон ёнига ўтиришга мажбур бўлди.

- Эҳсон ака, хотинингиз билан бутунлай ажрашибсиз, деб эшитдим.

Дурдона кўзларини қадаганча сўзлар экан, Эҳсоннинг чайнаётган нони тиқилишига оз қолди.

- Тақдир экан.

- Қайтиб келмайдиган хотинга аза тутиб, буёғига сўққабош юраверасизми, - Дурдона парракланган қази солинган ликопчани Эҳсоннинг олдига сурди.

 - Энди менга рухсат берасиз. Уйда қиладиган ишларим бор эди, - қазига қўл узатмаган Эҳсон ўрнидан қўзғалди.

- Шошманг, ака, уйда тергайдиган хотинингиз бўлмаса ё мендан чўчияпсизми?

- Нега сиздан чўчир эканман?

- Эҳсон ака, мен дангалчиман, сизни ёқтириб қолдим. Агар менга уйлансангиз...

-Тўхтанг, беморхонадагилар сизни кимгадир теккан, дейишганди-ку!

- Ўша беморхонадагиларнинг мендан бошқа гаплари йўқми! Мен бир умр иккинчи хотин, кимгадир кундош бўлиб юришни истамайман. Бир ҳафтада бир уйимга келадиган эр-эр эканми?

Дурдона шундай дея ўрнидан туриб, кўзларини сузганча Эҳсонга яқинлашди. Эҳсон унинг узалган қўлларини силтаб ташлади-да, ёв қувгандайин кўчага чиқиб кетди...

...Гапнинг қаердалигини билган Эҳсон тўғри уйига бориб Жамилани чақирди. Ун элаётган хотинини ўрнидан турғазиб, бағрига босди.

- Ёш боламисиз? Ҳаммаёғингиз ун бўлади-ку, - деди Жамила Эҳсонни беозоргина ўзидан нари итариб.

- Мени кечир, Жамила! Мени лаънати шайтон қитиқлади. Беҳуда рашк кўзимни кўр қилиб қўйди. Ҳозир сенга ишонмаганлигим учун ўзимдан нафратланяпман. Бир юраги кир аёлнинг найранги оиламизни бузиб юборишига сал қолди-я!

Жамила у аёлнинг кимлиги билан қизиқмади. Ҳамма гапни Эҳсоннинг ўзи айтиб берди. Жамила индамасдан ун элайверди...

Орадан уч кун ўтгач, беморхонага, аёллар шифокорига учраш учун борган Жамила ҳовлида Муяссарни кўриб қолди. У ҳол-аҳвол сўрар экан, негадир кейинги воқеани гапириб бергиси келди.

- Ким дединг? Дурдона?! Асаб касалликлари бўлимида ишлайдиган Дурдонами? Бўлим бошлиғимизнинг иккинчи хотини ана шу Дурдона бўлади-да! Эсингдами, маҳаллада гап-сўз бўлганинг?! У миш-мишни тарқатган ҳам ўша-да!

- Нима-а?! Муяссар опа, нима дедингиз? 

Жамила қалқиб кетаркан, бош ҳамшира уни суяб қолди...

 

Уйим бор, жойим бор дейдиган...

Кейинроқ бу воқеани Жамилани яхши билган бир танишимдан ҳам эшитдим. У Жамиланинг на эрига бирон сўз дегани, на Дурдона билан жанжаллашмаганини айтди.

-Биласизми, Жамила ўта сабр-бардошли аёл, орамизда оиласини асраб келаётган, унинг чўғини ўчирмайдиган аёллар кўп,- деди танишим ўйланиброқ.

Мен бўлсам, арзимас нарсага айюҳаннос солиб, оилани бузаётганлар орасида фақат эркаклар эмас, аёллар ҳам борлиги, аксинча, муқаддас қўрғоннинг бузилмаслиги учун сабр-бардош қилаётган, оқилона иш тутаётганлар орасида фақат аёллар эмас, эркаклар ҳам борлиги ҳақида ўйлардим.

«Уйим дейдиган, жойим дейдиган одам сабру чидамли, бардошли бўлиши шарт!» Мен раҳматли онамларнинг бу гапларини тез-тез эслайман. Чунки бунга туртки, сабаб бўладиган ҳодисаларга учраб тураман-да.

Ўринбой УСМОН,

Тожикистон Ёзувчилар иттифоқи ва Тожикистон Журналистлар

иттифоқи аъзоси.

Мамлакатимизда ижтимоий аҳвол сизнингча?

Аъло - 38.5%
Яхши - 38.5%
Ӯртача - 0%
Ёмон - 7.7%
Билмайман - 15.4%

Проголосовали: 13

КАЛЕНДАР

« Ноябр 2024 »
Дш Сш Чш Пш Жм Шб Яб
        1 2 3
4 5 6 7 8 9 10
11 12 13 14 15 16 17
18 19 20 21 22 23 24
25 26 27 28 29 30  

МАҚОЛАЛАР

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Тожикистонга давлат ташрифи

 

2018 йилнинг 9 март куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев давлат ташрифи билан Тожикистон Республикасига келди. Душанбе халқаро аэропортида олиймақом меҳмонни Тинчлик ва миллий бирлик асосчиси – Миллат пешвоси, Тожикистон Республикаси Президенти муҳтарам Эмомали Раҳмон самимий кутиб олди.

Муфассал...

Бунёдкорлик ишлари билан танишув

 

Тинчлик ва миллий бирлик асосчиси – Миллат пешвоси, Тожикистон Республикаси Президенти муҳтарам Эмомали Раҳмон кўрсатма ва топшириқлари асосида мамлакат Бош вазири Хатлон вилоятининг Левакант шаҳри ва Жалолиддин Балхий ноҳиясида бунёдкорлик ишлари жараёни, турли иншоотларнинг янгиланиши ва қайта қурилиши ҳамда деҳқон хўжаликлари фаолияти билан танишди.

Муфассал...

СТАТИСТИКА

Сайтга кирганлар
1
Мақолалар
872
Мақолаларни кӯрганлар сони
1990430

ӮҚУВЧИЛАР СОНИ

7477407
Бугун
Кеча
Шу ҳафта
Ӯтган ҳафта
Шу ой
Ӯтган ой
Ҳаммаси
3335
4027
21020
7426653
99051
114875
7477407

Сизнинг IPнгиз: 3.148.117.237
Бугун: 23-11-2024 16:44:03

ҲАМКОРЛАР

 

 

   

2015