Бугунги кунда дунёдаги энг глобал ахборот тармоғи -интернет ҳақида эшитмаган одам топилмайди. Мазкур компютер тармоғи дастлаб АҚШда 1986 йили бир неча илмий марказлар ва университетларни бирлаштирган бўлса, бугунги кунда бу тармоқ бутун дунёни қамраб олган бўлиб, у юз миллионлаб компютерларни бир-бири билан улайди. Бу тармоқ орқали бугун маълумотлар тўпланади, узатилади ва сақланади. Кейинги 15-20 йил орасида рақамли технологиянинг мислсиз тараққиёти ҳаётимизнинг барча соҳаларини қамраб олди.
Ахборот етказишнинг анъанавий усулидан бўлган оммавий ахборот воситалари ҳам интернет билан чамбарчас боғлиқ бўлиб, бугунги кунда газета-журналлар, радио ва телевидениени интернетсиз тасаввур этиб бўлмайди.
Дарҳақиқат, бежизга асримизни рақамли технологиялар тараққиёти асри, деб айтишмайди. Ҳаётимизнинг барча соҳалари компютерлаштирилиб, бу замонавий технологиясиз тараққиётнинг ўзини тасаввур этиш қийин. Албатта, интернет тармоғи эришаётган ютуқлар кишининг ақлини шоширади. Замонавий бўлиш учун эса, ана шу жараёндан ортда қолмаслик тақозо қилинади.
Замонавий техника ва технология тараққиёти бутун дунёни қамраб олган жараён бўлиб, биз истасак-истамасак, ана шу глобал оқимда "сузишимиз"га тўғри келади.
Интернет тармоғининг дастлабки ютуқларга эришаётган пайтлари кўплаб танқидчилар анъанавий газеталарнинг бугунги шаклда чоп этилиши ўртадан кўтарилишини башорат қила бошладилар. Яъни интернет тармоғи секин-аста газетанинг қоғоз шаклида чоп этилиш эҳтиёжини ўртадан кўтариб, барча газета-журналлар фақат электрон шаклда муштарийларга етказилиши ҳақида гап-сўзлар кўпая бошлади.
Аммо ҳаёт бунинг аксини кўрсатиб турибди. Замонавий техника-технологиялар ҳар қанча тараққий этмасин, ҳаётимизда ўз ўрнига эга бўлган газета-журналларга эҳтиёж пасайгани йўқ. Аксинча, инсоният қанчалик тараққиётга эришмасин, маърифатга бўлган эҳтиёж янада кучаймоқда. Шунинг учун ҳам, газетанинг ҳаётда ўз ўрни борлиги ва унинг жойини ахборот етказишнинг бошқа воситалари эгаллаб олиши ҳозирча ўз исботини тополгани йўқ.
Агар жаҳон оммавий ахборот воситаларининг бугунги ҳолатига бир назар ташланса, юқоридаги фикр ҳаётий эканлигига амин бўлиш мумкин.
Дунёдаги энг машҳур газета - "The Yomiuri Shimbun" номи билан Японияда 1874 йилнинг 2 ноябридан чоп этилаётган кўҳна нашрия ҳисобланади. Бу газета ҳар куни 10 миллион нусхада чоп этилади.
"The Yomiuri Shimbun" газетаси Токио, Киото, Фукуоке, Осаке, Нагано ва бошқа катта шаҳарларда япон тилида чоп этилишидан ташқари, Японияда инглиз тилидаги энг машҳур газеталардан бири - "The Daily Yomiuri" нашрдан чиқади. Бундан ташқари, бу газеталар ҳар куни нашр этилишига қарамай, "Yomiuri Weekly" - ҳафталик янгиликлар журнали ҳам муттасил чоп этилади.
Умуман, бугунги кунда дунё газета бозоридаги ҳолатни қиёслайдиган бўлсак, Осиё мамлакатлари энг кўп ўқиладиган ва энг кўп нусхадаги газеталарга эга.
Шунингдек, дунёдаги энг машҳур ва кўп нусхада чоп этиладиган газеталар рўйхати ҳам газеталарнинг келажаги порлоқ эканлигидан далолат беради. Зеро, биз қуйида замонавий технологиялар энг тараққий этган мамлакатларда чоп этилаётган машҳур газеталар ҳақида қисқача тўхталиб, оммавий ахборот воситаларининг қиймати, умуман, пасаймаганлиги, балки аксинча, янада ошиб бораётганлигининг гувоҳи бўла оламиз.
Америка Қўшма Штатларидаги машҳур газеталардан бири "The New York Times" ҳисобланиб, Ню-Йорк шаҳрида чоп этилади. Бу газета минтақавий нашрия сифатида ташкил этилган бўлишига қарамай, дунёдаги энг машҳур газеталардан бирига айланди. Айни пайтда "The New York Times" иш кунларида 1 миллион 131 минг нусхада, дам олиш ва байрам кунлари 1 миллион 681 минг нусхада чоп этилиб турибди.
Америкадаги яна бир машҳур газета - "The Wall Street Journal" ишбилармонларга бағишланган кунлик газета ҳисобланади. Бу газета Ню-Йорк шаҳрида "Dow Jones & Company" компанияси томонидан 1889 йилдан бери чиқарилиб, унинг тиражи ҳам "The New York Times"дан қолишмайди.
Шунингдек, АҚШда Лос-Анжелес шаҳри янгиликларига бағишланган "Los Angeles Times" газетаси ҳам анча машҳур ва нуфузлидир. Бу газета саҳифаларида чоп этилаётган энг янги ва "теша тегмаган" хабарлари билан мухлислар диққатини жалб этиб келмоқда.
Худди ана шундай машҳурлик Американинг бошқа нашрияси - АҚШ пойтахтининг газетаси - "The Washington Post"га насиб этган.
Европадаги энг ўқимишли газеталардан бири Буюк Британияда чоп этиладиган "The Times" газетасидир. Бу нашрияга Жон Уолтер 1785 йили асос солган. Газета ўзининг аниқ сиёсий қарашлари билан тилларга тушган. Буюк Британиядаги партиялар бу газета саҳифаларида ижобий баҳога эриша олса, шубҳасиз, сайловларда ғолибликни қўлга киритади.
Манчестер шаҳрида 1821 йил ташкил этилган "The Guardian" газетаси ҳам дунёда машҳур нашриялардан бири ҳисобланади. Дастлаб газетанинг номи "The Manchester Guardian" эди, аммо 1959 йилдан нашрия бугунги ном билан чиқа бошлади. Бу газета ҳар куни чоп этилади.
Дунёнинг энг машҳур ва тиражи кўп газеталаридан бири 1855 йилдан бошлаб чиқариладиган "The Daily Telegraph" газетаси ҳисобланади. У ҳар куни 800 минг нусхада чоп этилади.
"Financial Times" ишбилармонлар газетаси инглиз тилида дунёнинг 24 шаҳрида чоп этилади. Газетанинг умумий тиражи 450 минг нусхани ташкил этади. Бу газета тижорат таҳлили ва дунё молия янгиликларини чоп этишга ихтисослашган.
Францияда "Le Figaro" номли ҳар кунлик газета чоп этилади. Бу газетага 1826 йил асос солинган бўлиб, у Франция Ҳукуматининг нуқтаи назарини акс эттиради. Айни пайтда "Le Figaro" ҳар куни 350 минг нусхада чоп этилади.
Бизнинг стратегик ҳамкоримиз бўлган Россия Федерациясидаги энг кўп ўқиладиган ва обрўли газеталаридан бири - "Коммерсантъ" ҳисобланади. Бу газета "Коммерсантъ" нашрия уйи томонидан чиқарилади. Газета ҳар куни душанбадан шанбагача муштарийлар қўлига тегади. Бу газета дунёнинг бошқа нашрияларига нисбатан анча ёш бўлиб, у 1990 йилдан бошлаб чиқарилмоқда. Шу билан бирга, газета ўзини Россияда 1909-1917 йиллар нашр этилган "Коммерсантъ" газетасининг меросхўри, деб ҳисоблайди.
Бундан ташқари, Россиянинг машҳур нашриялари қаторига "Комсомольская правда", "Московский комсомолец", "Аргументы и факты", "Из рук в руки" ва бошқа газета-журналлар киради.
Агар энг кўп тиражда чоп этилган газеталар тарихига назар ташлайдиган бўлсак, 1990 йили Россиянинг "Аргументы и факты" газетаси 33 миллион 431 минг 100 нусхада чоп этилиб, Гиннес рекордлар китобидан жой олган.
Ҳа, газеталарнинг бугунги ҳаётдаги роли пасайган эмас. Нашриялар ахборот тарқатиш билан бирга, маънавият улашишнинг энг муҳим воситаси бўлиб қолмоқда.
- Ахборот технологиялари, интернет сингари замонавий технологиялар жуда тараққий этганлигига қарамай, ҳаётимизда газеталар муҳим рол ўйнайди, - дейди суҳбат чоғида қўрғонтепалик тадбиркор акамиз, маърифатпарвар инсон Эсонбой ака Мустафоқулов. - Ҳар ҳафта газеталарни олиб, бир-бир кўздан кечирмагунча, сабрим чидамайди. Анчагина газеталар сотиб олганлигим учун, энг аввало, уларни тез-тез кўздан кечираман. Сўнгра, бўш вақт бўлди, дегунча, обдан мутолаа қиламан. Бир нарсадан хурсандман: тожикистонлик журналистлар ҳам замон билан ҳамқадам эканликлари кўнглимни кўтаради. Зеро, журналистлар ҳаётдаги доғларни жуда тез илғайдиган кишилар бўлади. Уларнинг жамиятдаги камчиликларга муносабатлари тараққиётимиз учун хизмат қилишига ишонаман…
Истиқлолиятимизнинг 25 йиллигини қайд этиш арафасида турган азиз Тожикистонимизда ҳам жуда кўплаб газета-журналлар чоп этилади. Бир қатор радио ва телеканаллар ишлаб турибди. Бу нашрияларнинг ҳаммаси интернетда ўз сайтларига эга. Бу сайтлар муттасил янгилаб турилади. Муштарийлар ҳар куни газетанинг электрон шакли билан таниша оладилар. Яъни бир сўз билан айтганда, бугунги кунда оммавий ахборот воситалари ва интернетни бир-бирисиз тасаввур қилиб бўлмайди. Замон тақозоси туфайли бу тушунчалар муштараклик касб этган.
Яқинда Тинчлик ва миллий бирлик асосчиси - Миллат пешвоси, Тожикистон Республикаси Президенти муҳтарам Эмомали Раҳмон иштирокида яна иккита янги телеканал - "Варзиш" ва "Синамо" ҳамда "Оммавий ахборот воситалари академияси" давлат муассасалари ишга туширилди. Албатта, буларнинг бари истиқлолиятимиз ютуқлари бўлиб, улар азиз Тожикистонимизнинг порлоқ келажаги учун хизмат қилиши турган гап.
Глобал интернет тармоғи қўлга киритаётган ютуқлар оммавий ахборот воситалари тараққиётига ҳам замина яратади. Бошқача бўлиши мумкин эмас. Зеро, оммавий ахборот воситалари ҳаётимизнинг ажралмас қисми бўлиб, халқнинг маънавий эҳтиёжини қондиришга хизмат қилаверади…
Искандар МАҲМАДАЛИЕВ,
"Халқ овози".
Бугун юртимиз - тинч, халқимиз - фаровон. Аммо шу кунларга етиш осон кечмаганлигини ҳар бир ақли соғлом киши яхши билади. Математика тили билан айтганда, нолдан бошланган Қуролли кучларимиз бугун ҳамма томонлама кучли армиялардан бирига айланганлиги ҳеч кимга сир эмас. Шонли Армиямиз навқирон 26 ёшда. Бутун республикада бу шонли санага бағишлаб улкан тадбирлар ўтказилаётган бир пайтда, шу юртнинг бир фуқароси сифатида мен ҳам
Муфассал...
Тинчлик ва миллий бирлик асосчиси – Тожикистон Республикаси Президенти муҳтарам Эмомали Раҳмон ўтган йилнинг 22 декабрида мамлакат Олий Мажлисига йўллаган Паёмида 2018 йилни Сайёҳлик ва халқ ҳунармандчилигини ривожлантириш йили, деб эълон қилиш таклифини киритди. Дарҳақиқат, жаннатмакон Тожикистонимизнинг бебаҳо табиий бойликлари юртимизда сайёҳликнинг истиқболи порлоқ бўлишига имконият туғдиради.
Муфассал...2015
1-2015
2-2015
3-2015
4-2015
5-2015
6-2015
7-2015
8-2015
9-2015
10-2015
11-2015
12-2015
13-2015
14-2015
15-2015
16-2015
17-2015
18-2015
19-2015
20-2015
21-2015
22-2015
23-2015
24-2015
25-2015
26-2015
27-2015
28-2015
29-2015
30-2015
31-2015
32-2015
33-2015
34-2015
35-2015
36-2015
37-2015
38-2015
39-2015
40-2015
41-2015
42-2015
43-2015
44-2015
45-2015
46-2015
47-2015
48-2015
49-2015
50-2015
51-2015
52-2015