Ассалому алайкум, азизлар! Ўтган гал сиз билан хайрлашар эканмиз, қариндош-уруғлар орасидаги никоҳ, унинг салбий оқибатлари ҳақида суҳбатлашишга келишгандик.
Бундай олиб қараганда, айрим ўқувчилар бу масалага жиддий эътибор бериш шартми, айнан оила ва оила қуриш масаласида бошқа муҳим, долзарб, муаммоли масалалар оз эмас-ку, дейишлари мумкин.
Лекин мутахассисларнинг ўрганишларича, кейинги йилларда қариндош-уруғлар фарзандларининг оила қуришлари натижасида ногирон болалар туғилиши фақат бу ўғил-қизларнинг ота-оналари, яқинлари учун эмас, балки жамият учун ҳам оғриқли масалалардан бирига айланиб бормоқда.
Келинг, гарчи ўтган галги суҳбатда келтирган бўлсак-да, муҳтарам Президентимиз Эмомали Раҳмон Жаноби олийларининг мамлакат Парламентига сўнгги Паёмида келтирилган рақамни эслатмоқчимиз – 13 минг мажруҳ бола! Давлат томонидан боқилаётган бу мажруҳ болаларнинг кўпчилиги қариндош-уруғларнинг ўғил-қизлари, айниқса, амакиваччалар турмуш қурган оилаларда туғилган фарзандлар эканлигини яна бир марта ёдга солмоқчимиз.
Шу ўринда, Президент Паёмидан бир неча ой ўтиб гапирган Тожикистон Республикаси қошидаги Аёллар ва оила ишлари бўйича қўмита раисининг биринчи муовини Марҳабо Олимий сўзларига асослансак, унинг билдиришича, Тожикистонда 18 минг нафардан ортиқ ногирон бола бўлиб, уларнинг аксарияти қариндош-уруғларнинг фарзандлари қурган оилаларда туғилган.
Минглаб болаларнинг соғлом яшашга, бошқа ўғил-қизлардек ўйнаб-кулиб, чопқиллаб юришга ҳаққи бор бўлса-да, қўл ё оёқлари ҳаракатланмайдиган, қулоғи эшитмайдиган, гапира олмайдиган бўлиб, бу сўзларни тилга олишнинг ўзиёқ одамнинг вужудини титратади, дунёга келишлари фақат бу ногирон фарзандлар ота-оналарининггина эмас, балки бутун жамиятнинг қайғуси, дардидир аслида.
Агар шундай бўлмаганда эди, мамлакат Президенти қариндош-уруғлар фарзандлари қураётган оилалар ва бу оилаларда туғилаётган ногирон болалар ҳақида махсус таъкидламаган, оқибати қайғули бўлаётган бундайин никоҳларнинг олдини олиш мақсадида зарур йўсинлар ишлаб чиқиш учун тегишли идораларга топшириқ бермаган бўлар эди.
Исломда нима дейилади?
Ислом динида кимлар орасида никоҳ жоиз бўлиши ҳақида аниқ-тиниқ айтиб қўйилган. Бунда фақат яқин қариндошлар орасида эмас, балки бир она сутини эмган, асли бошқа ота-онадан туғилган болалар улғайганда ҳам улар орасида никоҳ бўлиши мумкин эмаслиги кўрсатилган. Тўғри, никоҳ ножоиз бўлган кишилар сирасига амакиваччалар, холаваччалар киритилмаган.
Лекин Ислом тарихига мурожаат қилинганда ҳам, Ислом уламолари сўзларига қулоқ тутилганда ҳам, қариндошлардан эмас, балки бегоналардан уйланиш яхшироқ, бу наслга ижобий таъсир кўрсатилиши ҳақида айтилган.
Ҳазрати Умар (розияллаҳу анҳу) замонларида Соиб деган бир қабила бўлган. Бу қабила болаларининг кўпчилиги тез-тез турли касалликларга учрашар, озиб-тўзиб кетиб, қувватсизликка мубтало бўлишар, натижада, улар орасида кўп умр кечирмасдан дунёдан ўтиш ҳоллари кўпайган экан. Бу хабар Ҳазрати Умар (р.а.) қулоқларига етиб келади. Одилликда ном чиқарган бу киши бир қабилани қайғуга ботирган ҳолатга, албатта, бефарқ қараб тура олмаганлар. Ҳазрати Умар (р.а.) қабила болаларининг тобора кўпроқ дардманд туғилаётганликлари сабабини атрофлича ўрганадилар. Натижада, қабила қайғусининг сабаби маълум бўлади: бу қабила қизлари четга берилмас ва йигитларига ҳам фақат ўзларидан келин қилинар экан. Болаларнинг носоғлом туғилиб, ўсиши сабабини аниқлаган Ҳазрати Умар (р.а.) қабила аъзоларини тўплайдилар. Уларни қийнаётган муаммо сабабини батафсил тушунтириб берадилар. Ҳозиргача у кишининг Соиб қабиласига айтган гаплари келтирилади: - «Бошқага қиз бериб, бегоналардан келин қилинглар, ана шунда болаларингизнинг ҳам, ўзингизнинг ҳам саломатлигингиз яхшиланади!» Бу ундовга амал қилган қабила аъзолари кўп ўтмай болаларнинг соғлом туғилиб, бақувват, касалликларга чалинмай ўсаётганидан мамнун бўлишади. Устига қуда-анда бўлган бошқа қабилалар билан муносабатлар ҳам илиқлашади.
Уламоларнинг барча ҳужжат ва далилларни ўрганиб чиқиб ҳамда бошқа омилларни ҳисобга олиб, муносиб келин танлашда эътибор бериш зарур бўлган омиллар орасида келин ё куёвнинг қариндошлардан бўлмаслиги ҳам айтилган.
Қариндош-уруғлар орасидаги никоҳ масаласида йўлланган саволга батафсил жавоб берар эканлар Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф (Аллоҳ жойларини жаннатдан қилсин) сўзларининг охирида шундай деганлар: - «Қариндошга уйланса, болалари заифҳол бўлиши эҳтимоли кучли. Яна, Аллоҳ кўрсатмасин, келишмовчилик бўлиб қолса, қариндошлик алоқаларига путур етиши ҳам мумкин. Бегонадан бўлса, болалар соғлом туғилиши эҳтимоли кўпроқ бўлади. Куёв-келиннинг баҳонаси билан уларнинг қариндош-уруғлари ҳам қуда-анда бўладилар, ижтимоий алоқалар ривожланади. Валлоҳу аълам».
Мен бу фикрни изоҳламоқчи эмасман. Азизлар, бундай атроф-теваракка назар ташласангиз, ушбу фикрнинг нечоғлик ҳақ эканлигини исботловчи қанча-қанча мисолларни топишингиз мумкин.
Боласига ўлим тилаган она
Мен катта йўлдан бурилар эканман, шундайгина муюлишдан нарида «Жигули» чинқирганча тўхтади. Эшикни очиб, отилиб чиққан ҳайдовчи машина олдида ётган болани кўтариб олди. Эгнига илашган чангни қоқиб ташлар экан, сўради:
- Тузукмисан, бирон еринг лат емадими?
Боши гоҳ у ёнга, гоҳ бу ёнга қийшаяётган бола тиржайиб турарди. Шу лаҳза эллик ёшлардаги бир аёл ҳайдовчини имлади.
- Ука, ўзингизни қийнаманг, у барибир гапингизга тушунмайди. Ҳа, кейин хавотир бўлманг, мен ҳаммасини кўрдим – боланинг ўзи машина олдига югуриб чиқди. Хайрият, секинроқ келаётган экансиз ва ҳушёрлик қилдингиз. Ана, унинг онаси чиқди, - аёл машина турган ердан беш-олти қадам наридаги эшикдан чиқиб келаётган жувонга ишора қилди.
- Нима бўлди, яна? - жувон ҳамон бошини у ён, бу ён қийшайтираётган, лекин энди тиржаймасдан оғзини очганча анграйиб турган боланинг бетига устма-уст шапалоқ туширди. – Яна мошиннинг тагидан тирик чиқдингми? Ўлиб кетсанг бўлмасмиди? Биттангдан қутулардим.
-Опажон, менда айб йўқ, мана, манови опамлар гувоҳ, ўғлингиз ўзи тўсатдан югуриб чиқди, - ҳайдовчи йигит ҳамон титраб турарди.
- Укажон, мен сизни айбладимми? - жувон боланинг қўлидан ушлаб уйи томон тортиб борар экан, йигитга ўгирилди. – Лекин уни уриб юборганингизда, савобга қолган бўлардингиз. Бу ўлмади, мен қутулмадим!
Онанинг гапларига мен ҳам, ҳайдовчи йигит ҳам ҳайрон бўлганча турардик. Ҳалиги аёл бизнинг ҳолатимизни кўриб, шивирлади:
- Мен улар билан қўшни яшайман. Бола туғилгандан буён шунақа. Бошини тутолмайди, эси пастроқми-ей, гапирсанг, гапни уқмайди, - она-бола кириб кетган эшик ёпилгач, қўшни аёл овозини кўтарди...
Унинг айтишича, ҳалиги жувон ўғлининг бу аҳволда эканлигига чидаб келаётган экан, лекин қизчаси ҳам ногирон туғилибди. Уч ёшга кирса-да, у ҳалигача на ўрнидан турармиш, на икки сўзни бир-бирига улай олармиш.
- Туппа-тузук жувон жиззаки бўлиб қолди. Жиндай нарсага ҳам тутаб кетаверади, ўғлини турткилайди, уради, - деди негадир ўйланиб қолган қўшни аёл. – Ишқилиб, худойим унга бирон соғлом фарзанд берсин. Лекин қўшнимиз Соимахон духтурнинг айтишича, унинг соғлом бола туғиши гумон экан. Ака-укалар, опа-сингиллар қуда бўлишгандан кейин кўпинча шундай бўлади, буни тиббиёт исботлаган, дейди Соимахон. Ҳалиги аёлгина холасига келин бўлиб тушган...
Аёл анча гапирди. Мен йўлимда давом этаётганимда ҳам, у ҳайдовчи йигитга нималардир деётганди...
Ўша куни анчагача боласига ўлим тилаётган она кўз ўнгимдан кетмади. Оналар ҳам ҳар хил бўлади-да, дердим ўзимча ва шу ондаёқ негадир у аёлни тушунишга уринардим. Балки она жаҳл устида ўйламай-нетмай гапириб юборгандир. Балки ҳар икки боласи ҳам ногирон туғилгани учун наслини ўйлаб, жазавага тушгандир?
Бола дунёга келгандан кейин яшашга ҳақли. Лекин ҳаёт нималигини тушунмасдан, унинг лаззатини тотмасдан дунёда яшаб ўтиш... Онаси ўлим тилаган боланинг носоғлом туғилгани учун ким айбдор? Синглисининг келишган, меҳнатдан қочмайдиган, ҳаммадан ҳам синашта қизини келин қилган опами? Опасининг сўзини ерда қолдира олмай, болалигида кўпинча у ер-бу ери оғриб юрадиган жиянига қиз берган сингилми? Опа-сингилларнинг мақсадларига қарши чиқа олмаган божаларми? Ота-оналарининг қарорига индамай рози бўлаверган йигит ва қизми? Ким?..
Бу саволлар хаёлимда айланар экан, раҳматли онамларнинг ўгитлари эсимга тушди. «Болаларим, бир-бирларинг билан қуда бўлманглар, қиз берманглар, қиз олманглар!» Онам бу гапни менга қачон айтмасинлар, раҳматли дадамларнинг ҳам доим шу фикрда бўлганларини эслатардилар. Мен ота-онамнинг ўгитларини қулоққа олганим, невараларимнинг соғлом улғаяётганлари учун Яратганга шукр қиламан. Қайта-қайта!
Бир мақол бор: қариндошга қиз берма
Азизлар! Сизлар бу эслатмани кўп эшитгансиз: ўзингдан олдин ўтган камида етти аждодингни билишинг керак. Эшитгансиз, тўғрими? Лекин сиз етти бобонгизни биласизми? Етти аждод деганда кўпроқ ота томон ҳисобга олинади, дейсизми? Сиз ҳақсиз. Ҳа, гарчи айримлар она томон аждодларини ҳам билишни истасалар-да, лекин, асосан, ота томондаги аждодларни билиш уқтирилади.
Мен анча вақт олдин етти аждод борасидаги савол билан ўндан ортиқ одамга мурожаат этгандим. Уларнинг бири бешинчи аждодигача санаб берди. Бирининг бармоғи тўрт букилганда тўхтади. Яна бир киши отаси, бобоси ва бобокалонидан бошқа аждодини билмас экан.
Мен аждодларини яхши билмайдиганларни ҳеч қачон айбламоқчи эмасман. Чунки айниқса, Шўролар даврида бу масалага эътибор сусайди. Кўп шажаралар унутилди.
Ўз шажарасини яхши билишнинг барча ижобий томонлари, бунга ундайдиган муҳим сабаблар ҳақида батафсил тўхталмоқчи эмасман. Аслида кўпларингиз бунинг ижобий томонлари ва сабабларини яхши биласиз.
Тарихга, инсон шажарасига қизиқадиган бир танишим айтиб қолди: - «Шарқда етти аждодни билишнинг яна бир муҳим томони бор. Ўз наслининг соғлом, бақувват, ақлли ўсишини истаган ота-оналар, албатта, етти аждодини билишлари шарт. Етти аждод орасида бир-бирига қиз бериб, қиз олишни ҳеч ким таъқиқламаган. Лекин қариндош-уруғлар орасида қуда бўлаверишлик бора-бора ирсиятнинг бузилишига олиб боради».
Ирсиятнинг бузилиши эса, бора-бора янги туғилаётган болалар орасида турли хил касалликларни келтириб чиқараверади, майиб-мажруҳлар, кар-соқовлар, ақли заифлар, зеҳни пастлар, паканалар ё ҳаддан ташқари новчалар кўпаяверади.
- «Мен қирқ йил ҳозирги Бобожон Ғафуров ноҳиясидаги кар-соқов болалар мактаб-интернатида ишладим. У ердаги аксарият болаларнинг ота-оналари бир-бирига яқин қариндош бўлган. Қони бир одамлар никоҳи натижасида туғиладиган болаларнинг заиф, носоғлом бўлиши тиббиётда ҳам исботланган-ку!»,- дейди ўқитувчи Илаш Тўйчибоев.
У шундай дея қўшни қирғиз халқида одамлар ҳамон ўз уруғини яхши билиши ва қиз чиқарганда бошқа уруғдан куёв танлашга ҳаракат қилишларини айтади. Бир уруғ орасида қиз олиб, қиз беришлар учраса-да, лекин қирғизларда ака-уканинг бир-бирига қуда бўлиш ҳолларига йўл қўйилмас экан.
Ана шу қирғиз халқининг таниқли оқинларидан бири – Иристой оқин иложи бўлса, бошқа миллатлар билан қуда-анда бўлиш ҳақида гапирган ва бунинг ижобий томонлари, жумладан, бундай оилаларда туғилаётган фарзандлар ҳақида сўзлаётиб, Чингиз Айтматов каби истеъдодли инсонларни мисолга келтирган.
Оқиннинг бу сўзлари мағзини чаққан ҳар бир одам ўз халқимиздаги «Элга эл қўшилса, эл бўлади», деган мақолни эслаши табиийдир. Тарихдан халқлар орасида қуда-анда бўлиш ирсиятни яхшилашидан ташқари, эллар орасида дўстлик, борди-келдини мустаҳкамлаши ҳам исботланган.
Аксинча, қариндошлар орасидаги қуда-андачилик ирсиятга салбий таъсир этишидан ташқари, борди-ю ёш эр-хотин ажралишса (буни ҳаёт дейдилар), кечагина апоқ-чапоқ бўлган ака-укалар, опа-сингилларнинг бир-бири билан ит-мушук бўлишлари, юзкўрмас бўлиб кетишларини кўрсатган. Азизлар, бундай ўзингиз яшаётган шаҳар ё қишлоқдаги ҳаётга яхшироқ назар ташласангиз, айнан шундай юзкўрмас бўлиб кетган яқин қариндошлар оз эмаслигини кўришингиз мумкин. Майли, бу ўринда мен хато қилган бўлайин...
Лекин доно халқимиздаги мақоллар бежиз тўқилмаган. Бу ўринда: - «Қариндошдан қарз олма, қариндошга қиз берма», деган ўзбек халқ мақолини эслатиш жоиз.
Балки шу ўринда ана фалончи укасининг қизини келин қилган, невараларининг тўрт мучаси соғлом, дейишингиз мумкин. Мен буни ҳеч қачон инкор этмайман. Лекин бунинг акси бўлганлар ҳам йўқ эмас-ку! Невараларининг бири ўн яшар, иккинчиси етти яшар бўлса-да, ҳалигача ўрнидан тура олмаётганларини кўрган, жиянига қиз берганидан минг-минг пушаймон муаллиманинг эзилиб юрганини кўрганимда етти аждодни билишнинг кўплар ўйлаб кўрмайдиган сабаби ҳақида эслайман. Холасининг қизига уйланиб, учта боласи етти ёшга етмасдан дунёдан ўтгани, шифокорлар бу касаллик суяк сургани, яъни ўзидан ўтганини айтишганда, аламидан додлаб юборган отанинг фиғони қулоғимни қоматга келтирганда, онамларнинг «бир-бирингга асло қуда бўлманглар», деган сўзлари тагида катта тажриба ётганига тан бераман...
Азизлар, сизни толиқтириб қўйдим, шекилли? Келинг, биргаликда бир воқеий ҳикоя билан танишиб чиқайлик. Ва ундан кейин суҳбатимизни давом эттирамиз.
Хато тикланган девор
Азиз одатига кўра ишга жўнашдан олдин отасининг фотиҳасини олиш учун унинг олдига кирди. Икковлон бир пиёладан чой ичишди. Фотиҳадан сўнг, Азиз энди қўзғалмоқчи бўлганда Аббос ота «ўтир», деган ишора қилди. Азиз телефонидаги соатига тез нигоҳ ташлади-да, отасининг оғзига тикилди.
- Азиз, ўғлим, эскилар етмиш-кетмиш, деганлар, мен етмиш ёшдан ўтдим...
- Дада, қаердаги гапларни топасиз-а? Кимдир, қачонлардир айтиб кетган гап ҳаммага тааллуқли эмаслигини яхши биласиз-ку? Ана, маҳалламизда саксонга кирган, ҳатто, тўқсондан ўтган нечта отахон бор. Сиз ҳали, Худо хоҳласа, ҳаммамизнинг бахтимизга кўп яшайсиз,- деди жилмайганича Азиз.
- Сен бола, менинг гапимни бўлма, азизларимиз Худодан умр сўра, лекин эртага нима бўлишини ҳеч ким билмайди, дейишган. Икки ойдан буён юрагим санчиб туришини яхши биласан. Агар бу юрак қурғур...
- Да-да-ааа...
- Энди бир кунда етти марта ўлимни бўйинга олиш керак, ўғлим. Сен, яхшиси, гапимни эшит: шу кўзим очиқлигида Аброржонимнинг тўйини кўриб қолай, дегандим...
Отаси гапирар экан, Азизнинг эсига онасининг гаплари тушди. Онаси уч кундан буён Азаматнинг қизига тўхтовсиз совчилар келяпти, шундай чиройли, одобли, чевар, пазанда қизни қўлдан чиқарамизми, уни Аброрга келин қиламиз, деб такрорлагани-такрорлаган. Азиз неварангиз ўқияпти, ўқишни битирсин, уйлантириш қочмас, деганида онаси бирданига ловуллаб кетди:
-Хотининг яна битта илонбошни мўлжалладими, дейман, саватбошлар уйингга сиғмас экан-да!
Азиз катта ўғли – Асрорга хотинининг жиянини келин қилган эди. Холаваччалар иноқ яшашяпти, бир ўғиллик, бир қизлик бўлишди. Азиз ҳозир онасининг ана шунга ишора қилаётганини тушунди.
- Оббо, онажоним-ей, одамни кулдирасиз-да, - деди Азиз онасига жилмайиб қараганича, - ҳамма одам ҳам – бир одам, илонбоши-ю саватбоши бор эканми? Агар Аброр Шоҳистага уйланаман, деса, ўша куниёқ келинингизга патир ёптириб, укамникига совчиликка бораверасизлар.
- Аброрни кўндирасан! Битта ўғилни кўндира олмасанг, ота бўлиб нима қиласан! – Шаҳодат хола чимирилди...
... Гарчи Азиз отасини келинликка кимни мўлжаллаганини сезиб турган бўлса-да, яна бир марта аниқлаб олмоқчи бўлди.
- Шу... Аброрингизнинг оғзини пойлайман, онасидан сўрайман, биронта қизнинг номини тилга олган эмас. Маҳаллада яхши қизлар кўп, ўртоқларимнинг бўй етган қизлари бор. Аброржонга маъқул келганини келин қиламиз-да...
- Ҳой бола, тилимни қичитма, - деди Аббос томоқ қириб. – Укангнинг ойдек қизи туриб, бегонанинг эшигига қулчиликка борасанми? Шоҳистани келин қиласан! Гап тамом. Бор, ишингдан кеч қолма!
... Азиз отасининг гапини Аброрга айтганида у ер чизиб тураверди.
- Ўғлим, оғзингда қатиқ увитганмисан? Гапингни айт! Буни умр савдоси, дейдилар! Ё бирон танлаганинг борми?
- Йўқ, дада. Мен аввал ўқишимни тугатайин. Ундан кейин магистратурада ўқимоқчиман. Ана, акам уйланганларидан кейин ўқишни амал-тақал қилиб битириб олдилар. Энди ўзингиз айтганингиздек – «ола хуржун бўйинда», эртадан-кечгача тиним билмайдилар.
- Ўғлим, одам истаса, ҳамма нарсага имкон топади. Бобонг мазам йўқроқ, Аброрнинг тўйини кўрсам, янги келиннинг қўлидан бир пиёла чой ичсам, дейман, деяптилар. Шоҳистани яхши биласан, бобонг ҳам, бувинг ҳам икки неварани бир-бирига қўшайлик, дейишяпти.
- Дада, Шоҳиста менинг синглимдек гап. Мен қандай қилиб...
Худди шу пайт девор ортидан ота-боланинг гапига қулоқ солиб турган Шаҳодат хола эшик очди:
- Ана, Асрор аканг холасининг қизига уйланди. Уям сингилдек эмасмиди? Шоҳистага уйланасан дедикми, тамом, уйланасан!
- Буви, холанинг қизи бошқа, амакининг қизи бошқа. Холамники нариги қишлоқда. Биз амакимиз билан ёнма-ён, бир ҳовлида яшаётган бўлсак? Шоҳиста билан бирга катта бўлдик. Мен қандай қилиб...
- Сен бола яна битта гапни такрорлаяпсан-а? – Шаҳодат холанинг кўзлари олайиб кетди. – Биламан, сенга аянг гап ўргатган. У сенгаям яна биронта жиянини мўлжаллаётгандир, ичидан пишган.
- Буви, - деди ловуллаётган бувининг ўтини пасайтириш учун хотиржамгина Аброр. – Катта холамнинг бошқа қизлари йўқ. Кичик холамнинг қизлари энди мактабга боряпти. Унга уйланадиган бўлсам, камида ўн бир йил кутаман. Унгача қариб қолмайманми?
- Қариб қоласан! Ана энди ўзингга келдинг, - Шаҳодат хола неварасининг гапининг тагидаги маънони тушунмади. – Шоҳистага уйланасан, гап тамом!
Аброр нажот сўраб дадасига қаради, лекин у кўзини олиб қочди.
- Бувижон, ака-укаларнинг қони бир бўлади. Ака-укалар бир-бирига қуда бўлишса, янги оилада туғилаётган болалар дунёга соғлом келмасликлари мумкин. Бувижон, бу менинг гапим эмас, шифокорларнинг гапи.
- Ўша шифокорларинг айтишаверади-да. Ана, укаларим – иккита тоғанг бир-бирига қуда бўлишган. Неваралари отдай.
- Лекин бобомнинг укалари-чи? Икковлари ҳам ҳозир қуда бўлишганига минг пушаймонликларини яхши биласиз-ку! Учта невараларининг биронтаси тузукроқ гапира олмайди.
- Сен бола менга ақл ўргатма! Акангнинг болалари биронта боладан камми? Зеҳни ўткир, уч ёшли ўғли оғзимдан чиққан дуони бирпасда ёдлаб олади. Иккала боласи ҳам туғилганидан буён беморхона эшигини кўрган эмас. Туф-туф, кўз тегмасин. Нима, холаваччаларнинг болалари соғлом туғилади-ю, амакиваччаларнинг болалари майиб-мажруҳ туғиладими? Биламан, сенга онанг гап ўргатган. Қайси овсин овсинини ёқтирибди, бу дунёда!
Азиз бувисига яна жавоб қайтармоқчи бўлиб, лаб жуфтлаётган ўғлига «жим» дегандайин ишора қилди...
... Ўша йили тўй бўлмади. Лекин Аброр ўқишни битирганидан сўнг бобоси ва бувиси уни, ота-онасини қаттиқ қистовга олишди. «Азамат амакинг бир йилгача Шоҳистани ҳеч кимга бермади. Келган совчиларни «қизимизнинг боши боғлиқ», деб қайтаришди. Ўқишни битирай, дединг, битирдинг. Энди – тўй!» Аброр бу гал бобосининг гапини қайтара олмади...
Йиллар бир-бирини қувлаб ўтаверди. Бу орада Аброр магистратурани ҳам тугатди. Отаси тўйдан олдинги ваъдасида турди – Аброрга иқтисодий жиҳатдан қийналмасдан ўқиш учун имконият яратиб берди. Аммо... ана шу магистратурада ўқиб юрган йиллари Аброр бир қизни учратди-ю, юраги жиз этиб кетди. Гарчи уйланган, битта фарзанди бўлса-да, ўша қизни кеча-ю кундуз ўйлайдиган бўлиб қолди. У умрида биринчи марта севиб қолган эди. Лекин буни ҳеч кимга, на бирон ўртоғига, на у қизнинг ўзига айта олмас эди.
Фақат уйига келганда бир ярим яшар ўғилчасини қўлига олиб, эркалаган пайтлар Аброр Робия исмли у қизни унутар эди.
Магистратурани битириб, ишга кириш учун тиббий кўрикдан ўтаётганда таниш духтур ҳамширани чиқиб туришга ундади-да, Аббосга шивирлади:
- Аббос, сен Азиз ўртоғимнинг ўғлисан, шунинг учун сенга бир нарсани айтиб қўймоқчиман, - духтур бир зум дераза тарафга қараганча қолди. – Болалар врачининг мурожаатига кўра ўғлингни текшириб кўргандим. Икки ёшга яқинлашаётган бола ҳалигача юриш нари турсин, оёқ қўя олмас экан. Болалар духтурининг айтишича, ҳатто, эмаклай олмас экан. Мен болани текшириб кўрдим. Миясида қусур бор. Туғма. Яъни кейинчалик йиқилиб-нетиш, ё бирон ерга урилишдан эмас. Узр, бу гапларни сенга айтишим шарт, менинг бурчим. Кўпинча чақалоқларнинг бундай қусур билан дунёга келишига ота ё онасининг банги ё ичкиликка муккасидан кетган бўлиши сабаб бўлади. Лекин мен сени яхши биламан, на ичасан, на чекасан, бангиликнинг кўчасидан ҳам ўтмагансан. Мана, ҳозир ҳамма духтурларнинг хулосалари билан танишиб чиқдим, соппа-соғсан. Лекин... хотинингни бир яхшилаб қаратасанми... Олдиндан бир нарса дейиш қийин, мабодо... Айрим касалликлар ота-онадан, ҳатто, бобо ё бувидан болага ўтиши мумкин. Айтишади-ку – суяк суради, деб... Ишқилиб, бошқа фарзандларинг соғлом туғилсин...
Аброр духтурнинг олдидан бўшашиб чиқиб кетди. Ўғли бир яшар бўлганида юрмаганда, икки яшар бўлганида юрмаганда, хавотирланиб дадасига «нега ҳамма болалар бир ёшга тўлар-тўлмас юриб кетишади, тили чиқади, неварангиз на оёғини қўймайди, на тузук гапирмайди», деганда отаси сабр қилишини, баъзи болалар кечроқ йўлга кириб, кечроқ гапиришларини айтганди. Ҳозир отасига духтур ўртоғингиз мана бундай деб айтдилар, деса, нима деркин?
Аброр отасига айтган гапларни бир кун ўтмасдан онаси, бобоси, бувиси, хотини, у ёқда Шоҳистанинг ота-онаси эшитишди. Орадан икки кун ўтдими-уч кунми, отасига чой олиб кираётганда Аброр онасининг йиғламсираган овозини эшитди:
- Мен сизга Худонинг зорини қилдим, қулоқ солмадингиз. Шоҳистанинг шайтонлашларини ўзингиз кўрмаганмисиз? Бегонага тегиб кетса, яхши бўлиб кетар, лекин ўзники, қон бир бўлса, болага таъсир қилиши мумкин, деганимда силтаб ташладингиз. Синглингнинг қизи соғлом бола туғади-ю, укамнинг қизини келин қилсам, дардманд бола туғадими, деб бошимда ёнғоқ чақдингиз. Эртами-индин иккинчи боласини туғади, агар унисиям...
- Овозингни ўчир! Туғилмаган болага ёмонлик тилама, - Азиз овозига куч берди. – Бўлган иш бўлган. Агар, мен сенинг гапингга кирсам, нима бўлишини биласанми? Аброрни ажратсак, укам нима дейди? Дадам, аям нима дейишади? Бўлди, буёғига унингни чиқарма! Худодан болаларимизга соғлом фарзанд ато этишини тила!
Аброр чойни олиб киришини ҳам, олиб кирмаслигини билмасдан остонада туриб қолди...
Аброрнинг иккинчи фарзанди - қизалоғи ҳам икки ёшгача на атак-чечак қилди, на тили чиқди...
Азиз Аброрнинг фарзандлари аҳволини кўрган ҳолда тобора камгап, одамови бўлиб кетаётганини кўриб, сабрини йўқотди. Шифокор ўртоғининг олдига борди. Фақат ростини айтасан, деб туриб олди. Ўртоғи агар мўъжиза юз бермаса, кейинги неваралари ҳам ногирон туғилишларини айтди...
Азиз ўйлаб-ўйлаб бу гапларни отасига айтишга қарор қилди.
- Дада, укамга энди ўзингиз тушунтирасиз, духтурлар Аброр хотинидан ажраб, бошқа турмуш қурса, болалари соғлом туғилиши мумкинлигини айтишди. Шоҳиста ҳам бошқа эрга тегса, соғлом фарзанд кўриши мумкин экан.
- Ўғлим, уканг-ку, бу гапларни тушунар, лекин хотини тушунармикан? Аслида ҳаммасига онангнинг гапига кирган мен – ақлини еган аҳмоқ даданг сабабчиман.
- Дада, бир сиз эмас, мен ҳам, ҳаммамиз ўйламасдан иш тутдик. Энди ўзимизни айблаб ўтирганимиз билан ногирон болалар тузалиб кетишмайди. Сиз укамга тушунтиринг, аям келинга тушунтирсинлар, болаларимиз ажралишса ҳам, аввалгидек аҳил-иноқ яшайлик!
- Майли, ўғлим, майли, қариганимизда қош қўямиз, деб онанг икковимиз кўз чиқардик. Ҳа, кўз чиқардик. Йигирма бир яшар Аброрнинг ақли етган нарсага етмишдан ўтган чолнинг ақли етмади! Ишқилиб, энди Азаматга, хотинига инсоф берсин, жанжал кўтаришмасин! – Аббос ота оғир хўрсинди.
Аббос отанинг хавотирланганича бор экан – қизларининг ажралишини эшитган Азамат ҳам, хотини ҳам тўнларини тескари кийиб олишди.
- Аброр, ҳа оти ўчсин, болаларининг мажруҳ туғилганида қизимни айблагани-айблаган. Айтинг, қайси бола кичиклигида оғримаган? Балки Аброрнинг ўзида ёмон касали бордир? Овсиним билан қайноғам биздан буни яширишгандир? Менинг қизимни айблашгунча, ўғилларини билишсин! Шаҳарлик бир танноз қизнинг ортидан эргашиб юрган эмиш,- деди Азаматнинг хотини шанғиллаганича.
- Дада, ая, икковларинг бир бўлиб гулдек қизимни ўтга ташладиларинг. Сизларни деб не-не совчиларни қайтардим. Аброрнинг топгани бор экан, қизимни бахтсиз қилмай, ўшанга уйланавермайдими? – Азамат гоҳ отасига, гоҳ онасига қараб ўқраярди.
- «Отага ўқрайма! У дунё-бу дунёинг куйиб кетмасин, яна!» - бу ундов Шаҳодат холанинг ичида қолаверди...
Қизи ажрашгандан кейин ўн кун ўтар-ўтмас Азамат уста ва мардикорларни бошлаб келди-да, ота ҳовлининг ўртасига девор тиклаттирди. Баланд, икки одам бўйи девор.
Аббос ота ва хотини яшаётган уйча кичик ўғил томонда қолди. Лекин бир ой ўтгач, Аббос ота Азиз томонга кўчиб ўтди. У келинининг гапларига унчалик парво қилмаса-да, ўғлининг таъна-маломатларига чидай олмади.
... Аброр яхши кўрган қизига уйланадиган бўлди. Аввалига Аброрнинг биринчи хотинидан иккита ногирон боласи борлигини эшитган қиз йўқ, деб туриб олди. Лекин муҳаббат устун чиқди. Қиз кўнганида унинг ота-онаси Аброрнинг совчиларини қайтараверишди. Аброрнинг кўкрагини захга бериб ётишини кўриб, унга ичи ачиган Аббос ота маҳалладан иккита тенгдошини олди-да, ўзи совчиликка борди. Ҳаммасини ётиғи билан, яширмасдан айтди. Неварасининг бахтига ўзи ва хотини зомин бўлишганини айтиб, қизнинг отасини кўндирди. Робиянинг отаси эса, онасини йўлга солди...
Азизнинг хонадонида карнай-сурнай чалинган кун деворнинг нариги ёғида ҳалигача йўлга кирмаган болаларини қучоқлаганча Шоҳиста хун-хун йиғлади. Унинг онаси бисотидаги бор қарғишни деворнинг нарига ёғига ёғдирди...
Тўй бўлгунча салом-алик қилиб турган Азамат акасини кўрганда ошкора хўмрайиб, бурилиб кетадиган бўлди. Хотини эса овсинини учратди дегунча, қарғанарди. Бу қарғишлар орасида «Ҳе, илойим, фариштадек ногирон болаларни кўчага ҳайдаган ўғлинг тирноққа зор бўлсин!», деган қарғишни эшитганда Аброрнинг онаси титраб кетарди. «Аброр болаларини ташлаб қўйгани йўқ-ку! Топганининг ярми ўша бегуноҳ болаларники бўлса! Лекин ўзларинг болаларни отасига кўрсатмасликларинг инсофданми?!» Аёл кўз ёшларини ошкор этмасликка уринар, овсинига бир оғиз сўз демасди...
Аброрнинг иккинчи хотини фарзанд кўрганда «Худойим ўзинг меҳрибон», дея севинсалар-да, боланинг тили чиқиб, йўлга киргунча Шаҳодат хола ҳам, катта келин ҳам хавотирда юришди.
Бола йўлга кирди. Унинг «бувижон», дейишидан завқланар экан, Шаҳодат хола ҳовли ўртасидаги деворнинг нариги томонига соғинч билан тикилди. Шу тикилганча неварасини етаклади-да, кўчага чиқди. У ўйчан ҳолда кўчанинг нариги бетига ўтаётганда, кичик ўғлининг дарвозаси қия очилиб, келини мўралаганини сезмади. Шаҳодат холанинг хаёлидаги бир фикр кучайгандан-кучаярди: ҳали ўғли ишдан келсин, Азаматникига чиқади, келини ҳайдаб солса-да, сабр қилади, Шоҳистани олиб ўтирманглар, бирон тенгини топиб беринглар, дейди.
Шаҳодат холанинг бу фикрини Аббос ота ҳам маъқуллади. «Кампир, бугуноқ чиққин. Қилган хатомизни буткул тузатиш мумкин эмас. Лекин агар Шоҳиста қизимнинг бахти очилса, дуркун-дуркун фарзандлар кўрса, оз бўлса-да, айбимиз ювилар», деди салмоқлаб Аббос ота.
Келин бир оғизгина келинг, демаса-да, Шаҳодат хола сўрига ўтириб, узоқ дуо қилди. Чоли маъқуллаган фикрини айтди.
- Мияси суюлган чолингиз икков шу гапни топдингларми? – деди келин овози титраб. – Шоҳиста бир эмас, иккита ногирон боласи билан кимнинг уйига сиғади? Болалари ўз отасининг уйига сиғмади-ку! Шоҳистагинам болаларим шундай туғилсин, деб ният қилганмиди?
- Келинжон, ҳеч қайси она боласининг тўрт мучасидан бириям кам бўлишини истамайди. Мана, Аброр бегонага уйланди, боласи соппа-соғ. Сиз ҳадеб қизишмасдан, менинг гапимни эшитинг: балки Шоҳиста ҳам бегонага турмушга чиқса, фарзандлари соғлом туғилар! – Шаҳодат холанинг кўзлари ёшга тўлди.
Қайнонасига тикилар экан, келиннинг бўғзига ёпишаётган алам қайтиб кетди. «Балки Шоҳистани узатганимиз маъқулдир. Балки қайнонамнинг гаплари тўғри чиқар!»
- Мен... Мен ҳам қизимнинг этаги соғлом болаларга тўлишини истайман. Лекин уни совчи сўраб келмаса, куёв қидириб, биз эшик овлайликми? – энди келиннинг кўзи ёшланди.
- Яратганнинг ўзи меҳрибон, келинжон, мана кўрасиз, неварамнинг бахти очилади. Агар куёв томон болаларини ташлаб кетишни исташса, мен бор, сиз бор, шунча болани боққан, невараларимни ҳам боқиб оламиз, - деди Шаҳодат хола кўча эшик томонга қулоқ тутар экан. – Келин, қаранг, эшик тақиллаяптими?
- Ҳа-я, хаёл қурғур қулоғимни оғирлаштириб қўйди, чоғи.
Келин жаврана-жаврана дарвоза томон юрди. Эшикни очганида, кўчада катта дастурхон кўтарган икки нотаниш аёл бараварига салом беришди.
- Айланай, Аббос отанинг ўғиллари Азаматжоннинг уйлари шуми? Сиз аёллари бўласизми? Шоҳиста деган қизлари бор экан, биз қулчиликка келдик.
Ўзини йўқотиб қўйган келин қулоқларига анчагача ишонмай турди...
Еттинчи осмондаги гина-кудурат
Азизлар, бу воқеий ҳикоя қаҳрамонлари-ку, гарчи фурсат ўтган бўлса-да, кечроқ эсларини йиғиб, ўз бахтлари учун кураша олганлар. Лекин яқин қариндошлар орасидаги никоҳдан бир умр жабрланиб ўтаётган бошқа инсонлар-чи? Кейинги фарзандимиз соғлом туғилар деган яхши умидда яшаган, лекин умидлари ҳар гал пучга чиққан эр-хотинлар йўқми? Бобо-бувиларининг гапларини ерда қолдирмай турмуш қурган, лекин нуқсонли туғилган фарзандлари устма-уст вафот этаверишганда ҳам амаким (холам, аммам, тоғам) билан муносабатимиз ёмонлашмасин, отам (онам) туғишганлари билан юзкўрмас бўлиб кетмасин, деган истиҳолада юриб-юриб, умрини ўтказганлар озми?
Тўғри, болаларнинг ногирон бўлишига бошқа сабаблар ҳам бор. Масалан, экологик таъсир, фалокат ё қайси бир қаттиқ касалликка чалиниш туфайли майиб-мажруҳ бўлиб қолаётган болалар ҳам оз эмас. Лекин бобонингми, бувинингми, ота ё онанингми, ё турмуш қурган йигит-қизларнинг хатолари билан қурилган оиланинг ногирон болалар боис бузилиши мудом оғриқли кечади. Уч-тўрт йилдан кейин шунгача бир-бири билан аҳил-иноқ яшаган қариндошлар бир-бирларини отишга ўқ топа олмай қоладилар. Мол-мулкини бегоналарга қолдирмаслик учун ёлғиз ўғлига укасининг қизини келин қилган ака, ё қўли калтароқлиги учун тўйни камхарж қилиб ўтказиш мақсадида жиянини келин қилган тоға, яхши қизни ётлар илиб кетмасин, деган ниятда ёшларнинг кўнглига қарамасдан синглисининг қизини ўғлига олиб берган опа... Ёшларнинг уйи бузилганда хато қилганликларини тан олмасдан, кечагина яқин бўлган қариндошларидан гина-кудуратлари авжланиб, уни еттинчи осмонга чиқаришади.
Янги оила бунёдга келиши, икки ёшнинг бир ёстиққа бош қўйиши, тўй қанчалик қувончли ҳодиса бўлса, аксинча каттами-кичикми, бир йилликми, ўн йилликми, қандай бўлмасин бир оиланинг бузилиши қайғу келтириб чиқаради. Минг афсус, кейинги пайтларда оила бузилиши, эр-хотиннинг ажралиш ҳодисалари кўпайиб бормоқда. Бу жуда муҳим мавзу, лекин, азизлар, бу ҳақда батафсил суҳбатлашган маъқул. Менинг фикримни қўллаётганингиз учун раҳмат! Демак, келаси суҳбатгача хайрлашиб қоламиз!
Ўринбой УСМОН,
Тожикистон ёзувчилар иттифоқи ва Тожикистон журналистлар иттифоқи аъзоси.
Охирги вақтларда христиан дин вакилларининг тобора жипслашиб бораётганлик ҳолати мушоҳада этилмоқда. Бу ҳолат бир қараганда ёмон нарса эмас. Ҳақиқатдан ҳам ҳар бир куч, халқу миллат ва ҳар жараён бундай ҳуқуққа эга. Аммо бу нарса ерларига араб муҳожир қочоқлари кириб келаётган, христиан араблар ва бошқа араб гуруҳлари мавжуд бўлган, ўз халқини мусулмонлардан қўрқитишни истаётган бир пайтда амалга оширилаётгани кузатилмоқда.
Муфассал...
Иқтидорли шоир Султон Чори ижодига холисона назар…
Султон Чори!..
Бу ихчамгина ному насаб - нафис каломга меҳр қўйган ватандошларимизга ўтган асрнинг етмишинчи йилларидан бери жуда яхши таниш… Менинг назаримда, жуда яхшини таниш дейишнинг ўзи бу ўринда айтмоқчи бўлган фикримиз том маънода ифодалашга бир қадар ожизга ўхшаб туюлади.
Муфассал...2015
1-2015
2-2015
3-2015
4-2015
5-2015
6-2015
7-2015
8-2015
9-2015
10-2015
11-2015
12-2015
13-2015
14-2015
15-2015
16-2015
17-2015
18-2015
19-2015
20-2015
21-2015
22-2015
23-2015
24-2015
25-2015
26-2015
27-2015
28-2015
29-2015
30-2015
31-2015
32-2015
33-2015
34-2015
35-2015
36-2015
37-2015
38-2015
39-2015
40-2015
41-2015
42-2015
43-2015
44-2015
45-2015
46-2015
47-2015
48-2015
49-2015
50-2015
51-2015
52-2015