Биз билан боғланинг:

   

Бизга қӯшилинглар

ХАБАРЛАР

ИЖТИМОИЙ ҲАЁТ

Муаллиф: Super user Категория: ИЖТИМОИЙ ҲАЁТ
Чоп этилган 22 Октябр 2015 Кӯришлар: 838
Печат

 

oilaviy totuvlikИнсонни камолот чўққисига етказадиган хислатлардан бири бу, хоксорлик, камтаринликдир. Аслида, бу тоифа шахслар дабдабасиз яшайди: кибру ҳаводан, манманлигу сохта ғурурдан йироқ. Ва инсон аслида ҳам тупроқдан яралган бўлиб, у  ҳамиша андишали, мулоҳазали, вазмин ва хоксор бўлмоғи лозим.

У одамийликни, муомала ва эзгу муносабатни, яхши илм эгаси-ю, маърифатли, маданиятли бўлишни, энг аввало, оила муҳитида ўзлаштиради.

Унинг отаси марҳум Абди бобо Авазов таниқли ва номдор шахслардан бўлиб, бутун умри давомида халққа, элу юртга хизмат қилиш билан бирга (кўп йиллар мактаб директори, ундан кўпроқ колхозга раис бўлган), ўзидаги юксак инсоний сифатлари билан шуҳрат қозонган эди.

Ана шу ажиб фазилатларини фарзандларига мерос қолдирган. Шу жумладан, Шодмон ҳожи Авазов ҳам отасидан ўрганди, қолаверса, ёши улғайган сайин ушбу хислатларни ўз жисмида обдон таркиб топтириб, худди отаси каби эл оғзига тушди.

Чунки ҳаётнинг барча пасту баландликлари дошқозонида етилиб, камолотга эришди. Энди у отасидан қолган шавкатли меросни болаларига, ўзи ишлаётган маскан ёшлари таълим-тарбиясига сингдириб келмоқда.

-Оила табиатнинг шоҳ асарларидан биридир,- деганида файласуф Ж. Сантаяна нақадар тўғри башорат этган. У ана шу ҳимматли ҳикматга амал қилиб яшаётгандек.

Шодмон ҳожи Авазов ўз ҳаётини шарафли касб – ўқитувчилик билан боғлаб, бир умр меҳрибон отаси изидан бориб, шонли ном эгаси, муҳими, етарли обрў-мартабага эришмоқда.

Бундай олийжаноб сифатлар ҳаммага ҳам насиб этавермайди. Дили, тили, нияти, мақсад-мароми тўғриликка, эзгуликка йўналтирилган. Қатор йиллардан бери мулоҳазакор, тадбиркор, ишбилармон, қобилиятли, андишали шахс – Ш. Авазов Восе ноҳиясидаги 1- мактаб-интернатда директорлик вазифасини ижро этиб келмоқда.

-Ўғлим,- деганди бир куни ота ҳаётлигида,- кўпчилик билан ишлашда, энг аввало, кишилар қалбига йўл топа бил, ишончига сазовор бўл…

Ота ўгити самара берди. Тўғри, дастлабки меҳнат  фаолияти давомида ёшлик, ғўрлик қилиб, айрим хатоликларга йўл қўйган кезлари ҳам бўлди.  Аммо ота насиҳати ва маслаҳатлари туфайли юқорида эслатганимиздек, тўғри йўлни танлай олди. Кам бўлмади.

-Айтинг-чи,  мактабда, жамоат жойларда, ишингиз тушган идора, йиғинларда (дарвоқе, узоқ йиллардан бери М. Маҳмадалиев номли жамоат, Орол қишлоғи маҳалла қўмитаси раиси  ҳамдир) нималарга кўпроқ эътибор берасиз? Айниқса, турли кишилар билан суҳбату айрим ота-оналар фарзандлари хусусидаги мурожаат, у-бу гап-сўз, тортишув чоғларда ўзингизни қандай тутасиз?

-Инсон тарбияни, аввало, ўзидан бошламоғи лозим. Кўп ҳолларда мулоҳазакорлик, тилга эътибор бериб, андиша билан муомала этишда гап кўп. Яхши сўз ҳам, ёмон сўз ҳам бир оғиздан чиқади. Аммо… эҳтиёт бўлиш шарт. Акс ҳолда… Маърифат эгаси бўлиш сабот ва босиқликни ифода этади. Буни унутмаслик керак.

-Оила инсон ҳаётига тўкислик бағишлайди, оила бахт келтиради, лекин ҳар бир оила, айниқса, ҳозирги жамиятдаги оила, энг аввало, давлат аҳамиятига эга бўлган қутлуғ ишдир,- деган эди атоқли рус педагоги А.С Макаренко.

Шунинг учун маърифат, аввало, оила шароитида шаклланмоғини унутмаслик керак. Эр-хотин гап-сўзсиз бир-бирини тушуниб, рўзғор юкини бирга ўз елкаларига олиб, ҳаттоки, бола тарбиялашу бошқа икир-чикир ишларда ҳам ҳушёрлик билан соғлом муҳит яратиб борса, оила устувор бўлади. Устувор, пойдевори мустаҳкам оила бахтли ҳаёт кечирибгина қолмасдан, балки атрофдагиларга ҳам тарбия мактаби вазифасини ўтайди.

Хушбахтлик нишонаси ҳам ана  шунда. Бахтли оилада ҳамжиҳатлик ҳукмрон бўлади.

Бироқ, турмуш чигалликларини ўзимиз – катталар яратамиз. Ота ўғли ёки қизига бошқача муносабат, она эса, унга тескари муомала қилиб, ота ўғлининг, она – қизининг ёнини олиб тарбия қилса борми, оиладаги соғлом турмуш тарзига дарз кетди, деяверинг. Боз устига, келинлик уй бўлса янада чатоқ. Бирлик, жипслик, ўзаро тушуниш муҳити мустаҳкам бўлмоғи керак.

Зеро, фарзанд тарбияси бир кунлик, бир йиллик иш эмас, мудом оқилона рафторни талаб этади. Оила бошқаришдек мураккаб жараён – рўзғор бошлиғининг тўғри раҳбарлигида, оқилона, одилона ғамхўрлигига боғлиқ.

Ҳа, Шодмон ҳожи Авазов ижобий хислатларни, инсоний фазилатларни ўзида мужассамлаштирган, эзгулик сари интилган инсондир. Унинг ўзи фаолият юритаётган билим даргоҳида ҳам ҳурмати баланд.

Мактаб ва оиланинг ҳамкорлиги, доимо яқин алоқада бўлмоқликни тақозо этади. Болалар билими, интизоми сал сусайиб қолгудек бўлса, дарҳол ота-оналар орқали масала ўз ечимини топади. Ва албатта, таълим-тарбия самарадорлигини ошириш йўлида фан ўқитувчилари масъулият билан ёндашишни директор мунтазам уқтириб, назорат қилиб туради.

Ш. Авазов ўз вазифасини сидқидилдан уддалайдиган шахслардан биридир. Ўзи - саводли, юксак маърифатли киши. Деярли ҳар йили мазкур мактаб-интернат масканидан юқори синф ўқувчилари фан олимпиадаси иштирокчилари сифатида шарафли ўринларни ишғол этиб келишади. Барча ютуқларда мактаб сарварининг муносиб улуши бор.

Ҳар бир инсон яхши кунларга етишиб яшаш учун курашади. Аммо ҳаммага ҳам омад кулиб боқмайди. Кўп эшитамиз: ҳеч омадим юришмайди, доимо қийналиб кун кечираман, кимлардир тўғаноқ бўлади, каби нолишлар, хотиндан ялчимадим, болам ноқобил чиқди ҳоказо ва ҳоказо ўкинишларни. Айбни бировдан қидирмасдан, аввал ўзингдан сўра. Кимга қанчалик нафим тегмоқда? Ўқиган, ўрганган, билиму касб эгаси бўлмоқлик, энг муҳими оилада тотувликка эришмоқ лозим. Ҳаёт шафқатсизлик, эътиборсизлик, лоқайдлик қилиндими, жазолайди. Сўнгра сабабу важ қидириб юради, киши.

Қишлоғимизда Ҳоди деган киши бор. Ёши бир жойга бориб қолган. Тўрт-беш қизнинг отаси. Фарзандлари уйли-жойли. Аммо ўзи ҳеч жойга сиғмайди. Мудом маъюс, эзилиб юради. Одамови. Сабаби эса маълум: икки-уч хотин олиб, ҳеч бири билан чиқишолмай, якка-ёлғиз ўз кулбасида рўзғор тебратади. Уст-боши кир, соқол-мўйлови ўсган, пахмоқ... Сўраб қолгудек бўлсангиз, ўзи қолиб, яқинларидан ҳасрат қилади, ёмонлайди. Ахир, «Эй одам, бари кўргуликни ўз қўлинг билан яратиб, яна…» деган гаплар қатор. «Оилавий ҳаёт, эҳтимолки, ҳеч қачон бир текис, қувончдан иборат бўлолмайди. Фақат шоду хуррамликкагина эмас, ғаму андуҳга ҳам, ташвишу бахтсизликка ҳам шерик бўла бил». Бу олтин сўз буюк педагог В.А. Сухомлинскийга тегишлидир.

Мана сизга ҳаёт аксиомаси. Оилани тўғри бошқариб, оталик бурчини тўғри бажарганида борми, бугун  Ҳоди ака шу ҳолда, тушкунликда кун кечирмасди.

Ҳоди аканинг аччиқ қисмати бошқаларга сабоқ бўлмоғи, бошқаларнинг «одобни одобсиздан ўрган»ишига ўхшаб кетар балки. Қилмишнинг жазосини тортмоғи лозимдир, албатта.

Нега бундай мисолни келтирдик? Муддао шуки, Ҳоди ҳам бир муайян даврда умрини яшаб ўтар, аммо ундан қандай хотира қолиши эса аён.

-Ҳожи бобо, - дейман қаршимда ўтирган кўзойнакли, буғдойранг, хушсурат ва қарашларида меҳр балқиб турган кишига юзланиб,-ҳаётингиздан розилигингиз маълум. Бахт деган нисбий тушунча ҳақида бир-икки оғиз сўзлаб берсангиз.

-Аввало, бахтли, армонсиз яшашни орзу қилмаган одам бўлмаса керак. Бахт – оилавий тотувликда.  Хўжанд шаҳридаги давлат педагогика институтини тамомлаб келгач, Ленин ноҳиясидан бўлган (ҳозирги Рўдакий) Раҳбарой Каримовага уйландим. Кейинчалик, 1982 йили оилам Раҳбарой ҳам Кўлоб шаҳар педагогика олийгоҳини сиртдан тугаллаб, ҳозирги мактаб-интернатда математика фанидан дарс бера бошлади. Икковимиз ҳамкасб бўлиб, нафақага чиққунга қадар бирга ишладик.

Шукр, рўзғоримиз бут, ҳеч нарсадан қийналган пайтларимиз бўлмаган. Икки ўғлим Зафаржону Фозилжонлар ишлаб туришибди. Оилали. Қизларим Фируза, Дилфуза олий маълумотли мутахассислар. Улар ҳам турмуш қуришган. Кенжа қизим Нилуфар бу йил ўрта мактабни тугаллаб, олийгоҳ талабаси бўлди. Хуллас, бир сўз билан – зиёлилар оиласи, деса бўлади. Бир нарсани айтишни лозим кўраман. Ота-онам икки-уч йил бурун оламдан ўтишди. Етти ака-сингиллар бари турмуш қуриб, фарзандли бўлиб, нашидали ҳаёт гаштини сурмоқдалар. Қиблагоҳимизнинг панду ўгитларини қалбимизда жо этиб, умргузаронлик қилиб келмоқдамиз. Бирортамиз Яратганга  минг қатла шукрким,  ҳеч нарсадан кам эмасмиз. Бир-биримизни доимо сўроқлаб турамиз.

Ҳа, иш жойидаги аҳиллигу рўзғордаги баракада гап кўп. Ва маърифат излаб, мақсадга эришувда ҳам.

Ҳожи Шодмон Авазовнинг хонадони бутун теварак-атрофда энг намунали оилалардан ҳисобланади. Эр-хотин – иккови ҳам муборак Каъбатуллоҳни зиёрат қилиб келган.

Инсон ҳаётга келгач, шундай яшамоғи керакки, ўтган умридан афсусланиб, сўнгра ўксимасин, дея талқин этилганидек, бундай аҳил, бақамти ва кишилар ҳавас қиладиган даражада бўлмоқлик нақадар мароқлидир.

-Ҳар ким ўз ниятидан топади, - дейди донишмандлар. Холис ниятли, фазилатли беқиёс  инсон ҳақли равишда ифтихор этишга арзигуликдир.

-Оила – фарзандлардан бошланади, - дея бежиз айтмаган А. И. Герцен. Олимнинг фикрига суяниб демоқчимизки, ҳожи бобонинг фарзандлари чинакам ардоқли суянчиқлардир.

 

Қорахон Турсунов,

Тожикистон журналистлар

иттифоқи аъзоси.

Мамлакатимизда ижтимоий аҳвол сизнингча?

Аъло - 38.5%
Яхши - 38.5%
Ӯртача - 0%
Ёмон - 7.7%
Билмайман - 15.4%

Проголосовали: 13

КАЛЕНДАР

« Август 2019 »
Дш Сш Чш Пш Жм Шб Яб
      1 2 3 4
5 6 7 8 9 10 11
12 13 14 15 16 17 18
19 20 21 22 23 24 25
26 27 28 29 30 31  

МАҚОЛАЛАР

Экологик маърифат юксалмоқда

 

Экологик маърифат ва тарбияни юксалтириш мамлакат мустақиллигининг илк йиллариданоқ Тинчлик ва миллий бирлик асосчиси – Миллат пешвоси, Тожикистон Республикаси Президенти муҳтарам Эмомали Раҳмоннинг диққат марказидан ўрин олганди. Тожикистон Республикаси Ҳукуматининг 1996 йил 23 февралдаги қарори билан «2000 ва 2010 йилларгача Тожикистон Республикаси аҳолисининг экологик маърифати ва тарбияси давлат дастури»нинг қабул

Муфассал...

Муҳаббат қўшиқдир, муҳаббат куйдир…

 

Ишқ майин ичсанг агар обиҳаётдан кам эмас,

Ишқ майин ичганда кўнгил, билки ҳеч ҳам қаримас.

 

Ишқ майин ичганда бошқа майга ҳожат қолмагай,

Бир умрга ишқ майин сархушлигининг ўзи бас.

Муфассал...

СТАТИСТИКА

Сайтга кирганлар
1
Мақолалар
782
Мақолаларни кӯрганлар сони
466087

ӮҚУВЧИЛАР СОНИ

2219776
Бугун
Кеча
Шу ҳафта
Ӯтган ҳафта
Шу ой
Ӯтган ой
Ҳаммаси
1827
1417
11762
2199519
26768
46701
2219776

Сизнинг IPнгиз: 34.204.179.0
Бугун: 18-08-2019 22:05:54

ҲАМКОРЛАР

 

 

   

2015