Ассалому алайкум, азизлар!
Мен анча вақтдан буён бир мавзу ҳақида ўйлаяпман. Бу борада ўйлаганимда юрагимда алланечук бир тасвирлаб бўлмас меҳр-муҳаббат, айни бир чоғда улкан бир масъулият, қарздорлик ҳислари пайдо бўлади. Шунда ўз-ўзимга савол бераман: аслида бу мавзу борасида фикрларингни оммалаштиришингга маънавий ҳуқуқинг борми, тажрибанг етарли-ми, айтар гапларингни одамлар қабул қилишадими-йўқми, уларнинг қимматли вақтларини ўғирлаб қўймайсанми?
Ҳа, аслида мазкур мавзу у борада нимадир демоққа чоғланган ҳар бир инсон елкасига масъулият юклаб қўяди. Чунки у дунёдаги ВАТАН, ОТА, ОНА каби муқаддас тушунчалардан биридир. Агар бундай чуқурроқ ёндашилса, ҳозиргина мен санаган муқаддас тушунчаларнинг ҳаммаси ҳам унинг бағрида туғилади, улғаяди, камол топади – бола қалбига сингдириб борилади.
Мен сезиб турибман, бу мавзуни Сиз аллақачон билиб олдингиз. Ҳа, у дунёдаги яна бир муқаддас тушунча – ОИЛАдир.
Оила, қайси жамият бўлмасин, унинг асоси бўлиб келган. Жамият оилалардан ташкил топади. Ҳаммага маълум бу ҳақиқатдан келиб чиққан ҳолда, агар оилалар қанчалик мус-таҳкам, тинч-тотув, барқарор, тўкин бўлса, бу оилалардан иборат жамиятда, бу оилалар яшаётган мамлакатда ҳам мустаҳкамлик, тинч-тотувлик, барқарорлик, тўкинлик бўлиши шубҳасиз эканлиги аниқдир.
Хуллас, мен ОИЛА мавзусида қўлимдан келганича Сиз азизлар билан суҳбатлашишга қарор қилдим. Чунки, бундай ўйлаб қарасам, йилларнинг аёвсиз, олға, фақат олға эсувчи шамоллари ҳаётимда анча-мунча из қолдирибди. Ҳаш-паш дегунча олтмиш учни қоралаб, агар Аллоҳ етказса, етмиш томон боряпман. Ўтган умрим давомида маҳалла-кўйдаги ҳаёт, касб тақозоси, кўпни кўрган, оқил инсонлар билан суҳбатлар таъсирида бошқа мавзулар қаторида оила ҳақида ҳам озми-кўпми, нималарнидир билиб олибман. Ана шу «нималарнидир»нинг кўпчилигини эслаганимда, ўз оиласини мустаҳкам тутган, бу билан жамият ҳаётининг тинч, осойишта бўлишига, гуллаб-яшнашига каттами-кичикми улуш қўшган инсонлар кўз ўнгимда гавдаланади ва ҳали оила масъулиятини яхши англаб етмаган айрим ёшларнинг, афсуски, фақат ёшлар эмас, айрим катталарнинг ҳам улардан ўрнак олиш-ларини ўйлаб қоламан. Ва «нималарнидир»нинг айримларини эслагим келмайди, ноилож эслаганимда, одам деган ҳам муқаддас маконга шу даражада эътиборсиз бўладими, бу му-қаддас тушунчани оёқости қилиб, топтайдими, деган аламли ўйлар миямни зирқиратади. Мен бошқа инсонларнинг ҳам ана шу «оёқости қилишлар» ҳақида ўқиб, бир-бирига сўзлаб бериб, мен каби руҳан қийналишларини истамайман. Лекин, нима қилайлик, ҳаётда боридан кўз юмиб бўлмас экан ва мен эндигина оқ-қорани таниб бораётган йигит-қизларнинг кимлардир содир қилган ва кейинчалик пушаймони ўрнига тушмаётган хатоларини такрорламасликлари учун оилавий ҳаётга енгил-елпи қарашлар, муқаддас туйғуларни ўйламаслик оқибатлари ҳақида ҳам ҳикоя қилишга аҳд қилдим. Ахир, бирни кўриб, фикр қил, бирни кўриб, шукр қил, дея бежиз айтишмаган.
Айтгандайин, инсон бу ҳаётда юз йилдан ортиқ яшаса ҳам, кенг дунёни кезиб чиқса, юзлаб китобларни ўқиса ҳам, барибир ҳеч қачон ҳамма нарсани ўргана олмаган, билмаган, ўргана олмайди, билмайди ҳам. Айнан шунинг учун сизларга мурожаат қилмоқчиман: ОИЛА мавзусида ўз тажрибангизни камина билан ўртоқлашсангиз, ўзингиз гувоҳи бўлган қайси бир воқеани кимгадир нафи тегади, дея ҳисобласангиз, ёзиб юборсангиз...
Майли, сиз азизларни толиқтирмайин-да, биринчи суҳбатни бошлаб қўя қолай.
Йўлбарснинг қайтиши
ёхуд оилани азиз билмаган
Ватанни
азиз билмас
Айтинг, Сиз болалигингизни қўмсаб турасизми? Ҳа, тўғри айтасиз, ким шодон-шўх, ғам-ташвишсиз болалигини қўмсамаган, қўмсамайди?
Айниқса, ёшингиз ўтган сайин болалик дамларингиз тез-тез тушга кирадиган, у ё бу воқеа сабаб бўлиб, ўйинқароқ йилларингизни эслайдиган бўлиб қолар экансиз.
Мен дунёга келганимда иккинчи жаҳон урушидан кейин олти йил ўтганди. Лекин ҳалигача унинг асоратлари йўқ бўлиб кетмаган эди. Кўп одамларнинг дастурхонида иссиқ овқат- қуюқ-суюқни айтмаганда, ёзда нон, боғида етишган мева, узум, қишда нон ва қанд, мураббо, ёнғоқ, майиздан бошқа нарса бўлмас эди. Лекин одамлар келажакка ишонч билан яшашар, улкан мамлакатдаги, ҳаётларидаги кичкина ўзгариш ҳам катта бир қувонч сабаби бўлар эди.
Мен тўрт-беш ёшимда ақлимни таний бошлаганимда ҳам шу ҳол эди. Ана, мен маҳалланинг қизлари, янги келинчаклар сув сепган тупроқ кўчада ўйнаб юрибман. Опаларимдан бири «уйга кир, овқат сузилади», дея чақирганидан кейин ўйинда ютқазган ўртоғим бир марта «зув»лаб келди. Яна кўча эшик очилади ва бу гал акаларимдан биттаси кўринади. «Юр, ҳамма сенга қараб ўтирибди, овқат совиб кетади!»
Дастурхон ёзиқлиқ, бодринг, помидор тўғралган ликопчалар тўрт томонга териб қўйилган. Ўртада, катта товоқда устида тўғралган гўшт, буғи чиқиб турган ош. Мен ҳар доим ўзим ўтирадиган ерга жойлашиб оламан-да, дастурхон атрофига тикиламан. Гарчи шу лаҳза ҳеч кимнинг ошга қўл узатмаётганини кўриб, нега мени ўйиндан қолдиришди, деган хаёлга борсам-да, барибир кутиш сабабини билганим учун индамай ўтираман. Дадам-лар келиб, дастурхон бошига ўтирмаганларича, улар «Бисмиллоҳир раҳмонирр раҳийм», дея бошламаганларича ҳеч ким овқатга қўл узатмайди. Дадамлар эса, оиламиздаги ҳар бир одамнинг – у каттами-кичикми, овқат пайтида дастурхон атрофида ўтиришини талаб қилардилар. Хуллас, ҳамма жамулжам бўлмасдан туриб, овқат ейилмасди. Биз эса, чинакамига катта оила эдик. У пайтлар учта катта опамни турмушга узатишган, мендан катта акам – Ислом дунёдан ўтганди, биз уйда яна етти ўғил-қиз, отам, онам билан тўққиз киши эдик.
Ошдан кейин дуо ўқилгач, чой ичиб, отамнинг гапларига қулоқ тутиб ўтирардик. Мен ана шу суҳбатлар таъсирида тинчликнинг ер юзидаги улуғ неъмат эканлиги, оилада, маҳаллада тотув, иноқ яшашнинг барака келтириши, аксинча, кичкина жанжалнинг ҳам уйдан барака йўқолишига сабаб бўлиши, катталарга иззат-ҳурматда бўлиш, қариндош-уруғлар билан борди-келди қилиш, меҳр-оқибат, қўшнилар билан мудом яхши муомалада бўлиш, «бир болага етти маҳалла тарбиячи эканлиги», овқат пиширганда, кутилмаган меҳмоннинг ё қўшнининг ҳақи бор, деб бир-икки коса кўпроқ қилиш, ёлғон гапирмаслик, берган сўзининг устидан чиқиш, бошқанинг ҳақига, омонатга хиёнат қилмаслик ҳақида билиб олганман.
Кўклам вақти эди. Уйқумдан қалдирғоч овозини эшитиб уйғондим. Шундайгина тепамда қалдирғоч тумшуғида хас кўтарганча тўққиз тўсинли айвонимизда учиб юрарди. У ўртадаги тўсинга, бултурги ини томон борди-да, тумшуғидаги хасни унга ёпиштирди.
Дадамлар ишдан келганларида мен қалдирғочни кўрсатдим. «Ватанига қайтибди-да, - дедилар дадамлар. – Қишда ризқини қидириб, бошқа юртларга кетса-да, барибир у ўзининг инига қайтиб келади. Қара, инини ямаб-ясқаяпти, демак, ҳадемай, бола очади. Шу оддий қушгина ҳам тинчликни яхши кўради. Қулоғингда тут, тинчлик бўлмаган ерда қалдирғоч ҳеч қачон ин қурмайди. Лекин ин қургач, қаерга кетмасин, яна қайтиб келади. Ҳар кимга Ватани азиз. Қалдирғоч ҳам Ватанисиз яшолмайди. Уйини соғинади. Ватан соғинчи... Ҳали каттароқ бўлсанг, бу нарсаларни билиб оласан. Лекин, ўғлим, ҳозирдан билволгин: мана шу уйимиз, ички-ташқи ҳовлимиз, ток ва оқтут, ўрикларимиз, ҳовуз, унинг атрофидаги қора толлар – ҳамма-ҳаммаси мен учун жуда азиз, сен ҳам уни қадрлашингни истайман. Агар одам дегани ўз уйига меҳр қўймаса, юртини ҳам яхши кўра олмайди. Бир кун келиб, Ватан остонадан бошланади, деган гапнинг мағзини чақиб оласан. Одамзот кўп нарсани танлай олади. Худойим фаришталарга кўп нарса берган, лекин ихтиёр бермаган. Одамга эса, ихтиёр берган. Лекин шунда ҳам одам қаерда, қачон, қайси оилада дунёга келишини, отаси ким, онаси ким бўлишини танлай олмайди. Шундай экан, ҳар бир одам манглайига битган Ватанини, отасини, онасини юрагининг тўр-тўридан меҳр қўйиб, эъзозлаши зарур!..»
Мен отамлардан бу гапларни қайта-қайта эшитдим. Фақат отамлар эмас, онажоним ҳам ҳовлимиз, юртимизни яхши кўриш, ҳар икковининг ободлиги учун меҳнат қилиш ҳақида гапирардилар. Онамлар бир куни опаларимдан бири ҳовли супураётганда, шундай дегандилар: «Қизим, ҳовлининг зиғирдек ерида ҳам чанг қолмасин! Берилиб супургин! Уйимиз, ҳовлимиз озода бўлса, кўнглимиз ҳам озода бўлади!» Мен отамлардан, онамлардан ҳар гал «ўз уйим–ўлан тўшагим» мақоли мазмунини ифода этган гапларни, ибратли ҳикояларни эшитганимда, уйимизга, юртимизга меҳрим ошгандан-ошиб борарди.
Агар, хотирам панд бермаса, Хрушчев янги пул чиқарган, илгариги ўн сўм бир сўмга айланганидаги пайтдан кейин икки йил ўтганди. Қиш қаҳрига олган кунлар. Мактабдан келиб, китоб ўқиб ўтиргандим. Эшик тақиллагандайин бўлаверди, шунчалик пастлигидан, агар яхши эътибор бермасанг, эшитмайсан. Китобдан кўнгил уза олмайин ўтиравердим. Шунда эшик очилиб, аввалига онамлар, ортидан жунлари ўсган, лекин озиб-тўзиб кетган мушук кириб келди. «Ўғлим, қара, йўлбарсимиз қайтиб келди. Тур, дарров сутга нон ивитиб бергин, бечора ўлгудайин очқолган кўринади...» Мен мушукни дарров танидим, ўша кулранг, йўл-йўл чизиқлари борлиги учун «йўлбарс» деб атаган мушугимиз! Икки йил олдин оғилга кирганимда миёвлашини эшитиб, мушук болаларини кўрдим, суюнганимдан ташқарига югуриб чиққандим: «Мушугимиз болалабди, Учта!» Мушукни болалари билан иссиқ қазноғимизга олиб кирдик. Мушукчалар каттароқ бўлгач, биттасини жиянимга, иккинчисини қўшнимизга бердик. Йўлбарс уйимизнинг эркаси бўлиб қолди. Лекин ўтган ёз тўсатдан у йўқолиб қолди. Қидирмаган еримиз қолмади, қўшнилардан, кўчада ўйнаб юрган болалардан сўраб кўрдик. Йўлбарс йўқ эди... Мана, орадан ярим йил ўтиб, у тўсатдан уйимизга кириб келди. Йўлбарс уйнинг тўрт томонига юрарди, кўзларини юмганча нималарнидир ҳидлаётгандек эди.
«Йўлбарсжон, уйингни соғиниб келдингми? Ватанингни топиб келдингми!» Мен онамларнинг ютоққанича сут ичаётган мушукка айтаётган гапларини эшитиб, ҳайрон бўлиб қолдим. Мушукнинг ҳам Ватани бўлар экан-да! У ҳам уйини соғинар экан-да!
Ҳозир эса, отаси тирик бўлиб, онаси ҳаёт бўлиб, улардан хабар олмаётган, киндик қони томган уйини унутган, кичик Ватан соғинчи нималигини билмайдиган айрим инсонларни кўрганимда, онамнинг мушукка – битта ҳайвонга айтаётган гапларини эслайман! Эслайман ва бу бағритош одамлар болаликларида ота-оналаридан, бобо-ю бувиларидан инсон ҳаётидаги энг биринчи мустаҳкам қўрғон – кичик Ватан ҳақида ҳикоялар эшитмаганлик-лари ҳақида ўйлайман.
Келинг, шу ерда бир ҳаётий ҳикоя билан танишайлик!
Ота ҳовли
- Намунча хўриллатиб ичмасангиз?
Сожида чевар чой ичаётган эрига тўнғиллади. Уста Эрмат устма-уст йўталди.
- Ҳой, кампир, уйқудан ўнг ёнинг билан турсанг, бўлмайдими? Намунча тонг саҳарлаб заҳрингни сочяпсан? Чой ичсам, хўриллатманг, нон есам, қисирлатманг...
Уста Эрмат шундай дея хотинига қараганди, унинг кўзидан дув-дув ёш оқаётганини кўрди. Нима деб юпатишни билмай қолди. Оғзига келгани «Онаси, новвот чойинг ширин бўпти, ичмайсанми», бўлди.
- Э, ҳозир, томоғимдан асалчой ҳам ўтмайди...
- Нима бўлди, «ичимдан топ»лигингча ўтираверсанг, мен тарс ёрилиб кетаман-ку!
- Сиз эмас, мен ёрилиб ўламан... Битта-ю битта ўғлимизга гапингиз ўтмади. Ана энди... – чевар ютинди, атрофга аланглаб, сочиқ топди, кўзини, бетини арта бошлади. – Тушимда ҳам уни урдингиз. Аямасдан, «жон, дадажон, урманг» дея ёлворишига қарамасдан. Мен Худонинг зорини қилиб қолавердим. Ўша битта қушнинг ини боладан азиз бўптими?
Уста Эрмат ҳеч нарсага тушунмас, хотинини кўзи очиқ ҳолда босинқираяпти, дея гумон қиларди.
- Менинг қасам ичмаслигимни яхши биласан. Лекин ҳозир қасам ич, десанг, ичаман, нималар деяпсан? Ҳеч нарсани тушунмаяпман.
- Тонг саҳарда туш кўриб уйғониб кетдим. Қарасам, аъзои баданим жиққа ҳўл. Тушимда Тўхтасинжоним меҳмонхона тўсинидаги қалдирғоч инини таёқ билан бузяпти. Мен ҳарчанд «болажоним, ундай қилма, Худонинг суюкли махлуқининг уйини бузма!», десам гапимга қулоқ солмади. Қаёқдандир сиз пайдо бўлдингизда, ҳе йўқ-бе йўқ, Тўхтасинжонимнинг қўлидан таёқни тортиб олиб, калтаклай бошладингиз. Урманг, деб ялиндим, қулоқ солмадингиз, ўртага тушдим, икки-уч марта елкамга, қўлимга таёқ тушди. Тўхтасинжоним қочди, сиз ортидан «Ҳе, илоҳим, уйинг куйсин», дедингиз...
Сожида чевар энди ҳўнграй бошлади. Уста Эрмат қўлидаги чойни ҳовлига сепди. Ўрнидан туриб, бошини ушлаганча гоҳ ҳовлининг этагидаги гилос томон, гоҳ хотини ўтирган ёғоч сўри томон юрди. Тишлари ғижирлади. Ғижирлаш орасидан тўққиз сўз сизиб ўтди: «Эҳ, сен нодон бола, ҳатто тушида ҳам онангни аямаяпсанми?!»
Уста Эрмат бошига қаттиқ муштлади, муштлайверди...
Эрмат ва Сожиданинг тўққиз йилгача болалари турмади. Бири ўлик туғилди, бири уч ойлик, бири етти ойлик бўлиб ўлаверди. Етти болани тупроққа топширган ота-она юрак олдириб қўйишди. Саккизинчи фарзандларини Худога илтижо қилиб, Тўхтасин деб номлашди.
Уйимизнинг чироғи энди ўчмайди, Тўхтасин уни ёқади, деб болани бошиданоқ папалаб ўстиришди, эркалатиб-эркалатиб, охири талтайтириб юборишди. Бир яшарлигида той эмас, от ясатиб, учта дошқозонда ош дамлатиб, бир эмас, тўртта карнайчилар гуруҳини айттириб, пойтахтдан манаман деган ашулачиларни олиб келиб, тўй қилиб беришди. Тўх-тасин нима деса, ўша заҳоти муҳайё қилишарди. Икки ёшлигида уч ғилдиракли, етти ёшлигида икки ғилдиракли велосипед минди. Ўн беш ёшлигида мотоцикл совға қилишди, ўн саккизга кирар-кирмас, «Жигули» олиб беришди. Ҳамсабоқлари университетга автобус, «маршрутка»ларда бориб келишса, Тўхтасин, гердайганча «Жигули» ҳайдаб борарди.
Учинчи курслигида Тўхтасин ғалати қилиқ чиқарди. Аввалига дарс тугаса-да, уйига кеч, бора-бора ярим кечада қайтадиган бўлди. Сожида «Ўғлингизни тергасангиз-чи», деганда, Эрмат «Қўявер, ёшлигида ўйнаб-кулсин, йигитга жин урармиди, уйланса, босилиб, остонадан нари ўтмайдиган бўлиб қолади», деди.
Фақат бир оғиз сўрамасдан, «мен саёҳатга кетдим», дея уч кун йўқолиб кетгандан сўнггина Эрмат ўғлига насиҳат қилгандайин бўлди. Лекин ҳали гапини тугатмасдан Тўхтасин «мен ёш боламидим, ё бешикка белаб, оғзимга сўрғич солиб қўймоқчимисизлар», деди дадасининг кўзига тик қараганча.
Ўғли ўқишни битирар йили кутилмаганда уйлари олдига оппоқ «Тойота» келиб тўхтади. Ундан тушган пўрим кийинган икки киши эшик очган Эрматга «Тўхтасиннинг уйи шуми?», дейишди салом-аликсиз.
Эрмат оғринганини билинтирмасдан, жилмайди, «Ҳа, келинглар, меҳмонлар», дея ичка-ри бошлади. Эрмат меҳмонларни ичкари бошлаётиб, орқасига қарамас, қараганда, ҳар икковининг хом ғиштдан кўтарилган, қумсувоқ қилиб, оқартириб қўйилган девордан тортиб, олди айвонли уйгача писандсиз қарашаётгани, маъноли томоқ қирганча, бир-бири билан кўз уриштиришаётганини кўрарди. Лекин у ортига қарамади.
- Биз гапни чўзмаймиз! – деди меҳмонлардан паканароғи, - Бизни хўжайин юбордилар, Аббос бойвачча...
Одамлар Атлас бойвачча деб атайдиган бу одамни Эрмат танимасди, лекин у ҳақида эшитгани бор эди. Марғилонданми, Шаҳрихонданми, атлас, адрас олиб келиб, пул орттирган дейишади. Одамлар эса, дарров унга лақаб ёпиштиришган – «Атлас бойвачча». Атласми, адрасми, ишқилиб, ўша бойвачча билан офтобда қатиқ яламаганди, нега... тўхта, улар келасолишлари билан «Тўхтасиннинг уйи шуми?», дейишмадими? Тағин бола шўхлик қилиб?.. Нега унга қаттиқроқ турмади? Нега аввал тунлари, кейин икки-уч кунлаб йўқолиб кетганда, қаерда юрганлигини, нима қилиб юрганлигини яхшилаб суриштирмади? Нега акаси болани бебошвоқ ташлаб қўйма, кейин жон жойингни тишлаб, тасалли тополмайсан, деганида қулоқ солмади?..
- У... – Эрмат тилини тишлаб қолди, сал бўлмаса, Атлас бойвачча деб юборарди, - бойваччанинг бизда нима иши бор экан?
- Сизда эмас, ўғлингизда! – деди гапирмоқчи бўлган паканани билдирмасдан туртган новчароғи. – Ҳа, нега анграясиз, рангингиз бўздай оқариб кетди? Тинчлик, тинчлик, биз яхши ниятда келганмиз. Тўхтасин сизнинг ўғлингизми, ахир?
Эрмат пакана каби дағдаға қилмаётган, аксинча юмшоқ сўзлашга уринаётган новчанинг ўзига қадалган кўзида на пўписа, на бирон шумхабар аломатини кўрмагач, ўзини тутиб олди.
- Энди, бу маҳаллада учта Тўхтасин бор...
- Бизга уста Эрматнинг уйи шу деб, сизнинг эшигингизни кўрсатишди.
- Ўғлингиз хўжайиннинг қизлари билан аҳду паймон қилишибди, - пакана новчанинг гапини бўлди.- Иккови... ҳалиги Лайли-Мажнун, Ромео-Жулетта, Байжу-Бавра бўлиб юришганмиш...
- Бавра?..
- Ҳа, Бавра, эшитмаганмисиз, кино кўриш керак, ака, кино кўриш! – пакана ёйилиб кулди. Новча бу гал уни очиқчасига туртди.
- Уста ака, хафа бўлмайсиз, бунга Худо бўйдан ҳам бермаган, ақлдан ҳам қисган, фақат тинмай валдирайдиган тил берган. Биз, нима дейишарди, қулчиликка келдик.
Уста Эрмат анграйиб қолди. У ўзбекларда бунақа бўлишини эшитмаганди. Киноларда бўлмаса, элликка кириб, ҳаётда йигитнинг уйига қиз томонидан совчилар келишини эшитмаганди...
Уста Эрмат ундан кейин бўлган воқеаларни эсламасликка тиришди. Эслаб ҳам нима қилсин! Уйига тўртта одам чақириб, ош бермаган бўлса, бойвачча тўй бир ерда - шаҳардаги шоҳ саройларини эслатадиган тўйхонада ўтади, деб туриб олган бўлса, тўй кечасидан кейин ўғли уйига эмас, келиннинг отаси юборган «Лимузин» деган узууун машинага ўти-риб, Атлас бойвачча қизи учун қурдирган икки қаватли янги уйга кетган бўлса!.. Чорларда Тўхтасинга қайнотаси «Мерседес» совға қилган бўлса! Уёғи... уёғи...
... – Ўғлим, уйга келганингга бир ойдан ошди. Онанг йўлингга кўзи тўрт бўлиб кутади. Тиқ этса, эшикка қарайди...
- Дада, шу кунларда ишим бошимдан ошиб кетган...
- Бир ойда онангни кўргани ярим соатгина вақт тополмайсанми? У шўрлик сени, ўғилларинг – невараларини соғиниб, кечалари ёстиқни ивитиб чиқади.
- Шу, одам қарийверса йиғлоқи бўлиб қоларкан-да. Мана, сиз ҳам йиғлагудек бўлиб гапиряпсиз. Одамлар болалари топармон-тутармон бўлса, шаҳардаги манаман деган бойлар даврасига кирганда, қуллуқ қилиб тўрга ўтқазишса, ўғиллари билан фахрланиб ҳеч кимга гап бермай юрган пайтда, сизлар нолиганларинг-нолиган. Тушунмадим. Дада, менинг бахтим – сизларнинг бахтларинг эмасми?
Шу гапларни айтаётган менинг ўғлимми, дея ўйлаб ўтирган уста Эрмат Тўхтасиннинг сўнгги гапига жавоб бермасдан иложи йўқлигини ҳис қилди.
- Онанг икковимизнинг бирдан-бир орзумиз сени бахтиёр, соғ-саломат, хотиржам, мудом хурсанд кўришдир. Лекин манови еримиз, - уста Эрмат кўкрагига муштлади, - қўймаса, нима қилайлик? Сени соғинамиз, кўргимиз келади, ўғлим! Фақат биз эмас, болалигингда сен чопқиллаб юрган манови ҳовли, эсингдами, мева тераман, деб шохларини синди-рардинг, гилос, ўрик, олмалар, анови гулдор айвон, уйимиз... сени соғинади...
- Дада, бошқа гапингиз йўқми, шунча йиллар ўтиб, ўрикнинг иккита шохчасини синдирганимни юзимга солдингиз-а, - уста Эрмат Тўхтасиннинг гапини тескарига олганидан ҳайрон эди. – Мана шу ҳовлингизни ўрикка, олмага тўлдириб ташласам, кўнглингиз жойига тушадими? Баҳор келсин, уйингизга юзта мева кўчати опкелиб ташлайман.
Уста Эрмат ўғлининг бошқа гапларига эътибор бермади, фақат «уйингиз», деганида юраги оғриди.
- Тўхтасин, ўғлим, нега энди «уйингиз» дейсан, бу сенинг ҳам уйинг, шу уйда дунёга келгансан...
- Ҳе, шу... чириб кетган уйингизни... тўртта улфатимни бошлаб келсам, яшаётган кулбангни кўрдим, деб устимдан кулиб кетишларини биласизми! Билмасангиз, билволинг! Хайр, мен кетдим! Ҳадеб, вақтимни олиб, қўнғироқ қилаверманг, онамга айтинг, ёл-ғондакам оҳ-воҳларига ишонмайман!
Худди шу онда эшик томонда нимадир гурсиллади, нимадир синди. Югурганча ташқарига чиққан уста Эрмат чўзилганча ётган хотинини кўрди. Унинг ёнида синиб ётган пахта гулли чойнакдан оқаётган қайноқ чой ўнг қўли кафтини, билагини куйдирар, лекин Сожида чевар буни сезмасди.
- Ана, яна битта томоша! Бу қандай ётиш, нима, мени раҳмимни келтирмоқчимисиз?
Уста Эрмат хотинини кўтараётиб, ўғлига нажот излаб жавдираганди, унинг қўлидаги телефон жиринглаб қолди.
- Ҳа, ака, менман, ҳозир учганча бораман, йўқ, ҳеч қандай муҳим ишим йўқ, сизнинг гапингизни ерда қолдириб бўлармиди?!
«Ўғлим!!!» Бу сўз уста Эрматнинг бўғзида қолаверди. Унинг мўлтираган кўзлари шарақлаб ёпилган кўча эшикдан узилмасди...
Уч кунгача қаттиқ курашишса-да, шифокорлар Сожида чеварни сақлаб қола олишмади. Қон босими икки юздан ўтиб кетган экан...
Маъракалардан сўнг уста Эрмат ютиб юбораман деяётган ҳайҳотдай ҳовлида ёлғиз ўзи қолди. Тўхтасин онасининг еттисидан кейин қайтиб уйга келмади. Марҳуманинг қирқи арафасида уста Эрмат ўғлининг уйига борди. У хабарни эшитди-ю, қовоғини уйганча «Дада, бир оғиз маслаҳатга тенг кўрмадингизми?», деди ва отасининг анграйганча турганини кўриб, «Мен қирқни «Бахт» тўйхонасида ўтказишни режалаштириб қўйганман. Аллақачон рўйхат ҳам тузилган. Уч юзта одам. Ҳаммаси шаҳримизнинг обрўли, бой-бадавлат одамлари. Рўйхатда қариндошлардан сиз ва акангиз борсизлар. Айтинг, амакимни айтмасам бўладими?
- Тўхтасин, рўйхатни тузаётиб, бирон кимни унутиб қолдирмадингми? – деди ғазабини боса олмаётган уста Эрмат.
- Кимни унутибман? Сизнинг уруғ-аймоғингиз, кунда-шунда ошналарингизни айтсам...
- Йўқ, гапимни нотўғри тушундинг! – уста Эрмат анчадан буён биринчи марта ўғлининг сўзини бўлди. – Катта шаҳарда яна иккита обрўли, бой-бадавлат одам қолиб кетгандир. Улар «қирқ» қилганингни эшитиб, сендан хафа бўлиб юришмасин! Акам, яъни амакинг ва мени, икковимизни рўйхатингдан ўчир-да, ўша икковини тиркаб қўй!
- Э... бу... қирқда сиз қатнашмасангиз, қандай бўлади?
- Мен «қирқ»да эмас, онангнинг қирқида қатнашаман. У ўз ўлан тўшагимизда бўлиб ўтади! Туққан онасини билмаган, туғилган уйидан ор қилган ўғил ўстириб, хато қилибман! Хато!
Бир йил ўтар-ўтмас уста Эрмат ҳам жон таслим қилди. Шифокорларнинг айтишларича у анчадан буён юрак хуружига мубтало бўлиб, буни билдирмай юрган экан.
Устанинг ҳамма маъракаларига акаси бош бўлди. Қирқ ўтган куннинг эртаси Тўхтасин кириб келди. Чайналди-чайналди-да, уйни сотмоқчи эканлигини айтди. Амаки унга уввало тушунтиришга уринди, уввало уринди, бўлмади. «Сен ота уйинг чироғини ёқишни етти ёт бегоналарга ишониб кетяпсанми? Майли, ўзинг ўша данғиллама қасрингда яшайвергин, лекин иккита ўғлинг бор, ҳадемай улар катта бўлишади, биронтаси учун бу ҳовли ватан бўлар!.. Ота-боболарининг ватанида уларнинг чироғини ёқиб яшайди». Амаки шундай деяётиб, жияннинг мийиғида кулганини кўрди. Кўрса-да, кўрмасликка олиб, яна уни ҳов-ли сотишдан қайтаришга уринди. Жиян: «Амаки, очиғини айтаверинг, ҳовлига кўчиб келиш ниятингиз борлигини тушунмасдан, мен ғирт овсарманми!», - деганида бир сапчиб тушди. Жиянга ҳатто сўз айтиш нари турсин, қарашни ҳам раво кўрмасдан, дуо ўқиди ва кўздаги ёшини кўрсатмаслик учун биров қувгандайин кўчага чиқиб кетди.
...Чархпалак айланади, айланаверади. Ота ҳовли сотилгандан кейин бир ярим йилча ўтганди. Тўхтасинга қайнотаси қўнғироқ қилиб, оёғини қўлга олиб уйига етиб келишини айтди. Кийиниб чиқиб кетаётганда хотини сўраб қолди:
- Кеч кирганда қаерга кетяпсиз?
- Отажонинг мени соғиниб қолибдилар. Мана у киши айтганларидай оёғимни қўлга олиб кетяпман!
- Ҳой, нега менга аччиқ-тизиқ қиласиз? Бирон зарур ишлари бўлмаса, дадам сизни чақирармидилар? – Атлас бойваччанинг қизи «Мерседес» эшигини очаётган Тўхтасиннинг ортидан тўнғиллаб қолди.
Ўша оқшом Атлас бойвачча куёвни роса тузлади. Аввалига кимлар билан бизнесда шериклик қилиб юрганини сўради. Куёв Насим бойвачча деганини тилга олганда, қайнота овозининг борича бақира кетди. Насим бойваччанинг ўзига ашаддий душман эканлигини, у билан шерикчилик нари турсин, ҳатто салом-алик қилмасликни талаб қилди.
- Оёғингни қўлингга ол, дейсиз, фалончи билан салом-алик қилма, дейсиз?! – Тўхтасин қовоғидан қор ёғаётган қайнотасига қараб тиржайди. – Нима, мен сизга бурнини арта олмайдиган гўдакмидим? Ким билан салом-алик қилишни, ким билан бизнес қилишни ўзим яхши биламан!
Атлас бойваччанинг кўзлари олайиб кетди, муштлари тугилди. Устма-устига уч марта «Астағфуруллоҳ», деди.
- Ҳали шундайми? Шошмай тур, кўзингни сувини оқизиб келганингни кўраман. Насим читфуруш мушукдан дарс олган! Ҳа, мушукдан дарс олган – бекорга офтобга чиқмайди! У мендан ўч олмоқчи, ўч! Мен сен.... ҳа, ўша, кўзингни очмоқчи эдим.
Тўхтасин қайнотасининг охирги сўзларини эшитмади. Лекин орадан бир йил ўтар-ўтмас эшикни қарсиллатиб ёпиб чиққанига минг пушаймон еди. Насим бойвачча, қайнотаси айтмоқчи Насим читфуруш уни чув тушириб кетди. Тўхтасин бор топган-тутганидан ажралди. Бошини қайси тошга уришини билмай ўтирганда уйига қайнотаси кириб келди.
- Ҳа, куёв, аза очиб ўтирибсиз, отангиз ўлдими, онангиз ўлдими! – деди Атлас бойвачча сўзини чертиб-чертиб.
- Кесатманг, ота-онамнинг арвоҳларини безовта қилманг!
- Яна бу чувриндининг бир қарич тили бор! Қизим, - Атлас бойвачча Тўхтасинга еб ташлагудайин бўлиб ўқрайиб турган қизига буюрди. – Бор, бу нонкўрга лаш-лушини олиб чиқиб бер! Бу уйдан қорасини ўчириб, ўша Насим читфуруш билан оғиз-бурун ўпишсин! Мушукнинг шогирди содиқ шеригига биронта чайла-пайла қуриб берар.
- Мен лаш-лушини аллақачон тайёрлаб қўйганман, - деди Тўхтасиннинг хотини.
Тўхтасин хотини ишора қилган иккита бўғчага қараётиб, унинг сенсирагани қаттиқ алам қилди.
- Қани, хуржунларингни кўтар!
Тўхтасин қайнотаси томон мушт кўтариб интилди-ю, унинг ғазаб ёғилаётган кўзларидан ҳайиқиб, ортига қайтди.
- Нима, сиз мени ўз уйимдан ҳайдаяпсизми?
- Э, ҳали сени уйинг борми? Отангнинг арвоҳини чирқиллатиб, уйингни сотиб келганинг эсингдан чиқдими? Унда, эсингни яхшилаб ямаб қўй! Бу уйнинг хўжайини эса, қизим! Буни билмасмидинг? Ана, билмасанг, ўзидан сўраб кўр! Майли деса, қоровуллик қиласанми, ҳовли супуриб юрасанми, яшаб юравер!
- Йўқолсин, кўргани кўзим йўқ!
Тўхтасин хотинининг заҳар сочаётган оғзига тикилар экан, ҳовли-жой унинг номида эканлигини эслади. Индамасдан «Мерседес» томон юрди.
- Куёв, калитни ташлаб кетинг! Машинага бир тийин қўшганмисиз? Ҳа-я, у ҳам қизимнинг номида!
- Мен... мен... – Тўхтасин ғулдуллаб қолди.
- Сиз... сен иккита хуржунни елкангга ташлайсан-да, кетаверасан. Ҳалиги битта эртак бор-ку, сен шукр қилгин, биттагина тешик тоғора билан қолмадинг. Лаш-луш тўла иккита хуржунинг бор! Қани энди, кўзимдан йўқол! Ўз ота-онасини билмаган мени билармиди!
... Тўхтасиннинг амакисига жияни ичкиликка муккасидан кетгани, қачон қараманг, маст-аласт, гандираклаб юрганини айтишди. Бошқа биттаси амакига мардикорбозорда жиянига ўхшаган, лекин соч-соқоли ўсиб кетган, озиб-тўзиган, эгнида йиртиқ жинси шим, қайси рангда эканлигини аниқлаш қийин кўйлак кийиб олган бир кишини кўрганини айтди. У мардикорлар томон яқинлашган ҳар бир одамнинг олдига югуриб борар, «Ҳар қандай иш бўлса ишлайман, қорнимни тўйғазсангиз бўлди», дея ёлборар экан...
Амаки машинасини тўхтатиши билан уни етти-саккиз одам ўраб олди. Уларнинг бири қўйиб, бири қандай иш борлигини, қанча пул беришини сўрашарди.
- Менга... менга пул керакмас. Қандай иш бўлса, қилавераман! Қорнимни тўйғазсангиз, яримта олиб берсангиз бўлди!
Амаки бу овозни таниди. Овози бўғилган, пича хириллаётган бўлса-да, таниди. Уни энди чақирмоқчи бўлганида, икки-учта мардикор Тўхтасинни бараварига итариб ташлашди.
- Нари бор, исқирт! Иккита ғишт кўтармасдан инқиллаб қоладиган одам кимга керак! Бор, йўқол!
Амаки мардикорларни четга суриб, бошини қуйи эгганча узоқлашаётган Тўхтасин томонга юрди. Одамлар айтишганидек эгнида йиртиқ жинси, ранги ўчган кўйлак.
- Тўхтасин!
Тўхтасин ортига қаради-да, югургилади. Амаки тез чопиб бориб, унинг билагидан ушла-ди.
- Жиян, тўхта!
- Сиз... сиз адашдингиз! Мен сизнинг жиянингиз эмасман!
- Жиян, юр, одамларга томоша бўлмайлик, машинага ўтир!
Тўхтасин билагини силтаб чиқармоқчи эди, амакининг омбурдек қисган қўлига кучи етмади. Ноилож машинага ўтирди.
Амаки Тўхтасинни тўғри уйига олиб борди. Қўлига янги кийим-бош тутқазди-да, ҳаммомга кириб, соқолини олиб, ювиниб чиқишни буюрди. Ҳа, буюрди, жиянига ҳозир буйруқдан бошқа сўз оҳанги таъсир қилмаслигини тушуниб етганди.
Тўхтасин ювиниб, сочини тараб, янги кўйлак, янги шим кийиб чиққанда, ўрик дарахти тагидаги сўрида дастурхон ёзиғлиқ эди.
- Катта аянгни овқатини соғингандирсан? Қани, ол-чи!
Аввалига тортиниб турган Тўхтасин амакисининг жилмайганча овқат ейишга ундаётганини кўриб, қўлига қошиқ олди...
- Мана, чой ҳам ичилди. Энди тур, амаки-жиян бир айланиб келамиз!
Машина ота уйи олдига келиб тўхтаганда, Тўхтасин қип-қизариб кетди. Ичидан қиринди ўтди:«амакимнинг меҳрибонлиги сабабини энди тушундим. У мени уялтирмоқчи бўлган».
- Амакижон, мен шундай ҳам соб бўлганман, қуруқ суратим қолган. Сиз мени...
- Сен ҳар хил хаёлларга боравермасдан, ортимдан юр!
Амаки чўнтагидан калит олди-да, эшикни очди. Ортидан ҳовлига кириш-кирмаслигини билмай турган Тўхтасинни чақирди:
- Кирсанг-чи? Ота уйингни соғинмадингми? Бугундан бошлаб яна шу ерда, ўз уйингда яшайсан!
- Сиз... сиз...
Тўхтасин амакисининг бағрига отилар экан, кўзларидан ёш тирқиради. Сўнгра ҳовли ўртасидаги гулзордан тупроқ олиб, тўхтовсиз юз-кўзига, пешонасига суркай бошлади. Уни кузатаётган амаки эса, ота-боболари ҳовлисини сотиб олган қўшнидан у берган пул устига пул қўшиб, уйни қайтариб олганини ўйлаб, мамнун бўларди.
Ҳар ким ўз уйида подшо
Азизлар, мен суҳбатимизни юқоридаги халқ мақоли билан тугатишни истадим. Бу мақолнинг маъносига етган одамнинг эса, ҳеч қачон кичик Ватани – ўз уйидан айрилмаслигини англаши қийин эмас. Лекин турмушда нималар бўлмайди. Борди-ю турмуш тақозоси, яъни, масалан, оилада уч-тўрт ака-ука бўлганда, ё хизмат вазифаси каби муҳим сабаб-лар боис, бошқа ерга кўчганда ҳам, инсон туғилган маконини эъзозлаши, соғиниб яшаб, тез-тез ота хонадонига бориб туриши зарурлиги оддий ҳақиқат эмасми?
Асли испан, кейинроқ Америкада яшаган машҳур файласуф ва адиб Жорж Сантаяна «Оила табиатнинг шоҳ асарларидан биридир», деган эди. Айтгандай, гарчи Сантаянанинг ўзи гарчи Америкада яшаса-да, бир умр Испания фуқаролигини сақлаб қолган.
Буюк файласуф айтган шоҳ асарни ардоқлаган, унинг жамият ҳаётида тутган аҳамиятини сезган ва фарзандларини ҳам туғилган маконига меҳр-муҳаббат қўйишга ўргата олган одам уни юртини, Ватанини севишга ҳам ўргата олади.
Мен бир уйга кирганимда Ватан ҳақидаги қўшиқ янграрди. «Сен агар буғдой бошоқ бўлсанг, сомонингман Ватан!», каби сатрлар бор эди бу қўшиқда.
«Оиламиз жамулжам бўлган пайтлар бу қўшиқни бирга эшитамиз. Неча марта эшитмайин, баданим вижирлаб кетади. Икки қиз чиқарганман, катта ўғлим, янги уй солиб чиқиб кетган. Лекин ўғлим ҳар икки-уч кунда, қизларим ҳафтасига камида бир марта невараларимни эргаштириб келишади. Бу невараларимнинг кичик ўғлимнинг болаларига қўшилиб яйраб ўйнашаётганини кўриб қувонаман. Қизларим, ўғилларимнинг болалари онгига Ватанга муҳаббат оиладан – кичик Ватанга муҳаббатдан бошланади, деган гапларимни сингдириб боришаётганидан кўксим тоғдек бўлади!»
Умри мактабда болаларга таълим-тарбия бериш билан ўтган кекса муаллим ифтихор, мамнунлик билан сўзлар экан, унга ҳавасим келади. Муаллимнинг оталик масъулиятини теран тушунгани ва ҳар амалида бу масъулиятни ҳис қилиб тургани борасида ўйлайман. Ва шу онда келаси галги суҳбатимиз мавзусини режалаштира бошлайман. Ҳа, топдингиз, у оилада оталар ўрни ҳақида бўлади. Иншааллоҳ!
Ҳозирча эса, сиз азизлар билан хайрлашишдан олдин яна ўша машҳур мақолни эслаяпман: Ҳар ким ўз уйида подшо.
Ўринбой УСМОН,
Тожикистон ёзувчилар иттифоқи ва
Тожикистон журналистлар иттифоқи аъзоси.
Бу инсон билан бундан икки йил муқаддам «Истиқлол» қишлоғидаги байрамда учрашган эдик. Қишлоққа кираверишдан то байрам даврасигача бўлган кўчанинг икки томонида ёшу қари байрамона кайфиятда… Яна ҳар ким ўз меҳнат маҳсулини кўргазмага чиқарган. Шунинг ўзидан маълумки, қишлоқда ота-боболаримиз анъаналари давом этмоқда.
Муфассал...
Саҳар чоғи чуғур-чуғур чумчуқлар,
Жар солади жўшқин олам қўйнида.
Соғинчлардан сарсон бўлган юрагим,
Зор йиғлайди мендай одам қўйнида.
Кўксим торлик қилганида қалтираб,
Муфассал...2015
1-2015
2-2015
3-2015
4-2015
5-2015
6-2015
7-2015
8-2015
9-2015
10-2015
11-2015
12-2015
13-2015
14-2015
15-2015
16-2015
17-2015
18-2015
19-2015
20-2015
21-2015
22-2015
23-2015
24-2015
25-2015
26-2015
27-2015
28-2015
29-2015
30-2015
31-2015
32-2015
33-2015
34-2015
35-2015
36-2015
37-2015
38-2015
39-2015
40-2015
41-2015
42-2015
43-2015
44-2015
45-2015
46-2015
47-2015
48-2015
49-2015
50-2015
51-2015
52-2015