Жорий 2019 йил тўртинчи уч ойлигида турар эканмиз, йил мундарижасига бирров назар ташлаб, унинг ўта хайрли ва баракали ўтаётганига амин бўласан, киши.
Йил бошида Тинчлик ва миллий бирлик асосчиси – Миллат пешвоси муҳтарам Президентимиз Жаноби олийлари томонидан 2019-2021 йиллар «Қишлоқлар, сайёҳлик ва халқ ҳунармандчилигини ривожлантириш йиллари»,
дея эълон қилиниб, бунинг ортидан мамлакатимизда жуда катта ишлар амалга оширилди.
Республика шаҳру ноҳияларида, шунингдек, республикадан ташқарида яшовчи ватандошларимиз томонидан қадимий халқ ҳунармандчилигига бағишланган қатор намойишгоҳлар ўтказилишининг гувоҳи бўлдик. Табиийки, ушбу тадбирлар қадимий санъат саналган ҳунармандчилигимизга қайтадан эътиборимизни қаратди.
Сайёҳлик масаласида ҳам шуни айтиш мумкинки, Президентимиз Жаноби олийлари ушбу соҳага жиддий эътибор бериб, алоҳида Сайёҳлик комитети ташкил этиб, соҳани ривожлантиргани барчага манзур бўлди. Зеро, сайёҳлик бутун дунёда сердаромад соҳалардан бири саналади. Азиз ватанимиз Тожикистон эса, ўзининг саёҳатбоп масканлари, кўллари-ю, томошабоп манзарали жойларга бойлиги билан азалдан машҳур.
Айниқса, зиёрат туризми халқаро хусусиятга эга бўлиб, у мусулмонлар оламида ҳам алоҳида ўрин ишғол этади. Бу борада ҳам юртимизда жуда кўп зиёратгоҳлару улуғ авлиёлар оромгоҳлари мавжудлиги билан мақтанса арзигулик.
Азиз ватанимиз Тожикистонда саёҳат ва дам олиш учун маскану мавзелар жуда кўп. Азиз Ватанимизнинг географик жиҳатдан тоғ ва текисликда жойлашуви ҳам турли дунёқараш ва турли завқдаги сайёҳнинг истагини қаноатлантира олади.
Ҳа, Ватанимиз шароити тоғ мавзеларида жойлашган турли қадимий обидалару осору атиқаларга қизиққан сайёҳ ёки тоғ ёнбағирларида юришни унча хушламайдиган, текисликда жойлашган томошабоп масканларни маъқул кўрган кишилар учун ҳам мос келаверади.
Тожикистон тоғ ёнбағирларида жойлашган бир талай зиёрат ҳамда маданий ҳордиқ чиқариш масканлари борким, у ерда бир марта бўлган киши яна бўлсам, дейиши турган гап.
Мисол учун биргина Роғун минтақаси табиати ва у ерда жойлашган дарёлару катта-кичик ирмоқлар, кўллар киши диққатини ўзига тортиб, фараҳбахш онлар инъом этиши, киши саломатлиги ва руҳиятига ижобий таъсир кўрсатиши билан ҳам алоҳида таҳсинга сазовордир.
Яқинда Сайёҳлик комитети ва давлат ҳокимияти Роғун шаҳри ижроия органи Роғун минтақасида сайёҳликнинг янги 5 йўналиши имкони пайдо бўлганлиги ҳақида эълон қилди.
Шулардан бири «Хожа Жунайд» йўналиши бўлиб, у экологик, алпинистик, тарихий, маърифий характерга эга, шунингдек, пиёда сайёҳлар учун жуда қулай.
Ушбу йўналишнинг давомийлиги 4-7 соатни қамраб олиб, Роғун шаҳридан 13 километр, мамлакат пойтахтидан эса, 123 километрлик масофани ўз ичига олади.
Роғун минтақаси ўзининг бетакрор обу ҳавоси, хуш иқлими ва ҳамишабаҳорлиги билан ҳам бошқа минтақалардан ажралиб туради. Шу боисдан ҳам, ёзнинг жазирама иссиқ пайтида ҳам бу ерда ҳаво ҳарорати 11-13 бўлади. Бу эса, сайёҳлар ва дам олувчилар истироҳати учун ўта қулай эканлигидан далолат беради.
Бу ердаги ўт-ўланлар, тоғ меваларини айтмайсизми? Ҳайвонот оламини-чи? Бу ернинг нотакрор фауна ва флораси ўзининг мафтункорлиги ва бетакрорлиги билан донг таратганлиги ҳам, айни ҳақиқат. Ҳа, бу ерда мирмушон (сичқонлар амири), бўри, тулки, айиқ, жайра, тошбақа, тоғ эчкиси, шунингдек, 100дан ортиқ парранда, 380дан зиёд ҳашаротлар тури ҳамда шифобахш чашмалар борлигининг ўзиёқ ҳар қандай сайёҳни мафтун этиши турган гап.
«Ёнахш», «Гули сурх», «Луғур», «Марғзор» каби янги йўналишлар ҳам ўзларининг дилтортарлиги, тарихий, экологик нуқтаи назардан ўрганишга, томоша қилишга арзигулик мавзеларга бой йўналишлардир.
Чунончи, ушбу минтақада жойлашган Эшони Қиёмиддин, Эшони Абдураҳмонжон мақбаралари, мазори Хожаи Дарвеш, Хожаи Қалавур, Ҳазрати Фарҳод, Ҳазрати Шоҳ, Хожаи Бўстон, Хожаи Ҳофиз, Хожаи Гулрез, Сарчашма мазори зиёратчи туристларнинг сафи ошишига сабаб бўла олади. Зеро, ушбу зиёратгоҳлар қадим замонлардан халқимиз ҳурмату эҳтиромига, муҳаббатига сазовор бўлган улуғ шахслар дафн этилган қутлуғ маконлардир. Биргина Эшони Абдураҳмонжон бобони айтар бўлсак, бу табаррук зот жанубий Тожикистонда Нақшбандия тариқатининг улкан намояндаси, пири бўлганлар. У кишининг ҳузурларига ҳаётлик чоғларидаёқ, нафақат, Тожикистон, балки қўшни республикалардан ва умуман, Марказий Осиёдан муридлар ошиққанлар. Хайрли дуоларини олишга интилганлар…
Ушбу минтақада гастрономик сайёҳлик тури ҳам яхши йўлга қўйилган. Дарвоқе, ушбу минтақа ошхонаси бошқа жойларга қараганда ранг-баранглиги, маҳаллий халққа хослиги, лаззатлилиги ва экологик жиҳатдан тозалиги нуқтаи назардан ҳам эътиборлидир. Шунинг учун ҳам, бугунги кунда Роғун шаҳрида меҳмонларга қулай бўлсин учун 3 ресторан, 32 ошхона гастрономик туризм ривожига ҳисса қўшмоқда. Шунингдек, бу ерда меҳмонхоналар, санаторийлар, шифобахш сувлар, жамулжам, 254 хизмат кўрсатиш нуқталари меҳмонларга хизмат қилишга ҳамиша шай турибди!
Бугунги технологик тараққиёт даврида эса, сайёҳларни интернет алоқасисиз тасаввур қилиш номумкин бўлиб қолди. Шунинг учун ҳам, уларга ушбу минтақани яхшироқ таништириш ниятида www.roghun.tj сайти туну кун фаол.
Роғун шаҳрининг энг машҳур ва улкан иншооти эса, бу «Роғун» гидроэлектростанциясидир. Мазкур иншоот чин маънода Тожикистон брэнди, десак хато қилмаган бўламиз. Унинг юксак инженерлик маҳорати билан қурилганлигининг ўзиёқ келажакда сайёҳлар янги оқимини жалб этишига аминмиз, албатта.
Дарвоқе, ўтган йили ноябр ойида «Роғун» ГЭСи илк агрегатининг олийқадр меҳмонлар, дипломатик корпуслар намояндалари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирокидаги йиғинда муҳтарам Президентимиз томонидан ишга туширилиш воқеаси ҳали ҳануз қалбларимизни тўлқинлантиради…
Агар тарихга назар солсак, азиз Ватанимиз истиқлолиятга эришгандан сўнг барча соҳаларда илгари силжишлар, ривожланиш юз бериб, порлоқ келажак сари шахдам қадамлар ташлана бошланди. Давлатимиз ва Республика Ҳукумати Раиси муҳтарам Эмомали Раҳмон бошчилигида истиқлолият даврида эришилган муваффақиятлар сифатида «Сангтўда-1», «Сангтўда-2», «Помир-1», «Роғун» ГЭСлари, «Душанбе-2» иссиқлик узатиш маркази, «Қўрғонтепа-Кўлоб» темир йўли, Қулма-Қароқурум автомобил йўли, «Истиқлол», «Хатлон» ва «Шар-Шар» туннеллари қурилишлари давлатимизни дунёдаги буюк мамлакатлар даражасига кўтарди!
Республиканинг коммуникацион боши берк кўчасидан чиқиши ва тўлиқ энергетик мустақилликка эришиши йўлидаги саъйи ҳаракатлари қадамма-қадам ушбу эзгу ниятлар сари элтаётгани, шунингдек, Тожикистон Республикаси Ҳукуматининг «Роғун»ни қуриш ташаббуси ҳамма ташкилоту муассаса, вазирликлар ва бутун аҳоли томонидан ҳар томонлама қўллаб-қувватланганлиги ҳақиқат. Чунки шу йўл билан мамлакатимизнинг коммуникацион боши берк кўчадан чиқиши, энергетика соҳасида мустақилликка эришиши мумкинлигини муҳтарам Президентимиз Эмомали Раҳмон раҳбарлигидаги республика Ҳукумати англаб етиб, бунёдкорлик ишлари бошлаб юборилган эди.
Давлат бошлиғининг истиқлолият дастлабки йилларида энергетика соҳасига бўлган ғамхўрлиги ва узоқни кўзлаган сиёсати натижаси ўлароқ, қийин лаҳзаларда ҳам эсанкираб қолмадик. Ва учта муҳим стратегик программа ечими сари саъй-ҳаракат қилина бошланди. Шулардан бири энергетик мустақилликка тўлиқ эришиш бўлиб, унинг учун «Роғун» ГЭСи майдонларида бунёдкорлик ишлари жадал суръатларда амалга оширилмоғи лозим эди. Шундай бўлди ҳам - 2016 йилнинг 29 октябрида Тинчлик ва миллий бирлик асосчиси-Миллат пешвоси, Тожикистон Республикаси Президенти муҳтарам Эмомали Раҳмон Жаноби олийларининг шахсан ўзи ГЭС қурилиш ишларини бошлаб берди. Ўшанда – 2016 йилнинг 29 октябрида дунёдаги энг катта тош-шағал тўғони – «Роғун» ГЭС қурилишига старт берилганди. Унда Миллатнинг муаззам пешвоси Эмомали Раҳмон Жаноби олийлари шахсан ўзи булдозер рулига ўтириб, эрталабки соат 10:00дан 11:30гача, яъни бир ярим соат Вахш дарёси бўйлаб шағал сурди ва шу тариқа тожик халқи учун муҳим аҳамиятга эга бўлган «Роғун» ГЭСи қурилишини бошлаб берган эди.
Бир ярим соат давомида булдозер рулини бошқариб, шағал сурган Давлат раҳбари иншоот қурувчиларига ўрнак-намуна бўлди. Бу лаҳзаларни ойнаи жаҳон орқали томоша қилган бутун Тожикистон халқи қалбида ифтихор ҳисси уйғонгани айни ҳақиқат. Ўша куни шодиёналар тўйга айланди.
2018 йилнинг 16 ноябрида эса, азиз халқимиз биратўла уч байрам – тарихий XVI сессия, Президент айёми ва «Роғун» ГЭСи илк агрегатининг ишга туширилишини юксак шукуҳу шаҳомат билан қайд этди. Бунга бутун жаҳон гувоҳ бўлди! Бу ифтихор барчамизнинг қалбларимизни ҳанузгача жунбушга солади.
Жорий йил Истиқлолият байрами нишонланаётган кун - 9 сентябрда «Роғун» ГЭСи 2-агрегати ишга туширилди.
Баландлиги 335 метрлик тўғон устига қурилаётган 6 агрегатнинг 2-си ишга туширилиши ҳам, нафақат, мамлакатимиз аҳли, балки Марказий Осиё халқлари учун ҳам шодиёнага айланиши табиий. Зеро, инсоният яратилибдики, нур - ёруғликка интилиб яшайди. «Роғун» эса, нур ва ёруғлик манбаидир!
Абдулло Саидов,
«Халқ овози».
Баҳорнинг сўнгги кунлари…
Осмон беғубор. Қуёш зарин нурларини борлиққа таратиб, ажиб тароват бахш этган. Азим чинорлар соясидаги ҳовли саҳни шўх-шодон болалар билан гавжум: бир гуруҳ шийпончада стол тенниси машғулоти билан банд. Бошқаси, кичик ёшдагилар ҳовлининг кун чиқар томонидаги катта саҳнада тарбиячилар назорати остида, уларнинг кўрсатмалари билан шеърни маромига етказиб
Муфассал...
ОНА, ЮЗЛАРИНГНИ СОҒИНДИМ
Она бўлгач, онамнинг қадрин,
Буюклигин англай бошладим.
Юрагимда кўпайиб дардим,
Беихтиёр кўзим ёшладим.
Муфассал...2015
1-2015
2-2015
3-2015
4-2015
5-2015
6-2015
7-2015
8-2015
9-2015
10-2015
11-2015
12-2015
13-2015
14-2015
15-2015
16-2015
17-2015
18-2015
19-2015
20-2015
21-2015
22-2015
23-2015
24-2015
25-2015
26-2015
27-2015
28-2015
29-2015
30-2015
31-2015
32-2015
33-2015
34-2015
35-2015
36-2015
37-2015
38-2015
39-2015
40-2015
41-2015
42-2015
43-2015
44-2015
45-2015
46-2015
47-2015
48-2015
49-2015
50-2015
51-2015
52-2015