Ватан нелигин имонлидан сўранг. Одамнинг одамлигин қалб кўзи басирдан. Имонни эса, Ҳақдан қўрққандан изланг!..
Ватан билан Одам борасида бир муддат қалам юргизмоққа тутиниб, ишим ривожи учун Тангрига юкиндим... Илоҳо қаламим равон айлагин...
Туғилиб, улғайган маскан – бу киндик қон бўлиб тўкилган Ватан.
Ана шу жондек яқин, хундек ҳаёт бахш этган Ватанни суйиш учун ҳар бир бандасини Аллоҳ ярлақасин!
Бир олам соғинчни елкалаб, хориждан қайтдинг, тайёрагоҳ – Ватан. Сочингни силади таниш еллар, ўз шаҳрингга етдинг бу – Ватан. Болалигинг кечган қишлоқ бағридасан – Ватан. Ҳаяжонга эргашиб ҳовлингга қадам босдинг, бу – Ватан. Бошинг паноҳи, уйингга кирдинг – Ватан. Сен кирган уй тўрида осиғлиқ турган бешикдан бошланади, ўша оҳанрабодек бағрига чорлаган муқаддас, мўътабар Ватан. Бу ўша, жажжи вужуднинг ором олиши учун чайқалаётган бешик! Бу онанинг, онаизорнинг соҳир овоз-ла хиргойи қилаётган амалига йўғрилган бешик. Бу яхши ният ила тутатилган исириқнинг ёқимли ифорига кўмилган бешик. Бу не-не алломаларни кафтдек бағрида улғайтган ва ҳали ҳамон келажак эгаларига оғушидан жой берган бешик.
Бешикдан бошқа Ватан бўлакларини ҳам эсламоқчиман. Бу онамнинг шом пайти соғаётган сигири ва пақирга шовиллаб тўкилаётган иссиқ сутнинг саси. Бу момомнинг гир айланаётган урчуғи ва бобомнинг суюкли отларига солинадиган, баъзан ерда турганида устига миниб гап эшитадиганим эгар, жабдуқ. Бу отамнинг ҳовлимиздаги томорқани ўрадиган мусулмони ўроғи.
Муборак бу жаннат сиёқ ўлка бағрига бобокалонларим ўтовлар тикиб ҳаёт кечирган. Улар атрофларини ўраб турган тоғларга ва адирлар бағридан сизиб чиқаётган булоқларга ном беришган.
Боболарим бу замин бағрида хас капалар ясаб, ўз умри азизларини ўтказганлар. Бобомерос тулпорларни миниб улоқ чопган, пойгаларда иштирок этган.
Мен ҳам шу юртнинг бир гўшасида шифер-ла ёпилган болохонали уйда бу ёруғ дунёни кўз очиб кўрдим. Демак, бу менга етти пуштимдан мерос – табаррук Ватан.
Бешикдан узайган бўйимдир Ватан,
Улоқчи тўйлаган тўйимдир Ватан.
Тилимда сўзларнинг маъноси юлуқ,
Ялангоёқ чопган жойимдир Ватан.
Сиймин нурга юзи чайилган тунлар
Соямни кўрсатган ойимдир Ватан.
Маҳалсиз ёмғирлар сувига қорган
Уйчалар қурганим лойимдир Ватан.
Юзимни “гуллагай” лойлоқи сувлар
Тушларда чўмилган сойимдир Ватан.
Отчопар ўйинда бехос йиқилсам,
Ёлини тўшаган тойимдир Ватан.
Бағрингдан ўйсинлар сўнгги бешигим,
Ёзган ҳар шеърларим ўйимдир Ватан.
Ватан...
Аллоҳ бандалари орасида бир тоифа борки, таҳайюрга чўмади, таважжуҳ айлайди, таҳаммул этади ва доим тазарруда бўлади. У кўнглининг бандиси, ҳақ элчиси уммати, яратганнинг бандаси Одамдир.
Одам – бир дам дейилади. Бир дамлигини англаган Одам...
Одам билан бўлганим 2004 йилнинг ноябр ойи, аниқроғи устоз С. Н. Иброҳимнинг 50 йиллик маҳфиллари эди. Муҳаммад Иброҳимбек ҳазратлари ҳақида илк битилган бадиий асар “Қуюн” китоби ҳошиясидаги дўппили одамни ҳаётда учратиб, кўриб турганим учун қувончим чегарасиз эди. Суратда қандай бўлса, кўз ўнгимда худди ўша одамий қиёфа намоён. Зимдан кузатиб турганим Эшмуҳаммад ака маҳфил соҳибини алқаш илинжида, қўлига микрофон тутиб жаврамади. Фақат шоир билан кўришар экан. Самимона “қутлуғ бўлсин”, - деб қўя қолди. Маҳфил тугаб, хизматда турган бир қатор биз шогирдларга қарата: - Эшонбобо, етук шоир, этагини тутиб, кўпроқ нарса ўрганинглар, - деган эди.
Бу Одамнинг сўзлари.
Орада икки йил қариди. 2006 йилнинг баҳори фахрободлик марҳум шоир Зикрулло Валини хотирлаш куни. Иккинчи бор Эшмуҳаммад ака билан юзма-юз бўлдик. Яна ўша чеҳра, ўша дўппи. Биз юз йиллик қадрдонлардек бағирлашиб кўришдик.
Хотирлаш маросимига кўпгина ижодкорлар йиғилган эди. Марҳум ширин калом шоирни эслаб, армонли сўзлар янгради, шеърлар ўқилди. Эшмуҳаммад ака даврага чиқиб куйинмади. Фақат Холмурод Сатторнинг шоир ўлими ҳақидаги марсиясини ўқувчи қиз маромига етказиб ўқиганда: кўзига ёш қалққан адиб “аттанг, аттанг”, - дея тебраниб қўйди.
Бу Одамнинг армони эди.
Устоз Абдуллоҳ Зуҳур Машҳаддан бир ойлик таътил учун Ватанга қайтган эди. Ва борса тиш қоққан ва суяги ҳали мўрт ижодкор дўстларим меҳмонхонасига чорлади. Эшмуҳаммад ака Кўктошга келган. Колхозободлик меҳмон, Абубакр учаламизнинг режамиз, шом синмасдан Ҳожи бобонинг эшигини қоқиш. Жиддий бир сабаб ила Абубакр бизга шерик бўлолмади. Эшмуҳаммад ака иккаламиз мўлжаллаган пайтимиз манзилга етиб бордик. Меҳмонхона эшиккача қалам аҳлига лиқ тўлган. Суғдлик Ўринбой Усмонов ҳам бор эди. Суҳбат қизиди. Кимдир савол ташлади. Савол тушган ижодкор жавоб беришга шайланди. Тўрда ўтирган Эшмуҳаммад ака доимгидек гурунг жиловига бирор марта ҳам қўл чўзмади. Қизғин суҳбат асносидаги меҳмондорчилик ярим тунда ниҳоя топди. Эшмуҳаммад ака иккаламизнинг йўлимиз Кўктошгача туташ эди.
Йўлда ҳассос адиб: - Абдулложон беғараз ва ўта ҳалол одам. У адабиётни жуда чуқур тушунади, ёзганларингни бемалол кўрсатаверинглар, - деди.
Бу Одамнинг насиҳати эди.
Эшмуҳаммад ака, ҳожи Ҳасанбой ака Эрбобоев, Абубакр ва фахрободлик шогирдимиз Бек Султон беш киши бўлиб, Хўжайи Заррин бобони зиёрат қилиш учун Рангонтоғ белига ўрладик. Кечаси рангонлик номдор полвон Тошмурод бобонинг уйида тунаб, мезбоннинг иккинчи ўғли Намозқул бошчилигида Остона бобони зиёрат қилишга чоғландик...
Зиёратдан қайтишда йўл-йўлакай “Тошмачит”ни томоша айлаб, ўша замон усталари маҳоратига ҳайратларимизни бир-биримиздан яширмадик. Чунки мулла Хизир бобо томонидан қурдирилган “Тошмачит” ҳар қандай кишини ҳайратлантиришга қодир эди.
Ўшанда Эшмуҳаммад ака иккаламиз овлоқ қолганимизда устоз менга:
- Ҳасанбой жуда бақувват журналист, бу кишининг оддий хабарлари баъзи ёзувчиларнинг ҳикоясидан-да тузукроқ. Ёзганларингни ҳожига тортинмасдан ўқитавер, тўғри йўл кўрсатади, - деган эди.
Бу Одамнинг оқибати эди.
Сўз юритаётганим Эшмуҳаммад аканинг бисотидаги мулки бу – кўнгил. Бу одам кўнгли ила ҳайратланади. Кўнгил билан ҳақни танийди. Кўнгил ила ҳаққа юкинади ва ҳақни топади.
Устоз адибнинг янги китоби “Ўлим бўсағасида” деб номланган. “Ўлим” сўзини эшитиб баъзи бир одамлар чўчиб кетиши тайин. Аслида, ўлимни кунда бир эслаш лозим, дейилади. Ҳа, биз туғилганимиздан берилган умримиз бўйи ўлим остонасида яшаймиз...
Устознинг янги романи, ўз остоналарида ўлимни кутиб яшовчи икки мўйсафид ҳақида ҳикоя қилади. Ёзувчи дилидаги бор дардини гоҳ Абдуназар чол, баъзан Худойберди раис бўлиб, ўқувчига тўкиб солади. Иқтибосни романнинг ўн биринчи саҳифасидан келтираман:
“Бир вақтлар дарахтга осиб жазоланган ит энди гоҳ ота-бола атрофини айланиб югургилар, гоҳ ўзи чорасиз ўтирган аёл ёнига келар ва яна изига қайтиб кетару ғингшигани-ғингшиган эди...”
Адиб шу ўринда Аллоҳнинг фазли, карамига раҳмли ва меҳрибонлигига ҳайратини ифодалайди. Соҳиби томонидан кечагина қаттиқ жазоланган итнинг бугун ўз боласи қўлида калтакланаётган отага раҳми келади, ёрдам қилишга имконсизлигидан, кўриб билиб турган Аллоҳга зорланади. Балки оқпадар ўғлига инсоф тилаётгандир! Яратганнинг бир жонзоти бўлган бир кўппакча оқибати йўқ фарзандни тарбиялаганлигида отани айблайди. Ўз пушти камаридан бўлган боласига тарбия беролмаган ва тангридан инсоф, иноят тилашга ярамаган одам қандай қилиб элнинг фарзандларига илм уқтиришидан таажжубланади. Ва Аллоҳга юкинади. “Илоҳим бандаларингни одам сурат яратдинг, одам сиёқ бер”.
Иккинчи иқтибос қирқ учинчи саҳифадан: “Мабодо қўлингдан келса, келмаса қўлингдан келар бошқа ишни қил.
– Ёзаман, бобо, ёзаман.
– Ёз, иним, ёз».
Устоз чумчуқ сўймоқчи бўлганларга қарата: -Чумчуқ сўйса қассоб сўйсин, - дейди. Яъни сўқимни қассобга сўйдиринглар дегани. Шу ўринда савол туғилиши табиий. Ўша чумчуқ сўювчилар онадан қассоб бўлиб туғилмаган-ку? Ҳассос адиб ана шу саволни кутади. Ва чумчуқкушларга қарата аввал қассоблик илмини пухта эгаллаб, сўнгра ишга қўл уришга ундайди. Муқтади ҳам таҳорат ила жойнамоз узра саф олиб иқтидода бўлади. Ижод илинжида қўлига қалам тутганларга, таъмага муте бўлмаслик учун сабот тилайди.
Яна бир иқтибосни олтмиш саккизинчи саҳифадан келтираман:
“О-о содда ошнам-а, - деди Худойберди раис, - Мана, отсиз, абзалсиз – пиёда элга айландик-қолдик”.
Адиб бу ерда машҳур лақай зотли отлар қисматига қайғуради. Ва дейди:
-Биз нечук авлод яралдикки, аждодларимиз урчитиб берган от зотини сақлай олмадик. Бугунги кунда отга бўлган меҳримиз чириган чилвирдек узилган. Лақайи отлар ушбу кунларда урчитилмай, заиф, беўхшов йилқига айланди. Бобо мерос бўлган йилқи зотини меники, дейишга журъат тополмайдиган қавмга айланиб бўлдик, - дейди куюнчак адиб.
Мавриди келганда демоқчиман:
От асрамай қўйишди улар,
Тулпорлари эгардан жудо.
Хаёл бўлди хўра хотинлар,
Эркакларни урди-да Худо.
Ўқувчи асарни ўқиганда имонли одамнинг яшашида гўзал, умри сўнггида ўлими ҳам гўзал бўлишига амин бўлади. Кўнглида имон нури ҳувайдо бўлганидан, Ватанга хитоб айлаб, Ҳаққа таважжуҳ иқтидо қилади! Бу имони мукаммал одамнинг ибодати. Имони заиф одамнинг - ибодати ҳам заиф. Ватан, дея ҳайқириғи таъмага менгзайди. Эътиқоди заифлигидан этхўрликка юз тутади.
Ватан нелигин англаган одам мозорини суяди. Ватанни суйган одам юзида юрт чизиқлари акс этган кексаларни қадрлайди. Ватанни – Ватан деб билган тупроғидан тортиб, гиёҳигача азизлигига иқрор бўлади.
Ватан...
Эшмуҳаммад аканинг битиклари менинг таърифимга муҳтож бўлмаса-да, ўзимча бир муддат қалам юргиздим. Сиз ҳам мазкур “Ўлим бўсағасида” деб номланган китобни ўқинг ва уқинг, ундан “Ватан ила Одам”ни топасиз!
Биз шукр қилайлик, Худога шукр, орамизда кўнгли мулкига айланган бир инсон бор. Уни мен Одам дедим, бу – Эшмуҳаммад Донохонов.
Абдулвоҳид Алматов, Рўдакий ноҳияси.
Президент: - …Ташаккур. Тожикистонга хуш келибсиз! Тожикистон мустақил мамлакат сифатида нефт ва газ манбаларига эга эмас. Тожикистоннинг ягона бойлиги гидроэнергетик захиралари бўлиб, бу кўрсаткич бўйича дунёда саккизинчи ўринни эгаллаб турибди. Тожикистоннинг бу соҳадаги захира ва имкониятлари 580 миллиард киловатт-соатдан зиёдни ташкил этади. Тожикистон 1991 йилнинг 9 сентябри - мустақилликни қўлга киритган вақтда мамлакатимиз аҳолиси ва иқтисодиётини электр энергияси билан таъминлаш асосий муаммо эди. Дастлабки йилларда биз деярли
Муфассал...
Муаллифдан: Мен Тожикистон Халқ шоири Нурмуҳаммад Ниёзий билан бир йилдан буён суҳбатлашишга чоғланаман. Лекин ҳар гал негадир суҳбат ортга сурилаверади. Халқ бахшиларидай ич-ичидан туйғулари тошиб келиб, экспромт тарзида шеър битадиган, шеъриятни муҳаббат деб биладиган, Она юрти, халқи, она тили ҳақида юрак-юракдан берилиб гўзал сатрлар тузадиган бу ижодкор билан суҳбатим одатдагидан бошқача бўлишини истардим.
Муфассал...2015
1-2015
2-2015
3-2015
4-2015
5-2015
6-2015
7-2015
8-2015
9-2015
10-2015
11-2015
12-2015
13-2015
14-2015
15-2015
16-2015
17-2015
18-2015
19-2015
20-2015
21-2015
22-2015
23-2015
24-2015
25-2015
26-2015
27-2015
28-2015
29-2015
30-2015
31-2015
32-2015
33-2015
34-2015
35-2015
36-2015
37-2015
38-2015
39-2015
40-2015
41-2015
42-2015
43-2015
44-2015
45-2015
46-2015
47-2015
48-2015
49-2015
50-2015
51-2015
52-2015